Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 15
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 15 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

150
Ҳикоят

Бир қудратли подшо ўтган эди. Унинг хазина ва бойликлари аскарлари каби сон-саноқсиз эди. Бу шоҳнинг бир зебо ўғли бор бўлиб, унинг гўзаллиги олдида ҳатто Юсуф ҳам қуи бўларли даражада эди. Шарқ қуёши унинг ҳуснидан шарманда бўлгани учун оёғи остига бош қўярди. Сарв унинг навниҳол қаддига соя каби, ой эса унинг юзи қуёшига безак бўлгудек эди. У ҳам қуёшдек ҳусн билан оламни забт қилувчи, ҳам ой каби чеҳра билан осмон бахтида жилваланувчи шоҳ эди. Кўзи ҳар боқишда оламни бузар, ишқ аҳлига ўзга олам кўргузар эди. Агар лаъли сўз бошласа, жон олар, табассум қилса, жон киргизарди.
Бутун олам унга ошиқу шайдо бўлган, агар у қатл этмоқчи бўлса ҳам кишилар бундан ғам чекишмас эди. Кофир ва маст кўзи дин ва имон аҳлига доим қирғин келтирар эди. Чақмоқдек учқур отини ҳар томонга чоптирар, бу чақин билан жаҳонни куйдирарди. Олам аҳли унга мафтуну шайдо бўлган, лекин у кишиларга ҳаддан ортиқ нозу истиғнолар қилар эди. У халқ сари кўзининг учи билан бир қиё боқса, зулми тиғидан туман минг кишининг қони оқарди. Жаҳон элининг ўлмоғига у парво қилмас, балки зулму истиғно билан дарҳол қатл қилиб қўя қоларди. Унинг кўчасига боришдан ҳатто шамол ҳам жон ҳовучлар, у томонга эсмоқдан жонига қўрқув тушар эди. Шамол унинг гулшанига эса олмагани сабабли у ердагж гулбарглар гуллардан танбеҳ оларди.
Бир куни у саҳро кенгликларини айланиб қайтиш учун от сурди. Дашт узра юз туман мажнун зор ётар, уларнинг барчаси унинг ишқи шиддатидан беқарор эди. Лекин унинг юзига боқиш учун уларда имкон йўқ, у томонга қарашдан улар баҳраманд бўла олмас эдилар. Ҳамма яхши-ёмон унинг васлига эришмоқни истар, лекин бунга етишмоқ мумкин эмас эди.
Ногаҳон саодатли шаҳзода саҳрода турган элга назар солди. Кўзи улар орасидаги ишқ занжирига мубтало бўлган икки хаста ошиқи зорга тушди. Шаҳзода ўз мулозимларига буйруқ қилиб, бу икки девонасифатни ҳузуримга олиб келинг, деди. Улар икки мубталони ушлаб, подшо қасри томон от солдилар. Шоҳ улардан бирини зиндонга маҳбус қилиб, иккинчисини ўзига итбоқарлик хизматига тайинлади. Униси зиндонда ётган бандилар билан ҳаммакон бўлса, буниси занжирланган итларга гирифтор бўлди. Улар шу қийин аҳволда бир қанча вақт ўтказиб, кулфат тортдилар.
Бир дардманд киши уларнинг биридан:
-    Азоб-уқубат ичра сизнинг ҳолингиз қандай кечмоқда? — деб сўради. У деди:
-    Шу ҳам азоб бўлдими? Турган-битгани роҳат-ку! Машаққат чекиш қаёқда дейсан? Ишқидан кўнглим тўлган ҳолда унинг кўчасида ит бўлишга ҳам рози эдим. Гарчи мен унинг итларига хизматкор эсам-да, унинг итларига бошлиқман.
Униси деди:
-    Унинг ишқи кўнглимга зўр келиб, бундан агар менинг турар жойим гўр бўлса ҳам рози эдим. Гарчи ҳозир зиндонда кишанланган ҳолда ётган бўлсам ҳам, лекин унинг васлидан кўнглим умидвор.
Ой чеҳрали шоҳ уларнинг бу сўзларини пана жойдан руриб эшитмоқда эди. Улар шу тарзда ўз истакларига содиқ ва ишқ йўсинига мувофиқ эдилар. Бу сўзларни эшитган қуёш каби шоҳ чексиз хурсанд бўлиб, бу сўзлар унинг кўнглига бағоят хуш ёқди. Уларга катта ихлос кўрсатиб, иккаласини ўзининг энг яқин маҳрамларига айлантирди. Улар ўз талабларида садоқатли бўлганликлари учун оқибатда ана шундай самарага эришдилар.

151
Ишқ водийсининг тавсифи

Талаб водийсини тамом қилганингдан сўнг Ишқ водийсига қадам қўясан.
Ишқ сўнмас бир машъалдир. Уни машъал дема, бутун оламни ёндирувчи шуъла дегил. Ишққа ҳар ким муносиб бўлавермайди. Самандардан бўлак қайси жонзот ўт ичида юра олади? Ишқ аро ботирлик ва қаландарлик лозим, шуъла денгизида самандар бўлмоқлик керак. Шуъла ичра куяётган парвона каби ошиқу девонанинг иши куймоқликдан иборатдир. Доноликни раъноларнинг иши деб айтма, парвона бўла олишга капалакнинг ҳадди сиғмайди. Капалак ёш болаларга ўз ҳусни ва зеболигини кўрсатиб, гуллар узра жилва қилиб учиб юради. Аммо унинг қўлидан жанда кийган девонанинг ишини қилиш келмайди. У парвона каби шуълага ўзини ура олармиди?! Гарчи капалак ўзининг турли ранг ва холлари билан кўзга чиройли кўринса-да, у парвона каби ёниб куя олмайди. Азалдан ишқ аро кул бўлмаган ҳар бир қушнинг отини булбул деб бўладими?
Ишқ ичра куйиб-ёнмаганни ишққа берилган дема! Ким жонини илдо қилмас экан, уни ошиқ деб санама! Ишқ аҳли ўртаниб ёниш билан ўзини шод этади, бу ишни ўртаниш билан эгаллаб бўлмайди. Ишққа мубтало бўлган киши кўнглидан чиққан ўт вайронани ёндириб юборувчиъ аждар дами каби қудратлидир.
Ошиқлар кўнгли ўтли оҳ чекишдан бегона эмас. Ахир оташгоҳдан дуддан бошқа яна нима чиқиши мумкин?! Ишқдан тушган ёлқини бутун ҳавони ёндириб юборувчи чақмоқ каби оламни ўртаб юборади. Ишқ ўтига ҳақиқий пок ошиқ ўртанади, унинг бу ўртаниши гўё чақмоқ тушган хирмонга ўхшайди.
Сен ошиқ кўнглини оташзада деб айтма, балки уни ишқ ана шундай оташкадага айлантирган. Киши агар оташкада ичига тушса, у ерда ўртанмасдан бошқа иложи йўқ.
Кимки ишқ аро ўтга айланса, ажабланманг, чунки ўтга нимаики тушса, у ҳам ўт бўлиб ёнади. Ишқ бир ўт каби унинг вужудини чулғаб олади, негаки, олов атрофида айланган киши ўртанмай қолмайди.
Ишқ билан ўйнашиб бўлмайди. Жисмингга ўт тушса, у сени қуюндек саргардон қилади. Ишқ аро фақат ўртаниб ёниш лозим, ўт аро куймасдан ўзга чора йўқ. Ишқ осмонидан қайси ёққа чақин тушса, у шу ондаёқ жонни шуъла селобига ғарқ қилиб юборади. Ишқ чақмоғи хонумонни куйдириб юборади, хонумон нима деган гап, бутун жаҳонга ўт қўяди!
Ошиқ кишининг асосий иши жон тарк этиш деб билгил. Ёр учун оимоқни ўзинг учун арзимас иш деб англагил.

152
Ҳикоят

Асмаъий (араб тилшунос олими, 828-в.е.) ҳаж сари кетаётиб, бир манзилда дарахтлар ва гулларнинг ўсиб ётганини кўрди. Бу эрдаги майсазор ва гулзор ўртасидан бир чашма сув тириклик сувидан нишона бериб, шарқираб оқиб ётар эди. Бу ердан ўтган ариқ ошиқ жонидек покиза ва равшан бўлиб, ундан ошиқларнинг кўз ёшлари каби тиниқ сувлар оқарди.
Асмаъий сув ёқасида бирмунча вақт ўтириб, ҳордиқ чиқарди, кўнгли ғамлардан халос бўлди. Табъи шу ерга нақшланиб, чашма бошида хат ёзилган бир тошни кўрди. Унда: "Эй Ҳижоз аҳли, бу сирнинг чорасини топсангиз. Агар бир киши ишққа мубтало бўлиб, ишқ унинг сабру қарорини олган бўлса, не қилсин?" деб ёзилган эди.
Асмаъий қўлига қалам ва давот олиб, бу хат тагига шундай деб ёзиб қўйди: "Кимки, бу ҳалокатли гирдобга тушиб, ундан пок чиқмоқчи бўлса, ўзи тушган йўлдан қўрқмасин".
Асмаъий юқоридаги саволга шу жавобни ёзиб, бу манзилни тарк этди. Эртасига яна шу жойга келиб: хат битилган тошга назар солди. Қараса, олдинги котиб ўз қалами билан яна қуйидагиларни ёзиб қўйибди: "Агар озурда жон ошиқ ўзи пок бўлсаю яна ишқини яширин сақласа, лекин унинг қалбидаги муҳаббатнинг шиддати тез бўлиб, унинг тоқати тоқ бўлса ҳамда васлга эҳтиёж сезса, бундай пайтда у нима қилсин? Агар бу ишнинг иложини топа олмаса, найласин?"
Асмаъий бу фавқулодда сирни кўргач, ўзининг сеҳрли қалами билан яна шундай деб ёзди: "Ишқ ичра мен насиҳат қилган ўша дардли ва нотавон киши бу насиҳатларимдан ўз мақсадига эришмаган бўлса, ўлсин ва ишқ ўтидан ўзини халос қилсин".
Бераҳм насиҳатгўй бу ҳалокатли жавобни ёзиб, чашма ёнидан тезда жўнаб кетди. У бир кун бошқа жойда ҳаяллаб, эртасига ўз туясини яна ўша томонга ҳайдади ва ошиқ жавобини билмоқчи, ғойибдаги ҳасратли ошиқ яна нима деб хитоб қилганини кўрмоқчи бўлди. Келса, умридан воз кечган, афти-ангоридан зорлиги ошкор бўлган, ранги-тусидан беморлиги кўриниб турган, ўз аҳволи билан эл кўнглини буза олгудек руҳсиз бир киши чашма ёнида ётибди. У ишқ ичра чигалликни ечиб, бошини тошга чунон урибдики, бу зарбадан тош синиб кетибди. Қони чашма сувини лолагун қилиб оқар, сув томондаги тош устидан боши пастга тушганча ўлиб ётар эди.
Насиҳатгўй берган ўгит туфайли ошиқ ўз жонини тарк қилиб, уни ҳижрон азобидан қутқарган ва ишқ аро гўё ўзидан кетиб ётган экан.
Асмаъий бу ғаройиб ҳолни кўргач, кўнглига юз хил қийналиш нишлари санчилди. Тўнини йиртиб, салласини ерга урди, ўз насиҳатига қулоқ солган киши учун мотам тутди. У бундан ортиқ бирор қаттиқ ҳолатни кўрмагани туфайли фарёд тортиб, аччиқ-аччиқ йиғлади. Бу иш унинг кўнглини ғаш қилди, ерни қазиб, ўликни қабрга қўйди. Ҳалок бўлган киши шаҳид ўлгани сабабли унинг жисмига ўзининг қонли либоси кафан бўлди.
Эй Фоний! Ишқ ичра фоний бўлиш йўли ана шундай бўлади. Агар сабри тоқатинг тугаган бўлса, худди шу каби жон таслим қил. Бу хил ўлмоқни Аллоҳ кимга насиб қилса, унга юз туман жонни фидо қилса ҳам арзийди.

153
Маърифат водийсининг васфи

Билгилки, Ишқ водийсидан кейин Маърифат водийси келади. Бу жойнинг ниҳоятда бепоён бир даштдан иборат эканлигига кўз ташла.
Кимки бу водийга кирса, у ердаги аҳволнинг ихтилофли эканлигини кўради. Бу жой шундай бир водийдирки, уни юз туман минг турли йўллар кесиб ўтади, аммо улардан бирииккинчисига сира ўхшамайди. Бутун ва бўлак ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам шу ерда мавжуд. Тараққиёт ҳам, таназзул ҳам шу жойдадир. Унда сен юз туман йўловчини беқарор бир тарзда, ҳар бирини ўзга бир йўлдан кетиб бораётган ҳолда кўрасан. Уларнинг ҳар бири ўзи кетаётган йўл билан фахрланади, ҳар бири йўлни ўз йўли томонга буради. Бири хуш тутган йўлни иккинчиси хоҳламайди, ҳар бирининг кўзига ўзиники яхши кўринади, бошқасини эса назарга илмайди.
Унда пашша ҳам, фил ҳам йўловчи, унда пашша ҳам, Жабраил ҳам учади. Мусо ҳам, Фиръавн ҳам унда йўловчи, аммо билгилки, уларнинг иккаласи бирдек эмас. Маҳдий ва Дажжол ҳам бу йўлдан ўз мазҳабларида, бироқ Исони у минган уловга тенглаштириб бўлмайди. Аҳмад ва Абу Жаҳл ҳам у ерда кўринадилар, буниси нурга ғарқ бўлса, униси зулматга тушгандир.
Бу ерда барча яхши-ёмон сайр этади; унда мўмин ҳам, кофир ҳам йўловчилик қилади. Агар бу ерда оташпарастлар ўз Лотига талпинсалар, Каъба аҳли — мусулмонлар эса ёлғиз Аллоҳга сиғинадилар. Куфр аҳли Лотни огоҳ деб айтсалар, лекин ислом аҳли "иллАллоҳ" деб айтадилар.
Бунда иш зиддиятли бўлмасдан иложи йўқ, чунки йўлларнинг ўзи ана шундай бир-бирига хилофдир. Йўлбошловчи пайғамбар ҳам бу ҳақда шундай деган: "Кимки ҳаққа эришмоқ учун сафарга отланса ва бу йўлнинг сон-саноқсиз кўп эканлигини кўрмоқчи бўлса, уни халқ олаётган нафасга қиёс этсин".
Бу йўлларнинг бари қуйқали бўлмаганидек, ҳаммасини ҳам соф деб бўлмайди. Улус ичра эътиқодларда бу хил ихтилоф бўлмоғи зарурий бир ҳолдир.
Агар гадо ёки подшоҳ бўлсин, улардан ҳар бири ўзга йўл билан сулукни адо этади. Бунда ҳаракат қилинса, нафи яхши бўлади, бунда сифат ва камолотга эришмоқ лозим. Бунда соликка тафовут содир бўлиб, агар униси меҳробга бош қўйса, буниси бутга сиғинади. Ҳар кимнинг билиши ўзига сифат бўлиб қолади. Маърифат шу хил турли тафовутларни келтириб чиқаради. Ҳар бир киши ўз соҳасида камолга интилиб, бу водий ичида кезиб юради. Гарчи сулук тартибида шу хил турли ўзгаришлар мавжуд бўлса-да, лекин бу йўлга кирганларнинг ҳаммасининг мақсади биттадир. Улар бораётган йўл агар эгри ёки тўғри бўлса ҳам, ёки йироқ, ёки яқин бўлса ҳам, бу йўлда баъзилар ўлиб кетган, баъзи бировлар йўлдан адашган, баъзилар эса турли сўқмоқларда овораю сарсон кезсалар ҳам, бу йўлни босиб ўтмасдан туриб, мақсадга эришиш мумкин эмас.
Маърифат қуёши юз кўрсатгач, ҳар ким ўз мақсадига эришмоқ учун ўз сулуки ҳолига натижа истайди ва ўзи шуғулланаётган нарса орқали нақдни қўлга киритмоқни хоҳлайди. Чунки у покиза нур ёруғ шуъла сочгач, бу шуъла ҳар кимнинг камолга эришувини ёритиб туради. Кимки бу йўлда машаққат чеккан бўлса, у ўз сулуки ниҳоясида хазинага эришади. Сулук ичра ихтилоф кўп бўлиб, улардан кўпи қуйқали, софи эса оздир. Бу соф табиат эгалари сирасига пайғамбар шариати қонун-қоидаларига тобеъ бўлганлар киради.

154
Ҳикоят

Ешит, бунга ушбу можаро жуда муносиб мисол бўла олади. Нақл қилишларича, бир гуруҳ кўрлар тўдаси бир сабаб билан: мусофирлик ёки асирлик туфайли Ҳиндистонга бориб қолишибди. Сўнгра фалакнинг гардиши билан улар яна ўз юртига қайтиб келишибди. Бу ерда улардан бир киши: "Филни кўрдиларингизми?" — деб сўрабди. Улар "Ҳа",-деб жавоб берибдилар. "Кўрганбўлсангиз, далил келтиринг",— дебди бояги киши.
Улар аслида филни кўрмаган, у ҳақда ҳатто яхши сўраб ҳам олмаган эдилар. Ҳар бири филнинг бир аъзосини пайпаслаб, ундан билим ҳосил қилиб олган эди. Шу сабабли филнинг қўлларини ушлаган киши фил сутунга ўхшар экан, деса, қорнини пайпаслаган, йўқ, у бесутун, деди. Хартумини ушлаган, фил аждаҳога ўхшаш бир нарса экан, деса, тишларини баён қилувчи киши эса, фил иккита суякдан иборат, деди. Қуйруғидан хабар берган киши филни осилиб турган илонга қиёс этди. Қўли билан Филнинг бошини пайпаслаган киши уни бир қоянинг тумшуғи деб шарҳ қилди. Филнинг қулоғига қўл тегизган киши уни қимирлатиб турган икки елпуғич экан, деди.
Уларнинг барчаси шу тариқа кўрлик юзасидан турли сўзлар айтдилар. Гарчи улар айтган сўзларнинг барчаси тўғри бўлса-да, уларнинг ҳаммаси нуқсонли эди, уларда тартиб мавжуд эмас эди.
Шунинг учун ҳам филбонлик соҳасида устод ҳисобланган етук файласуф, ўзи ҳинд наслидан бўлган киши улар айтган сўзларни тинглаб, нақл қилганларга таъна сўз айтмади ва шундай деди:
- Ҳар бир киши фил ҳақида ўзи билганини айтиб, у ҳақда нишон берди. Улар бир-бирларига зид фикрларни айтган бўлсалар-да, кечирарлидир. Чунки уламинг ҳар бириўз билганича сўз айтди, аммо улардан ҳеч бирифилни кўрган эмас эди. Лекин улар айтган бу сифатларнинг барчаси бир ерга жам қилинса, улардан фил ҳақида муайян тасаввур ҳосил бўлади.
Узоқни кўрувчи кишига бу аниқ бўлгани учун у ҳеч бир иккиланмасдан кўрлар айтган барча сўзларни чин деб баҳолади.

155
Истиғно водийсининг баёни

Кейинги водий Истиғно водийси бўлиб: у ерда аъло ва паст табақали кишиларнинг ҳаммаси тенг саналади.
Истиғно ели ҳар дам шитоб кўрсатиб, оламга тўполонлар солади. Истиғно булутидан ёққан ёғиндан юз туман оламни сув олиб кетади. Етти денгиз унда бир қатра ёмғир каби, етти осмон унинг олдида кўкнор донаси каби кичикдир. Етти дўзах олови бу яшин олдида бир учқунга тенг бўлса, саккиз жаннат унинг олдида бир шудринг мисолдир.
У ердаги чумолилар шер билан овқатланади, пашшаси эса филни ов қилишга қодир. У ерда етти иқлимни забт этган қаҳрамон шоҳ ҳам оддий бир гадога тенгдир. Қотиллик тиғи у ерда ўзининг юз минг қўшини билан саф тортиб туради. Қоқум терисидан тикилган қимматбаҳо кийимлар у ерда назар-писанд қилинмайди. Кўкни ютиб юборишга қодир аждаҳо у ерда Биби Марямнинг нозик п билан баб-баравар туради. У ерда минглаб малоикалар тўдаси эътибордан қолиб, ногоҳ Одам шараф тожини кийди. Юз минг жисм ўз руҳидан бегона бўлганида, Нуҳ кемачилик билан одамлар ҳаётини офатдан сақлаб қолди.
У ерда Намрудни сон-саноқсиз пашшалар чаққанидан тортиб, Хаҳлнинг ўтни чечакка айлантиргани ҳам; ёки юз минг бегуноҳ боланинг бекордан-бекорга қони тўкилишию Каломуллоҳнинг шараф этилиши ҳам; ёки юз минглаб дин аҳлининг ўз эътиқодидан воз кечиб, зуннор боғлаганию Масиҳ нафасидан жон таскин топганигача; ёки бу кўҳна золим дунёнинг юз минг қон тўкишидан Муҳаммаднинг бир тун Арш узра сайр қилганига қадар — ҳамма-ҳаммаси, бона йўқ барча нарсалар — дин аҳлию кофирлар эли — барчаси бирдай тенг ҳисобланади.
Агар Заҳҳок минг йил улусдан қон тўккан бўлса ҳам, ёки Масиҳ ўлган баданга жон ато этган бўлса-да, ёки Бухтуннаср элга зулму қасос солган бўлса ҳам, ёки Нўширавон(Ерон шоҳи Хусрав ибн Қубод (531-589)) адолат эгаси бўлса-да, бу ерда иккисига бир хил ҳукм деб билгин ва кел, бу эҳтиёжсизликни томоша қилгин!
Бу ерда юз туман қуёш йўқолиб кетса ҳам осмонда бир зана кам бўлди деб ҳисобла. Агар ерга юз туман чуқур денгиз сингиб кетган тақдирда ҳам, сен уни бир қатра ғойиб бўлди деб сана. Агар юз туман ҳум пари куйиб кул бўлса, сен уларни бир пашшанинг синган қаноти куйди деб бил. Ел бу тўққиз қават фалакни совурса, бир эпкин хашакни учирди деб ҳисобла. Ёки Қоф каби азамат тоғнинг йўқ бўлишини ер юзидан бир дона қумнинг йўқ бўлмоғига тенглаштир. Агар жаннатда ўсадиган сидра ва тўби дарахтлари йўқолиб қолса, ўрмондан бир япроқ камайди, холос, деб бил.
У ерда гумроҳ ва огоҳни тенг кўр. Майхона кўчаси билан байтуллоҳ - Аллоҳнинг уйи (Каъба) ҳам у ерда бир туради. Агар эътиқоди юксак ёки эътиқоди паст оловпараст бўлса-да, барибир у ерда Каъба билан бутхона бир ҳисобланади. Унда минг яшар фил эрталаб туғилган ёш филга ёки бу улкан дунё бир кичик кўкнор донасига тенг туради. Куфр билан дин ҳам у ерда тенг миқдорда бўлиб, бунда соликка беҳад қиймчиликлар юзланади.