Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 2
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

20
Ҳудҳуд Симургдан афсона айтгач, қушлар табиатида шавқ ўтининг алангалангани

Бу сўзлар қушларда фарёд кўтарди ва улардан ҳар бирининг кўнглига шавқ ғулғуласини солди. Улар Ҳудҳудга шундай дедилар
—    Эй, пешво! Бундай шоҳдан айрилиқда яшаш мумкин эмас. Оламда бизнинг турли ҳолатимиздан огоҳ бўлган шундай шоҳимиз бўла туриб, биз жаҳолатга гирифтор бўлмайлик. Унинг фироқи бизни зор этмоқда. Ақлу ҳуши бор киши олдида шу нарса равшанки, ҳаётда бундай ғафлатда яшагандан кўра ўлим кўп марта яхшироқдир.
Сен ўз сўзларинг билан бизга йўл кўрсатдинг. Энди барчамизнинг сендан илтимосимиз шу: ҳаммамизга бош бўлиб, бу сафаримизда бизга йўлбошчилик қилгил. Биз шоҳ йўлига ўз жонимиз билан, балки жонимизни ҳовучлаб, жиққа кўз ёшларимиз билан кирайлик. Унинг васлига эришишга интилайлик-да, бу истагимиздан бир нафас ҳам чекинмайлик. Бу йўлда қанот қоқиб, ҳар қандай денгизу саҳролардан учиб ўтайлик. Ё унинг висолига етгаймиз, ё бу йўлда жонимизни тарк этгаймиз!

21
Ҳудҳуд қушларга кўниб, уларни бу йўлга тарғиб этгани

Ҳудҳуд қушларнинг бу сўзларидан шоду хуррам бўлиб, уларга шундай деди:
—    Эй афтодаҳол тўда! Бизга фалак бахтиёрликка эришишда мадад берса, чиндан ҳам бу сафарни ихтиёр қилган бўлсангиз, мен ҳам бу йўлда жоним борича, балки жисм ичра дармоним қолгунча ёрдам берайин. Ҳаммангизга ҳамроҳлик қилиб, сизни барча манзиллардан огоҳ қилайин. Йўлда ҳар қандай ғам етса ҳамдамлик, бирон яширин дард бўлса маҳрамлик қилайин. Олдингизда мушкул иш кўндаланг бўлса, жоним билан уни ҳал қилай. Сизга ҳар қандай яхши-ёмон рўпара бўлса, уни даф этишга доим тайёр бўлай. Учаётган пайтингизда ҳамкорлик, қўнар жойингизда эса посбонлик қилайин.
Ҳудҳуд қавмидан бу муддаони англагач, уларга таҳсин ва дуолар ўқиди. Мастона бир ҳолда уларга ҳар хил сирларни бир бошдан очиб бера бошлади:
—    Эй сиз! Ҳаммангиз билиш сирларига мойилсиз, зотингиз бу пинҳон хазинадан сўзлайди. Сиз яратилиш ибтидосида абадий жаннат боғидаги дарахтлар шохида ёқимли достонлар куйлар эдингиз. Ҳаммангиз шоҳ сирига маҳрамлик қилмоқчисиз. Сизнинг ёқимли сайрашингиз унинг тасбеҳидандир, қўшиқ ва достонларингизда ҳам уни таъриф этасиз. Унинг ёди сизга доимо бахт каби; вақтингиз эса уни эслаб, фикрлаш билан ўтади. Бир тубан одам сизнинг тўдангизни ҳуркитиб юборганда, кўзингиздан ёруғ шам яширинди.
Қушлар тўдасига бундан қўзғолон етишиб, ҳар бири овораю бехонумон бўлди. Асл гулшан сари йўл топа олмайин, балки у хотирдан бутунлай кўтарилди. Бу тупроқни ошён айлаган уларга даҳр боғи сари майл этишликни аён қилди.
—    Бу ғарибистонда турғун бўлганлар кўнглингиздан у нозу неъматлар кетган чоғда, ҳақ кўмак берса, мен тезлик билан жаҳд этиб, яна сизни у билан ёндош этайин.
Бу сафарда қийинчилик ва азоб-уқубатга бардош бериш керак ва кўнглингиз унга чидаш берса, бу манзиллардан ўтиб, ғалабага эришсангиз, жисмингиз руҳ каби соф бўлса, сизда ўша аввалги ҳои яна жилва этади ва висол айёмига эришасиз. Шунда шоҳ сифатларини билиб оласиз ва жонингиз абадий барҳаёт бўлади. Сайр машаққатларининг воқифи, шоҳ билан кимлигингизнинг орифи бўласиз.

22
Ҳудҳуднинг Тўтига хитоб қилиб, уни мақсад йўлига тарғиб этгани

—    Эй ўз нутқининг шуҳрати билан олий мақом тутган ширинсўз Тўти, сайра! Эгнингдаги яшил либосинг билан шоҳни изла, йўлдан озганларга Хизр каби йўл кўрсат.
Енг аввал ўз манзилингни ёдга келтир ва кўнглингни бу умид билан шод айлагин. Сенинг асл ватанинг Ҳиндистон эди. Сен шоҳ бўстонининг махсус ичкарисида яшар эдинг. У ерда шакарларни еб, ширин-шакар сўзлардинг. Сайрашинг — висол шаккаристони эди. Шоҳ қўли — маскану манзилгоҳинг, ўзи эса сўзлашинг ҳолидан огоҳинг эди. Энди сен бу ғурбатдан кўчгил ва яна ўша чаман сари парвоз этгил!

23
Ҳудҳуднинг Товусга хитоб қилиб айтган чиройли сўзлари

—    Эй Товус, давронни масту аласт қилувчи жилваларингни кўрсат! Бошинг узра раҳнамолик тожи бор, танинг латофат ва гўзалликка кон. Қоматингга ҳусну жамолинг шундай муносиб тушганки, тил уни васф этишда лолдир. Хилқатингга хўблик, зотингга эса маҳбублик ярашади. Лекин сен ўз масканингни, шоҳ қошида жилва қиладиган гулшанингни ёддан чиқарибсан. Бирданига у жаннатни унутиб юборма, бу харобазор ҳибсхонани тарк этгил. Шоҳ базмига эришиш шавқидан наво тортиб, у гўзал бўстон сари парвоз қилгин!

24
Булбул навоси оҳангида Ҳудҳуднинг хушовоз сайрагани

—    Эй шавқ гулзорининг Булбули! Шундай наво чеккилки, сенинг куйларингда ажойиб завқу шавқ сирлари янграсин! Ишқ куйини минг хил наво билан тузгил, бенаволик қўшиғини бошла! Шоҳ гулистонида гул ҳуснига маст бўлиб, у гул ишқида мастликнинг кайф берувчи жомини кўтар. Баҳор чоғи оташин гул жилва қилгач, унинг ҳар бир япроғи парларингга ўт ёқсин.
Ҳозир сен у тоза гулшандан йироқдасан. Фироқ ўти жисмингни кул айламоқда. Кўм-кўк осмон сари парвоз қилгил, ўша қизил гул сари майл кўргазгил. Шоҳ бўстонида юз гул жилва қилиб туради, сен эса бу ерда ҳижрон шуъласидан минг бор куйиб-ёнасан!

25
Қумрининг сайраши усулида Ҳудҳуднинг нағмасозлиги

—    Эй бўстон Қумриси! Ўз аҳволинг ҳақида бир сайраб бергин. Ажойиб куйларинг билан қушлар тўдасини бир нафас лол қилиб, уларни беҳол этгил. Юср(денгиз ўсимлиги) тасбеҳини бўйнингга солиб олдинг, бу ҳақда сўз айтишдан тил оғир аҳволда қолди. Чунки сен ҳар бўстон аро сарсон кезасан, бу билан қонга беланиб, тупроққа ҳам қоришасан. Гоҳо ишқ савдосида мажнунлар каби маҳзун нолалар чекасан. Гўё сен висол боғини ёд этиб, бу янглиғ ошуфтаҳол бўлгандексан. Сенга қувончли хабар шуки, бу ғамда бенаво қолмасдан, тезда ўша гулшан томон ҳавога кўтарилгил!

26
Каклик сайраши йўсинида Ҳудҳуднинг куйлагани

—    Эй, фироқ тоғининг Каклиги! Кўзингни иштиёқ дардида лаъл этиб, хиром қилғил. Ҳажр тоғидаги Фарҳодга ўхшаш бир ерда қарор топмай, йўлга қадам ташлагил. Сенинг тумшуғинг лолага ўхшаш қизилдир. Бу қон ютишликдан аниқ далилдир. Гўёки яқинлик Қофини ёд айлаб, узоқдан туриб фарёд ураётгандексан. Аммо бу баланд сайрашларинг қаҳқаҳа эмас, балки ўз мотамингга заҳарли кулгидир. Чунки сен Қоф тоғи сари азм қилдинг, энди васл умиди билан базм тузгил. Васл умиди яқиндир, сен бундан шод бўлгил, ҳажр тоғи тошидан озод бўлгил!

27
Тазарв(тустовуқ) хироми тезлигида Ҳудҳуднинг сайрдан сўз очгани

—    Эй ноз билан ишва қилувчи раъно Тазарв! Озода сарв гулшан аро сенинг қулингдир. Сенинг жамолинг гулистонга кўркамлик бахш этади, ҳаттоки гул ҳам сенинг қизил юзинг олдида ҳижолат тортади. Сен гоҳ боғларда, гоҳ ўтлоғларда жилва қиласан; боғу роғлар сенинг зеболигинг билан фахрланади. Сен ҳам чаман аҳлига севимлисан: ҳам ваҳший ҳайвонлар учун ёқимлисан. Гарчи раънолигинг беҳад, ҳусн ила зеболигинг бениҳоят бўлса-да, ҳеч қачон ўз ҳуснингга мағрур, ўз жамолингга масрур бўлмагил. У бенуқсон ҳуснни ҳам ёд қилиб, ўт каби у гулшан томон юриш қилгил!

28
Дуррож(қирғовул) равиши нисбатида Ҳудҳуднинг қадам ургани

—    Кел-кел, эй Дуррож! Сен ниҳоятда гўзалсан, жон қуши каби барчага ёқимлисан. Сен — ўрмонлар безаги, юришинг яшил майсаларга ривож беради. Мастона куйларинг дилни ўзига тортади, тингловчилар кўнглидан сабрни элтади. Ҳайъатинг чиройлию шаклинг дилпазир, суратинг келишгану нутқинг мислсиз! Шунча ёқимтой кўриниш, мафтункор тузилиш, чиройли ва равон сайрашинг билан ҳаммадан аввал сен бу кишандан озод бўлиб, ўша шоҳга ов бўлсанг арзийди. У тузоқ ёйганида жонингни фидо эт, бу ишинг билан сен абадий умрдан баҳраманд бўласан!

29
Кабутар парвози тарзида Ҳудҳуднинг парвози

—    Эй Кабутар! Осмонга парвоз қил, ҳавода чарх уриб, ҳар хил ўйинлар кўрсат! Ўз уйингда — қоронғу хонада ўтираверма! Ахир кабутархонада ўтиравериб, шабкўр бўлиб қолдинг-ку! Шоҳ қасрига боришни хаёл эт ва бу орзуни амалга оширишга қанот қоқ! Чунки кўнглинг йликсакликка парвоз қилишдан қолиб, шоҳ қасрининг томига қўнишни унутиб қўйибди.-Қаср султони ҳузурида олий мақом тутиш хотирангдан батамом кўтарилибди. Энди сен у томонга йўл ол! Ўша торн узра қўн ва бу айём гардиши узра бахтиёр бўлгин. Зора у сени ўз ҳузурига қабул қилса ва сен кабутарларнинг асл хони томон йўл топа олсанг!