Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 6
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 6 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

60
Бургут узри

Бургут, яъни Уқоб ўртага кириб, шундай деди:
-    Эй қушлар хўжаси! Менинг ҳолатим ўзга қушлардек эмас; кишилар қумри ёки булбул каби мени мақтаб, васф этмайдилар. Менинг савлатим баҳайбат, қаҳрим эса ёмон, тоғ мамлакати ичра қаҳрамонман! Ҳар кун бир неча каклик менга овқат бўлади, агар бу бўлмаса, тунлари кўзимга уйқу келмайди. Егулик излаб ҳавога кўтарилсам, мендан қулон ёки кийик қочиб қутулолмайди. Бўғзи шу қадар катта бўлган қуш озуқсиз йўлни қандай ниҳоясига етказа олади?! Мен бу йўлда кўпроқ хўп қанот қоқдим ҳам дейлик, қорним очгач, йиқилиб қолди деявер!

61
Ҳудҳуднинг Бургутга жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй қудратли ҳукмдор! Олам аҳли сендек кишини шу вақтгача кўрмаган! Сенинг зотингга йигитлик мақтови лойиқ, отингга эса паҳлавонлик ярашади. Аммо сенинг бу тумшуғ ва чангалингга, шавкатли ва саодатли қанотларингга хайфл Эй, баднафс пасткаш! Сен асл мақсадни иста! Ҳалитдан бунчалик ожизлик кўрсатма, йўлга тушмай туриб қанотингни четга тортасан. Чангалинг, тумшуғинг ва қанотларингга бу уят эмасми?! Сен шулар билан ўзингни тавсиф этдинг-ку! Зўрлигинг ва шавкатинг билан ўзингни таърифладинг-ку! Шуни яхши билки, ўз ширин жонидан кечиб, бу йўлга кирган кишинигина ҳақиқий паҳлавон ва қаҳрамон деса бўлади.

62
Ҳикоят
Бир зўр паҳлавон бўлиб, у ҳунарсизликда ягона эди. Чошгоҳда ўн ботмон, кечқурун ҳам худди шунча овқат ер эди. Бу икки пайт мобайнида яна шунча овқатланиб оларди. У шунчалик кучли эдики, ҳатто маст филга ҳам шикаст етказа оларди. Иттифоқо, ҳаёт ҳодисалари туфайли мамлакатда харобалик юз берди. Шу сабабли у ернинг аҳолиси ўз жойини тарк этиб, ўзга томон кетишга мажбур бўлди. Йўл қийинчиликларидан бехабар паҳлавон ҳам уларга ҳамроҳ бўлди. Йўл узоқ бўлиб унда баднафс кишилар нафсини тўқ тутадиган обод жойлар йўқ эди.
Таом емаган паҳлавон биринчи кунданоқ ўз ҳолига аза тутишга киришди. Иккинчи кун эса унинг жисмида мадори қолмади. Аммо учинчи кун у бояқиш биёбонда жонини топширишга мажбур бўлди.
Яна икки-уч кун машаққат тортгач, ёш болалар ҳам, ҳатто икки букилган қариялар ҳам сабр-тоқат билан йўлни охирига етказишди ва обод бир манзилга етиб келиб, мақсадларига эришди. Паҳлавон эса бу азобга бардош бера олмай, ажал йўлида нобуд бўлди.

63
Куф(бойўғли) узри

Куф ўз аҳволидан шундай шикоят қилди:
—    Мен заиф ва ожиз бир қушман, йўл эса қўрқинчлидир. Умримни бошимга қулаб тушгудек бир вайронада ўткарибман. Барча вақтим андуҳ ва ғам тортиш, мотамсаро кишилар каби оҳу фиғон чекиш билан кечади. Вайрона остидаги хазинага эришиш умидида неча турли фиғонлар қилиб, ҳатто ўзимдан кетиб қоламан. Умримда шунчалик азоб-уқубат тортдим, ажаб эмас, насибам бир кун хазина бўлса. Мен ганж умидида девонаман, кеча-кундуз вайронани ўзимга макон қилиб олганман. Бу узун йўлга мени ундама! Мен қайдаю Симурғу Қоф тоғи қайда?!

64
Ҳудҳуднинг Куфга жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Эй иши макр ва ҳийладан иборат! Сен бу қилмишинг билан ўз жонингга қасд қиляпсан! Кўнглингда амалга ошиши мумкин бўлмаган пуч орзу ўрнашиб олган.Унинг қўлга киритилиши асло мумкин эмас.
Фараз қилайлик, сен хазинани топган тақдирингда ҳам, ундан бошингга турли балолар ёғилишини, янги-янги ғамларга мубтало бўлишингни ўйлаб кўр, эй, ўзига ўзи дард орттирувчи нотавон. Сен ўша балолар гирдобида хору зорликда ўлиб кетасан, хазина эса душман қўлига ўтиб кетади.

65
Ҳикоят

Бир мамлакатда бир девона киши бор эди. Унинг маскани кеча-кундуз вайрона эди. Ҳар дам ўша вайронанинг бир ёнини қазиб, ўз умрини хазинага эришиш умиди билан ўтказар эди. Иттифоқо, шунча машаққат чеккандан сўнг бахти чопиб, у хазинани топиб олди. У қазиётган чуқурда бир эшик кўринди. Ичкари киргач, катта бир саройга дуч келди. У ерда Фаридун, йўқ, балки Қорун хазинасига тенг қирқта хум турар эди. Телба бу бойликни кўриб ҳушидан кетиб қолди. Шу орада бу эрга бир аблаҳ киши етиб келди. У хазина олдида ҳушидан кетиб ётган девонани кўрди ва ҳеч бир иккиланмай пичоқ санчиб, унинг қонини тўкди.
Шундай қилиб, унинг яшашдан мақсади хазинага эришмоқ эди. Аммо у бору йўқ сармоясидан — ҳаётидан ажралиб қолди.

66
Ҳумой узри

Иззатли Ҳумой ўз узрини шундай бошлади: - Эй сарсон-саргашталар раҳнамоси! Менга иқбол шунчалик кулиб боққанки: ҳатто мен ўз соям билан кишиларга шараф тахти ато эта оламан. Агар илоҳ зотимга шунчалик шараф бахш этган бўлса, яъни менинг соям ҳатто гадони шоҳ даражасига кўтарса, мен учун яна шоҳ истамоққа не ҳожат бор?! Ўзимни машаққатга чоғламоқнинг нима кераги бор?! Ундан кўра соямдан шоҳларга паноҳ бериб, ҳавода учиб юрганим яхши эмасми?!

67
Ҳудҳуднинг Ҳумойга жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
— Сенинг бу сўзларинг афсонадан ўзга нарса эмас. Сен айтганларни фақат девоналаргина баён қила олади. Айтишингча, гўё зотинг баланд бўлиб, сени кўп шарафли этибди. Гўё сен ўз соянг билан кишиларни шоҳликка эриштирар эмишсан. Ахир шунчалик ҳам гумроҳлик бўладими? Агар шоҳлар тарихини варақлаб кўрсанг, бу хил воқеа қайси бир шоҳ тарихида кўрилган? Сенинг соянг билан шоҳ болиб кўтарилган бирон-бир одам борми?! Бу нотўғри афсона сени шод қилибди, шундай бузуқ эътиқодга ошна этибди.
Масалан, бу даъвоинг рост бўлган тақдирда ҳам, борди-ю сенга бу сифат бехосдан келган бўлса ҳам, соянг тушган киши илоҳ қудрати билан шоҳ даражасига кўтарилса ҳам, бундан сенга нима фойда?! Барибир ит каби даштларда қолган суякларни, тўғрироғи, ғажиб ташланган қоқшол суякларни еб тирикчилик қиласан-ку!
Эй бузуқ хаёлга асир бўлган! Агар билсанг, ушбу ҳолингга бу воқеа яхши мисол бўла олади.

68
Ҳикоят

Уммон соҳилида савдо ишлари билан шуғулланиб, денгиз савдосида бойишни кўзлаган савдогарлар кўплаб-учрайди. Улар пасткаш ғаввосларга беш-ўн дирҳам бериб, катта фойда умидида бўладилар. Ўз жонларини юз ранж ўтига дучор қилган бу ғаввослар денгиз қаъридан садаф излайдилар. Агар улар топган садаф ичида хоҳ минг дона боисин, хоҳ подшолар тожини безовчи дури шоҳона бўлсин, барибир бу ғаввосга ҳақ тўлаганнинг мулки ҳисобланади. Савдогар ана шу тарзда ҳақиқий гавҳарни қўлга киритади, ғаввос эса арзимайдиган бир-икки чақага эга бўлиб қолаверади.
Ғаввос-ку, оз бўлса-да, ўз ҳақини олади, аммо сен бечорага ўша ҳам йўқ. Ит каби суяк билан нафсингни тўқ тутиб юраверасан. Оқил бўлсанг, бундай беҳуда сўз айтма, чунки бу сўзларинг бошдан-оёқ ҳақиқатга хилофдир.

69
Ўрдак узри
Ўрдак ўз сўзларини шундай бошлади:
—    Эй саодатли зот! Менинг ҳаётим сув билан тирик. Ундан айрилиққа тушсам, худди сувдан йироқ тушган балиқ каби қайғуга ботаман. Зотим сув ичида таскин топиб келди, шунинг учун ҳам ўзимни пок тутиб юришни одат қилиб олганман. Сув туфайли покликни қозондим, шунинг учун ҳам васфига ҳусн эгаси лойиқ бўлди. Агар бир лаҳза тиниқ сув ичида бўлмасам, унинг фурқатида юз можаро қилгим келади. Сув ичида мавждан жойнамоз соламан ва ўша кўзгуда мақсадим юз кўргизади. Менинг асл мақсадимга етмоқлик сувдадир, бас, шундай экан, бошқа ёққа учиб кетмоқлик мен учун хатодир.