Facebook
Ахлоқ муаллими PDF Босма E-mail

XII аср охири — XIII аср бириичи ярмида яшаб ижод қилган, «Ҳибат ул-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар тухфаси») асари билап ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тутадиган улуғ шоир ва мутафаккир Адиб Аҳмад Югнакийнинг таржимаи ҳоли ҳақида жуда оз маълумотга эгамиз. Асарининг фақат бир ерида у ўз номини тилга олади:

Адиб Аҳмад отим, адаб-панд сўзум,
Сўзум мунда қолур, борур бу ўзум.

«Ҳибат ул-ҳақойиқ»қа Адиб Аҳмад шахси, ҳаёти ва фаолиятининг айрим нуқталарини ойдинлаштирувчи номаълум бир шоир ва Амир Сайфиддинларнинг тўртликлари ҳамда темурий амалдорлардан Арслон Хўжа Тархоннинг 10 байтлик маснавийси илова қилинган. Мас-навийда, жумладан, қуйидаги маълумотларни ўқиймиз:

Адибнинг ери оти Югнак эрур,
Сафолиқ ажиб ер — кўнгуллар ёрур.

Атоси оти Маҳмуди Югнакий,
Адиб Аҳмад ўғли — йўқ ул ҳеч шаки.

Китобининг оти эрур «Ҳибат ул-Ҳақойиқ» — иборат адабдин ўшул.

Тамоми эрур кошғарий тил била,
Айитмиш Адиб риққати дил била.

Маълум бўладики, Адиб Аҳмад Югнак деган сўлим ва баҳаво жойда туғилган. Отасининг оти Маҳмуд Югнакий бўлган. Китоби одоб-ахлоқ масалаларидан баҳс этиб, номи — «Ҳибат ул-ҳақойиқ». Кошғарий тилда(Кошгарий тил — қорахонийлар даври адабий тили. Бу адабий тилни Маҳмуд Кошғарий — хоқоний тили, Юсуф Хос Ҳожиб — буғрахон тили деб атаган эди.) ёзилган бу китобни шоир маҳорат билан назм риштасига терган. «Қутадғу билиг»дан бир-икки аср кейин яратилган бу асар қадимий ва бой туркий адабиётнинг ноёб дурдонаси ҳисобланади. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида Адиб Аҳмадга алоҳида ўрин ажратиб, ҳам шахси, ҳам ижоди хусусида юксак фикрларни билдириши унинг ҳам забардаст сўз устаси, ҳам машҳур тасаввуф намояндаси бўлганлигидан далолат беради.
Шоир туғилган жой олимлар ўртасида кўп тортишувларга сабаб бўлган. Самарқанд, Фарғона ва Туркистонда Югнак деган жой борлиги айтилса-да, кўпчилик уни Самарқанд атрофида дейишга мойил ва кейинги даврларда илмий муомалага киритилган адабий-тарихий манбалар бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлаяпти. Чу-нончи, XII асрда яшаган машҳур муаррих Абдулкарим ас-Самъоний «Ал-Ансоб» («Насабнома») китобида ёзади: «Юғанак — Самарқанд қишлоқларидан. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абу Аҳмад ал-Юғанакий бу нисбат билан машҳурдир. Бу киши Самарқанд аҳлидан. Соҳиб ибн Муслим ал-Балхий, Абдураҳим ибн Ҳабиб ал-Бағдодий ва Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Маъсуд ибн Комил ас-Самарқандийдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абдуллоҳ ибн Масъуд ибн Комил ас-Самарқандий ҳадис ривоят қилганлар»(Абдулкарим ас-Самъоний. Насабнома (Таржимонлар Хожи Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Рахимов). Бухоро, 2003 йил, 199-бет.).
Бу маълумотлар Адиб Аҳмаднинг Самарқанд атрофидаги Юғанак қишлоғида туғилганлигини ойдинлаштирибгина қолмай, унинг нафақат забардаст шоир, айни пайтда, машҳур муҳаддис ҳам бўлганлигидан хабар беради.
Адиб Аҳмад туғма кўр бўлган. «Туға кўрмас эди адибнинг кўзи», — дейилади бу ҳақда асарга илова қилинган номаълум шоирнинг тўртлигида. Лекин, Навоий таъбири билан айтганда, у ниҳоятда зийрак ва закийлиги билан ажралиб турган: «Аммо бағоят зийрак ва закий ва зоҳид ва муттақий киши эрмиш. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло агарчи зоҳир кўзин ёпуқ яратқандур, аммо кўнгил кўзин бағоят ёруқ қилғондур... Ва анинг тили турк алфози била мавоизу насойиҳқа гўё эрмиш. Хейли элнинг муқтадоси эрмиш. Балки аксар турк улусида ҳикмату нукталари шоеъдур. Назм тариқи била айтур эрмиш, анинг фавоидидиндур:

Улуғлар не берса, емасман дема,
Илик сун, оғиз ур, емасанг-ема!

Ва анингдурким:

Сўнгакка иликдур, эранга — билик,
Биликсиз эран — ул иликсиз сўнгак»(Алшиер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. 426 —427-бетлар.).

Биринчи байтнинг мазмуни: «Улуғлар сенга қутлуғ дастурхондан бир нимани илинсалар, ҳарчанд тўқ бўлсанг ҳам емайман деб уларнинг қўлини қайтарма, емасанг ҳам қўлингга олиб, бир оғиз тегизиб қўй».
Бу ерда улуғларни ҳурмат қилиш маъносида сўз боряпти.
Иккинчи байтнинг мазмуни: «Суяк илик билан, эр киши билим билан кўркли. Билимсиз киши иликсиз суякка ўхшайди».
Бу ерда илм-маърифат улуғланяпти.
Асарнинг мавжуд нусхаларида мазкур байтларнинг йўқлиги «Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг асрлар давомида турли ўзгаришларга учраганлигини кўрсатади.
Алишер Навоий отаси Ҳусайн Бойқарога қарши исён кўтарган Бадиуззамон Мирзога панд-насиҳат қилиб ёзган мактубида ҳам Адиб Аҳмаднинг бир тўртлигини келтиради:

Атодин хато келса, кўрма хато,
Савоб бил хато токи қилса ато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай Худо.

Ушбу далиллардан «Аҳмад Югнакийнинг шахсияти ва унинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асари XV —XVI асрларда ҳам эл орасида машҳур бўлгани кўринади»(Маҳмудов Қ. «Хибат ул-ҳақойиқ» асарининг ёзилиш даври, ғояси ва унинг муаллифи ҳақида // Аҳмад Югнакий. Ҳибат ул-ҳақойиқ. Тошкент, 1971 йил, 8-бет.).
Адиб Аҳмад «Ҳибат ул-ҳақойиқ»ни тугатиб, уни ҳукмдор — «ақлу ҳуш маконию билим ва фазилат кони» бўлмиш Дод Сипоҳсолорбекка такдим этади:

Дод Сипоҳсолорбек учун бу китоб —
Чиқартим очунда оти қолсу(в) теп.

Дод Сипоҳсолорбекнинг кимлиги тўғрисидаги баҳс-мунозаралар ҳали якунига етмаган. Абдурауф Фитрат бу ном Сайфи Исфарангий (1185—1268) қасида ва ҳажвияларида тилга олинганлигидан келиб чиқиб, у XII —XIII асрлар орасида Фарғона ҳокими бўлган, деган фикрни илгари суради. Худди шу Дод Сипоҳсолорбекни «Адиб Аҳмаднинг ҳукмдори деб қабул қилиш керак. Бутун эҳтимолларнинг кучлиси шудир»(Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. 2-жилд. 48 —49-бетлар.).
Адиб Аҳмад «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асари билан ўзбек адабий тили ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшди. Машҳур шарқшунос олим Е.Э. Бертельс бу асар қадимги ўзбек адабий тилидан мумтоз ўзбек адабий тилига ўтишда бир кўприк бўлганини айтади. Асарда қадимий туркий сўзлар билан бир қаторда, кўплаб араб ва форс сўзларининг ҳам қўллангани шундан далолат беради. Таниқли тилшунос Қозоқбой Маҳмудовнинг аниқлашича, «Ҳибат ул-ҳақойиқ»да атоқли отлар ва араб тилида ёзилган сарлавҳалардан ташқари, 300 га яқин араб ва форс сўзлари мавжуд бўлиб, улар асардаги жами сўзларнинг 20 фоизини ташкил этади.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» илк бор уйғур ёзувида битилган. Унинг нусхалари кўп бўлиб, уларда асар ҳажми турлича. Ҳозирча маълум қўлёзмалардан 3 таси тўлиқ, қолгани парчалардан иборат. 1444 йили Самарқандда Зайнулобидин бахши, 1480 йили Истанбулда Абдураззоқ бахши ва Туркиянинг Тўпқопу кутубхонасидаги номаълум котиб томонидан кўчирилган қўлёзмалар эътиборли нусхалар хисобланади. Асарни биринчи марта турк олими Нажиб Осимбек топиб нашр эттирган (қисқартирилган нашри — 1906, тўлиқ иашри — 1916, 1925). Кейин 1951 ва 1992 йилларда уни Рашид Раҳмати Арат сўзбоши, изоҳлар ва 6 та нусхасининг факсимилеси ва Туркияда XVI асрда кўчирилган араб ёзувидаги нусхасининг таржимаси билан чоп эттирди. Ўзбекистонда асардан парчалар Фитрат, Ойбек, Порсо Шамсиев, Солиҳ Муталлибовлар томонидан ўзбек адабиёти намуналаридан тузилган мажмуаларда эълон қилинган. Сўнг у Қозоқбой Маҳмудов томонидан алоҳида китоб сифатида нашр қилинди (1968; 1971). Ўтган аср охирларида уйғур олимлари Ҳ. Темур ва Т. Айюб, қозоқ олимлари Э. Қуришжонов ва Б. Со-ғиндиқовлар уни асл матни, таржима ва фотонусхалари билан нашр эттирганлар. Шунингдек, Е.Э. Бертельс, Фит-рат, Фуод Кўпрули, Т. Такин, Э. Рустамов, Н. Маллаев, А. Қаюмов, А. Ҳайитметов, А. Рустамов, М. Имомназаров, Б. Тўхлиев, Н. Раҳмонов, И. Ҳаққул, Г. Хўжанова ва бошқалар Аҳмад Югнакий ва «Ҳибат ул-ҳақойиқ» ҳақида у ёки бу даражада тадқиқот ишларини олиб борганлар.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» 14 боб, 512 мисрадан иборат. Достоннинг биринчи боби Оллоҳ ҳамди, иккинчи боби Муҳаммад алайҳиссалом наъти ва чорёрлар таърифига, учинчи боби Дод Сипоҳсолорбек мадҳига бағишланган. Тўртинчи бобда китобнинг ёзилиш сабаблари баён қилинган. Дастлабки тўрт муқаддима бобдан сўнг асосий қисмга ўтилади. Бешинчи боб — маърифатнинг фойдасию жаҳолатнинг зарари, олтинчи боб — тил одоби, еттинчи боб — дунёнинг ўткинчилиги, саккизинчи боб — сахийлик ва бахиллик, тўққизинчи ва ўнинчи боблар турли масалаларга бағишланган бўлиб, ўн биринчи боб — китобппнг хотимаси (Асарнинг 1480 йили Истанбулда Абдураззоқ бахши томонидан кўчирилган нусхасида 11 боб мавжуд — уч боб ё тушиб қолган, ё бошқаларига қўшилиб кетган).
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» ҳам «Шоҳнома» ва «Қутадғу билиг» каби мутақориби мусаммани мақсур (маҳзуф) вазнида ёзилган. Асарнинг анъанавий кириш қисмлари қасида, ғазал ва қитъа шаклида (аа, ба, ва) бўлиб, асосий қисмлари тўртлик (ааба) шаклида давом этади.
Адиб Аҳмад ўзини шоир эмас, балки адаб муаллими деб ҳисоблаган. Ўзига хос ахлоқ китоби бўлган «Ҳибат ул-ҳақойиқ»да Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маънолари сингдирилган. У ислом дини ахлоқини ташвиқ қилиш, комил инсонни тарбиялаб етиштириш мақсади билан ёзилган. Шунга мувофиқ, асар ҳам асосан панд-насиҳат усулида. Бу ҳақда муаллифнинг ўзи шундай дейди:

Безадим китоби мавоиз, масал,
Боқилғи, ўқуғли осиғ олсу(в) теп.

Мазмуни: «Кўрган, ўқиганлар манфаат олсин, деб китобимни турли хил мақолматаллар, панд-насиҳатлар билан безадим».
Кўпчилик байт ва мисраларнинг ҳикмат каби жаранглаши Адиб Аҳмаднииг шоирлик салоҳияти чиндан ҳам баланд бўлганлигидан далолат беради. Воқеан, асарга илова қилинган Амир Сайфиддиннинг тўртлигида Юг-накийнинг истеъдоди ва мақоми хусусида ҳам юксак фикрлар билдирилади:

Адиблар адиби, фозиллар боши,
Гуҳартин сўз аймиш один сўз биши.

Мазмуни: «Адиблар адиби, фозиллар сарвари гавҳар каби бебаҳо сўзларни назм шодасига терган».
«Бу фактлар, бир томондан, Адиб Аҳмад Югнакийнинг етук шоир, замонасининг улуғ билимдони эканлигини кўрсатса, иккинчи томондан, замондош шоирлар, адиблар олдида ҳурматга сазовор эканлигини билдиради. Адибнинг малик уш-шуаро бўлгани ҳақида маълумот бўлмаса ҳам, ўзининг ҳамкасбларига адабиётдан таълим бергани эҳтимолдан узоқ эмас»(Маҳмудов К.. «Ҳибат ул-хақойиқ» асарининг ёзилиш даври, ғояси ва унинг муаллифи хақида. 9-бет.).
«Ҳибат ул-ҳақойиқ»нинг ўзбек мумтоз адабиётининг нодир намуналари қаторидан жой олганлиги бежиз эмас. Чунки асардаги ахлоқий, маърифий ва фалсафий мазмундаги кўплаб ҳикматлар асрларни бўйлаб келди ва асрлар оша яна келгуси авлод маънавий тарбияси учун хизмат қилаверади. Мутафаккир шоир нуқтаи назарига кўра:

Билик бирла билнур саодат йўли,
Билик бил, саодат қўлини була.

Мазмуни: «Саодат йўли билим билан очилади. Шунинг учун билим эгаллаб, саодат йўлини изла».
Бу мўъжаз асардаги ҳикматларнинг мавзуси кенг ва ранг-баранг: уларда олам ва одам муносабатлари, ҳаётнинг мазмуни, киши умрининг моҳияти, билимнинг афзаллиги, одоб-ахлоқнинг инсон камолоти учун аҳамияти, инсоний фазилат ва қусурлар хусусида чуқур билим ва катта ҳаётий тажриба асосида, кундалик турмушдан олинган мисоллар воситасида теран мулоҳазалар юритилиб, ибратли хулосалар чиқарилади. Чунончи, муаллиф хукмдорларни адолат ва мурувватга чақирар экан, арзи-мас бир айб билан ҳам бош кесилаверса, дунёда тирик киши қолмайди дейди:

Бу бир айбдан ўтру бошин кесгучи,
Очунда тирилгу кишисиз қолур.

Саховат ва мурувватдан холи одамни мевасиз дарахтга қиёслайди:

Емишсиз йиғочтек карамсиз киши,
Емишсиз йиғочни кесип ўртагил.

У, айниқса, бахилликни қаттиқ қоралайди. Чунки бу дунёда бахилнинг қилмишидек тентакона қилмиш, бахилнинг ҳаётидек бемаъни ҳаёт бўлмаса керак:

Бахил йиғди зар-сийм ҳаромтин ўкуш,
Вабал кўтру борди, узала сўкуш.
Улуш бўлди моли кишилар аро,
Бахил олди андин сўкунчтин улуш...
Қамуғ қозғоникли очун молини
Еюмади, борди — кўрунг ҳолини.

Мазмуни: «Бахил ҳаромдан ҳазар қилмай, олтин-кумуш йиғди. Ўзи ўлиб кетди-ю, халқнинг лаънатига сазовор бўлгани қолди. Одамлар унинг мол-дунёсини бўлишиб олдилар, ўзига теккан улуш эса элнинг қарғиши бўлди. Дунё молини йиғиб, ўзи еб-ичмаган кишининг қисмати ана шунақа бўлади».
Шоир халқ мақоллари, эл ичида юрган қанотли сўзларни ҳам маҳорат билан шеърлари қатига сингдириб юборади. Чунончи, қуйидаги мисраларда «Қонни қон билан ювиб бўлмайди» мақолидан ўзининг бадиий мақсадини ифодалаш учун фойдаланади:

Жафо қилдачингға ёнут қил вафо,
Аримас неча ювса қон бирла қон.

Мазмуни: «Жафо қилганга ҳам вафо қил, чунки қонни қон билан ювиб кетказиб бўлмайди».
Кўриниб турибдики, бу панду насиҳатлар худди бу-гунги кунда айтилгандай. Барча даврларда қимматини йўқотмай келган бу теран ўгитлар дунё тургунча ўз аҳамиятини ва таъсир кучини йўқотмаслиги шубҳасиз. Баркамол асарларнинг барҳаётлиги шунда кўринади.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан