Facebook
«Аввалгиларга ўхшамас» PDF Босма E-mail

Бу – ҳазрат Алишер Навоийнинг тушунилиши анча осон, луғатталаб сўзлари кўп бўлмаган, синтаксиси ҳам соддароқ, аммо пафоси жуда баланд ўтлиғ ғазалларидан биридир.

Ғазал мумтоз лириканинг азалий мавзуси бўлмиш ҳижрон ва маҳбуба ситамлари ҳақида. Аммо ошиқнинг дарду аламлари бу гал бўлакча. Шунга кўра, лирик манзумада асосий юк гавҳар янглиғ садаф ичидан топилган, сўзлашув услубидан олинганлиги боис кўнгилга жуда-жуда яқин “аввалғиларға ўхшамас” радифига тушган.

Кўнглум ичра дарду ғам аввалғиларға ўхшамас
Ким, ул ойнинг ҳажри ҳам аввалғиларға ўхшамас.

Матлаъ – илк байт кириш характерида. Унда кўнгил ичра пайдо бўлган дарду ғамнинг аввалгиларга ўхшамаслиги, бунга ул ой, яъни ёрнинг бу галги кетиши – ҳажри ўзгачалиги сабаб эканлиги ҳақида маълумот бериляпти. “Ким” сабаб боғловчисидир. Ёрнинг ойга метафора қилиниши ҳам, унга “ул” сифатининг берилиши ҳам ҳижрон дардининг қаттиқлигига далолат қиляпти. Негаки, ой жуда баландда – унга етиб бўлмайди. Негаки, “у, ул” кўрсатиш олмоши ҳам сўзловчидан анча узоқда бўлган шахс ёки нарса-ҳодисага нисбатан қўлланади.

Хўш, ошиқ бошдан кечираётган ҳолу ҳисларнинг аввалғиларга ўхшамаслиги нимада?

Не ситамким қилса, раҳми махфий эрмас зимнида,
Эмди қилса ҳар ситам, аввалғиларға ўхшамас.

Ёр илгарилари ҳам не-не ситамлар қилган, аммо уларнинг зимнида – тагида раҳму-шафқат, меҳрга ўхшаш бир туйғу ётган ва ёрнинг бу илтифоти махфий-яширин бўлмай, очиқ кўриниб турган. Таассуфки, ошиқ ва маъшуқ ўртасида нимадир ўнглаб бўлмас узилиш содир бўлгану, энди қилинажак ситамлар – асл ситам, уларнинг замирида раҳм-шафқат бўлмайди. Шунинг учун ҳам эндиги жабру жафолар аввалгиларига ўхшамайди.

Демангиз, Ширину Лайли онча бор ҳусн ичраким,
Хўблуқда ул санам аввалғиларға ўхшамас.

Ошиқ ул санамнинг ҳуснини Ширину Лайли каби оламаро довруғи кетган гўзаллар ила қиёслашга асло рози бўлолмайди. Негаки, ёрлик қилмаган ул ёр хўблуқ – гўзаллик, ҳусндорлик, яхшиликда асло аввалгиларга ўхшамайди.

Жавридин эрди аламлар, эмди тутмиш ўзга ёр,
Ўлмишамким, бу алам аввалғиларға ўхшамас.

“Аввалғиларға ўхшамас”ликнинг сирру асрори ғазал марказида турган юқоридаги байтда тўла очилгандай. Ул ой авваллари жавру жафо кўрсатган, аламлар етказган. Ёрнинг касби шу-да, деб ўйлаган ошиқни умид тарк этмаган. Дариғоки, ул санам энди ўзгани, рақибни танламиш! Бу аламни аввалгиларига ўхшатиб бўладими? Асло, йўқ! Бу – ошиқ учун ўлим ҳукмидай бир гап. Ўлмишамким.. . Вой ўлай! Кутилмаган хабар, зарбадан туғилган ҳайронлик, чорасизлик, нокомлик ва аламни фақат шу ундов сўз тўла ифодалаши мумкин.

Ишқ аро Фарҳод ила Мажнунға ўхшатманг мени
Ким, бу савдойи дижам аввалғиларға ўхшамас.

Ширин ва Лайли ҳақидаги байтдан кейин гапнинг Фарҳод ва Мажнун ҳақида кетиши табиий ва қонунийдир. Дижам – эзилган, гангиб қолган, сўлғин, хароб, ғамгин маъноларига эга. Шоир Фарҳоду Мажнун каби аввалғи ошиқларникига ўхшамаган ҳолини ифода этишда Ширин ва Лайли ҳақидаги аввалғи байтда қўлланган, аввалғиға ўхшаган усулни ишлатади – ўқувчига мурожаат қилади: “Мени Фарҳодга ҳам, Мажнунга ҳам ўхшатманг, негаки, бу савдойи – эсдан оғган, гангиб қолган кимсанинг ҳоли ул афсонавий ошиқларникига ўхшамайди”, дейди. Негаки, Фарҳод-Ширин, Лайли-Мажнун жуфтлигида ишқ тарафайн эди. У афсоналарда ошиқ ва маъшуқ бир-бирларига ҳарчанд интилмасинлар, золим фалакнинг кирдикорлари, золим кимсаларнинг фитнаси, ғаюрлиги боис бир-бирларидан жудо бўладилар. “Аввалғиларга ўхшамас” қиссасида эса ул ой “ўзга ёр тутмиш”дир. “Аввалғиларга ўхшамас” – бевафолик достони, жавобсиз ноком ишқ ҳикоятидир.

Кўйининг эҳромидин кўнглумни манъ этманг яна
Ким, анга азми ҳарам аввалғиларға ўхшамас.

Кўй – кўча, йўл; қишлоқ, маҳалла. Ҳарам – хос жой, ўз аҳли бўлмаган кишилар киритилмайдиган жой. Эҳром – ҳожилар зиёрат чоғида ўраб оладиган оқ мато.
Ул ой “эмди тутмиш ўзга ёр”… Яъни рақибни танламиш. Аммо ишқда бу муҳим эмас. Кўнгилда ишқ бор. У ўчмайди. Танланиш-танланмаслик билан ишқ барҳам топмайди. Асл ишқнинг сифати шу. Моҳияти шу. Шунга кўра, лирик қаҳрамон ёр кўйи сари бормоқликни манъ этмасликларини ўтиняпти. Ёрга талпиниш, ишқнинг азму азимати аввалгиларга ўхшамаган ҳолда шиддат олган. Асл ошиқнинг тилаги – васл эмас, ишқдир. Бу байт тасаввуфона оҳанглари билан ғазалда ўзига хос ўрин тутади.

Мазкур байт “эҳром”, “ҳарам” каби хос лексикаси билан, “манъ этманг яна” қабилидаги ғоят ичкин ўтинч руҳи билан ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаж зиёратига оид мунаввар орзусини, ўзи билан тупроққа кетган маҳобатли армонини ёдга солади… Кейинги байт бу тахминни мустаҳкамлагандай…

Эй Навоий, қилма Жамшиду Фаридун васфиким,
Шоҳ Ғозийға карам аввалғиларға ўхшамас.

Ишқий мавзудаги ғазал дафъатан шоҳ мадҳи билан тугайди.
Жамшид ва Фаридун – шуҳрати жаҳонни тутган қадимий форс подшолари. Бирининг ҳукмронлиги даври олтин асрга тенглаштирилган, иккинчиси афсонавий аждарни енгган.
Эй Навоий, дейди шоир ўзига мурожаат этиб, Жамшиду Фаридун каби довруқдор шоҳларни васф этма. Шоҳ Ғозий – забардасту ҳамиша музаффар султон Ҳусайн Бойқаро қиёси йўқ, тенги йўқ, карамда – олижаноблик, эҳсон, марҳаматда аввалғиларга ўхшамайдиган ҳукмдордир.
Ким билади, ғазал, эҳтимол, бошдан-охир шаҳаншоҳи ғозийи замон султон Ҳусайн Бойқарога бағишлангандир? Бири мамлакат подшоҳи, бири Сўз подшоҳи бўлмиш нодири замон бу икки инсоннинг ўртасига ғаюрлар, хусуматчилар, манфаатпараст кимсалар солган ғараз ва нифоқдан озорланиб ёзилгандир бу шеър? Лайли ва Ширин каби образлар ҳам бу эҳтимолга монелик қилолмас, эҳтимол? Лайли ҳам, Ширин ҳам – кўнгилнинг маҳбуби, кўнгилнинг танлагани, севикли кимсанинг рамзидир, холос…
“Наводир уш-шабоб” девонига 238-рақам билан киритилган мазкур ғазал 7 байт, 14 мисрадан иборат. Арузнинг рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Афойили: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун. “Аввалғиларға ўхшамас” – радиф. Ғам, ҳам, ситам, санам, алам, дижам, ҳарам, карам – қофиядош сўзлар. Ғазалда мумтоз қофиянинг равийли мутлақ қофия туридан фойдаланилган.

Шарҳловчи: филология фанлари номзоди Нодира АФОҚОВА