Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Дам бу дамдур... (Яссавий)
Facebook
Дам бу дамдур... (Яссавий) PDF Босма E-mail

Дам бу дамдур, ўзга дамни дам дема,
Шукр қил, дунё ғамини ғам дема.

Куймаса жону дилинг ҳам устихон,
Кўз ёшинг оққан била сен нам дема.

Хоҳ кулса, йиғласа ошиқ эли,
Чеҳраи сурхин кўруб, беғам дема.

Асли наслинг қатраи оби маний,
Хасни кўрсанг сен, ўзингдин кам дема.

Одамеда зарра маъни бўлмаса,
Сен ани сурат кўриб, одам дема.

Туймаса сир маънидин одам эмас,
Сен ани суврат кўриб, маҳрам дема.

Гар юракда бўлмаса юз доғи дард,
Зинҳор қочқил, ани ҳамдам дема.

Дўстлар, девона эрмас ҳар киши,
Изми жондин кечмаса одам дема.

Аҳмадо, тутғил ғанимат ҳар нафас,
Ёрсиз ўтган бу дамни дам дема.

Шарҳ: Дам бу дамдур...
Эй инсон, олаётган ҳар нафасинг ғанимат. Ўтаётган дамингучун Яратганга шукр айт ва ҳар дамингни ибодат, зикр жавоҳири билан беза. Умрингни дунё ғамига исроф этма. Бекор ўтган бир даминг қайғусида жону дилинг ўртанмас экан, кўзингдан оққан ёшнинг заррача қиймати йўқ. Аллоҳ жамолига ошиқ кимсалар ҳолини талқин қиламан деб овора бўлма, эй ишқ ғамидан бегона инсон. Зеро, асл ошиқлар кулганда ҳам йиғлаганда ҳам Яратганнинг ёди билан бўладилар. Аслинг нималигини биласанми? Бор-йўғи бир томчи сувдан бунёд бўлгансан. Шундай экан, кибру ҳаводан йироқ бўл. Хасни ҳам ўзингдан юксак деб бил. Одам моҳиятини маънавий даражаси белгилайди. Сурату сумбат — бу ҳали одам дегани эмас. Қалбида Аллоҳ ишқидан доғ бўлмаса, бундайлардан бошинг олиб қоч. Аллоҳ ишқида девоналик комиллик белгисидирки, Яратганни танимаган кимсани одам демагин. Аҳмадо, ҳар дамингни ғанимат бил, Аллоҳ зикри билан олинмаган нафасдан воз кечгин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан