Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Тошканд бойлари
Facebook
Тошканд бойлари PDF Босма E-mail

«Муштум»нинг борди-келдиси

Инқилобғача Тошканд бойлари деб шуларни билар эдик:
1 — Шохолим ҳожи Шоҳисҳоқов: (ҳозирда ҳам давлати катта, бошқалар инқилобдан зарарланган бўлса, бул киши фойдаланди), 2 — Вали ҳожи Абдулмалик ўғли: (бунинг ҳам давлати чакки эмас, ҳозирда ҳам бирни учка сотуб эски ҳолиға қайтмоқ ҳаракатида), 3 — Орифжон Маллабоев; (вафот, дунёға келган бўлсада келмагандек), 4 — Орифхўжа Азизхўжаев; (бу кунда жуда пири бадавлат, Туркистонни сотқучи машҳур хоинлардан пўчўтни гражданин Саид Азимбойнинг шафоати билан Некалай ҳукуматига содиқ ўғул бўлуб танилған ва унинг кўмаги соясида бутхона, тўнғузхона ва амсоли... хоналарни таъмир пудратини олуб одамшаванда бўлуб юрган эди).
Иккинчи даражадаги бойтарошлар:(Бойтарош — ўзини бой деб кўрсатадиганлар.) 1 — Комилжон Аҳмаджонов: (бул жониворнинг аксар умри шаллақилиқ, лўлилик, моли-мардумхўрлик(Мардумхўр — бировнинг ҳақини ейиш.) билан ўтди), 2 — Абдулмавлонбой ҳожи: (давлати чакки эмас эди. Ҳозирда ҳам ўғуллари иш сурмакда. Бу оила фақат еб-ичиб умр ўтказадир), 3 — Ғулом қори Тиллашайхов: (бул бечора кўб давлатини «Уламо» жамияти муфтхўрлари(Муфтхур — текинхўр.) йўлиға тикиб, ўзи муфлис(Муфлис — савдода синиш.) бўлаёзған эди. Ҳозирда эса «Уламо» жамиятидан олуб қолған дуолари баракасида тағи ҳам боюб кетди. Охири бахайр бўлсун), 4 — Буродарон Қурбонбоевлар. (буродаронларнинг шуҳратлари масжид солиш биландур), 5— Боқижонбой: («оти улуғ — суфраси қуруқ» мақоли шу кишининг шаънига айтилган, лекин ўзи зарарсиз киши), 6— Иброҳим-ҳожи Каримбоев: (бул кишининг барча ташаббуси тааддуди завжот(Тааддуди завжот — хотинлар сони (муал.).) масаласига кетди. Шунинг баракасида бир неча ўнлаб ўғуллари бўлдиким, бул кишидан миллатнинг қилған истиъфодаси фақат шундангина-дир, 7— Азиз Халфа: «Уламо» жамиятига кўб хизмат қилуб алҳол тақсирот(Тақсирот касали — иззатталаблик, манманлик.) касалига мубтало бўлуб қолди), 8 — Буродарон Норбековлар: (агарчандики бу авлод тараққийпарвардир, лекин мирқуруқлик буларга ирсий касалликдур). 9 — Тўхтажонбой Алижонбоев: (товламачи бойларимизнинг энг ашаддийси эди, Масков фирмаларини қон қақшатуб Тошкандга муҳташам масжид солуб берди. Городдаги «Насионал»(«Национал» меҳмонхонаси — Бухоро кўчасидаги бу бинода ҳозир Уруш ва меҳнат фахрий-лари уюшмаси жойлашган.) биноси ҳам унинг хизмати меваларидан. Илгари тарс ёрилуб, сўнгидан шарт синди. Бу кунда бўлса қўйчилиқ қилуб яна қобирғасини ёпуб қолди).
Қисқаси, бу иккинчи даражага киратурган кишилар жуда кўб, машруъ(Машруъ — шаръий.) ва номашруъ бу мавқеъга минган алмойи-алжойилар ҳисобсиз, аммо фақат тутуруғи борларнигина ёзиб кўрсатдик.
Инқилобдан кейинги НЭП фарзандлари тўғрисиға тўхталсақ мия-миз шишиб қоладир. Яъни нуқул ғарчча мой еб, чўмучимиз мой устида сузадир ... Гап кўп — қалам тўмтоқ, иштаҳо карнай — палов бедарак, отимиз улуғ — суфрамиз қуруғ... каби юқори-қуйи гаплар билан ҳозирга бу кейинги мавзуъни иккинчи вақтқа қолдирсамиз ҳам бироқ НЭПнинг, Тошканд бойларининг «шоҳ асари» бўлған Азимбойбачча(Азимбой — Саидазимбой.) устида тўхтолмай ўтолмаймиз. Тузук, бу буродаримиз ўзининг гуруллаган кунларидан нишона қилуб, кейинги уч йилнинг бадалида етти-саккиз ердан масжид бино қилди, ҳатто Юсуфхўжа эшоннинг қабри устига дахма қилиш ҳимматигача боруб етди. Бироқ бу ҳимматлар бизнинг ақли қосиримизча лойиқи шуҳрат ва такдир эмас... Бизнинг ҳар биримизнинг ёнимиз дўппайдими, дарҳол масжидга урина кета-миз. Аммо ҳамма касал, барча тирриқлик мактаб деган муаммонинг устида! Демакчимизки, бу янги даврнинг «йўлбошчиси» Азим саркордек бир одам бўлсун, мактаб солиш ишини умумийлашдирсун!
Гапдан гап чиқуб, сўз узоққа кетди. Бу мақолани ёзишдан муддао шулки, юқорида Тошканд бойларининг биринчисига Шохолим ҳожи акамизни қўйған эдик. Тўғриси ҳам бу мақола ўша кишининг туфайли билан ёзиладир.
Туркистондан Масковга вагон-вагон магиз, ўрик, гурунч, Масковдан Еттисувга той-той газлама, Еттисувдан Туркистонга қўшоқ-қўшоқ қўй, Туркистондан Масковга яна ҳалиги гап... худда чархфалак.
Бу ишни қилаётқан одам франсиялик Рўкфеллер эмас, америкалик Рўтшилд ҳам эмас, ўзимизнинг тошкандлик Шохолим ҳожи акангиз! Бу гап тўғри, худо берса шундай бўлар экан. Ақл, иш, келим-кетим, ҳаммаси ҳам мошинавори. (Мошинавори —- ўз-ўзидан, ихтиёрсиз.— Неча масжид солди? — деб сўрарсиз, албатта. Ҳозирча солинған масжид-пасжиддан дарак йўқ.
— Неча мактабнинг оталиғини олди? — деб яна сўрарсиз. Лочин билан баҳслашкан олақарға айткан эканки, шуни олсам биркам юзтаси қоладир, деб. Унға ўхшаш бизнинг ҳожи акамиз ҳам башарти энди бир мактабнинг оталиғини олса фақат битта бўладир.
Ҳожи акамизнинг ёшлари эллидан ошқан бўлса ҳам лекин ўғул-қизлари йўқ, деб баъзи одамлар таъна қиладирлар. Биз айтамизки ўғулсизлик айб эмас, агар ҳожи акамиз чин ота бўлмоқчи бўлсалар (худоё товба қилдим) бутун миллат болалари ул кишининг болалари, ўғуллари, қизлари! Дунёда бундай оталиққа ҳеч кимса ноил бўла олмас, тушунсалар!
— Ҳой, хожи!
Ёшинг анчага борди, бир оёғинг ерда бўлса, бир оёғинг гўрда, эсинг борида этагингни ёп! Илло йиғуб-терганларинг фақат уч-тўрт қузғунларға қолишини унутма! Яъни отинг, донғинг ўзинг билан бирга кўмилмасун...
Сўзимиз ёлғуз бир киши устидагина эмас, «Қизим санга айта-ман— келиним сан эшит!» қабилида бошқаларға ҳам ом.(Ом — умумий, ҳаммага баробар.)
Калвак махзумнинг жияни,

«Муштум» — 1924 йил, 23-сон.
Абдулла Қодирийдан