Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Навоийнинг ваҳдат тушунчаси ва пантеизм
Facebook
Навоийнинг ваҳдат тушунчаси ва пантеизм PDF Босма E-mail

Шарқ мумтоз шеърияти, аслини олганда, тавҳид, яъни бирликка асосланган шеъриятдир. Диний, тасаввуфий ва фалсафий фикр-қарашлар ифодасида бу шеърият тавҳид ту-шунчасидан ҳеч четлашмаган. Мумтоз шоирларнинг ишқ ва ирфон йўлидаги завқ-шавқи ҳам охир-оқибатда тавҳид ёхуд ваҳдат идеалини ифодалайди. Аммо тавҳид сир-асрорини сўз билан баён этиб бўлмаганидек, ваҳдат моҳиятини изоҳлашга уриниш ҳам бефойдадир. Бу ҳақда Навоий бир ўринда:

Нуктайи тавҳидни билган қила олмас баён,
Ким баён қилдим деса, билгилки, қилмайдур билиб,
-деса, бошқа бир ўринда:
Сирри ваҳдат нуктасидур бас дақиқ, эй порсо,
Май қуёши ламъаси бирла магар топқай вузуҳ, -

("Наводир уш-шабоб" 106-ғазал) дейди. Навоийнинг тушунтириши бўйича, тавҳид ва ваҳдат ҳолининг камоли илоҳий майдан қониқишдирки, унинг энг содда ва безаксиз "қадаҳ"и кўнгилдир:

Кўнгул ваҳдат майининг жоми эрмиш,
Бу соғар сода яхши, йўқ мунаққаш.
("Наводир уш-шабоб", 255-ғазал)

Ирфон аҳлига кўра, ҳар кишининг ваҳдат ёки тавҳид ҳақидаги фикр-қараши унинг истеъдоди ва қобилияти даражасида бўлади. Масалан, авом дунёга қарайди, бироқ айтарли ҳамма нарсани маънидан холи фақат суврат ҳолида кўради. Хавос (хос кишилар) маъни ва шаклга бирликда қарайди. Ошиқ эса яна ҳам юксалиб, моҳиятига нигоҳ ташлайди.
Фақат шакл яъни сувратни кўришдан нари ўтолмайдиган кимсалар "ҳайвони нотиқа" даражасида қолади. Маъно ва сувратни вобасталикда кўра олгувчилар инсон мартабасига юксалади. Моҳиятни кўриб, ёлғиз уни мушоҳада этувчилар раббонийлик мақомига кўтарилади. Мавжуд борлиқ ва нарсаларнинг шаклига қарашдан ўзгасига кучи етмайдиганлар ҳеч нимани аниқ ва чуқур билишолмайди. Шу боисдан бу тоифа на ҳаёт, на охират хусусида тайинли фикр айтишга қодир эмас. Хуллас, олам ва одам, халқ ва холиқ бирлигидан сўз юритувчилар ботин билан зоҳирни, маъно билан сувратни теппа-тенг кўра билган зотлардир. Шуларнинг маслак ва тажрибаларига таяниб айтиладиган бўлса, инсон ақли аслида Ваҳдатга ошиқдир. Яширин бир овоз гўёки инсон кўнглига "Ваҳдат", яъни "Бирлик ақл ва ашёнинг энг олий қонунидир", дея шивирлаб туради. Чунки азалда бутун коинот, ашё ва инсон Тангри "зоти"да бирликда бўлгани сингари, абадда ҳам касрат (кўплик, мосиво) олами барҳам топиб, ҳамма нарса яна Оллоҳ билан бирлашиб кетади. Асос эътибори ила "касрат"да ваҳдатни кўрган, "нишон"дан "бенишон"га йўл олиб, кўнгил ичидаги "Султон"ни кашф қилган шоирлар худди шундай Бирлик ҳоли ва орзусидан ҳам баҳс юритишган. Ушбу мулоҳазаларнинг энг ёрқин тасдиғи ва далили Алишер На-воий "Лисон ут-тайр" достонидаги:
Бир бўлу бир кўру бир де, бир тила, Майл қилма мунда иккилик била, -
деган чорлов сўзларидир. "Зеро, бунда "ваҳдат" - бирлик ҳолига эришган кишининг кўзи "Бир"ни кўриши, қулоғи "Бир"ни эшитиши, тили "Бир"ни сўзлаши, қалби "Бир"ни тилаши ифодаланган" (Жумаева С. Ўзбек мумтоз шеъриятида рақам рамзлари ва уларнинг маъно талқини. Тошкент, 2010. 89-бет).
Навоийнинг нуқтаи назарида, бундай бирлик ҳолига етишиш шоир томонидан ишқ аҳли орасига олиб кирилган "янги расм"дир:

Бир кўрмагу ўлмак била, эй хаста Навоий,
Ишқ аҳли орасинда янги расм киюрдинг.

Лекин бу "янги расм"ни қайсидир шайх ё дин арбобидан эмас, балки харобот пиридан ўрганмоқ жоиз:

Асрори ваҳдат иста харобот пиридин
Ким, шайх ваъзу панди фусуну фасонадур.
(Ўша девон, 186-ғазал).

Шўро даври адабиётшунослиги учун хос бўлган бир "усул" Навоий шеъриятидан ўзларининг мақсадларига мувофиқ келадиган шеър ва байтларни олиб, мутафаккир шоирнинг дунёқараши, диний-фалсафий тушунчаларини акс эттирадиганларини кўриб-кўрмаганга солиш бўлган. Ваҳоланки, Навоий жуда кўп ғазал ва байтларида тавҳид ҳамда ваҳдатдан сўз юритган. Бу ҳам мутлақо табиийдир.
Аҳмад Форуқи Сирҳиндий - Имоми Раббонийнинг айтишича, Ҳақ ошиқларига сайри сулук пайтида тавҳид икки тарзда зуҳур айлайди:

1. Тавҳиди вужудий (ваҳдати вужуд). Бу мартабада солик "борлиқни бир дея билади" ва шунга қатъиян ишонади. Оллоҳдан бошқасини йўқ деб билиб, тажаллий-ларни ҳам хаёл сифатида қабул қилади.
2. Тавҳиди шуҳудий (ваҳдати шуҳуд). Бу мартабада солик "борлиқни бир" тарзида кўради, аммо Оллоҳ борлиғини кўриб, бошқа борлиқлар мавжудлигини ҳам инкор этмайди ( Имоми Раббоний. Мактубот. I жилд. Истанбул (санасиз). 347-бет.).

Илмий адабиётларда очиқ-ойдин эътироф қилинганидек, Навоийга кучли қизиқиш уйғотган таълимот ваҳдати вужуд эди. Бунга биринчи сабаб тасаввуфий тушунчанинг кенг тарқалиши ва умуминсоний шон-шуҳратга эриштирган жиҳатлардан бири ваҳдати вужуд деб қаралгани ҳамда тасаввуфнинг туб мазмун-моҳияти ваҳдати вужудда дея англангани бўлса, иккинчи бир сабаб Навоий мансуб нақшбандийлик тариқатининг йирик вакиллари, жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг Ибн Арабий асарларига фавқулодда эътиборидир.
"Жомий ва Навоий ижодида, - дейди профессор А.Абдуқодиров, - Ибн Арабий таълимоти маъқулланган ва изчил ривожлантирилганлиги сабабли улар талқинидаги ваҳдати вужуд зоҳирий ва ботиний мазмунга эга бўлди. Чунончи, унда зоҳиран ҳамма Унда тарзидаги исломий фикр олға сурилса-да, ботинан ҳамма Удир сифатида Оллоҳ ва оламнинг, бошқача айтганда, Ҳақ ва халқнинг бирлиги, яхлит бир бутунлиги исбот этиларди" (Абдуқодиров А. Навоий ва ваҳдатул-вужуд таълимоти. Хўжанд, 1995. 13-бет.).
Шу ўринда "вужуд" сўзини изохдаш зарурга ўхшайди. Ваҳдат аҳли ушбу калима орқали бутун борлиқларни юзага чиқарган ва унинг билан қойим бўлган ҳақиқатни назарда тутиб шундай дейишган: Вужуд (борлиқ) бирдир. У тааддуд - ажралиш, тажаззи - парчаланиш, инқисом - бўлинишни қабул қилмайди. Вужуд (борлиқ)нинг ҳукм ва тасарруфи бутун коинотга нуфуз айлаб, таъсир ўтказувчидир. Дунёда нима мавжуд бўлса, барчаси унга тобедир, унга боғлиқ ва унинг билан оёқда туради. Хуллас, ваҳдат соҳиблари вужуд деганда зоти улуҳиятни англаб, Ҳақ учун мазкур сўзнинг бир сифат бўлишини ҳақиқий эмас, мажозий ва шартли деб билишган.
Шу моҳиятни назарда тутиб Навоий ёзади:

Сафҳаи хотирда, эй ориф, керактур ёру бас,
Софийи ваҳдатқа хошоки хавотир қотма кўп.
("Наводир ун-ниҳоя", 80-ғазал)

Ваҳдат софлиги - ишқдаги поклик демак. Ишқ ваҳдат ҳолини қувватлантирганидек, ваҳдат ҳам ҳақиқий ишққа қанот бағишлайди.
Маълумки, сўфий ва мутасаввифлар коинотнинг яратилишини Ишқ билан боғлиқликда шарҳлашган. Чунончи: Оллоҳ "Вужуди мутлақ" - мутлақ гўзаллик, "хайри мутлақ" - мутлақ яхшилик ва ҳиммат соҳиби ҳам Оллохдир. Ҳеч қандай макон ва замон пайдо бўлмасдан, ишқ ҳамда жабарут оламида Оллоҳ ёлғизлик (тоқлик) да яшарди. Табиийки, Унга қарайдиган бир кўз, важдга келадиган бир кўнгил керак эди. Чунки гўзалликнинг дастлабки ва асосий бир сифати ўзини намоён айлашдир. Тасаввуф аҳлининг "Ман яширин хазина эдим, кўринишни истадим", ҳадисини худди шу мазмунда изоҳлашлари ўша ишончдан туғилган. Хуллас, Оллоҳ ўзининг гўзаллигини намоён айлашни хоҳлайди. Хўш, бу тажалли қандай тарзда воқе бўлган экан? Ҳар бир нарса унинг зидди билан аниқ-тиниқ англашилиши аён. Вужуд, яъни борлиқнинг зидди йўқлик - адам; ҳусн ва гўзалликнинг акси хунуклик ва чиркинлик; хайрнинг тескариси эса шаръ - ёмонлик. Аммо буларнинг бирортаси ҳам ҳақиқий бир борлиқ эмас, балки тасаввуфда айтилган бир ваҳм, хаёлий кўлкалардир. Кўриниш, тажалли этмоқ учун улар маълум замон оралиғида юзага чиқишган ҳамда тажалли шакли қуйидагича бўлган: Адам - йўқлик, вужуд - борлиқ билан қаршилашгач, борлиқ бир ойнада аксланганидек, бошқасида бир соя ва хаёл каби кўринади. Ҳам вужуддан, ҳам адамдан улуши бўлган бу хаёлга "вужуди мумкин" дейилганки, "ҳодисалар олами" шудир. Кўз билан кўрадиганимиз "кўлка борлиқ" ҳам худди шу. Навоий дунёқарашининг ўзак нуқтасини ташкил этган ана шу фикр-қараш шўро даври навоийшунослигида бутунлай бошқача талқин қилинган.
Дарвоқе, ваҳдати вужуд таълимотининг ўзига хос мураккаб ва зиддиятли томонлари бўлганки, бундан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бироқ унинг шубҳа ва эътироз туғдирмайдиган асосий ҳақиқати пайғамбарлар ҳамда уларнинг вориси бўлмиш валиларнинг китоб ва суннатга асосланган мукошафаларининг маҳсули эканлигидир. Ваҳдати вужуд маслагида "бирлик" илм ва ишқдир. Ҳақ ошиғи ҳақиқий борлиқнинг бир тана экани, унинг ҳам Ҳақ ва Ҳақ тажаллиларидан иборатлиги, Оллоҳдан ташқарида ҳеч бир нарсанинг чинакам бир вужуди йўқлигига тўла ишонч ҳосил қилади.
Ваҳдати вужуд маънавий юксалиш, руҳий тажриба билан эришилиши боис қалбнинг маънавий сайри пайтида майдонга келади. Қалбда севги ва ишқ қанот ёзгач, мосиводан у тозаланиб, Ҳақнинг асмо, сифот ва нурларига ойна бўлади. "Оламда яккаю ягона ҳақиқий вужуд Оллоҳдир. Ашё ва коинот Унинг исми, феъл, сифатларининг турли хилдаги тажаллисидан иборат эрур", деган хулосага келинади. Имом Раббонийга кўра, ваҳдати вужуд тушунчаси сакр (маънавий сархушлик) ва муҳаббатнинг зўрлигидан туғилган" (Имоми Раббоний. Кўрсатилган асар. 290-бет).
Ваҳдати вужуд таълимотига тўхталганда, уни қабул қилган ва ёқлаганлар қатори унга кескин қарши чиқиб, уни тубдан инкор қилишга уринганлар ҳам кўп бўлганлигини унутмаслик зарур.
Шулардан бири ва энг муросасизи Ибн Таймия эди. Бу маслакни у Исломнинг тавҳид тушунчасига бутунлай тескари деб билди (Қаранг: Тиблавий М.С. Ибн Таймияда тасаввуф. Истанбул, 1989. 109 - 112-бетлар). Ибн Таймияга ниҳоятда таҳликали туюлган жиҳат ваҳдати вужуднинг яхши-ёмон, хайр-шарни ажратишга изн бермаслиги эди. Чиндан ҳам ваҳдати вужудчиликда оламда ёмонлик, чиркинлик, душманлик деган нарсалар йўқ. Зеро, буларнинг барчаси мутлақ вужудга ҳеч алоқасиз, инсоннинг нафсу ҳавосидан пайдо бўладиган бир сояга ўхшаш мавжудликлар, янада аниқроғи, мосиво ва касрат кўлкаларидир.
Ваҳдати шуҳуд назариясининг асосчиси Имоми Раббонийга эса ваҳдати вужуд жуда тор бир йўл бўлиб кўринган. Мактубларидан бирида у ўз давридаги сўфийлардан аксарияти ваҳдати вужудчи бўлганлиги, аммо улардан асосий қисми кашф йўли билан эмас, балки ё тақлид ёхуд қуруқ ўрганиш ёхуд зиндиқлик ва мулҳидлик орқали ушбу тушунчани қабул қилиб, шариатга юзаки муносабатда бўлишганлигини сўзлаган. "Улар (яъни муқаллид ва йўлдан озган сўфийлар -И.Ҳ.) бу ҳоллари ила, - дейди Имоми Раббоний, - ҳар нарсани Ҳақдан кўрарлар, ҳатто ҳар мавжудликни Ҳақ ўрнида тасаввур этарлар. Бу ҳийла ила улар ўзларини Исломдан йироқлаштирмишлар..." (Имоми Раббоний. Ўша асар, 153-бет).
Исломдан четлаштирадиган ёки мусулмонликнинг зиёнига ишлайдиган ҳар бир ҳаракат ва тушунча ғарблик олим ҳамда ижодкорларнинг аксарияти томонидан қўллаб-қувватланган. Тақлид ё зиндиқлик юзасидан ваҳдати вужуд даъвосида бўлган сўфийларнинг, айниқса, "ҳар мавжудликда Ҳақни кўришлари" пантеизмнинг "ҳар нарса Оллоҳдир" деган ақидасига мувофиқ келарди. Ғарб пантеизмининг асосчиларидан бўлган XVII аср материалисти Спинозанинг қаноати бўйича, Оллоҳ ва олам айни мавжудлик эканлигидан олам агар йўқликка юз тутса, Оллоҳ ҳам йўқолмоғи лозим. Ҳолбуки, мутасаввифлар наздида олам Ҳақнинг вужудида зоҳир, бироқ ҳар он, ҳар лаҳза янгиланиш ва ўзгаришга учрайдиган фоний, йўқ бўлувчи сувратлардан иборат. Булар Унинг асмо ва сифатларининг мазҳарлари бўлса-да, зот эътибори билан Оллоҳ улардан мустағний эрур. Олам йўқ бўлса ҳам, зотий сифати ила Ҳақ яна боқий қолади.
Энди масаланинг биз учун асосий жойини сўзласак. Шарқнинг энг буюк ижодкорларини пантеист дейиш Овруподан бошланган ва собиқ шўро жумҳуриятларидаги таниқли олим, шоир, ёзувчилар томонидан айтарли бир тарзда такрорланиб, давом эттирилган. Бу ҳолни бизда ҳатто бугун ҳам кузатиш мумкин ва бунга мисол ҳам жуда кўпдир. Шу маънода "Ўзбек тили ва адабиёти" журналида босилган бир мақолага эътиборни қаратмоқчимиз.
Мазкур мақола улкан шарқшунос Е.Э.Бертельснинг бундан ярим аср муқаддам ёзилган бир мақоласи талқинига бағишланган бўлишига қарамай, унда академик Ойбек, хусусан, В.Й.Зоҳидов тадқиқотларига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Буюк адибимиз Ойбекнинг "Навоий дунёқараши масаласига доир” номли мақоласини назарда тутиб, муаллиф ёзади: "Ушбу мақолада навоийшуносликда илк маротаба шоир фалсафий қарашларининг асосини пантеизм ташкил этади, деган фикр изчил илгари сурилади ва кейинчалик академик В.Й.Зоҳидов томонидан кенг кўламда ривожлантирилади" (Эшонбобоев А. Е.Э.Бертельснинг "Алишер Навоий дунёқарашига доир" мақоласи ҳақида // Ўзбек тили ва адабиёти. 2010. №3. 29-бет).
Тўғри, Навоийни биринчи бўлиб пантеистлар сафига қўшган устод Ойбек эди ва у юқорида номи айтилган мақоласида Навоийнинг фалсафий фикр-қарашларини Спинозаники билан қиёслаб орадаги ўхшашлик ва фарқларни қайд этгач, пролетар доҳийларидан бирининг таълимотига таяниб шундай хулоса чиқаради: "Ф.Энгельснинг "Идеалистларнинг системалари руҳ ва материянинг қарама-қаршилигини пантеистик равишда келиштиришга тиришиб, борган сари кўпроқ материалистик мазмун билан тўлдирганлар”, деган сўзлари Навоийнинг фалсафий позциясига ҳам татбиқ қилиниши мумкин" (Ойбек. МАТ. XIII том. Тошкент, 1979. 206-бет.).
Ўшанда шундай дейиш эҳтимол зарур бўлгандир. Балки шунақа хулоса Навоий ва навоийшунослик фойдасига хизмат қилишига ишонилгандир. Нима бўлмасин, Навоий ижодиёти зиёнига Ойбек атайин битта ҳам сўз айтмаган. Лекин адибнинг Навоий "фалсафий қарашларининг асосини пантеизм ташкил этади", деган ҳукми туб моҳиятда умуман тўғри бўлмаган.
Гап ўз-ўзидан В.Зоҳидов тадқиқотларига бориб тақалаётир. Улардан бири ҳақида А.Эшонбобоев мақоласида ўқиймиз: "Мир идей и образов Алишера Навои" китоби 1961 йили нашр этилди ва республикамиз ҳамда собиқ Иттифоқ илмий доиралари томонидан илиқ кутиб олинди. Тожик файласуфи Мусо Ражабов "А. Джами ва таджикская философия XV века" тадқиқотида ўзбек олими монографияси хусусида ижобий фикр билдирган. Шунингдек, озар олимаси Зумрад Гулизода қизи ҳуруфийлик ва Қосим Анворга оид монографияларида кўп ўринларда В.Й.Зоҳидов китобидан иқтибос келтиради ҳамда олимни шоир дунёқарашининг асосий нуқталарини тўғри ёритган, деб ҳисоблайди" (Эшонбобоев А. Кўрсатилган мақола).
Бу фикр ва маълумотлар ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёзилганда ҳам бошқа гап эди. Чунки Шарқ алломалари ва мумтоз шоирлари ижодиётини марксизм-ленинизм таълимотига таяниб ўрганиш ва баҳолашга ҳали муносабат холис бир изга тушмаганди. Айтмоқчимизки, ягона сиёсий маслакка суяниб, илм-фанни умумий битта мақсадга йўналтирган тадқиқотчиларнинг В.Зоҳидов асарларини қўллаб-қувватлаши ва уларни мақташи ҳам табиий ҳолдир. Масалан, Мусо Ражабов Жалолиддин Румий, Маҳмуд Шабустарий, Абдураҳмон Жомий қатори Алишер Навоийни ҳам улкан пантеист деб баҳолаган экан, бунинг асло ажабланадиган жойи йўқ (Раджабов М. Абдурахман Джами и таджикская философия XV века. Душанбе, 1968. С. 119.).
Академик В.Зоҳидовнинг тадқиқотларида ўрганса, ибрат олса арзийдиган фазилат ва ўринлар бор. Фақат шуларни аниқ билиб, илмий аҳамиятини холис белгилаб, сўнг гапириш керак.
Қанчалик аччиқ бўлмасин, В.Зоҳидовнинг мақолалари ва Навоий ҳақидаги рус ҳамда ўзбек тилида босилган китобларида улуғ шоир дунёқарашининг бош нуқталари тўғри ёритилмаганини бугун айтиш ва сабабларини очиш лозим. Муҳтарам олимнинг "Нақшбанд пантеизм, идеалистик монизм позициясида турган" "Навоий ўзининг муайян маънодаги реалистик пантеизмини ишга солди, ривожлантирди" "Навоий билан сўфизм орасида асосан биргина  (аниқ билиб, илмий аҳамиятини холис белгилаб, сўнг гапириш керак.
Қанчалик аччиқ бўлмасин, В.Зоҳидовнинг мақолалари ва Навоий ҳақидаги рус ҳамда ўзбек тилида босилган китобларида улуғ шоир дунёқарашининг бош нуқталари тўғри ёритилмаганини бугун айтиш ва сабабларини очиш лозим. Муҳтарам олимнинг "Нақшбанд пантеизм, идеалистик монизм позициясида турган" "Навоий ўзининг муайян маънодаги реалистик пантеизмини ишга солди, ривожлантирди" "Навоий билан сўфизм орасида асосан биргина масалада уму-мийлик бордир. У ҳам бўлса ваҳдати вужуд пантеизмидир" ( Зоҳидов В. Улуғ шоир ижодининг қалби. Тошкент, 1970. 340, 37) каби хулосаларини қўллаб-қувватлаш тарихий ва ирфоний ҳақиқатга зиддир.
Ҳеч қанақа хато ё чалғитиш илм-фанда ўз-ўзидан пайдо бўла қолмайди - улардан кўпчилигининг "ижодкор"лари, муҳофиз ва баъзан ашаддий тарғиботчилари бўлади. Шунинг учун "асосчи"ни унутиб, давомчиларни танқид қилиш ё айблаш инсофга мувофиқ келмайди.
Аввало, шуни таъкидлаш лозимки, ваҳдати вужуд билан пантеизм орасидаги алоқа хусусида, ҳатто, ислом олимлари қарама-қарши фикр-мулоҳазаларни илгари суришган. Бироқ ваҳдати вужуднинг пантеизмдан бутунлай фарқланишини аниқ далиллар билан исботлаган тадқиқотчилар ҳам бўлган. Шулардан бири "Ваҳдати вужуд ва Ибн Арабий" номли ниҳоятда мазмундор бир китобнинг муаллифи Исмоил Эртуғрулдир.
Аҳмад Авни Қўнуққа кўра эса, ваҳдати вужудни пантеизм билан қориштириш хатосининг сабабкори шарқшунослар бўлган. Шундай шарқшунослар ва уларнинг Туркиядаги из-дошларига кескин муносабат билдириб, Ҳамдий Ёзар мана нима дейди: "Айрим жоҳил ва мулҳидлар, пантеизм, иттиҳод ва ҳулул назариясини ваҳдати вужуд дея таърифлаб, "Ло илоҳа илло ҳу" дейиш, "Ло мавжуда илло ҳу" демак эканини айтиб, буни "Ҳар мавжуд Удир" мазмунида шарҳлайдилар. Ҳар нарсанинг моворасида Оллоҳни кўриш ўрнида, ҳар мавжудликни Оллоҳ ўлароқ кўришни истарлар..." (Ҳамдий Ё. Ҳақ дини Қуръон тили. 1-жилд. Истанбул, 1971. 576 - 577-бетлар.)
Ваҳдати вужуд "фанофиллоҳ" аталмиш ҳолнинг воқе бўлишидан майдонга келган бир "илми шуҳуд" - мушоҳада илми. Пантеистларнинг илми эса жисмоний туйғулар ила суфлий оламдан олган билимларини далил ўрнида қабул айлаб, борлиқнинг бирлигини ҳис қилишдан иборатдир (Исмоил Ф.Э. Ваҳдати вужуд ва Ибн Арабий. Истанбул, 1991. 65 - 75-бетлар.).
Бас, шундоқ экан, пантеизмни ваҳдати вужуд билан айни ҳодиса деб баҳолаш қачон ва қайси шарқшунослар томонидан бошланган?
Шуни ҳам инобатга олиш жоизки, пантеистик фикр-қарашларнинг у ёки бу унсур, белги ва кўринишлари Чин, Ҳиндистон, Эрон, Юнонистон каби ўлкаларда жуда қадим даврлардаёқмавжудбўлган. Шу маънода олим ва тадқиқотчилар тўрт турли пантеизм бўлганлигини эътироф этишган (Қаранг: Фарид Ком. Вахдати вужуд ва пантеизм // "Ибн Арабийда Борлиқ тушунчаси". Истанбул, 1992.19-бет).
Ваҳдати вужуд улардан бирортасига ҳам мувофиқ келмайди. Тасаввуф аҳлининг "тавҳид" таълимоти Қуръони каримдаги "Аласту бироббикум" - "Мен Сизларнинг Раббингиз эмасми", сўровига асосланади. Уларга кўра, инсон ва умуман башариятнинг бутун ҳаёти ана ўша илоҳий аҳдни бажо айлаш ва "азалий ватан"га қайтиш ҳодисасидан иборат. Важднинг охирги босқичи "камол ва ниҳоя" ҳам мана шудир. Бу тўғрида Навоий ғазалларида мароқ билан гапиради:

Мени усрук кўрубон жомим ушатма, эй шайх
Ким, бу янглиғ мени маст этган эрур жоми аласт.
Ёки:
Тонг эмас бўлса Навоий маст то шоми абад
Ким, азал субҳида бўлмиш қисмати жоми аласт.
("Ғаройиб ус-сиғар", 88-77-ғазаллар)

"Жоми аласт"дан сипқорилган вахдат майи ошиқ ё орифни қанчалик маст ва беҳуш айламасин, ваҳдати вужуд таълимотидан баҳс юритишнинг икки йўли бор деб белгиланган. Биринчиси, фикр ва назар йўли. Иккинчиси, завқ ва шуҳуд йўли. Биринчи йўл кўпчилик мутафаккирга очиқ бўлган. Завқ ва шуҳуд йўли эса фақат ўзига хос усул билан маърифат мартабаларини босиб ўтиб, ўша файзга мазҳар бўла олган зотларга мансубдир. Зеро, ҳар ким ҳам ишкдан ё ошиқ ҳолидан баҳс юритиши мумкин. Бироқ ишқ дарди ва лаззатини ёлғиз чин ошиқларгина кўнгилдан кечириб, теран англашга қодирдир. Шуни ҳам эътироф этиш жоизки, Ғарб тадқиқотчилари орасида кўнгли илоҳий ишқ оловида ёнган шарқлик ошиқ ҳоли ва дард-аламларини тўғри тушуниб фикр юритган айрим тадқиқотчилар пантеизмдан вахдати вужуднинг кескин фарқланишига ҳам диққатни қаратишган. Масалан, инглиз олими Е.Х.Уинфильд 1880 йилда Маҳмуд Шабустарийнинг машҳур "Гулшани роз" асари таржимаси нашрига ёзган сўзбошисида ислом ва христиан мистицизмида ҳам пантеистик тамойиллар мавжудлигига қарамасдан, уларга асло бир нуқтаи назар билан ёндашмаслик зарурлигини ҳам таъкидлаган экан (Азимов К.А. Азербайджанские мыслители о человеке. Баку, 1986. С. 138.). Румийшунос ўлароқ бутун жаҳонга танилган ва тасаввуфни ҳам чуқур билган Р.Никольсон эса пантеизмнинг вахдати вужуд билан тенглаштирилишини кескин инкор қилган (Қаранг: Никольсон Р.А. Тасаввуфнинг маншаи масаласи. Истанбул, 2004.140-бет).
Сал олдинроққа назар ташлаб айтиладиган бўлса, Гегелнинг "Фалсафа тарихи" китобидаги "восточные поэты преимущественно пантеистьы, это их обычный способ рассмотрения вещей" деган фикрларидан кейин ҳеч суриштирмай Шарқ сўфий ва мутасаввиф шоирлари дунёқарашини пантеистик таълимотга нисбат бериш умумий удумга айланган. Бироқ, пантеизм билан вахдати вужудни мувофиқлаштириб бўлмаслиги, пантеизмдаги "иттиҳодия" - Оллоҳ билан оламнинг қориштирилиши ислом вахдати вужудчилари учун ётлиги инобатга олинмаганидек, ваҳдати вужуд динийруҳоний бир тажриба маҳсули, пантеизм эса назариётчилик эканлиги ҳам назардан четга сурилган.
Шу ўринда "Тасаввуф таълимотини махсус ўрганиб, тасаввуф адабиёти дарғалари ижодиётидан Гегель етарли даражада хабардор бўлганми?" деган табиий бир савол туғилади.
"Калом фалсафаси" билан жуҳуд файласуфи Моисей Маймонид асарлари орқали танишганидек, тасаввуф билан ҳам Гегель ўзи яшаётган замонгача бўлган Ғарб шарқшунослиги эришган натижа ва айрим таржималар воситасида бохабар бўлган, холос. Шунинг учун олмон файласуфининг умуман Шарқ мумтоз шоирлари тўғрисидаги фикри ҳам, Мавлоно Румийни пантеизм томонидан улуғлаши ҳам мустаҳкам ва ишончли асосга эга эмас эди. Чунки Гегелнинг "ҳеч иккиланмай Шарқнинг энг буюк мутасаввифини (Румий назарда тутилаётир - И.Ҳ.) пантеист дея баҳолаши шошқалоқликдан бошқа бир нарса эмасди. Бу баҳо ҳар қанча ижобий ва мақтовли кўринмасин, Мавлононинг Оллоҳ ва ваҳдатга доир тушунчасини тўғри ифодалолмайди. Зеро, Аннемария Шиммель тадқиқотларидан ҳам англашилганидек, Румий асло пантеист эмасди"(Ўзган С. Мавлоно ва Гёте. Истанбул, 2006. 47-бет).
Пантеистик фалсафага кўра, модда ва руҳ бир-биридан айри ҳамда мустақил бир борлиққа соҳиб бўлмасдан, барча борлиқларнинг ягона сабаби бўлган олий бир жавҳарнинг сифатлари ва кўринишларидир. Бу олий асос, шуур ва эркинликка эга эмас. У зарурий борлиқдир, унинг мажбурийлигини билиши, ҳурриятидир. Демак, у олий асос ёки жавҳар ғайри шахсийдир, яъни шахсиятсиздир. Шунга кўра, Оллоҳнинг оламдан айри ва мустақил бир шахсияти йўқдир. Шу боисдан пантеизм шахсият тушунчаси ва эркинлигини қабул қилмайди (Қаранг: Исмоил Ф.Э. Ваҳдати вужуд ва Ибн Арабий. 73 - 90-бетлар; Сунар Ж. Ваҳдати шуҳуд ва ваҳдати вужуд масаласи. Анқара, 1960; Э рда м Ҳ. Пантеизм ва ваҳдати вужуд муқоясаси. Анқара, 1990.). Ҳатто унда Тангрининг ўзига қизиқиши ва эътибори йўқдир. Ваҳдати вужудда эса бунинг тамоман тескариси: Тангрининг шахсияти бор. У ҳамма нарсани кўради, эшитади, билади. Ҳисобга олади...
Бошқа ҳаммаси четга сурилиб, худди мана шу фарқ инобатга олинганда ҳам, Навоийни пантеистлар сафига қўшиб бўлмаслиги кундай равшанлашади.

Иброҳим Ҳаққуловнинг
"Навоийга қайтиш" китобидан, 2-жилд