Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 4
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

156
Ҳикоят

Шахмат ўйнагувчи икки устод шахмат тахтасини очиб, икки томонга ўтирди ва ўртада шатранжи кабир - катта шахмат доналарини тўкишди. Ҳар тарафдан бир шоҳ тахтага терилди, уларнинг расмана шоҳларга ўхшаш хизматкорлари, лашкарлари бор эди. Ҳар биннинг биттадан тўғри юрувчи вазири бўлиб, яна биттадан эгри юрувчи фарзинлари ҳам бор эди.
У икки шоҳдан бири Рум аҳлига (оқлар донаси) шоҳ бўлса, иккинчиси эса занг аҳлига (қоралар донаси) кишварпаноҳ эди. Устод шоҳ ва бошқа доналарни териб, уларга зебу оройиш беиган ҳолда тахтада саф торттирди.
Шундан сўнг рақиблар майдонга от солиб, у ерда жавлон урган ҳолда турли ўйинлар кўрсатдилар. Бу ер гўё уруш майдони ва ўраб олинган қалъага ўхшар эди. Бир томон иккинчи томонни мағлуб этишга қаттиқ киришган. Уруш сафларида фил ҳам, жирафа ҳам, рух, айиқ ва кашшофа1 ҳам бор эди. Пиёда аскарлар отлиқ суворилар олдида тез ва чаққон урушмоққа ҳаракат қилишар эди.
Қўшинлар уруш низомларига биноан бир-бирларига турли ўйинлар кўрсатиб, жанг олиб бормоқда эдилар. Бир томон ўз лашкарларини пистирмада беркитган бўлса, иккинчи томон бу қўшинни бузиш тадбирларини кўрарди.
Ўртада ажойиб, қизиқ ўйинлар намоён бўлмоқда, балки беҳад ҳийла ва тадбирлар кўрсатилмоқда эди. Бунда паҳлавонлар ва қўмондонлар ҳам бир-бирларига ҳужум қилишарди. Бу ҳолат гўё икки қаҳрамон шоҳнинг қўшин тортиб, бир-бирига қарши уруш олиб бораётганига ўхшаш эди.
Бунча қўшин ва дабдаба, қалъа, майдон ва от чоптириб, жавлон уришлар, чекиниб қочишлар, ҳам ўнг қанот, ҳам чап қанотда, ҳам қўшиннинг илғор қисмида ана шу хил ғавғо-тўполонлар билан жанг бўлмоқда эди.
Ҳар бир қўмондоннинг ўғли жангнинг олдинги,сафларида борар, отасидан олдин урушга кирар эди. Уруш майдони босиб ўтилгач, отасининг ўрнини босар эди. Бир пиёда бир ёқдан келиб, тез айланувчи чарх ёрдамида майдонда қаҳрамонлик кўрсатар, ёлғиз ўзи бутун бир қўшинни даф эта оларди.
Уруш майдони ана шу хил турли тасодифларга тўла бўлиб, гўё бир-бирига қасоскор икки шоҳ уруш олиб бораётгандек эди. Уларнинг ҳар бирида гўё уруш учун туғилган юз туман ёш йигит бор эди. Бу хил жанг майдони камдан-кам учрайди. Олиб борилаётган урушларда бунчалик шиддат бўлмайди ҳамда эл бунчалик қурол-тиғ билан зийнатлана олмайди.
Шунчалик бунёдкорлик, майдон, ўзаро душманлик қилиш ва уруш олиб боришлар — ҳамма-ҳаммаси,— агар ўйинчи доналарни йиғиштиришга аҳд қилса ва шахмат тахтасининг бир четини кўтарса,- буларнинг барчаси ўртадан кўтарилиб, йўққа чиқади! Шунда на бу уруш ва на душманликдан, на жанг олиб бориш тартиб-қоидаларидан асар қолади. Рўй берган барча ҳолат ва русумлар, яъни жанг майдонида икки томоннинг бир-бирига ҳужум қилишлари агар чуқур ўйлаб кўрилса, ўткир фикрли киши олдида буларнинг барчаси ҳеч нарса ҳисобланади. Гўё юзга кирган хаста бир канизак каби улар ҳечликдан бошқа нарсага арзимайдилар. Уларни ҳатто бир парча бўзга боғлаб, ўтга ҳам, сувга ҳам ташлаб юбориш мумкин.
Чунки ҳолат ўзгариб, уни ўйнагувчи устод учун ўйин тугагач, улар ҳеч қандай тафовутга эга бўлмайди. Шахмат доналари халта ичига солинган, "шоҳ" қуйи тушиши, "пиёда" эса юқори кўтарилиши мумкин!
Буларнинг барчаси истиғно нишонаси, балки унинг бир кўринишидир. Бас, сен бу тамсилга назар сол, асл истиғнони бундан юз минг марта зиёда деб бил. Агар сен бунинг маъноси томон йўл топсанг, барча ишни шунга қиёс қилғил!

157
Тавҳид водийсининг та ърифи

Ундан сўнгги водийни Тавҳид (Ягоналик) водийси деб билгил. Унда фард бўлиб, ортиқча нарсалардан ҳоли бўлиш лозимлигини ҳам англагил.
Бу водийда сайр қилмоқчи бўлсанг, унда яккаю ёлғизлик сен учун асосий қоида бўлади. Бу водийдаги сайринг ниҳоясига етгач, у пайтда юз туман мингта қушни битта қуш деб биласан. Бунда уларнинг барчасининг мақсади яккалик, барчасининг куй ва навоси ёлғизлик бўлади. Таркидунё қилувчилар шу ҳолатга эришса, улар учун бирликда йўқолиш асосий иш бўлиб қолади. Чунки бир карра бир бир бўлади, ақлнинг бу ишга ҳадди сиғмайди.
Бу қийин иш сенинг қаршингда кўндаланг бўлса, билки, бирдан ўзга барча нарса ҳечдир. Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила! Бунда ҳеч қачон иккиликка майл қилма! Чунки иккилик бу йўлда ортиқчалик қилади ва бирлик сирларини билишдан четга чиқишни англатади.

158
Ҳикоят

Мансур тавҳидда юқори даражага эришиб, унинг тилида доим "анал-ҳақ" такрорланарди.
Дин арбоблари унга сенинг бу ишинг яқинлар аҳлининг иши эмас. Кўпгина сулук аҳлига ҳам бу ҳолат кашф бўлса-да, улар одоб сақлаб, мўтадилликни таъминлаганлар. Сен ҳам ўзингни улардек тут, бу хил даъвони изҳор қилма, нафсингни доига сазовор этма, деб кўп насиҳат қилдилар. Аммо у ичган қадаҳ ниҳоятда маст қилувчи бўлгани сабабли унга бу нағмани такрорлашдан ҳеч бир ором йўқ эди.
Бир кун унда қизиқ бир ҳолат юз бериб, хаёлини ҳар томонга олиб қоча бошлади. Унинг хаёли Расулиллоҳга бориб етди. Унинг ёдига Муҳаммад пайғамбарнинг Буроқ номли отга миниб, осмонни сайр этгани ва унга бирлик гавҳаридан тож насиб этиб, ваҳдат пиллапояси меърож бўИганлигини ҳамда унга юксак осмон икки қош орасидек яқин бўлиб, "ли маъ Аллоҳ"-софлик яқинлигига эришгани ва Аллоҳдан унга хитоб келиб, "Эй дўст, истаган мақсадинг недур?" деб сўралганида, у Аллоҳ лутфига узрхоҳлик қилиб, осий умматнинг гуноҳидан ўтишни истагани келди. Унда эҳсон кўпу лутф ҳаммага етарлидир, унга лутф ҳаддан зиёду халқи эса сахий эди. Худди буни ҳақнинг ўзи ундан илтимос этгану "истагил" деб, беқиёс лутф кўр-гузгандек эди. У араблар шоҳи ана шу тарзда осий умматнинг гуноҳини авф этишни илтимос этди. Азалдан то абад ҳар кимки эгри йўл билан борган бўлса, унинг шафқат этувчиси бўлгин. Эҳсонингни аямай, барчани раҳмат этгил ва кечирим юзасидан ҳамманинг гуноҳидан ўтгил, деб айтди. Нима учун у, содиқлик ва софлик кони, фақат одамларнинг гуноҳини кечиришни сўраш билан кифояланди экан?
Мансурнинг кўнглига шу хаёллар келиб, доимо шуларни ўйлаб юрар эди. Бу андиша уни эзиб, ожизлик ва ҳайрат қўлида лол этар эди.
Бир кун унинг тушида Расулиллоҳ аён бўлди. Унга шундай сўзларни айтиб, мушкилини ҳал этди:
— Эй телбалик айвонида ўтириб, ваҳдат лофи билан "анал-ҳақ"— деювчи! Билмадингми, ўша оқшом олий буржларда кезиб юрганимда менда ҳеч қандай "менлик" хаёли йўқ эди, балки бу сўзни айтишнинг ҳеч бир эҳтимоли мавжуд эмас эди! Чунки у даргоҳга элтган ҳам, йўл бошлаган ҳам, истаган ҳам, бағишлаган ҳам фақат унинг ўзи эди.
Сен ажиб бир узоқни кўролмаслигингдан бу борада ўзингнинг кўрлигинг ва нодонлигингни ошкор этдинг. Чунки Тавҳид водийси ёки яккалик ва ёлғизлик гулшанида "менлик" ва "сенлик" томон йўл очдинг, аммо у бу хил иккилик васфидан пок турарди. Деган ҳам, берган ҳам, инъом қилиб сочган ҳам, терган ҳам унинг ўзидир! У ёзув "менлик" рангидан пок эди, нағмасида ҳам иккилик оҳанги йўқ эди.
Мен у ерда "сенлик"ни хаёл қилиб, иккилик нақшидан ақл юргизганман. Сендаги бу ҳолат, шуни билки, ғилайликдан, битта нарсани иккита қилиб кўришдан ўзга нарса эмас. Бу хаёлни хотирингдан чиқариб, йўқ қилиб ташла!

159
Ҳайрат водийсининг сўзи

Таҳвид водийси босиб ўтилгач, шубҳасиз, Ҳайрат водийси намоён бўлади. Бу водийда ҳали киши бошига тиғ етмасдан туриб, минг оҳ ва юз минг афсус чекиш юзланади. Ҳайрат тилни гунг ва лол этади. Киши кеча ва кундузга қанча боқмасин, унинг кеча ёри кундуз эканлигини сезмайдиган бўлади. Ўзининг йўқлигини ҳам, борлигини ҳам билмайди, эртага нима бўлишини ҳам англамайди. Ҳар нарсага кўз ташласа, ҳайратдан донг қотиб, ҳайронликда сарсону саргардон бўлади.
Йўл аҳли, бу водийга қадам қўйгач, унда ҳайронликдан ўзга иш бўлмайди. Агар тавҳид борасида нимага эришган, ёлғизлик ва ажралиш водийсида нимаики иш қилган бўлса, бу ерда уларнинг барчаси йўқолиб кетади. Ҳатто у ўзининг борлигини ҳам унутади. Агар ундан, сен бормисан ёки йўқмисан, деб сўрасалар, у буларнинг ҳеч бирига жавоб бера олмайди, бору йўқлигига хитоб қилиб, ўзини билдира олмайди. У . ўзининг ўртада, ё бир тарафда ёки ташқарида эканлигини ҳам, чеккада ёки кейин, ёхуд олдинда турганлигини ҳам яхши билмайди, ҳайрат уни буларнинг барчасидан четда тутади.
У ўзининг фоний эканлиги ёки боқийлигини ҳам, маст эканлиги ёки соқийлигини ҳам англамайди, мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳам, зотининг малум ёки номаълумлигини ҳам билмайди. Шу тариқа ҳар ёққа боқса, чексиз ҳайратга тушади, ўзини ҳайрат ичида ғарқ бўлган ҳолда кўради. Ўзига ўзи, ошиқ эканлигимдан ажабланаман, аммо кимга ошиқ бўлганимни билмайман, дебди. Ҳар бир заррага зарралар орқали боқиб, уларнинг борлиги ёки йўқлигини исбот этишдан ҳайратга чўмади. Бу мақом ичра ана шу хил ажиб ҳолатлар бўлиб, улардан ҳали биттаси тугамасдан туриб, мингтаси дуч келади.