Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Муҳаббат тароналари
Facebook
Муҳаббат тароналари PDF Босма E-mail

Форсий адабиётнинг жаҳон сўз санъати ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Мана, неча асрдирки, Абу Абдулло Рудакий, Абулқосим Фирдавсий, Носир Хисрав, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби сўз усталарининг дурдона асарлари дунё илму адаб аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Бу буюк санъаткорлар силсиласида Бобо Тоҳир Урённинг ҳам ўзига хос ўрни бор.
Бобо Тоҳир Эроннинг шимоли-ғарбидаги Ҳамадон шаҳрида 980 йили туғилган. У ирфон соҳиби, ўз таъбири билан айтганда, самовот илмининг донишманди эди. Мусиқадан яхшигина хабардор бўлиб, ўз тароналарини куйга солиб айтиб юрган.
«Урён» сўзининг луғавий маъноси яланғоч бўлиб, шоир ўзига бу тахаллусни қўллар экан, бизнингча, унинг тасаввуфий мазмунини кўзда тутган: унга кўра урён — бу дунёдан фард бўлишга, Оллоҳ йўлида мужаррад бўлишга ишорадир.
Эрон адабиётшуноси Забеҳулло Сафонинг маълумот беришича, Бобо Тоҳир салжуқий ҳукмдор Тўғрулбекнинг замондоши бўлган. Тўғрулбек Ҳамадонга келганда у орифи комилу соҳиби мақомот эди. Шундан келиб чиқиб, унинг вафотини 1055 йил деб белгилашади. Олим «Эронда адабиёт тарихи» китобида салжуқийлар даврининг машҳур адиби ва муаррихи Ровандийнинг «Роҳат ус-судур» («Кўнгиллар роҳати») асаридан қуйидаги ривоятни келтиради: «Тўғрулбек Ҳамадонга келганида шаҳарда авлиёуллоҳдан уч пир яшар эди — Бобо Тоҳир, Бобо Жаъфар ва Шайх Ҳамшо. Ҳамадонда Хизр отлиғ тоғ бўлиб, улар шу ерда турар эдилар. Султоннинг кўзи уларга тушиши билан лашкарини тўхтатиб, отдан тушади ва вазири Абу Наср Кундурий билан уларнинг қошига келиб, қўлларини ўпади. Бобо Тоҳир ундан сўрайди: «Эй турк, Худонинг халқини нима қилмоқчисан?» Султон деди: «Сен нима буюрсанг - шу!» Бобо Тоҳир дейди: «Худо адолатли бўлиш ва эҳсон қилишни буюради». Султон йиғлаб дейди: «Шундай қилғумдур».
Бобо Тоҳир дарвештабиат киши бўлиб, қаландарона ҳаёт кечирган (афсоналардан бирида айтилишича, у одамлар билан мулоқотдан қочиб, Алванд тоғининг қорли чўққиларини макон тутган). Бу нарса унинг шеърларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Шоирнинг гоҳ орпфона мушоҳада-мулоҳазалар, гоҳ ошиқона завқу шавқ билан ёзилган, риндона жазабаю шатҳиётга омихта, ишқу ошуфталик, дарду ҳасратга йўғрилган тароналари унинг мураккаб, нотекис, оғир ҳаётидан, руҳий поёнининг чексизлигию қалб тебранишларининг ранг-баранглигидан, турфа ҳолатию кайфиятидан ҳикоя қилади.
Бобо Тоҳирнинг форсийда тахминан 350 та тўртлиги маълум бўлиб, кейинги вақтларда дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган. Шоирдан форсийда ёзилган 4 ғазал ҳам қолган дейишади.
Тарихий манбалар ва тазкираларда берилган маълумотларга кўра, унинг араб тилида тасаввуф масалаларига бағишланган бир неча рисолалари мавжуд. Лекин ҳозирги кунда унинг «Каламоти қассор» («Мухтасар сўзлар») асари маълум. У Бобо Тоҳирнинг тасаввуфий ақидалари ва ахлоқий фикрлари мажмуидан иборат. Шунингдек, унинг арабча икки маснавийси ва бир неча қитъалари бизгача етиб келган. Уларнинг барчасида ирфон ақидалари, сўфиёна маърифату ҳақиқат, зикру ибодат, важду илҳом ва жазбаю муҳаббат хусусида сўз боради.
Бобо Тоҳирнинг номини оламга ёйган унинг дубайтийлари — тўртликлари ҳисобланади. Бу жанрнинг ўзига хослиги шундаки, у арузнинг фақат ҳазажи мусаддаси маҳзуф (мақсур) вазнида яратилади. Бу вазн форсий ва гуркий шеъриятда фаол қўлланибгина қолмай, ҳар икки халқ қўшиқларининг кўпи ҳам айни шу вазнда.
Бобо Тоҳир ўзи мансуб лурий лаҳжасида, халқона усулда, содда ва равон услубда ёзади. Лекин шоир тароналаридаги ташбеҳу тимсоллар ўзининг гўзал ва оҳорлилиги, маънолар кенг ва теранлиги, фалсафий фик-ру мулоҳазалар кўламли ва ҳаққонийлиги билан кишини ҳайратга солади.
Сабо келтурса ул кокул ҳидини, Кетар босиб гулу сунбул ҳидини. Хаёлингни қучоқлаб ётсам тунда, Тўшагим тарқатар тонг гул ҳидини(Дубайтийлар муаллиф таржимасида берилмокда.).

Сенинг ишқингда битди сабру бардош,
Кўзим ёши этар пинҳон сирим фош.
Бу ошиқ кўнгли мисли ҳўл ёғочдир
— Куяр бир учи, бир учи тўкар ёш.

Бобо Тоҳир шеърлари бир парча чўққа ўхшайди:
бу чўғ музлаган қалбларни эритади, сокин кўнгилларни тўлқинлантиради, ошуфта дилларни ёндиради.
Бу тароналар бежиз форс мумтоз сўз санъатининг олтин фондидан жой олмаган.
Маълумки, Бобо Тоҳир илоҳий ишқ куйчиси эди. Шоир номига қўшилган «Бобо» унвони ҳам унинг тасаввуф пирлари жумласидан бўлганлигини кўрсатади. Таъбир жоиз бўлса, пюир шеърларида илоҳий ва инсоний ишқ ажиб бир тарзда уйғунлашиб кетган, уларни ўзаро ажратиб, мана бу — илоҳий, мана бу эса — инсоний ишқ, деб бўлмайди. Шоирнинг комил ишончига кўра илоҳий ишқ инсоний ишкдан ўсиб чиқади ва ўз навбатида, инсоний ишқ юксала бориб, пировард натижада илоҳий ишққа айланади.
Бобо Тоҳир ижодида замонадан, одамлардан, чархи фалакдан шикоят мотивлари, ўткинчи дунёни танқид қилиш оҳанглари ҳам учрайди. Бу унинг ўз даври билан ҳамнафас шоир бўлганлигини тасдиқлайди.
Менинг дардим каби дард йўқ жаҳонда, Бу сўнгсиз дарду ғамдан дил фиғонда. Хабардор бўлса ким дарду ғамимдан, Қолар ғам ичра мисли Нух тўфонда.
Кўриб жабру жафо чарху фалакдан, Аримас қайғу-ғам бир дам юракдан. Самони бўйласа оҳим тутуни, Кўзим ёши энар пастга этакдан.
Бобо Тоҳир тароналари халқона бўлганлиги учун китоблардан кўра халқ оғзида кўпроқ тарқалган ва асосан халқ хотираси орқали бизгача етиб келган. Шоир шеърларини ўз ичига олган қўлёзмаларнинг аксар XVIII — XIX асрларга тааллуқли эканлиги ҳам бунинг ёрқин далилидир. Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Тожикистонда улар, айниқса, машҳур ва кўпинча халқ оғзаки ижоди намуналари билан қўшилиб кетган. «Муаллифнинг ватани бўлмиш Эронда, ҳатто саводсиз аҳоли ўртасида ҳам унинг ҳеч бўлмаса икки-уч таронасини ёддан билмайдиган кишини топиш қийин», — деб ёзади озарбайжонлик тадқиқотчи Ғазанфар Алиев(Алиев Г. Предисловие // Баба Тахир. И небу, и земле... Москва, 1971 г. С.З.).
Бобо Тоҳир тўртликлари бугунги кунда ўзбек ки-тобхонлари томонидаи ҳам севиб мутолаа қилинмоқда. 1989 йили шоирнинг 190 та тўртлиги форс-тожик мумтоз шоирлари ижодидан тартиб берилган «Инжулар уммони» китобида босилиб чиқди. 1994 йили эса «Шарқ классиклари меросидан» туркуми остида Рудакий ва Бобо Тоҳир шеърлари «Сайланма» номи билан бир жилдда чоп этилди. Унда шоирнинг 302 та тўртлиги берилган. Тўртликларни Ш. Шомуҳамедов таржима қилган.
Шарқ фалсафаси ва адабиётининг билимдони Абулҳаким Шаръий Жузжоний ҳам Бобо Тоҳирнинг 19 та тўртлигини (10 таси — аруз, 9 таси — бармоқ вазнида) таржима қилиб, мухтасар сўзбоши билан «Тасаввуф ва инсон» китобида чоп эттирди(Қаранг: Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Тасаввуф ва инсон. Тошкент, 2001 йил, 157 —161-бетлар.). Мутаржимнинг аруздаги таржималари бирмунча муваффақиятли чиққан. Лекин бармоқ вазнидаги таржималарида вазн, қофия жиҳатидан баъзи қусурлар мавжуд.
Биз ҳам Бобо Тоҳирнинг 327 та таронасини асл арузий вазнини сақлаган ҳолда ўзбекчага таржима қилдик. Аввалги таржималарда содир этилган маъно бузилишларнни тузатишга интилдик. Шунингдек, шоир маҳоратию тўртликларининг бадииятини ҳам имкон қадар қайта яратишга ҳаракат қилдик. Токи ўзбек китобхонлари Бобо Тоҳир тўртликларининг нафақат мазмунидан, балки бадиий гўзаллиги, шеърий балоғатидан ҳам баҳраманд бўлишсин.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан