Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 1
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 1 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа
10
Ҳикоят

Шундай бир нақл бор: халойиққа саодат юлдузи бўлган пайғамбар бир куни элдан фароғат истаб, бир хилватга кириб, бир оёғини узатиб ўлтириб эди. Унинг ҳузурига баъзи зодагон суҳбатдошлардан, баъзи азиз ва айрим шариф дўстларидан кириб боришди. Пайғамбар авзоида ўзгариш бўлмади. У бемалол яхши хаёллар билан тин олиб ўтирди.
Бироқ хонага Усмон киргач, миллат шами узатган оёғини йиғиб олди. Чунки Усмон жуда ҳаёли киши бўлиб, Расулнинг у ҳолидан аҳволи ўзгариши мумкин эди. Шундай Пайғамбар ҳурматини жойига қўйган зот ҳақида ҳар қандай кимсалар ҳар нима десалар беҳудадир.

11
Мўминлар амири Али (Аллоҳ унинг руҳини ярлақасин) мақтовида

У илм дарёси ва валийлик гавҳари бўлиб, олам аҳли орасида ноёб бир киши эди. У пайғамбарлар бошлиғига фарзанд, одамлар ичида тенги йўқ зотдир. Макка томидан Ҳубал бутини тушираётганда, эгни ҳазратнинг оёғига зина бўлгандир. Пайғамбар қатлдан қочган пайтда, у жонидан кечиб, унинг ўрнида турган эди. Унинг зоти олам васфлари билан зийнатлидир. Зотан биров билади, биров кашф этади.
У дин аҳли орасида мўминлар амири ва тақводорлар орасида тақводор имомдир. Илм шарҳи ва набийликда етуклиги учун унинг васфида Алии бобаҳо дейишган. Дулдулининг югириши яшинга ўхшайди, зулфиқоридан ёв қон ичра ғарқдир. Набийлар шами билан унинг аҳди шундай бўлган: мен сеникиман, сен меникисан."Гўштим гўштинггаъъ ибораси ҳам унинг шаънида айтилган. У тақдир ўрмонининг ҳайбатли шери бўлиб, унинг олдида шер қўрқа-писа титроққа тушади. У кофирларга тегишли жавобни берган ва паҳлавонлик наърасини ургандир. Пайғамбарнинг фарзанди бунинг пайванди ва бунинг фарзанди унинг фарзандидир.

12
Ҳикоят

Ғазот жангларининг бирида, шундай нақл қиладиларки, шоҳ душмандан ўқ ебди. Ўқнинг учи суягига ботиб, ҳеч тортиб олишнинг иложи бўлмабди. Бу ҳолни пайғамбарга айтганларида, у тўғри йўл кўрсатиш ғазнаси шундай депти: "ъУ намоз ўқий бошлаган пайтда ўқни тортиб олиш пайида бўлингиз. Жароҳатнинг ўқ учи жойлашган жойидан кучингиз етганича ўқни тортиб олишга ҳаракат қилинг. У намозга шундай берилган бўладики, ўқни тортиб олганларингни билмай қолади".
Тўғри йўл кўрсатиш шами шу сўзни дегач, кишилар бу ишга киришдилар ва Аллоҳ кушойиш берди. Айтилганига амал қилиниб, шоҳ шом намозининг саломини айтиши билан, ўқни шундай тортдиларки, бир лаҳзада жароҳатда на дарду на ўқ учи қолди.
У ҳайрон бўлиб, воқеани суриштирган эди, унга пайғамбарлар шоҳининг кўрсатмасини айтдилар.
Ҳайдари Каррор бунга шукр қилиб, бу иш сирини шундай айтдиларки: "Ажал ўқининг учидан фақат наби эҳсони билангина қутилиш мумкин. Бизга ҳар қандай ғамдан нажот, балки ҳаёт расми у туфайлидир".

13

Олижаноблик эгаси ва поклик қибласи Шайх Фаридиддин Атторга (Аллоҳ унинг руҳини эзгуликка буюрсин) мадҳу сано айтмоқ ва ўз ўтинчини баён қилмоқ

Оламдаги барча денгиз ва конларда нимаики бор бўлса, юзлаб ўшанча нарсалар Аттор дўконида мавжуддир. Унинг маънолар денгизидаги дурлар худди кечаси жилва қилаётган юлдузларга ўхшайди. Конлардаги ёқутлар эса кечки пайтдаги шафаққа, балки тонг пайтида энди ёйилиб келаётган қуёш нурларига монанд. Уларни сен дуру гавҳар дема, балки ҳодисалар тоши дегин, бу тошлардан заифу нотавонлар боши ёрилгусидур. Уларни ёқут ҳам дема, балки олам аҳли қатлидан оққан қонлар деб атагин.
Гарчи васфини айтишда қалам ожизлик қилса-да, энди унинг дўконира шарҳ қилай. Агар одам таъбини жаҳолат мағлуб этиб, унда ҳар хил ёмон ахлоқсизликлар пайдо бўлса, бу дўконда бундай иллатларни даволаш учун турли шарбатлар муҳайёдир. Ундаги сандал, мушк, абир ва заъфарон каби дориворлар киши таъбини жаҳолатдан даволайди. Файзли боғидан етиштирилган гулоб ва хушбўй мушкларнинг ҳар биридан таъбга юз файзли умид ҳосил бўлади. Унинг қанд ва наввотга ўхшаш ширин сўзларидан ўлган кўнгил ҳам ҳаёт топади. Асал ва шакар каби бу сўзларда ирфон ҳақида фикр юритилганки, улардан бечоралар чора топади. У назм ва насрда ҳар хил асарлар яратди, уларда ваҳдат (бирлик) сирлари тафсир этилган. Халқ учун у шундай гул ва қандлар етиштирдики, улар кишилар таъби учун гулқанд каби фойдалидир.
Улардан бири "Мусибатнома" эди. Унда нафснинг юз хил мусибатга дучор бўлганлиги баён қилинган. Агар кўнгилга бирон мусибат тушса, у "Мусибатнома"дан ўзига таскин топади.
Яна "ллоҳийнома"ни ёзди ва қаламни ваҳйликка муҳаррир қилди. Унда илоҳий сирларни шундай шарҳ қилдики, бундай тугал шарҳ камдан-кам учрайди.
Яна "Уштурнома" ("Туянома"ни) ёзиб, унда ҳар хил нозик маънолами гўё нортуялар каби қатор тизиб қўйди. Бир неча минг туя ҳам ундаги дуру гавҳарларни кўтаришга ожизлик қилади.
Яна "Лужжаи ҳилож" ("Урар булоғи")да ғаввос каби шўнғиб, пок дурларни қўлга киритди ва ҳар бир дурни шоҳлар бошига тож этди. Балки уни шоҳ тожининг зийнати қилди, улардан ҳар бирининг қиймати бутун бир мамлакат хирожига тенгдир.
Яна қасидалар даштига чопқир от солди ва бу водийни кесиб ўтгунча ҳар хил ажойиб байтларни қўлга киритди. Ундаги ҳар бир водийда юз хил ғаройиб мамлакатлар бўлиб, бу юртларнинг ҳар бирида минг хил ажойиботлар бор.
Яна ғазал гулзорида гулдасталар ясади, булбул каби минг хил қўшиқ куйлади. Лекин унинг ҳар бир тараннумида бирлик сирларининг шарҳи равшан баён этилганлиги аён бўлади.
Яна рубўлйдан девонга зийнат берди ва бутун оламга ғавғо солди. Улар маънолар олами бўйлаб махсус бўлимларга бўлинган болиб, ҳар бири бир неча иқлимдан хабар беради.
Яна авлиёлар руҳини хушнуд этувчи тазкира тузди. Унинг ҳар бир сўзидан юзлаб номаълум зотлар худди тириклик суви ичган каби жон топдилар.
Юқорида эслатилган асарларнинг ҳаммаси қанчалик шараф ва мақтовга сазовор бўлса, унинг ёлғиз "Мантиқ ут-тайр" ("Қуш нутқи") асари ҳам шунчалик шараф ва мақтовга лойиқдир. Унда қушлар ҳақида ўзга тилда, ўзга сўзда ва ўзгача йўсинда сўзлади. Буни фаҳмлаш учун киши махфий тилларни билиши керак. Йўқ, махфий тилларни билувчигина эмас, балки нақ Сулаймоннинг ўзи бўлиши керак!
Юз туман қуш нутқини ўзига мос равишда бера олиш, албатта, жуда мушкул иш. Аммо бу китобда ҳар бир қушнинг куйлаш ва сайраш тартиби ўзгача, бундан киши ақли ниҳоятда ҳайрон қолади.
Аммо Ҳақ мадад берса, мендек бир гадо ҳам, Қушлар нутқини изҳор қилмоқчиман, худди булбул ёки тўтига ўхшаб сўзламоқчиман. Шу тариқа халойиққа қўшиқ куйлаб, қуш тили билан сўзламоқчиман.
Лекин маънони тўти мисол ширин-шакар қилиб айтиш, албатта, ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Чунки тўтининг емиши шакар бўлиб, бу шакании қуруқ хаёл қилиш билангина ҳосил қилиб бўлмайди. Шояд Аллоҳ лутфу иноят дастурхонидан насиб этса, Аттор дўконидан бундай шакарнинг қўлга кириши ҳеч гап эмас.

14
Қушларинг бир ерга топланиши ва ўрин талашиб бир-бирлари билан низо қилишлари ҳамда бир шоҳга муҳтож бўлишлари

Бир кун гулистон, ўрмон, денгиз ва биёбон қушлари ҳар бири ўз гуруҳи билан бир ерга жам бўлиб, мажлис туздилар. Улар муҳаббат билан наво тузиб, базм тугагач, осмонга парвоз қилмоқчи эдилар.
Аммо бу йиғинда улардан ҳеч қайсининг тайин бир ўрни йўқ эди. Ўтиришда тартиб бўлмагани учун Калоғ(олақарға) Тўтидан, Зоғ(гўнгқарға) эса Булбул ва Қумрилардан юқорироқда ўтирди. Ход(калхат) Шунқордан тўрга чиқди. Юртачи(ўлаксахўр) эса Товусни ҳам назар-писанд қилмай юқорига ўтиб кетди. Ҳунарликлар ўрнини беҳунарлар эгаллади. Тожсиз қушлар тўрга чиқиб олишди, тождор қушлар эса пойгоҳда қолишди.
Ниҳоят, пойгоҳдагилар низо чиқардилар, тўрдагилар эса уларнинг сўзига қулоқ осмадилар. Натижада қушлар орасида ғавғо-тўполон кўтарилди, улар содир бўлган аҳволни можаролаша-можаролаша қизғин муҳокама қила бошладилар. Вақт ўтган сари бу можаро тобора ошиб борди.
Охир-оқибат улар шундай бир шоҳга муҳтож бўлдиларки, у шоҳ инсофли ва диёнатли, яхши тартиб ўрната оладиган ва адолатли боисин. Токи унинг давлати соясида пастдан аълога шикаст етмасин, юқори табақадагилар эса ўрта табақалар олдида хор бўлмасин. Ҳар бир қуш гуруҳи ўзига азиз бўлгани ҳолда, ҳамма бир тамизли, ақлли ва доно шоҳ бўли-шини истади.
Аммо бундай одил шоҳ улар орасида йўқ эди. Шунинг учун ҳам қушлар зору маҳзун бўлиб, ҳар бири ўзининг ёмон ҳолидан афсус чекмоққа киришди. Улардан мотам оҳанглари эшитила бошлади. Бундай шоҳ топилмаслигидан уларнинг барчаси ноумид бўлдилар. Бу ҳодиса улар қалбида оғир из қолдирди. Улар чала сўйилган қуш каби изтироб чека бошладилар.

15
Қушларнинг ўзларига шоҳ истаб, уни топа олмай ҳайрон бўлиб турганларида, Ҳудҳуднинг Симурғ ҳақида хабар бергани

Ҳудҳуд(попушак) ақл нуридан баҳраманд ва раҳбарлик жиғаси билан сарбаланд бўлган бир қушдирки, унинг зотида шараф ва иззат ниҳоятда юксак бўлиб, бошини тўғри йўл кўрсатувчи тож безайди. У Арш олдида парвоз қилади ва Жабраил каби унга ҳам юз хил сирлар аён бўлиб туради.
У мақсад шами васфини куйлаш учун парвонадек ёниб, бу йиғин ичига девонавор ҳолда кириб келди ва шундай деди:
—    Эй, ғофил ва бехабар гумҳ! Сизнинг ушбу ҳолингиз ғафлат аро остин-устин бўлиб ётибди. Чунки сиз учун оламда тенги ва ўхшаши йўқ бир шоҳ борки, унинг васфини айтишга юз минг тил ҳам ожизлик қилади.
У оламдаги барча қушларга шоҳдир, ҳолингиздан доимо огоҳдир. У сизга яқин, аммо сиз ундан йироқсиз. У сизнинг васлингизга ета олади, бироқ сиз унинг фироқида қолгансиз.
Унинг ҳар патида юз минглаб ажойиб ранглар жилва қилади. Ҳар бир рангнинг ўзида яна минг хил гўзал нақшлар бор. Унинг бу нақш ва рангларидан ақл хабардор эмас, тафаккур уни мушоҳада этишга ожиздир. Чунки у ақл билан идрок қилишдан устун бўлиб, шу бўлс ақл уни идрок қилишга йўл топа оҳнайди.
У Қоф деган тоғда яшайди, ўша ерларда уни Анқо деб ҳам атайдилар. Бурун оламда у Симурғ номи билан шуҳрат топган, зоти эса бу олий ва ягона осмон пештоқи аро тўп-тожиқдир.
Сиз у шоҳдан бениҳоя узоқдасиз, аммо у сизга бўйин томирингиздан ҳам яқинроқдир. Ҳар киши тирик бўла туриб, ундан йироқда бўлса, бу тирикликдан ўлим кўп яхшироқдир!

16
Ҳудҳуд Симурғ ҳақида хабар бергач, қушлар хушҳол бўлиб, у ҳақда суриштирганлари

Барча қушлар қий-чув кўтариб, Ҳудҳуд атрофида шундай ғавғо бошладилар:
—    Эй нафаси жонбахшу нутқи дилкаш! Уларнинг ҳар иккиси ҳам жону кўнгилга фойдалидир. Сен Сулаймон базмига қабул этилгансан ва у сени элчиликка юборган. Унинг хизматида яқинликка эришгансан, йўлида неча бекатларни кезиб чиққансан. Унинг амри билан қанчадан-қанча водийлардан учиб ўтиб, олий манзилларга етишгансан.
Сен худди Мустафо ёнидаги Жабраил янглиғ Сулаймон қаерга борса, ўша ерда ҳозир бўлдинг. Ҳар қандай яхши-ёмон пайтларида унга ҳамдамлик: айшу ишрат чоғларида ҳамрозлик қилгансан. Агар у (ўз севгилиси) Билқис ҳолидан хабар олишни хоҳласа, сен дарҳол Билқис турган Сабо шаҳри томон йўлга равона бўлгансан. Ёридан хабар етказиб, изтироб ичра турган дамларида унга ором бағишлагансан.
Шундай қилиб, сен пайғамбарга маҳрамлик, ҳар қанча ғам юзланган тақдирда ҳам ҳамдамлик қилдинг. Агар у шаҳар ёки дашту биёбонларда базм тузгудек бўлса, биз барча қушлар қанотларимиз билан унга соябон бўлганмиз. Юз минглаб қуш унга чодир ўрнини босиб турганида, сен ўша сояда у билан бирга ҳамхона бўлар эдинг. У шу тариқа базм ичра сени бахтиёр этиб, ўзининг пинҳоний сирларига маҳрам этган эди.
Чунки ҳақ сенга баланд мартаба ато қилди, натижада ҳар бир пар ва аъзоингда бирон-бир хосият ҳосил бўлди.
Бизга эса гумроҳлик монелик қилади, шу сабабли бизни ўша шоҳ сиридан огоҳ қилсанг. Унинг сифатларидан бизга ривоят айтиб, зотига эришиш учун тўғри йўл кўрсатсанг. Бизни бу ғафлат тузоғидан қутқариб, зулмат ва тубанлик шомида қолдирмасанг. Бизни шоҳ сирларидан воқиф этсанг ва бу сир изҳоридан баҳраманд этсанг. Жаҳлга муккасидан кетишдан сақласанг, шоҳимизни изламакка йўлласанг. Агар биз бу ишда ўз мақсадимизга етсак, сендан ғоятда миннатдор бўлур эдик.

17
Қушлар диққат билан сўраганларидан сўнгра Ҳудҳуд Симургдан нишоналар айтгани

Ҳудҳуд нафасидан шакар сочиб, бу шакардан ширин сўзлар ҳосил қилди. Қушлардаги бундай изтиробни кўргач, уларга шундай жавоб берди:
— Унинг ахволидан билганимни, кўнглимга сирларидан келганини айтайин. Аммо афсона айтиш билан иш битмайди, эл қуруқ сўз билан висол хазинасини топмайди. Чунки олдимизда турган иш ниҳоятда улуғдир, шоҳ улуғдир, унинг даргоҳи улуғдир. Йўл эса машаққатли, водий узун, дил хоҳишлари улуғдир. Албатта, сиз шоҳ ҳақида сўзлагин дерсиз, аммо мен уни минг йил айтсам ҳам, тамом бўлмайди.
Ҳеч бир киши унинг зотини идрок эта олмаган, аммо доим унинг отини тутиш шартдир. Бунинг учун аввал оғизни тириклик суви билан ювиш керак; ўн марта, балки юз марта, балки чексиз марта тозалаш зарур. Тил ва оғизни шу тарзда пок этгач, ўта эҳтиёткорлик билан унинг номини тутиш мумкин.
Аммо у шоҳ булардан ҳам аъло даражада туради, унинг даргоҳи шу даражада гўзалки, мен у ҳақда бирон фикр айтиш, тил қалами билан бирон сўз таҳрир этишга ожизлик қиламан. Лекин қушлар у ҳақда эшитишни орзу қилган эканлар, майли, шоҳ сифатлари ҳақида бир-икки оғиз сўз айта қолай. Шунда ҳам мен сизга мингдан бирини баён қилсам, бирдан минггача аён қилган бўламан.
Бизнинг шоҳимиз барча шоҳларнинг шоҳи болиб, ҳамма ҳолатларимиздан доимо огоҳдир. Унинг зоти бирлик йўсинидадир, лекин у мингдан кўп сифатларга эга. Ундаги бу сифатлар бутун дунёга ёйилган ва оламдаги ҳамма нарсалар зот жиҳатдан ундан келиб чиқади. Агар унинг иродаси амр этмаса, бирон-бир киши ҳатто нафас олишга ҳам имкон топа олмайди. Сиз гарчи буюк ёки паст, шакл ва хислатда катта ёки кичик бўлсангиз-да, ҳаммангиз унга тобедирсизлар.
Унинг ҳар бир қанотида неча минглаб парлари бор. Унинг қанотлари учун ҳаммаёқ торлик қилади. Уларнинг барчасида илм денгизи мавжуд. У гарчи мураккаб ёки осон бўлса ҳам кўзга кўринмайди.
Сизга унинг нашъасидан ҳаёт берилган, шу сабабли ҳар тарафга қанот қоқиб учасиз. Уни ўз аъзоингиздаги қон янглиғ ва тирик жисмингиздаги жон каби билинг. У сизга тан ичидаги жондан ҳам яқин, сиз учун ундан яқинроқ ҳеч бир нарса йўқдир.
Лекин сиз минг йилчалик ундан йироқсиз. Минг йил у ёқда турсин, балки имкондан йироқсиз. Ундан узоқда бўлган киши учун жоннинг нима кераги бор?! Агар жон усиз бўлса, ундан нима фойда?! Ким унинг васлидан бир дам баҳраманд бўлса, икки олам шоҳлигидан ҳам яхшироқ файз кўради. Аммо ундан айрилиқда яшаш ўлимдан ҳам хатарлироқдир; унинг фироқида саккиз жаннат иcлиида бўлиш етти дўзахга тушгандан ҳам баттарроқдир. Аммо бундай шоҳнинг васлига эришмоқ осон иш эмас, кўп машаққат чекиб, интилмай, унга етишиб бўлмайди. Бу йўлда минг турли қийинчиликлардан ташқари талабгор учун сидқидиллик ҳам керак.
Лекин ўша водий бениҳоя олис жойда. Унинг йўлида жуда кўп офатларга дуч келинади. Узоқ йиллар тинмай қанот қоқиб учиш керак. Бунга бир неча Каркас умрича ҳаёт берилса ҳам кифоя қилмайди.
Бу йўлда хунобадан иборат дарёлар бор, хуноба эмас, балки заҳар-заққум, дейилса, янада тўғрироқ бўлар. Тоғлари ҳам осмонга тиғ тортган, бу тиғларнинг барчаси шафқатсиз равишда қон тўкаман, деб турибди. Ҳар томонида ўт туташган даштлар ёлқинланиб, осмонга бош уради, Ўрмонлари ҳар хил даҳшатли балолар билан тўла, ундаги ҳар бир дарахтнинг шохи ғамдан, барги эса балодан иборатдир. Осмонда чарх уриб юрувчи булутлар киши бошига ёмғир ўрнига тош ёғдиради. Булутларидан чақнаган чақмоқлар оловидан оламга ўт тушади. У ерда бир тун қўниш учун маскан йўқ. Танга мадор берувчи сув ҳам, дон ҳам топилмайди. Минг туман қуш у томонга сафар қилиб, ҳавода минг йил қанот қоқса ҳам, бу йўлни босиб ўтмоғи ва мақсадига етмоғи маълум эмас.
Аммо кимки бу талабда жон берса, юз абадий ҳаётдан ҳам афзалдир. Жаҳон бўстонидаги ҳар турли қуш неча кун учиб ёки қўниб, фано боғи оҳангини куйламоғи ва у томонга парвоз этмоғи керак. Улар ҳижрон водийси йўлида ўз жонини жононига фидо қилса яхши. Бу ўлим завқи юз минг жон ўрнига ўтади. У шундай жонки, ўрнини мангулик умр босади. Агар давлату иқбол ёр болиб, толе, бахт ва шараф раҳбарлик қилиб, бу айтиб ўтилган ҳадсиз ва чексиз дашт босиб ўтилса, ундан ўтган қушга, шубҳасиз абадий висол гулзори насиб бўлғай. Шоҳ билан абадий бирликка эришади ва ўзини ҳақ соясига восил этади. Унинг мавқеи арши аъло каби юксак бўлиб, ўз сояси билан Бойўғлини Ҳумога айлантира олади.

18
Қушларнинг Ҳудҳуддан Симурғнинг зуҳур этиш ибтидосин сўрашгани ҳамда Ҳудҳуд уларга бу ҳақда афсона ва бу сирли қушдан нишона айтиб бергани

Барча қушлар дедилар:
—    Эй йўлбошчи, бизга бу ишнинг қандай бошланиши ҳақида хабар бер. Агар у султон бўлиб, барча қушлар унга сипоҳ бўлишса, у халқ орасида аввало қай тарзда кўринди? Унинг ҳолати, феъли, номи, сифати ва зотини кирн кўрган? Уни қандай қилиб зиёрат қилиш мумкин? Бу йўлда нималар буюрилгану нималар ман этилганлиги тўғрисида маълумот бер. Чунки буларни айтиш қийин, ақл эса ожизлик қилади, юзта донишманд ҳам бундан девона бўлиши мумкин.

19
Чин шаҳрининг сифати ва Симургпарининг у ерга тушгани воқеаси

Ҳудҳуд қушларга шундай деди:
—    Бу воқеа Шарқдаги Чин деган бир шаҳарда бўлиб ўтган. У шаҳар эмас, кенгликда бутун бир жаҳонга тенг келар, унинг ичида ўн жаҳон аҳолиси жойлашган эди. Бу шаҳарнинг кўриниши Эрам гулзоридан яхшироқ, суви эса жаннат анҳоридан дилкашроқ эди.
Бир тун у давлатмакон шоҳ олам бўйлаб парвоз этишга киришди. Иттифоқо, ўша жаннатсифат Чин шаҳрига йўли тушди.
Ўша кеча у шаҳар устидан учиб ўтаётганида, бу шаҳар бошдан-оёқ ёришиб кетди. Бу ишдан хабар тўпган халқ бешуур бўлиб қолди. Симурғ силкиниб учиб бораётганида, ундан бир пар тушиб қолди ва бу пар бутун Чин мамлакатини безак-ҳашамга ўраб юборди. Бу парда турли рангу нақшлар ҳаддан ташқари кўп эдики, уларни сўз билан шарҳ этиш қийин.
Ертаси куни эл яна ўзининг аввалги ҳолига қайтди ва парнинг шакли ва рангига боқа бошлади. Ҳар бир киши ғайрат остида қўлига қалам ушлаб, бу пардаги нақшларни ўз хаёлида жонлантирар ва қоғозга туширарди. Ҳамма ундаги суратларни чизишга киришди ва бу элнинг барчаси шу иш билан машғул бўлди.
Бу кишилар орасида ўз суратлари билан бир киши юқори камолот даражасига эришди. Унинг оти Моний бўлиб, қалами мўжизакор, санъати кўрган кишиларни ҳайратга соларди. Шунинг учун ҳам маъно аҳли Монийнинг суратхонаси Чинда деб айтадилар. Ўша пар ҳали ҳам мазкур жаннатсифатли Чинда эмиш ва у ердаги ақл бовар қила олмас даражадаги барча гўзаллик ўша парнинг пайдо бўлиши туфайли эмиш.
Ҳеч ким уни — Симурғни кўргани ҳақида оғиз очмаган. У ҳақда бу қадар сўз айтилмаган. Унинг асл зотидан ҳеч ким, бир киши бирон сўз дея олмаган, чунки унинг зотини ҳар қандай ўткир кўз ҳам кўра олмайди. Ўша пар устида ҳар тарафга патчалар ўсган, бу унинг сифатини кўрсатади. Бу пар ҳолатидан чексиз нақшлар пайдо бўлди. Бу пардаги ранглар беқиёс даражада бўлиб, исмларини унинг йўлларини билувчилар айтиб ўтдилар. Гарчи бирон киши бу қушнинг сайру ҳолати ҳақида гапирмаса-да, лекин, аслида, ҳеч ер ундан ҳоли эмасдир. Унинг амрига итоат қилиш — ҳаммамизга ҳам фарз, ҳам қарз. Бу ишни бажармасак, юз хил балоларга гирифтор бўламиз. Агар унинг айтганларини кўнгилдагидек бажарсак, у ўз висолидан бизни умидвор этади. Борди-ю, осийлик қилиб, бўйин товласак, хавф-хатар юзланади. Бундай шоҳ ҳеч бир қавмда йўқ. Усиз яшаш юз минг оҳу дард чекмак билан тенгдир.