Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 10
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 10 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

100
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Токи нафсинг мавжуд экан, унда иблис яшириниб, шогирдлик қилади. Нафс кўнглингга шунчалик ғурур соладики, ундан дилингга путур етади. Ҳатто уни кўрган шайтон ҳам ҳайрон қолиб, ҳайрат водийсида саргардон кезади. Қайси бир ишдан нафсинг ўз истагига эришса, ундан шайтон ҳам ўз мақсадига етади. Агар сен ўз нафсинг ҳукми билан бирон иш қилсанг, буни кўрган шайтон иржаяди. Сен ўзингни шайтонга хор бўлдим деб атама, балки у сенинг нафсингни ўзига вакил қилиб олгандир. Дунёга тааллуқли бўлган барча ишлар ва воқеаларнинг бошдан-оёқ шайтонга дахли бор. Ҳақ нафсингни шундай яратганки, унга юзта шайтон ҳунари жо бўлган. Нафсинг шунчалик макр-ҳийлалар кўрсатадики, ундан ҳатто юзта иблис ҳам шарманда бўлади. Сен бу янглиғ нафсга ошно бўла туриб, яна нима учун шайтондан гина қиласан?!

101
Ҳикоят

Харақоний (хуросонлик шайх, 1033-33) қошига ўз сулук ва тоатидан ноумид ҳолда бир мурид кириб келди ва унга шундай деди:
-    Иблис менга кўп ҳунарлар кўрсатиб, кўнглимга ҳар ишда йўлтўсарлик қилмоқда. Ундан намозимга қусур, қилган барча зикру тасбеҳларимга юз хил путур етмоқда.
Комил муршид унга шундай деди:
-    Эй зулмкор, жабринг тиғи билан шайтоннинг кўнгли яраланди! У ҳам сенинг
устингдан шикоят қилиб, жабру зулминг ҳақида ҳар хил сўзлар айтди. У айтдики: "Менга
ҳақ аввалдан макр билан кишилар ҳолини танг қилишни қисмат этган. Мен одамларни исён
сари бошлаб бораман, уларни нуқсон водийси томон етаклайман. Сен шундай бир мурид
тарбият қилибсанки, унда бу сифатлар мендагидан ҳам ортиқроқдир! Ҳар қачон
одамларнинг энг ёмони бўлган ушбу муриднинг олдига келиб, кўнглига бирон-бир
васваса    солай
десам, менга мақбул тушган ҳар қандай ёмон иш билан унинг кўнгли олдиндан
машғул эканлигини кўрардим. Ҳатто менинг хаёлимга келмаган ифлос ишлар ҳам унинг
хотирида маҳкам ўрнашиб олган бўларди".
Шайтон сенинг ҳақингда ушбу гапларни айтиб, бизга ҳам кўп "таҳсинлар" ўқиди. Ушбу макр ва ҳийла-найрангларинг учун сенга ҳам кўпдан-кўп раҳмат. Чунки шайтоннинг ўзи таълим берган пирингга раҳмат деб айтиб кетди.
Мурид:
-    Шайтон менга туҳмат қилибди, аслида унинг ози мени ёмон ишлар томон рағбатлантирар эди,- деди.
Шайх эса:
-    Жуда яхши ишлар қилиб, сен шайтон билан талашмоқдасан. Мен эса ораларингизда узрингизни эшитиб, ҳукм чиқарувчи ҳакам бўлдим. Сенга ҳам шайтондан юз марта уят боисин!!!- деди.


Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Савол берувчи деди:
-    Эй қутлуғ жамол эгаси! Молу дунё менинг кўнглимга чексиз муҳаббат солди. Унга эришмоқ хаёли жонимга қувонч бағишлайди, унинг жаранглаган товушини эшитсам,
кўнглим ҳузур топади. Қўлимда агар бир нафас олтин-кумуш бўлмаса, мени ўша заҳотиёқ ўлди деб ҳисоблайвер.

102
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
-    Эй ҳақиқатдан йироқ! Жонингга пул фироқ доғини солиб қўйибди. Ҳирс жоми кўнглингни маст айлабди, сен бу мастликдан ер билан битта бўлибсан. Киши ҳам шундай сўзларни айтадими?! Ахир бу ҳақиқий инсонларнинг иши эмас-ку! Асл инсонлар бу ишдан ор қиладилар.
Бу хил тубан иш билан шуғулланиш фақат сичқонларга ярашади. У ниҳоятда тиришиб, ерни қазиш билан доимо тупроқ ичра хору зор умр ўтказади. Шум ҳирси туфайли ер тагидан турли тешиклар кавлаб, бу ёмон хислатидан ниҳоят кўп машаққат чекади. Шу тариқа доимо уй сари тешик очади. Аммо ногаҳон бурчакда писиб ётган бир мушук чиқиб, уни роҳат қилиб овлайди ва мазза қилиб иштаҳа билан этини еб, қонини симиради.
Ёки йиллар тупроқ ичида хазинани пойлаб ётган илонга ўхшайсан. Чарх бунинг эвазига унга лойиқ жазо беради, яъни у кишилар кўзига кўринган заҳотиёқ, бошини янчиб ташлайдилар.
Сенинг зотингда ҳам шундай хислат борки, эй ифлос, бу билан сен илон ёки сичқонни эсга келтирасан. Уларнинг оқибати нима бўлгани ўзингга маълум. Билгилким, сендаги бу сифат яхши эмас.
Симу зарни севган одам унга қуи бўлиб, унинг шавқидан ажойиб маст ҳолга тушади. Ёки фараз қилки, фақат жоҳил ва нодон, маст кишигина симу зарни ўзига бут ҳисоблаб, унга сиғинади. Бундай кишини жаҳолат билан исломни тарк этиб, дўзахга равона бўлган, деб айтиш мумкин. У бу жаҳон боғида токи тирик экан, ўз умрини шу янглиғ машаққат билан ўтказади. Олтин-кумуш учун юз хил ҳирс ва шайдолик кўрсатади, аммо охирида расволик билан ўлиб кетади.
Майли, мен сени сичқон деб атамай, балки Қорунга тенг деб ҳисоблай; илон демасдан, Фаридун деб ҳам атай. Аммо оқибати нима билан тугайди? Улар нима қилдилару сен нима қила олардинг?! Бари бир улар каби бутун бойлигингни қолдириб, нариги дунёга равона бўласан! Шунинг учун бу беҳуда хаёлни бошингдан чиқариб ташла! Миянгни эзиб ётган бу қаттиқ тошдан қутқар! Ҳақиқий эр бўлсанг, асл мақсадни кўзлагил, нимаики сўзласанг, ўшандан сўзлагил.
Бу номуносиб иш билан шуғулланма, чунки ундан сенга зарар етиб, охири жонингнинг заволи бўлади.

103
Ҳикоят

Басра шаҳрида бир очкўз киши бор эди. У нодонлик билан олтин-кумуш йиғишга муккасидан кетган эди. Ҳотам Той саҳоват ва карам кўрсатишда қанча ном қозонган бўлса, у динор ва дирҳам йиғишда ундан машҳурроқ эди. Ушбу хасис ва пасткаш киши кўп машаққат чекиб битта-битталаб кумуш йиғар эди. У катта бир хазина тўплагач, уларни ер тагига кўмди. Бу тубан- табиат яна шунга тенг келадиган бойликни тўнига гир айлантириб тикиб олган эди. Яширган беҳисоб олтинлари ўша шум ҳирсли кишининг кўзига ҳатто кундуз кунлари ҳам осмонда ярақлаган юлдузлар каби кўринар эди. У ўзича, танимга қувватгина эмас, балки жонимга сиҳат ҳам ана шу олтинларим туфайли, деб ўйларди.
Иттифоқо, бир куни у савдо-сотиқ қилиш учун дарё соҳилига келди. У ерда савдо қилган молидан тушган ҳаром пулларга таом олиб еди. Шундан сўнг, қолини ювмоқчи бўлиб дарё лабига энгашди. Аммо тўнига тиккан олтинлари оғирлик қилиб, уни сувга тортиб кетди. Хасис киши ана шу ёмон феъли туфайли дарёга чўка бошлади. У сувдан чиқмоқчи бўлиб, изтироб билан чунон талпинар, биров келиб қутқарар, деган умидда бақириб-чақирар эди. Аммо одамлар ёрдамга етиб келгунга қадар у дарё тубига чўкиб бўлди. Чунки унинг олтиндан бўлган лангари беҳад оғир эдики, шу сабабли у сув тубида садаф ичидаги гавҳардек қолиб кетди.
Унинг жонига офат етказган нарса, албатта, ўзи йиққан симу зар эди. Шунингдек, унинг яшириб қўйган хазинаси ҳам талон-торож бўлди. Олтин-кумуш йиғиш оқибатда ана шундай мудҳиш воқеа билан тугади. Сен бундай жирканч ишлардан қўлингни торт! Уларга зинҳор майл кўрсатма, чунки бу фано денгизи — дунё доимо даҳшатли тўлқин уриб туради.

104
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Бир савол берувчи сўради:
-    Эй олий мартаба эгаси! Мен жаннат каби бир масканда истиқомат қиламан. У ердаги ҳар бир дарахт беҳишт тўбисига ўхшайди. У ернинг ҳар тарафида кавсар каби зилол чашмалар оқиб туради. У ернинг суви дилкаш, ҳавоси эса оромижондир; саҳнида жонга озуқ бўладиган мевалари кўп. Майдони жаннат боғи каби кенг бўлиб, ўртасида улкан бир қаср бунёд этилган. Қаср ичи ажойиб нақш берилиб зар билан ишланган, ташқариси эса гавҳарлар билан зийнатланган. Бу қасрда хушсурат, сийрати ёқимли бир подшо дам олади. Менинг манзилим ана шундай ажойиб гулшан ичидадир. Бу ерда мен шоҳ васлига
еришганман. Унинг суҳбатлари бир дақиқа ҳам менсиз ўтмайди. Туну кун мен унинг энг яқин улфати ва суҳбатдошиман. Бу хил хурсандчиликдан воз кечиб, Симурғни истаб йўлга чиқиш мақсадга мувофиқми?

106
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
—    Эй хаёллари пуч! Сен айтган барча нарсалар аслида ҳеч нарсага арзимайди. Гарчанд гулшан зебо ва дилкаш бўлиб, унинг суви ва ҳавоси кўзга хуш кўринса-
да, шунингдек, у ерда тўбига ўхшаш дарахтлар жилва қилиб, гуллари юз хил ишва билан кишини ўзга мафтун этса-да, сен шуни билки, у ердаги оппоқ очиладиган насрин ва бошқа гуллар вафосиздир. У ернинг сарв билан сунбули мангу эмасдир. У ернинг баҳорига бир кун куз шикаст етказади ва гуллар қора тупроққа қоришадилар. Бу даврон чархи у ердаги қасрни ҳам худди хаста ошиқ кўнгли каби вайрон этиб ташлайди. Жафо келтирувчи рўзғор эса бу қаср шоҳини тахтдан қулатади. Унинг боғида гулчеҳралардаги сингари вафо йўқдир, шоҳи ҳам меҳри тош гўзаллар каби абадий эмасдир.
Бас, шундай экан, сен булар олдида ким болибсан, эй заиф киши. У боғдаги бирор гул тиканининг санчилишига ҳам чидай олмайсан-ку! Ҳақиқий эр бўлсанг, бақо Қофига йўл ол ва у тоғ чўққисида турувчи шоҳ васлига эриш! Чунки бу гулшан камолига ўша сабабчидир. Унинг хазонга юз тутиб, завол топиши ҳам ўшандан. Унинг жамоли шоҳга зеболик ва бахт ато этади. Шоҳнинг тахтдан ағдарилиши ва яксон бўлиши ҳам унинг улуғлиги туфайлидир. Шоҳ қасрининг обод бўлиши ҳам унинг ҳикматидандир, сўнгра вайрон бўлиши ҳам унинг қудратидандир.

107
Ҳикоят

Карахтликдан донг қотган бир қаландар бўлар эди. У эртаю кеч банг истеъмол қиларди. Кўринишдан бу оламдан этак силкиган дарвишларга ўхшар, аммо бутун сир-асрори ёнидаги банг идиши - журъадонида яширинган эди. Банг тортган дамларида ўзини қўярга жой топа олмай, ҳар доим айш қилмоқ ҳақида турли хаёллар сурарди.
Кунлардан бир куни у бир вайронага кириб, бангдан, одатдагидан кўпроқ тортди. Бузуқ деворга суянганча сирлар оламида сайр қила бошлади. Ўзини хаёлан гўзал гулшан ичра шод ҳолда кўрди. Атрофида айшу ишрат ашёлари муҳайё эди, гўё ётган маскани бир олий қаср бўлиб, бу қаср биноси машҳур мусаввир Моний суратхонасидек безатилган эмиш. Ўзи тахт узра Жамшиддек хуррам, ёнида офтоб жамолли бир гулчеҳра ҳам бор эмиш. У олиймақом подшо айшу ишрат билан машғул бўлиб, ҳар лаҳза гулчеҳра ёридан баҳра олаётган эмиш. Шу хаёллар билан у ўзини кошонада ҳис қилиб, вайрона ичида ётар эди.
Вайронада ниши устида ажал заҳрини сақлагувчи бир чаён бор эди. У вайронани айланиш учун чиқиб, нишини ҳар томонга санчган ҳолда у ёқ-бу ёққа юрар эди.
Хомхаёл қаландар алаҳсираган ҳолда хаёлий гулчеҳрасининг лабидан бўса олаётиб эди, шу пайт лабига чаённинг найзаси санчилди.
Қаландар беқарор ҳолда чинқирганча ўрнидан турди, изтироб ва алам ичра қараса, ёнида на гулшан, на қасру тахт ва на хушбахт соҳибжамол бор эди. Шу тарзда унинг беҳуда хаёллари барҳам топди, бироқ у лабидан ажал нишини еган эди. Қилган барча ишлари хато эканлигини англади, аммо бу пушаймонлик унга фойда келтирмади.
Сен ҳам ўшанга ўхшаш аҳволга тушгансан, миянгни бўлмағур хаёллар чулғаб олган. Аммо бир кун ажал нишжни еб, сесканганингча ғафлат уйқусидан уйғонасан. Бироқ у пайт қанча зору фиғон кўтарма, қилча наф етмайди. Ўшанда ўзингнинг кимдан йироқ тушганингни яхши англайсан, лекин жонингда айрилиқ доғи муҳрланиб қолади.

108
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
-    Эй тенги йўқ! Кўнглимни бир ишқ асир этди. Агар маъшуқам рухсорини бир он кўрмасам, ўша заҳотиёқ олам кўзимга қоронғу болиб кетади. Усиз бир нафас ҳам қарорим йўқ, дард ва ғам чекмакдан бошқа иложим йўқ. Юзига наззора қилиш менинг мақсадимдир. Васлини кўргач, кўнглим ором топади. У билан шунчалик улфатманки, шу сабабли ундан айрилиш менга машаққат туғдиради. Агар унинг ёқимли овозини эшитмасам, руҳим қуши жисмим билан видолашади. Кўнглим ҳижронида хаста, ҳаётим васлига боғлиқдир. Ундан жудо бўлсам жонимга алам юзланади, туну кун кўнглим    иши фарёд чекмоқ бўлиб қолади. Бир дақиқа ҳам ундан айрила олмайман. Ундан айрилганим — ўлганим! У санам ишқин нечук тарк этай мен?.. Айрилиб ундан қаёнга
кетгаймен?!

109
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Эй ишинг ёниш ва куйишдан иборат бўлган! Кўнглингга мажозий ишқ ўт солибди. Сен ҳақиқий ишқдан йироқ тушибсан. Дилингни айрилиқ доғи ўртабди. Кўнглинг асл йўлдан чекиниб, сўқмоқдан юришни савоб деб билибди. Тириклик чашмасидан бебаҳра қолиб, ифлос кўлмакдан ташналикни қондирмоқчи бўлибсан. Кўнглинг порлоқ дурдан ғофил қолиб, оддий бир шудринг сари мойиллик кўрсатибди. Гсмонда чарақлаган қуёшдан юз ўгириб, шам ва машъал нурини қабул этибсан. Зоҳирий шаклдан фириб топиб, маъни жамолидан бенасиб қолибсан. Юз балғам ва қондан оройиш топгандан кейин, ташқи ҳусннинг иши нима ҳам бўлар эди?! Чигил ҳурининг юзини не учун васф этасан? Ундаги оқу қизиллик балғам ва қон туфайлику! Ташқи гўзалликнинг вафоси йўқдир, у доим бирдек ва абадий эмасдир. Шу сабабли у ошиқ ва шайдо .бўлишга, ишқидан расво бўлишга арзимайди. Агар кимда-ким боқий гўзалликка эга эмас экан, ундаги гўзаллик бировдан муваққат тилангандир. Агар бу кун чиройли кўриниб, эртасига хунук бўлса, бундай гўзаллик ёқимли ҳисобланмайди. Сен шундай баркамол ҳусн эгасини севгилки, унинг қуёши ҳеч қачон завол топмасин. Агар унинг сен каби юз туман минг ошиғи бўлса ҳам, улар унга ошиқликка лойиқ эмасдирлар. Унга ишқ аҳлининг ҳар бири юз жонини фидо қилса ҳам озлик қилади. Чунки унинг ҳусни бундайларнинг юз мингига арзийди.