Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 13
Facebook
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср) - 13 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Алишер Навоий. ЛИСОН УТ-ТАЙР (Наср)
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
4
16
17
18
19
20
Ҳамма саҳифа

130
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Бу саволингга жавоб беришда икки ҳолатни кўзда тутмоқ керак: кимки шоҳга беадаблик қилар экан, у бу даргоҳнинг ўз махсус кишиси бўлмоғи лозим. У ўзлик бандидан халос бўлиб, "ўз"га "у"лик билан мансуб бўлмоғи керак. Шунда бу ҳар қандай сўз айтса у дегандек бўлади, яъни "бу"лик ва "у"лик ўртадан кўтарилади. Четдан қараганда бу гарчанд журъатдек туюлса-да, лекин маъно юзасидан у ваҳдат - бирликни билдиради. Ёки киши ишқ савдосида паст, ҳам ошиқ, ҳам ошуфта ва маст бир мажнун вақтида ўз ихтиёри бўлмасин. Аммо сўзларида саркашлик қилмасин: на кибр ва на ғаразга йўл қўйсин. Улар фақат муҳаббатдан иборат бўлса, унга лойиқ келадиган нарса йўқ. Бундай киши ҳақ билан мутжақликка эришади-да, ҳақдан ўзга калимани айтишга тили бормайди.

131
Ҳикоят

Бир олийсифат девона киши бор эди. Халқ унга "Мажнун ал-ҳақ" ("Ҳақ йўлидаги девона") деб лақаб қўйганди. Чунки ҳақ ёди унга маҳбуб, тун-кун бу ёд ила мағлуб эди. Бирор сўз айтмоқчи бўлса, доимо ҳаққа хитоб этар, жавобини ҳам ҳақ тилидан берар эди.
Бир баҳор айёмида у байтуллоҳ — Каъбани зиёрат қилиш ниятида Сафарга чиқди. Йўлда кўп машаққат тортди, бундан жисми озор топди. У минган улов ҳам ғоят заиф эди.
Атрофга қоронғулик тушиб, ёмғир ёға бошлади. Девона энди йўлни давом эттириш қийинлигини билди. Шу яқин ўртадаги бир вайрона жойни кўрди ва эшагидан тушди. Эшагини Аллоҳга толпшириб: "Эй Аллоҳм, эшакдан хабардор бўлиб тур!"— деди.
Уловини ташқарига қўйиб, ўзи вайрона ичига кирди. Бир оздан сўнг уйқу ғолиб келиб, боши остига бир кесак қўйганча кўзи уйқуга кетди. Эшак ташқарида қолди.
Девона уйқуга кетгач, баҳор булутлари шаррос қуя бошлади. Вайрона ичига ҳар ёндан томчи ўтиб, телбанинг уйқусини учириб юборди. У ўрнидан туриб, ёмғир тинишини вайронада кутди. Ниҳоят, ёмғир тиниб, телба ташқарига чиқди. Қараса, эшаги йўқ! Бундан у беҳад изтиробга тушиб, Аллоҳга ғазаб билан хитоб қила бошлади:
-    Мен сенга эшагимни топшириб эдим, сен эса менга бағоятда яхши карам кўрсатиб, уни қойил қилиб асрадинг! Эл сеҳинг меҳмонлигингга борса-ю, эшагини водийга қўйиб юбориб, сенинг ихтиёрингга топширса, сен эса бепарволик кўрсатиб, ғафлат ичра унга қарашни унутиб қўйсанг?! Эшагимни асрамоқни ўзингга ор билиб, қоронғу тунда уни кўринмайдиган қилиб қўйдинг!!!
Телба аччиғланганча ғўлдираб, йўқолган эшагини пасту баланддан қидирарди. Шу пайт жуда равшан бир чақмоқ чақилиб, бутун оламни нурга тўлдириб юборди. Қараса, эшаги хас-хашакка оғиз уриб ўтлаб юрган экан. Телба уни кўриб, қувониб кетди ва эшагига миниб яна йўлга равона бўлди. Қаҳридан тушиб, ҳаққа энди лутф билан меҳрибончилик кўрсата бошлади:
-    Эй менинг жисм аро жоним Аллоҳ, балки сенга юз жоним фидо боисин! Гарчи ўшанда эшагимга қарамай, кўздан яшириб, бўйнига арқон богламаган эдинг. Шу важдан менда беқарорлик юзланди, қаҳрим билан сенга олифталик қилдим. Чунки мен эшакни сенга топширган эдим-да, сен эса омонатни менга топширишда ҳаялладинг. Аммо мени ғамгин ҳолда кўриб, табдир ҳам топдинг. Чорасозлик қилиб, чақмоғингни чақиб, кўз ёритар машъалингни ёқдинг. Кўзимга эшагимни кўрсатиб, ўз лутфу иноятингни изҳор этдинг.
Гарчанд мен сенинг бу ишингдан ғазабланишга тўла ҳақли бўлсам ҳам, лекин сен қилиш мумкин бўлмаган ишларни қила оладиган, тушуниш қийин нарсаларни тушунадигансан; шунинг учун менга эътибор қилиб, йўқолган нарсамни топиб бердинг. Бу билан сен айтган гапларим учун мени мажолсиз бир ҳолга солдинг, шармандаи шармисор этдинг.
Сен нима иш қилган бўлсанг, мен тамом унутдим. Сен ҳам орадан кўнгилсизликни кўтар, лутфингни изҳор қил. Ўтган ишни унутиб, ҳозир мен қатъий бир фикрдаман, сен ҳам унутсанг яхшироқ бўларди. Ахир мен сени ҳеч қачон ҳижолатга солиб қўймайман. Сен ҳам мени уялтирмагин. Мен сени воқеада афв этдим, сен ҳам энди мендан кўнглингни соф тут!
Девона шу сўзларни айтиб, ҳар дам ўзини ўзи мақтар, Аллоҳга ҳам турли меҳрибончилик кўрсатар эди. Телба айтган бу сўзлар гарчанд номақбул бўлса-да, муҳаббат туфайли содир бўлгани учун мақбул эди.
Агар ҳар бир мажнун Аллоҳга шунингдек сир айтса, у беиболик ва эркалик қилмоғи мумкин. Чунки бундай кишилар Аллоҳга суюклидир. Суюкли кишининг эса ҳар бир қилган иши ёқимлидир.

132
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
-    Эй йўл кезувчи! Мен ўзгадан бутунлай озод ва ҳоли бўлганман. Аллоҳ хаёли билан ўзимни доимо хуш тутаман, зора бир кун унинг висолига етсам, дейман. Мен ундан шу тариқа бир нафас ҳам айрилиқда бўлмаганим ҳолда, қани айт-чи, нима учун у томонга сафар қилишим керак.

133
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Сенинг бу сўзларинг қуруқ даъводан иборатдир. Уларнинг маъно билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳеч бир киши ўзини мадҳ қилиб, бунчалик лоф урмаган эди. Сен шуни билки, ою йил машаққат чекиб, ўз-ўзингни муттасил мақтамоқдасан.
Сен, ҳақ билан бир бутунман, бу унинг учун маъқулми ё номаъқулми, дединг. Аммо сен бу гапларни айтганинг билан рост гапирган бўлмайсан. Унинг олдида қандай ҳолат бўлишини ҳам билмайсан. Сен бу хил қуруқ даъводан лоф ураверма. Тоинки унга бу сўровинг ҳали маъқул келиш-келмаслиги ҳам номаълум. Сен нима деган бўлсанг, у бунга эътибор қилмайди. У нимани лозим кўрган бўлса, шуни мўтабар тутмоқ керак. Агар у иноят қилиб сўзларингни қабул қилмаса ҳар қанча қуруқ гап айтганинг билан унга кифоя қилмайди. Бу хил бемаъни сўзларни айтгандан кўра, унинг лутф ва эҳсонига кўз тиккан авлодир.

134
Ҳикоят

Шайх Боязид Бистомий сирлар хазинасининг покдомони ва маъни аҳлига, мамлакати тахтига йирик аллома бўлиб танилган. У бу дунёни тарк этди ва нариги дунёнинг жаннатмакон ерида базм қурди. Бир кун бир муриди уни тушида кўриб, сўради:
—    Эй май аҳли ичида сархушликда ягона бўлган зот! Ҳаёт бағишлаб, адолат кўрсатувчи Аллоҳ сенга нима қилди? Бизга ҳолингдан хабар бер. Сендан айрилиқда кўп алам чекдик, ўз аҳволинг ҳақида гапириб, бизларни тинчлантир.
Комил муршид унга шундай деди:
—    Лаҳад қаъри макон бўлган замон савол берувчи малоикалар ҳозир бўлдилар. Улар мендан: "Сенинг яратувчинг ким ва абадий мураббийинг ким?" деб сўрадилар.
Мен дедим: "Бу сўзни мендан сўраманг, агар саволларингизга жавоб бермасам, айбга буюрманг. Яхшиси, унга бориб, сўраб кўринг-чи, у бандалик қилишимга йўл берармикан? Агар у мени ўз қуллигига қабул этса, шунинг ўзи сизлар учун жавоб ўрнида ўтади.
Чунки сиз мени даргоҳда банда деб англанг, иқбол ва юксаклик тахтининг қули деб билинг. Агар у мени қабул этиш бахтидан ноумид қилса, ҳажрида мудом овораман. Унда мени рад этилганлар қаторида деб билинг ва кўнглингиз нимани истаса, ўшани қилинг!
Улар мендан ўз саволларига шундай жавоб олгани ондаёқ юқоридан олий хитоб келди: "Эй, савол берувчилар! У масъулиятли сўзлар айтди ва бу билан бизнинг энг яхши, мақбул бандаларимиздан эканлигини исботлади".
Хуллас, унинг нурига кўз равшан бўлмагунча, ўз демоқлик билан рост сўз келмайди".

135
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
—    Эй рафиқ! Мен камолот денгизида ғарқ бўлдим. Нафсда камолотга эришиб, ундан дилим истаган мақсадга муяссар бўлдим. Бу ерда муродим ҳосил бўлган экан, йўл азобини тортмоқ мен учун мушкилдир.

136
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй мақсади нафратланишга лойиқ! Кўнглингга ғафлат жаҳл ва ғурур солибди. Зеро, сен ўз хаёлингга мағрур бўлиб, асл ишдан узоқлашибсан. Сендаги бу хаёл самарасиз хаёлдир, балки мутлақ беҳуда хаёлдир.
Нуқсонли кишигина ўзини комил деб ҳисоблайди. Ўз нуқсонини исбот қила олган киши эса ҳақиқий комил саналади. Камолотга эришганлар ўз камолоти ҳақида мақтанмайди, аксинча, бу ҳолат нуқсонли кишиларда майжуд.
Сен нуқсон бобида юқори чўққига кўтарилгансан, ўзингни олим деб атаганинг билан аслида жоҳилсан.
Ўз камолоти ҳақида мақтаниш жаҳолатдан ўзга нарса эмас. Кимки ўзини комил деб ҳисоблар экан, у албатта нуқсонлидир. Чунки ундаги бу нуқсон унга камолотга эришиш учун йўл бермайди.
Зеро, қуёш ҳам туш пайтида ўзини баркамол кўриб, энг юксак нуқтага кўтарилдим, деб ўйлайди, аммо шу ондаёқ унга завол юзланади, яъни у пастга қараб бота бошлайди. Негаки, унинг чиндан ҳам камолоти бор эди, аммо уни кўрган заҳотиёқ заволга юз тутди.
Ўзини комил деб ҳисоблаган нуқсонли киши гўё ёмон одамнинг ўзини яхши кишига нисбат этганидек бир гап. Бундайларни тузатиш қийин иш ҳисобланади. Чунки уламинг биноси кибр билан ғурурдан қад кўтарган.
Эй нотавон, шуни билки, сен гумон қилган камолот соф нуқсоннинг ўзгинасидир.

137
Ҳикоят

Шайх Абу Бакр Нишопурий(Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. 853— 935-й) маъно мулки сари йўл топганлардан эди. Бир кун у ўзининг обод маскани бўлган Нишопур шаҳридан саёҳат қилиш учун йўлга чиқди.
Унинг шайхлик мартабаси ниҳоятда баланд бўлиб, мухлис ва хизматкорлари ғоят кўп эди. Кажава ва туғ кўтариб юрувчилар ва олий насабли ходимлари тўда-тўда эди. Шайх уларга шукуҳ билан назар солди. Қараса олди ҳам, орқаси ҳам — бутун теварак-атрофи сон-саноқсиз кишилар билан ўралган. Бу хаёл унинг кўнглидан ўтиб, бир зум ўйга берилди. Худди шу маҳал бир эшак ҳанграб, ногаҳон орқасидан қаттиқ ел чиқиб кетди.
Бу рамз Шайхга хуш ёқиб, у шавққа тўлган ҳолда жазава билан рақсга туша бошлади ва ўзидан кетиб йиқилди. Унда содир бўлган бу ҳолатни кўрган яқин кишилари ва муридлари унинг бошига йиғилишди. У ўзига келгач, Шайхнинг бир маҳрами густохлик билан "Бу не ҳои эди?" дея кайфият сўради.
Шайх айтди:
-    Эй сир изловчи ўртоқ! Меинга шум нафсим ҳужум қилиб, атрофимдаги халқни ўзимга тобеъ деб ўйладим. Кўнглимга келдики, тўғри йўл кўрсатувчилардан, толиблар ва солиҳларга
мадад берувчилардан на Жунайд, на Шиблий(ўратепалик шайх, 945-йилда Бағдодда в.е.), на Боязид, на Убайд, на Нурий(Шайх Аҳмад ибн Маҳмуд. 907-й.в.е.) ва на Абу Саид - улардан қайси бири бу хил обрў-еътибор топиб, фақр йўлида бунчалик кўп одамлар гуруҳига эга бўлган экан?!
Нафс менинг кўнглимга шу хаёлни солган маҳалда ўша эшак тўғри жавоб берди. Мен ундан керакли жавобни топдим. Завқ-шавққа берилиб, ўзимдан кетишимнинг боиси ҳам ана шу эшак эди.
Қизиғи шундаки, Шайхга эшак ҳанграб, бу хил танбеҳ билан унга тўғри йўл кўрсатса-ю, у бундан жазавага тушиб, беҳуда хаёллари бошидан ел каби чиқиб кетса! Бу иш фақат инсофли кишилар қўлидан келади. Кимки инсоф эгаси бўлса, бу ишнинг маъносига тушунади. Бироқ ҳар қандай мағрур, пасткаш ва разил кишилар бундай улуғ давлатга ета олмайдилар.

138
Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Яна бир савол берувчи деди:
—    Эй муҳтарам зот! Бу йўлга қадам қўйганимда, ўзимни не машғулот билан шод этай? Агар ғам етса, ундан қандай қутулай? Не қилсам, кўнглимга шодлик етиб, ундан мен ҳар қачон ҳузур топа оламан?

139
Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
—    Агар ўзингни шод кўришни истасанг ва ҳар қандай қайғудан озод бўлишни хоҳласанг, ўзингни унинг ёди билан яшашга одатлантир. Агар шодлик истар бўлсанг, уни ёд қил. Унинг ёдидан ташқаридаги шодлик ақлга мувофиқ келмайди. Ундан айрилиқдаги айшу ишратдан ғам яхшироқдир, бундай тўйдан аза юз марта яхши саналади. Ундан ғам келса ҳам шодлик ўрнида кўргил, бу сени ҳар қандай бало кишанидан халос қилади.