Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ХИЁНАТ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ХИЁНАТ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа


ХИЁНАТ

Атрофини ўраб турган ҳавф-хатардан бехабар Урусхонга кеча қоронғулигининг осойишта сукунати роҳат ваъда қилгандай эди. Кечанинг бевафо, осойишта сукунатнинг эса  алдамчи эканини у сеза олмади. Роҳатли дамларга етиш мақсадида булоқ бошидаги масканини тарк этиб, ирмоқнинг ўрмон бағридан ажралиб чиқадиган ерига бориб турди. Кичик харсанг устига ўтириб, ёз тунига маҳлиё бўлди: тишсимон чўққи тепаси оқаринқирай бошлаб, суйган ёрига етиш они яқинлашганидан дарак берди. Ҳадемай ой кўтарилади. Табиатнинг бу ишорасини кўрган Золийхон уйидан чиқади. Ирмоқ бўйлаб сассиз юриб келиб, унга таом ва тамаки келтиради.
Ой кўтарилиб, қоронғуликда эзилаётган водий  гўзаллигини очди. Урусхон “одам қораси кўринмадимикин, бу томон қайрилмадимикин?” деган илинжда водий томондан кўз узмай ўтирди.
Ниҳоят кутгани рўё бўлди:
“Ана, у!”
Урусхоннинг юраги ҳаяжондан тез-тез тепади.
Ирмоқ бўйлаб юриб келаётган одам қораси кутилмаганда йиқилди. Урусхон севгилисининг чинқириғини эшитиб, қулоғини динг қилди. Энди севгилиси ожиз ингради. Милтиғи ўрмон ичкарисида қолганини ҳам унутиб, жар ёқалаб кетган сўқмоқ сари югурди.
Тбау устида хотиржам равишда балққан тўлин ой нури макрни ошкор қилмоқчи бўлгандай  ҳар бир харсанг, ҳар бир бута қаторида ерда ётган одамни ҳам  ёритди.
Ерда ётган одам қорасини аниқ кўрмаса ҳам Урусхоннинг юраги унинг Золийхон эмаслигни сезди. Гарчи яшин тезлигида фикрласа-да, аниқ хулосага келишга улгурмай,  ўқ узган милтиқ жаранги сукунатни поралаб ташлади. Урусхоннинг қулоғи остидан ўқ ҳуштак чалиб ўтди.
“Нима бу? Сотқинликми?”
Ерда ётган одамни энди аниқ кўрди: мўйлави сабза урган йигитчанинг  кўзлари “Қалай, боплаб алдадимми?” дегандай кулиб турибди.
Яна милтиқ отилди. Бу сафар ҳам ўқ қулоғи остидан ўтиб кетди. Ўрнидан туриб қочиб қолиш фурсати етганини англаб, қаддини кўтаришга уринган йигитчанинг кўкрагига Урусхон ханжарини то дастасига қадар ботирди.
-Сотқинлигинг мукофоти шу бўлади сенга!
Шундай деди-ю, тошдан тошга сакраб, ўзи учун паноҳ ҳисобланган ўрмон сари қоча бошлади. Қонга беланган Мулдор оғзидан кўпик чиқариб, жон талвасасида қолаверди.
Пистирмадагилар тинмай милтиқ тепкисини босадилар, ўқлар эса нишонни четлаб ўтади.
Яна озгина қолди. Сўнг ўрмон... унда биров даф қила олмайди.
Етай деганда, сўнгги қадамларини боса олмай йиқилди, лабларидан лаънат сўзлари учди.
Зураб отган ўқ унинг ўнг ўпкасини тешиб ўтган эди. Шаккокнинг йиқилганини кўрган йигитлар уни ўлди, деб гумон қилишиб, ғолиблик қийқириғи билан ўринларидан туриб кетдилар. Йиқилиб ётган Ўрусхонга қарата отилган яна бир ўқ ёнбошига санчилди. Пистирмадагиларнинг шодон ҳайқириғи тезгина сўнди: Урусхон қаддини кўтарди-ю, сўнгги кучини тўплаб паноҳкор дарахтлар сари интилди. У дастлабки баҳайбат чинорга етиб келганида мажоли қолмаган эди. У дарахтни худди онасини қучгандай қучоқлади-ю, ҳушсиз йиқилди.
Уни ушлаш учун таъқиб эта бошлаганлар беихтиёр равишда тўхтаб қолдилар. Урусхон муқаддас ўрмон ҳудудига ўтишга улгурган, масофа уч-тўрт қадамни ташкил этса-да,  энди ўғлонларнинг биронтаси ўлжага яқинлашишга журъат эта олмас эди.
Отишма овози наридагиларнинг ҳам диққатини тортди. Улар пистирмадаги жойларини тарк этиб, шу томон кела бошладилар. Овулда ҳам жонланиш сезилиб, Найфат йўлида шошилиб келаётган одамлар кўринишди. Кўп ўтмай ўрмон этаги одамлар билан тўлди. Томошаталаблар бошқаларни суриб, суқилиб, олдинга ўтмоқчи, муқаддас чинор панасида ётган шаккокни кўрмоқчи бўлардилар. Қисқа фурсатда бўлиб ўтган воқеа оғиздан-оғизга кўчарди.
Мулдорнинг ўлими қадамжони асрай олмаганлари учун руҳоний отахонларга Тбау-уац-Ила томонидан юборилган жазо сифатида қабул қилинди. Тбау-уац-Илани сўроқламоқ ҳуқуқи ёлғиз Заурга берилгани сабабли у қадамжонинг оёғости қилинганидан аввалроқ огоҳ бўлишга мажбур эди.
Тамби ғам-аламини ичига ютади. Дардидан бировнинг огоҳ бўлишини истамайди. Бошқалар қатори етиб келган ўз уруғининг аёлларини атрофига чорлайди-да, барчага суюкли бўлган, қувноқ  Мулдорга аза очишни тайинлайди. Сўнг халойиқни тинчлантиришга уринаётган туцатлар сафига қўшилади. Бировлар уларнинг  даъватларига қулоқ  солишади,  бетоқат ва қони қайноқлар эса  муқаддас чинор остида ётган мункирни бу ёққа судраб чиқиб, бурда-бурда қилиб ташлашни исташади. Ғазабларини жиловлай олмаётганларга чинорга яқинлашиш муқаддас ўрмонни оёғости қилмоқлик эканини тушунтириш осон эмасди.
Шу зайлда соатлар ўтди.
Тўпланган юрагидаги ғазаб олови дам сўнгандай бўлади, дам яна катта куч билан аланга олади.
Урусхон эса ҳамон ҳушсиз ётибди.
Бекордан бекорга кутаверишнинг охири кўринмас эди. Тоқати тоқ бўлган бесабрлар  изларига аста қайта бошлашди. Дарахт остида ҳушсиз ётган куфронийни қўриқлашга етарли одамларгина қолди.
Кўп қон йўқотганидан мадорсизланган Урусхон эрта тонгда ҳушига келиб, кўзларини очди. Бошини сал кўтариб атрофга қаради-ю, пойлоқчиларни кўрди. Унинг ҳаракатга келганини кўрган қуролли одам сал нарида ўтирган Заурни чақирди. Заур одамларига ўрмонни қуршаб олишни буюриб, дарахтга яқин келди.
-Нотаниш одам, сен кимсан?-деб сўради у Урусхондан кўз узмай.-Сен бизнинг водийга келиб, қадамжони таҳқирладинг. Мункирлик сенга камлик қилибдимики, яна қотиллик ҳам қилдинг. Сен нобакор, худонинг ғазабидан қўрқмайсанми?
Урусхон худди унинг гапларини эшитмагандай жавоб қайтаришга уринмади ҳам. Қаддини сал кўтариб, енгининг бир парчасини йиртиб олди-да, ярасини боғлай бошлади. Заур эса тоқат билан ундан жавоб кутди. Жавоб бўлмади. Урусхон ярасини боғлаб бўлгач, аранг ўрнидан турди-да,  маст одам каби гандираклаганича ўрмон ичкарисига қараб юрди.
Унинг бу қилиғидан ғазабланган пойлоқчилар милтиқларини отишга шайлаб, изн олиш илинжида руҳоний отага умид билан қарадилар. Заур уларнинг шаштини қайтариш учун бош чайқади.
-Қадамжода қон тўкиш сира ҳам мумкин эмас. Тбау-уац-Ила унинг жазосини бериш учун сизларнинг ўқларингизга муҳтож эмас. У шаккокни бизга ўзи тутиб беради.
Заурнинг ишонч билан бундай дейиши бежиз эмас, у якшанба куни  ўрмонга кирувчи руҳонийларнинг шаккокни қўлга олишларига умид қилаётган эди.
Аламзада ўғлонлар руҳоний оталари чизган чизиқдан чиқмай, чорасиз қолдилар.
Бу пайтда Урусхон  яра азобидан бақириб юбормаслик учун тишини тишига босганича булоқбошига етиб келди.  У баданини куйдираётган яра қийноғига чидарди, аммо ғазаб олови уни батарроқ азобга соларди. У қандай қилиб алдов тўрига илиниб қолди? Зийраклигини қайда йўқотди? Ўраб олгунларича лаллайиб ётавердими?  Милтиқни олмай ўрмон ташқарисига чиққани-чи? Энг лақма одам ҳам бундай эҳтиётсизлик қилмас?
Бу ердалигини у одамлар қаердан билишди?
“Золийхон хиёнат қилди”, деган фикр хаёлига ҳам келмайди. Арзимас туюлган ҳар қандай тасодиф сирни ошкор қилгани аниқ. У ташвишларга ва саргузаштларга тўла ҳаётида тасодифлар билан ҳисоблашишга ўрганиб қолгани учун шу тўхтамга келди.
Урусхон булоқ сувида яраларини ювиб, қон оқишини тўхтатиш учун маҳкам боғлади. Сўнг бу ердан тезроқ қочиш режасини ўйлай бошлади. Тик қояларга синчиклаб разм солиб, бу ерда қолиш хатарли эканини англади. Танга дармон бериши мумкин бўлган овқат йўқ. Қолган-қутган таом қоринга юқ ҳам бўлмайди. Қандай бўлмасин бу ердан тезроқ чиқиб кетиши шарт. Кечагина  ҳар ҳил балолардан асраши мумкин бўлган бу муқаддас ўрмон энди унга ўлим зиндони бўлиб туюлди. Токи танасида жони бор экан, таслим бўлмайди, ҳаракат қилади. Унинг аниқ режаси йўқ, аммо омадига ишонади.
Кундузи дам олгани маъқул. Кечаси буларга сездирмай йўл юриш мумкин. Шу қарорга келган Урусхон майса устига чўзилиб, кўзларини юмди. Уйқуси нотинч бўлди. Иситмаси кўтарилиб, азоб чекаётган қалбини қўрқинчли туш даҳшати билан ларзага солиб турди: бир қараса, оч бўрилар қуршовида турибди, ўзини ҳимоя қилай деса – милтиғи йўқ. Бир қараса, ғазабланган Тбау-уац-Ила унга қиёмат жазосини бериш мақсадида устига  бостириб келяпти. Бир қараса, тоғ чўққисини қоплаб турган қора булутдан бир парчаси ажралиб тушиб, уни ўраб-чирмаб, беаёвлик билан сиқа бошлайди.  Назарида Тбау-уац-Иланинг ғазабнок нигоҳи фақат  унгагина қадалган,  қасос онлари яқинлигини сезган жасур Урусхонни энди даҳшат чодири бўға бошлайди. Бирданига тоғ чўққилари, ҳатто водий чир-чир айлана кетди.  Гўё ер юзи  телба қуюн ихтиёрига берилди. Тоғларни ҳудди енгил хас каби гирдикапалак қилаётган қуюн Урусхонни ҳам унутмади: у арзимас зарранинг зарраси сингари айланаверди. Қуюн баҳайбат чўққиларни ўрнидан суғуриб, унинг устига отди. Тошлар қўлларини синдирди, харсанглар оёқларини мажақлади. Тбау-уац-Ила уни шаккоклиги учун шундай жазолаб, чувалчангдай қимирлашга уринаётган Урусхонни мазах қилган каби мамнун кулади.