Номус ва ажал (қисса) - ҚОЧОҚЛАР |
![]() |
![]() |
![]() |
16 дан 20 сахифа
ҚОЧОҚЛАР Золийхон машъалалар ғира-шира ёритиб турган ҳовлига тикилди. Ўзини бағишлашга рози бўлгани - Керимни кўришга кўзи йўқ. Ўй-хаёли фақат Урусхонда. Кўзини юмди дегунича севган ёрининг қиёфаси гавдаланверади. Ҳовлига тикилиб турган Золийхон бир одамнинг шарпасини кўрди-ю, юраги хаприқиб, қичқириб юборай деди. Дераза орқасида кўринган ким эди? Наҳот Урусхон бўлса? Ҳа, ўша! Дераза тиқиллади... Золийхон нафас олишдан ҳам тўхтаб қолди. Кўргани, эшитгани тушими ё ўнги эканини билмай тараддудланди. Дераза яна тиқиллади... Унинг юраги потирлаб, қўллари титраб, деразани очди. Урусхонни кўрди-ю, тили гапга ҳам айланмай, довдираб қолди. Золийхон кўзларини катта-катта очганича унга тикилиб тураверди. Шодланишини ҳам, даҳшатдан қичқириб юборишини ҳам билмай каловланиб тураверди. Урусхоннинг ўтли қараши жонсиз жонига жон қайтаргандай бўлди. Кўкрагида ажиб бир илиқлик сезди. Урусхон ҳам севганини кўрганидан масрур эди, аммо ҳозир сурурли қарашлар фурсати эмаслигини биларди. Шу боис “Золийхон!” деб шивирлади-да, қўл узатди. Унинг шу шивирлашида ҳам, қўл узатишида ҳам амр оҳанги зоҳир эди. Икки ўт орасида қолган қизнинг вужудини даҳшат қамраб олиб, титрай бошлади. Ҳа, унинг юраги Урусхонгагина аталган. Аммо у Керимнинг қаллиғи эканини ҳам, севган ёри эса акаси мақомидаги одам эканини ҳам унутгани йўқ. Агар бу дам қаллиғига бевафолик қилиб, акаси бағрига кирса бошига ағанайдиган бало тоғларининг даҳшатини ҳам англаб турибди. Мана шу даҳшат уни бу тор хонадан тезгина учиб чиқиб кетишига йўл қўймайди. Золийхоннинг имиллашидан норози бўлган Урусхоннинг кўзларида ғазаб учқунлари чақнади: -Тезроқ бўл! Юрасанми ё йўқми?-деди у овозини бироз кўтариб. Қизнинг ихтиёри ўзидан кетди. -Кетяпман... кетяпман...- у шундай деб шивирлаб, атрофига қўрқув билан қараб олди. Эркаклар ҳовлида, аёллар уйда ўз юмушлари билан банд. У билан бировнинг иши йўқ. Золийхон дераза токчасида турган тувакдаги гулни пастга олиб қўйди. Оқ шоҳи кўйлагининг этагини кўтариб, дераза токчасига чиқиб ўтирди. Дунёдаги энг машъум ва энг даҳшатли воқеа содир берди: у қонсираган муҳаббати йўлида вафони, қаллиғига бўлган садоқатини қурбон қилди. Аслида чала туғилган, энди эса ўлиб бораётган вафо энди унинг қалбини чидаб бўлмас даражада эза бошлади. Суйган ёри билан дийдор кўришишнинг шундай бўлишини орзу қилиб эдими? Дийдор севинчи қани? Вужудга илиқ роҳат бахш этувчи ишқ ўти қани? Булардан асар йўқ. Фақат... виждон азоби бор, фақат гуноҳи учун олажак жазодан қўрқув мавжуд.. Урусхон чурқ этмайди. Уни деразадан кўтариб олиб, ерга қўяди-да, карам ва картошка экилган томорқа сари бошлайди. Кейин икковлари томорқани иҳота қилиб турган шохдевордан ошиб ўтадилар. Устунга боғлаб қўйилган отни Золийхон бир кўришдаёқ таниди: Зурабники! “Бу бахт келтирмайди!” деб ўйлади қиз. Бу фикри вужудида титроқ уйғотди. Урусхон бир сакраб отга минди-да, унга қўлини узатди. Қиз унинг қўлини ушлаб, оёғига оёқ қўйди. Урусхон уни чаққонлик билан тепага тортиб олди-да, орқага мингаштириб, отни ниқтади. Улар бир зумда тун бағрига сингиб, кўздан йўқолдилар. Илонизи йўллар ортда қолиб, водийга олиб борувчи сўқмоққа чиқиб олишди. Урусхон шошилади. Келиннинг йўқолганини сезиб қолишгунча бу ерлардан узоқлаб кетишни истайди. У қанча ошиқмасин, тезлашишнинг иложи йўқ – тик сўқмоқда отнинг кейинги оёқлари тийғанади, баъзан эса ўтириб қолади. Золийхон Урусхоннинг белидан маҳкам қучиб олганча, ўзини тақдир ҳукмига бериб, ҳар қадамда жазо кутади. Ниҳоят водийга эсон-омон чиқиб олишди. Қизилдон ёқалаб кетган овул йўли уларнинг қаршисида оқариб кўринди. Урусхон отни тезлатди. Тун сокинлигини от туёқларининг дупури бузди. Золийхон юрагини қўрқув, Урусхон қалбини эса ғазаб олови куйдиради. Йигит севгилисининг тўйга рози бўлганидан хафа. Суймай туриб эрга тегишга рози бўлиши сабабини билолмай кўнгли хуфтон. Тбау чўққисидаги ғорда жон сақлаётган Урусхон Заурнинг уйида бошланган тўй хабарини таом олиб келган Хадар исмли ёш туцатдан эшитиб, аввалига нима қиларини билолмай гангиб қолди. Кейин ғазаб вулқони оташида Хадарга ваҳшийларча ташланиб, уни даст кўтариб олди-да, жар ёқасига келтирди. “Бор гапни айтмасанг ташлаб юбораман”, деб қўрқитди-ю, тўй воқеасини ипидан игнасигача билиб олди. Йигитчани жар ёқасига келтириши шунчаки пўписа эмасди. Ташлаб юбориши ҳеч гап эмасди. Лекин сўнгги сонияда “болада нима гуноҳ?” деган фикр уйғонди-ю, ғазаб оловини жиловлаб олишга ўзида куч топди. “Маҳмаданалиги туфайли, сирни ошкор қилиб қўйгани учун ўзидан қўрқади, қайтиб борганида бўлган воқеани яширади”, деган хаёлда уни қўйиб юборди. Кейин фурсатни ғанимат билиб, йўлга отланди. Тбау қояларини тарк этиб, водийни кесиб ўтди-да, бўрининг эҳтиёткорлиги билан Цагат Ламардонга яқинлашди. От топишга қийналмади. Меҳмонларнинг отлари ўтлоқда ўтлаб юрибди. Аммо тақдир унга Зурабнинг отини насиб этди. Бироқ милтиқ топа олмади. Кейин қош қорайишини кутиб, боғда яшириниб ётди. У Золийхонни бутун вужуди билан севарди. Шу сабабли қизни вафосизликда айблаб, ундан ғазабланарди. Ҳозир қочиб бораётган бир пайтда уни сўкмайди, таъна тошлари отмайди. Ҳавфсиз жойга етиб олишгач, ягона хўжайин ким эканини унга ўргатиб қўяди. *** Салимат ёнига дугоналарини чорлади-да, келиннинг кўнглини очиш мақсадида бир гапириб, ўн кулиб аёллар бўлмасига кириб келди. Хонада келиннинг йўқлигини кўрган қизлар остона ҳатладилару ҳайрат ва қўрқув билан тўхтаб қолдилар. Улар алҳол қочоқлик ҳақида ўйлашга ҳам журъат этолмасалар-да, очиқ дераза, пастга олиб қўйилган тувакдаги гул бор гапдан хабар бериб турарди. Улар сапчиб орқага чекиндилар-да, қўшни хонадаги хотинларни фожиадан огоҳ қилдилар. Бу шармандали хабар яшин тезлигида тарқаб, меҳмонлар қулоғига ҳам етди-ю, ҳаммаларининг ҳафсалалари пир бўлиб кетишга чоғланишди. Бу воқеани ўзлари учун таҳқир деб билган Тўтараевлар отларини тезликда келтиришларини мезбонлардан талаб қилдилар. Туцатларнинг қалбида эса бу онда қасос ўти аланга олди. Қиз ўғрисини ушлаб, унинг қони билан номус-орларини поклаб олганларидагина, куёв томон олдида юзлари ёруғ бўлгандагина бу аланга пасайиши мумкин эди. Йигитлар, ҳатто ўсмирлар ҳам ўтлоққа шошилишиб, отларни отхонага ҳайдадилар. Ҳеч ким имилламади, гарангсиб турмади ҳам. Юртни ҳудди қўққис ёв босгандай, ватан ҳимоясига отланаётгандай шошилишди. Зеро, улар учун номусни поклаш ватан ҳимояси каби муқаддас бурч эди. Отини тополмай ғазабланган Зураб, кўп ҳам ўйлаб ўтирмай, қўшнининг отига минди-ю, жониворга аччиқ-аччиқ қамчи босди. Унинг оти биринчи бўлиб елдек учди. Зураб қизни ким ўғирлаганини билиб турарди. У укасининг топталган номуси учун қасос олади, ҳа! Қонсираган ханжари бугун малъун қонига тўяди, ҳа! У бошқаларнинг етиб келишини кутиб ўтирмай, сўқмоқнинг хатарли эканига ҳам парво қилмай отни чоптираверди. Кўп ўтмай таҳқирланган оиланинг аъзолари ҳам кўча чангитиб унга эргашдилар. Қочоқларни тезроқ тутиш аҳдидаги қувлоқлар ҳудди қуюн каби елдилар. Бир қанча чавандозлар эҳтиётсизлик қилиб жарликка қуладилар. Ким чалажон, ким беҳуш ҳолда ётган ерида қолаверди. Безбет олибқочарни, ҳаё ва номусини унутган қизни тезроқ ушлаб, жазолаш қасдида от сураётганлар биродарларининг ҳолатларига эътибор ҳам бермадилар. Хатарли жар ёқалаб кетган сўқмоқ ортда қолиб, водий йўлига чиқишгач, ўрама қамчинлар ишга солинди. Олдинда бораётган Заур билан Зураб ўйлаб ҳам ўтирмасдан отларини Даргов сари бурдилар. Уларнинг фикрича, қочоқлар фақат шу йўлдангина юришлари мумкин эди. |
Адабиётшунослик
![]() Адабиёт нима учун керак?1. Тарбиявий аҳамияти: Адабиёт инсон қалбини бойитади, унга эзг... |
![]() Ўзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамиятиЎзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамияти қуйидаги жиҳатла... |
![]() Адабиётда композицияАдабиётда композиция — бу бадиий асарнинг тузилиши, яъни асар қ... |
![]() Фильмни таҳлил қила билишФильм таҳлили сценарист таьлимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ... |
![]() Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
![]() Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
![]() Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
![]() Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
![]() Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
![]() Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |