Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ҚУРШОВ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ҚУРШОВ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа



ҚУРШОВ

Мартаба жиҳатидан иккинчи даражада ҳисобланувчи руҳонийлар – Заурнинг қариндошлари бирин-сирин тўпланишди. Улар Заурнинг ташвишли чеҳрасига қараб бошига мушкулот тушганини сезишса-да, сабабни сўрашдан ўзларини тийишди. Таомили шунақа – катталар лозим бўлган гапларни айтишади, зарурати бўлмаса сир сирлигича қолаверади. Туғишган укаси - Тамби биринчи бўлиб хонага кирган бўлса-да, амакиваччаларининг келишларини тик турган ҳолда кутди. Юрт қонунига кўра, амакиваччаларини Заур “ука” деб атаб, шунга яраша уларга лутф кўрсатарди. Барча жамул-жам бўлгач, катталар Заурнинг таклифига кўра ўриндиқларга ўтирдилар. Зураб ёш туцатлар билан бир қаторда девор томонда тик турарди. Ҳаммаларининг қўллари ханжар дастасида – гўё жанговор ҳолатда катталарнинг амрини адо этишга шай эдилар.
Заур муддаога ўтишдан аввал бобо калонларининг асрлар оша  фаришта Дзуарга содиқ хизматда бўлганларини эслатди. Ўзларининг аждодлари васиятига содиқ равишда хизмат қилаётганларини ҳам алоҳида таъкидлагач, қариндошларни шошқич тарзда чорлаши сабабини маълум қилди. Муқаддас ўрмонда куфроний ҳодиса содир бўлганини, энди мункирга қарши чора кўрмоқ учун биргаликда режа ишлаб чиқмоқликлари зарурлигини билдирди. Зураб Заурнинг илтимоси билан  ҳикоясини бошлагач, бу янгиликдан ҳайратланган қариндошлар фақат бир озгина жим ўтирдилар. Кейин Зурабнинг гапи ўтирганларнинг  ғазабли хитоблари ва луқмалари билан бўлиниб турди. Зураб айтадиганларини баён қилгач, хона бир неча нафас сукунат ихтиёрида қолди. Сўнг Тамби Туцат вазминлик билан оёққа қалқди-да, эшитганларидан қаттиқ ташвишга тушганини, бундай бадкирдорликнинг юз бериши етти ухлаб бир тушига кирмаганини гапирди.
-Насл-насабимизга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шармандалик даҳшат солиб турибди. Агар Худо зеҳнимизни очиб, бу ходисани яшириш йўлларини бизларга ўргатмаса,  бу ёруғ оламда бош кўтариб юришимиз мумкин бўлмай қолади.  Ҳеч ким,-шундай деб у қатор турган ёшларга қараб олди,-бу ҳақда оғиз очмаслиги шарт. Ҳатто уйдаги хотинлар ҳам сезмалиги зарур,-энди у Заурга қаради. Заур бу қарашнинг маъносини уқди:
-Уйимдагилар билишмайди. Қизимни яширин ертўлага қамаб қўйганман, бадкирдорга хабар етказа олмайди.
-Тўғри иш қилибсан, Заур,-деб давом этди Тамби.-Ҳозирги вазиятда оиламизнинг шармандали ҳолатига чора топишдан ҳам муҳимроқ вазифа бор: Тбау-уац-Ила хизматида бўлган биз – руҳонийларнинг қарорига водийнинг фаровонлигигина эмас, тақдири ҳам боғлиқлигини унутмаслигимиз шарт. 
-Бунинг нақадар қабиҳ жиноят эканини тасаввуримга сиғдира олмаяпман,-деди Иналдко.-Ҳаммамизни ҳам худо урмасайди, деб қўрқаман. Ахир дунё яралганидан бери то шу кунга қадар муқаддас ўрмонимизга хотин зотининг қадами яқин йўламаган эди-я! Тўғри, айрим  эркаклар орасидан чиққан шаккоклар қадамжони оёғости қилганлар. Лекин фаришта Дзуар уларни ўша заҳотиёқ аёвсиз жазолаган. Куфрдан қўрқмаган бу бадкирдорнинг ҳали ҳам муқаддас ўрмонда яшаши-ю, ҳали ҳам жазосини олмагани бошимизга ёғиладиган балоларга ишора эмасмикин? Унинг бир ўзинигина жазолаш Тбау-уац-Илага камлик қилаётган бўлса-чи? Балки бизларни ҳам гуноҳкор жиноятчи қаторида кўраётгандир? Акалар, сизлар доносизлар, айтинглар, қандай қилсак гуноҳимизни ювамиз, қайси яхши ишларимиз эвазига худонинг қаҳридан қутула оламиз?
Иналдко ўтирганларнинг барчасига мурожаат қилган бўлса ҳам,  жавобни Заурдан кутдилар.
-Биз ўша мункирни қўлга олиб, қадамжони яна оёғости қилинишига бундан буён йўл қўймаслигимиз керак,-деди Заур ўйчан тарзда.
-Мен ҳам шуни ўйлаётган эдим,-деди Тамби.-Лекин ўрмонга кирмай туриб уни қўлга ололмаймиз-ку? Ўрмонга кириш учун бир ҳафта кутамизми?
-Биз уни алдаб чиқарамиз ўрмондан,-деди Иналдко.
-Чиқмаса-чи?-деб сўради Заур.
-Унда биргина чорамиз бор: ўрмонни қуршаб оламиз-у, очликдан силласини қуритамиз. Қани, чиқмай кўрсин-чи!-деди Тамби.
-Менга ҳам шу чора маъқул туюляпти,-деди Заур паст овозда.-Қадамжони ўраб олиш учун аҳолини жалб қилишимиз керак.
Бу гапдан Тамби ҳам, бошқалар ҳам ажабланишди. Тамби масалани ойдинлаштириш учун акасига мурожаат қилди:
-Золийхон воқеасини-чи? Уларга айтмассан, а?
-Албатта айтмайман. Золийхоннинг у малъун билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. У кадкаронлик Керим Тўтараевга турмушга чиқади. Керим қизимни севади. Тбау-уац-Ила Золийхонни унга тақдир қилди.   Қалин пули арзимаган даражага тушиб қолса ҳам, улардан тўғри гапни яшира олмаймиз.
-Бундан бошқа чорамиз ҳам йўқ,-деди Тамби.-Бунақа машмашалардан кейин...
Тамби гапининг давомини айтмаса ҳам тушунарли бўлди. Бошқалар ҳам тагдор қилиб: “Ҳа... бу машмашадан кейин...”, деб қўйишди.
-Машмаша ўз йўли билан,-деди Мацко,-лекин у одам ким, оти нима экан?
-Кимлиги номаълум,-деди Иналдко,-ҳукумат таъқибидаги  абрекдир ёки қасоскорлардан яшириниб юрган бирон номарддир.
-Ҳукумат таъқиб этиб юрганларданми?-кенжа ўғил Хсин бу саволни ўртага ташлаб, ўзича жавоб излади:- Эҳтимол қўрқинчли  машҳур Урусхон бўлса-чи?-Бу саволни бериб, акаларига бир-бир қараб қўйди. Унинг бу гумонига ҳеч ким аҳамият бермагач, гапини давом қилди:-Агар ростданам Урусхон бўлса, овимиз роса бароридан келарди-да!  Унинг боши учун оз эмас, кўп эмас – нақ беш минг рубл ваъда қилинган-а! Бу пулларни қўлга киритсак, кам-кўстимиз тўлиб қоларди.
-Хомтама бўлма,-деди Тамби унга қараб.-Гапингдан ҳеч нимани билмайдиган гўдакка ўхшайсан. Бу ҳукумат одамларни лақиллатишдан бошқа нарсани билмайди. Эсинглардами, Доғистондаги Бабонинг боши учун ҳам ҳазилакам пул ваъда қилинмовди. Уни тутиб, ўлдирган чўпонга сариқ чақа ҳам беришмади. Агар ўша шаккок Урусхон бўлган тақдирда ҳам биз уни ҳукуматнинг пули учун эмас, худонинг розилиги учун ўлдирамиз. Шуни унутмаслик керак!
-Ҳукуматнинг ваъдасини ҳозирча қўя туринглар,-деб уларни тинчлантирди Заур.-Ҳозирги асосий масала – бу ташвишлардан байрамгача қутулиб олиш чорасини топиш.
Йиғин аҳли кенгаша-кенгаша охири бир қарорга келди. Қарорга кўра, улар ҳар бир дарадаги овулга бориб, жиноятчи қўлга олинмагунича ҳар йигирма тўрт соатда  ўринларини алмаштириб туриш шарти билан йигирма бештадан одам талаб қиладиган бўлишди. Овулларга борганда нима деб даъват қилиш лозимлигини Заур укаларига бир бошдан тушунтирди. Заурнинг талабига кўра, улар шунчаки ёрдам сўрамай, балки шу дара худосининг вакили сифатида боришлари ва қадамжонинг оёғости қилинганига бефарқ қараганлари учун гуноҳкор бўлганларини англатишлари ҳамда худонинг ғазабидан қўрқишга чақиришлари зарур эди. Яна айтишлари жоиз эдиким, Тбау-уац-Ила ўзининг содиқ қули Заурга намоён бўлиб, нотаниш кимсани шаккокликда айблади ва бандаларини қадамжони поклашга ундади. Шунда Заур билан Зураб куфроний одамнинг пайига тушиб, ўрмон этагида уни пойлайдилар.
Вазифа аниқ бўлгач, Тамби нотаниш одамнинг кўриниши қандайлиги билан қизиқиб, Зурабга мурожаат этди.
-Баланд бўйли, елкалари кенг одам эди, аммо қоронғида юзини аниқ кўролмадим,-деди Зураб.
-Ана, мен айтганим ростга ўхшаяпти,-деди Хсин жонлаиб.-Урусхонни ҳам баланд бўйли, келишган, бақувват, дейишади.
-Балки шундайдир...-деди Заур ўйчан тарзда, кейин укаларига бир-бир қараб чиқди:-овулларга борганларингда буни ҳам айтинглар. Шаккокнинг яхшигина ўлжа эканини Тбау-уац-Ила маълум қилди, денглар. Шунинг учун ҳеч ким чўчимасин. Худо куфронийни жазолайди, унга ҳужум қилишга журъат этган мардни эса, дунёвий неъматлар билан мукофотлайди. Шундай десанглар уларнинг оёққа қалқишлари осонроқ бўлади. Энди бетўхтов равишда йўлга отланинглар. Бугун қош қорайгунича муқаддас ўрмонимиз бир юз эллик нафар қуролланган ботирлар билан ўраб олиниши шарт.
Йиғилганлар тарқалишга шайланишганда Заур яна бир марта уларга, айниқса, Зурабга Золийхонга таалуқли масалаларда оғиз очмасликларини уқтирди. Шундан сўнг ҳаммалари ҳовлига шошилдилар, отларига миниб, белгиланган овуллар сари йўл олдилар. Пешиндан сўнг бутун водийда жонланиш сезилди. Цагат ламардонликлар уйларининг ясси томларига чиқиб олиб ҳар томондан оқиб келаётган отлиқларни қизиқиш ва бир оз ташвиш билан кузатдилар. Енгсиз босма чакмонларига ўраниб олган чавандозлар тоғ сўқмоқларида аввал нуқта каби кўзга ташланиб, сўнг аниқ равшан кўринардилар.
Қадамжода шаккокнинг пайдо бўлгани ҳақидаги хабар айниқса,  цагат ламардонликларни жунбушга келтирди. Барча диний мросимлар шу овул яқинида ўтказилгани учунми  улар мутаассибликда бошқалардан ажралиб турардилар. Улар руҳонийларнинг деярли барча гапларига ишонадилар, чизган чизиқларидан чиқмайдиларким, бу соҳада қолганларга ўрнакдирлар.
Бундай бўлиши бежиз эмас, ўзига яраша сабаблари ҳам бор. Шулардан бири – байрам кунлари овул яхшигина даромад олади. Зиёратга келувчи художўйларнинг аксари айнан шу овулга жойлашадилар. Меҳмондан ҳақ олиш одатга хилоф бўлса ҳамки, зиёратчилар мезбонларга “эсдалик учун совғалар” ёки “худойи”лар бериб кетишади. Бундан ташқари зиёратчилар худо учун сўйиладиган қора қўзичоқларни ғоят қиммат нархларда сотиб оладилар. Ибодат мақсадида зиёратгоҳга келган ҳеч бир осетин Тбау-уац-Ила байрамида сўйилажак қўзичоқни сотиб олиш чоғида савдолашиб ўтирмайди.  У мана шу қурбонлик эвазига ибодати худога маъқул келишига ва бунинг оқибатида хўжалигига фаровонлик оқиб кириб, харажатларининг қопланиб кетишига ишонади.
Уйи олдидаги майдончада виқор билан турган Заур ўрмонни қуршаб, шаккокка жазо бериш қасдида келаётган мард ўғлонларни дуолар билан қарши оларди. Илоҳий бурчини адо этиш учун етиб келган чавандоз отдан сакраб тушгани ҳамон, овулнинг ўсмирлари эгарни ечиб олиб, тайинли жойга қўйгач, жониворларни ўтлоққа ҳайдардилар.
Руҳоний ота ўғлонларни икки гуруҳга ажратди. Етмиш беш кишидан иборат биринчи гуруҳ тоғ қояларини айланиб ўтиб, ўрмоннинг орқа томонидан қуршаб олиши керак эди. Қолган етмиш беш ўғлонни Заурнинг ўзи тиккасига Найфат йўли билан бошлади. Ярим йўлга етганда у йигитларни жар ёқалаб кетган сўқмоққа йўналтирди. Қуёш ётоғига бош қўймай туриб, ҳар икки гуруҳ ҳалқа бўлиб бирлашишга улгурди. Урусхон ҳар томондан қуршаб олинди.
Заур Зурабни ҳалқа бўйлаб йўллаб, ўғлонларга ўрмон сари қадам босмасликларини, куфроний ташқарига чиқсагина ҳужум қилишлари мумкинлигини қайта эслатди.
Бугун Золийхоннинг келишини кутмаётган Урусхон атрофида нималар содир бўлаётганидан мутлақо бехабар эди. У булоқ яқинидаги майса устда ётиб, келгуси ҳаёти хусусидаги ширин орзуларга банди бўлиб ётарди.
Ўрмоннинг ишончли ҳалқа билан қуршаб олинганига қаноат ҳосил қилан Заур уйига қайтиб, Золийхонни ертўладан чиқарди. Ташқарига чиқиш, бўлиб ўтган гаплардан бировни огоҳ қилишни қатъий таъқиқлагач, ўзи яна ўрмон томонга қайтди.
***
Тун тоғ ва водийни ўз оғушига олди. Бундай кезларда кундузги ишлардан ҳориган Цагат Ламардон аҳли  дам олиб ётган бўларди. Бугун қоронғулик бостириб келганини сезмагандай ҳеч ким мижжа қоқмади. Ҳар бир оиладан ҳеч бўлмаганда бир ёки икки одам қўлида қурол билан ўрмонни қуршаб турган кезларда уйда хотиржам ётиш мумкин эканми? Овулдагиларнинг вужуди уйда бўлгани билан ўй-хаёллари хатар билан юзма-юз турган яқинларида эди. Шаккокнинг қонини тўкиш худога маъқул иш бўлгани билан, бу вазифанинг осонлик билан бажарилмаслигини, ўрмондан паноҳ топишга журъат этган мункирнинг ханжари ҳам кимларнингдир жонини олиши мумкинлигини ҳар бир одам англаб турарди.
Бу таҳликали онларда биргина Урусхонгина хотиржам эди. Тамакисини тутатиб, чинор остида ширин хаёллар оғушида ётган абрек ўрмондан чиқди дегунча юзлаб мерганларнинг ўқларига нишон бўлажагини хаёлига ҳам келтирмайди.
Ёш туцатлар мард ўғлонлар қаторида қуршов ҳалқасидан жой олишган. Заурнинг укалари эса худо йўлида қуролланган одамлар орасида юришиб, зийрак бўлишга даъват қилишади.
Аёллар тун қоронғулигида эрларни таом билан таъминлаб туришади.
Тун бекорчи кутиш билан ўтди.
Зоғ ҳам кўринмади.
Ўғлонларнинг нигоҳлари сокин ва сирли ўрмон сари қадалган. Шохлари тарвақайлаб кетган чинор ва эман дарахтларига хавотир билан қарашади. Буталар орасига яширинган азаматлар шаккокнинг кутилмаган онда пайдо бўлишига шай туришади.
Ниҳоят қуёш кўтарилди. Ҳудди яқиндагина бу ерларга тун ҳукмини ўтказмагандай, ҳамма ёқ  чароғон бўлиб кетди.
Пешин чоғи қуршовдаги одамлар ўринларини биродарларига бўшатиб, дам олгани Заурнинг уйига қайтишди. Қўрғок билан Золийхон меҳмонлар ташвиши билан банд бўлиб қолишди. Тун бўйи мижжа қоқмай толиққан бир юз эллик одамни кутиб олиш, қорнини тўйдириш осон эканми! Золийхон мезбонлик вазифасини алам ва нафрат билан бажаради. Севгилисининг жонини олиш қасдида туни билан шай турган одамларга хизмат қилиш нақадар оғир! Унинг қўли ишда, хаёли эса Урусхонда эди. У севгилисининг бу қуршовдан қутулиб чиқишига жону дили билан умид қилар,  унинг гуноҳини кечириб, паноҳига олишни Тбау-уац-Иладан сўрашга эса ботина олмас эди.
Бу худо кечириш нималигини билмайди, у қўрқинчли, қасоскор ва жазоловчидир. Тбау-уац-Ила ҳақида билганлари фақат шу. Эсини танибди-ки, ундан қўрқиш лозимлигини уқтириб келишади. У ғазабланмаслиги учун ибодат қилишади, рўза тутишади, жазосидан қочиш мақсадида унинг учун қурбонликлар қилишади. Уларнинг дини шундай,  раҳм-шафқат, гуноҳни кечириш, муҳаббат тушунчалари бу дин учун ёт.
Заур Тамби билан маслаҳатлашиб, абрекни ўрмондан алдаб чиқариш режасини тузди. Режага кўра, Тамбининг кичик ўғли Мулдор қизларнинг кийимини кийиши, ой ўрмон узра кўтарилиши билан Заурнинг уйидан тугунча кўтариб чиқиб, ирмоқ бўйлаб юриши керак. Ўрмон этагидан юз қадамча беридаги сўқмоқда йиқилиб, инграб овоз беради-ю, лат егандай ётаверади. Ана шунда абрек қўноғини ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Чиқади-ю, мерганлар ўқига нишон бўлади.