Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ТЎЙ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ТЎЙ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа


ТЎЙ

Керимнинг илтимосига кўра, Темир тўй ҳаракатларини тезлатди.  Икки қуда байрам оёқлаши билан тўйни бошлаб юборишга келишдилар. Бу келишувдан Заурнинг кўнгли тўлди. Ҳар ҳолда байрамнинг тўйга уланиши туфайли чиқим ҳам камаяди. Байрамдан ортиб қолган ичимликлару егуликлар тўйга етади.
Заур “қизимнинг тақдири узил-кесил ҳал бўлди, энди  ҳеч қандай куч уни ўзгартиришга қодир эмас”, деган фикрда қатъий эди. Аёллар Золийхонга сеп тайёрлаш, келинчаклик либосини тикиш билан овора. Ғамини ичига ютган Заур эса руҳи эзилган одамнинг маъюс қиёфасида  юради. Бирон дардкаш топиб, хасратини тўкишни истамайди. У жазо қиличини кўтарган илоҳи қаршисида онги хиралашган тарзда ночор туради.
Тамби билан Иналдконинг таклифини маъқуллаб, байрамнинг сўнгги куни тўй бошлашга қарор қилди. Цагат Ламардонда уч кун давом этадиган тўй зиёфати якунлангач, тўртинчи куни суворийлар қуршовидаги келиннинг араваси Кадгаронга йўл олиши керак. Даргов йўлида келинни куёв кутиб олади. Шу ерда, водийдаги ягона черковда никоҳ ўқитилади.
Темир Тўтараев ҳам бўш келмас, унинг уйидаги тўй зиёфати ҳам камида уч кун давом этар. Шунга қараганда Золийхонни бир ҳафта давом этувчи, довруғи  тилларга достон бўлувчи тўй тантаналари кутаётган эди.
“Ишқилиб, тўй тинчлик билан ўтиб олсин...”
Заурнинг бирдан бир тилаги шу!
Ҳам орзиқиб, ҳам ҳавотир билан кутилган тўй куни етиб келди. Ваъдадаги қалин пули тўланди. Тўй тантанасига овул аҳли жамулжам бўлди. Заурнинг бошқа овуллардаги биродарлари, қариндошлари ҳам етиб келдилар. Тўтараевлар авлодидан ҳам азиз меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар орасида фақат куёв йўқ. Таомилга кўра, у қизнинг уйидаги зиёфатга келмайди.
Туцатлар авлодига мансуб аёллар кун бўйи нон ёпиш, таом пишириш билан банд бўлдилар.
Тўй тантанасини ёшларга чиқарган: ҳовлида давра қуриб олиб, рақс тушишдан бўшашмайди.  Тўйга истаган одам келаверади, истаганича ўйин-кулгуга қўшилаверади. “Сен кимсан?” ёки “Нега келдинг?” дегувчи топилмайди.
Келин ҳовлига чиқмайди, шодиёнага қўшилмайди. У ичкарида, аёллар хонасида. Дугоналари дам-бадам киришиб, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилишади. Унга қизиқ-қизиқ ҳангомаларни айтишади. Айтишади-ю, ўзлари кулишади. Золийхон дардини ошкор қилмаслик учун баъзан маъюсгина жилмайиб қўяди. Келиннинг эзгин ҳолати, оқариб кетган ранги дугоналарини ажаблантиради, аммо сабабини сўрашмайди. Ташқарига чиқишади-да, шодиёна даврага қўшилишади.
Уч кунлик зиёфат шу тарзда ўтди.
Золийхон уч кун оғир дард исканжасида ўтирди. “Юрагим чидолмай ёрилиб кетса керак”, деб ўйлаганди, йўқ, чидади. Эҳтимол, илоҳи тайёрлаб қўйган барча азобларни кўриш учун ҳам чидагандир...
Зиёфатнинг учинчи куни адоғига етай деб қолди. Ҳовлидаги машъалалар ёруғида катталар зиёфатни давом эттиришяпти. Ёшлар хизматда. Аёллар эса эрта тонгда келинни кузатиш тадоригини кўриб, уйда ивирсиб юришибди. Золийхон хонасида ёлғиз қолган. Уч кунлик хордиқ уни ҳолдан тойдирган. Аввал тиззасига бошини қўйиб ўксинди. Кейин деразага яқинлашиб, кўзларини катта-катта очиб, самога тикилди. Юлдузлар чарақлаб турган бўлса-да, нур кўринмади кўзларига. Унинг келажагини тун зулмати қоплаб олган: на бир ёруғлик, на бир нажот бор.
Ҳовлидан қийқириқлар эшитиляпти.  Келин-куёвнинг бахти учун қадаҳлар бўшатиляпти.