Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - НОМУС
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - НОМУС PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа

НОМУС

Улар нари кетишгач, Заур Темир, Тамби, Зураб ва яна бир неча Тўтараевлар ҳамроҳлигида юқорига, қизи қолган ғорга кўтарила бошлади. Ғорда фақт отни кўришди, Золийхон йўқ эди. Зураб ғор қоронғилигида ҳам отини таниб, ичида рақибини яна лаънатлаб қўйди.
Улар Золийхонни қанча қидиришмасин, қанча чақиришмасин, жавоб бўлмади. Умидлари синиб пастга қайтиб тушишмоқчи бўлиб туришганда, ғор оғздан нарироқда, жар ёқасидаги майдончада оқ нарсага Зурабнинг кўзи тушди. Пастдаги олишув кафтдек кўриниб турадиган майдончада Золийхон беҳуш ётарди. Беҳуш қизни ўраб олганлар унга жимгина қараб туришди. Жимликни Заур бузди. У Тбау-уац-Иланинг гуноҳкорни жазолаганини, бу ҳақда илоҳий кечада Тбау чўққисида хабар берилганини, ниҳоят илоҳларининг яна бир ихтиёри амалга ошажагини, яъни Золийхоннинг Керимга хотин бўлажагини айтди.
Темир унинг гапларини бўлмай эшитди. Кейин бош чайқаб, унинг кейинги башоратини қатъий равишда рад этди:
-Тўтараевлар номус-ор нималигини яхши биладилар. Тўтараев ўғлонларида никоҳ кечаси ўйнаши билан қочиб кетган беҳаё қизга уйланиш одати йўқ!
Туцатлар лаб тишлаб қолишди: Темир ҳақ!
Заур Керимнинг Золийхонга уйланиши худонинг иродаси эканини яна қайтариб айтди.
-Ким билади, бунинг қизлик номуси қолганми ё йўқми?-деди Темир яна қайсарлик билан.
-Бундай гумонга борма,-деди Тамби.-Биз уларни изма-из таъқиб қилиб келдик. Бунақа ишни ўйлашга ҳам фурсатлари бўлмаган. 
Яқиндагина номус йўлида якдил бўлганлар энди айнан номус масаласида айри-айри бўлдилар. Бирларининг гаплари иккинчиларига тўғри келмай, узоқ баҳслашдилар. Ниҳоят, куёвнинг келишини кутишга қарор қилдилар: “Золийхонга уйланадиган Керим нима деса шу бўлади”. Ҳануз беҳуш ётган  Золийхонни бўрк устига олдилар-да, авайлаб кўтарганларича аста-секинлик билан пастга олиб тушдилар.
Қизни йўл четига ётқизиб, тун совуғи таъсир қилмасин, деб устига бўрк ёпдилар. Куёвнинг қарорини билмай туриб тарқалишни ҳеч ким истамади. Йигитлар қоя панасида гулхан ёқдилар. Тўрт йигит таом келтиргани кетди.
Зураб куёвнинг тутинган акаси, келиннинг яқин кишиси сифатида Золийхонга хизмат қилиш истагини билдирди. Дарё лабига тушиб папоғини муздек сувга тўлдиргач, аста юқорига чиқди-да, беҳуш қизнинг юзига сепди. Бахтсиз қиз ўзига келди. Қаддини кўтариб атрофига аланглади. Қаердалигини англади. Бир неча дақиқа илгари шу жойда юз берган даҳшатли фожиа яна кўз олдида гавдаланди. Кўзларини катта-катта очганича тебраниб ўтираверди. Бироздан сўнг тебранишдан тўхтаб, рўмолчасини олиб, юзини артди. Шундан сўнг гўё тошдек қотиб ўтирди.
Зураб тун бўйи ундан кўз узмади.
Куёв навкарлари билан висолга ошиқаётган Керим довонга етиб келганида қуёш анча баландлаган эди. Йўл бўйида тўпланиб турган одамларга кўзи тушиб, аввалига ажабланди. Яқинроқ келиб, танишларини, қариндошларини кўрди-ю, ҳайрати янада ошди. Отдан сакраб тушиши билан Зураб унга биринчи бўлиб яқинлашди. Абрекнинг келинни олиб қочгани, шу ерда қўлга тушганини шоша-пиша айтиб берди.
-Урусхон қани?-деб сўради Керим, ғазабдан вужуди ёниб.
-Ажали уни шу ерда кутиб олди,-деди Зураб камтарлик билан. Олишув ҳақида гапириб ўтирмади. “Вақти келганда бошқалардан эшитиб, билиб олар”, деб ўйлади.
Керимнинг хаёли ҳозир бошқа муҳим масала билан банд, шу боис Урусхоннинг қандай ўлдирилгани билан қизиқмади:
-Золийхон қани?
-Ана, бўрк устида ўтирибди. Керим, сен ундан...
Зураб “шубҳаланма” демоқчи эди, Керим унинг гапини шарт узди:
-Отам нима дейди?
-Энди уйланиш ё уйланмаслигингни ўзинг ҳал қилар экансан.
Улар тўпланиб турган одамларга яқинлашдилар. Салом-алик жимгина, ғоят совуқлик билан ўтди. Керимнинг кўзи йўл ёқасига тўшалган бўрк устида ухлаб ётган Золийхонга тушди. Заур номуси топталган куёви билан гаплашиб олиши зарур эканини англади.
-Керим Тўтараев, мен ва менинг укаларим ҳозир сенинг қаршингда уятли ҳолда турибмиз. Сен ўз марҳаматингни аямай, туцатлар авлодидаги қизга уйланиш истагини билдирдинг. Аммо биз учун ҳам кутилмаган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган шармандалик юз берди. Бизга ўғил бўлиб тутинган одам одатимизга хиёнат қилиб, қизни олиб қочди. Қиз зўрлаб олиб қочилганми ё ўз хоҳиши билан қочганми, буни биз билмаймиз. Аммо биз гуноҳ ишга қўл урмасларидан уларни тутдик. Энди ҳамма гап ўзингда қолди: унга уйланиб, уйингга олиб кетасанми ёки никоҳни рад этиб, қизимизни ўзимизга қайтариб берасанми?
Бу гаплар тўпланганларга маъқул келиб, ўзаро шивирлашиб олишди.
Ҳаяжон ва қарама-қарши хислар тўфони таъсиридан Керимнинг чиройли юзи оқариб кетди. Нима деб жавоб беришни билмай, отасига нажот кўзи билан қаради. Темир ўғлини даврадан четроққа бошлади. Ёши улуғ Тўтараевлар ҳам унга эргашдилар.
Темир ўғлининг эркини бутунлай ўзига бергани ҳолда Золийхонга уйланиш уни бахтли қила олмаслигини, энг муҳими – бундай беор қизни ўз оиласига қабул қилиш ўзига ҳам, ака-укаларига ҳам анча оғир кечишини таъкидлашни унутмади.
Керим отасининг аҳволини тушуниб турса ҳам Золийхондан воз кеча олмайди. Бир неча йил мобайнида шу қиз ишқида азоб чеккан йигитнинг, маҳбубасига етишай деб турганда ундан юз ўгириши осонми? Қиз томондан муҳаббат бўлмаса-да, унга етишиш фикри ҳамон устун эди. Рақиби ҳалок бўлгач, севгиси йўли батамом тозаланганига ишонч ҳосил қилган эди.
-Мен у билан гаплашиб кўрай,-Керим шундай деб қиз томон юрди.
Аммо отасининг овози уни тўхтатди. Темир уни ҳоли жойга бошлади:
-Бир нарсани билиб қўй: номуси булғанган қизни уйимга олиб киришингга йўл қўймайман. Бу масалада ҳукм битта бўлади, шуни билиб қўй!
Керим: “тушундим, ота!” дегандай қўлини кўксига қўйди-да, қиз томон юрди. Ғала-ғовур туфайли қуш уйқусидан уйғонган Золийхон уни кўриб, ҳурмати юзасидан ўрнидан турди. Унинг оқ шоҳи кўйлаги ғижимланиб кетгани йигитнинг назаридан четда қолмади. Керим номусига бу қадар оғир зарба берган қизга қараб, нима деб гап бошлашини билмай гарангсиб туриб қолди. Ўзини мафтун қилган гўзал чеҳрага қараб,  ғам-алам булутининг қоронғи соясини илғади. Қизга бўлган нафрати ва ғазаби пича сусайди. Шу боис ҳам унинг овози майин ва беозор чиқди:
-Золийхон, мен сени айбламайман. Севган одаминг ўлибди. Бундай ғамни кўтаришинг қийинлигини биламан. Аммо сен ҳам билиб қўй: сен севмаган кимса ҳали ҳам сени дейди, сендан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмайди. Қалбингда унга ўрин бўлмаса ҳам, у сени уйига олиб кетишни истайди. У дунё ташвишларидан сени паноҳига олмоқчи. Унинг қанотида бўлсанг, балки ғамларингни аста-секин унутарсан.
Йигит гапираётган пайтда қиз осетинларнинг одатига риоя қилмайди – бошини эгмайди, кўзларини ерга тикмайди. Тош каби қотиб қолгандай унга бақрайиб қараб тураверади. Қофқазлик эрлар ҳеч қачон хотинларни эркаламайдилар. Бунга кўниккан хотинлар ҳеч қачон улардан бундай лутф кутмайдилар. Ҳозир эса... ўзга ҳол юз берди. Ҳақоратларга лойиқ қизга бунчалар меҳрибонлик?.. Золийхон ўз қулоқларига ишонмаса ҳам, йигитнинг гапларидан кейин ғам тўла юраги юмшади. Кўрган даҳшатларидан кейин илк марта йиғи келиб, кўнглини бўшатди. Унинг кўзларидан қуйилган ёш сели ёноғидан оқиб, кўйлагига тушди. Қиз шундагина уни шунчалар севган Керимга бевафолик қилиб қанчалар гуноҳга ботганини сезди. Чекинган ғами ўрнини жиноятини англаш туйғуси, уят ва шармандалик ҳисси эгаллади.
Золийхон ўзини бошқара олмай қолди. Беихтиёр равишда йигит қаршисида тиз чўкди.
-Оҳ, Керим! Нималар деяётганингни ўзинг биляпсанми? Мен сенинг бундай гапларингга муносиб эмасман!
Четда турганлар бу ҳолатни кўришиб “қиз кечирим сўраб ёлворяпти”, деб ўйлашди.
Керим қизнинг гапини бўлди:
-Золийхон, нима қилиш керак? Отам билан қариндошларим ихтиёрни ўзимга беришди. Энди сенинг истагингни билишим керак: мен билан бирга кетасанми?
-Керим, сен мени ҳурмат қилмаслигинг, гапларимга ишонмаслигинг ҳам мумкин.
-Золийхон,-деди йигит титроқ овозда,- ғамингга бефарқ эмасман, сенга ҳамдардман. Пушаймонингга ҳам, тавбангга ҳам ишонаман.
Қиз йигитнинг бу марҳаматини қабул қила олмади. Кескин бош чайқади:
-Мен бунга лойиқ эмасман. Мен сенга бевафолик қилдим. Ҳаддим сиғмаган одамга қўнгил қўйдим.
Керим қизни кечиришни истайди:
-Балки у сени қўрқитгандир... зўрлагандир?
-Йўқ, мен ўз ихтиёрим билан унга эргашдим,-деди қиз яна ўжарлик билан.
-Бўлар иш бўлиб ўтди,-деди соф қалбли Керим.-Тбау-уац-Иланинг ҳукми ижро этилди. Энди у худонинг ҳузурида ҳисоб беряпти. Сен билан иккимиз ҳали ер юзидамиз, қуёш нуридан баҳраманд бўляпмиз, илоҳимиз бизга ҳаётни инъом этди. Золийхон, мен сенинг жавобингни ҳозирнинг ўзида отамга етказишим керак. Агар сен ўзингни менинг олдимда айбдор деб ҳисоблаётган бўлсанг, нима учун гуноҳингни ювишни истамаяпсан? Ўтган гапларни унутайлик, мен сендан меҳримни аямайман. Сен кўп алам тортдинг. Кел, қўлингни бер, келажакдаги ҳаёт йўлларимизни бирлаштириб, биргаликда босиб ўтайлик. Шундай қилсак, бугунги зулматлар чекиниб, бизга ҳам нур кулиб боқар? Цагат Ламардонга қайтиб боришинг сенга жуда оғир бўлади. Охирги марта сўраяпман: мен билан бирга кетишни истайсанми?
Бу гаплардан кейин иложсиз қиз аста шивирлади:
-Агар  хоҳишинг шу бўлса, сен билан бирга кетаман. Умримнинг охиригача фақат сен учунгина яшайман.
Бундан мамнун бўлган йигит енгил таъзим қилиб орқасига ўгирилди, лекин асосий нарсани сўрамагани ёдига тушиб, тўхтади. Тўхтади-ю, аммо сўрашга тили бормади, истиҳола қилди. Лекин сўрашга мажбур эди, шу боис тутила-тутила сўз бошлади:
-Золийхон... мени авф эт... яна бир нарсани... сўрашим керак... Буни сўрашни отам талаб қиляпти... У сени олиб қочганида... кечаси... кечирасан... ораларингда бирон нима бўлмадими?..
Керим очиқ гапиролмагани билан, Золийхон унинг мақсадини уқиб, изза чекди. Нечоғли уятли бўлмасин, мажбурият юзасидан берилган саволга жавоб қайтаришга мажбур эди.
-Йўқ, йўқ, Керим! Бунга... унинг вақти ҳам... имкони ҳам йўқ эди... Биз отга ўтира солиб шу ергача қочиб келдик. Ҳеч бир ерда тўхтамадик. Изма-из қувиб келишди.
Бу жавобдан кейин Керимнинг елкасидаги тоғ ағанагандай, енгил тин олди:
-Мен шундайлигини билардим. Мен сенга ишонаман. Аниқлаштириб олганим яхши бўлди, Золийхон. Энди номусли қиз сифатида остонамизга қадам қўйишингни отамга айтаман.
Йигит кетди.
Қиз софдил бу йигитнинг орқасидан югуриб, ҳақиқатни айтмоқчи ҳам бўлди, аммо уят ва ғурури бунга йўл бермади. Ҳатто оёқлари ҳам ўзига бўйсунмай қолди. Унинг гуноҳи катта ва қўрқинчли аждаҳо қиёфасини олиб, қаршисида қад ростлади-ю, бутун оламни гулдиратиб қичқирди:
-Билиб қўй, ҳой номуссиз қиз! Бу ҳам Тбау-уац-Иланинг жазоси!