Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа

 

АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
Эртасига Зураб яхшилаб кийиниб-тараниб, Заурнинг уйи томон юрди. Ошнасининг ҳовлига кириб келаётганини кўрган Қўрғок шодон қичқириқ билан уни қаршилади. Зураб унга бир ўрам тамаки берди. Қўрғок тамакини олиб, шоша-пиша беркитди-а, унга савол назари билан қаради.
Зураб имо-ишора билан руҳоний отада зарур юмуши борлигини билдирди. Соқов қўноқхона томонда турган курсига ишора қилиб “ўтира тур”, дегандай бўлди-ю, отасига Зурабнинг ниятини маълум қилиш учун ичкарига кириб кетди.
Заурнинг хонасида ортиқча жиҳозлар йўқ эди: хонанинг бир томонига жўнгина сўри қўйилган. Ҳафсала билан безак берилган милтиқ шу сўри тепасига осилган. Иккинчи томонни  Ила худосини турли кўринишларда тасвирловчи суратлар  эгаллаган. Тўрдаги энг катта сурат олдида мўъжаз чироқ липиллаб ёниб турибди. Унча катта бўлмаган думалоқ курси устида оқ қайиндан кесиб олинган, йўғонлиги бармоқдек келадиган тўртта таёқча кўзга ташланади.
Қўрғок ичкарига қараган маҳалда Заур ибодат билан банд эди. У Иланинг сурати қаршисида тиз чўкканча пичирлаб, дам-бадам  саждага бош қўярди. Ибодати ниҳоясига етганда чўқиниб олди-да, ўрнидан турди. Отасининг ибодатдан туришини сабр билан кутган Қўрғок овоз чиқариб, эшик томонни кўтарди. Заур муридларидан бири келганини англаб, ташқарига йўналди. Остонада кўриниши билан Зураб унга эҳтиром кўрсатиб, таъзим қилди. Бу эҳтиром Зурабнинг қарилиги ёки руҳоний ота эканлиги учунгина эмас, балки буларнинг уруғига узоқ йиллар давомида хизмат қилган ўз аждодларининг ҳурмати учун ҳам эди.
Кекса Заур  Зурабнинг келишдан мақсади нима эканини  мулойимик билан сўради. Зураб  фаришталардан муҳим бир ишнинг оқибатини сўраб беришни илтимос қилди. Бу кун ҳали туз тотмагани сабабли руҳоний ота Зурабнинг илтимосини бажо этиши мумкин эди. У Золийхонни чақириб, сув келтиришни буюрди. Отасининг амрини бажараётган қиз Зурабга савол назари билан қараб-қараб қўйди. Отасининг қўлига сув қуяётган дамда ҳам кўзи чақирилмаган меҳмонда эди. Хаёли эса “рад жавобини олгандан кейин сурбетларча яна келишидан мақсади нима экан?” деган саволга жавоб изларди. Зураб бир мартагина қиз билан кўз уриштирди. Кейин худди аввалги куни совчилик қилмагандек, бугун Заурни зиёрат этмоқдан ўзга  нияти йўқдек Қўрғокка қараб, имлашганича “гаплашаверди”. Заур қўл-бетини ювиб бўлгач, сочиққа артинди-да, Зурабга “орқамдан юр”, деб ишора қилиб ичкарига кирди.
-Нималарни билиш истагидасан?-деб сўради у Зурабга ўгирилиб ҳам қарамай.
-Мен дўстимнинг севганига етишиши ё етиша олмаслигини билмоқчи эдим.
Заур бу гапни эшитиб, ўгирилди. Кодатнинг ўғлига қараб олди. Кейин икки дераза орасидаги токчада турган кичкинагина ёғоч косачага кўз ташлаб қўйди. Зураб бу нигоҳнинг маъносини тушунди.
Авлиё Иланинг тасвири томон ўгирилган руҳоний ота кумуш танганинг таниш ва ёқимли жарангини эшитгач,  тиз чўкди-да, дуо ўқий бошлади. Ора-сира саждага бош қўйиб турди. Ниҳоят чўқиниб олгач, ўрнидан турди. Унинг ҳаракатларини диққат билан кузатаётган  Зураб ҳам беихтиёр чўқиниб олди. Заур шошилмасдан, тантанавор қадам ташлаб  курсига яқинлашди-да, бир таъзимни бажо келтириб, таёқчаларни қўлига олди. Сўнг қўлларини олдинга чўзганича Иланинг энг катта тасвирига яқинлашди-да, пичирлаб дуо ўқий бошлади.
Руҳоний отадан кўз узмаётган Зураб ҳудди илоҳий бир даҳшат чимматига ўралиб бораётгандай ҳис қилди ўзини.  Заур зўр бериб дуо ўқиётган пайтда таёқчалар гўё жонлангандай қимирлашди. Улар қандайдир куч таъсирида юқорига кўтарилдилару, сўнг яна Заурнинг кафтларига қўндилар. Шу алпозда осетинча бир ҳарфни ясадилар.
Заур ибодатини тўхтатмай, балки янада берилиброқ дуо ўқий кетди.
Таёқчалар яна кўтарилдилар. Яна жойларига қайтдилар. Яна аввалги ҳарф ҳосил қилинди.
Заур ибодатини ниҳоясига етказиб, илоҳи Ила  ҳақига  пичирлаганича шукрона айта-айта таъзим қилгач, таёқчаларни жойига қўйди-да, Зурабга юзланди:
-Тбау-уац-Ила саволингга жавоб қайтарди. Дўстингнинг бахти кулгай, умидига етгай, севганига етишгай. Энди тутунган уканг номидан Тбау-уац-Илага шукр қил!
Руҳоний отанинг “тутинган уканг номидан” деб таъкид оҳангида гапириши Зурабни лол қолдирди. Заур унинг ажабланишини сезмагандай мулойимлик билан деди:
-Кимнинг номидан келганинг менга ошкор этилди.
Бу гапдан кейин Зураб Иланинг тасвирига юзланиб тиз чўкди, шукрона дуосини ўқиб, тўхтовсиз равишда чўқиниб, беҳисоб равишда сажда қила кетди.
Шу куниёқ у Кадгаронга чопар жўнатиб, хушхабарни Керимга етказди.
***
Орадан кунлар, ҳафталар ўтди. Май ойи водийга тантанавор ва ғолибона қадам ташлади. Ҳамма ёқни нафис гулларга, илиқ қуёш нурига чўмдирди.  Золийхон баъзан қийин аҳвол бандилигида қийналса ҳамки, Урусхонни оч-наҳор қолдирмади. Бунинг учун у бир неча маротаба айёрлик ва алдов кўчаларига кириб чиқишдан ҳам ор қилмади. Аввалига у ўрмон ёқасигагина келар, ўзини Урусхоннинг бағрига отар эди. Мана шу шарқираб оқаётган ирмоқ  сонсиз бўсалар ва эркалашларнинг тилсиз гувоҳи. Тотли кечаларнинг бирида Урусхон унга шундай деди:
-Юр, мен сенга ўзимнинг шоҳона кўшкимни кўрсатай. Момиқ ўтлар менинг кўрпа-тўшагим, илдизлар - юмшоқ ёстиғим.
Бу таклифдан Золийхон қўрқиб кетиб, орқасига тисарилди:
-Йўқ, йўқ,-деди у титроқ овозда,-Урусхон,  зўрлама, мен журъат қила олмайман.
Бу ўжарлик Урусхоннинг ғазабини уйғотди:
-Амримга итоат этасанми ё йўқми?!-деди у овозини баландлатиб.-Қачондан бери хотин эрга бўйсунмайдиган бўлиб қолган?
Урусхон севгилисининг нимадан қўрқаётганини англамай ножоиз ранжиган эди. “Ёрим худонинг қаҳр-ғазабига учрамасин”, деган ҳавотирдаги Золийхон очиғини айтишга журъат этди:
-Урусхон, сенга итоат этиш менинг бурчим, лекин... мен... сенга бирон фалокат ёпишиб қолишидан қўрқяпман.
Урусхон унинг кўзларини меҳр билан ўпди-да, сўнг даст кўтариб олди:
-Қўрқма, ҳамма гуноҳни ўз гарданимга оламан.  Урусхон хотинини қандай сева олишини Тбау-уац-Ила бир кўриб қўйсин!
У Золийхонни кўтариб борар, қўрқув чангалидаги қиз эса унинг бўйнини маҳкам қучоқлаб, кўзларини юмиб олган эди. Уларнинг йўлларини тўсиш учун шохларини осилтириб турган қари эман дарахтига ҳам эътибор бермай ўтдилар. Урусхон мамнун кулганича нозик-ниҳолини ерга қўйди. Сўнг булоқ  лабига бўркини тўшади.
Золийхон унинг ҳаракатларига монелик қилмади. Буларнинг ҳаммаси унга ширин туш каби ёқимли туюлаётган эди.
У – мард йигитнинг севган ёри – муқаддас ўрмонда ётибди. Бу не сир-синоатки, даҳшатли Тбау-уац-Ила унга жазо бермаяпти!
Уни чақмоқ ҳам ургани йўқ, худо унга жазо юбориб, кўзларини кўр ҳам қилмади, ақлини ҳам олмади. Наҳотки Тбау-уац-Ила ҳақидаги гаплар шунчаки уйдирма бўлса?
Урусхон бўрк устида нозланиб ётган қиз томон эгилди.  Лабларидан бўса олди. Ҳақиқий  бахтли ҳаёт кечиришга, муҳаббат лаззатидан доимо баҳраманд бўлиб юришга даъват этди.
Кейин  фақат ўзигагина маълум бўлган тоғ чўққисида жойлашган эски сарой ҳақида гапириб берди.
...Қалин ўрмонлар бағридан гўё юлқиниб чиққандай туюлувчи тоғ чўққилари кўкда, булутлар салтанатидан ўрин олган. Унга олиб чиқувчи на бирон йўл, на бирон сўқмоқ бор.
-У ерга ўзинг қандай чиқиб борасан?-деб ажабланиб сўради Золийхон.
-Қояларга қоқилган ҳалқалар сақланган. Саройга чиқиб олгач, унда фақат ўзим эркин ҳоқонман. У ерга тирик жоннинг оёғи етолмайди. Мен сени ўша ерга олиб кетаман.
-Жоним. қаҳрамоним, сен мени қаерга бошласанг, изингдан боравераман,-деди қиз эркаланиб.
Ирмоқ аста шилдираб, гўё ишқ савдосидан қўшиқ куйлайди. Тбау осмонида ҳукмронлик қилаётган ой нурлари сокин ўрмонни кумуш нур чодирига ўрайди...