Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ЎҒИЛ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ЎҒИЛ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа


ЎҒИЛ

Шомга яқин Урусхон ҳушига келди,  кўзларини очиб, атрофга ҳайрат билан боқди. Эшик ёнида ўтирган қуролли икки йигитни кўрди. Ўрнидан турмоқчи эди, оёқлари боғланганини сезиб, ортиқча ҳаракат қилмади. Яна кўзларини юмди-да, ўзини ухлаганга солди. Аммо онги уйғоқ эди. У бўлиб ўтган воқеаларни эслашга уринди: тўғри, у эҳтиётсизлик қилиб, ўрмондан чиқди, унга ўқ уздилар... лекин, уни алдаган бола...
Урусхон болага ханжар урганини эслаб, мамнун жилмайди. “Сотқинлик учун жон билан ҳақ тўлайдилар... Қизиқ, бу ерга қандай келиб қолдим? Муқаддас ўрмонга кириб мени олиб чиқишга ким журъат этди? Ким мени боғлаб ташлади? Уйқуда эдимми ё ҳушсизмидим? Қанчадан бери ётибман? Чанқадим, оғзимда тупук ҳам қолмабди...”
-Сув... менга сув беринг,-деди у беиҳтиёр.
Унинг хирилдоқ овози жуда паст эди. Шунга қарамасдан қўшни хонада ўтирган Золийхон пахлавонининг илтижосини  эшитди, шошилганича  чиқиб, ярадорга қарамоқчи бўлган соқчининг қўлидан истаконни олиб, мис қумғондан сув қуйди-да, бир қўли билан Урусхоннинг бошини кўтарди. Золийхонни кўрган Урусхоннинг кўзлари чақнаб кетди. Сувни ютоқиб-ютоқиб ичди-да, баланд овозда:
-Раҳмат!-деди, кейин овозини пастлатиб сўради:-Мен қаердаман?
-Отамнинг қўноқхонасида,-деди қиз ҳам паст овозда, сўнгра янада шивирлаб:-Кейин, кейинроқ гаплашамиз...-деб қўйди.
Бу онда Заур ўзининг хос хонасида Тамби ва Иналдко билан маслаҳатлашиб ўтирарди. У  боши беш минг рублга баҳоланган машҳур абрекни Темир Тўтараев таниганини  укаларига маълум қилди-да, “Тбау-уац-Ила  марҳамат кўргазиб, содиқ хизматларим эвазига бу мукофот пулини менга лозим кўрди. Агар худойим шуни хоҳламаганида жиноятчини менинг қўлимга топширмай, ўзи жазолаган бўларди”, деб изоҳ берди. Укаларга бу изоҳ маъқул келмади. Гарчи “Худо жиноятчини ўзи маҳв этмай қўлимизга топширди”, деган фикрга қўшилсалар-да, қочоқни қўлга олишда барча туцатлар иштирок этганлари сабабли олинажак пул мукофоти тенг тақсимланиши керак, деган талабни ўртага қўйдилар.
Укаларининг талаби Заурга маъқул келмай, баҳс бошланиб кетди.
Заур абрекни биринчи бўлиб кўрганини қайта-қайта такрорлайверди. Укалари эса унга жавобан: “ёнингда биз бўлмасак, ёлғиз ўзинг унга яқинлашишга журъат эта олмаган бўлардинг, уни ким ушлаб, ким боғлаб, ким кўтариб келди, буни ҳисобга олмайсанми?” деб қаттиқ эътироз билдиришди.
Заур ён босишга мажбур бўлди – олинажак пул мукофотини теппа-тенг тақсимлашга қарор қилдилар.
Дераза ёнида турган Золийхон уларнинг бу баҳсини эшитиб, ғашланди.
Ҳали қўлга олинмаган пул ҳақидаги баҳс ҳал этилгач, Тамби “Биз  ҳали йўқ нарсани талашиб ўтирибмиз. Ҳукумат ваъдасини бажариб, пулни берадими ё йўқми?”, деган гумонни ўртага қўйди.
-Мен билан пул талашмай, гапни шундан бошласанг дурустроқ бўларди,-деди Заур норози оҳангда.-Сен шаҳарга тушиб, ўша ердаги катта-кичик амалдорлар орқали бу ҳақда аниқ маълумот тўпла. Биз шунга қараб иш кўрамиз. Агар жиноятчини ҳукуматга абрек сифатида топшириб юборсак, таъна тошлари остида қоламиз. Пул униши аниқ бўлсагина, биз уни ҳарбийлар касалхонасига олиб борамиз, шунда ҳам абрек Урусхонни эмас, муқаддас ўрмонимизни оёғости қилиб топтаган шаккокни, руҳонийлар табақасига мансуб йигитчани ўлдирган қотилни ҳукумат ихтиёрига топширамиз. Шундан кейин ҳукумат вакиллари Урусхонни таниб қолсалар, оиламизнинг айби эмас.
Бу фикр Иналдкога ҳам маъқул келиб, Тамбининг эртагаёқ шаҳарга боришини сўради.  Заур эса абрекни биров топа олмайдиган жойга яшириб қўйишини айтди. Шундай иттифоққа келган оға-инилар ҳотиржам равишда қўноқхонага чиқдилар. Бу ерда Моцко туцатларнинг азиз меҳмони Темир суҳбатлашиб ўтирарди. Керим билан Зураб эса катталарнинг гапларига аралашмай, девор томонда, ханжарлари дастасини омонат ушлаганлари ҳолда тик турардилар. 
Заур  Иналдко билан  кириб, Темирнинг ёнидан жой олгач, ёшлар енгил таъзим қилганларича ташқарига чиқиб, тоққа кўтарилдилар. Чўпонларнинг ҳужраси яқинидаги харсангга ўтириб нафас ростлаб олишгач, Зураб дўстига бўлиб ўтган гапларни бирма-бир баён қилди.
Отаси билан амакиларининг баҳсини ўғринча эшитиб турган Золийхон даҳшатдан қалтирай бошлади. Гарчи гапларни аниқ-тиниқ эшита олмаган бўлса-да,  бир нарсани – мукофот теппа-тенг тақсимланишини англади. Демак, унинг севгилисини ҳукумат жаллодлари қўлларига топширишмоқчи! Қўшни хонадаги тортишув барҳам топгач, Золийхон изига қайтди. Унинг хаёлида фақат битта аҳд чарх урарди: Урусхонни қутқариш керак! Кечгача от ҳозирлаб қўйса, тунда бандиликдан бўшатиб қочириб юборади. Урусхоннинг Сибирга жўнатилишига сира ҳам йўл қўймайди!
Соқчилар Урусхоннинг ёнида чекиб ўтиришибди. Бир қадам ҳам нари кетиш йўқ. Қани эди, Золийхон  севган ёри билан бир нафасгина бўлса-да, ҳоли қололса! Қиз ҳудди чўғ устида ялангоёқ тургандай безовталанади. Урусхон ярим юмуқ кўзларини унга тикиб, хавотирини, гапини айтишга фурсат тополмай қийналаётганини сезди. Урусхон қизнинг безовта кўзларига қараб, мақсадини уқишга тиришди. Севгилисининг хавотири бежиз эмаслигини билиб, бошига ёғилиши мумкин бўлган бало дўлига шай туриши шартлигини англади.
Ташқаридан таомланиш вақти етгани маълум қилиниб, Золийхон амакисининг қизи Салимат кўмагида соқчиларга дастурхон тузади.
-Овқат тайёр,-деди Золийхон соқчиларга қараб. Уларнинг имиллаб қўзғолишлари, дастурхон атрофидан жой олишларини тоқат билан кутди. Кейин уларнинг ижозати билан ярадорга таом билан сув келтирди. Урусхоннинг бошини авайлаб кўтариб, сув ичираётганда шивирлаб, хатардан огоҳ қилди.
Сув ичиб бўлган Урусхон қалқиб кетгандай йўталди-да, секингина шивирлади:
-Баҳона топиб битта соқчини чиқариб юбор, менга пичоқ бер.
Золийхон топшириқни англаб, ташқарига чиқди. Дам ўтмай жунчойшаб кўтариб кирди.
-Кечаси совуқ бўлади,-деди у соқчиларга изоҳ бериб. Кейин жунчойшабни авайлабгина ярадор устига ёпди. Жунчойшаб қатига яширилган пичоқ Урусхоннинг ёнига тушди.
Абрек жони қайтариб берилгандай қувониб, пичоқ  дастасини маҳкам сиқди. Сўнг сездириб қўймасликка  тиришиб, оёғини сиқиб турган арқонни аста қирқа бошлади. Золийхон эса кичкинагина хонтахта устига пиширилган қўй гўшти қўйди-да, қўшни хонадаги меҳмонларга элтиб беришни соқчилардан бирига илтимос қилди.
Урусхон хонадаги ҳар бир ҳаракатни зийраклик билан кузатиб ётди. Ҳукумат одамлари қўлига тушишни сира-сира истамаётган Урусхон жонини сақлаб қолишнинг минг бир йўлини изларди. Ниҳоят топди! Ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайдиган дадил режа тузди: энг аввало қандай қилиб бўлса-да, аёллар бўлмасига кириб олиши шарт. Ана шунда кавказликлар одати бўйича ўғиллик ҳуқуқига эришади-ю, руҳоний ота уни ҳукумат одамлари қўлига топшира олмайди!
Аёллар бўлмасига ўтиб олиш айтишга осон. Аслида устара тиғи бўйлаб ялангоёқ юришдай гап бу. Ё - ўлиш, ё – қолиш! Аёллар бўлмасига киришга интилган ҳар қандай бегона эркакнинг ўлим топишини у яхши билади. Жони гаровда, бироқ бошқа чораси ҳам йўқ. Фурсат етди: арқон қирқилди, хонада соқчининг бир ўзи қолди. Золийхон фурсат ғаниматлигини англатувчи ишора қилди. Соқчини ушлаб қолишга ҳаркат қилишини кўз қараши билан билдирди.
Урусхон фурсатни қўлдан бой берувчи ландовур йигитлардан эмасди. У яра азобини ҳам унутиб, ирғиб ўрнидан турди. Буни кўрган соқчи унга ҳамла қилай деганида Золийхон худди ҳушдан кетгандай ўзини унинг қўлларига ташлади. Соқчи нима воқеа юз берганини англашга улгурмай, Урусхон унинг устига жунчойшабни отиб, Золийхон кутгандай ҳовли томон эмас, хонадон бекасининг хонаси томон югурди.
Дераза ёнидаги курсида ўтирган ожиза бека шарпадан чўчиб тушди. Аммо Урусхон унинг туришига йўл қўймади. Бир қўли билан уни елкасидан қучиб, иккинчи қўли билан кўйлаги тугмаларини узиб ташлаб, кўкрагини очди. Кампир унга қаршилик кўрсатишга ожиз, бақиришдан бўлак иложи йўқ эди. Ҳаёти қил устида турганини билган Урусхон эса режасини амалга оширишга ошиқарди. Сийнабандни юлқиб узиб олгач, кампирнинг қуриб кетган, ажин босган кўкраги кўринди. Урусхон  ожизани икки қўли билан маҳкам қучди-да, лабини кўкракка босиб, бир неча бор эмди. Режаси амалга ошгач, ҳаяжон ва ҳаракатдан ҳолсизланганича кампирнинг тиззасига бош қўйди.
-Мен сени эмиб олдим, энди мен сенинг ўғлингман!-деди у заиф товушда.
Урусхон буни айтмаса ҳам кампир қофқазликлар одати бўйича шундай бўлишини биларди. У дастлабки қўрқувдан қутилиб, ўзини босишга ҳаракат қилди. Кўкрагини беркитишга  уриниб:
-Сен кимсан? -деб сўради.   
-Мен бир бахтсиз одамман, қочоқман,-деди Урусхон ғамли овозда.
-Ўрмонда қўлга олинган шаккок сен эмасмисан?-деди кампир, уни ўзидан нари итариб.
-Одатимиз бўйича мен энди сенинг ўғлингман,-деб такрорлади Урусхон,-энди мендан бундай гапларни сўрама.
Шу онда  ханжар яланғочлаган Заур ва унинг укалари хонага бостириб киришди. Урусхон ўнг қўли билан курси суянчиғини ушлаб ўрнидан турди. Қалтис ҳаракат қилганидан кўкрагида яра очилиб кетган эди. Баданидан илиқ қон оқа бошлаганини сезса-да, бунга аҳамият бермай ғазаб оташида кўзлари чақнаётган Заурга тикилди:
-Мен уй эгасининг хотинини эмиб олдим,-деди у дадил гапиришга интилиб,-илоҳий қонунга кўра энди мен сенинг ўғлингман!
Заурнинг ночор қалби икки тўлқин орасида қалқиб қолди: бу қандай бедодлик-ки, қадамжони оёғости қилган шаккок, қизини йўлдан урган аблах, жиянини ўлдирган қотилнинг жазодан қутулиши камлик қилиб, энда ўғиллик даъвосини қилиб турса!? Бу ҳам етмагандай ҳукуматдан умид қилинган беш минг рубл пул мукофоти ҳам сомон хасларидай совурилиб кетяпти. Наҳотки Тбау-уац-Ила бундай фожиага йўл қўйса?
Шу алам ўтида куя бошлаганида хаёлига бошқа, нурлироқ фикр келди:
“Ҳа... Бу Тбау-уац-Иланинг жазоси. Бу куфроний менга ўғил бўлиш баҳонасида жонини қутқариб оляпти. Лекин муҳаббатининг барбод бўлганини ўйламаяпти. Шу ондан бошлаб у менга ўғил бўлса, қизимга ака! Ака билан сингилнинг қўшилиши эса ақлга сиғмайди! Тбау-уац-Иланинг ҳукми шундай!” Бу ҳукмдан қувонган Заур унга қўл узатди:
-Сен ўғиллик ҳуқуқига эриша олдинг. Энди сен менга ўғил, буларга укасан!
Бошқа туцатлар бу “янги қариндош”ни бунчалик тез тан олишни исташмаса-да, бобокалонларидан мерос одатга қарши чиқишга ботина олишмади. Мероснинг муқаддаслиги улардаги ғазабдан ва қасос ташналигидан устунроқ чиқди. Улар бирин-кетин Урусхонга яқинлашиб, ака-укалик риштасини боғлаш аломати ҳисобланган одатни бажардилар – бир неча нафас илгари душман ҳисобланган йигитнинг ўнг қўлини сиқиб кўришдилар. Энг охирида Тамба қўл узатди. Кичик ўғлига ханжар санчган қўлни дўст сифатида ушлашдан кўра ўлим азобига чидаш осонроқ бўлса-да, муқаддас одатга бўйсуниш бурчи устунроқ эди.
Заур Урусхон боғланган арқоннинг кесилганини кўргач, бу ишда қизининг қўли борлигини сезди. “Ёшларнинг юракларини чирмаб турган муҳаббат ипи қариндош тутиниш билан осонгина узила қолмайди”, деб ўйлади Заур. Бир неча дақиқа илгари Тбау-уац-Иланинг жазосидан мамнун бўлган руҳоний ота энди ҳушёр тортди. “Муқаддас одатимизга биз амал қилдик. Қадамжони хорлашдан қайтмаган бадкирдор ака-сингиллик чегарасини тан олармикин? Буни тезроқ узоқ ерларга жўнатиб юбориш зарур”, деган қарорга келиб,  Урусхонга аҳдини маълум қилди:
-Тбау-уац-Ила бу ердан тезроқ кетишингни хоҳлаяпти. Сен соғайиб, кучга киргунингга қадар бегоналарнинг кўзи тушмайдиган жойда ёта турасан.
Урусхон қарорни охирига қадар эшита олмай, ҳушдан кетди. Уни Заурнинг қўноқхонасига олиб чиқиб, жойига ётқиздилар. Бошқалар чиқиб кетишгач, Заур унинг ярасини қайтадан боғлаб қўйди.  Кейин укаларига аравани ҳозирлашни буюрди. Сўнг ярадорни авайлаб кўтариб чиқдилар-да, аравага ётқиздилар. Моцко ҳушсиз абрекнинг ёнига ўтириб, жиловни қўлига олди. Дори-дармон ва егулик таом ҳам аравага қўйилгач, икки ёш туцат қўшимча буйруқни кутмай, чаққонлик билан отларига миндилар-да, уларга ҳамроҳ бўлдилар. Моцко бошқараётган арава аввалига илонизи йўлдан пастга қараб юрди, кейин эса шовқинли ва асов Қизилдон ёқалаб овулдан узоқлашгач, Тбау чўққиларини мўлжаллаб, юқорига кўтарила бошлади.
Бир неча соатлик йўл азобидан сўнг ён-атрофда ўт-ўлан кўринмай қолди. Гўё  тошу харсангдан иборат ўлик салтанатга кириб қолгандай бўлдилар. Айрим харсанглар остида аранг кўриниб турган кўкатларгина бунда ҳаёт борлигидан дарак бериб қолардилар. Тақир-туқур араванинг силкиниши ва тун салқини таъсир этиб, Урусхон ҳушига келиб,  тўлин ойнинг сутдай нурига чўмилган ўлик тоғу тошларга аланглаб қаради.
-Муқаддас тоғимизга етиб келдик,-деди Моцко унга бир қараб олиб.-Бу ерга киришга фақат бизнинг авлодимизгина ҳақли. Сен Заурга ўғил бўлдинг, энди бизнинг авлодимиздансан. То соғайгунингча шу ерда яшайсан.
Яна бироз юришгач, йўл дара томон бурилди. Тик қоялар нақ осмонга қадалиб қолгандай туюлади. Баҳайбат харсанглар шу жойда йўлни шартта тўсган. Жилов тортилмаса ҳам от ўз-ўзидан тўхтади. Моцко аравадан сакраб тушиб, дори-дармон ва таом ўралган тугунни қўлига олди. Жиянлари ҳам отларидан чаққон сакраб тушиб, унга яқинлашдилар.
-Уни отга миндиринглар,-деб буюрди у, Урусхонга қараб олиб.-Биттанг отнинг жиловидан тут. Биттанг ярадорни ушлаб кетасан, яна йиқилиб тушмасин, эҳтиёт бўлларинг. Мен олдинда бораман.
Жиянлар чурқ этмай, амрни бажаришга киришдилар: отлардан бирини аравага боғладилар-да, иккинчи отга Урусхонни миндириб йўлга тушдилар. Харсанглар орасидаги сўқмоқдан юқорилаш осон бўлмади. Юлдузлар салтанатига санчилиб қолгандай турган мағрур чўққилар ой нурини ҳам тўсди-ю, атрофни қоронғулик босди. Улар яккатовон йўл азобига бардош бериб, дўнгликни айланиб ўтдилар-да, ясси майдонга чиқдилар. Бу ердан водий кафтдагидек кўриниб турарди.
Урусхонни отдан тушириб, катта ғор оғзи ёнидаги харсангга суяб ўтқазишди.
-Рўзадор руҳонийлар бу ерда илоҳий кечани тоат-ибодатда ўтказадилар,-деб тушунтирди Моцко.-Бу ерда сен бехавотир яшашинг мумкин. Бу жойни фақат туцатларгина билишади. Кучга кириб олгунингча шу ерда қоласан.
Урусхонни кўтариб, ғор ичкарисига олиб кирдилар.
-Энди мана шу хазону хашак сенга юмшоқ тўшак бўлади,-деди Моцко, уни суяб, кейин жиянларига буюрди:- бўркни тўшанглар.
Топшириқ бажарилгач, Урусхонни ётқиздилар.
-Ана энди дамингни олавер,-деди Моцко.-Тугунда таом билан дори-дармон бор. Шишадаги сув бир кунга етади. Кундузи қуёш кўтарилганда ташқарига чиқиб ёт. Бу ернинг ҳавосида тез кунда қувватга қирасан. Бу йигитлар ҳар куни нон-сувингдан хабар олиб туришади.
Моцко “гап тамом” дегандай ташқарига йўналди. Аммо ғор оғзида тўхтаб, орқасига ўгирилди:
-Биз – туцатлармиз! Бобокалонларимизнинг қонунини биз учун муқаддас!- деди у ғурур билан.
Урусхон уларга миннатдорлик билдирди, йигитлар ғордан узоқлашмай туриб яна ҳушидан кетди.