Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - БЕОР КЕЧА
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - БЕОР КЕЧА PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа

БЕОР КЕЧА

Шарқ томондан кучли шамол эсяпти. Даргов водийси бўйлаб учиб, хуштак чалиб ўйноқлаётган бевош шамол Қизилдон сойининг сувларини чайқатиб, кўпиклатиб харсангтошларга, қояларга урди. Булутларни ҳам чок-чокидан сўкиб ташлаган телба шамол, лахтак парчаларни қизларнинг қалам қошини эслатувчи ҳилол атрофидан нари ҳайдаб кетди. Сўнг хасрат билан ув-в торта-торта ўзини Тбау тоғининг тошларига урди. Тоғ ёнбағрида йўлига ғов бўлган баланд миноралар, Цагат Ламардон овулининг эски бинолари атрофида сарсари кезди.
Бирор зарурати ёки муҳтожлиги бўлмаган одам бундай об-ҳавода уйда ўтиришни маъқул кўради. Осетинларнинг ярми ошхона, ярми эса турар жойга мўлжалланган  уйлари бу пайтда иссиқ, танга роҳат берадиган бўлади. Ўчоққа илинган қозон остида аланга рақсга тушади, ташқарида эса бўрон ҳамма ёқни остин-устун қилиб юбориш қасдида пишқиради. Эркаклар тошкурсиларда ўтиришиб, оловга ўйчан тикилганларича бирин-кетин тамаки ўраб тутатадилар. Бундай ўтириш эркакларга ярашади. Меҳнаткаш осетин аёллари эса бу вақтда ўзларига яраша бирон юмуш билан машғул бўладилар. 
Овулнинг адоғида кенг бир қўрғон бор. У бир-бири билан қўшилиб, қалъага ўхшаб кетган овулдаги уйлардан кейинроқ қурилган. Юқоридан туриб қараган одамга бошқалардан ўзини четга олиб, мунғайиб қолган етимчага ўхшаб кўринувчи бу қўрғон Туцат деб аталмиш юқори диний мартабали шажараларини қадимий юнонларга боғловчи авлоднинг бошлиғи Заурга тегишли. Диний ҳукмронлик унга ота-боболаридан мерос бўлиб қолган. Ислом  Қофқазга  кирганда, Заурнинг аждодлари бу динни мажбуран, юзаки қабул қилишган эди. Аслида эса ўзларининг қадимий урф-одатларига содиқ қолаверишганди. Уларнинг “Ила” деб аталмиш илоҳлари қадим замонларда қандай бўлса, эндиликда ҳам дзуар фариштасининг ҳимоячиси, момақалдироқ ва ёмғир худоси сифатида шарафланарди. Уларнинг руҳонийлари эса халқнинг йўлбошчилари сифатидаги мартабаларини сақлаб қолишган эди.
Асрнинг ўрталарида туцатлар Цагат Ламардондан уч чақирим наридаги тик ва ҳавфли қоялар орасида жойлашган Найфат қалъасида яшар эдилар. Абхазия князи Шервашидзе Осетия водийларига лашкар тортган кезлари муқаддас Найфат қалъасини вайрон қилиб ташлади. Туцатлар уни қайта тикламадилар. Шу яқин орадаги Цагат Ламардонга,  хизматкорлари – кодатлар ва шидатлар истиқомат қилувчи овулга кўчиб ўтдилар. Аммо қадимдан ардоқланиб келинаётган одатларни канда қилмадилар. Улар  ҳар йили муқаддас байрам кунлари Найфат қалъасига келиб, бутун қолган ҳужраларда икки ҳафта яшар эдилар. Ила худосини шарафловчи байрамни бу ерда ўтказиш анъанаси сира бузилмаган эди.
Москванинг “икки бошли бургути” Қофқаз узра қанот ёйганида водийликлар насроний динини қабул қилишга мажбур бўлишди. Бу сафар ҳам улар динни шунчаки хўжакўрсинга, юзаки қабул қилишди. Бу сафар ҳам қадимий урф-одатларига содиқ қолишди. Янги дин ҳам  ёмғир ва момақалдироқ ҳукмрони эканини билишгач,  ўткир фаросатларини ишлатиб, ўзларининг худолари - Ила насронийлардаги авлиё Илянинг айнан ўзидир, деган хулосага келишди-ю, бегона дин таъқибидан қутулишди. Шу тариқа қадимдан қолган байрамларини ўтказишга ҳам монелик бўлмади.
Бу ерликларнинг ҳозирги руҳоний оталари Заур Туцат олтмиш ёшдан ошган бўлса-да, ҳали бақувват эди. У ота-боболаридан мерос қолган қалб тарбиясига алоҳида эътибор бериб, урф-одатларга қатъий равишда риоя қиларди. Аждодларининг руҳоний меросларини ҳамма нарсадан аълороқ қўяр,  шунингдек, номус ва ҳаёт хусусидаги ўгитларига мутаассибларча бўйсунар эди.
Хотинининг кўзлари ожиз бўлиб қолгани учун уй юмушлари унинг суюкли қизи гўзал Золийхон зиммасида эди. Заур Туцат ўғилларидан рўшнолик кўрмади. Тўнғичининг исми Қўрғок эди. Урф-одат қоидаларига кўра меросхўри ва ишининг давомчиси ҳисобланмиш катта ўғил гунг-соқов  эди. У бирон нима демоқчи бўлса,  ҳайвоннинг овозига ўхшаган товуш чиқарарди халос. У чақалоқлигида илашган оғир касалнинг асорати туфайли кар бўлиб қолганди. Туцатлар бу ҳолатни  турлича талқин қилар эдилар. Кўпларининг бу борадаги фикри бир – Заур Туцат бирон бир илоҳий қоидани бузганлиги учун Тбау тоғларининг худоси Ила унга шундай жазони лойиқ кўрган.
Иккинчи ўғли – Сузарко жасурликда ва чаққонликда тенгсиз эди. Худо чиройдан ҳам берганди. У бу ерларнинг энг сулув йигити ва раққоси саналарди. Осетиянинг ҳамма томонларидан ёшлар байрамга тўпланишган онда ҳам унинг олдига тушадигани топилмас эди. Аммо у меросхўрликдан бўйин товлаб, отасини ғафлатда қолдирди-ю, цирк чавандозларига қўшилиб кетди. Сузарко  бир куни шаҳарга тушганида сайёр циркка дуч келди-ю, тақдирини ўзи ҳал қилиб қўя қолди. Катта маош, томошалардаги олқишлар, циркнинг ўзига хос безакли ҳаёти йигитни ўзига мафтун қилиб қўйди. У ота мероси ўрнига чавандозликни афзал деб билди.
Ўғлининг аҳдини эшитганида руҳоний ота дастлаб ўз қулоқларига ҳам ишонмади. Кейин уни оқ қилди-ю, ўғли ҳақидаги хотирани қалбидан буткул ўчириб, уни ўлдига чиқарди. Хотини билан қизига ҳатто “марҳум”нинг номини тилга олишни ҳам тақиқлаб қўйди.
Укаси Тамбига худо кўп ўғил берган эди. Заурнинг ўрнини мерос қилиб олиши лозим бўлган Тамби шундайгина қўшни ҳовлида яшарди. Ўғилларидан умидини узган Заур Туцат укасига ўзининг юқори мартабасини қолдириш билан чекланмай, сеҳргарлик, фол очиш сирларидан ҳам воқиф қилишни ўйлаб қўйганди.
Хонадон соҳиби ман этшига қарамай, кўзлари ожиз она ўғлини ҳеч унута олмас эди. Кучли ва чаққон ўғли тез-тез хаёлида намоён бўлаверарди. Эри бирон ёққа кетган дамларда ёки яқин атрофда бўлмаган онларда Золийхонни ёнига чақириб, ўғли ҳақида гаплашиб ўтиришни яхши кўрарди.
Бу кеча Заур ўғли Қўрғок ҳамроҳлигида қўшни овулдаги беморни кўргани кетгани сабабли  она-бола уйда ёлғиз, ўз ишлари билан машғул бўлиб ўтирардилар. Ташқарида ҳамон бўрон увлайди. Кампир икки қўлини чўзиб ўтириб олган, икки билагига ҳалқа қилиб ташланган ип тўпламини Золийхон тўп каби юмалоқлаб ўрарди.
Ташқарида итлар ҳурий бошлагач, Золийхон қўлидаги ипни онасининг этагига ташлаб, ҳовлига шошилди. Остона ҳатлаши билан одам қорасига кўзи тушди. Ханжарини қинидан суғурган нотаниш одам тинмай ҳуриб, ҳамлага шайланаётган иккита катта итдан ўзини ҳимоя қилиб турарди. Баланд бўйли, қомати келишган бу йигит тоғликларнинг миллий кийимида эди. У тиш-тирноғигача қуролланган – тўппонча, милтиқ, ханжар – ҳаммаси мукаммал эди.
Золийхон овоз бериб, итларни чақирди. Итлар норозилик билдиргандай бир ғингшиб олишди-ю, аммо бекаларининг амрига итоат этиб, тинчишди. У нотаниш одамнинг таъзимига енгил таъзим билан алик олди-да, уни қўноқхонага бошлади. Қўноқхонадаги анжомлар оддийгина эди: ерга япалоқ тош тўшалмай, суваб қўйилган, деворга ёнбошлатиб супа қилинган, кичкина дарча рўпарасида катта камин-ўчоқ бор, супа атрофига тахта курсичалар қўйилган.
Золийхон отаси билан акасининг уйда эмаслигини айтиб, мезбонлик вазифасини қиз боши билан ўзи бажараётгани учун ундан узр сўради. Қиз тоғликлар одатига биноан унинг кимлигини, нима учун бу ерга келганини суриштирмади. У - меҳмон, мезбон учун шунинг ўзи кифоя. Қиз каминдаги олов аланга олиб, хонани ёритгунича тиз чўкканича ўтирди. Ўрнидан тургач, йўловчининг ивиб кетганини кўрди.
-Оловда қуритиб олинг,-деди у камин томон қўли билан ишора қилиб. Сўнг қўноқхонадан чиқди-да, ҳовлини кесиб ўтиб, уйга кирди. Онасига нотаниш меҳмон ташриф буюрганини айтиб, унга овқат тайёрлашга тутинди.
Золийхон ғоятда чиройли эди: бўй-басти келишган, юришлари чаққон – ҳудди капалак ер узра учиб юргандай, юз-кўзлари неппа-нозин, сочлари худди ипакдай майин, қоп-қора...
Қиз чиқиб кетгач, меҳмон қуролларини девордаги михқозиққа илиб, черкасча  камзулини ечди-да, оловга тутди. Олов тафти урилгач, кийимдан енгил ҳовур кўтарилди. У оёқ кийимини – қофқазча чарм пайпоғини ҳам ечиб, оловга яқин қўйди.
Юзига, пешонасига эрта тушган ажин унинг ҳаёт йўли ғам-алам, айрилиқ  азобига тўла эканидан дарак беради. Аммо олов каби чақнаб турган кўзлари бу азобларга банди эмаслигини билдиради. У қуриган пайпоғини кияётган дамда Золийхон таом кўтариб кирди. У қофқазча пастак хонтахтани  меҳмон яқинига тавозелик билан суриб, келтирган ноз-неъматларни унинг устига қўйиб, қадаҳга пиво қуйди. Кейин овқатдан татиб кўришга таклиф қилиб, ўзи хонанинг қоронғи бурчагига ўтди-да, “меҳмонга яна бирон хизмат зарур бўлиб қолар”, деган мақсадда кутиб турди.
Йигит қизга бир қараб олгач, таомга қўл узатди. Шошилганича овқат ейиши очқаб қолганини ошкор қилди. Қизнинг кўзи деворда, олов рўпарасида осиғлиқ турган сариқ рангли камзулга* тушди. Унинг ташқи кўринишига қараб анчадан бери совун кўрмаганини пайқаш қийин эмасди.
-Камзулингизни ювиб қўяйми?-деди у қўнғироқдек ёқимли овози билан.
-Яхши бўларди,-деди меҳмон, таомдан бош кўтариб. Сўнг қўшиб қўйди:-Бундан камзулим зарар кўрмайди. Эгнимдан тушмаганига ҳам кўп бўлди.
Қиз  уйга ошиқди. “Бу одам абрекка**  ўхшайди,-деб ўйлади у ўзича. –Эҳтимол қонли қасоскорлардан қочиб юргандир...”
Золийхон катта ёғоч тоғорага иссиқ сув қуйиб, қўноқхонага қайтди. Енгларини шимариб, камин ёнига чўккалади-да, камзулни юва бошлади.
Каминдаги ўтин чирсиллаб ёняпти. Алангадан сачраётган ёруғликда қизнинг қоп-қора сочлари ялтирайди. Ўғринча қараб-қараб қўяётган йигит қиз чиройининг сеҳрига мафтун бўла бошлайди.
Ташқарида бўрон ҳуштак чалиб, увлайди. Хона ичи иссиқ, танга роҳат беради. Йигитнинг кўзи деворда осиғлиқ турган фандирга*** тушди. Сузарко бу хонадонни тарк этганидан бери фандир эгасиз равишда осиғлиқ турарди. Меҳмон кўпдан бери мусиқа асбобини  кўрмаган эди. Шу топда куй чалиб, қўшиқ айтмоққа унда иштиёқ туғилди. Бир вақтлар у чалган куй , у айтган қўшиқ ҳар қандай кишини ўзига ром қилиб оларди.
___________
*қофқазликлар камзулни “бешмет” деб атайдилар.
**бирон бир айби учун ҳукумат таъқибидан қочиб юрувчи кимса.
***гитарани эслатувчи мусиқа асбоби

Йигит ўрнидан турди-да, фандирни қўлга олди. Авайлаганича созлади. Золийхон эса унинг ҳаракатига аҳамият бермай, бошини эгиб олиб кир ювишда давом этарди. Йигит бир оз сукут сақлагач, фандир торларини дадил чертди. Шундагина қиз у томон қараб қўйди. Куйга қўшиқ уланди. У ўз халқининг жанговор қўшиғини айта бошлади:
Қиндан қилич суғурсак тангрининг номи билан,
Ва тилла ғилофларни жаранглатсак - ўша кун;
Ғаним қонини сўрсак тангри имони билан,
Ҳам ёйли камонларни таранглатсак – ўша кун;
Даъваткор қўшиқларни баландлатсак – ўша кун;
Ёв қишлоққа ўт қўйса, ёндирса тепаларни,
Ибодат хоналаридан ваҳший олов порласа;
Одамлар ташлаб қочса култепа кулбаларни,
Лекин бир ҳис уларни бирлашмоққа чорласа;
Шу туйғуни уларга англатолсак – ўша кун;
Қайтган шамол мисоли шашти тушган оломон,
Бўри қувган қўй каби тирқираб қочар бўлса;
Ё ваҳима тўрига тушиб қолиб беомон,
Энг олий ниятлару орзудан қочар бўлса –
Шу орзуни бир қайта порлатолсак – ўша кун;
Беланчакда гўдаклар фарёд чекиб қўрқувда,
Қандайдир кўкракларга ўзларини отишса;
Қичқириб ва дод солиб, ором топмай уйқуда,
Ҳимоясиз қуш мисол сукунатда қотишса;
Шундай пайт паноҳ бўлиб овутолсак – ўша кун;
Қизлар кўнгил қўйишса лаҳзалик эрки учун,
Нотаниш эркакларга, етти ёт бегонага.
Разиллар тушиб елса титраб-қақшаб куну тун
Этакларнинг ичига – иссиқ хилватхонага;
Имкон топиб уларни итқитолсак – ўша кун;
Тангрининг мухлислари, жаҳолатнинг қуллари,
Мангу шону шуҳратни сотиб олса агарда.
Худди шу кун англаймиз покдир кимнинг қўллари,
Ким ўзини софликда тенглай олар саҳарга?
Фақат мардлик билинар бешубҳа-шак ўша кун!..
У жим қолди.
Бу қўшиқ Золийхон қалбини тўлқинлантириб юборди. Қўшиқчининг шуҳрату шонга муносиб мард йигит эканини унинг юраги сезди. Йигитнинг жарангли овози ҳам жозибали, ҳам ғолибона эди! Бундай қўшиқни фақат ҳақиқий қаҳрамонгина, ҳар қандай хатарга, ҳатто ўлимга тик қарай оладиган жасур одамгина шу зайлда айта олади.
Қизнинг қўллари ишда, хаёли эса “Ким у?” деган саволга жавоб излаш билан банд.
Йигит овқатланиб бўлди. Энди унинг кимлигини, қаерданлигини сўраб билиш мумкин. Золийхон унга қаради:
-Сен кимсан, меҳмон?
Йигит дарров жавоб қайтармади. Қизга синов кўзи билан бир неча нафас қараб тургач, секингина деди:
-Мен Урусхонман.
Бу сўзни эшитиши билан қиз қўрққанидан сесканиб кетди. Қўлидаги камзул тоғорадаги сувга шалоп этиб тушди. Золийхон унга ҳайрат кўзи билан тикилиб қолди: “Боши беш минг рублга баҳоланган, қўрқинчли, жасур, қўлга тушмас машҳур абрек – Урусхон шу эканда, а?”
Урусхон қизнинг кўзларидаги ҳайратни, айни чоқда мафтунлик учқунларини сезиб, деди:
-Меҳмонни сотиб қўймаслигингга ишонаман.
Қиз унга қаради:
-Заур Туцатнинг қизи Золийхон сени сотадими? Оиламиз Тбау-уац-Илага хизмат қила бошлаганидан бери аждодимиздан сотқин чиқмаган!-Қиз кўтаринки руҳда шундай дегач, бир оз сукут сақлади-да, чўчинқираган овозда қўшиб қўйди:-Биз фариштамиз Дзуардан қўрқамиз...
Бу гапни эшитиб, йигит захархандалик билан жилмайди.
-Сен ундан қўрқмайсанми?-деб ажабланиб сўради қиз.
-Мен ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайман,-деди Урусхон совуққонлик ва тўнглик билан. Кейин бу оҳанги қизга малол келганини англаб, юмшоқроқ оҳангда қўшиб қўйди:
-Мен шу пайтга қадар исмимни бировга айтган эмасдим. Сенга ишондим. Сенга айтгим келди.
Бу гапдан қалби бир қалқиб олган Золийхоннинг юзларига қизиллик югурди. Кўз олди туманлашди. Урусхоннинг ишончи унинг юрагига сўнгсиз қувонч бахш этган эди.
Худди шу ерда, худди шу онда тақдир уларнинг қалбларини севги иплари билан чирмаб кетди.
-Яна битта қўшиқ айтиб бер... Бу ерда мен жуда кам қўшиқ эшитаман,-деб илтимос қилди қиз.
Урусхон фандирни  яна қўлига олди. Энди ёлғиз қолган одамнинг аламли қўшиғини айта бошлади:
Дейдиларким, ушбу мовий олис-олис осмонда,
Мунгли юлдуз милтилларкан аллақайси замонда.
Дейдиларким, баланд-баланд тош қоялар узра бот,
Танҳо бургут ўсган эмиш беҳимоя, беқанот.
Дейдиларким, ўрмон аро ўсган экан бир арча,
Тақдирига битмабди ҳеч на япроғу на шохча.
Юлдуз дебди худосига: “Яратганим, эй тангрим,
Менга зиё ато этгил, ёритгали тунни жим”.
“Тангрим, қанот бергил менга,- деб ялинмиш бургут ҳам,-
Қуёш сари учай юксак, қанотларим билан ман”.
Арча секин шивирлабди: “Берсанг шохча, барг сағал,
Бўронларда шовуллайман, ҳаётим бўлар гўзал”.
Қўшиқ тугагандай бўлди. Фандир торлари титраб тураверди. Урусхон хўрсинди. Сўнг... бармоқлар яна торларни чертди. Яна дардли овоз янгради:
...Бу ғамларга тоқатим йўқ, ўзимда ҳам қайғу кўп,
Хор этилган қувғиндиман, ўлмоқдаман бахт кутиб.
Ер юзда танҳо ўзим, ҳасратим мўл, ватан йўқ,
Қаро тунда насибам бўл, қайлардасан, дайди ўқ?...
Қўшиқ тугади.
Қўшиқ сеҳридан ўйга толган Золийхон беихтиёр равишда камзул сувини сиқа бошлади. Ўрусхон фандирни қўйиб ўрнидан турди-да, қизга яқинлашиб, билагини ушлади:
-Золийхон!
Қиз худди илон чаққандай сапчиб тушди, кўзларидан гўё олов учқунлари сачради:
-Қандай журъат этдинг! Наҳотки номус ва адабни унутган бўлсанг? Олижаноб меҳмоннинг мезбонга миннатдорчилиги шуми? Сен уйда отам билан акамнинг йўқлигини, бир ўзим ёлғиз қолганимни била туриб... Уял! Мен Урусхондан бундай пасткашликни кутмаган эдим!
Йигит унинг билагидан қўлини олди. Золийхон камзулни оловга яқинроқ жойга илди. Шу топда унинг вужудини ғазаб қамраб олган эди. Қарама-қарши туйғулар оғушида қолган Урусхон бошини эгди:
-Сен ҳақсан... мени кечир,-деди синиқ овозда.-Лекин сен менинг қандай ҳаёт кечираётганимни билмайсан. Мен ҳудди қувилаётган ёввойи ҳайвондекман. Танам ҳафталаб, баъзан ойлаб кўрпа-тўшак кўрмайди. Бошпанасиз бир дайдиман. Бугун ўрмонда, эртага ғорда, ҳали у ерда, ҳали бу ердаман. Доимий қувғиндаман. Бўрон бугун мени сенинг уйингга ҳайдаб олиб келди. Оловда бир пас исиниб, кийимларимни қуритиб олмоқчи эдим. Бошқа ниятим ҳам, умидим ҳам йўқ эди. Сени... тиз чўкиб ўтиришингни кўриб, вужудимни қандайдир сеҳр, қандайдир енгиб бўлмайдиган куч эгаллаб олди... Кечалари уйга қайтганимда мени меҳрибонлик  билан кутиб олиб, эркалайдиган хотинга эга бўлишга менинг ҳаққим йўқми? Нега энди мен ёлғиз, ташландиқ бўлиб, бировларнинг меҳрига зор яшашим керак? Нега?!
Золийхон жавоб бермади. У камзулга тикилганича тек тураверди. “Сенинг бу дарбадар ҳаётинг менга қўл теккизишинг учун ҳақ бермайди”, деб ўйлади у.
Урусхон қизга ўйчан ва хафақон тарзда қараб тура-тура изига қайтди-да, яна фандирни қўлга олиб қўшиқ айта бошлади:
Золийхон гўй қўшиқ эшитмасди. Балки кимдир унинг қулоғига шивирлаб арзи ҳол айтаётгандай эди:
Айтгил, нечун туғилган ҳамон,
Нафратга учрайди ҳақиқат?
Бенасиблик бўлди ҳаётим ҳар он,
Ва ёлғизлик ҳамиша қисмат?
Нечун чаппа айланмас бу ер,
Меҳваридан чиқмас бу олам?
Ҳасратлардан қутулиб ахир,
Ўзга ҳаёт қурардик биз ҳам.
Зорланолмас ва лекин ҳеч ким,
Зорланганнинг ўйилар кўзи...
Ёлғиз тангри руҳларга ҳоким,
Тақдирларни бошқарар ўзи.
Ота-онам ўтди хору зор,
Менинг ҳам ҳаётим кўп ғамгин.
Қайғуларда бенаво ва хор,
Мен йўқотдим ҳаётим рангин.
Мен ўларман... лекин тепамда,
Кўз ёш тўкиб эзилмас иним.
Осмон ўзи йиғлайди ғамда,
Ёмғир билан ювилар таним.
Сингиллар йўқ... инимга эса,
Бориб етмас пажмурда бу тан.
Даҳшат, уни бўрилар еса,
Талашиб оч қузғунлар билан!
Қарши олмас ҳатто ватаним,
На дўсту ёр қўлимдан тутар.
Аммо зиндон кутаётир жим,
Ва асирлик яктаги кутар.
Кутар мени моғорада ғам,
Ва сукутнинг узун қишлари.
Занжирларнинг шалдираши ҳам,
Қалбнинг оғир хўрсинишлари...

Золийхоннинг қалби титради.
Урусхон қўшиқни тугатиши билан сапчиб турди-да, фандирни бор кучи билан ерга урди. Фандир майда-майда бўлакчаларга бўлиниб кетди.
-Севгисиз ҳаётга минг лаънат!-Бу ҳайқириқ унинг юрак-юрагидан вулқон кучи-қудрати билан портлаб чиқди. У ҳаяжондан титраганича ташқарига отилди. Нима гап бўлаётганини чуқурроқ англаб етмаган Золийхон ихтиёрсиз равишда бир сакраб унинг ёнида пайдо бўлди. Урусхон ташқарига чиқаман деганида  черкасидан ушлаб қолди.
-Тўхтанг! Шу ерда қолинг...-деди хансираганича.
Бу муҳаббат ва шафқат бир-бири билан олишаётган қалбдан чиққан қатъий овоз эди. Йигит тўхтаб, ўгирилди. Қиз унинг қарашида ҳайронликни кўриб, мутелик билан бошини эгди. Урусхоннинг чеҳрасини қувонч нури ёритди. Қизни ўзига тортди.
Қўноқхонадаги супа уларнинг севгисига, вафо ҳақидаги қасамларига тилсиз гувоҳ бўлди.
Ёқимли оғриқдан қичқириш... сўнг эркалашлар... қайноқ миннатдорчилик...
Оҳ, Золийхон, нодон қиз-а! Номуссизлик саҳросига қадам босганини ўйламади-я?! Бу саҳрода ажал уни ташна бўлиб кутаётганини билмади-я?! Паҳлавони бағрида алдамчи лаззат булоғидан сув ичаётганида ғолиб нафс унга беномуслик либосини кийдирди, ажал эса бетўхтов равишда унга гўр қазий бошлади...
Ташқарида эса бўрон бўри галаси каби қутуради. Баҳайбат дарахтларни илдизи билан қўпориб, тўлқинли Қизилдонга улоқтиради.
Ярим тунда Золийхон қўноқхонадан чиқиб, уйи томон юрди.  Қутурган бўрон уни ўз қучоғига олмоқ истади. Аммо йигитнинг ҳароратли бўсаларидан олов каби ёнаётган юзларига шамолнинг аччиқ  нафаси ўз таъсирини ўтказа олмади. Уйига кириб, онасининг ухлаб қолганига ишонч ҳосил қилгач, яна қўноқхонага, севган ёри ҳузурига қайтди.
Урусхон супада ётарди.
Қиз курсини унинг яқинига суриб, ўз тиззасига тирсагини тираганича ўтирди.
Урусхон чалқанча тушганича қўлларини ёстиқ қилиб ётибди. Аста-секин ўчаётган аланга нурлари қоронғулик олдида кучсиз бўлиб қолди. Хона қоронғулик ҳукмига бўйсинди. Йигит қаддини кўтариб, Золийхонни меҳр билан қучди.
-Нима учун сени шунчалар севиб қолдим?-деди қиз энтикиб.
-Сен аввал бирорта йигитни севармидинг?-деб сўради Урусхон бир дақиқалик сукутдан сўнг.
Қиз “йўқ” дегандай бош чайқади.
-Агар менга вафосизлик қилишни ўйласанг ёинки бошқа бирор кимса қалбингдан жой олар бўлса, у ҳолда...-йигит халқининг одати бўйича бош томонда тургувчи ханжарини ушлади.
Қиз унинг сўзини оғзидан олди:
-Менинг қалбимни ҳам, ҳаётимни ҳам сен эгаллагансан. Тбау-уац-Ила бунинг гувоҳи!
-Абрекнинг йўдоши бўлиш оғир,-деди Урусхон.
Қизнинг кўзлари чақнади:
-Мен сеники бўлганим билан фахрланаман, Урусухон! Овулдаги қизлар бундан хабар топгудай бўлишса қанчалар ҳавас, нечоғли ҳасад қилишларини тасаввур қила олсанг эди!
-Буни ҳеч ким билмаслиги керак.
-Ҳа, албатта, хотиржам бўлавер, Золийхон тилини тия олади.
У дағал кафти билан қизнинг майин сочини силади.
-Нима учун абрек бўлдинг?-деб сўради қиз.
-Ўша кунга лаънатлар бўлсин!-Йигит шундай деб хўрсинди.-Акамнинг тўйи эди. Биз ўйин-кулги билан банд бўлиб турганимизда келин рад этган йигит келиб, уни қизлар хонасидан ўғирлаб қочибди. Мен ёнимга йигитларни олиб, уни қувиб етдим-у, ўлдирдим. Шундан бери беркиниб яшашга мажбурман. Яширинадиган жойларим, паноҳига оладиган дўстларим кўп. Ишончли жойга хазина ҳам кўмиб қўйганман. Энди узоққа кетмайман. Мен шу яқин орада қолишни, сен билан тез-тез кўришиб туришни истайман. Чунки мен сени севаман... Сен менга ёрдам беришинг керак.
-Бу атрофда қаерга яширинмоқчисан? Ҳамма ёқ тоғу тош-ку?
-Яширинадиган жой бор...-йигит бир оз ўйлангач, давом этди: муқаддас ўрмондаги булоқбошига бораман.
Урусхоннинг бу қарорини эшитган қиз чўчиб тушди:
-Шаккоклик қилмоқчимисан? Қадамжони оёғости қилиш гуноҳ-ку! Тбау-уац-Ила жазосиз қолдирмайди.
Бу гапни эшитган Урусхон кулди. Қиз эса уни аҳдидан қайтармоқчи бўлди:
-Менга ишон, жоним, у ерга киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кирганларни худо албатта жазолайди. Одам бир умрга касал ёки ақлсиз бўлиб қолади. Агар бирор жонивор ўрмонга кириб кетгудай бўлса ҳам у ердан ҳайдашга ҳеч ким ботинмайди.
-Қўявер, менга бало ҳам урмайди. Мен Тбау-уац-Илангдан қўрқмайман. Буларнинг ҳаммаси бўлмаган гап.
-Йўқ, йўқ, севгилим,-деди қиз хавотирли овозда,-у ростдан ҳам жазо беради. Бир куни Дахцко деган чол у ердан қўйини ҳайдаб чиққан эди. Ўшандан бери унга иблислар тинчлик беришмайди. У ерга думалаб шундай типирчилайди-ки, ҳатто оғзи кўпиклашиб кетади.
-Қўлимда қуролим бор экан, ҳеч қандай руҳ, ҳеч қандай одам мени ерга кўтариб ташламайди, ҳавотир олма,-деди Урусхон яна кулиб.
-Ундай дема, Урусхон! Қўрқиб кетяпман. Гапларингни  фаришталар эшитиб қолишса нима қиламиз? Биламан, сен ботирсан. Лекин ҳалигача ҳеч ким худога қарши чиқиб, жазосиз қолмаган.
-Бас қил! Бундан кейин фақат мендан қўрқ!-деди Урусхон амр оҳангида.
Ёш осетин гўзали бу амрга итоат этиб, бош эгди. У ёрини  бу аҳддан қайтариш учун кўп ёлбориши, уриниши мумкин эди. Аммо бунга ботинмади. У айни дамда ўз хожасини, ўз йўлбошчисини топганига ишонган, шунинг ўзиёқ  қалбига ғурур бахш этаётган эди.
-Отанг қачон қайтади?-деб сўради Урусхон, қизнинг итоаткорлигидан мамнун бўлиб.
-Пешиндан кейин.
-Менга егулик бирон нима тайёрла. Тонгда чиқиб кетаман. Эртадан бошлаб овқатни ўрмонга ўзинг олиб борасан.
Бу буйруқдан қиз бир сесканиб тушди:
-Урусхон!-деди титроқ овозда.
-Золийхон!!-йигитнинг овозида жаҳл, енгил бўлса-да, дағдаға оҳанги зоҳир эди.
Қиз хўрсинди:
-Майли, сен айтганча бўла қолсин,-деди мутелик билан.-Лекин мени ўрмондан чиқиб, жар ёқасида кутиб оласан. Мен барибир ўрмон ичкарисига қадам босмайман.
-Яхши,-деб ён босди йигит.-Ой Тбау устига кўтарилганда сени кутаман.
Золийхон уйига чиқиб кетиш мақсадида ўрнидан турди. Лекин йигит ёлғиз қолишни истамади. Девор томон сурилиб, унга жой бўшатди. Қиз итоат билан унинг ёнига ётди. Каминдаги ўт ўчди. Аҳён-аҳёнда чўғдан ажраган учқунлар  бу ерда икки қалбни бирлаштирган муҳаббатнинг қадимий, умрбод, ҳаёт яратувчи қўшиғини эшитишга муштоқдай қоронғулик бағрига сапчишади. Бу қўшиқдан баҳраманд бўлганлари эвазига хонага ёруғлик инъом этмоқчи бўладилару, аммо муддаоларига етмай, зулмат қулига айланадилар.
***

Тонгда Урусхон ҳовлига чиққанида елкасига сочиқ ташлаган Золийхон ўнг қўлида мис офтоба, чап қўлида чилопчин ушлаб, кутиб турарди. Қиз сув қуйиб турди, меҳмон ювинди. Кейин Золийхон қўноқхонага кириб, унинг ўрнини йиғиштирди-да, нонушта тайёрлади. Урусхон тамадди қилаётганида қайнатиб пиширилган гўшт билан нонни рўмолга тугди.
Хайрлашиш онида Урусхон Золийхонни белидан ушлаганча,  ўзига тортиб, ўпди. Золийхон юзини унинг кўкрагига қўйиб, маҳкам қучоқлаб олди. Урусхондан муқаддас ўрмонга кирмаслигини сўраб, яна ёлборгиси келди-ю, ботина олмади – юраги дов бермади. Дардини ичига ютди-ю, хўрсиниб қўйди. Абрек буни ажралиш дақиқасининг аламли изтироби деб ўйлади.
-Урусхоннинг хотини бошқа аёллар каби йиғлаб-хўрсинмаслиги керак,-деди у.-Худо жонимизни сўраб оладиган онга қадар қаҳрамонлигимизча қолишимиз шарт.
-Мен ҳаракат қиламан, Урусхон.
У кетди.
Елкасига милтиқ осган Урусхоннинг Найфатдаги муқаддас қадамжога олиб борувчи сўқмоқдан юқорига кўтарилиб боришига қиз хавотир тўла кўзларини қадаб қолди. У ёрига қўл силкишни ёки “хайр, жоним!” деб қичқиришни истарди. Аммо бундай қилишдан ҳайиқди.
Тонг қуёшининг нурига чўмиб ётган овул аста уйғонмоқда эди. Истагини енга олмаса сирининг ошкор бўлиши ҳеч гапмас. У ёрини нигоҳи билан кузатиш, унинг жар ёқалаб дадил қадам ташлашига меҳр билан боқиш билан чекланди.
Қиз йигитга бутун қалбини берди. Урусхоннинг бир кечалик эркалашлари бу гўзал қизни ёри учун жонини ҳам беришга рози бўлган севучи хотинга айлантирди.
Найфат харобаларига яқинлашган Урусхон ён-атрофга синчков назар ташлади: ҳеч ким йўқ....
Ҳов пастда, кўм-кўк ўтлоқ ўртасини ирмоқ кесиб ўтган. Соқов қоялар эса гердайганларича кўкка бўй чўзганлар. Сўқмоқ адоғи муқаддас ўрмонга тақалади. У тўғри йўл қолиб, пастга, ирмоқ соҳилига тушди. Сув оқими бўйлаб бориб, ўрмон этагига етди.
Қадимий чинорлар томон қадам қўйиши билан унинг вужудига беихтиёр ваҳима оралади.
“Шаккоклик!” деб висирлади қандайдир ички овоз. Лекин  бу овозга банди бўлмади. Ўнг қўли билан ханжари дастасини сиқиб, қошларини чимирди-да, дадил юриб кетди. Шу алпозда юриб, баҳайбат чинорлар орасидаги булоқ бошига етди. Байрам кунлари руҳонийлар бу ерга келиб пиво қайнатиш учун шу булоқ сувидан олардилар. Қуриган дарахт шохларини ҳам шу атрофдан тўплашарди. Бу  томон отлангунларига қадар аввал рўза тутиб, руҳларини поклаб олган ғариб кийимли одамлар  баданларига илоҳий сувдан етказиб, жисман ҳам поклангач, дуоларни ўқиганларича эҳтиётлик билан қадам босиб, муқаддас ўрмон ичкарисига аста-аста юриб кириб борардилар.
Булоқ бошидаги майин кўкат меҳрибон мезбон сингари Урусхонни дам олишга чорлади. Ҳеч кимнинг нигоҳи тушмайдиган бу ер унинг учун ҳавфсиз эди. Қадамжога келишга журъат қилувчи жасур одам бу атрофда топилмайди. У беҳисоб тунларни мозористон сағаналарида мурдалар билан ўтказгани учун ҳар қандай қўрқув ва ваҳимани енгишга одатланган эди.
Урусхон таом ўралган тугунни, қуролларини харсанг устига қўйди-да, кўкат устига бўркини тўшаб ётди. У ётганича, ўз хаёлларига банд бўлиб чекарди.
Кун билинтирмасдан тез қариди. У тунни, севгилиси келадиган пайтни – ой чиқишини интиқ кутарди.