Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ЖОНСИЗ ЖОН
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ЖОНСИЗ ЖОН PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа


ЖОНСИЗ  ЖОН

Заур муддаосига етиб, чиқиб кетгач, Золийхон онаси билан қолишни, унга ҳасрат қилишни истамади.  Унинг кўнгли алҳол ёлғизликни қўмсарди. У ўрнидан аста турди-да, ён томондаги кичикроқ хонага қараб юрди.
Золийхон алангаси кўкларга ўрлаётган икки гулхан орасида қолди. Ақл билан руҳ уни исканжага олиб, дўзах азобига сола бошлади.
“Энди унга сенинг муҳаббатингдан сира-сира наф йўқ. Унинг ўзи сени бу балодан халос этди. У худонинг қаҳру-ғазабига дучор бўлмаслиги учун сен севгингни қурбон қиласан”, дейди ақл.
Шунда руҳ фарёд уради:
-Йўқ, йўқ! Мен уни унутолмайман, унутолмайман! Жонимдан кечаман, лекин ундан юз ўгира олмайман!
Азобдаги руҳга ширин хотиралар мадад бера бошлайди. Кўзларини юмади...
Меҳмонхонадаги ўчоқ рўпарасида калта сочли хушсурат йигит ўтирибди...
Унинг қўшиқлари қалбни ларзага солади...
Шундай қўшиқлар куйловчи азамат наҳот уни ўз хоҳиши билан ташлаб кетди?
Бу фикр унинг ўлимтик юрагидаги жонни суғуриб олгандай бўлди. Инграб юборди. Кейин... яна хотиралар уни илк муҳаббатнинг ҳузурли дамларига қайтарди...
Йигитнинг ҳароратли бўсалари... Кучли билаклари билан маҳкам қучоқлаб олишлари... Кейин ўрмон... ойдин кеча...шундайгина булоқ бўйидаги майса устида ўтказилган тотли соатлар.  Наҳотки ҳузурбахш дамлар йўқлик оламига чўкиб, қайтмас бўлиб кетди?
Ҳа... ҳаммаси тамом бўлди. Энди тотли нафаслар учун ҳақ тўлаш вақти етди. Ҳақиқий бахт бўлиб туюлган у дамлар энди қон талаб қиляпти. Қон... қон...қон...
Золийхон шу ҳолатда ўтирганида Қўрғок кириб, уни икки ўт балосидан қутқарди. Синглисига имо-ишора қилиб, сув келтириши лозимлигини билдирди. Золийхон унинг ишорасига итоат этиб ўрнидан турди. Сув олгани пастга қараб тушаётганида йўлида Зураб пайдо бўлди. Зураб қизни  тасодифан учратиб қолгандай ажабланиб қаради. Золийхон сув келтириш баҳона эканини англаб, унинг қарашига эътибор бермади.
Зураб дўсти Керим ва унинг муҳаббати ҳақида узоқ гапирди. Қалби Урусхон севгиси билан банд қиз бу гапларни ҳушсиз эшитди. Зураб ишқ ғавғоси хусусидаги баёнини тугатгач, “совчилар келаверишсинми?”, деб сўради.
Золийхон розилик ишораси сифатида бошини эгди. Бир нарса томоғини бўғиб олгандай “ҳа”, дейишга қурби етмади. Зураб учун бош эгилишининг ўзиёқ кифоя эди. У қувончли хабарни тезроқ дўстига етказиш учун орқасига қайтди. Қиз унинг изидан қараб ҳам қўймади. Бошини қуйи эгганича йўлида давом этди.
“Нима қилиб қўйдинг-а! Нима қилиб қўйдинг?”дейди  юраги  ярадор қуш каби потирлаб.
“Нима қилишим шарт бўлса ўша ишни қилдим!”-деб жавоб беради ақли.
Дўсти келтирган хушхабардан кўнгли кўтарилган Керим ўша заҳотиёқ Кадгаронга жўнади. Овулдаги баобрў қариндошларига учраб, Заур Туцат қизига уйланиш нияти борлигини билдирди. Эртасига эса совчиларни бошлаб Цагат Ламардонга қайтди.
Заур совчиларни  иззат-икром билан қаршилаб, алоҳида лутф кўрсатиб, Темир жойлашган хос меҳмонхонасига бошлади. Меҳмонлар кутиб олинаётган пайтда Қўрғок ўз вазифасини адо этди: тоғдан қўй келтириб, сўйди.
Совчиларга аталган меҳмондорчилик охирлаб қолганда Заур томонидан чақирилган барча туцатлар бирин-сирин кириб келдилар. Салом-аликдан сўнг икки уруғ орасида қалин пули миқдорини келишиб олиш учун бозордаги каби олди-сотди бошланиб кетди. Арзимас ишдай туюлган бу жараён бутун кеча давом этди. Бу каби масала ҳал этилаётганда кексалар ўтирган жойларида хотиржам равишда баҳс юритадилар. Ёшлар эса суҳбатга аралашмай девор томонда турнақатор тизилиб, ханжар дастасини ушлаганларича қимир этмай турадилар.
Қуёш водийни нурга чўмдириб кўтарилганига икки соатдан ошса-да, туни билан давом этаётган баҳснинг охири кўринмасди. Ёшларнинг сабр косалари тўлиб, “бўлди-да энди, бир тўхтамга кела қолинглар”, дегилари келиб турса-да, одат талаби ва одоб чиройи юзасидан лом-мим демайдилар. Норозиликларини ҳатто кўз қарашлари билан ҳам ифода этмайдилар. Шундай қотиб туришдан лаззат топаётгандай, қарияларнинг баҳсига мутлақо қизиқмаётгандай ҳайкал мисол тураверадилар.
Туцатлар оилаларининг обрў-эътибори, қадимий аслзодалар авлоди эканликларини қанчалик писанда қилишмасин, қизларининг гўзал ва оқила энг муҳими - соғлом эканлигини мақтаб,қалин пули миқдорини оширишга қанчалик уринишмасин, Тўтаревлар Золийхоннинг иффатли қизга хос бўлмаган айби ҳам борлиги, яъни  абрекка ёрдам берганини баъзан пичинг, баъзан эса тагдор гаплар билан эслатиб, уларни лаб тишлашга мажбур қилиб туришди. Ниҳоят ҳар икки томон қалин пулини икки юз эллик рубл миқдорида белгилаб, баҳсга якун ясади.
Олди-сотди тугагач, Тамби издиҳом аҳлининг топшириғи билан Золийхоннинг розилигини олгани аёллар бўлмасига чиқди.
Салимат билан унинг синглиси Оминат бу кеча Золийхон билан бирга бўлиб, унинг ясан-тусанига кўмаклашиб ўтиришган эди. Оч-қизғиш рангли миллий либос қизга жуда ярашган эди. Лекин Тамбининг кўзига жияни ғоятда бемор ҳолда кўринди. Қон қочган юзларига қараб, унга ачинди. Шу боис дафъатан гап бошлай олмади. Жиянига бироз тикилиб турди-да, сўнг меҳрибон ота овозида сўради:
-Керимга турмушга чиқишга розимисан?
Шундай деб сўрашга сўради-ю, “яна “йўқ!” деб инкор этса-я?” деб чўчиди.
Қиз уни хавотирдан қутқариб, бошини эгди. Ҳудди шабада шивири каби эшитилар-эшитилмас овозда жавоб қайтарди:
-Отам нима деса – шу. Мен ота измидан чиқмайман.
Шундай деб бошини кўтарди. Унинг юзи энди ўликнинг рангидай оқариб кетган эди. Агар Салимат уни ушлаб қолмаганида ҳушсизланиб, йиқилиб тушарди. Тамби хушхабарни етказиш учун чиқиб кетгач, Салимат билан Оминат Золийхонни ўрнига ётқизишди. Икки опа-сингил нима қиларларини билмай, хавотирга тушишганда, Золийхон кўзларини очди. Лекин унинг кўзларида ҳаёт нишонасини билдирувчи нур йўқ, ҳиссиз боқарди. Шу ондан бошлаб Золийхон тошмисол бўлиб қолди. Ҳамма нарсага ҳиссиз, эътиборсиз боқади, айтилаётган гаплар қулоғига кирмайди.
Туйғулари қора ерга кўмилган Золийхон тунни кўз ёшлари билан қарши олди. Йиғлай-йиғлай чарчаб, ухлаб қолди. Тушида Урусхонни кўрди: унинг азобларини ўзига олганмиш. Тонг отганда уйғонди. Энди у ёруғ дунёда кўз очиб юрган бахтиқаро қиз эмас, балки уйқусидагина яшаётган жонсиз жон эди. Унинг назарида бўлиб ўтган, бўлаётган воқеаларнинг барчаси даҳшатли тушда кечаётган эди. Фақат бу аламли тушнинг қачон ниҳоясига етишини, қачон бахтиёр қиз либосида уйғонишини билмас эди.
Керимнинг кириб келишига эътибор бермади. Узатган совғаларини ҳам бепарво равишда қабул қилди.  Бу совуқ  муомаладан Керимнинг кўнгли оғриган бўлса-да, ишқ оловида куйиб, ўртанаётгани учун бунинг сабабини сўрашдан ўзини тийди. Қизнинг ҳузуридан чиққач, Зурабга хавотирини айтган эди, у: “бу ўтиб кетадиган ҳолат, қўйнингга кирганидан кейин ҳалимдай бўлиб қолади”, деб овутди.