Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - РЎЁ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - РЎЁ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа



РЎЁ

 

Кунлар имиллаб ўтаверди. Водийдаги каттаю-кичикнинг байрамга тайёргарлиги авжга минган. Қоялар қуршовидаги ғорда жон сақлаётган Урусхон кундузлари қуёшда тобланиб, анча кучга кирди.  У Заурнинг  режасидан бехабар бўлгани сабабли “Руҳонийлар мени ҳукумат таъқибидан қочириб бу ерга олиб келишди”, деб ўйларди. У бутунлай соғайиб, қувватга киргач, Золийхонни ўзининг бургут қоясига олиб чиқиб кетишни интизорлик билан кутарди. Қизга етишиш йўлида ўтиб бўлмас довонлар борлигини эса сезмас эди.
“Бунақа одатлару ирим-сиримлар менинг йўлимни тўса олмайди,-деб ўйларди у,-мен унақа  лақма одамлардан эмасман”.
Урусхон ўз орзуларига банди бўлиб ётган кезлари руҳонийлар Найфатга кўчиб чиқишди. Ёшлар муқаддас ўрмонга кириб ўтин териб чиқишгач, пиво қайнатишга киришдилар.
Шанба куни эрталаб барча туцатлар жамулжам бўлдилар. Черкасча оқ камзул кийиб олган руҳонийлар  азиз-авлиёлари қадамжоларини зиёрат этиб, ибодат қилиб олишгач, Тбау-уац-Илани мадҳ этувчи қасидани айтишиб, тантанали юриш билан тор сўқмоқ орқали водий томон йўналдилар. Неча асрларки, ҳар йили бир марта қуёш энг узун кун маррасига етиб келганда мана шу сўқмоқ орқали Тбау томон борадилар. У ерда тунни ибодат билан ўтказишгач, якшанбада яна шу сўқмоқ билан изларига қайтадилар.
Туцатлар ери бошланадиган жойда зиёратчилар руҳонийларни иззат-икром билан кутиб оладилар. Уларнинг юқори мартаба эгалари эканликлари ҳурматидан оёқлари остида қўйлар сўйилиб, қурбонлик қилинади.
Аввал ибодат қилиниб, кетидан илоҳий қўшиқлар куйлангач, тўкин зиёфат бошланади. Сўйилган қурбонликлар пиширилади, Тбау-уац-Ила шарафига неча-неча қадаҳ ароғу пиволар бўшатилади. Зиёфат авжига чиқиб сармаст бўлинганида яна худолари шарафига мадҳия бошлайдилар. Руҳонийларнинг жарангдор овозлари бутун водийни қамраб олади.
Шундан сўнг руҳонийлар аввалдан аниқ белгилаб қўйилган йўл билан олға юрадилар. Йўл гоҳо кенг ўтлоқлар ёқасидан, гоҳида тоғликларнинг тўртбурчак шаклидаги томорқалари ёнидан ўтади.
Заур Қизилдонга етиб келганда кодатлар уни ўз чегараларида қурбонликлари ва турли совға-саломлари билан кутиб туришарди.
Дуогўйлик ва зиёфат бу ерда ҳам такрорланди. Руҳонийлар бу  ерда узоқ қолмадилар. Тантана энди махсус ажратилган ерга – ирмоқ ёқасига кўчди. Заур уруғ-аймоғи билан муқаддас ва илоҳий ҳисобланган йўлдан Тбауга кўтарила бошлади.
Тоғ бағридаги ясси майдончада нафас ростлашди. Бу ердан унча узоқ бўлмаган Хассар Ламардон овулининг аҳолиси уларни зиёрат қилгани келдилар. Улар қадимий одатлари бўйича қўй сурувини ҳам ҳайдаб келган эдилар. Сурув орасидан бир қўй танлаб олиниб, юқорига, сўнгги манзилга етганларида Тбау-уац-Ила учун қурбонликка сўйилиши керак. Ибодат ва қасидадан сўнг Заур пичирлаб дуо ўқиганича сурув оралади. Бир қора қўзи чўзиб маъраганича сурувдан ажралди-да, унинг изидан юрди. Шундан сўнг руҳонийлар яна йўлга тушдилар. Қора қўзи улардан ортда қолмади. Дарага етиб боргач, сўқмоқ орқали ғорга чиқдилар. Ғор оғзида қувватга кириб, аввалги ҳолига қайтай деб қолган Урусхонга рўпара келдилар.
Улар тунни шу ерда ўтказадилар. Қора қўзичоқ сўйилиб, олов ёқилди. Оила бошлиғи бўлгани учун фақат Заургина Тбау чўққисига чиқади.
У ўнг қўлида  ўрмондаги оқ қайиндан бугун кесиб чиқилган, уч томонига ҳозиргина сўйилган қўзининг калласи илинган хассани ушлаган, чап қўлида эса бир чўмич тўла пиво билан ёғли пишлоқ тугилган тугунчани кўтариб олган эди.
Руҳоний ота сўқмоқдан шошилмай, аста-аста юриб юқорига кўтарилади. Фақат угина йилда бир марта шу муқаддас чўққига кўтарилади. Бу ерда топинган худоси фақат унгагина мўъжиза кўрсатади.
Машриқда қизил шафақ кўринмай қолди. Дам ўтмай совуқ туман чўққиларни ўз чодирига ўраб олди. Нишаби шимол томонга кетган майсазор майдончага етгач, нафас ростлади. Ўртада тошлардан бетартиб равишда тикланган меҳроб турибди. Бўронлар ҳамласига чидаган меҳроб тошларини моғор босган. Атрофда сочилган суяклар аввалги йиллардаги қурбонликлардан дарак беради. Меҳроб ёнидаги супача худонинг хонтахтаси ҳисобланади. Заур кўтариб келган эҳсонларини шу ерга қўйди. Майдон атрофига уч юзга яқин оқ таёқлар кўмиб қўйилган. Айримларининг учларида қўйнинг калла суяклари илинганича турибди. Айримларини бўрон юлиб олиб, майдонча узра сочиб юборган. Худолари йўлида қилган қурбонликларини шамолу ёмғир, қишда қор-у, ёзда қуёш нурлари чиритиб, адо қилиб юборган. Бу ерга чиқувчи руҳоний зот учун бунинг аҳамияти йўқ, унинг вазифаси – худога аталган қўй калласи илинган  оқ таёқчани кўмиб кетиши шарт. Заур учун бу вазифа янгилик эмас. У ханжари билан ерни кавлади-да, таёқчани кўмиб, атрофини тепкилиб, бостириб қўйди. Кейин тиз чўкканича машриқ томон тикилиб худо томонидан аён этилувчи мўъжизани кута бошлади.
Бу ерда дуо ўқилмайди. Ибодат ҳам қилинмайди. Отасининг васияти шундай. У Тбау-уац-Иланинг мўъжизасини тоқат билан кутади. Афсуски, бу мўъжиза ҳар йили ҳам насиб этавермайди.
Заур кутяпти...
У ўзини ғоят ҳақир ва ёлғиз ҳис қилди.
Атрофда вазмин тун сокинлиги ҳукмрон.
Унинг овули пастда жойлашган. Ҳудди худонинг ғазаб омочлари билан шудгорланган ерга ўхшайди.
Ой кўтарилди.
Водий томондан эсган шамол Тбау қоялари орасида сарсари кезади.
Заурнинг вужудига қўрқув оралай бошлади.
Илоҳидан содир бўлажак мўъжиза они яқинлашганини қалбан сезди.
Тиз чўкиб ўтирган руҳоний беихтиёр равишда эгилиб, пешонасини ерга қўйди. Қоялар юзини силаб, сузиб юрган туман қуюқлашди. Гўё ҳамма ёқни қоп-қора тутун босгандай,  Заурга ҳатто таёқлар ҳам кўринмай қолди.  Кўзга кўринувчи фаришта Дзуарнинг яқинлашаётгани шу тарзда Заурга аён бўлди.
Туман орасида одам қиёфаси кўринди.
Заур ҳушини йўқотди.
Аммо йиқилмади, елкасидан кимдир маҳкам ушлади:
-Қара!
Унинг кўз олдини қоплаб турган қора парда йиртилди-ю, ўтган ва бўлгувчи воқеаларнинг мудҳиш манзаралари кўрина бошлади.
Аввалига кенг ва асов дарёни кўрди. Ажабки... дарёда харсангдан харсангга урилиб кўпирувчи сув эмас, қон оқаяпти. Қон дарёси узоқда эмас, шундайгина ёнидан оқиб ўтяпти. Ана, қон тўлқинлари елкасида нимадир оқиб келяпти. Заур диққат билан тикилди: қизларнинг либосини кийиб олган ўсмир боланинг жасади. Кўксида ханжарнинг ўрни бор. Тўлқинлар жазавага тушганча гирдоб ҳосил қилди-да, жасадни чирпирак қилиб айлантира-айлантира паст томон оқизиб кетди. Заур Урусхоннинг ханжаридан ўлим топган маъсум Мулдорни таниди.
-Оқизиб кетди, оқизиб кетди-я!-деб пичирлади унинг лаблари.
Дам ўтмай ўркач-ўркач қон тўлқинлари яна бир жасадни оқизиб келди. Буниси катта кишиники эди. Гавда тузилишидан азамат жангчи бўлгани билиниб турибди. Юз-кўзлари қулоқчин билан ўраб ташлангани учун Заур бўғзига ханжар уриб сўйилган бу жангчини танимади.
Бу ўлик ҳам ёнгинасидан оқиб ўтиб кетди.
Қонли дарё мавжи тинмайди.
Ана... яна бир кимса кўринди.
Заур беихтиёр қичқириб юборди. У шу топда юзини ўгириб олишни, ҳеч бўлмаса кўзларини юмишни истади. Аммо бундай қилишга ҳаққи йўқ, амр этилган: қарашга мажбур!
Қора либос, сочлари оппоқ, кўзлардаги нур сўнган...
-Хотиним...-деб шивирлади даҳшатга тушган Заур,-менинг хотиним!..
У қон дарёсидан кўзини узиб, бошини ерга уришни истади. Агар бу он ер ёрилса-ю, уни юта қолса, мушкули анча осон бўларди.
Бироқ елкасидан яна бир чайир панжа тутди. Олий ҳоким унга яна қатъий буйруқ берди:
-Қара!
У яна қип-қизил мавжларни, ўлим оқимини кўрди. Оқим оқаверади, оқаверади – охири кўринмайди. Шу аснода тўлқинлар талвасага тушиб, елкасида яна бир жасадни кўтариб келди. Оқ либосдаги ўликнинг юзларига оқ рўмол ташланган, кўйлагининг кўкрак қисми йиртилган, сийнабандлар ҳам йиртилиб, кўкраклари яланғочланган.
Заур даҳшат билан кўзларини каттароқ очди:
-Бу нима? Кўкраклари куйдирилганми?
Шамол жасаднинг юзидаги оқ рўмолни кўтарди. 
-Золийхон! Болам!!!
Руҳоний ота ҳушсиз йиқилди. Кўрганлари унинг учун ғоят оғир юк эди – кўтаришга қурби етмади.
Кечаси билан ҳушсиз ётди. Эрталабки совуқдан жунжикиб, ўзига келди. Қуёш туманни ҳайдаб, тоғ ва водийни олтин нурига ғарқ қилиб улгурган эди. Тунги мудҳиш манзаралар ҳам йўқолиб, ҳаёт ўз йўриғига тушиб олганди. Қуёш нурларидан қайта жон олган Заур ўрнидан туриб меҳробга яқинлашди. Бултур олиб келган эҳсонлари қолдиқларини четга олиб қўйиб, изига қайта бошлади. Қоялар билан ўралган майдончада илҳақ бўлиб кутаётган инилари унинг оқариб кетган юзига қараб, ҳавотир назари билан бир-бирларига қараб олдилар. Уларнинг  жавоб кутаётганларини Заур биларди. Аммо бу онда бирон нима дейишга ҳоли йўқ эди. Ҳоли бўлган тақдирда ҳам кўрганларини уларга айта олмасди. Шу боис иниларига қараб бош чайқаб қўя қолди. Туцатларнинг “демак, бу тун худо кўриниш беришни истамабди”, деган хулосага келишлари учун шу ишора кифоя қилди.
Урусхон ғордан чиқиб, қаддини ғоз тутди-да,  мушт қилиб тугилган қўлини кўкрагига қўйганича мағрур оҳангда салом берди. Заур алик олмай,  “сўйилган ўлик шу эмасмиди?”-деган хаёлда бир неча нафас тикилиб қолди.
Руҳонийлар Урусхонни яна ғорда қолдириб, изларига қайтдилар.
Турнақатор бўлиб олган туцатлар неча юз йиллардан бери бобокалонлари қатнаган тор сўқмоқ бўйлаб юриб борардилар. Шошилмай юрганлари сабабли Найфат қалъаси харобаларига оқшомда етиб келдилар. Ярми бузилиб кетган дарвозадан ўтиб, қалъа ичкарисига кирдилар. Бу ердан  Тбаунинг баланд чўққилари  ва унинг пойидаги Ламардон водийси яққол кўзга ташланиб турарди.
Чап томондаги хоналарнинг айримлари бутунлай вайрон бўлган, бут қолганларини эса руҳонийлар ўзлари учун омборга айлантирган эдилар. Ўнг томондаги қия очиқ эшикдан яримқоронғу кушхона кўриниб турарди.
Байрам бошланди. Оқ либосли ёш туцатлар уст-бошларини қонга белаб,  қурбонлик учун келтирилган қўйларни тошлардан тикланган меҳроб қаршисида сўймоққа киришдилар.
Дошқозонларда шўрва қайнайди. Қўраларда кабоблар жизиллаб пишяти. Кабобпазлар ёғоч сихларга терилган гўштларни усталик билан чўғ устида тўхтовсиз айлантириб туришади.
Торгина зина иккинчи қаватга олиб чиқади. Бу ердаги кенг хонада тўпланган муридлар руҳоний оталарининг келишларини соғиниб кутишади. Қалъа ҳовлисида тўпланган оломон ҳам Заурни зиёрат қилиб олишга интилади. Заур улар орасидан аранг ўтиб, иккинчи қаватга кўтарилди.
Хонанинг ўнг ва чап томонига ўриндиқсифат қоқилган тахталар устида ҳалойиқнинг Тбау-уац-Ила учун олиб келган эҳсонлари, ликопчадан тортиб, косага қадар турли буюмлар териб қўйилган эди. Кичкинагина тўртбурчак деразадан кундузи тушиб турадиган нур ҳам бу хонани етарли ёрита олмайди. Ҳозир эса ёқиб қўйилган ўнлаб мойчироқлардан таралаётган нур бу деразадан ошиб, ҳовлини ёритишга ожизлик қилади.
Хона тўрига турли тасвирлар акс этган суратлар осиб қўйилган. Гуржи подшоҳи ҳадя этган катта мис қозонда ҳар бирининг катталиги тухумдек келадиган икки маъдан тош ташлаб қўйилган. Руҳоний ота Тбау-уац-Илага сиғиниб, дуо ўқиганида мўъжиза юз бериб, бу тошлар даволаш кучига эга бўлар эканлар. Айтадиларки, жиннилиги авжга чиққан, ҳеч кимга бўйсунмай, қичқириқлари билан оламни бузаётган кимса бу ерга олиб келингач, Заур дуо ўқиганича тошлардан бирини олиб, беморнинг пешонасига теккизган экан. Шунда типирчилаётган жинни тинчиб, бирданига тошдай қотиб қолган экан. Бир неча дақиқадан сўнг кўзларини катта-катта очганича атрофга ҳайрон боққан одам жиннилигидан асар ҳам қолмаганидан қувониб, Тбау-уац-Иланинг қудратини оламаро таърифлаш учун овулига йўл олган экан.
Бу хона деворига Заур учун энг муқаддас ҳисобланган, мўъжизаларга бой узун занжир-кишан осиб қўйилган. Самовий кишан ҳисобланган бу занжир ҳақидаги афсоналар тиллардан тилларга кўчиб неча асарлардан бери яшайди.
Эмишки, кўп асрлар муқаддам қабардинлар водийга бостириб кирадилару бироқ қалъани забт эта олмайдлар. Аммо тоғ ёнбағрида от боқиб юрган ёш туцатни асирга оладилар. Уни ўзлари билан ватанларига олиб кетиб, оёқларига кишан урадилар-да, қўйларини боқишга мажбур қиладилар.
Ёш ўғлон қисматидан қайғурган туцатлар Тбау-уац-Илага сиғиниб, ундан мадад сўрайдилар. Ниҳоят, уларнинг муножотларини илоҳлари эшитади.
Кунларнинг бирида ўғлон сурувни ўтлатиб юрганида осмону фалакдан боши билан қанотлари бургутга, танаси эса одамга  ўхшаган маҳлуқ учиб келади-да:
-Елкамга ўтир,-деб буюради.
Сўнгра бу мўъжиза маҳлуқ   Тбау тоғига учиб келади-да, Найфатдаги муқаддас қалъани кўрсатиб:
-Ватанингни танидингми?-деб сўрайди-ю, ўзи ғойиб бўлади.
Ўғлон кун бўйи пиёда юриб, Найфатга етиб келади. Уни кишандан озод қиладилар. Занжирни эса ташлаб юбормай, эсдалик учун зиёратгоҳ деворига осиб қўядилар. Ўшандаёқ бу кишан илоҳий куч касб этиб қолган. Руҳоний ота танлаган бемор шу кишанга қўл ургани замон соғайиб кетаверар экан.
Қачонлардир Абхазия князи Шервашидзе қалъани харобага айлантириб, мўъжизавий кишанни юртига олиб кетган,  лекин кишан ўша туниёқ Найфатга қайтиб учиб келиб, девордаги ўз ўрнини эгаллаган экан. Кишанни уча бошлаганини кўрган абхаз соқчиси унга қараб ўқ узган экан. Кишанда ҳозир ҳам шу ўқ изи сақланиб қолган. Ўша-ўша кишан бу деворда муқим қолган.
Тбау-уац-Ила шарафига ўтказилган байрам икки ҳафта давом этди. Бу вақт ичи қалъадан муридларнинг оёғи узилмади. Ҳовли ҳамиша одамларга тўла, муридлар руҳоний оталарини зиёрат қилиш учун узоқ вақт навбат кутадилар. Қурбонлиқ сўйиш эрталабдан кечгача тинмай давом этади. Қоялар бағрини қизилга бўяб пастга қон сизиб оқади.
Заурга одамлар ўз дардларини айтиб илтижо қилишади. Бири беморларига шифо талабида келган, яна бири меҳр-оқибатга муҳтож, бошқаси худодан барака тилайди. Заур уларнинг истакларини жимгина эшитгандан сўнг худо билан шу одам ўртасидаги вакил мисоли Тбау-уац-Илага муножот қилиб, талаблари ижобат бўлишини сўрайди.
Диний вазифаларини бажо этиб бўлган ёшлар эса сайлни бошлаб юборганлар. Улар давра-давра бўлиб рақсга тушадилар. Қизлардан бири гармон чалади. Бошқалар куйга қарсаклари билан жўр бўладилар. Давра ўртасида икки ёш худди икки оққуш мисол сузади. Қўллари пастга туширилган, юзма-юз туриб бир-бирининг кўзларига муҳаббат билан тикилаётган йигит билан қиз куйга монанд равишда майдон бўйлаб сузадилар: бир яқинлашадилар, бир узоқлашадилар.
Қалъага кўп қатори келган Темир ҳам ўғли ёрдамида қурбонликни сўйиб, худодан Керим билан Золийхон никоҳларининг қутлуғ бўлишини илтижо қилиб сўради.
Заур дўстига узоқ тикилиб қолди. “Кечаси кўрган даҳшатли манзарани унга айтсаммикин ё йўқми?” деб иккиланди. Кейин сир сақлашга қарор қилди: “Айтганимдан нима фойда? Тбау-уац-Ила кимга бахтсизликни раво кўрган бўлса, бу қарорни одам боласи ўзгартира олмайди”.
У руҳи эзилган, топталган одам ҳолатида Темирдан сал нари кетиб, азиз-авлиёлар тасвирлари қаршисида тиз чўкди-да, Тбау-уац-Илага ёлвориб,  Темир ва унинг оиласидан марҳаматларини аямаслигини сўради. Золийхоннинг исмини тилга олиб, унинг ҳаққига дуо қилишга ботина олмади. “Қизим худонинг қаҳру-ғазабига дучор бўлган, энди нажот йўқ!”- деб ўйларди у. Золийхоннинг руҳан эзилишини, қарашларига муҳрланиб қолган қўрқувни ўз айбига иқрор бўлиш деб ҳисобларди. Қўрқув ҳам, эзилиш ҳам Урусхоннинг ҳажрида эканини эса ўйлаб ҳам кўрмасди.