Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - НИКОҲ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - НИКОҲ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа

НИКОҲ

Керим жавобни интиқлик билан кутаётган даврага қайтди. Унинг қарорини ҳар ким ҳар ҳил кайфиятда қабул қилди. Биров маъқуллади, бошқаси уни номусни қадрлай олмасликда айблади, яна биров афсус, яна бошқаси ажабланиш билан бош чайқаб қўя қолди. Куёвнинг аҳдини эшитгач, Заурнинг юрагини мажақлаб турган харсанглар қулади. Қайси бир йигит шунча гап-сўздан кейин ҳам номуссизликда айбланиб турган қизга уйланаман дейди? Ҳар ҳолда бу томонларда учрамайдиган камёб ҳодиса! Тўтараевларнинг ёши улуғлари бир нима демасалар ҳам, ёшлари Керимнинг бу бўшанглигидан ғазабланишди. Ундаги муҳаббатни бемаъни деб билиб, ҳафсалалари пир бўлди. Уларнинг қатъий фикрича, Керим қизни асло кечирмаслиги керак эди. Яхшики, бундай ҳолларда ёшларнинг фикри инобатга олинмайди, йўқса Керим оғир аҳволда қолган бўларди. Керим отасига Золийхоннинг иффатли, ор-номусли қиз эканини ишонч билан айтгач, Темир ўғлининг бу қарорига қарши чиқмади.
Бироқ Керим келинни даврага бошлаб келганда уни совуқ қарши олдилар. Саломи аликсиз қолди. Заур билан Темир никоҳ соат ўн бирга белгиланганини эслатгач, барчалари шошиб отларига миндилар.
Зураб келинга ғордан олиб тушган отини рўпара қилди. От қизга қараб аста пишқириб қўйди. Золийхоннинг назарида жонивор “Севгингни дарров кўмиб бўлдингми? Муҳаббат ўтининг сўниши шунчалар осонмиди? Вафодор бўламан, деб қасам ичиб эдинг. Сени ҳали қасам урмасайди...” деб маломат қилгандай бўлди. Қиз ўзининг хаёлига келган бу гаплардан  сесканиб, ортига чекинмоқчи бўлди-ю, ўзини қўлга олиб, итоат билан отга минди.
Ҳамма никоҳ ўқиладиган черков томон юрди. Фақат Тамби шаҳарга қараб йўл олди. У ҳозир хуржунида қаппайиб турган калла эвазига ҳукуматдан мукофот олиш умидида маст эди. Аммо шаҳарга боргач, ҳукумат одамларига бу калланинг Урусхонники эканини исботлай олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмасди. Далил учун абрекнинг қариндошларидан, ёки ҳеч бўлмаганда уни танийдиган овулдошларидан бирини олиб бориш зарурлигини у қайдан ҳам билсин. Катта пул ишқида кетаётган Тамбининг эртага қуруқ қўл билан қайтишини уни умид кўзи билан кузатиб қўйганлар ҳам билишмайди.
Тамби ўз йўлида, никоҳ карвони эса ўз йўлида кетиб боради.
Никоҳ карвони... Ажаб, Ажаб! Асъаса-ю дабдаба қани? Шодиёна-ю тантана қани? Йигитларнинг шўхликлари қани? Қувонч рамзи бўлган отишмалар қани? Йўқ... Ҳеч нарса йўқ! Бу карвон  тўйни  эмас, мотам маросимини эслатарди. Темир билан Заурнинг ўрталарида ёнма ён бораётган келин билан куёв жим. Ортда бораётган чавандозлар ҳам жим.
-Тўйга кетяпмизми ё ўлик кўмганими?-деб ўйлайди кўпчилик.
Православ руҳонийси уларни қишлоқнинг кичкинагина черковида кутиб олди. Бу ерда ўқиладиган никоҳ аҳди билан Золийхон билан Керимнинг эр-хотинлик мақоми қонун кучига киради. Фолбинликни касб этган осетин руҳонийлари қонун кучига кирувчи бундай маросимларни бажариш ҳуқуқига эга эмасдилар.
Келиннинг эзгин афт-ангори, ғижимланган кўйлаги,фақат эркаклар ҳамроҳлигида келиши руҳонийни шубҳага солди. Никоҳ ўқисамми ё ўқимасамми, деб иккиланди. Аммо Заурнинг қўлини сиқиб, маънодор қараб қўйишидан кейин шубҳани бир четга йиғиштириб қўйиб, никоҳ маросимини  рисоладагидай бошлади.
Зураб билан Алдиан Тўтараев келин ва куёвнинг бошлари узра олтин ҳалли чамбаракни ушлаб  туришди.
Никоҳ маросими якунига етгач, туцатлар Цагат Ламардонга қайтиш тадоригини кўришди. Аммо Темирнинг илтимосини ерда қолдиришни эп кўрмай, ёшлар Кадгаронга тўйга борадиган бўлишди.
Қариганида бошига шармандалик ёмғирини ёғдирган қизини кечира олмаётган Заур Золийхон билан совуққина хайрлашди-да, сепларини эртагаёқ Кадгаронга етказишга ваъда қилди.
Тўй карвони яна аввалгидай жимлик билан йўлга тушди. Ўқилган никоҳ ҳеч кимнинг кўнглига равшанлик олиб кирмади. Золийхоннинг назарида руҳоний унга никоҳ ўқимади. Балки бевафоликнинг лаънат тамғасини қалбига ургандай бўлди. У ана шу лаънат тамғасига банди бўлиб, қонуний эри ёнида унинг уйи томон боряпти. Эрининг уйида уни нималар кутяпти? Керим ваъда қилган бахтми? Керим астойдил ваъда қилган бўлса-да, Золийхон бахтли бўлишига ишонмайди.
Кадгаронда тўй ҳаракати авжида.
Ажал ҳам ғафлатда эмас, Золийхонни интиқ кутади.
Кечга яқин Ғазола овулига етиб келдилар. Темирнинг дўсти уларни қучоқ очиб кутиб олди. Келинни кузатиб келувчилар орасида аёллар йўқлигидан у ҳам ажабланди-ю, аммо сир бой бермади. Сабабини сўраб ўтирмай, Золийхонни аёллар бўлмасига кузатди. Эркаклар меҳмонхонада тунашди.
Керим қочоқларни тутиш воқеасини батафсил эшитиш мақсадида Зурабнинг ёнида ётди. Кодат гапни қизларнинг ваҳимали хабарларини эшитганидан бошлаб, қочоқларни қувиб борганларини ва ниҳоят олишув тафсилотини сўзлаб берди.
Керимни олишув баёни ўйлатиб қўйди.
-Менинг ўрнимга олишганингдан мамнундирсан?
-Албатта! Сенга бўлган садоқатимни намойиш этишимга имкон бергани учун Тбау-уац-Илага шукрлар қилдим.
Агар Керим Зурабнинг ўрнида бўлганида у ҳам айнан шу йўлни тутган бўларди. Унинг дўстига ҳаваси келди.
У Зурабга яқинроқ сурилди-да, шивирлаб сўради:
-Зураб, Золийхон ўтган гапларни унутиб, бундан бу ёғига фақат мени сева олармикин?
-Билмадим,-деди Зураб. Кейин гапини бошқалар эшитиб қолмаслиги учун овозини янада пастлатди:- у абрекни жонидан ҳам ортиқроқ яхши кўрарди.
-Худога шукрки, абрек бу дунёни тарк этди. Бунинг учун сенга раҳмат.
-Унинг ўлгани яхши бўлди. Бошига ханжар санчганимда суяклари қисирлаб кетди. Бундан қанчалик лаззатланганимни баён этиб беролмайман.
-Вақтида қувиб етганларинг яхши бўлибди. Яна ким билади, озгина фурсати бўлганида... балки...
-Бунинг учун ҳам раҳмат, десанг арзийди. Отни аямай ҳайдадим.
-Агар кечикканларингда... ўша иш бўлганида... Золийхонга уйланишимга отам икки дунёда ҳам рухсат бермас эди.
-Керим... ҳар ҳолда ўша иш бўлиб ўтган...
-Йўқ, Зураб, мен ундан очиқчасига сўрадим. Унинг вужуди ҳам, қалби ҳам пок.
-Қочаётган пайтларида улгуришмагандир. Лекин унгача бўлган, деб ўйлайман. Мен ўрмон ёқасида қучоқлашиб, ўпишаётганларини ўз кўзларим билан кўрганман.
-Ахир ўзинг ўпишишдан бошқа гап бўлмади, деган эдинг-ку?
-Мен кўрганимни айтдим. Балки ўша кеча ҳеч нима бўлмагандир. Ақлингни салгина бўлса ҳам ишлатсанг-чи! Сен нима деб юрибсан, Урусхондек  йигит шундай гўзални ярим кечада пинҳона жойда кутиб олади-ю, тегмайдими? Агар шундай бўлса, у эркак эмас экан. Мен ҳам бир хотинчалиш билан олишган эканман.
-Мен бунга ишона олмайман.
-Ишониш ёки ишонмаслик ўзингнинг хоҳишинг. Мен шундай иш бўлганига аминман!
Зурабнинг кескин оҳангда айтган сўнгги гапи Керимни паришон қилди. Анчагача гапирмай ётди. Ниҳоят:
-Зураб, энди нима қилишим керак?-деб маслаҳат сўради.
-Энди битта йўлинг бор: кейинги байрамгача хотинингга яқинлашмайсан. Агар у муҳаббат лаззати деб қадамжони оёғости қилган бўлса, Тбау-уац-Ила унинг шармандасини чиқаради. Агар шу вақт мобайнида ҳеч нима сезилмаса, демак, мен адашган бўламан. Хотининг номусли покиза қиз бўлади. Шундан кейингина сен уни севиб, хотинликка оласан.
-Зураб, маслаҳатинг жуда ғалати бўлди-ку? Неча йил севиб, интилганимни уйга бошлаб кирсаму, яқинлашмасам... Менга оғир бу...
-Оғирликка оғир. Лекин бутун умринг давомида “хотиним мени алдадими ё йўқми?” деган шубҳа билан яшашинг бундан ҳам мушкулроқ, билиб қўй.
-Сен ҳақсан, Зураб. Гапларинг тўппа-тўғри. Лекин... ўша ўрмонда номусини бериб қўйган бўлса-ю, лекин ҳеч нима сезилмай қолса-чи?
-У ҳолда буни Тбау-уац-Илага қўйиб беравер. Бизга сир бўлган нарса унга маълум. У гуноҳкорни жазосиз қолдирмайди. Бўлди. Энди ухла.
Керим ёнбошига ўгирилиб олди. Хонадагилар бир маромда нафас оладилар. Унинг эса на тинчи бор, на уйқуси келади.