Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ЖАЗО
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ЖАЗО PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа


ЖАЗО

Кадгарондаги тўй қадимдан мерос қолган урф-одатларга риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Келин ва куёв меҳмонларга кўриниш бермадилар. Меҳмонлар эса уч кеча-кундузни емоқ-ичмоқлик ва ўйин-кулгудан иборат шодиёналик билан ўтказишди. Келинни абрек олиб қочгани ҳаммага маълум бўлса-да, бундай воқеалар Қофқазда учраб тургани сабабли вафқулотда фожиа сифатида қабул қилинмади. Балки абрекка жазо берилганини нишонлаб, қувонч билан қадаҳлар кўтардилар.
Тўйдан сўнг Золийхон барча хотинлар каби ўз хонасига эга бўлди. Аммо ташвиш билан кутгани – висол содир бўлмади. Тунлар кетидан тунлар ўтаверди, бироқ Керим унинг остонасини босиб, ичкари кирмади. Дастлаб бундай ҳолатдан Золийхон қувонди ҳам. Керимнинг асл мақсадини билмай, буни унинг марҳаматига, олижаноблилигига йўйди. Қиз унинг кўнгилчанлигини қанчалик қадрламасин, қалбининг тўри ҳамон Урусхони билан банд эди. Урусхоннинг бу дунёни ташлаб кетгани рост, аммо қиз қалбини ташлаб кетмаган эди. Дастлабки кунлари эрининг уйга кирмагани  унда миннатдор ҳисларни уйғотди. Аммо кейинчалик ҳаётининг бундай давом этиши мумкинмаслигини англаб қолди.
Ҳафта кетидан ҳафталар ўтди. Керимнинг муносабати ўзгармади. Золийхон энди ташвишлана бошлади. Кунларнинг бирида, Урусхон забт этган юрагининг остида тирик жон пайдо бўлганини сезди. Аввалига ҳомиласига ишонмади. Буни тан олишнинг ўзиёқ бир даҳшат эди. У бутун вужуди билан она бўлишига қарши эди. Уни шармандаликдан қутқариб қутқариб қолишнинг бирдан-бир йўли эри билан яқинлашиш эди. У энди Урусхони хотираси билан яшамасди. Эрини ўзига чорларди. Бу йўлда аёлларга хос барча карашмаларни ишга солди: эрига фақат жилмайиб қарайди, баъзан нозли кўз сузишлари билан уни ўзига оғдирмоқчи бўлади. Керимни гапга солади, нозли сўз оҳанглари орқали соғинганини англатишга уринади. У ўзининг рафиқалик ҳуқуқидан фойдаланишни, туғилажак фарзандга Керимнинг ота бўлишини жуда-жуда истарди. Бироқ ҳамма уринишлари беҳуда кетаверди. Золийхон унга интилаверади, Керим эса ундан ўзини олиб қочаверади. Ноз-карашмалар эътиборсиз қолаверади. Золийхоннинг назарида эрига интилгани сайин Керим ғоят бемеҳрлик билан ундан узоқлашишга уринарди.
Ёз фаслининг адоғида бахтсизлигининг нишонаси – ҳомиласи сезилиб қолди. Юрагини дард азобидан халос қилай деса, атрофида унинг хасратини тинглайдиган дардкаши йўқ.  Қайнонаси билан қайинсинглиси аввал бошданоқ унга нохуш муомала қила бошлашган. Золийхон бу хонадонда кутилган, ардоқли келин эмаслигини дастлабки кунларданоқ англаган. Номус-ор, вафо-садоқат туйғулари ҳақидаги юксак тушунчалар таъсирида тарбия кўрганлари сабабли улар Золийхоннинг шармандалигини кечира олмас эдилар.
Сентябрнинг бошларида унинг қомати тўлишиб, юзида доғ пайдо бўлиб, ҳомиласини ошкор қилди. У ҳамон эрига яқинлашишга интилади. Керим ҳамон ўзини олиб қочади. Кундуз куни ҳам ёлғиз қолишни истамайди.
Қайнонанинг зийрак нигоҳи Золийхондаги ўзгаришни сезди. Бир куни дастурхон атрофида ўтиришганда у одатига хилоф равишда келинига мулойимлик билан гапириб қолди:
-Худо сенга марҳаматини аямаганга ўхшайди. Тез орада Керим ўғилчасини қўлига олиб, шодлигини дўстлари билан баҳам кўради.
Бу ҳақиқатни қайнонасининг оғзидан эшитган Золийхоннинг боши айланди. Йиқилиб кетмаслик учун хонтахтани ушлаб қолди.
“Тбау-уац-Иланинг жазоси бу!” деган фикр бутун вужудини қақшатиб юборди-ю, ҳушсизланиб йиқилди.
Она-бола қўрқиб кетдилар. Уни ўринга авайлаб ётқизиб, юзига сув пуркаб, ҳушига келтирдилар. Ўғлининг хотинига ҳануз яқинлашмаганидан бехабар она бу ҳолатни ҳомиладорликнинг оғир ва азобли жараёнига йўйди.
Оқшомда ёмғирда қолиб бўккан Керим даладан қайтди. Кийимларини ечиб, олов қаршисида исиниб ўтирганида онаси унга қараб хушхабарни айтиб, суюнчилади:
-Керим, янги йил байрамида ўғлингни қўлга олиб, дўстларингга зиёфат берадиганга ўхшайсан.
Бу хабарни эшитиб сакраб туриб кетди. Лекин ҳаракат қувончдан эмас, бехос уйғонган ғазаб оқибатидан эди. Унинг ранги оқарди. Кўзларида олов учқунлари ёнди. Қўли беихтиёр ханжари дастасига юборилди.
-Нималар деяпсан!-деди у хирилдоқ овозда.
Кампир ўғилдаги бу ўзгаришдан ҳайратланиб, унга қўрқибгина боқди:
-Менимча, яқин орада Золийхон она бўлса керак...
Керим шу ойлар ичи қўрқиб кутган хабарни эшитиб, ўзини йўқотиб қўйди.
-Бу бўхтон! Бўлмаган гап! Ёлғон!-деб ҳайқирди.
-Сенга нима бўлди?-деди кампир меҳрибонлик билан.-Бунақа пайтда оталар қувончдан худога шукрлар қиладилар.
Бу гапни эшитиб, Керим телбаларча кула бошлади:
-Мен қувонайинми? Мен худога шукр қилайинми? Нима учун?
У кулгидан бирданига тўхтади-да, кўзлари ола-кула бўлиб онасига қаради:
-Она, унинг қорнидаги бола меники эмас!.. Чунки мен... эр бўлиб унга ҳалигача яқинлашмаганман.
Кампир бу гапни эшитди-ю, даҳшатдан тошдай қотиб қолди. Оғиз очиб бир нима дейишга ҳам қурби етмади. Кейин жон бераётгандай лаблари аста пичирлади:
-Бузуқ.... бизнинг уйимизга фоҳиша кириб келган экан...
Тилидан учган бу аччиқ ҳақиқат сўзлари кампирни сескантириб, ўзига келтирди. Энди бор овози билан қичқирди:
-Бузуқ! Бузуқни бошлаб келганмидинг?!
Керим онасини ҳоли қолдириб, Золийхоннинг хонасига отилиб кирди. Дераза ёнида ниманидир тикиб ўтирган Золийхон чўчиб, ўрнидан турди. Золийхон эрини бундай дарғазаб ҳолда сира кўрмаган эди. Керимнинг юзлари ғазабдан қизариб кетган, кўзларида нафрат ўти бор эди. Бироқ у хотинига ташланмади, лаънат сўзларини ҳам тилидан учирмади. Ўзини босиб олиб, вазминлик билан сўради:
-Золийхон, сенга нима бўлди?
-Раҳмат, Керим, сенинг паноҳингда  менга нима ҳам бўлиши мумкин?
-Мен соғлиғингни сўраяпман?-у шундай деб қизнинг қоматига синовчан тикилди.-Назаримда тўлишиб қолганга ўхшаяпсан.
Қиз қандайдир даҳшат тўфонининг шарпасини сезиб, ўнғайсизланди.
-Керим, гапларингга тушунолмаяпман?
Бу гапдан кейин Керим ўзини тутолмади – портлади:
-Сен ҳали ҳам номусли қизмисан? Ҳа... ҳомиладор қиз!
Золийхон қалтираганича унинг қаршисида тиз чўкди:
-Мени кечир, кеч...
Золийхон узрини охиригача айта олмади. Унинг сўзини Керимнинг қатъий ҳукми узди:
-Йўқ!-деди у қаҳри қаттиқ одамнинг бераҳмлиги билан.-Ҳеч қачон!
Шундай деб чиқиб кетмоқчи эди, Золийхон ўзида кучли бир журъат топиб, сакраб турди-да, остонага ундан олдин етиб бориб, йўлини тўсди.
-Сендан ўтиниб-ўтиниб илтимос қиламан. Узил-кесил ҳукм чиқармасдан олдин бир оғиз сўзимни эшит.
-Яна қанақа сўзингни эшитай? Ҳозиргина ўзинг тан олдинг-ку? Бошқа гапга ўрин йўқ!
-Керим, никоҳимиздан кейин мен сенга заррача бевафолик қилмадим.
-Никоҳдан кейин дейсанми?-Керим шундай деб захарли илжайди:-Оиламиз катталари келишиб олишган ондан бошлаб сен меники эдинг!
-Биламан... ўшандан кейин ҳам сенга хиёнат қилганим йўқ.
-Лекин сен у аблах билан бирга қочдинг-ку?
Золийхон бу ҳақиқатни рад этишга ожиз эди. У бош эгиб, жимиб қолди. Бундан фойдаланган Керим гапини давом этди:
-Энди мен сенга қандай ишонишим мумкин? Эсингдами... йўл устида... гуноҳ иш қилмадиларингми, деб сўраганимда сен “гуноҳ иш қилмадик” девдинг?
-Ҳа. шундай дегандим, эсимда. Лекин сен “ўша тунда бўлдими?” деб сўрагандинг.
-Сен гапни чалғитма. Мен поклигингча қолдингми... қизмисан, деб сўраган эдим. Буни мен ўзим учун эмас, отам учун сўровдим. Сени севган, сенга ишонган одамни алдадинг. Муҳаббатимдан фойдаланиб, абрекдан бўлган болангни менинг номимга ўтказмоқчи эдинг. Худога беадад шукрлар бўлсинки, у менга етарли сабр-тоқат бериб, сенга яқинлашишимдан ўзи асраб турди. Энди орамизда ҳеч нарса йўқ. Менинг муҳаббатим бугун ўлди. Ҳа, худди Урусхонинг сингари ўлди. Энди йўлимдан қоч!
У яна ёлвормоқчи, тушунтирмоқчи эди, бироқ бунинг фойдасиз уриниш эканини сезиб, ўзини четга олди.
Золийхон ҳали ҳаёт бўлса-да, юзига ўликнинг ранги югурди. Ҳолсизланиб ўтирди. Вужудини гўё совуқ булут ўрай бошлаган бўлди. Кўзлари бир нуқтага маъносиз тикилиб қолди.
Хаёлига қадимдан қолиб келаётган одат ҳукми келди-ю,  кўзлари даҳшатдан катта-катта очилиб, сапчиб туриб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. Осетинларнинг бузуқларга нисбатан ҳукми ғоят даҳшатли эди: беномуснинг сочи кесилиб, кўкраклари чўғда куйдирилиб, сўнг ота-онасиникига жўнатиб юбориларди. Золийхон яқин атрофда шундай воқеа юз берганини эшитмаган. Чунки Осетияда узоқ йиллардан бери бунақа ҳол юз бермаганди. Эс-эс билади, унда ҳали қизалоқ эди, қўшни кампирлар ўчоқ олдида суҳбатлашиб ўтириб шундай одат мавжудлигини гапиришган эди. Ҳозир ўша суҳбатни эслаб, баданига муз югурди. Энди нима бўлади? Унга “бузуқ” деб ҳукм чиқаришадими? Кўкракларига чўғ босишадими?
Йўқ. йўқ! Бунга йўл қўёлмайди. Бу шармандаликдан кўра ўзини дарёга ташлаб ўлгани минг марта афзал. Дарё унинг ўзини ҳам, гуноҳларини ҳам ютади. Бу дунё азобларидан қутулади. Аслида аллақачон шундай қилиши керак эди. Фақат Урусхонидан қолган ёдгорининг ўлимини истамаётганди... Энди у ҳам кўзига кўринмай қолди.
У бир қарорга келиб, уйдан чиқишга улгурмай остонасида қайнотаси кўринди. Керим хотинининг хонасидан чиқиши билан отасига бор гапни айтиб, Золийхонни шу оннинг ўзида ҳайдаб юборишни талаб қилган эди. Ўғлининг талабини эшитган Темир ҳукм чиқаришга шошилмади, яқинларини чақиртириб келди. Золийхоннинг хонасига аввал ўзи, орқасидан акалари Мшохт билан Мухтор, кейин амакиваччаси Урусмат кириб келдилар.
Катталар хонага ҳеч бир мулозиматсиз ва салом-аликсиз кириб келдилар. Уларнинг изларидан Керим, Хотшош ва гўзал Алдиан ҳам кирдилар. Гап бошлаш ҳуқуқи Темирда эди:
-Золийхон Туцат,-деди у вазмин ва мулойим гапиришга тиришиб,- сен менинг ўғлим Керим Тўтараевга ўз розилигинг билан хотин бўлган эдинг. Ўғлим эр сифатида сенга яқинлашмагани ҳолда ҳомиладор бўлиб қолганингни айтиб, айблаяпти. Уйингга қайтариб юборишимизни талаб қиляпти. Биз ҳаммасини аниқ билмагунимизча одатимизга биноан ҳукм чиқара олмаймиз.
“Ҳаммаси аниқ: бузуқларга бериладиган жазо беришади менга”, деган фикр яшин сифатида миясига урилиб, товонигача зириллатиб юборди. Қайнотасининг гапини энди узоқ-узоқлардан эшитгандай бўлди:
-Керим, аввал сен гапир.
Ханжари дастасини маҳкам ушлаб турган Керим ҳаяжонланиб, дарров гапира олмайди. Золийхон томонга қарашга ботинмайди.
-Ҳа, отам тўғри гапирди,-деди у овози титраётганидан ўзи ҳам ҳижолат бўлиб. Томоқ қириб олиб, ҳаяжонини босган бўлди-да, қатъийроқ оҳангда давом этди:-Мен Золийхон Туцатни ота-онасиникига ҳайдаб юборишни талаб этаман. У менга ҳеч қачон хотин бўлган эмас. Ҳомиласи абрек Урусхондан. Улар йўл устида қўлга тушишганда менга “номус-орли қизман”, деган эди. Шунинг учун мен унинг “ўз акаси” билан қочганини кечирган эдим. Энди эса бузуқлиги учун ҳайдаб чиқаришни талаб қиламан. У мени алдади. У номус-орли осетин йигитнинг хотини бўлишга ҳеч қачон ҳақли бўлган эмас.
Талаб ҳақли эди. Шундай бўлса ҳам Темир ҳукм чиқаришга шошилмади.
-Золийхон Туцат, энди сен гапир: ўзингни оқлай оласанми?
Темирнинг овозида қўрққулик бир хотиржамлик борлигини қиз пайқади.
Бутун ўй-хаёлини қамраб олган бўлажак ҳукм даҳшати  бирон нима дейишга ҳам йўл бермайди. Шундай бўлса-да, сўнгги қувватини ишга солиб гапиришга чоғланди:
-Никоҳдан кейин хиёнат қилмадим,-деди ғоят паст овозда. Тишлари зириллаб бошқа сўз айтолмади. Тўпланганлар учун унинг гапириши унчалик муҳим эмасди. Шунга қарамай Темир яна сўради:
-Керим сенга эр бўлганмиди?
-Йўқ...-деди у секингина.
-Ҳомиладормисан?
-Ҳа...
Қизнинг иқрорини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмаган бўлса-да, Темир акаларига бир қараб олиб, яна сўради:
-Бола кимники?
-Ўзингларга маълумку?
-Боланинг отаси кимлигини ўзинг  айт!
-Урусхон...
-Керимга тегишга ўзинг рози бўлганмидинг?
-Ҳа... Урусхонга бўлган муҳаббатим туфайли хўп деганман.
-Нима-а?
-Ҳа, мақсадим уни Тбау-уац-Иланинг жазосидан қутқариб қолиш эди. Урусхон акам бўлиб қолганидан кейин барибир унга теголмас эдим. Шунинг учун ихтиёримни отамга бердим.
-Цагат Ламардонда қалин пулини келишаётганимизда сен ўз хоҳишинг билан розилик берганмидинг ё зўрлашган эдими?
-Ҳеч ким зўрламаган.
-Тўй куни абрекка ўз ихтиёринг билан эргашдингми?
-Ҳа.... тўғриси... мен ундан қўрқдим. Кўзларида ғалати ўт бор эди.
-Балки у сени қўрқитиб, қочишга мажбур қилгандир?
-Йўқ бундай бўлмади.
-Демак, сен бир йигитнинг қаллиғи бўла туриб, бошқа одам билан қочдингми?
-Ҳа.
Темир бу иқрордан сўнг қариндошларига бир-бир қараб олди:
-Оғаларим, бошқа гап сўрашнинг энди фойдаси йўққа ўхшайди. Айбини бўйнига оляпти, шунинг ўзи кифоя.
-Қаердан келган бўлса, ўша ерга ҳайдаб юбор!-деди Урусмат ғазаб билан.
-Ҳайдаб юбориш осон,-деди Темир.-Унга аввал бузуқлиги учун жазо беришимиз керакмикин?
Орага бир зум сукут тушди.
Золийхон титрай бошлади.
-Мана шу ҳукм адолатдан бўлади. Бошқа чора йўқ,-деди Мшохт, оппоқ соқолини силаб қўйиб.
-Мулоҳазага ўрин йўқ,-деб акасини қувватлади Мухтор,-айбига иқрор бўлмаганда ҳам бошқа гап эди.
Темир ҳукмга акаларидан оқ фотиҳа олгач, ханжарини қинига қўл юборди-да:
-Қачон?-деб сўради улардан.
-Ҳозир,-дейишди улар ҳукм ижроси вақтини аниқ белгилаб. Уларнинг фикрича ҳукм ижроси вақтини ортга суришдан маъно йўқ эди.
Темир Золийхон сари бир қадам босди :
-Золийхон Туцат! Биз – сен номусини булғаган авлоднинг катталари – сени бузуқликда айбли деб топдик. Сенга урф-одатимиз қоидаларига кўра жазо бергач, отангнинг уйига жўнатамиз. Керим!-шундай деб ўғлига ўгирилиб қаради:-Аёлларни олиб, уйдан чиқ. Ўзимиз чақиргунимизча томорқанинг четидаги олмазорда кутиб туринглар.
Керим уйдан чиқиб кетиш учун баҳона топилганидан қувонди.
Мухтор Мшохт ва Урусмат билан маслаҳатлашиб олгач, хонтахта устидаги ёниб турган чироқни четга олиб қўйди.
-Темир,-деди Мшохт,- сен Керимнинг отасисан. Ҳукмни ижро этиш сенинг бурчинг.
-Биламан,-деди Темир  келинига бир қараб олиб.
Бу онда Золийхон кишанланган каби қотиб турарди. У ҳовлига қочиб чиқишни, дарёга бориб ўзини сувга отишни истарди. У ўзида куч топиб, қочишга аҳд қилди. Сал қимирлаши билан Урусмат унинг ниятини сезиб қолиб эшикни маҳкам беркитиб қўйди.
Иложсиз қолган Золийхон қайнотаси олида тиз чўкди.
-Мени авф эт,-у худди худога илтижо қилаётгандай қўлларини баланд кўтарди:-Отамникига шундайлигимча ҳайдаб юборинглар. Агар шарт бўлса. майли сочимни қирқинглар, аммо кўкрагимни куйдирманглар, ўтинаман.
У тиз чўкканича қайнотаси томон юрди.
-Мен бундан баттар жазога ҳам лойиқман. Лекин болага раҳм қилинглар. Ахир уни ким эмизади... раҳм қилинглар.
Эркаклардаги раҳм туйғусидан кўра одат ҳукмига бўйсиниш ҳисси кучлироқ эди. Мухтор ташқарига чиқиб, ўчоқдаги оловда темирни қиздириб қайтгач, нолаю фиғонга аҳамият ҳам бермай ишга киришдилар. Золийхон типирчилаб қанчалик қаршилик кўрсатмасин, қанчалик ялинмасин, фойдаси бўлмади. Уни хонтахта устига ётқизганларида оёғи осилиб қолди. Урусмат уни тиззаларидан маҳкам  босиб  турди. Мшохт билан Мухтор қизнинг қўлларини ушлашди.
-Бундай қилманглар,-деб ялинди титроқ исканжасидаги Золийхон.
Золийхон тоғларга ялинганида балки уларнинг раҳми келиб ёрилиб кетармиди. Лекин номуси таҳқирланган эркакларнинг тош қалби юмшамади. Темир ханжарини қинидан чиқариб, дамини текширди: ўткир! У чаққон бир ҳаракат билан Золийхоннинг сочларини кесиб ташлади-да, кўкрагини оча бошлади. Золийхон худди ноласини биров эшитиб, ёрдамга келадигандай бор овози билан дод солди. Кучига куч қўшилгандай бўлди. Эркаклар чангалидан чиқиш учун типирчилади. Ўнг қўлини Мшхотнинг чангалидан чиқариб олиб, ярми очилган кўкрагини панжаси билан тўсди.
-Бола... бола... гўдакка раҳм қилинг!
Бечора қизнинг фиғони совуқ деворларга сингиб кетди.  Мшхот қизнинг қўлини қайира бошлади. Темир акасига ёрдамлашди. Сўнг кўйлакни йиртиб, кўкракни батамом очди-да, қизитилган темирни унинг кўкрагига яқинлаштирди.
Боғда, баргларини тўкиб яланғочланиб қолган олма дарахти остида аёллар туришибди. Улар ўзаро гаплашмай, ҳукм ижросини жимгина кутишади. Уларни ҳам қандайдир қўрқинчли куч қамраб олган. Барчаларининг вужудларида енгил титроқ бор.
Ниҳоят, кутилган он етди: одам вужудини ларзага соладиган фарёд эшитилди. Жимгина турган аёллар бир-бирларига қараб олдилар. Бир неча нафасдан сўнг аввалгисидан ҳам кучлироқ, юракни эзиб юборадиган даражадаги фарёд янгради.
Мшхот мис косада сув келтириб, Темирга узатди. У ранги ўликникидай бўзариб кетган қизнинг юзига сув сепди. Золийхон инграб, тўлғонди. Кейин ўкириб йиғлай бошлади. Мшхот билан Мухтор уни кўтариб, курсига ўтқизишди. Урусмат билан Темир жавонни титиб, тоза сочиқни топдилар-да, қизнинг куйган кўкрагини боғлаб қўйдилар.
Ҳукм ижросидан кўнгли тўлган Темир гуноҳкорни Цагат Ламардонга шу оннинг ўзида жўнатиш учун арава тайёрлашни буюрди. Жувонни кузатиб борувчи одам одат бўйича уни эшиги остонасига ташлагач, ҳеч бир гап-сўзсиз изига қайтиши лозим эди.
Арава тезда ҳозирланди. Алахсираётган Золийхонни суяб олиб чиқиб, аравага ўтқазишди. Куйлаклари ўралган бир тугун билан, йўлда егулик таом ҳам қўйишди.
-Отанг қалин пулини қайтаргач, қолган буюмларингни оласан,-деди Темир. Алҳол Золийхон қолаётган буюмларини ўйлайдиган аҳволда эмасди. Бошига селдай ёпирилган азоб-уқубат уни бўлаётган гапларга, воқеаларга ҳиссиз қарайдиган қилиб қўйган эди.
Арава Тўтараевлар хонадонидан узоқлашиб, қоронғулик бағрига сингиб, кўздан ғойиб бўлди.
Золийхон ўтирган арава тош йўлларда галдираб юриб,  сувлари жўшиб-жўшиб оқаётган сойларни кечиб ўтиб, қоронғи довонларни, хатарли жар ёқаларини ортда қолдириб борарди. Золийхон қаерлардан ўтиб бораётганига аҳамият бермайди. Уйига қачон қай аҳволда етиб боришини ҳам билмайди. Унинг бошига тушган барча уқубатлар бир тугунга тўпланиб тўхтовсиз азоблайди. Руҳ азоби кўкрагидаги яра азобидан баттарроқ қийнайди.
Бу туннинг тонгги йўқдай эди гўё...
Кун ёришганда кузатувчи аравани тўхтатиб, отни чиқарди-да, ўтлоққа қўйиб юборди. Кейин Золийхонни нонуштага таклиф қилди. Золийхон унинг нима деяётганини англамади, мақсадини тушунмади. Лаблари нимадир деб шивирлади. Кузатувчи энгашиб, унинг узуқ-юлуқ гапларини аранг тушунди:
-Сув беринглар... сув... юрагим ёняпти...
Кузатувчи атрофга аланглаб, баланд қоя бағридан жилдираб тушаётган сувни кўрди-ю, ўша томон шошилди. Папоғини сувга тўлдириб қайтди. Золийхон сувни ютоқиб-ютоқиб ичди. Бир неча марта қалқиб-қалқиб кетса ҳам сувдан бошини кўтармади. Чанқоғи бироз босилгач. Бошини кўтариб, кузатувчига ҳайрон боқиб қолди:
-Менга раҳминг келдими? Сен одам эмасмисан?  Улар ўзларини одам деб ҳисоблайдилар. Лекин уларда раҳм-шафқатдан заррача ҳам йўқ.-Шундай дегач, папоқдаги сувни охиригача симириб ичди-да, сўнг бошини эгди.
Кузатувчи ноқулай аҳволга тушиб унга тикилиб қолди. “Агар мен бу билан Цагат Ламардонда бирга бўлганимда эди... бу азобларга рўпара қилмас эдим”, деб ўйлади у.
Кичкина отда бўркига ўраниб ўтирган киши аравага яқинлашгач, бахти қаро аёлга ачиниб қараб қўйди. “Бу беморни шифо истаб Тбау-уац-Иланинг руҳонийларига олиб кетяпти шекилли”, деб ўйлаб нари кетди.
Пешинга яқин водий ортда қолиб, юқорига, Цагат Ламардонга олиб борувчи йўлга чиқдилар.  
Заурнинг қўрғонига етиб келишгач, кузатувчи Золийхонни аравадан туширди. Тугунни олиб, унинг ёнига қўйди-ю, ҳайр-хўш ҳам демай, изига қайтди.
Туцат қизи бир оз ҳаракатсиз тургач, дарвоза томон беҳолгина қадам қўйди. Эшикни очиб, остона ҳатлаши билан тугун қўлидан тушди. Тугунни кўтаришга унинг кучи ҳам, истаги ҳам йўқ эди. Унинг назарида бу тугунга Тўтараевлар унинг кўйлакларини эмас, номуссизлик йўлида топган гуноҳларини ўраб бериб юборган эдилар. Золийхон эшикни қия очиқ қолдирганича ичкари қараб юрди. Уйда кимса кўринмасди. Тўғри аёллар хонасига борди. Эшикни очди. Дераза ёнидаги юмшоқ курсида ўтирган қора либосдаги онасини кўрди. Унинг оппоқ сочлари деразадан ёпирилиб кираётган нур ёруғида кумушсимон товланади.
-Она... онажоним!-деб ўртанди Золийхон.-Онажон!-шундай деб онасига яқинлашиб тиз чўкди-да, тиззасига бош қўйди. Золийҳон фақат шу ердагина раҳм-шафқат, меҳр-муҳаббат топа олишини биларди.
Кутилмаган ташрифдан гарангсиб қолган кампир қалтироқ қўллари билан унинг бошини силади:
-Золийхон! Қизгинам...Сенга нима бўлди? Нега келдинг?
-Она, раҳминг келсин менга, раҳминг келсин. Бу дунёдаги барча одамлар тошбағир бўлиб кетишибди. Заррача шафқат йўқ одамларда...
-Золийхон, муштипар онангга айт: нима бўлди?
Ожиза қизининг аҳволини кўрмайди. Қизининг кўзларидаги дардли нурни, иситмадан ёнаётган бетларини, хушқоматига кўрк бериб турувчи сочнинг кесиб ташланганини, куйдирилган кўкраклари устидан танғиб  боғланган сочиқни кўра олганида, худога нола қилиб: “бу фожиага гувоҳ қилганингдан кўра мени кўр қилиб қўйганинг яхши эди!”деб нолалар қилиши аниқ эди.
-Она, Темир Тўтараев мени лаънат ва шармандалик тамғаси билан ҳайдаб юборди. Чунки... чунки... қорнимда Урусхоннинг боласи бор... Керим аввал бошдан шубҳаланган экан. Эр бўлиб менга бирон марта ҳам яқинлашмади.
-Шубҳаси бор экан, нега сенга уйланибди?
-Мен ундан яширган эдим... ҳеч ким тегинмаган номусли қизман, девдим. У аста секин менинг севиб қолишимга умид қилган эди. Агар гумон билан мени пойламаганида унинг хоҳлагани бўларди.
-Даҳшат! Қандайин даҳшат-а!-деб пичирлади ожиза.-Кейин нима бўлди, айтавер, қизим.
-Қайнонам тўлишиб қолганимни сезиб, ҳомиладорлигимни ўғлига айтган бўлса керак. Кеча оқшомда хонамга ғазаб билан кириб келди. Мени сўроқ қилди. Мен тўғрисини айтдим.
-Кейин-чи?
-Қолганини сен сўрама, мен айтмай қўя қолай... Йўқ, айтаман, сенга айтмасам ким дардимга шерик бўларди? Кейин... қайнотам акалари билан кириб... одат ҳукмига кўра мени бузуқ хотинларга раво кўриладиган жазо билан жазолашди!-Золийхон шундай деб ўкраб йиғлаб юборди Ожиза ўтирган еридан сапчиб туриб кетди:
-Нима дединг?! “Одат ҳукмига кўра” дедингми? Ҳали улар сочингни қирқиб, кўкрагингни куйдиришдими?
-Ҳа!
-О, даҳшат, қандай даҳшат-а! Бечора қизгинам!-ожиза шундай нолалар билан йиғлаб, қизини бағрига босди.
-Оҳ, онажон, мени бунчалар сиқма, кўкрагим оғрияпти.
-Кечир, мени қизим, унутибман. Бу ишни... кеча қилишдими?
-Ҳа... кеча... буни ўша ёввойи чоллар қилишди. Кейин аравага солиб, ҳайдашди. Бўлди, она, энди бошқа нарса сўрама мендан. Бир пас ётай, ўзимни ёмон ҳис қиляпман.
Ожиза пайпасланиб юриб, қизини ўзининг ўрнига ётқизди. Золийхон онасидан табиб кампирни чақиртиришни илтимос қилди. Мўлжалида ой-куни ҳали яқинлашмаган, аммо белида уйғонган оғриқ уни ҳавотирга солаётганди.
Кампир хассасини дўқиллатиб, кўча томон юрди. Тамбининг уйига кириб, Салиматни дояникига жўнатди.
Қайтаётганида дарвоза яқинида Заурга дуч келди. Заур ҳамиша уйда ўтирадиган, ташқарига қадам босмай қўйган хотинининг кўчада юрганини кўриб, ажабланганича тўхтади:
-Қаердан келяпсан?
У эрини овозидан таниб, чўчибгина тўхтади. У эрининг бераҳмлигини биларди. Шу боис юраги ҳозир юз беражак момагулдирак даҳшатини сезди.
-Тамбиникида эдим,-деди у айб устида ушланган гуноҳкор одамнинг овози билан.-Салиматни Уарзат кампирникига юбордим. Золийхон келди. Қизимиз қаттиқ бетоб, Заур.
-Золийхон келди, дейсанми? Нега келади? Турмушга чиққанига ҳали бир йил бўлмади-ку?
-Бир йил бўлмади... Лекин... сен уни кечир, Заур... уни... жўнатиб юборишибди.
Заур тўйдан бери ҳар кун, ҳар соат шундай даҳшатли воқеа юз беришини қўрқув билан кутаётган эди. Ҳар ибодатида Тбау-уац-Илага ёлвориб, шармандаликдан асрашини сўраётган эди. Илоҳи муножотини қабул қилмадими? У беихтиёр инграб юборди. Кейин бақириб юборганини ўзи ҳам сезмади:
-Нима?!
-Бир соатча олдин хизматкорлари олиб келиб ташлади.
-Нима гуноҳ қилибди?-Шундай савол берди-ю, лаб тишлади. Қизининг нима гуноҳ қилганини бошқалар билмаса ҳам у билиши керак-ку? Хотини бу саволга жавоб бермади. У ўзига ўзи гапиргандай  пичирлади:-Бу бутун авлодимизни шармандалик ботқоғига ботиради-ку?
-Афсуски, улар ҳақ, Заур. Минг афсуски улар ҳақ... Золийхонимиз ҳомиладор.
-Ҳомиладорлик гуноҳ эканми?
-Ҳомиласи Керимдан эмас, Урусхондан экан. Керим эр бўлиб унга ҳатто яқинлашмабди. Гумонсираган экан, сир ошкор бўлибди.
-Шундай дегин... У беномус шу аҳволда менинг остонамни босиб, уйимга кирдими?! Сен уни бағрингга олдингми? Дарҳол йўқот уни! Туцатнинг покиза хонадонини бузуқ қадами билан булғамасин! Ҳайдаб чиқар, деяпман, сенга!
-Заур!-ожиза шундай деб ёлвориб, у томон қўлларини чўзди:-Раҳминг келсин, Заур! Улар қизимизни одат ҳукмига кўра бузуқ хотин сифатида жазолашган. Яраси битмаган, иситмаси баланд...
-Ҳайда!-деди қатъий Заур.
-Заур! Қирқ йилдан бери мен сенга итоатда яшадим. Сендан бирон нарсани сўрашга ҳеч маҳал журъат этмаганман. Бугун биринчи марта илтимос қиляпман: болам касалдан тургунича парваришлашимга ижозат бер. Сен унинг нақадар бахтсиз ҳолда эканини бир кўрсанг эдинг...
Заур унинг ноласини совуққонлик билан узди:
-Йўқ! Мен уйимда куфронийнинг  ҳароми боласи туғилишига йўл қўймайман!
-Заур, ёлвораман...
-Жим бўл, бошқа гапирма!
Заур шу гапи билан ҳукмнинг қатъий эканини билдириб, уйига кирмай орқасига қайтди. Кампир эридан шафқат кутиш ортиқчалигини, у қайтиб келгунича қизини уйдан чиқариб юборишга мажбур эканини англади. Англади-ю, чорасизлигидан эзилиб, дардини ичига ютди.
Иситма оташидаги Золийхон дам инграб, дам алахсираб  ётибди. Ожиза “қизимнинг дардини менга бер”, деб илоҳига илтижо қилиб ўтирибди.
Ниҳоят Салимат Уарзат кампирни бошлаб келди. Кампир эрининг ҳукмини Салиматга айтиб, Тамбидан нажот кутаётганини билдирди. Салимат ўша заҳоти  отасига учраб ижозат олди-да, акалари ва Қўрғок ёрдамида Золийхонни ўзининг хонасига олиб чиқиб ётқизди.
Тунда Золийхон ўлик ўғил туғди...
Бир неча кун мобайнида у ҳушсиз, алаҳсираб ётди. Унинг ҳаёти ҳам қил устида қолган эди. Ҳамма сукут сақлаб, унинг жон беришини кутарди. Беномуснинг ўлими бу авлоднинг айни муддаоси, гўё ўз ишини бажарган ажал туцатлар боши устидаги шармандалик булутини тарқатиб юборадигандай эди. Золийхоннинг ўлими – узоқ ойлар давом этган дардли ташвишларнинг қувончли якуни бўлиши кутиларди. Ўлим Золийхон учун ҳам нажот эди, нурсиз келажагидаги азоб-уқубатлардан қутқарарди.  Аммо ёшлик кучи жўш урган қиз ўлимни енгиб чиқди. Ўзи истамаса-да, кундан-кун соғайиб бораверди.
Яраси битиб, сал қувватга киргач, ўрнидан турди. Катта рўмолга ўралиб, ҳовлига чиқди. Уни кўрган Салимат ёнига келиб ўтирди. У амакиваччасига нимадир демоқчи бўлар, лекин гапини айтишга қийналиб, нуқул рўмолчасини бураб ўйнарди. Золийхон унинг гапи борлигини сезди.
-Салимат, ўзингни қийнама, гапингни айтавер. Мен ҳар қанақа даҳшатли гапни эшитишга ҳам тайёрман.
-Золийхон, гапим даҳшатли эмас, лекин... биласанми, мен сени жудаям яхши кўраман. Сенга жуда-жуда раҳмим келади. Эсизгина... Сени сираям ранжитгим йўқ...
Золийхон мақсадини айтолмай қийналаётган қизнинг гапини бўлди:
-Салимат, тортинмай айтавер.
-Биласанми... отам мен билан гаплашди...
Золийхон мақсадни англагандай бўлиб, ундан кўзини олди.
-Отамнинг айтишича... Биласанку, отам Заурнинг меросхўри. Келажакда руҳоний ота бўлиб, Тбау-уац-Илага хизмат қилиши керак.
-Шундай бўлиши аниқ. Кейин-чи?
-Отам халқнинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур. У сенинг хулқингни ҳимоя қилишни истаса ҳам, бундай қилолмайди.
-Мақсадингни айта қолсангчи?
-Хуллас, қисқа қилиб айтсам, уйимизда бошқа тура олмас эмишсан...
Золийхон бу гапни эшитиб, ўрнидан турди. Бошини ғурур билан тик тутди:
-Отангни хотиржам қил. Уйингларда энди бир кеча ҳам ётмайман.
-Золийхон, ўтинаман сендан, мендан ранжимагин, хўпми?
Золийхон жавоб бермади. Қимир этмай, қотиб тураверди.
У одамлар қалбидан раҳм-шафқат топа олмади. Энди қарори қатъий: бу ёруғ дунёда унга жой йўқ! У ўзини ўзи ўлдириши керак, бошқа чораси қолмаган! У бошқа дунёга кўчиши керак. Эҳтимол у дунёда жой топилар. “Балки-деб ўйлади у,-раҳм-шафқат эгасини ўша дунёда учратарман”.
У ҳамон ёнида ҳижолат чекиб турган Салиматга қаради:
-Ҳозироқ кетаман, мен туфайли амакимнинг боши эгилишини истамайман, Фақат... сендан битта илтимосим бор.  Урусхоннинг милтиғини олиб чиқиб бер. Қараб кўр, милтиқ отангнинг хонасида бўлса керак.
-Милтиқни нима қиласан?
-Нима қилишимни сўрама.
Салимат Золийхонга ҳайрат билан тикилиб, шивирлади:
-Бирон одамдан қасос олмоқчимисан?
-Шундай бўлса-чи? Сенга нима? Сабабини суриштирмай, отанг келиб қолмасидан тезроқ милтиқни олиб чиқиб бер.
Салимат гапни кўпайтирмай, Золийхоннинг амрига итоат этиб, уйига кириб кетди. Деворда осиғлиқ турган қуроллар орасида Урусхоннинг милтиғи борлигини у биларди.  Қасос тўғрисида бекорга гап очмади. Урусхонни ўлдирган, Золийхонни барча балоларга гирифтор қилган Зурабнинг ким томонидан бўлса ҳам жазоланишини Салимат жуда-жуда истарди. Золийхон милтиқ сўраганида қасос они етиб келди, деб ўйлаб ҳатто қувонди. Чунки одат бўйича номус-ори учун қасос олишгина шараф эмас, қасоскорга кўмаклашиш ҳам олқишга сазовор ҳисобланарди. Шу қувонч ва ғурур билан милтиқни олиб чиқиб берди.
Золийхон милтиқни авайлаб ушлаб, аламли жилмайди.
-Энди уйингга киравер, Салимат,-деди Золийхон унга меҳрибонлик билан.-Отангнинг хонасига кириб, милтиқни менинг ўзим олдим. Сен бундан бутунлай бехабарсан, тушундинг-а?
“Маъқул” ишорасини қилган Салимат кетмоқчи бўлганида Золийхон уни тўхтатди:
-Салимат, сендан яна битта илтимосим бор: мен учун онамга таъзим қилиб қўй. Уни охирги марта кириб кўришга қурбим етмайди. Онам ҳамиша менга меҳрибон эди. Мен онамдан розиман. Мен учун зорланиб сўра: онам берган оқ сути учун мендан рози бўлсин.
Бу видо онидан кўнгли ўксиган Салимат йиғламоқдан бери бўлиб, уйга кириб кетгач, Золийхон милтиқни ўпди. Бу милтиқни унинг ёри олиб юрарди, бунда Урусхон қўлларининг ҳарорати бор. Золийхон бу дунёни ташлаб кетишидан ғоят мамнун. Энди йўлида тўсиқлар йўқ – қалбида илк бор муҳаббат оловини ёққан севгилиси  билан умрбод қовушади. Бу дунёга сиғмаган болажонини у дунёда бағрига боса олади. Золийхон у дунёда шундай бахтга эришажагига ишонади. Ота-бола уни интиқ кутишяпти. Золийхон бу дунёда ҳеч кимга керак эмас. Золийхон фақат ва фақат уларники. Улар бир бахтли оила бўлиб қовушадилар. Мана бу ўқлоғлик милтиқ ўша нурли ҳаёт калити, Золийхонга сеҳрли дарвозани очиб бергувчи саодат калити...
Қарор қатъий, ортга йўл йўқ. Аммо режасини қаерда амалга оширсин экан?
“Салимат қасос ҳақида гапирдими?-ўйлади у.-Кимдан қасос олишим керак? Зурабданми?”
Боши устида тўпланаётган ўлим булути зулматида Зураб унга шунчалар пасткаш, шунчалар ҳақир кўринди-ки, оқибатда “у малъунга ўқ ҳам ҳайф, жазосини Тбау-уац-Ила берсин”, деган тўхтамга келди. Илоҳи номини эслаши билан хаёлини бир фикр чақмоқ каби ёритди:
“Тбау-уац-Ила! Ҳа! Тбау тоғининг илоҳига мен сўнгги нафасимгача қаршилик билдираман. Мен ундан қўрқмайман! Мен унинг муқаддас ўрмонига кираман. Булоқ бошида мен Урусхонимни ёдга оламан. Муҳаббат изҳорларини ҳузурланиб эслайман. Кейин бу дунёни лаънатлаб, ташлаб кетаман. Агар осмону фалакда Тбау-уац-Иладан ҳам олийроқ бошқа худо бўлса, ҳаётнинг бу қадар жоҳиллиги ва аёвсизлигидан, Иланинг менга бунчалар уқубатларни раво кўрганидан шикоят қиламан. Мен Иладан энди нажот кутмайман. Ундан аълороқ адолатли ҳакам ҳузурига боришни истайман. Тўғри, мен гуноҳкорман. Эҳтимол, мени у дунёда кечиришар. Балки  у дунёда аҳволимни тушуниб, мени ҳимоя қила оладиган шафқат эгасини учратарман...”
У аста-аста қадам босиб амакиси хонадонини тарк этди. Қор учқунлари унинг юзларига қўниб, гўё покламоқчи бўлади. Остона ҳатлаб чиққач, атрофга аланглади: зоғ ҳам кўринмади. Бирон одамга рўпара келиб қолишдан чўчиб, қадамини тезлатди – Найфат сари ошиқди. Ёзнинг неча тунида бу йўлдан хавотирланиб, қўрқиб юрган эди. У тунлар фарахбахш эди. Энди қўрқувсиз юриб боряпти. Ёз тунларида, ўрмон ёқасида севгилиси кутиб турарди. Энди ажал кутяпти. Қор унинг сўнгги йўлига оқ пояндоз тўшаяпти. Урусхон яшаётган оламга шу пояндозни босиб киради...
Кўзлари йўлда. Хаёли эса Урусхонда: ўша бўронли кеча... Қулоқлари остида мағрур йигитнинг маҳзун қўшиқлари янграй бошлади:
Ота-онам ўтди хору зор,
Менинг ҳам ҳаётим кўп ғамгин.
Қайғуларда бенаво ва хор,
Мен йўқотдим ҳаётим рангин.
Мен ўларман... лекин тепамда,
Кўз ёш тўкиб эзилмас иним.
Осмон ўзи йиғлайди ғамда,
Ёмғир билан ювилар таним.
Сингиллар йўқ... инимга эса,
Бориб етмас пажмурда бу тан.
Даҳшат, уни бўрилар еса,
Талашиб оч қузғунлар билан!
Золийхон беихтиёр равишда бу қўшиқни хиргойи қила бошлади.
Ажабо! Қўшиқ сўзлари бу онда унинг бахтсиз тақдирига нақадар мос-а!
Қор ёғяпти...
Кошки эди, гуноҳ сари бошлаб борган йўлларни энди поклай олса...
Золийхон довонга етиб келди. Қўлидаги милтиқ оғирлик қилса-да, уни маҳкам ушлаганича қийинчилик билан юқорига кўтарилди. Бу йўлдаги ҳар бир дарахт, ҳар бир бута унга таниш. Аммо ҳозир барчаси совуқ оқ либосга ўраляпти. Ҳаммаси ўлик уйқуда. Золийхон гуноҳ сари бораётганда, гуноҳни елкасига ортиб қайтаётганда гувоҳ бўлган япроқлар  жонсиз ҳолда шохларидан узилиб тушиб, энди лойга беланиб ётибди. Золийхон ўша гувоҳларини босиб боряпти.
Урусхон билан ётган, бўсаларидан маст бўлган, садоқат хусусида қасам ичишган булоқ бошидаги майсалар устини ҳам қор  харир парда каби қоплаган. Ҳамма ёқ оппоқ. Гўё бу оламда заррача ғубор йўқдек...
Золийхон “сенга садоқатли бўламан”, деб қасам ичган эди. Садоқатини исботлайдиган вақт етди.
У ўтирди-ю, милтиқ тепкисини босди...
***
Салимат ожиза кампирга бахти қаро қизнинг видо сўзлари, сўнгги узри ва илтижосини етказди. Кампирнинг ҳаяжон ва ҳайрат билан берган саволларига чўчибгина жавоб қайтарди. Отасининг номуссиз қизни уйдан чиқариб юбориш ҳақидаги буйруғини истиҳола билан айтди.
-Отанг бунча бемеҳр бўлмаса! Касал одамни ҳам қишда уйдан ҳайдаб чиқарадими? Ахир ёлғиз ўзи қаёққа кетди?
-Балки... кодатларникига кетгандир?
-Кодатларникига? Эсинг жойидами? У ерда нима қилади? Сен бир балони билмасанг гап бошламайсан. Менга тўғрисини айт!
-Мен бу ҳақда оғиз очмайман, деб қасам ичганман. Майли, сизга айтай, фақат бировга гапириб юрманг. Менимча Золийхон Зурабни ўлдирмоқчи. Ахир Урусхоннинг ўлими учун кимдир қасос олиши керак-ку? Ҳар ҳолда Урусхоннинг милтиғини бекорга олмади.
Кампирнинг талабига кўра Салимат кодатларникидан хабар олгани кетди. Ҳавотирини босолмай, пайпасланиб, ҳовлига чиқди. Шу онда қор босаётган водийни титратиб ўқ овози янгради. Бу овоз муқаддас ўрмон томондан келиб, қояларга урилиб акс-садо берди.
-Бу нимаси?-деб сўради ожиза ўзидан ўзи.
Хавотир чангалидаги юраги ярадор қуш каби потирлай бошлади.
Ҳамма ердан ҳайдалган бахти қаро қиз...
Севган ёрининг милтиғини олган...
Муқаддас ўрмон томондан келган ўқ овози...
Салиматдан эса ҳалигача дарак йўқ...
Кута-кута кампирнинг тоқати тоқ бўлди. Охири чидай олмай    , бошида рўмоли йўқлигини ҳам унутиб, йўлга тушди. Ожиза муқаддас ўрмон йўлини яхши билади. Бир вақтлар бу йўллардан кўп юрган. Ҳар бир сўқмоқ, ҳар бир бурилиш унга таниш.
“Бевош қиз... Урусхон билан учрашадиган ерга борган,-деб ўйлади кампир.-Бошқа жойни танламайди... Тезроқ ... тезроқ етиб боришим керак. Балки ҳали тирикдир...”
Ожиза сирғанчиқ сўқмоқни хассаси билан пайпаслаб шошилади. Қор энди бўралаб ёғади. Кўзи соғ одам ҳам бир қадам наридаги нарсани кўра олмайди.
Кампир беҳос сирғаниб кетди. Бирон нарсани ушлаб қолиш умидида қўлларини ёйди-ю, мувозанатини сақлай олмай, нажот илинжида бир қичқирди-ю, жарга қулади.
Кодатларникидан қайтаётган Салимат бу қичқириқни эшитиб, овулдагиларни фожиадан огоҳ қилди.
Бир неча соат қидиришгач, Тамбининг ўғиллари жарлик тубидан боши пачоқланган кампирнинг мурдасини топишди.
Овулда “кампирнинг мияси айниб, кўчага чиқиб кетган экан, адашиб йиқилибди”, деган овоза тарқалди.
***
Қор ёғади...
Ҳудди ҳеч қандай фожиа юз бермагандай хотиржам қор ёғади.
Қор ўзининг оппоқ чойшаби билан тоғ ва довонларни ўраб чиқди.
Иссиқ уйларида ўтирган тоғликлар Золийхон қаерга йўқолди экан, деб қидириш у ёқда турсин,  ўйлаб ҳам кўришмади.
Бу фожиадан фақат тулкиларгина хабар топганлар. Уларнинг ўрмондаги инларида катта-кичик суяклар сочилиб ётибди.
Одам суяклари...


Яна таржимондан:

Ўқиганингиз мазкур қиссанинг таржимасини 1970 йил 17 октябр, шанба куни тонгги соат 6.10да якунига етказган эканман. Орадан ўттиз олти йил ўтиб, асарни яна қўлга олдим. Бир неча ой мобайнида қайта таҳрир қилиб, оққа кўчириш билан банд бўлдим. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Ўзининг мадади ила бу иш 2006 йилнинг 21 июн, чоршанбасида ниҳоясига етказилиб, сиз азизларнинг ҳукмингизга ҳавола этишга қарор қилинди.
Яна бир-икки сўз айтмоқликдан мақсад, таржима тарихидан сизларни огоҳ этишгина эмас.
Гап шундаки, мазкур асар ўттиз олти йил муқаддам каминага бошқача таъсир этган эди. Оққа кўчириш жараёнида Золийхон ва Урусхоннинг муҳаббати ва тақдирига бўлган муносабатим анча ўзгарди.
Сезиб турибман, асарни ўқиган ёшлар Золийхонга ачинишяпти.
Кексароқ одамларнинг эса фикри ўзгачароқ.
Аслида уларга ачиниш керакми? Буни ҳар бир ўқувчи ўзи ҳал қилиши лозим бўлса-да, фикрларингизни баҳсга чорлашни лозим топдик. Қайси бир асарда бош қаҳрамон баён якунида ўлим топар экан, ўқувчи унга ғоят ачинади. Баъзан ёзувчини бемеҳрликда айблайди ҳам. “Ўтган кунлар” романини ўқиганлар Кумуш жон берганда йиғлаган бўлсалар керак. Ҳатто Абдулла Қодирийнинг ўзлари ҳам бу сатрларни ёзганларида йиғлаган эканлар. Хўш, Золийхонга Кумушга ачинганимиздек ачинишимиз керакми?
Албатта йўқ!
Кумуш – ҳаё, садоқат, пок муҳаббат олиҳаси. Золийхон-чи?
Беномуслик барча халқларда, барча динларда ғоят оғир гуноҳ саналади. Барча халқларда, барча динларда беномуслар қаттиқ жазоланадилар. Урусхон Тбау тоғининг Ила худосидан қўрқмади. Нега? Чунки бу худони одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарганларини билади. Агар у чинакам Худони таниганида эҳтимол, гуноҳдан ўзини тийиб олган бўларди.
Сиз ачинаётган Золийхон иккита катта гуноҳ қилиб охиратини ҳам куйдирди. Номуссизлик кўчасига киргани бир гуноҳ бўлса, ўзининг жонига қасд қилгани янада оғирроқ гуноҳдир. Барча халқларда, барча динларда одамнинг ўзини ўзи ўлдириши кечирилмас гуноҳ саналади.
Бизнинг бу мулоҳазаларимизни инкор этмай, севишганларнинг тақдирини яна бир қайта ўйлаб кўрарсиз. Халқимизнинг бир мақоли уларнинг ҳатти-ҳаракатларини баҳолашда қўл келиши мумкин: “Билмайин босдим тиканни, тортадирман жабрини, билсам эрдим, босмас эрдим, тортмас эрдим ул тиканни жабрини”.
Эҳтимол, ораларингизда бировга кўнгил қўйиб, севгилисига етолмай юрганлар ҳам бордир. Эҳтимол, улар севгани билан қовушишга йўл бермаётган ота-оналари ёки бошқа яқинларидан норозидирлар. Шундай бўлса ҳам шошилманг. Аввал севги билан ҳавасни фарқлаб олинг. Беномуслик кўчасига киришни хаёлингизга ҳам келтирманг. Никоҳсиз турмуш қуриш беномусликдир ва бу ҳаракат бу дунёда ҳам у дунёда ҳам жазоланади.
Дуо қилайлик: ё раббимиз Аллоҳ! Қиссада баён этилган Урусхон ва Золийхоннинг тақдирини бизнинг ёшларга бегона қил. Ёшларимизни ор-номусли бандаларингдан қил. Ҳаё, иффат, садоқат каби фазилатлар билан зийнатлантир. Ёшларимизга тотув оила саодатини бер. Омийн!

Тоҳир Малик таржимаси