Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - РОЗИЛИК
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - РОЗИЛИК PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа


РОЗИЛИК

Бу хонадонга аламу ташвишлар келтирган ярадор Урусхон ортилган арава ҳовлидан чиққач, Заурнинг кўнгли сал жойига тушди. Қизининг абрекка бўлган муҳаббатига чек қўйилганига ишонч ҳосил қилиб, енгил тин олди-да, Темир билан Иналдко ўтирган хос хонасига кирди.
-Темир,-деди Заур, афсус билан,- эшитгандирсан?
-Ҳа, ҳозиргина Иналдко айтди,-деди Темир норозилигини яширмай, кейин пичинг билан қўшиб қўйди:-Ўғлинг кўпайибдими?
Заурга бу пичинг малол келса ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Кўзини ердан узмай:
-Бу Тбау-уац-Иланинг хоҳиши,  унинг ҳукми олдида бизлар ночормиз,-деди.
-Энди уни нима қилмоқчисан?
-Уни... бехатар жойга жўнатдим. Хабар олиб турамиз. Тез кунда қувватга кириб олгач, боши оққан томонга кетаверади.
Қўрғок  мўъжазгина хонтахта кўтариб кирди. Хонтахта ўртасига  қўйнинг қайнатилган калласи, атрофига эса ёғоч сихга терилган кабоб, бутунича пиширилган сон гўшти, истакон ва нон қўйилган эди.
Тоғдан қайтиб тушган Зураб билан Керим хос хонага кириб, дастурхонга яқинлашмай, яна девор томонда ханжарлари дастасини ушлаганларича тик турдилар.
Заур чап қўлига истакон олиши билан сергак турган Қўрғок шиша пўкагини очиб, уйда тайёрланган қўлбола ароқдан қуйди. Руҳоний ота ўнг қўлига бир сих кабобни олгач,  осетинларга хос дуоларни ўқий бошлади. Девор томонда турган ёшлар “Омийн!” деб уни қувватлаб туришди.
Шундан сўнггина меҳмондорчилик бошланди. Ханжарлар қиндан суғурлиб, ҳар бир киши ўзи учун гўшт бўлакларини кесиб олди. Ханжар  таомланаётганлар учун бу сафар санчиқ вазифасини бажарди.
Катталарнинг меҳмондорчилиги якун топгач, ёшлар овқатланиш учун қўшни хонага чиқишди. Заур Золийхоннинг жиноятчига ёрдам берганини, овқат билан таъминлаб турганини Темирга айтсамми ё айтмасамми, деб узоқ мулоҳаза қилди. Ўйлай-ўйлай охири  қисқа тарзда маълум қилиб қўйишни лозим топди. Нохуш хабарни қийналиб айтган Заур гапини: “Бўлар иш бўлиб ўтди. Агар бевошлик қилиб кўнгил қўйган бўлса ҳам, энди улар ака-сингил. Кўнгил хоҳиши шу билан ўлди”,-деб якунлади. Бу  хабардан кейин иккови ҳам жим қолишди. Темирнинг жимлигидан фойдаланган Заур яна тилга кириб, яқин кунларда совчи келгудай бўлса, энди қуруқ қайтмасликларини билдириб қўйди.
Темирга бу хабар ёқмаган бўлса-да, Заурнинг кейинги хулосаси маъқул келиб, ўз қарорини маълум қилди:
-Мен Керимга айтаман, бу ишни энди кечиктириб бўлмайди. Эртага тонг отиши билан Зураб яна қизингга учрайди.
Бу аҳдни эшитгач, Заурнинг елкасини босиб турган ғам қояси ағанагандай бўлиб, енгил тортди. Шу қарор айтилишини кутиб тургандай, қарияларга ўрин тўшаш мақсадида хонага Золийхон билан Салимат кириб келдилар. Темир бўлажак келинининг ҳаракатларига зимдан разм солиб турди. Унда кўнгилни хира қиладиган унсур ёки ота ризолигига қарши исён ўтини кўрмагач, кўнгли хотиржам топди. Қизлар вазифаларини бажариб чиқиб кетишгандан сўнг Заур меҳмонининг ечинишига кўмаклашди. Бу орада Қўрғок кириб отасининг этигини тортиб қўйди. Заур меҳмонни кўрпага ўраб, унга хайрли тун тилади.
Қарияларга ўрин тўшаб чиққан Салимат қўшни хонада овқатланиб ўтирган Керим билан Зурабга энг охирги янгиликни – абрекнинг ўғил ҳуқуқига эга бўлиб қолганини, уни бу ердан номаълум томонга олиб кетишганини билдирди. Керим “Бу қанақаси бўлди?” деган маънода дўстига ажабланиб қаради. Бу янгиликдан мамнун бўлган Зураб “йўлимиздаги энг асосий тўсиқ  олиб ташланибди!” дегандай мийиғида кулиб қўйди.
Тонг отиши билан Керим отасига учраб, ҳозироқ Кадгаронга бориб, мўътабар қариндошларидан бир нечтасини Цагат Ламардонга совчиликка  йўллашини илтимос қилди. Золийхоннинг Урусхонга муносабати Темирни бир оз ҳавотирга солиб турган бўлса-да, ўғлининг раъйини қайтармади. Аммо одатга мувофиқ аввал қиздан ризолик олишни талаб қилди.
Ота-ўғил совчилик масаласини ҳал қилаётган пайтда ичкари уйда Заур қизи билан ҳудди шу мавзуда гаплашаётган эди. Салимат уйига чиқиб кетган, ожиза кампир эса дераза ёнидаги курсисида  уларнинг гапларига қулоқ солиб, жимгина ўтирарди.
-Золийхон,-деди ота босиқ  оҳангда,-сен абрекка яна ёрдам бердинг. Арқонни ким кесганини билмайди, деб ўйлаяпсанми?
Золийхон жавоб бермайди. Қайсар қизнинг кўзлари қатъийлик билан ёнади. У ўз муҳаббатини ҳимоя қилиш учун курашмоғи лозимлигини билади. Севгилисидан фақат ўлимгина айириши мумкинлигини отасига айтгиси келади. Бироқ фарзандлик бурчими ё қизлик ҳаёсими, гапиришга йўл қўймайди.
-Золийхон, мен сени айбламоқчи эмасман,-деди Заур оғир тин олиб,-сени Тбау-уац-Иланинг ўзи жазолайди. Сени бу жазодан асраб қолишга мен ҳам ожизман.
“Ҳа, бу турган гап, жазо олишим тайин”, деб ўйлайди нодон қиз.
-Шаккокка кўнгил қўйганинг учун, у малъунга ёрдам берганинг учун ҳам жазолайди,-деб илова қилди Заур. 
“Гуноҳим шунинг ўзигина бўлса қанийди, мен қадамжога ҳам киришга журъат этдим”, деб ўйлайди гуноҳкор қиз.
-Кўзларинг айтиб турибди: уни ҳали ҳам севасан. Сен муҳаббатнинг нечоғли телба эканини ҳис қилмаяпсан. Эсингни йиғ, тентак севгининг оловидан эҳтиёт бўл, куйиб қолма! Ҳозирданоқ худонинг қаҳрига учрадинг. Сени деб бутун уруғ-аймоғимиз шармандаи шармсор бўлди. Агар шу нафасдан бошлаб у куфронийдан воз кечмасанг, уни энди акам демасанг, билиб қўй, худонинг қаҳри сени изма-из таъқиб этаверади. Кўргулигинг фақат ва фақат ғам-қайғу бўлиб қолади!
Бу огоҳлантиришдан сўнг Золийхон отасига итоат этгандай бошини эгди.  Аммо у  бу онда отаси ҳузурида эмас, ўзининг аламли тақдири олдида таслим бўлган эди. Унинг лабларидан Заур кутмаган сўзлар учди:
-Тақдирим ёзуғидан қочиб қутула олмайман,  ҳаёт роҳати энди менга бегона, қолган умримни азоб-уқубатда ўтказишимни билиб турибман,-деди у ажиб бир мусиқий ғамгинлик билан. Кейин бошини кўтарди, аҳдини дадил айтди:-Мен ундан воз кечолмайман!
Заур ўзини босолмай, ғазаб билан ўрнидан туриб кетди:
-Тентак! Нима деяётганингни биляпсанми? Энди у сенинг севгилинг эмас, идрок қиляпсанми – энди у аканг!  Ўз акангни севмоқчимисан? Ҳеч қачон бундай бўлмаган, бўлмайди ҳам!
Бу таъкиддан сўнг у чўчиб тушди. Дарвоқе, бу ҳақда ўйламаган экан-а! Урусхон ўз жонини сақлаб қолиб, муҳаббатларини эса азобли ўлимга ҳукм қилиб қўйибди-ку?!
Заур қизининг сукут сақлаб, ўйга толиб қолишидан фойдаланиб, гапини кескинроқ оҳангда давом этди:
-Акасига муҳаббат изҳор этиш бахти қароликнинг ўзгинаси! Майли, мен шармандалик балчиғига баттар булғанайин, майли, онанг шўрлик беҳаё қизининг дардида эзилиб адо бўлсин! Бизни ўйламай қўяқол. Лекин севгингдан кечмасанг, Урусхоннинг бошига бундан беш баттар балолар ёғилади. Кулфат ботқоғига ботиб, ит азобида ўлади у! Сенга шу керакми?!
Қиз “йўқ”, деган маънода бош чайқади: Урусхонга аталган балолар унинг бошига ёғила қолсин! Отаси буни тушунармиди?
Заур буни тушунмасди, тушунишни ҳам истамасди. Шу боис қизини аччиқ гаплар савағичида савалашни давом этди:
-Унинг ўзи била туриб шундай қилди.  Унга “ўғлим бўла қолгин”, деб таклиф қилганимда мендан ўпкаласанг бўларди. Унинг ўзи сенга эр эмас, ака бўлишни хоҳлаб аёллар бўлмасига кирди. Бунинг учун уни айблама. Урусхон ақлли одамнинг ишини қилди, отасига раҳмат!  Сени ғавғолардан озод этиб, бахтли турмушинг учун шароит яратиб берди.
Золийхон отасининг бу гапларини маъқуллай     олмасди. Жон аччиғидаги Урусхоннинг танлаган йўли оқибатини ўйлаб кўрмаганлигига у аниқ ишонади. Золийхон отасига эътироз билдиролмай онасига нажот кўзи билан қаради. Йиллар давомида эрига бирон марта эътироз билдирмаган, урф-одатлар талабига ҳамиша бўйсиниб яшаган ожиза кампир бу онда нима қилсин?  Бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилишдан ўзга чораси йўқ-ку... Қизини ҳимоя қилиши учун бирор асоси борми унинг?
Золийхоннинг онасидан нажот кутиши саҳродаги ташна одамнинг булутсиз осмондан ёмғир исташи каби амалга ошмас ҳолат эди. У бошини эгиб, чорасиз одамнинг овозида пичирлади:
-Ота, мен уни унута олмайман. Унутишга қурбим етмайди.
“Гапларим таъсир қиляпти, қизим ўз ҳаддида туради, итоатда  бўлади”, деб умид қилаётган Заур бу гапдан  кейин вулқон каби портлаб кетди:
-Сен уни унутишга мажбурсан! Бу фақат менинг истагим эмас, бу – тақдир тақозоси! Урусхон ҳам шундай бўлишини хоҳлайди. Чунки бу Тбау-уац-Иланинг қарори!-Шундай деб қизи томон бир қадам қўйди:-Буни худонинг бир жазоси деб қабул қилсанг ҳам бўлади.
Золийхоннинг бардош жоми тўлиб-тошди. Энди чидай олмади:
-Она, онажон! Менга ёрдам бер! Мени бу балолардан қутқар!-деб фарёд қилди-ю, ожиза қаршисида тиз чўкди, паноҳ истаб, бошини унинг тиззаларига қўйди.
Она жабрдийда қизининг бошини меҳр қўллари билан силади. Нурсиз кўзлари ёшланди.
-Золийхон, қизгинам, отангнинг сўзидан чиқма,-деди титроқ овозда.-Шундай қилсанг Тбау-уац-Иланинг қаҳридан ўзинг ҳам қутуласан, севганингни ҳам балолардан асраб қоласан. Аввал севган бўлсанг ҳам, энди бу ёғига уни ўз аканг ўрнида кўришинг керак. Бошқа чоранг йўқ.
Ожизанинг хаста овозини Заурнинг дағал товуши босди:
-Тбау-уац-Ила сени Керимга хотин бўлишингни ирода этган. Сен энди худо билан баҳслашмоқчимисан? Худо қаршисида ким эканингни унутяпсанми?
Унинг бу сўзлари кеч топилиб, эрта йўқотилаётган муҳаббатни ўлимга ҳукм қилувчи аҳд бўлиб жаранглади. Бу ҳукм жаранги деворларга урилиб янада кучлироқ акс- садо бергач, гўё ҳисобсиз найзаларга айланди-ю, севги оташида куяётган қиз қалбини илма-тешик қилиб юборди. 
-Ҳадемай Зураб келади. “Керим совчиларни юбораверсинми?” деб сўраса қайсарлик қилиб ўтирмай “хўп”, деб жавоб берасан, уқдингми?
Қиз норозилигини бош чайқаш билан ифода этди.
-Сен “хўп”, деб розилик берасан,-деб янада қатъий оҳангда таъкидлади руҳоний ота.-Худо уни сендан ажратиб, кўз илғамас узоқларга кетишини ирода қилди. Худонинг унга атаб қўйган жазосини юмшатаман, десанг “хўп” дейсан.
Кейинги изоҳ Золийхонни тамоман енгди. У отасининг ҳукми адолатли эканини тушунди. Аммо тан олишга қурби етмади. Ақли кўнгани билан беҳаловат юраги норози эди.
-Худодан қўрқишинг керак,-деб давом этди Заур.-Онанг билан менга, яна... аканг Урусхонга бўлган меҳринг ҳаққи-ҳурмати розилик берасан. Унинг ҳаётини тавқи лаънатлардан қутқариб, умрбод бахтли ҳаёт кечириши учун ҳам муҳаббатингни қурбон қилишинг керак!
Иложсиз қиз енгилганини тан олди. Бироқ буни сўз билан ифода этишга ўзида куч топа олмади. Заур бир оз сабр қилгач, яна сўради:
-Хўпми?
-Хўп,-деб шивирлади қизнинг жонсиз лаблари,-Урусхон, сен учун, фақат сен учун “хўп” деяпман...