Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва ажал (қисса) - ОЛИШУВ
Facebook
Номус ва ажал (қисса) - ОЛИШУВ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва ажал (қисса)
БЕОР КЕЧА
Совчи
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
ОВ ИЛИНЖИДА
Маҳбуса
ҚУРШОВ
ХИЁНАТ
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
ЎҒИЛ
РОЗИЛИК
ЖОНСИЗ ЖОН
РЎЁ
ТЎЙ
ҚОЧОҚЛАР
ОЛИШУВ
НОМУС
НИКОҲ
ЖАЗО
Ҳамма саҳифа

ОЛИШУВ

Дарговдан ўтиб, Жисхитдаги қабртошлари тизилиб кетган ўликлар шаҳрига етиб келишганда Урусхон орқадан отларнинг дупурини аниқ эшитди.
-Улар келишяпти!- деб шивирлади даҳшат гирдобидаги  Золийхон.-Келишяпти! Мени қутқар!
Урусхон отни тезлатмоқчи бўлди. Аммо тепасида икки одам билан оғир йўл босган жонивор чарчаган, оғзи кўпикланиб, аранг нафас оларди. Урусхон бу от билан узоққа боролмаслигини англади. Аммо унинг олға босишдан ўзга чораси йўқ эди. Ўнг томони тик қоялар билан тўсилган, чап томондаги тош ўзанида Қизилдон жўшиб оқади. Нажот йўли фақат олдинда!
Бироқ нажотдан умид йўқ. Бу ҳаёт эмас, мамот йўли экани ҳақиқатга яқинроқ
Отларнинг дупури борган сайин яқинлашяпти.
Урусхон чора умидида атрофга кўз ташлади. Ҳамонки қочиб қутулишнинг иложи йўқ экан, ҳаётини қимматроққа сотмоққа, бу ёруғ дунёни қаҳрамон сифатида тарк этмоққа қарор қилди. Қачонлардир у дўстларига мақтаниб, чалажон кампирлар сингари кўрпа-ёстиққа михланиб эмас, ботир ўғлон мартабасида кўкрагидан ўқ еб ўлиш умидида эканини айтарди.
Унинг наздида ўша орзусининг амалга ошиш фурсати етди.
Урусхоннинг зийрак нигоҳи йўл бурилган жойда, қоянинг юқори томонида ғор мавжудлигини аниқлади. Эҳтимол бу ғор қачонлардир қасоскорларидан қочиб юрган бирон абрекнинг бошпанаси бўлгандир. Энди бу ғор Урусхон ҳамда севгилисининг халоскори бўлади. У кўп ўйламай, отни тўхтатиб, эгардан сакраб пастга тушди-да, жониворнинг жиловидан маҳкам тутганича тепага кўтарила бошлади.
Отларнинг дупури тобора яқинлашар,  икки жонни асраб қолиш илинжидаги Урусхон эса янада шошиларди.
Дўнгликда отлиқларнинг қораси кўринди.
“Сезмай ўтиб кетишлари мумкин”,-деб умид қилди Урусхон.
Бу сафар умиди унга вафо қилмади. Олдинда келаётган отлиқ тўхтаб, юлдузли кеча бағрида юқорига кўтарилаётганларга қараб қичқирди:
-Тўхта-а-а!
Бошқа отлиқлар ҳам тўхтаб, қочоқларга тикилиб қолишди.
Бу онда кўзлаган манзилига етиб олган Урусхон отдан эпчиллик билан тушган қизга жиловни узатди.  Золийхон жониворни етаклаб ғорга кирди. Ғор оғзида қолган абрек милтиқ тополмаганидан пушаймонда эди.
Қасос оловида ёнаётган отлиқлар бир қарорга келолмай тортишиб қолдилар. Куёвнинг тутинган акаси мартабасидан фойдаланган Зураб ҳаммадан кўра қаттиқроқ гапириб, ғорни тезлик билан эгаллаб, малъунни қийма-қийма қилиб ташлашни талаб этарди.
Заур абрекнинг ўлимга маҳкум эканини аниқ билса ҳам, қон тўкилишини истамаётган эди. Элликка яқин қуролланган ботир йигитларнинг ёлғиз ва қуролсиз турган ўғлига ҳужум қилишлари унга адолатсиздек туюлди. Қанчалик гуноҳкор бўлмасин, Урусхон унинг ўғли ҳисобланарди ва Заур бу ҳақиқатни инкор эта олмасди.
Ҳамонки олишувда тенглик йўқ экан, бу эр йигитнинг иши бўлмайди.
Заур ғорни қуршаб олиб, никоҳ ўқитиш учун Кадгарондан Дарговга йўл олган Керимни шу ерда кутиб олишни таклиф қилди.
-Қаллиғи учун Керимнинг ўзи яккама-якка олиша қолсин. Қайси бири енгса – қиз ўшаники! Мана шу олишувда Тбау-уац-Иланинг ўзи қизнинг кимга тегишли эканини аниқлаб беради.
-Бу гапинг маъқул, Заур,-деди Хадар Тўтараев.-Лекин бу олчоқ шундай шартга кўнармикин?
-Рози бўлади!-деди Заур ишонч билан.-У латтачайнар эмас, ботир жангчи!
Руҳоний отанинг гаплари Зурабга малол келди. У ғазабини яширмай, дағал оҳангда Заурга мурожаат қилди:
-Яхши, ҳаммамиз бараварига ҳужум қилмайлик. Яккама-якка жанг бўлсин, десанг, мен розиман. Аммо эртагача кутишнинг нима ҳожати бор? Заур, сен ундан сўраб кўр, балки мен билан олишар? Укамнинг ор-номуси учун қон тўкишга мен ҳаммадан кўра ҳақлироқман.
Ака-укалик аҳдига садоқатини намойиш қилиш учун Зурабда яхши шароит вужудга келган эди. Тўпланганлар буни англаб, унинг қарорини маъқуллашди.
-Шартинг қандай бўлади?-деб сўради ундан Моцко Туцат.
-Шарт битта,-деди Зураб ғор оғзида турган рақибидан кўз узмай,-сўнгги нафасгача олишамиз. Аяб ўтириш йўқ.
-Яхши,-деди Заур, чуқур нафас олиб.-Мен унинг олдига чиқиб, гаплашиб кўраман.
Унинг қарори укаларига маъқул тушмай, норози қиёфада боқдилар. Заур уларнинг эътироз билдиришларига йўл қўймади.
-Хавотир олманглар, у менга ҳеч нима қилолмайди.
У аста юқорига кўтарила бошлади. Қочоқларни қувлаб келганлар унинг ҳар бир ҳаракатини нафас ютиб кузатиб туришди. Заур ярим йўлга етгач. Тўхтаб овоз берди:
-Урусхон!
Абрек “жавоб берсаммикин ё индамай тураверайми?” деб иккиланди. У ўзини фош қилишни, таъқиб этилаётганини тан олишни истамас эди. У бир қарорга келгунича зулмат қаърини поралаб яна Заурнинг овози янгради:
-Урусхон! Мени танияпсан, сен билан гаплашиб олишим керак!
Ортиқча иккиланиб туришга ҳожат қолмаган эди:
-Заур, мен шу ердаман. Гапларингни айтавер.
-Сен бахтингни, шу бугуноқ... ҳозироқ синаб кўришга розимисан? Биз кўпчиликмиз. Мен ортиқча қон тўкилишини истамайман.
“Демак, милтиғим йўқлигини билишмайди”,-деб ўйлади абрек. Сўнг бир озлик сукутдан сўнг сўради:
-Мен билан ким олишмоқчи?
Аслида  ким билан жанг қилишнинг фарқи йўқ  бўлса-да, Урусхон вақтдан ютиш учун шундай деб сўради.
-Керимнинг тутинган акаси Зураб билан яккама-якка жангга чиқишинг керак.
-Қиз нима бўлади?
-Қиз - ғолибники!-деди Заур шошиб. У “худо ҳеч қачон куфронийни қўлламайди”, деб ишонарди. Энди хов ўша байрам куни тоғ чўққисида кўзига кўринган, қонли тўлқинлар устида қалқиб келаётган, бошига ханжар урилган мурданинг Урусхон эканига амин бўлаётган эди.
Пастда қолганлар Заурнинг бу ажримини эшитгач, норозиликларини яширишмади:
-Қиз ҳеч қачон абрекники бўла олмайди!
-Бу шармандлик!
-Ака-сингил қанақасига бирга бўлиши мумкин? Ахир бу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мункирлик-ку!
-Биз бунга йўл қўймаймиз!
Бирлари олиб, бирлари қўйиб ҳайқираётганларни, айниқса, Тўтараевларни тинчитиш учун Заур пастга тушишга  шошилди. У дам бақириб, дам имо-ишора қилиб, барчанинг жим бўлишини сўради:
-Бу икки бадкирдорни ажратиб юбориш ҳаммангиздан кўра менга лозим бурчдир. Тбау-уац-Ила менга бахт кимга кулиб боқишини хабар қилган. Шу боис ҳам яккама-якка тенг жангни талаб қиляпман.
Бу гапдан кейин ғала-ғовур босилди. Ундаги ишонч қасоскорларнинг ғазабини енгди. Унинг ҳотиржамлиги бошқаларга ҳам таъсир этди.
-Яхши, сен айтганча бўлсин – олишса олишақолсин,-деди Алдиан Тўтараев.
Малладан келган, кўзлари эса кўм-кўк хушсурат бу осетин йигитнинг қарори бошқалар томонидан маъқуллангач, Заур яна юқоридаги ғор томон чиқиб, Урусхонни олишувга чорлади.
-Ҳаммаси қонунларимиз ва урф-одатларимиз йўриғида ҳалол равишда бўлади. Ким тирик қолса қизни ўлжа каби ўзи билан олиб, йўлида кетаверади,-деб ишонтирди у.
Урусхоннинг бошқа чораси йўқ эди. Ғор ичкарисида ҳамма гапларни титраганича эшитиб, ҳавотирини енга олмай турган бахтсиз қизга қараб:
-Сен шу ерда қоласан!-деб амр этди. Кейин юмшоқроқ оҳангда қўшиб қўйди:-Бу аёллар кўрадиган томоша эмас.
Қиз амрга итоат этмай, олдинга бир қадам босиб, нажот тилагандай, қалтироқ қўлларини у томон узатди.  Кетиши олдидан қизга нисбатан бўлган гина-кудуратларини унутган Урусхон бир нарсага амин: қиз фақат  унигина севади. Бутун борлиғини унгагина бахш этган. Агар қўйиб берса Золийхон кўкрагини ажал ўқларига қалқон қилиб, севган ёрини ҳимоя қилади. Ҳозир қўлларини узатиб, унга Ила худосидан паноҳ тиламоқчи, гуноҳларини кечиришини илтижо қилмоқчи. Қалтис жангга отланган Урусхон бундай нозик ҳислар оғушида хайрлашишни истамади.
-Бемаъни аёллар каби ғашимни келтирма!-деди у ҳокимона оҳангда.
Хайрлашув олдидан дилбарини суйиб, ўпмади, меҳри жўшиб, бағрига босмади. Лабларидан “мени кечир” деган мардларча сўз ҳам учмади. Ғор оғзида халоскорисиз қолган қизнинг бағри қон бўлиб, кўзларидан қайноқ ёш қуйилди. Отнинг бўйнига осилиб, юзини унинг терга ботган ёллари орасига яширди. Назарида дунёнинг барча ғам-аламлари унинг вужудини эзиб турган, атрофи одамларга тўла бўлса-да, улар орасидан битта ҳамдард топилмайди. Севган ёрининг эса қаҳри қаттиқ. Шундай экан, жонивордан ўзга ҳеч кими йўқ....
Ақлли жонивор қизнинг тилга кўчмаган хасратларини тушунгандай, олдинги оёқлари билан ерни аста-аста тепиб, илиқ нафаси билан енгил пишқириб, “дардингни мен оламан”, дегандай унинг куйлаклари этакларини ҳидлаб-ҳидлаб қўйди.
Бу орада Урусхон мағрур қадамлар билан пастга тушди.
Қасос илинжида таъқиб этиб келганлар, овул йўлини ҳалқа қилиб ўрадилар. Урусхон уларга яқинлашиб, мушт қилиб тугилган қўлини кўкрагига босиб, салом берди.
Саломи аликсиз қолмади.
Зураб ғазабли нигоҳини унга тикиб турарди. У ҳозироқ ханжарини яланғочлаб, унинг калласини узиб ташлашни истарди. Лекин урф-одатга садоқат ҳисси уни бу ғазабли ҳамладан ушлаб турарди.
Заур Урусхоннинг вакили, Темир Тўтараев эса уруғ-аймоғининг каттаси сифатида олдинга чиқишди. Бошидан неча алғов-далғовли йилларни ўтказган Темир ёши улуғ бўлгани учун уруғининг каттаси ҳисобланарди. Ҳар қандай шароитда ҳам урф-одатларга бўйсинишни талаб қилувчи бу одам даврадагиларга бир-бир қараб олди-да, дона-дона қилиб, шошилмай гап бошлади:
-Иниларим! Бу икки йигит ўз бахтини синаб кўриш учун ҳаёт ёки мамот олишувига бел боғлашибди. Жанг ҳалол бўлиши керак. Гуноҳкорни худонинг ўзи жазолагай! Буларнинг биридан худо омонатини олмагунича жанг давом этаверади. Буларнинг истаги шу. Худо ҳам шуни хоҳлаяпти. Аяб ўтириш йўқ! 
Темир Тўтараев гапини тугатиб, бир-бирининг қонини тўкишга шай турган икки йигитга қаради. Энди рақиблар аждодлар одатига амал қилиб, бир-бирларига қўл узатишлари ва узрхоҳлик қилишлари шарт.
Темирнинг қарашидаги маънони уққан Урусхон мард йигитларга ҳос қадам ташлаб Зурабнинг қаршисига келди. Унинг қалбидаги ғазаб ва нафрат ўти бу он сўнгандай бўлди. У бошдан папоғини олди-да, рақибига ҳурмат билан шундай деди:
-Зураб Кодат! Ҳозир сўнгги нафасимизгача жанг қилиш тақдиримизда бор экан. Бу худонинг иродаси! Икковимиздан биримизнинг юрак қонимиз ҳозир мана шу турган еримизни суғоради. Биримиз шу ерда жон беришимиз керак. Қай биримиз ҳақмиз – худонинг ўзи ажрим қилиб беради. Агар сени ўлдиргудек  бўлсам, мени кечир!
Зураб ундан кўз узмаган ҳолда гапларини диққат билан эшитди. Сўнг у ҳам папоғини қўлига олиб, жавоб сўзларини айтди:
-Урусхон! Ҳозир Тбау-уац-Ила иккаламиздан биримизга ўлим ҳукмини чиқаради. Агар ханжарим сенга ўлим ҳадя этса, мени кечир!
Рақиблар бир-бирларига қўл бердилар, сўнг қучоқлашдилар. Атрофдагилар уларни дарров ажратиб қўйишди. Темир Тўтараев енгилгина йўталиб яна сўз бошлади:
-Мен тўппончадан ўқ узишим билан олишувни бошлайсизлар. Қарсаклар товушига диққат қилинг: қарсакларнинг қаттиқ бўлиши ёки пасайишига қараб, бир-бировингизга яқинлашганингиз ёки узоқлашаётганингизни аниқлаб оласиз. Энди менга иккита қулоқчин беринглар.
Тоғликлар “башлик” деб номловчи енгил қулоқчин билан рақибларнинг кўзлари боғланиши лозим эди. Алдиан Тўтараев елкасидаги қулоқчинни олиб, Заурга узатди. Урусхон эса ўзининг қулоқчинини Темирга берди. Заур билан Темир қулоқчинларнинг йиртиғи ёки тешиги йўқмикин, деб синчиклаб текширишди. Қулоқчиннинг бутунлигига ишонч ҳосил қилишгач, аввал Урусхонга яқинлашдилар. Қулоқчинни бошига кийғизиб,  енг каби елкада осилиб турувчи узун мато билан юз-кўзларини боғлаб қўйишди.
Бу жараён пайтида Урусхон мутелик билан турди, чурқ этмади.
Заур билан Темир Зурабга яқинлашишди.
Зураб бошидан папоғини олиб, осмонга қараб илтижо қилди:
-Тбау-уац-Ила! Садоқатли бўлишга онт ичганим тутинган укам номуси йўлида  жанг қилиш имконини берганинг учун ўзингга шукрлар айтаман! Агар сенинг ироданг ила ўлим менга насиб этса,  Керимнинг номусини деб кўз юмаётганим учун ҳам розиман ўзингдан! Сен ўзинг барча нарсани билгувчисан, ҳаммасига ўзинг гувоҳсан. Бизнинг баҳсимизни ўзинг адолат билан ҳал қилиб бергувчисан! Омийн!
Атрофдагилар бараварига “Омийн! Омийн!” деб уни қувватлашди.
Зурабнинг юз-кўзи ҳам ўралди. Заур Урусхонга яқин келиб, уни турган ерида бир неча марта айлантирди. Урусхон рақибининг қаерда турганини чамалаш имконидан маҳрум бўлди. Темир Зурабни ҳам ҳудди шундай айлантиргач, белидаги камарида осиғлиқ турган тўппончани чиқариб осмонга қарата ўқ узди.
Рақиблар бараварига ханжарларини яланғочлашди. Бўйлари баландроқ, қўллари узунроқ бўлган Урусхоннинг ғалабага  ишончи зўрроқ эди.
Атроф бир нафаслик ўлик сукунат ҳукмида қолди. Ҳатто пастда жўш ураётган Қизилдоннинг  шовқини ҳам тингандай бўлди. Ҳамма нафас ютиб уларнинг ҳаракатини кузатади. Арзимас туюлган шарпа ҳам рақиблардан бирига йўл кўрсатиб қўйиши мумкин. Шу боис барчанинг жим туриши шарт. Рақиблардан бири даврага яқинлашсагина шарпасиз чекинишларига ижозат этилади.
Урусхон биринчи ҳамладаёқ рақибига ханжар уриш иштиёқида ёнади.
Темирнинг ишораси билан даврадагилар ҳудди рақс пайтидаги куйга жўр бўлгандай қарсак чала бошладилар. Рақиблар бир-бирларига орқама орқа турганлари сабабли қарсак овози пастроқ эди. Урусхон эҳтиётлик билан бир неча қадам босиб рақибидан узоқлашган эди, қарсак товуши янада пастлашди. Зураб рақибидан узоқлашганини англади. Урусхон кераксиз томон юрганини сезиб, орқасига кескин ўгирилди. Қарсак овози баландлади-ю, рақиблар янада сергак тортдилар. Урусхон ўлжасига пусиб яқинлашаётган йўлбарс каби эҳтиётлик билан қадам босарди. У рақибига рўпара келмай, яна ёнидан ўтиб кетгач, қарсак овози пастлади. Урусхон ўгирилди-ю, тўхтаб, бирон шарпани илғаш мақсадида атрофга зийраклик билан қулоқ тутди. Бу сафар Зураб юра бошлади. Қарсак баландлади. Урусхон “рақибим ёнимда турибди”, деган ўйда ханжар урди. Аммо унинг ўткир ханжари фақат ҳавони кесиб ўтди халос. Қарсак овози яна кучайди, сўнг бирдан тинди. Бу рақибларнинг яқинлашиб қолганларига ишора эди. Урусхон чаққонлик билан сакради. Шу сакрашида рақибни ерга йиқитиб, ичак-чавағини ағдариб ташлашни ният қилган эди. Бироқ мўлжални  олишда янглишди – Зурабнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Зураб эса фурсатни бой бермади, ханжарини силтаган эди, тиғ рақибининг биқинини тилиб кетди. Урусхон яраланган йўлбарс мисоли бир наъра тортди-ю, Зураб бор, деб тахмин қилган томонга ташланди. У қорни, сонининг қонга беланганига ҳам парво қилмай, яшин тезлигида ҳаракат қилиб, ён-атрофида ханжар ўйната бошлади. Рақибининг яраланганини билган Зураб айёрлик қилиб, ўтириб олди-да,  мушук каби пайт пойлади.
Рақиблар орасидаги масофа ошди. Яна қарсак янгради. Энди бахт Зураб томон кулиб боққандай, Урусхоннинг баланд бўйи, узун қўлларидан наф йўқдай эди. Ғазаб ва оғриқдан хансираб, жойида туриб қолган Урусхон кучдан кетганини сездириб қўйди. Зураб эса сапчишга тайёр ҳолда унга пусиб яқинлашди.
Улар орасидаги масофа  қисқаргач, қарсак яна тинди. Ярадор Урусхон ханжарини силтаб яна ҳавони кеса кетди. Зурабнинг ханжари ҳам ҳавода ўйнай бошлади. Бирдан уларнинг ханжарлари бир-бирига урилиб, жаранглади. Кодат ўғли энди нима қилиши лозимлигини ўйлагунича Урусхон чап қўли билан унинг ўнг қўлини ушлаб олди. Аммо абрек ўнг қўли билан унга зарба беришга улгурмади. Зураб чаққонлик билан ханжарини чап қўлига олди-да, рақибига бор кучи билан тиғ санчди.Урусхоннинг қаршилиги сўниб бораётганини сезган Зураб муддаосига етганига ишонч ҳосил қилди.
Урусхон мувозанатини йўқотиб, гандираклаганича орқасига чекинди. Ханжарини ташлаб, қон отилаётган бўғзини ушлади. У наъра тортгиси, буларни лаънатлагиси келди. Аммо овоз ўрнига ёввойи хирилдоқ эшитилди халос. У гурсиллаб йиқилди.
-Тбау-уац-Ила! Тбау-уац-Ила!-деб қичқирди Зураб тантанавор оҳангда. У рақиби йиқилган жойни тахмин қилиб юрди. Деярли ҳаракатсиз ётган Урусхоннинг гавдасига қоқилиб йиқилса-да, ханжарини қўлдан туширмади.
Ўлим талвасасидаги Урусхонда яна ғазаб ва қасос ҳисси уйғонди. У жон бермасидан олдин рақибини бўғиб ўлдиргиси келди. Аммо беҳол бармоқлари Зурабнинг томоғини излаб тополмади. Рақибининг чап қўлини пайпаслаб топиб, бемажолгина сиқди. Зураб эса қаддини кўтариб, тиз чўкди-да, унинг юзига бор кучи билан ханжар урди. Ханжар зарбидан суякларнинг қисирлаб кетганини атрофдагилар ҳам эшитишди. Чап билагини сиқмоқчи бўлаётган қўл бирдан бўшашди. Зураб тўла ғалаба қозонганини англади. Урусхоннинг бақувват гавдаси сўнгги марта бир силкинди-ю, жон таслим қилди.
Ҳамма ёғи рақиби қонидан қизариб кетган Зураб шунда ҳам жасадни қўйиб юбормади. Содиқ ҳамроҳи бўлган ханжаридаги қонни Урусхоннинг кийимига артиб, қинига солди-да, мушт қилиб тугилган қўлларини юлдузли осмон сари узатиб, жон-жаҳди билан қичқирди:
-Тбау-уац-Ила!
Туцатлар ҳам Тўтараевлар ҳам худоларига шукрона билдириш мақсадида бош кийимларини олишиб, унга жўр бўлишди:
-Тбау-уац-Ила!
Руҳонийлар шу оннинг ўзида худоларини шарафловчи ғалаба мадҳиясини айта бошладилар. Уларнинг бу жарангдор қўшиқлари водий ва довонлар тинчини бузиб,  худонинг амри бажо келтирилганини Цагат Ламардонга хабар қилди.
Ғолиблик булутида сузаётган Зураб юз-кўзлари боғлиқ ҳолда жим турибди. Одатга кўра ҳар қандай шароитда ҳам юзини очишга унинг ҳаққи йўқ. Тақдирга тан берган Заур Зурабга яқинлашиб, юз-кўзларига боғланган қулоқчинни ечди. Темир ботир ўғлонни бағрига босди. Ҳаяжон оғушидан қутула олмагани учун тили гапга келмади. Тўтараевлар бирин-кетин яқинлашиб, Зурабни олқишлашди. Урф-одатга бўйсинишга мажбур бўлиб, абрекни ўз оила аъзолари сифатида қабул қилган туцатлар ҳам олишувнинг бундай оқибатидан мамнун эканликларини яширишмади. Уларнинг наздида илоҳлари гуноҳкорни жазолаб, узоқ давом этган ташвишли кунларнинг бахтли якунини берган эди. Шу воқеа туфайли одамларнинг худолари қудратига ишончи ва  ердаги ноиблари ҳисобланмиш руҳонийларнинг авом орасидаги обрў-эътибори ошажагидан улар айниқса мамнун эдилар.
Ҳамма ғалаба нашидаси билан маст бўлиб турган дамда Заур ҳукумат томонидан ваъда қилинган мукофотни эслаб қолди. У Тамбини четга тортди-да, пичирлаб маслаҳатлашди. Маслаҳат тезда пишди: оға-ини абрекнинг жасадини бирор қабрга кўмадиган,  калласини эса узиб, шаҳарга олиб топширадиган бўлишди. Тбау-уац-Ила бу куфронийнинг бошини танидан жудо қилиш эвазига ҳукуматдан беш минг рубл олиш бахтини бу руҳонийларига насиб этган экан, ким ҳам иддао қилиши мумкин? Акасидан фотиҳа олган Тамби жасадга яқинлашди-да, ханжарини яланғочлаб, қулоқчинга ўроғлик каллани танадан узиб олиб, хуржунига солди. Ўлим топган рақибининг ханжари, энли камари ва черкасча камзули кўкрагига қадалган ўқдон одат тартибига кўра Зурабга насиб этди.
Отига чаққон минган Хадар Туцатга ўликни узатишди. У ҳали қони қотиб улгурмаган бошсиз жасадни отнинг бўйнига қўйиб олди. Инсон қонининг ҳиди димоғига урилган от асабий равишда пишқирди. Аммо эгаси жиловни қаттиқ тортиб тургани учун жойидан жилолмади. Заурнинг ишораси билан бир неча ёш туцатлар отларига минишгач, Цагат Ламардон сари юрдилар.