Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Улуғбек даврининг машҳур шоири
Facebook
Улуғбек даврининг машҳур шоири PDF Босма E-mail

Саккокий — XV аср ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан ҳисобланади. Адабий меросининг тўлиқ ҳолда етиб келмаганлиги туфайлигина у мумтоз сўз санъатида ўзига хос ва мос баҳосини олмай турибди. Етиб келган бир қисм шеърлари ҳам унинг шоирлик салоҳияти нечоғлиқ баланд бўлганлигидан далолат беради. Ўзининг туркий адабиётдаги ўрнини Мирзо Улуғбекнинг фандаги мавқеи билан тенг қўйиши ҳам Саккокийнинг ўз даврида катта шуҳрат тутганлигини кўрсатади:

Фалак йиллар керак сайр этсаю келтирса илкига
Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони.

Саккокийнинг таржимаи ҳоли ҳақида етарли маълумот сақланиб қолмаган. Девони тўлиқ етиб келмаганидан ҳаётининг баъзи нуқталарини шеърлари орқали ойдинлаштириш имкони ҳам йўқ. Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида шоир ҳақида: «Мавлоно Саккокий — Мовароуннаҳрдиндур. Самарқанд аҳли анга кўп муътақиддурлар ва бағоят таърифин қилурлар», — деб маълумот берса, Яқиний «Ўқ ва ёй» мунозарасида уни «турк шоирларининг мужтаҳидидур», деб таърифлайди. Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да ҳам Ҳайдар Хоразмий, Атойи, Муқимий, Яқиний, Амирий, Гадоий каби ўзбек шоирлари қаторида биринчи бўлиб тилга олади.
Мирзо Улуғбек даврининг машҳур шоири бўлган Саккокий пойтахт Самарқандда умргузаронлик қилган. Шоирнинг асли исми номаълум. Тахаллуси (саккок — пичоқчи дегани)дан келиб чиқиб, унинг ҳунарманд оиладан эканлигини тахмин қилиш мумкин. Унинг туғилган йилини Амир Темурнинг набираси Халил Султонга бағишланган қасидасидаги:

Тарихқа саккиз юз доғи ўн эрди-ю, қадр ахшоми,
Бир ой туғулди дунёдаким, мамлакатда хон эрур,—

байтига асосланиб, таниқли шарқшунос олим, шоир асарларини нашрга тайёрлаган Қ. Муниров XIV асрнинг иккинчи ярми ёки охирги чорагида деб тахмин қилади. Бунга сабаб мазкур бадиий юксак қасидани шоир ижоди анча гуллаган даврда яратгани, бинобарин, бу пайтда (1407 — 1408) у 30 ёшларда бўлганини кўрсатади. Н. Маллаев ҳам айни фикрни такрорлайди.
Буюк мунажжим ва йирик давлат арбоби бўлган Мирзо Улуғбек ўзи олим подшоҳгина бўлиб қолмай, илму фан, адабиёт ва санъат аҳлига ғамхўрлик қилиб, моддий ва маънавий жиҳатдан уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган. Саккокий ижоди айни шу даврда (1409—1449) гуллаб-яшнаганини эътиборда тутсак, шоирнинг ҳам маърифатпарвар подшоҳ ҳомийлигидан баҳраманд бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Унинг Улуғбекка бағишлаб қасидалар ёзгани ҳам бунинг исботидир. Бу қасидаларда у ўз ҳомийсини кўкларга кўтариб мақтайди, у билан замондош эканлигидан ифтихор ҳисларини туяди.
Улуғбек саройида кўпгина олим ва шоирлар тўпланган бўлиб, Саккокий уларнинг пешқадамларидан эди. Саккокий Мирзо Улуғбекка бағишлаб 5 та қасида ёзган. Шунингдек, унинг Амири кабири Арслон Хожа Тархонга атаб 4 та қасида яратган. Хожа Муҳаммад Порсо ва Халил Султонга ҳам биттадан қасида бағишлаган.
Саккокийнинг ўзи тузган девоннинг бир неча нусхалари фанга маълум бўлса-да, уларнинг бирортаси ҳам тўла ва мукаммал эмас. Жумладан, Лондондаги Британия музейида шоир девонининг тахминан XVI аср ўрталарида кўчирилган бир нусхаси сақланади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ҳам унинг 1937 йилда Шоислом исмли котиб томонидан қайсидир манбадан кўчирилган нусхаси мавжуд. Шу қўлёзма асосида Қ. Муниров Саккокийнинг «Танланган асарлар»ини нашрга тайёрлаб, 1958 йили нашр этган.
Саккокийнинг бир қатор ғазаллари куйга солиниб, ҳофизлар томонидан куйланиб келгани ҳам шоирнинг халқ ичида анча машҳур бўлганлигини тасдиқлайди.
Навоийнинг Самарқандда ўқиган йиллари (1465 — 1469) да Саккокийни билганлар билан учрашгани ҳақидаги маълумотлар унинг XV аср ўрталарида вафот этганлигидан гувоҳлик беради.
Саккокий ўзининг бадиий юксак қасидалари билан ўзбек қасидачилигига асос солганлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда, у ғазал устозларидан ҳам биридир. Ғазалларнинг етуклиги жиҳатидан шоир Атойи ва Лутфий қаторида туради. «Хутбаи давовин» асарида Саккокий ва Лутфийга шундай баҳо берилади: «Уйғур иборати фусаҳосиндин ва туркий алфозининг булағосиндин Мавлоно Саккокий ва Лутфийларким, бирининг ширин абётининг иштиҳори Туркистонда беғоят ва бирининг латиф ғазалиётининг интишори Ироқ ва Хуросонда бениҳоятдурур ва девонлари мавжуд бўлгай»(Кўчирма қуйидаги китобдан олинди: Буюк сиймолар, алломалар. 2-китоб. Тошкент, 1996 йил, 56-бет.).
«Саккокий шеърлари орасида Улуғбекнинг ўлими ҳақида ҳеч нарса учрамайди. Шунинг учун Саккокий Улуғбек фожиасини кўришга улгурмаган, яъни у Улуғбек қатлидан олдин вафот этган, деб фараз қилиш мумкин»(Ўзбек адабиёти тарихи. 1-жилд. 304-бет.).
Саккокийнинг айрим мухлислари Лутфий билан рақобатда унинг нуфузини ошириш мақсадида Лутфий шеъриятидаги барча гўзал маънолар Саккокий ғазалларидан ўғирланган, деган овоза тарқатадилар. Навоий Самарқандда таҳсил олган йилларида бу масалага ойдинлик киритмоқчи, Саккокий ва Лутфий шеърларини ўзаро қиёсламоқчи бўлади. Бу ҳакда «Мажолис ун-нафоис»да шундай ёзади: «Самарқанд аҳли анга кўп муътақиддирлар ва бағоят таърифин қилурлар. Аммо фақир Самарқандда эрканда муаррифларидан ҳар неча тафаҳҳус қилдимким, анинг натоижи табъидин бирор нима англайин, таъриф қилғонларича нима зоҳир бўлмади. Барчадин қолсалар сўзлари будурким, Мавлоно Лутфийнинг барча яхши шеърлари анингдурким, ўғурлаб ўз отиға қилибдур. Ул ерларда бу навъ ўхшаши йўқ, мазасиз мукобаралар гоҳи воқеъ бўлур».
Саккокий девони Шарқ девон тузиш анъанасига мувофиқ ҳамд ва наът билан бошланади. Кейин унинг 10 та қасидаси берилади. Бу қасидалардан 4 таси — Мирзо Улуғбекка, 4 таси — Арслонхожа Тархонга, биттаси — машҳур нақшбандия шайхларидан Хожа Муҳаммад Порсога, биттаси — темурий шаҳзодалардан Халил Султонга бағишланган. Қасидалардан кейин ғазаллар бошланади.
Шундай қилиб, шоирдан бизга 10 та қасида ва 56 ғазал етиб келган.
Таниқли турк олими Камол Эраслан томонидан нашр этилган Саккокий девонида эса жами 70 та шеър мавжуд. Девон аввалида муножот, Пайғамбар наъти, Муҳаммад Порсо ва Мирзо Улуғбек мадҳлари келтирилган.
Барча Шарқ шоирлари каби Саккокий ижодида ҳам ишқ-муҳаббат мавзуи етакчилик қилади. Лекин салафлари ва замондошларидан фарқли ўлароқ, шоир шеърлари ўзининг дунёвий мазмуни билан алоҳида ажралиб туради. Бу унинг дунёвий фанлар ривожланган Самарқанд олимлари даврасига яқин бўлгани, Мирзо Улуғбекдек илму маърифат пешвоси ва ҳомийси қўл остида яшагани туфайли бўлса, эҳтимол.
Ишқ-муҳаббат мавзуи тасаввуф туфайли ўзининг авж пардасига кўтарилгани маълум. Лекин Шарқ адабиётида севги тараннуми азалдан етакчп бўлган. Шоирлар дунё, инсон, табиат ва жамият ҳақидаги фикр-туйғуларини асосан муҳаббатга боғлаб ифода этишган. Ишқий мавзудаги шеърлар ичида фалсафий-ижтимоий фикрлар ҳам, табиат тасвири ҳам, замонадан, одамлардан шикоят мотивлари ҳам, панд-насиҳат ҳам келишининг сабаби шунда. Саккокий ёр, диёр, табиат, инсонларга бўлган чексиз муҳаббатини ҳам, замонадан, рақиблардан шикоятини ҳам ишқий шеърлари ич-ичига сингдириб юборади. Зеро, ўрта асрларда ғазал фақат муҳаббат мавзуида битилган. Ғазалнинг луғавий маъноси ҳам аёлларга муҳаббат қўйиш ва уларга муносабат кўрсатиш бўлиб, у фақат ишқий мавзуда ёзилиши шарт қилиб қўйилган. Бошқа мавзулар шеъриятнинг ўзга жанрларида ёритилган.
Саккокийнинг ҳам бизгача етиб келган барча ғазаллари муҳаббат мавзуида. Лекин уларда шоирнинг олам ва одам ҳақидаги ўй-фикрлари, табиат тасвирлари, панд-насиҳат, замонадан ва баъзи кишилардан шикоят мотивлари ҳам ўз аксини топган.
Шоир ғазаллари бадиий юксак: оҳорли ташбеҳу тимсолларга бой, шеърий санъатлар маҳорат билан қўлланган, услуби равон, тили содда ва гўзал. Ташбеҳу тимсолларини асосан теварак-атрофдаги кўриниб турган нарсалар, халқ тили, анъаналари, урф-одатларидан олади. Чунончи, оқар сувга боқса, кўз равшан бўлади, деган халқона таъбирдан ўз бадиий мақсади йўлида фойдаланиб, маъшуқасига дейди: кўзларимдан оқаётган сувга боқсанг, муҳаббатим қанчалик чуқур ва қатъий эканлигини кўриб, кўнглинг равшан тортади:

Кўзўм ёшинға назар қил — кўнгул бўлур равшан,
Эй сарвиноз, оқар сувға қилса наззора.

Халқда ўз бошингга ўзинг бало орттирдингми, энди жазосини ҳам торт; ўзинг пиширган ош: айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ич, қабилидаги теран мазмунли гўзал ҳикматлар бор. Қуйидаги байт шу асосга қурилган:

Бале, бу ранжу балонн мен ихтиёр этдим,
Ўзумга ишни ўзум қилдим, эмди не чора.

Юзи қаро бўлсин, йўқ бўлсин, деган қарғишлар халқ орасида кенг тарқалган. Уларни шоир кўзи ва кўнглига нисбатан қўллайди. Чунки кўз билан кўнгли унинг гапига кирмай, минг бир балоларга мубтало қилишдида. Гуноҳкор эса ҳамиша қарғишга лойиқ:

Юзи қаро бўлсун кўзум — андин кўрармен бу бало,
Йўқ бўлсун ул кўнглум менинг — ҳеч кирмади фармонима.

Сувсаш деган жуда содда ва гўзал сўз бор халқ орасида. Шоир бу сўздан қонга сувсаш маъносида фойдаланади:

Рақиб ҳаддидин ошиб, қонимға сусаб аюр:
Онинг қаро қонин, вай, бир ичсамон қона.

Саккокий ғазаллари оддий ва содда, айни пайтда, оҳорли ва гўзал, ҳамма ҳар куни кўриб, лекин эътибор бермайдиган нарса-ҳодисалар, ҳаракат-ҳолатлар, манзара-кўринишлардан теран маъно топган ташбеҳларга бойлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шоир ғазалларида кўпинча маъшуқа таърифи ва ошнқ ҳолати тасвири ёнма-ён келади — улар ўзаро қиёсланади ва шунга мувофиқ, ташбеҳлар ҳам қават-қават бўлади:

Сенинг лаълингдин ўфтониб, қизорур лаъл кон ичра,
Ҳасад элтур менинг юзим кўрубон заъфарон, эй жон.

Маъшуқанинг лаъл каби қип-қизил лабидан уялиб, кондаги лаъллар қизарса, ошиқнинг айрилиқ азобида сарғайган олтинранг юзини кўриб, заъфарон ҳасад қилади, яъни қани эди, унинг ранги менда бўлса, дейди.
Бу ерда, албатта, муболаға хам бор: лаъл асли қизил эмас, балки маъшуқанинг қип-қизил, чўғдай лабларини кўриб, уялгани, хижолат бўлганидан қизарган. Уз навбатида, заъфарон ҳам ўзининг ранги ошиқ юзидан сариқ эмаслигидан ҳасадда.
Лаъл — қизил рангли ялтироқ қимматбаҳо тош. Унинг энг аъло нави Бадахшон тоғларида ҳосил бўлади. У Бадахшон лаъли номи билан машҳур. Мумтоз адабиётда маъшуқанинг қизил лабини лаълга нисбат берадилар ва, айни пайтда, ундан устун қўядилар. Чунки лаъл фақат ранги ва ялтироқлиги жиҳатидан лабга ўхшайди, бошқа жиҳатлардан эса унга яқинлашолмайди ҳам.
Заъфарон — хушбўй ҳидли сариқ гуллари бўлган гиёҳ. Таомга таъм, ранг ва ҳид бериши учун ишлатадилар. Мажозан камёб ва қимматбаҳо нарса маъносида қўлланилади. Кўпроқ айрилиқ, ғамда сарғайган ошиқ юзини унга нисбат берадилар.
Мана бу байтда шоир кўзларидан оқаётган ёш доналарини фалак узра юраётган сайёраларга ўхшатади: бу ерда юз — фалакка, кўз ёшлар — сайёраларга қиёсланмоқда:

Бу ёш қатраларин кўр юзум уза ғалтон,
Мунунг бикин юрумас ҳеч фалакта сайёра.

Қуйидаги мисраларда маъшуқанинг қора зулфлари қуршовидаги юзи тун зулматидаги порлоқ ойга ташбеҳ этилади:

Ойтек юзунгу бир қора тунтек ики зулфунг,
Важҳи бу юзунгга, дедилар, моҳи шабона.

Қуйидаги байтда Саккокий маъшуқасини — ҳусн шоҳи, ўзини — бир гадога ўхшатади. Маълумки, шоҳга закот бериш жоиз. Закот, одатда, энг камбағал киши-ларга берилади. Энг камбағал киши эса менман, дейди у. Бинобарин, ҳуснинг закотини бериш учун энг мискин ошиқни изласанг, бу дунёда мендек бенаво қани? Аслида бу бойлик — ишқ билан бойлик. Мол закотининг энг камбағалга берилиши ҳодисасидан шоир ҳусн зако-тининг энг муносиб ошиққа берилиши ҳақидаги фикрни асослаш учун фойдаланган. Анъанага кўра, энг комил ошиқ бу — энг бечора, энг бенаво, энг ғариб, энг хаста, эзилган, сарғайган бўлиши керак:

Ҳуснунг закоти бергали бир қулни изласанг,
Саккокийтек бу дунёда бир бенаво кани?

Саккокий шеърларининг бадииятини кучайтириш, таъсирчаилигиии ошириш учун шеърий санъатлардан маҳорат билан фойдаланади. Шоир ғазалларида, хусусан, талмеҳ, ирсоли масал, муболаға, ташбеҳ, лаффу нашр каби санъатлар кўп учрайди.
«Лаффу нашр андин ибораттурким, бир нечани зикр қилурлар, андин сўнг ул бир нечага алоқадор бир неча нимани бу нималарнинг ҳар бири ул бир нечанинг қайси бириға тааллуқлуғ эрканин аниқ қилмай зикр қилурлар. Мунда эшиткучининг ўзи ул бир нечанинг ҳар бирига ул алоқадор нимани боғлар деб ишонилур»(Атоуллоҳ Хусайний. Бадойиъу-с-санойиъ. Тошкент, 1981 йил, 149-бет.). Чунончи:

Бўю юзу лаъл эрну хату ҳаддина туш йўқ,
Сарву гулу мул настарану ёсуман ичра.

Байтнинг биринчи мисрасида маъшуқанинг бўйи, юзи, лаби, хатти, ёноғи тилга олиниб, иккинчи мисрада уларнинг нимага ўхшаши навбат билан келтирилган: бўйи — сарвга, юзи — гулга, лаби — майга, хатти — наста-ранга, ёноғи — ёсуманга ташбеҳ қилинган.

Қадду хаду хаттидин олиб номия нусха,
Бўстон ичида сарву гулу ёсуман этти.

Бу ерда биринчи мисрада қад, хад (юз), хат(т) берилиб, иккинчи мисрада уларнинг ўхшаши келтирилади: сарв, гул, ёсуман.
Саккокий энг кўп мурожаат қиладиган санъатлардан яна бири — ирсоли масал. Ирсоли масал Шарқ мумтоз шеъриятида энг кўп қўлланилган санъатлардан ҳисобланади. Шоирлар у ёки бу фикрларини тасдиқлаш ёки кучайтириш учун кўпинча ўз шеърларида халқ мақол ва маталларига, машҳур ҳикматли сўзларга, эл ичида юрган образли ибораларга мурожаат қиладилар. Мумтоз адабиётшунослардан Атоуллоҳ Ҳусайний ёзади:
«Ирсол луғатта юбормоқтур. Бир жамоа орасида машҳур бўлған ва ул жамоа ўз каломинда турли ишларга ўхшатиш ва мисол тарзида кўп зикр қилған достон ва ҳикоятларни масал дерлар.
Аксар байтта мисол келтириш, ани маҳбуб ёки мамдуҳ ёки ўзга кишига юбормоқ учун бўлур, анинг учун бу санъатни анинг тарзи эътибори била ирсол ул-масал деб атаптурлар. Ирсолдан мурод ирод (келтириш, тилга олиш) бўлиши ҳам мумкин, ул маънодаким, ирод ирсол учун лозимдур ва бу ҳолда лозимни назарда тутиб, малзумни зикр қилған бўлсалар керак (лозим — керак қилувчи, малзум — керак бўлувчи). Бу фусаҳо каломинда машҳурдур ва бу важҳни тасдиқлағучи бир нима улдур-ким, бу санъатни ирод ул-масал ҳам дерлар».
Ирсоли масал санъатини қўллаш асосан уч йўл билан содир бўлади. Биринчиси — машҳур мақол ёки ҳикматли сўзга ишора қилиш. Бунда кўпинча «дейдиларким», «дерлар», «масалдурким», «масал борким» каби сўз ва иборалардан фойдаланилади:

Кўнгул висолингга муштоқ жону тан бирла,
Бале, масалдур эшитгин бу ганжу вайрона.

Бу ерда «Ганж вайронада бўлади», деган халқ мақолидан фойдаланиб, шоир кўнглини вайронага, ёр висолини ганжга нисбат бермокда.
Саккокий энг кўп мурожаат қилган санъатлардан яна бири — талмеҳ ҳисобланади. Талмеҳ арабча сўз бўлиб, ишора қилиш, бирор нарса томонга енгил назар ташлаш маъносини билдиради. Атоуллоҳ Ҳусайний айтади: «Ламҳ яшин чақнамоғидур ва ламҳа (ялт этиб) бир қарамоқтур. Шоир андоқ қилурким, анинг озғина алфози кўп маънони билдирур, шунинг учун ани талмеҳ дерлар».
Маълум бўладики, талмеҳ шеърда оз сўз билан кўп маънони ифодалаш санъати экан. Бунда машҳур бир қисса, воқеа ва асарга ишора қилиш орқали айтилажак фикр, ифодаланажак ҳолат, баён этилажак мақсадни чўзмай, сўзни мухтасар қилинади. Чунончи:

Саккокийнинг ўрнини ўшал Юсуфи соний
Яъқуб бикин ҳажрида байт ул-ҳазан этти.

Бу байтни бутун моҳияти билан теран тушуниш учун Қуръони каримнннг Юсуф сураси, Шарқ адабиётида кенг тарқалган Юсуф ва Зулайхо қиссасидан яхши хабардор бўлиш керак. Диний-тасаввуфий адабиётларда айтилишича, Оллоҳ таоло ҳуснни юз ҳисса қилган. Тўқсон тўққиз қисмини Момо Ҳавога бериб, бир қисмини бутун дунё аҳлига раво кўрган. Шу бир улушни яна ўнга бўлиб, тўққиз қисмини Юсуф алайҳиссаломга, бир қисмини бани башарга берган. Демак, Юсуф алайҳиссаломда бутун инсониятда мавжуд ҳусндан тўққиз баробар ортиқ ҳусн бор. Шунинг учун ҳам шоирлар гўзалликда якто бўлган маъшуқаларини Юсуфи соний, яъни иккинчи Юсуф деб лутф этадилар.
Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломнинг отаси. У гўзалликда танҳо бўлган ўғли Юсуфни жуда севар, еру кўкка ишонмасди. Бундан ҳасад қилган акалари овга элтиш баҳонасида уии уйдан олиб чиқиб, мисрлик савдогарларга арзимас пулга сотиб юборадилар. Кейин бир қўйни сўйиб, Юсуфнинг кўйлагини унинг қонига булғайдилар-да, оталарига олиб келиб: «Юсуфни бўри еб кетди», — деб алдайдилар. Яъқуб Юсуфнинг ҳажрида йиғлай-йиғлай, кўзлари кўр бўлиб қолади. Йўл бўйида «Байт ул-аҳзон» деган уй тиклаб, кеча-кундуз унда тоат-ибодат қилиб, йиғлар эди. Мумтоз адабиётда сўнгсиз дарду ғамда, чорасиз аҳволда қолган кишининг уйини, ҳаётини, дунёни байт ул-аҳзон, яъни ғам уйи, ҳасратхонага нисбат бериш бир анъана тусини олган.
Шарқ мумтоз адабиётида Лайли ва Мажнун қиссаси авж пардаларда куйлангани маълум. Шу билан бирга, шоирлар орасида ўзини Мажнун, маъшуқасини Лайлига нисбат бериш, ҳатто ўзларини бу икки машҳур ошиқ-маъшуқлардан устун қўйиш бир анъана тусини олган. Ҳар бир даврнинг ўз машҳур ошиқ-маъшуқлари бўлади, янги замоннинг Лайли ва Мажнуни биз бўламиз, қабилидаги шеър ва байтларга ҳам кўп дуч келамиз. Чунончи, Фузулий ёзади:

Сурди Мажнун навбатин, шимди банам расвои ишқ,
Тўғри дерлар ҳар замон бир ошиқинг давронидир.

Саккокийнинг ушбу байти ҳам шу мазмунда:

Биздан эшитсун эмди жаҳон тоза қиссалар,
Чун кўҳна бўлди Лайлию Мажнун ҳикояти.

Муболаға санъати ҳам Саккокий ижодида кўп учрайдиган санъатлардан. Чунончи, қуйидаги байтда шоир мен кўрган ғамнинг мингдан бирини кўрса эди, сандон ҳам пора-пора бўлар эди, деб муболаға қилади:

Жоним кўрган жафонинг мингдан бирин
Бўлур гар кўрса сандон пора-пора.

Мана бу мисраларда эса менинг оҳу фиғонимни эшитса, бутун оламнинг бағрини қон қилиб келган фалакнинг бағри қон бўлади, дейди:

Фалакким, барча оламнунг қилур қон бағрини ҳар дам,
Эшитса бағри қон бўлғай менинг оҳу фиғонимни.

Албатта, муболағанинг бир неча кўринишлари мавжуд. Агар муболаға ақлу одатга мувофиқ бўлса — таблиғ, ақлга сиғса-ю, одатдан ташқари бўлса — иғроқ, агар одатдан ташқари бўлиб, ақлга ҳам сиғмаса — ғулув дейдилар. Чунончи, келтирган мисолларимизда ғамдан сандоннинг пора-пора бўлиши, ошиқ фиғонини эшитса, фалакнинг бағри қон бўлиши тасаввурга сиғмайди. Лекин бу муболағалар воситасида шоир ўз дардининг қанчалик чуқур ва оғирлигини ўта ошириб, кучайтириб ифодалаган.
Шоирнинг ошиқона ғазаллари ичида унинг фалсафий мулоҳазаларига ҳам дуч келамиз:

Шод бўлма рақиб ўлди тею ошиқи мискин,
Барчаға тузи келгусида давр аёқи.

Бу даврон барчага навбати билан ажал шарбатини ичиради. Бинобарин, рақибнинг ўлганига шод бўлмаслик керак.
Шоир ташбеҳларни қўллаганда уларнинг келиб чиқиши, моҳиятини ҳам кўздан қочирмайдилар. Чунончи, мушк берувчи оҳулар Чин ва Ҳиндда бўлиши, туркий халқлар эса жангарилиги, яғмогарлигини кўзда тутиб, Саккокий маъшуқанинг зулфини Чину Ҳинд, кўзларини Туркистон билан қиёслайди. Зеро, соч — ошиқни масту паришон айласа, кўз — асир айлади:

Чину Ҳинд элин паришон айлади зулфунг вале
Қилди яғмо кўзларинг мажмуи Туркистонни.

Маълумки, Мовароуннаҳр — икки дарё оралиғи, дегани. Араблар Сайҳун — Сирдарё ва Жайҳун — Амударё оралиғидаги ерларни Мовароуннаҳр деганлар. Бундан шоир ўз ҳолатини ифодалаш учун бадиий ташбеҳ сифатида фойдаланади: ёр ҳажрида икки кўзимдан ёш оқа-оқа икки ёнимда икки дарё ҳосил бўлди улардан бирини — Сайҳунга, иккинчисини Жайҳунга ўхшатиш мумкин. Ўзим эса икки дарё оралиғидаги Мовароуннаҳрга ўхшайман:

Мовароуннаҳр ичра қолдим, чунки икки ёнима
Кўзларимнинг бири — Сайҳун, бири — Жайҳун айлади.

Шоир шеъриятида гўзал лутфларга ҳам дуч келамиз. Чунончи, у бир байтида агар мен узоқ умр тилар эканман, бунинг сабаби — ёрни кўриш умиди, бўлмас менга узоқ умрнинг нима ҳожати бор, дейди:

Ёримни кўра турмоқ учун умр тилармен,
Йўқ эрса менга нега керак умр узоқи.

«Менинг кўнглимга ўт солма, — дейди шоир бошқа бир байтда, — чунки у ерда сенинг хаёлинг меҳмон, тағин бу ўтнинг алангаси азиз меҳмонни куйдурмасин»:

Кўнглума ўт солма, улдур чун хаёлингга ўтоқ,
Токи онинг сўзиши куйдурмасун меҳмонни.

Саккокий ижодида ҳаёт, фалак, замон, одамлар, маъшуқа, қисматдан шикоят мотивларига ҳам дуч келамиз: улар гоҳ очиқдан-очиқ, гоҳ ишқий мавзу воситасида — маъшуқадан, рақибдан, муҳаббатдан шикоят тарзида ўз ифодасини топган:

Кечаю кундуз ишим йиғламоқ, кучум зори,
Ғамингдин ўзга киши йўқ қошимда ғамхора.

Маълум бўладики, XV аср ўзбек адабиётининг забардаст шоири Саккокий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ватан адабиётини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан