Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Муҳаммад Юсуф Баёний (1858-1923)
Facebook
Муҳаммад Юсуф Баёний (1858-1923) PDF Босма E-mail

Баёний (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Юсуфбек Бобожонбек уғли) (1858— Хива — 1923) — Ўзбек шоири, тарихчи, мусиқашунос, хаттот ва таржимон. Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил кўрган. Сулс, куфий, райҳоний, шикаста хатларини яхши билган, танбур чертиш ва ғижжак чалишда моҳир бўлган. Баёнийнинг бир девони, Хоразм тарихига оид икки асари ва таржималари сақланган. У мумтоз шеъриятнинг деярли ҳамма жанрларида ижод қилиб, Навоий, Мунис, Огаҳий анъаналарини давом эттирган. Аваз Ўтар билан ижодий ҳамкорликда бўлган. «Девони Баёний» шеърлар тўпламини тузган. Унга кирган шеърларида дунёвий севгини улуғлаган, табиат гўзалликларини содда ва равон ифодалаган, мазлумлар, илм-фан аҳлининг аччиқ тақдирига ачинган. «Шажараи Хоразмшоҳий» тарихий-мемуар асари билан Мунис ва Огаҳий бошлаган ишни давом эттирган. Бунда Ёфасдан Қўнғирот уруғигача, Абулғозий Баҳодирхондан Асфандиёрхонгача ўтган хонлар ҳукмронлиги даври тарихи ёритилган. «Хоразм тарихи» асари «Шажараи Хоразмшоҳий»даги воқеаларни тўлдирган. Асарнинг аввалги боблари маъно жиҳатдан «Шажараи Хоразмшоҳий»га ўхшаб кетади. Лекин ёзилиш услуби билан ундан фарқ қилади. Асарда, асосан Асфандиёрхон ҳукмронлиги даври ва ундан кейин рўй берган воқеалар тасвирланган. 16 бобдан иборат бу асарнинг 8 бобигина бизгача етиб келган.
Баёнийнинг ҳар икки тарихий асарида ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид жуда кўп қимматли материаллар бор. Жумладан, Хива хонлигининг Бухоро ва Қўқон хонлиги ва хонликка қўшни бўлган бошқа мамлакатлар билан савдо ва дипломатик муносабатлари, меҳнаткашлардан олинадиган ҳар хил солиқлар, Хоразмда яшаган олим ва шоирлар, шаҳарлар ҳаёти, деҳқончилик ишлари тўғрисида бой маълумотлар ёзилган.
Баёний арабчадан Дарвеш Аҳмад («Саҳойиф ул-ахбор», 1901), форсчадан Биноий («Шайбонийнома», 1915), Табарий («Тарихи Табарий») асарларини ўзбек тилига таржима қилган. «Мажмуаи шуарои форсий» тўплами (1900) ва бошқани ҳуснихатда кўчирган.
«Шажараи Хоразмшоҳий» (инв. ? 9596), «Хоразм тарихи» (инв. ? 7421), «Девони Баёний» (инв. ?? 1120, 7106, 6666) асарларининг қўлёзмалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланмоқда.


ҚИТЪАЛАР

Илмдан истасанг, нишон йўқтур,
Бор бошида қазонча салласи.

* * *

Суҳбатни гулистонда соз айлабон айланг соз,
Ҳам соқийи гулчеҳра тутсун майи саҳбони.

* * *

Ҳамроз дўст топилса-ю, жонлар фидосидур,
Орзу шулдурки: камина кўнгул муддаосидур.
Хуш суҳбати мажруҳ дилим давосидур,
Мақдами кўзима айни шифо, хоки посидур.

* * *

Мен вафо шиор айлаб топмадим висоли дўст,
Ҳамнишину улфатлар бас жафога ўрганган.

* * *

Нодон севар замона, дод илкидин нетай,
Бошим олиб фиғон ила бир томон кетай.

* * *

Сардорлар ўлди бехирадлар,
Ақл аҳли юраги тўлди қона.

* * *

Тарк эт бу ватанни, кургил они,
Уд ўз ватанида бир ўтундир.

* * *

Эски бузуқ харобада чуғздек айладим ватан,
Биртўзук ошиёна йўқ, келмаса-келмасун нетай.

* * *

Бир табассум бирла хушдил қил, мани десанг агар,
Кўнгли абтар, ранги чун зар, дийдаси тар бўлмасун.

* * *

Кулфат тушуб бошиға, оғу тушуб ошиға,
Келмай киши қошиға, ақрону меҳрибонлар.

* * *

Айбни иқрор айламас,
Ҳеч номус ор айламас,
Панд этсангиз кор айламас,
Сўз садқаи увол экан.

* * *

Жаҳонда камсухан ким бўлди, асрори ниҳон бўлди,
Кимики сўзлади кўп, билки расвойи жаҳон бўлди.

* * *

Агар иззат тилабсан камнамолиғ орзусин қил,
Қаю ажнос бисёр, суди йўқ, зиён бўлди.

* * *

Феълу ҳулқу сўзларида ростлиқ эрмас аён,
Ман мунча ҳайрон, бу не атвор экандур, билмадим.
Қилсалар ҳар ваъда шак йўқ мунда ёлғондур бори,
Мунча ёлғон сўз нега даркор экандур, билмадим.

* * *

Ҳар дам чекибон минг машаққат,
Кун дема утган кунингни тундур.

* * *

Сенсиз манга керакмас рубъи маскун,
Гарчи қарин эса ҳар бир умри жовидона.