Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Мужрим Обид (XVIII - XIX асрлар)
Facebook
Мужрим Обид (XVIII - XIX асрлар) PDF Босма E-mail

Мужрим Обид — (тахаллуси; асл исми-шарифи Миракхўжа ўғли, 18-асрнинг 2-ярми — ҳозирги Бухоро вилояти Вобкент тумани Кумушкент қишлоғи — 19-асрнинг 1-чораги) — зуллисонайн шоир. Ўз даври Бухоро адабий муҳитининг забардаст вакили. Таржимаи ҳолига оид маълумотлар етарли эмас. Баъзи манбаларда шоирнинг исми Обидхўжа, отасининг исми Миракхўжа эканлиги қайд қилинган. Мирараб мадрасасида таҳсил кўрган. Дастлаб Мужрим тахаллуси билан шеърлар ёзган. 19-асрнинг бошларида Амир Ҳайдар унга Обид тахаллусини берган. Лекин у Мужрим тахаллусидан ҳам воз кечмай, ҳар иккала тахаллус билан ижод этган. У Амир Хайдар саройида мубоширлик вазифасида ишлаган. 80 йилча умр кўрган шоир ҳаётининг сўнгги йилларида қашшоқликда яшаган. Шеърларида бевафо дунёдан, адолатсиз замондан, оқибатсиз одамлардан нолиш — шикоят оҳанглари акс этган.
Туркий ижодида Навоий ва Машраб, форсий шеърларида Бедилга издошлик қилган. Унинг туркий девонида 459, форсий девонида 206 ғазал бор. Девонларида, шунингдек, мухаммаслари, қитъалари, рубоийлари, «Ҳасби ҳол» маснавийси мавжуд. Асарлари тўлиқ ҳолда нашр этилмаган. Ғазалларидан намуналар ҳамда қитъа ва рубоийлари босилиб чиққан. Форсий девони мукаммал эмас.
Мужрим Обид анъанавий услубда гўзал ишқий ғазаллар яратган. Уларда сўфиёна руҳ кучли. Оғир ҳаёт йўлини босиб ўтган шоирнинг аксар шеърларида шикоят, ҳасрат оҳанги устун. Форсий-арабий сўзлар кўп учраши жиҳатдан шеърларининг тили мураккаб, лекин услуби содда, ифода тарзи равон. Шарқ адабиётини чуқур билиши, етук истеъдод соҳиби эканлиги шеърларидан сезилиб туради. Шеърлари оҳорли ва гўзал ташбеҳу тимсоллар, теран фалсафий умумлашмалар, кескин ижтимоий фикрларга бой. Қитъа ва рубоийларида шоирнинг ахлоқий қарашлари, панд-насиҳатлари акс этган. Умуман, дунёнинг номукаммаллиги, жамият қусурлари, одамлар феълидаги иллатларни танқид қилиш шоир шеъриятининг асосини ташкил этади.
Мужрим Обиднинг туркий ва форсийда битилган девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. №976, 1797, 3798, 991).
Эргаш Очилов

БАЙТЛАР

Ғами дунёга чирмашғон сари ҳолинг забун бўлгай.

* * *

Ҳарифи сода табълар кўп балога мубтало.

* * *

Душманни ўзингга маҳрами жон қилма,
Ўз жонингга мунча жабру нуқсон қилма.
Эл машварати бирла ҳар иш топар салоҳ,
Иш қилма ўз олдингча, пушаймон қилма.

* * *

Умр ёшдин ўтар, ҳавас дилдин,
Аёғинг ҳеч узилмагай гилдин.
Кору боринг эрур пушаймонлиғ,
Бори суду зиён паришонлиғ.

* * *

Не тараф азм айласам олдимда истиқбол ғам,
Боқмай утсам ҳам келур соя каби дунбол, ғам.

* * *

Сучук тил бирла, эй Обид, бу ғамли дилни шод этгил,
Ки жон тандин вижод этгунча бу ширин забон яхши.

* * *

Бу масалдур, Обидо, халқ ичраким, қайси ятим,
Оғзи тегди ошқаю, бурнидин қачон қон келмади.

* * *

Кўрдики кимда бордур давлат анга дучордур,
Нафъи етғай хаёлиға ўзни ошно қилур.
Бировни ғам била, қайғу била адо айлар,
Бировни ишрати оламға пойдор қилур.
Бировни дийдаи биносидин жудо айлаб,
Тамоми умрин асокашга интизор қилур.
Бировга симу зар беҳисоб рўзи этар,
Бировни бир пул учун йўл юзида зор қилур.

* * *

Чекиб миннат ададсиз, руйи роҳат курмадим ҳаргиз,
Азалдан, эй биродарлар, жафокашга вафо бўлмас.

* * *

Ҳеч биродардан манга келган эмас буйи вафо,
Аҳли оламда манингдек пуржафоэ бормикин?
Меҳр излаб қаҳр кўрган, шарбат излаб заҳр нуш,
Руйи роҳат курмаган меҳнатадоэ бормикин?