Facebook
Сайқалий (1730-1798) PDF Босма E-mail

Сайқалий, Ҳисорий, Собирий (тахаллуслари; исми Собир) (1730— Ҳисор — 1798) — шоир. «Қиссаи Иброҳим», «Рангномаи имом Муҳаммад Ҳанафия», «Аҳтамнома», «Равзат уш-шуҳадо» каби диний-дидактик асарлари бор. Уларда Шарқда машҳур айрим сюжетлар қисқа баён этилган. Ғазал, мухаммас, мусаддас, мусамман ва маснавийларида замонасидан, ҳақсизлик ва қашшоқликдан шикоят қилган, инсонни, унинг севгисини улуғлаган.
Сайқалий ижодида ишқий-саргузашт мазмундаги «Баҳром ва Гуландом» достони алоҳида аҳамиятга эга. Асар маснавий ва лирик жанрларда аралаштириб ёзилган. Кириш қисмида 20 дан ортиқ ишқий сюжетларни санайди. Унинг асарида халқ оғзаки ижодидаги Баҳром образи асосий қаҳрамон қилиб олинган. Рум шаҳзодаси Баҳромнинг Чин маликаси Гуландомга ошиқ бўлиши ва уларнинг саргузаштлари асарнинг асосий сюжетини ташкил этади. Асарда мардлик, ватанпарварлик, садоқат, мақсадга интилишда собитқадамлик каби олижаноб инсоний фазилатлар тараннум этилган.
Сайқалий асарлари Марказий Осиё, Қозоғистон, Татаристон ва бошқа жойларда кенг тарқалган, бир неча бор нашр этилган. Қўлёзма нусхалари Санкт-Петербург, Тошкент, Ашхобод, Душанба, Самарқанд каби шаҳарлардаги қўлёзмалар фондларида сақланади.


БАЙТЛАР

Ўз диёримда мени ҳоли маконим бор эди,
Ақраб қавми қобил меҳрибоним бор эди.
Бир неча фарзандларим — ширинзабоним бор эди,
Ўз қўлимда ихтиёру ҳам имконим бор эди,
Давр жаври бирла кўрки, кетди илгимдин имон.

* * *

Ки ақл, тадбир била айлагил кор,
Буларни бил, бўлур ҳар вақтда даркор.

* * *

Кел эмди, Собиро, азми сафар қил,
Неча кун сайр тоғу баҳру бар қил.
Ватаннинг кулфатин токай чекарсан,
Ютарсан тобакай хуни жигар сан.

* * *

Йигитлик мавсуми, даврон ғанимат.

* * *

Гадони шоҳ қилур, шоҳни гадо ишқ.

* * *

Ҳазар қил, кўп жафо қилма, эй ҳур,
Ки ошиқ аҳлининг оҳи ёмондур.
Кечасиз рўз бўлмас, шодсиз ғам,
Равиши даҳр илан бу ҳола одам.

* * *

Ҳалимликни қилсанг агар ихтиёр,
Бўлур халқи олам сенга дўст-ёр.
Бўлур мевали шрхнинг боши паст,
Ҳалим ўлғуси оқилу ҳушёр.

* * *

Ажаб тўти такаллум хушсуханлар,
Аларнинг шонида кел эй суханвар.

* * *

Мурувват бирла жонни нисор эт,
Ҳамиша яхшиликни шиор эт.

* * *

Бўлсанг оламда фасоҳат аҳлининг сардафтари,
Ҳар сўзунг бўлса балоғат қулзумининг гавҳари.

* * *

Тутиб соҳибсуханлар, эй халойиқ,
Сўз айтур ҳар ким ўз ҳолига лойиқ.