Facebook
Салоҳий (XVIII аср) PDF Босма E-mail

«ГУЛ ВА БУЛБУЛ»ДАН
(1740 йилда ёзилган)

Сабо чун гул ҳаримиға улашти,
Жаҳон оро жамолиға етушти.

Деди: «Эй гул кезиб келдим жаҳонни,
Таниб дунёда яхши, ҳам ёмонни.

Бор эркан даҳр аро бир марғзори,
Чаманзори, ажойиб лолазори,

Етуштум эрса ногаҳ бир гузарга,
Ажойиб бир нимарса келди кўзга.

Суман бирла бинафша, боз сунбул,
Буларга зор экан бечора булбул.

Таажжуб қилдиму турдум замони,
Баногаҳ бошлади булбул фиғони.

Қошига бордиму, айдимки: «Булбул,
Санга лойиқ эмас насрину сунбул.

Гули савсан булар янглиғ чечак ҳам,
Кира қолмас булар учун ема ғам».

Сени таъриф қилдим ул чаманда,
Баён эттим сифотинг анжуманда.

Сенинг ишқингда бўлди зор булбул,
Ўзига вирд этиб айтур: «гулу гул».

Бу сўздин гул очилиб бўлди хандон,
Нашоту айш этарди боғу бўстон.

Сабо топди маҳални айтди: «Эй гул,
Санга шеъри юборди хаста булбул».

Чу гул хандон бўлубон бетаҳаммул,
Ажаб лутфи билан айтурки: «қул, қул».

Тузуб нағма билан савти амални,
Сабо олдида қўйди бу ғазални.

Қилиб таъсир гулга бу ғазалдин,
Битибди шеър булбулға ҳавасдин.


Гул булбулға айтгони

«Аё булбул тилар бўлсанг висолим,
Суғорғил кўз ёшинг бирла ниҳолим,

Йироқдин қилмоғил сен ишқбози,
Ёвуқ келгил кўрар бўлсанг жамолим.

Сенга маълум бўлмас анда туруб,
Мени мундоғлиғим, ҳусну жамолим.

Ўзунгни қилмағил расво, мени ҳам,
Ки ҳаддин ошти, эй булбул, жамолим.

Жаҳон ичра грифторим тўладур,
Вале тушти санга меҳру хаёлим».


Гул сабони юбориб, булбулни келтургони

Гули ҳамро юборди ул сабони,
«Олиб кел деб» гадои беновони.

Бали, ишқ ичра ошиқ бўлса содиқ,
Бўлур маъшуқ ошиқ ҳам мувофиқ;

Сабо гул шеърина бунёд қилди,
Эшитти булбулу фарёд қилди,

Туташти ўт ичига бенавони,
Бошин қўйди аёғина сабони.

Деди: «Эй маҳрами рози ниҳоним,
Етушти чиқмаға бу хаста жоним.

Мени дардимға эмди айла дармон,
Гар ўлсам қолмағай кўнглумда армон.

Сабо айдики: «Эй дил ҳаста булбул,
Сени келсун деди қошимға ул гул».

Севинди булбулу парвоз қилди,
Борурда бу ғазал оғоз қилди:

«Биҳамдиллаҳ агарчи зор бўлдум,
Муҳаббатдин борурда ёр бўлдум.

Қизил гул фурқатидин зор, ночор,
Тонг отқунча кеча бедор бўлдум.

Мени бечорайи маҳзуни мискин,
Ғаму дарду балоға ёр бўлдум».


Булбулнинг гулга етушгони


Чу булбул гул диёриға улашти,
Тану жониға бошдин ўт туташти.

Келиб кўрди гулистон ичра булбул,
Кўруб булбулни гул, очилди кокул.

Деди булбул ўшал дам: «Шукр лиллаҳ,
Ки бўлдум гулистоним бирла ҳамраҳ».

Хаёл этти қутулдум деб балодин.
Ғаму зулму ситамдин ҳам жафодин.

На билсун анда улким юз жафо бор,
Батахсис улки, гулдур ҳамдами хор,

Гулистон ичра ногаҳ кирди булбул,
Тикан бирла икавлон ўлтуруб гул.

Тиканнинг дардиға бечора қолди,
Бошини олдию овора бўлди.

Неча кун гулдин ул бегона бўлди,
Чунон ишқ аҳлиға афсона бўлди.

Яна бир гўшани кошона қилди,
Ўзини ғам билан ҳамхона қилди.


Булбул тикандин рашк этгони


Бўлуб рашкин тикандин булбули зор,
Бу ердин кетти топти жони озор.

Неча кун кетти булбул гул қошидин,
Тўкубон дурру маржон кўз ёшидин.

Учуб булбул неча кун қилди парвоз,
Куюб ҳажр ўтиға бўлди ҳам оғоз.

Жаҳонни чарх уруб кезди неча кун,
Ададсиз дард ила ҳадсиз чекиб ун.

Неча кунлар юруб булбул қилиб сайр,
Чаманзори жаҳон ичра қилиб тайр,

Баногаҳ етти булбул бир чаманга,
Келиб тушти гулистони суманга.

Назокат гуллару ишқи печаклар,
Гули зебою ранго-ранг чечаклар.

Гули раъною савсан бирла райҳон,
Гули насрин ила аббоси хандон,

Гулистони Эрамдек гул ва гулзор,
Дегайсан боғи жаннат турфа гулзор.

Мунунгдекдур кўрарсан боғи жаннат,
Баҳоридурки, йўқтур анга заҳмат.

Чаман ичра кезиб сайрарди булбул,
Чаманда гуллар ичра тушти ғулғул.

Тамошо қилди булбул бир гулистон,
Чаманнинг саҳнини чун чархи гардон,

Кўруб гулларни булбул қилди фарёд,
Гулистони Эрамни айлади ёд.

Гули қаҳқаҳга булбул бўлди шайдо,
Кулуб қаҳ-қаҳ карашма қилди пайдо.

Жамолин кўрсатибон қилди жилва,
Ғариб булбулға юз минг нозу ишва.

Лаби ғунча очилиб урди қаҳ-қаҳ,
Бу боисдин дедилар гули қаҳ-қаҳ,

Деди булбул кўзидин оқузуб ёш,
Гули қаҳ-қаҳ аёғиға қўюб бош:

— «Сўруб ҳолимни раҳм эт, қилма кўп ноз,
Вале нозингга жон берсам тақи оз.

Манга сен бўлмасанг, жоним керакмас,
Сенингдур гулшану кўюнг манга бас,

Мени кўнгул хушум, сарви равоним,
Жамолинг роҳату ороми жоним».


Сабо қизил гул қошига келгони


Етиб келди сабо вақти саҳаргаҳ,
Қизил гул қошида турди назаргаҳ,

Кўтарди гул юзидин пардасини,
Юборди ҳар тарафға гул сасини.

Очилди гул фараҳнок ўлди ул дам,
Жамоли бирла гулшан бўлди хуррам.

Сабони кўрди гул олдида турмуш,
Адабдин гул оёғига бош урмуш,

Деди гул: «Эй сабо, сен қайда эрдинг?
Неча кундур йўқ эрдинг эмди келдинг»?

Сабо айди: «Юруб оламни кездим,
Муҳибларга муҳаббат қандин эздим.

Юрурдим боғ аро чун бўлса гулзор,
Очиб парда, қилиб гулларни бедор».

Тавозуъ бирла гул олдида турди,
Адаб бирла сабо булбулни сўрди:

— «Гулистон аҳлининг сен подшоҳи,
Жаҳоннинг гуллари санга сипоҳи.

Аё гуллар аро соҳиб жамолим,
Жаҳон боғи аро нозик ниҳолим.

Аё гуллар шаҳи сен, эй қизил гул,
Қаю ул ошиқинг бечора булбул?

Қаю ул булбули мискин навойинг?
Юзунгга зор бўлған бенавойинг?

Жамолингга ажойиб ошиқ эрди,
Муҳаббат ичра ёри содиқ эрди.

Қаю ул булбули саргашта ошиқ,
Сенинг ишқингла бўлған хаста ошиқ?

Хўб эрди бўлса ул булбул қошингда,
Ҳамиша соябон эрди бошингда.

Саҳарлар дард бирлан сайрар эрди,
Нучук жони аро ишқинг бор эрди.

Хуш илҳон булбулунг кетмиш қошингдин
Кетибдур шаън ила шавкат бошингдин,

Магар билмам тикандин етти заҳмат,
Ваё сен қилдинг анга соз заҳмат?


Қизил гул сабоға аҳволини айтгони

Деди гул: «Эй сабо, ҳолимни айтай,
Туман минг дард ила сирримни айтай.

Менинг ичимда юз минг дарду ғам бор,
Ғамим айтурға менда йўқду ғамхор.

Эшитгил, эй сабо, бирдам сўзумни,
Ки, қилсам пора-пора мен ўзумни.

Ки, эй боди сабо, хуш келдинг, эй ёр,
Санга фош айлайин ҳар навъ асрор.

Манга булбул неча кун бўлди ҳамдам,
Висолимни қилиб дардига марҳам.

На бўлди билмадим кетти қошимдин,
Фироқи кетмади ҳаргиз бошимдин».

Деди гул: «Эй сабо, тангри учун бор,
Кетур булбулни сен зинҳор, зинҳор,

Агар топсанг сабо маҳзун қулумни,
Олиб кел ҳамдам айлаб булбулумни».

Деди гул: «эй сабо ҳайҳот, ҳайҳот,
Топиб булбулни келтургил манга бот.

Чу булбул кеткали ҳолим паришон,
Жудолиқдин юраким таҳ-батаҳ қон.

Соғиндим андалиби беновони,
Топар ором кўнглум кўрсам они.

Будур ҳолим мени, эй пайки маҳрам,
Манга қил булбулумни ёр, маҳрам».

Деди: «Булбулки, кўнглум меҳрибони,
Муҳаббат гулшанининг комрони.

Бу гулшан сенсизин зиндони ғамдур,
Манга бергил келиб ғамдин омони,

Чаманда сайр этиб ҳаргиз жаҳонда
Тополмайсан менингдек дилрабони».


Сабо булбул қошиға боргони

Чаманда бор эди бир яхши сунбул,
Қўнуб шоҳиға сайрар эрди булбул,

Сабо булбул қошиға келди кўзлаб,
Гаҳи чап чарх уруб, гаҳ рост ўйнаб.

Кўзи булбул сари тушти баногоҳ,
Чекар булбул фиғону нолау оҳ.

Кўруб булбул ани пайки сабо деб,
Сабо бирла кўрушти:— Марҳабо,— деб.

Сабо айдики: «Эй шўрида булбул,
Олиб келгил деди ул нозанин гул,

Салом айди санга ул нозанин гул,
Келиб кўрсун деди саргашта булбул.

Тутуб гул этагин қилғил наво сен,
Бу янглиғ ерда бўлма мубтало сен.

Ёмонлар суҳбатида бўлма ҳаргцз,
Аларнинг суҳбатидур фитна ангиз.

Эшит, ножинс бирла қилма суҳбат,
Етар андин сенга кўп ранжу меҳнат.

Ёмонлар суҳбатида турма, қочгил,
Аларнинг суҳбатидур заҳри қотил,

Аё булбул, бўлур суҳбат муассир,
Ёмондин бўй олур бу нафси кофпр.

Ғанимат бил неча кун суҳбати гул,
Етарсен мақсадингга, хаста булбул.

Неча кун қил қизил гул бирла суҳбат,
Топарсен бўсасидин юз муҳаббат.

Сени гар этса ул гул бўсаси маст,
Фиғонингни баланд қил, қилмоғил паст.

Анинг олдида йиғлаб сайрағайсен,
Юракинг ишқ ўтиға доғлағайсен.

На хуш сармоядур ошиққа гиря,
Саҳарлар жўш урур ҳам сўз сина...

Кўзидин ишқ ила гар оқузур ёш,
Ажаб йўқтурки маъшуқи урар бош».

Сабо булбулға деди:— «Боракаллоҳ,
Бўлубсен ёр ағёриға ҳамроҳ».

Деди булбул: «Аё эй маҳрами роз,
Манга бўл, эй сабо, бир йўла дамсоз.

Келибсен ёрдин, эй пайки маҳрам,
Жароҳатлиқ ярога айла марҳам,

Қулоғинг сол эшитғил арзи ҳолим,
Бу кун ишқ ўтиға ўртанди жоним.

Эгам тақдириға бордурму чора,
Бу фурқат бирла бағрим пора-пора.

Ишимдур ҳар чаманда нола қилмоқ,
Юраким чок этиб паргола қилмоқ.

Тиканнинг рашки қилди зор сарсон,
Тутубдур жоним ичра таҳ-батаҳ қон.

Нечукдур борғоним гар бўлса ул хор,
Жароҳатлиқ ярога етса озор.

Менинг учун замони айласанг сабр,
Санга сирримни айдим, сен эмас ғайр.

Ададсиз дарддин мен бенавомен,
Висолидин жудомен, бир гадомен.

Саломим бер, дегил булбул чаманда,
Қизил гул зори ул байтул-ҳазанда»