Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Бўри одам йили. Стивен Кинг - Октябр
Facebook
Бўри одам йили. Стивен Кинг - Октябр PDF Босма E-mail
Материал индекси
Бўри одам йили. Стивен Кинг
Феврал
Март
Апрел
Май
Июн
Июл
Август
Сентябр
Октябр
Ноябр
Декабр
Ҳамма саҳифа
Октябр

Мартин Кослав Хеллоуин байрамида совғалар олиб уйга қайтганида, уй бўм-бўш эди. У аравачасида тўғри ётоқхонасига кирди ва ярим ойнинг юлдузлар билан бурканган совуқ осмонга кўтарилишини томоша қилиб ўтирди. Ташқарида, айвонда совуқ шамол хазонларни чирпирак қилиб айлантирарди. Такер Миллзда октябрдаги тўлин ой кечаси ҳеч қандай қотилликсиз ўтди. Айримлар – улардан биринчиси Стенли Пелки – сартарош ва яна бири – Кел Болдуин – бу ердаги ягона автодўкон соҳиби, даҳшат тамом бўлганига ишонишарди: қотил ўрмонда яшаб юрган бирор дайди бўлса керак, энди у бу ердан кетган ва қайтиб келмайди. Бошқалар эса бундай фикрда эмасдилар. Улар ҳисоблаб юришарди: ой тўлган туннинг эртасига ўрмондан нимталаб ташланган тўртта буғу топилганди. Узун куз оқшомларида қовоқхонада пиво ичиш баҳонасида қайноқ баҳс-мунозаралар авжига чиқарди.
Мартин Кослав эса биларди.
Ўша Хеллоуин оқшомида кўчага чиқишганида, отаси унга резина ниқоб олиб берди. Мартин ниқобни тақиб олди. У аравачасида ўтирар, жонсиз оёқларини шол рўмол ёпиб турарди.
Мартинни отаси фургон машинада олиб юрарди: унда махсус релс бўлиб, Мартин аравачасида машинадан бировнинг ёрдамисиз туша оларди. У тиззасига халта қўйиб олганди ва улар йўл бўйидаги барча уйларга кириб чиқишди. Қовоқхона, Сникерс бари, католик руҳонийси уйи, Чанки бари ва баптист руҳонийси уйида унинг халтаси тўлди. Кейин улар Рендолфларникига, Куинларникига, Диксонларникига ва яна ўнлаб уйларга боришди. Мартин уйига бир халта ширинлик ва кутилмаган ҳодисадан қўрқув билан қайтарди.
У биларди.
У бўри-одамнинг кимлигини биларди.
Мартин борган уйлардан бирида, Йиртқичнинг шахсан ўзи, тўғри, тўлин ой бўлмаганлиги учун у одам қиёфасида эди, Мартиннинг ниқоб остидаги юзи девордай оқариб кетганини ва қўлқоп ичидаги бармоқлари маҳкам сиқилганини сезмаган ҳолда, унинг халтасига қанд ташлади. Бўри-одам Мартинга қараб жилмайди ва унинг бошини силади.
Ҳа, у бўри-одам эди. Мартин буни билди. Мартин унинг кўзида тасма борлиги учунгина билгани йўқ. Бу инсон қиёфаси билан бундан тўрт ой илгари ёз тунида кўзидан ажралган йиртқич тумшуғи орасида сезилар-сезилмас умумийлик бор эди.
Вермонтдан Такер Миллзга қайтганидан бери Мартин ҳушёр юрар, эртами-кечми бўри-одамни учратишига ва уни танишига ишонарди, чунки у бир кўзли одам бўлиши керак эди.
У политсияга бўри-одамнинг бир кўзи оқиб тушганлигини айтганида, улар Мартиннинг бу сўзларига бош ирғаб қўйишди, лекин унга политсиячилар ишонишмагандай туюлди. Эҳтимол, уни ёш бола дейишгандир ёки ўша тунда улар бу воқеани ўз кўзлари билан кўрмаганликлари учундир. Нима бўлганда ҳам бунинг аҳамияти йўқ эди – Мартин унинг кимлигини биларди.
Такер Миллз – кичкина шаҳарча, лекин шу кунгача Мартин бир кўзли кишини учратмади, сўраб-суриштиришга эса ботинмади. Барибир Такер Миллз – кичкина шаҳарча. Эртами-кечми у Йиртқични ўз инсоний қиёфасида кўради. Уйга қайтаркан, жаноб Кослав Мартин бугунги байрамда чарчаганлиги учун жим бўлиб қолди, деб ўйлаётганди. Аслида бундай эмасди. Мартин ўша мушак отилган тундан бери ҳеч қачон ўзини бунчалик тетик ва бардам ҳис қилмаганди. У бўри-одамни топиш учун олтмиш кун керак бўлганлигини ўйларди. Ахир Мартин католик эди ва шаҳар четидаги черковга қатнарди.
Унинг халтасига ширинлик ташлаган ва бошини силаб қўйган бир кўзи боғлиқ киши католик эмасди. Йиртқич Лестер Лоу – баптист черковининг руҳонийси эди.
У эшик кесакисига суяниб, жилмайди. Мартин сариқ рангли тасмани аниқ кўрди. Тасма руҳоний отага қароқчи қиёфасини берганди.
- Кўзингизга нима бўлди, ҳазрат Лоу? – деди жаноб Кослав. – Умид қиламанки, бу жиддий эмас.
Ҳазрат Лоу маъюс жилмайди. У бир кўзидан ажралганди, лекин ҳаммаси Худонинг иродаси. У яна Мартиннинг бошини силаб қўйди.
Шундай қилиб, Мартин октябр шамолининг қўшиғи, сўнгги баргларнинг шитирлашига қулоқ солиб, ярим ойга тикилганича каравотида ётарди.
У битта нарсани ўйларди: энди нима қилиш керак?
У ҳозирча нима қилишни билмас, лекин бу саволга албатта жавоб топишини ҳис қиларди.
Болакай ухлаб қолди, Такер Миллзда эса шамол ғувиллагнича октябрни қувиб, ўзи билан кузнинг сўнгги ойини олиб келмоқда эди.