Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Бўри одам йили. Стивен Кинг
Facebook
Бўри одам йили. Стивен Кинг PDF Босма E-mail
Материал индекси
Бўри одам йили. Стивен Кинг
Феврал
Март
Апрел
Май
Июн
Июл
Август
Сентябр
Октябр
Ноябр
Декабр
Ҳамма саҳифа

«Ярим вайрона саройдаги зулмат ичида
у пахмоқ бошини кўтарди.
Унинг сап-сариқ кўзлари ёнарди.
– Мен очман, - ириллади у.»
«Бўри».
Генри Эллендер

Январ

Эҳтимол, қаерлардадир осмонда тўлин ой чарақлаб тургандир, лекин бу ерда, кичкинагина Такер Миллз шаҳарчасида, инжиқ январ ҳавоси бутун осмонни қалин қор пардаси билан тўсиб ташлаганди. Изғирин шамол қутурганича бўм-бўш кўча бўйлаб кезар, шаҳарнинг сариқ рангли қор сурадиган машиналари аллақачон қалин қор остида қолганди.
«GC&WМ» темир йўл компанияси ходими, эгнига жун пиджак кийган озғин, узун бўйли Арни Вестрам лабига «Кемел» сигаретини қистириб олганича асбоб-ускуналар сақланадиган омборда тунни ўтказаётганди. Унинг машинаси йўлда бузилиб қолган ва у тонг отишини кутиб, ўзи билан ўзи қарта ўйнаб ўтирарди. Ташқарида шамолнинг увиллаши кучайди. Вестрам бошини кўтарди ва қулоқ солди, кейин яна қарта ўйинига берилди. Бу бор-йўғи бир шамол…
Лекин шамол эшикни тирнамайди… ва ичкарига киритишларини сўрамайди.
Арни қартасини йиғиштириб, ўрнидан турди. Унинг ажин босган юзида деворда осиғлиқ турган керосин лампанинг шуъласи жилваланарди.
Ешик яна тирналди. Бирортасининг ити, ўйлади у, совуқда қолиб кетган, энди исинмоқчи. Аммо уни нимадир тўхтатиб турарди. Итни ташқарида, совуқда қолдириш бераҳмлик, албатта, ўйлади у, бироқ эшикни асло очмасликка қарор қилди. Қўрқувнинг совуқ панжалари унинг юрагини ғижимлаб турарди.
Такер Миллзда нохуш давр ҳукм сураётганди; об-ҳаво қандайдир нохушликдан дарак берар, Вестрамнинг томирида оқаётган Уелс қони эса уни бундай нарсаларга жиддий ёндашишга мажбур қиларди.
У чақирилмаган меҳмонни нима қилиш кераклигини ўйлашга улгурмади, кутилмаганда шамолнинг овозини ёвуз ўкириш босиб кетди. Эшик оғир тананинг зарб билан урилишидан титраб кетди… сўнг яна зарба берилди. Юпқа эшик зарбалардан синиб кетгудай бўлар, унинг ёриғидан қор парчалари отилиб кирарди.
Арни Вестрам талвасага тушганича эшикка тираш учун бирор буюм топиш илинжида аланглай бошлади. Аммо у синиқ стул олдига етиб боргунича номаълум мавжудот шундай кучли зарба бердики, эшик ўртасидан ёрилиб кетди.
Бир неча лаҳзаларга у узун ёриқ орасида қисилиб турди, унинг тумшуғи қаҳр билан жийирилган, сап-сариқ кўзлари ёниб турарди. Бундай улкан бўрини Арни умрида кўрмаганди…
Ва унинг ириллашида узуқ-юлуқ инсон сўзлари қулоққа чалинарди.
Ниҳоят эшик иккига бўлиниб кетди. Махлуқ хонага кирганди.
Арни бурчакка отилди ва қўлига белкуракни олди. Махлуқ полга қапишганича оловдек сариқ кўзларини бурчакдаги кишига тикканди. Унинг катта очилган оғзидан тили осилиб турар, қозиқдек курак тишлари ялтирарди.
У ириллаганича олдинга сакради. Арни Вестрам белкуракни силтади.
Фақат бир марта.
Инсон қичқириғи эшитилди ва шу заҳоти ўчди.
Худди тўлин ой қалин булутлар орасига яширинганидек, Такер Миллзга инсонлар қалбини даҳшатга солувчи хавотир яширинча кириб келди. Ҳеч қандай сабаб ва огоҳлантиришларсиз Мейн штатидаги мўъжазгина шаҳарчада қиш тунларининг бирида бўри-одам пайдо бўлди. Маҳаллий газетада илгари табиат ишқибозлари клубининг саёҳатлари ҳақида мақолалар чоп этилган бўлса, энди қайғули мавзуда хабарлар берила бошланди.
Бўри-одам даври шу тарзда бошланди.