Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Бўри одам йили. Стивен Кинг - Ноябр
Facebook
Бўри одам йили. Стивен Кинг - Ноябр PDF Босма E-mail
Материал индекси
Бўри одам йили. Стивен Кинг
Феврал
Март
Апрел
Май
Июн
Июл
Август
Сентябр
Октябр
Ноябр
Декабр
Ҳамма саҳифа
Ноябр

Такер Миллзга тунд ноябр кириб келди.
Руҳоний Лестер Лоу эшиги олдида турганича кўчада юз бераётган воқеаларни кузатаётганди. У ҳозиргина почта орқали олтита китобча ва битта хат олганди.
Кўчада машиналар тизилиб кетганди. Улар шаҳардан чиқиб кетаётганди.
Об-ҳаво маълумотига кўра, қор ёғиши керак эди. лекин машиналардаги кишиларни бу нарса қўрқитолмасди. Улар ов кийимларини кийиб олишган, қўлларида қурол, ёнларида този итлари бор эди. Тўртинчи кундирки, Алмер Синнеман ва унинг укаси Пит бошчилигидаги бу кишилар шаҳар ташқарисига чиқишаётганди.
Ой тўлишига оз қолганди. Қуш овлаш мавсуми аллақачон тугаганди. Буғу овлаш мавсуми ҳам. Лекин улар учун бўри-одам овлаш мавсуми энди бошланганди.
Бу одамларнинг айримлари шунчаки бекорчихўжалар ва ушбу сафар улар учун ўрмонда дам олиш, пивохўрлик қилиш, олмахон ва қарға отиш учун бир баҳона эканлигини руҳоний Лоу биларди.
Улар ҳақиқий йиртқичлар, ўйлади Лоу ва қўлини беихтиёр июлдан бери кўзига боғлаб юрган тасмага узатди.
Охирги машина кўздан ғойиб бўлди. Ҳа, уларнинг айримлари шунчаки бекорчилар, лекин айримлари – масалан, Алмер ва Пит Синнеманлар - ўта хавфли.
«Агар бу махлуқ, ким бўлишидан қатъи назар – одамми ёки ҳайвонми – овга чиқса, итлар унинг изига тушишади. – Руҳоний Лоу икки ҳафта илгари сартарошхонада Алмернинг мана шу сўзларини эшитганди. – Агар у пайдо бўлмаса, биз кимнингдир ҳаётини, ҳеч бўлмаганда, бирортасининг чорвасини сақлаб қолган бўламиз».
Ҳа, улардан айримларининг - ўн кишими, эҳтимол йигирма кишидир – қўлидан иш келади. Лекин руҳоний Лоуни улар эмас, бошқа нарса ташвишга солаётганди.
Хатлар, мана нима ташвишга солаётганди уни. Ёш бола қўли билан ёзилган хатлар. У бугун келган хатга қаради. Илгаригилари билан бир хил ёзув: «Руҳоний Лоуга, баптист руҳонийси уйига, Такер Миллз, Мейн 04491».
Ва яна ўша туйғу… қуршовга тушган махлуқ туйғуси. У итлар қуршовига тушган – жангга тайёр, лекин айни пайтда итлар томонидан ёриб ташланишини тушуниб турган тулки таҳлика остида нимани ҳис қилишини тасаввур қилди.
У эшикни оҳиста ёпди ва бобосидан қолган соат ҳар бир сонияни санаб турган меҳмонхонага кирди; у ўтирди, Миллер хоним ҳафтада икки марта артадиган стол устига диний китобларни қўйди ва янги келган хатни очди. Олдин келган мактублардаги сингари унда ҳам на салом-алик, на имзо бор эди. Мактаб дафтаридан йиртиб олинган бир парча қоғозга шундай сўзлар ёзилганди:
«Нега ўзингизни ўлдирмаяпсиз?»
Руҳоний Лоу қалтираётган қўли билан юзини чангаллади. Бошқа қўлидаги қоғозни ғижимлади ва стол устидаги кулдонга ташлади. У чўнтагидан гугурт чиқарди ва илгаригилари каби бу хатни ҳам ёқиб юборди. У хатнинг ёнишини диққат билан кузатиб турди.
Ўзининг аслида ким эканлиги ҳақидаги фикр Лоунинг миясига икки томондан келганди. Биринчидан, май тунидаги даҳшат – тушида черковдаги барча одамларнинг бўрига айланиб қолиши, кейин эса Клайд Корлисснинг ёриб ташланган жасади топилиши. Ўшанда у илк бор ўзида… қандайдир ўзгариш бўлаётганини сезганди. У буни нима деб аташни билмасди. Лекин нимадир жойида эмасди. У баъзида эрталаблари, тўлин ой пайтида ажабланарли тарзда тетик, бардам ҳолда уйғонарди. Бу ҳиссиёт аста-секин йўқолиб борар ва ой тўлишган пайтда яна пайдо бўларди.
Туши ва Корлисснинг ўлимини эсларкан, у шу пайтгача ўзи рад этиб келган бошқа далилларни ҳам тушуна бошлади. Масалан, ифлос ва йиртилиб кетган кийимлар, танасидаги кўкимтир доғлар ва яралар (улар мутлақо оғримас ва жуда тезлик билан битиб кетарди). У ҳаттоки баъзида қўллари ва… лабларида қотиб қолган қон доғларини ҳам рад этарди.
Иккинчидан, 5 июл куни у эрталаб бир кўзидан ажралган ҳолда уйғонганди. Худди кўкимтир доғлар ва тилинган излардаги сингари у бу сафар ҳам ҳеч қандай оғриқни сезмади – фақатгина чап кўзи ўрнида бўшлиқ пайдо бўлганди. Энди ҳаммаси аён бўлган, рад этишнинг иложи йўқ эди: у – бўри-одам, у – Йиртқич.
Кейинги уч кун давомида уни яна ўша таниш ҳиссиёт чулғаб олди. Бугун ой тўлади ва овчилар итлари билан изғиб юришади. Хўш, нима бўпти! У улар ўйлагандан кўра ақллироқ. Улар бўри-одам ҳақида гапиришяпти, лекин одамни эмас, фақат бўрини назарда тутишяпти. Улар ўз машиналарида юришади – у ҳам ўз машинасида юраверади. Бугун, тушдан сўнг, у Портленд йўлидаги бирорта меҳмонхонага боради. Бўрига айланганида эса унинг ёнида ҳеч ким, овчилар ҳам, итлар ҳам бўлмайди. ЙЎқ, улар уни қўрқитолмасди, у улардан қўрқмайди.
«Нега ўзингизни ўлдирмаяпсиз?»
Дастлабки хат шу ойнинг бошида келганди. Унда шундай сўзлар бор эди:
«Кимлигингизни биламан!»
Иккинчисида шундай ёзилганди: «Агар Худога ишонсангиз – шаҳардан кетинг. Одамларни эмас, ҳайвонларни ўлдиришингиз мумкин бўлган бирор жойга кетинг».
Учинчи мактуб:
«Бас қилинг!»
Бор-йўғи шу - «Бас қилинг!»
Енди эса:
«Нега ўзингизни ўлдирмаяпсиз?»
Чунки бундай қилишни истамайман, жаҳл билан ўйлади руҳоний Лоу. Менга нима бўлганини тушунтириб беролмайман. Мени бўри тишламаган, лўли аёл қарғамаган. Бу шунчаки… шунчаки содир бўлди. Бир куни, ўтган йилнинг ноябрида, Саншайн Хилл қабристонида бир неча дона гул уздим ва уларни черковдаги гулдонга солиб қўймоқчи бўлдим. Мен илгари бундай гулларни кўрмагандим… Шаҳарга қайтгунимча улар сўлиб қолди. Ҳаммаси қорайиб кетди. Эҳтимол, бу ўшанда бошлангандир. Бундай ўйлашга сабаб йўқ, албатта, лекин барибир… Мен ўзимни ўлдирмайман. Йиртқич улар, мен эмас!
Лекин хатларни ким ёзяптикин?
У билмасди. Мартин Кославга бўлган ҳужум ҳақида Такер Миллз газеталарида ҳеч қандай хабар берилмаган, миш-мишларга қулоқ солишни эса Лоу ўз қадрини ерга уриш деб биларди. Хеллоуин байрамига қадар Мартин Лоу ҳақида билмагани каби, руҳоний Лоу ҳам Мартин ҳақида ҳеч нарса билмасди. Йиртқич қиёфасида ўзи билан нималар содир бўлиши ҳақида эса ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, фақат бу даврнинг бошланишидаги хавотир ва ундан кейинги қониқиш ҳиссини биларди, холос.
Мен Худога ишонаман, ўйлади у, хонада борган сари тезроқ юраркан. Унга меҳмонхона торлик қила бошлади. Мен Худога ишонаман ва ўзимни ўлдирмайман. Мен яхши ишлар қиламан ва агар баъзида ёвузлик қиладиган бўлсам нима бўпти – менгача ҳам одамлар ёвузлик қилишган; ёвузлик ҳам Худонинг иродаси, агар мен лаънатланган бўлсам, Яратган мени кечиради ва ўз даргоҳига қабул қилади. Ҳамма нарса Яратганга боғлиқ… У ким экан-а? Қандай қилиб билсам бўлади? Тўртинчи июл куни кимга ҳужум қилганман? Кўзимдан қандай ажрадим? Нима учун у шу пайтгача жим юрди? Итларингизни тезроқ йўқотинглар. Тезроқ…
У тобора тезроқ юра бошлади, ундаги зўриқиш кучайди ва у сийрак соқоли қалинлашаётганини, ягона кўзи эса яшил тусга кираётганини сезмади. У энкайди ва ўзи билан ўзи гаплаша бошлади… лекин унинг сўзлари ириллашга айланиб борарди. Ниҳоят, кун тун билан алмашди. Лоу ошхонага отилди, кийим илгичда турган машина калитини олди ва гаражга чопди. У Портлендга йўл олди. Дастлабки қор учқунлари машина чироқлари нурида рақс тушганича ерга тушарди. Лоу булутлар ортидаги ойни, унинг кучини ҳис қилди, кўкрак қафаси оқ кўйлагини йиртганича кенгая бошлади.
У радио мурватини буради ва ўзини шунчаки… зўр ҳис қилди! Ўша тунда юз берган нарса ё Худонинг жазоси, ёки тақдир ҳазили эди – бу жуда кулгили, чунки Лоу Йиртқичга айланиш учун Портлендга кетганди, у ўлдирган одам эса Такер Миллзда яшайдиган Милт Штурмфюллер бўлиб чиқди… Эҳтимол, Худо шундай бўлишини истагандир, чунки Такер Миллздаги энг аблаҳ одам айнан Милт Штурмфюллер эди. У ўша тунда худди илгаригилари каби хотини Донна Лига иш билан кетаётганлигини айтиб уйдан чиқиб кетган, унинг «иши» эса Донна Ли анчадан буён бермай қўйган лаззатни берувчи Рита Теннисон исмли фоҳиша эди.
Руҳоний Лоу Портленд-Вестбург шоссеси бўйидаги «Орифтвуд» меҳмонхонасига келган ва Милт Штурмфюллер билан Рита Теннисон ҳам ўша ноябр тунида ўз ишларини бажариш учун айнан мана шу меҳмонхонани танлашганди.
Милт кеч соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганида машинасида қолдирган ичкиликни олиб келиш учун ташқарига чиқди. У ой тўлган мана шундай тунда Такер Миллзда эмаслигидан ўзини-ўзи табриклади ва айни шу лаҳзада машина томидаги бир кўзли Йиртқич бир ҳамла билан унинг бошини узиб ташлади. Милт Штурмфюллер эшитган сўнгги нарса бўри-одамнинг тантанали увиллаши бўлди; унинг боши машина остига юмалади, унинг кўзлари очиқлигича қотиб қолган, бўйнидан қон шовиллаб отиларди. Йиртқич унинг жасади устига энгашди ва ютоқиб қон ича бошлади.
Ертасига эса Такер Миллздаги уйида ўзини шунчаки… зўр ҳис қилаётган руҳоний Лоу қотиллик ҳақида газетада ўқийди ва шундай ўйлайди: «У яхши одам эмасди. Бу Худонинг иродаси».
У яна шундай деб ўйлайди: «Менга хат ёзаётган бола ким экан-а? Июлда кимга ташлангандим? Буни аниқлаш керак. Энди миш-мишларга қулоқ солмасам бўлмайди».
Руҳоний Лоу кўзидаги тасмани тўғрилади, газетани ёпди ва ўйлади: «Ҳаммаси Яратганнинг иродасига боғлиқ, агар Худо хоҳласа, мен уни топаман. Ва овозини ўчиришга мажбур қиламан. Бир умрга».