Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 9
Facebook
Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 9 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Сайланма. Ҳалима Худойбердиева
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
Ҳамма саҳифа


БУ ФАСЛ

Тағин қийғир, қумри ўнгир, қиёда,
Тағин бургут юксак ўрлар зиёда.
Тоғларга етдингиз пойи пиёда,
Ота, оппоқ тоғлар фасли бу фасл.
Дерсиз «кўп гапириб ёқмасман Сизга»,
Ўгитингиз нури — тўтиё бизга.
Саркаш фарзандларни солингиз изга,
Она, қўнғироқлар фасли бу фасл.
Ғиркўк ёли бўрон янглиғ учарак,
Кўзларида ўт, шон янглиғ учарак,
Омаддан бир нишон янглиғ учарак,
Ака, учар чоғлар фасли бу фасл.
Сева-сева севилмоғинг оширдинг,
Бекам, ўзни қай ўғлонга топширдинг.
У не тутди, кўксинг аро яширдинг,
Синглим, юзда доғлар фасли бу фасл.
Ишқ — қирғоқдир, асли топса жойини,
Кетмоқликка қўймас Сизни ёйилиб,
Ҳар ўтганга кўз солмассиз қайрилиб,
Ука, ишқ-қирғоқлар фасли бу фасл.
Унда-мунда ухлаб қолган гўдак сахт —
Чимга нақш олмалар тўкибди дарахт.
Гўдакларни ердан кўтарадир бахт,
Юртим, тўкин боғлар фасли бу фасл.
Соғмисан, ишқ билан, бахт билан оғри,
Не тонг бу, кўзимга юлдузлар ёғди.
Бу фасл шоирмас, кимики соғдир,
Шоирлар, носоғлар фасли бу фасл.
1982 йил 5 сентябрь


НИҲОЛ

Уруғини бошқа одам экканди асли,
Бошқа бири бўлди унга бахт бағишлаган.
У куртакка айланганда илк баҳор фасли,
Ундан йироқ кетган эди уруғ ташлаган.

Ҳар зарбага тоб беролмас ҳар қандайин тош,
Экмоққа-ку экди орзу-ўйларга чўмиб
Аммо аччиқ меҳнатига беролмади дош,
Аммо қийин меҳнатидан кетди кўз юмиб.

Бошқа бири қалқон бўлиб селга, яшинга,
Ўстирди сувга қондириб, бўғзини чопиб,
Гоҳ ҳосилга кираркансан, қавму хешингга
Ғоят азиз бўласан сен, келарлар топиб.

Худди шундай, ниҳолнинг ҳам «эгаси» чиқди
«Ўзи айтсин, мен экканман, гувоҳ еру кўк».
Ниҳол ҳарчанд таниш учун кўзларин тикди,
Танимади, танимади, танимади, йўқ...

Танимайди! Бу бешафқат қонуний қасос,
Асосида «бемеҳрлик» деган нақд асос.
1982 йил 11 март


САДОҚАТ

Отани маҳзун ғам, хасталик ютди,
Фарзанд юксак-юксак авж учар фасли
Учмай, ташвишларга кўмилиб ўтди,
Бу отага юксак садоқат асли.

Майли, ишқ ҳақида чекмаса ҳам оҳ,
Балки бу ҳам сўзсиз ишқ тоқатидир.
Аммо ўзин унга санарми паноҳ,
Бу эрнинг аёлга садоқатидир.

Юраги ҳақида очиб юрманг фол,
Буни текширмасдан, ҳис этган маъқул.
Силаб, кўйлагига урдими дазмол,
Аёлнинг эркакка садоқати шул.

Бошга кўтарингиз, тортмасдан ҳадик,
Чидаб танбеҳларин кўпу озига
Келин боқолмасми кўзларига тик,
Садоқати шулдир қайнонасига.

Шундай, садоқатга ўлчов борми, бас,
Инсонни ҳам инсон қилган шу ҳис, куч.
Инон, бахт қушининг қаноти синмас
Бу хил белгиларга келиб турсак дуч.
1982 йил 15 март


ШАҲИДЛАР

Шаҳидлар, қирқ йиллар йироқда юриб,
Унутмайсиз, ишқнинг хуш чоқларини.
Тунлар иситасиз тушига кириб,
Бева аёлингиз қучоқларини.

У қайта яшариб, ўртаниб суяр,
Бахт қуши ғуссасин аритганида,
Аммо у қушини учириб қўяр
Тонгги нур уйини ёритганида.

Тонглар тушдан чиқиб, айтиб алвидо,
Мангулик маконга ётурсиз бориб.
Курашиб ётурсиз ҳануз жон фидо,
Гулдай танингизни тупроққа қориб.

Асли Сизнинг қудрат ёвларни енгди,
Қуладингиз қатор, зич бўлиб туриб.
Душман биз томонга ўтолмас энди
Йигирма миллион шаҳид устидан юриб.
1982 йил 21 март


БОБУР

Урушдан ҳеч ким ҳеч нарса ютолмаган ҳеч қачон,
Ютқазгани кўп бўлгандир аммо ундан инсоннинг.
Битта мисол: Бобуршоҳ авж гуллаган чоғ беомон —
Қўшин тортиб босиб олди дейлик ярим жаҳонни,

Жанггоҳларда, курашлардан топса умрбоқий шон,
Кезмас эди вужудан шоҳ, қалбан парчин ер бўлиб;
Машварату маишатлар забт этганда бегумон,
Устувор қалб қайтгач маҳзун тўкилмасди шеър бўлиб:

«Толе йўқи жонима балолиғ бўлди,
Не ишиники айладим хатолиғ бўлди
Ўз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин не юз қаролиғ бўлди».

Гарчанд, суюк, буюк инсон, гарчанд собит ирода,
Ўз юрти деб ўртанмаган бирор они бўлмади,
Бу ҳолатни қайси тақдир ортиқ қилур ифода,
Ярим кўнгил ҳатто ярим жаҳон билан тўлмади.

Тожу тахтлар қутқармади қийноқдан митти жонни,
Ўз кўнглида туйиб ўтди жаҳоннинг бор фироғин
Гарчанд ақли ёритса ҳам ярим рўйи жаҳонни
Ёқолмасдан ўтган каби ўз кулбасин чироғин.
1982 йил 21 март


* * *

Эй сен, бўйин эгмас ғурур боласи,
Ким тўктирди кўздан ишқинг жоласин,
Бўйнингга ўрадинг сочим толасин,
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Тоғлардан гап очма, тоғ сенга йироқ.
Боғлар ҳам, гарчандки гулга кирган оқ,
Улар сенинг кўнглинг гуллатмас бироқ,
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Умрингга бахт келсин атир уфуриб,
Ё ғам келсин қора кийимда кириб.
Мен борман, сен ғамда қолмассан қуриб,
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Ёнингдаман, ризқ-рўз ортиқ-камда ҳам,
Танҳо, ё дўст-ёрон жамулжамда ҳам,
Бу дунёга видо айтар дамда ҳам
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг.

Олдин кетсам, руҳим бошинг тутадир,
Ортда қолсам кўнглим сен-ла кетадир.
Ҳар икки дунёга ишқим етадир —
Сенинг мендан ўзга бўлмас яқининг
1982 йил 4 март


* * *

Бу ўғил меники эмас аслида,
Гарчанд энг сўнгги дам кўзларим ёпар.
Мен уни топгандим ишқим фаслида,
Ишқ фаслида у ҳам ўзгани топар.

Бу қиз ҳам бировга кетадиган гул,
Ушлаб қололмагай на зар, на тилло.
Мендан-да меҳрибон кимса бўлар ул —
Мендан-да вафодор чиқар ул илло.

Бу шеърми, шеърни ҳам ўзгалар олди,
Рашку гумондан гоҳ рангларим сомон,
Шеърки бу, бошимга минг ғавғо солди,
Келиб — келолмайман ўзимга ҳамон.

Воажаб, бул қадар ёлғизлик нега,
Ғаройиб 6у ҳаёт — биз ўтар йўлак.
Ҳеч ким, ҳеч нарсага мен бўлмам эга,
Севгилим, Сизга ўз ишқимдан бўлак.
1981 йил 5 декабрь


* * *

Саволларга мени ўрама
Бу йўллардан ўтар чоғимда.
Ким учун келдинг деб сўрама
Ёниб сенга етар чоғимда.

Кўзларимдан кетаркан тумон,
Гуллар ўсса кўнгил боғимда,
Ким учун деб қилмагил гумон,
Ишқий шеърлар битар чоғимда.

Ошиқ — ўзин ўтга урган жон,
Ишқ — қувончим, ишқ — дил доғим-да,
Ким учун — деб бўлмагил ҳайрон,
Ишқ деб куйиб-йитар чоғимда.

Ишқ кийик-ку, қилиб бўлмас ов,
Сайёд юрмас кўнгил тоғимда.
Ким учун деб боқмагил синчков
Талх зардоблар ютар чоғимда.

Кўзларимда «алвидо» қалқиб,
Бир тумонат сўлу соғимда.
«Сен учун» деб айтарман балки,
Сўнгги йўлга кетар чоғимда.
1981 йил 9 декабрь


КУЗГИ БОҒ

Кўнглим маъюс тортади кузги боғдаги ҳолдан —
Кушлар мунгли, излашар хайрлашмоқ чорасини,
Рангпар дарахтлар мунис солланишиб шамолда,
Бош чайқашиб қиларлар «йўқ, йўқ» ишорасини.

Сўнгги келади бир кун ҳар базмнинг, хуш вақтнинг,
Ботар пайтинг келгунча, қуёш, нуринг кўпроқ соч.
Қушлар кетгач ранглари сомон бўлар дарахтнинг,
Афтода япроқларин тўкиб қолар яланғоч.

Қийин бўлар ажралмоқ бири-бирини суйса —
Қийин ажралганларнинг заволини кўргайсан.
Қуш, дарахтки шунчалар бир-бири учун куйса,
Ёраб, кузда Инсонга ўзинг тоқат бергайсан.
1981 йил 6 октябрь


ҲАЙРАТ

Қайдасан, сен қўйдинг йўқламай,
Менда ҳам бу кўнгил тўқ энди.
Олдинги узун тун ухламай,
Жон чекиб ёзишлар йўқ энди.

Сен йўқсан, кўнглимда ҳаловат,
Илгари у эди душманим.
Йўқ энди олдинги тиловат
Бахт бор-у, бордай ҳам пушмоним.

Йўқотиб қўйдим бор дардимни,
Мен энди нимага ярайман?
Ёнимда суянчим, мардимнинг
Кўзига бепарво қарайман.

Бўлди бас, кўп чуқур бу гуноҳ,
Ким менинг кўнглимни совутди.
Ҳайрат, сен қайдасан, бўл паноҳ...
Лоқайдлик ёмғири ивитди.

Ҳайрат, кел, кўксимда кўтар қад,
Мен ёлғиз сеники бўларман.
Кун келиб ўлсам ҳам мен фақат
Ҳайратнинг қўлида ўларман.
1980 йил 2 сентябрь


ИҚРОРЛИК

Биламан, йўқ, сенга шак келтирмам, йўқ,
Бу кутмас замонда сен қанча кутдинг?
Неча бор кўксимга отилганда ўқ,
Мени четга суриб ўзингни тутдинг.

Биламан, пойимга йиқилди само,
Кўзингга сингганим — лаҳзадан бошлаб.
Бугун-чи қалтираб турибман, аммо,
Самовий топ-тоза юракни ғашлаб.

Наҳот сор бургутни шубҳалар енгди,
Нечун қарашингда азоб сурати.
Не учун кўзингда гоҳи гоҳ энди
Мен уқиб етмаган тўфон туради.

Аминман, шу юрак бермаса фириб,
Кўксимга тамғасин босмаса армон,
Ўтарман шу ишққа посбон туриб,
Унга фидо бўлиб ўтарман.

Яшаб ўтарканмиз бу олам аро
Ортимиздан севги отмас тоши — нард.
Севгилим, кўнглингни қилмагил қаро,
Мен сенинг ишқингга қўндирмасман гард.
1980 йил 11 сентябрь


ФЕРУЗАНИНГ ДАРДИ

Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» драмасини кўриб...

Ер қоп-қаро, осмон ҳам қаро,
Улар қисиб келмоқда жонни.
Мен йўқотдим бу зулмат аро
Улуғбекдай улуғ Инсонни.

Мен Феруза, Феруза шўрлик,
Бу дунёда бир илинжи йўқ.
Манглайида битилган хўрлик,
Манглайида шубҳа отган ўқ.

Карвон мени кетадир олиб,
Бегим сўнг бор эгадир бошин,
Ҳайҳот, рўё келди-ку ғолиб,
Сўндирди-ку толе қуёшин.

Мен бу рўё дунёдан безиб
Энди ўнгланмас туш бўламан.
Бу дунёни қаҳратон сезиб,
Толмабўйин оққуш бўламан.

Кейин учиб кетаман, кейин
Бу муз, қорни оралаб юрмай.
Видолашув бўлмайди қийин —
Кетгум бир бор юзимни бурмай.

Ўнг эдим-ку бўлиб қолдим туш,
Дунё, сени тутадир хуним.
Одамлардан безиб бўлдим қуш —
Улуғбекдан айрилган куним.

Энди тақдир эмасдир тақдир.
Тупроқ дейман дунёни, шонни.
Мен йўқотдим дунёда, ахир,
Улуғбекдай улуғ Инсонни!
1980 йил 11 сентябрь


ЙИЛ БОШИ ИСТАКЛАРИ

Тишда дов-дарахтлар бурканар оққа,
Қорга лаб босадир ўйларим маним.
Қадрдон қаламим оппоқ вараққа
Пичирлаб тўкадир куйган-суйганим.

Куйдирган, суйдирган дўстларим, салом,
Бул кун барчангизни чорлайман бир-бир.
Бул кун оқаради куррайи олам,
Мурувват қўлини чўзади тақдир.

Тишда қор бўралар, давра қизийди.
Суҳбат кетаётир нари-беридан.
Ким шуҳрат тожини эртароқ кийди,
Ким силжигани йўқ турган еридан.

Тож кийган қўймасин тожин тушириб,
Тож остида бошни асрасин кўпроқ.
Туриб қолган кетсин чопиб, чарх уриб,
Қуласин елкадан босиб турган тоғ.

Ким айтмади битта сўзни ийманиб,
Шу сўз учун унга тилайман журъат.
Куйманган кетмасин доим куйманиб,
Енгил нафас олсин тиклай-тиклай қад.

Кимки фарзандсизлик доғида юрса
Рўшнолик келсин-у, етиб куну ой
Биби Фотимадай қўш ўғил кўрсин,
Қўш бешик ўртаси бўлсин унга жой.

Ўксинган гўдакка кўзим тушган чоқ
Садоқати буюк йил келсин дейман.
Қай бир иттифоққа солсалар нифоқ,
Сиёсати буюк йил келсин дейман.

Хаёллар чарх урар бошимда маним —
Эрта кун қолмас деб ерда доғли зоғ.
Эрта бажо бўлар менинг айтганим,
Серғавғо дунё ҳам тортар сокин, соғ.

Кун келиб бу дунё бўлгай деб беҳишт,
Жимжитгина боғлар қилар ишора.
Бу қор ҳам шуларни айтмоқда, эшит.
Бу қор ҳам шундай деб қилар башорат.

Мен беҳишт шамолин яшириб сўзга,
Сўзладим, сўзларим ўпсин Ер шарин.
Пири-бадавлатлик, ОТАЛАР, Сизга,
Хотиржам бахт Сизга, ОНАЖОНЛАРИМ.

Жаннат жилғалари боғларда чопсин.
Йигитлар бўлсин деб Гўрўғли келбат,
Кимки танҳо, бу йил бахтини топсин,
Бемор дўст соғайиб кетсин, — деб албат.

Янги йил, бу оқ қор сўзлаган тунда
Базм суронларин кузатаркан жим,
Беғам ўтсин дейман,
Бедард ўтсин дейман йилингиз шундай,
Куйдирган, суйдирган дўст-ёронларим.
1980 йил 29 декабрь


ЎЗБЕКИСТОН ДАЛАСИ

Жоним туташ бўлиқ ер, Ўзбекистон даласи,
Авжи саратонида, ё қишининг чилласи,
Унинг бағридан қачон, келса ниманинг саси
Муҳрладим хотирга.

Бир-бирини суяган Ўзбекистон тоғлари,
Не тоғ, тик чўққилардан ошса арғумоқлари,
Арғумоқлар ёлида бўрон турган чоқлари
Қимиз тутдим ботирга.

Гўдакларини ўпдим баҳордан энчилар деб,
Жаннатдан келган жажжи, бахт элтар элчилар деб,
Бу элчилар шу ерда униб, ўсиб гуллар деб,
Ўчмас қилиб битдим хат.

Дўстлари, мен боримни унинг дўстига қўйдим,
Пойи қадамларини кўзим устига қўйдим.
Дўстликнинг жавҳарини тилим остига қўйдим,
Йўқотмайин деб абад!

Бир кун келиб теграмда тиниб ҳаёт қарсаги,
Менга ҳам етиб келар йўлнинг сўнгги фарсаҳи.
Қовушмоқ фурсати ҳам етибди, қарсакки,
Хотиржам, кўксинг аро қўядирман юзимни.

Шу тонг оппоқ бир эзгу қор тушадир тупроққа,
Оёқ-қўлим томирдай қоришадир тупроққа
Ва бу дунё айланар оқ қор, оқ гулга, оққа,
Мен шу тахлитда Сенга бағишлайман ўзимни.

Ўзбекистон даласи, Ўзбекистон даласи...
1982 йил 12 сентябрь


ТУРНАЛАР

Сув тинди, гуллар хазон, турналар айтар видо,
Кеч кузнинг сурати бу, кўникиш ҳам керак-да,
Не учун бу юракда сўнгсиз дард, сўнгсиз нидо,
Куз келмай учиб кетган турналар бор юракда.

Кўзимнинг қирғоғига аччиқ ёш бўлиб келар,
Зангор ишқ беҳиштига кирмаган турналарим.
Тушимда чаппар уриб боғларга тўлиб келар,
Ўнгимда кўзим тўйиб кўрмаган турналарим.

Қай юртда макон топди қай бирининг тупроғи,
Ким билар қай денгизда қай бири чўкиб кетди.
Кеч кузда, хусусан, шу турналар учган чоғи,
Қайтмаган турналарим кўнглимни сўкиб кетди.

Қайтгани, қайтганига қарайман, тўкиламан,
Бирида бир қанот йўқ, бирида эса бир кўз.
Ярим жон... мен титрокда бисотим титкилайман
Қаддини кўтармоққа бўлай деб бир тирак, сўз.

Қайтганлар, қайтганлар ҳам сийраклашар кундан-кун,
Ҳув қорда оқсоқланган уч-тўрт турнани қаранг,
Кузатаркан кўнглингни тўлдирмасми қасос, хун,
Асабларинг тортмасми чолғу симидай таранг.

Ҳеч йўқса шулар ҳаққи, лоқайд яшаш исноддир,
Яшашми, енгиб яшаш... Бошқаси ортиқча гап.
Ҳар лаҳза таранг тортиб яшаш бизга қисматдир —
Яшашимиз шарт бизнинг ханжар каби жаранглаб.

Улар-ку қасд қилдилар бизга фидо ўтмоққа,
Бобо мерос қутлуғ қон қандоқ тинч қўйсин бизни?!
Ҳаққимиз борми, айтинг, одамлар, унутмоққа,
Қайтган, қайтмаган оппоқ, оқ турналаримизни.

Сув тинди, гуллар хазон, турналар айтар видо...
1982 йил 12 сентябрь

ЁШЛИККА ЁЗГАНЛАРИМ

Бу сенми, эй кўзимнинг тиниқ оқу қораси,
Кунгай ерда барқ урган менинг кўк палаккинам,
Бир жони кўкда, излар ойда яшаш чорасин,
Бири саҳро-даштларда, тинмас жон, ҳалаккинам.

Там-там меваларини ҳам севиб, ҳам этиб рашк,
Йигирма ёшлиларнинг боғларидан бўйлайман.
Бугун ўттизда туриб, ўттиз армон аралаш,
Йигирма ёшимдаги имконларни ўйлайман.

Олис водийда бир гул ўсарди мен ёш пайтим,
У иқбол гули эди, чопдим тишга қўйиб тиш,
Етай-етай деганда аммо ортимга қайтдим,
Балки журъат етмаган, балки сусайган хоҳиш.

Инсоф билан айтганда, толеим келганди оқ,
Бир гавҳарим бор эди, ҳавас ҳаттоки ёвга.
Мен ўша гавҳаримни асрай олмадим бироқ,
Билмам, қайси ғофил кун бериб қўйдим бировга.

Мана, бул кун бошингда минг бир хил хаёл сузиб,
Сен чарх уриб турибсан, чарх ур, қолмагил тиниб,
Сен ғолиб қайтажаксан иқбол гулини узиб,
Қалб қатингда сақларсан гавҳар тошингни, иним.

Қай манзилда мадорим етмаган от сурмоққа,
Сен шамолдай ошгайсан у манзиддан, чопқирим.
Қайси тоққа чиқмадим эриниб от бурмоққа,
Хазиналар топгайсан сен у тоғдан, топқирим.

Сен зорингу борингни ошкор куйлар бир найсан,
Мен ҳар вақт ҳам айтмадим сирларимни қўш симга,
Мен илғамай ўтганни топиб авайлагайсан,
Ҳавасим келар Сенга, ҳавасим келар Сенга!

Гўдак эдим, манглайдан ўпиб қўярди ойим,
Янги ойни кўрганда учиб-қўниб югурсак.
Мен сенинг пешонангдан, ёшлик, ўпиб қўяйин,
Шояд, шоён қудратинг менга ҳам ўтиб турса.

Шояд, завқим, ҳисларим келсалар лашкар тортиб,
Отганимда мўлжалга уролсам бир зарб билан.
Икки гўдак ўғлимнинг хархашасидан ортиб,
Ёнсам, кунни ўтказсам ёниб турган қалб билан.

Ёшлик, шундай мен сени кўтаражакман бошга,
Соғиниб кўтараман,
Етказай деб юксакда сиғинганим қуёшга,
Сиғиниб кўтараман, соғиниб кўтараман!
1979 йил 20 сентябрь


УРУШ — БУ БИР ҚОРА СЎЗДИР

Уруш, бул қоп-қаро сўзни кўчираркан мен оққа,
Дейман уруш, 6у мажруҳ дил, бу хато йўл, поймол шан.
Шом қуйилар, бобосини гўдак тутар сўроққа,
«Бобо, нега қўлингиз йўқ, оёғингиз ёғочдан?»

Во дариғо! Ўйга толар, умр қайта яшалар,
Баргдай титраб ўтмишини қайта ўтаркан босиб,
Кечагидай кўриб турар: Вокзал, жигаргўшалар —
Хотинининг «кўришмаймиз» деб, кўтарган уввоси.

Улар қайта кўришмади, тўғри чиқди мудҳиш фол —
Ўлимлардан ўлмай қайтиб ўз уйида музлади.
«Бандалик — бу, метин бўлгин» тўзим тилаб қўшни  чол —
Хотинининг туғолмасдан ўлганини сўзлади.

У биларди, қалб остида хотини не яширган —
Ҳайҳот, хаёлида униб бекор аяб юрдими.
Тург йил ёшли кўзларини ўзи билан таширкан —
«Улмагин», деб ўлган кўзлар уни суяб юрдими?

Кейин эса... оҳ, кейинги ҳаётида не маъни,
Она сутин тотмаган шу гўдагини ўстирди.
Фақат уни кўтармоққа қўл йўқ эди тутгани —
Сўнг илдиздай чириётган оёқни ҳам кестирди.

Кейин эса, кейинини айтиб ҳам не қилади —
Уруш унинг тик қаддини ўтди-ку босиб-янчиб.
Унинг тўфонлари аро умид тоғи қулади,
У тугаган одам эди, бўлмаса шу юпанчи.

Унутмоққа уринади кўзларига тер тушиб,
«Во дариғ», дер, артмоққа бир қўл йўқ, фалак иши-да.
Унутмоққа уринади қонларига қоришиб,
Тунлар танк тагида қолиб, қичқирмаса тушида.

Тушларида хотиниюгаг нозларидан кўп куйди,
Тушларида ул боғларда ўйнар ғамлардан холи —
Чорлаб қочар, қувай деса оёқ ёғоч, оғрийди,
Қучоғига тортай деса қўл йўқ, қурир мажоли...

Уруш — етим чақалоқ у, поймол одам, поймол шаън,
Мен бу қаро дардни қандоқ оқ қоғозга қуяман...
1982 йил 5 ноябрь


БУГУННИНГ БУ САВОЛИ

Урушга кетган ҳар юз одамдан тўқсон еттитаси жанг майдонида ҳалок бўлди.
Газетадан.

Жангга кетган ҳар юзтадан ўлди тўқсон еттиси...
Ҳар бир уйда сочларини тараб қолди етим моҳ.
Бу уйлардан абад кетди эркак иси, бахт иси,
Бу уйларга абад келди бўйдор ҳижрон, бўйдор оҳ.

Бул кун тўқсон етти уйнинг етимлари етилди,
Не кунларни кўриб босдик, қирқ йиллик йўл, орани.
Балки дерсиз, «қора кунлар ортда қолди, ўтилди»,
Дерсиз, «энди учратмасмиз етимни, бечорани».

Мен ҳам шунга ишонардим, ишонардим жон билан,
Гоҳ ҳаётда ўйларимнинг тескарисин кўрмасам.
Шеър ҳам ёзаверармидим қарсак билан, шон билан,
Анор гули янглиғ қизнинг ҳасратини сўрмасам.

Мен эшитдим қиз-йигитнинг номин қилганлар қаро,
«Ошиқ-маъшуқ»лиқда айблаб мактабдан четлатишган.
Муаллимлар сўнгти синфда, сўроқ, тўполон аро,
Бу иккисин ўқитмоқлик баҳридан ҳам ўтишган.

...«Биз еттинчи синфда эдик», кўзларида ҳасрат, дуд,
Қиз бошларкан ҳикоясин, маъюс, хотиржам эди.
Синфда олти ўқувчида ота-она эди бут,
Қолган барча-барчамизда кимдир, недир кам эди.

Биров ота, биров эса онадан сўз очмасди,
Қай бировда икков ҳам йўқ, демак сўз йўқ, ҳоли танг.
Фақат шу олти ўқувчи кўзин олиб қочмасди,
«Отанг, онанг?» зил саволлар келганда зич, кўндаланг.

Олтовида гуркирарди болаликнинг бахт ёзи,
Улар шодон қийқирганда бу дунёга сиғмасди.
Қолган барча-барчамиз ҳам кимлардандир норози,
Барчамиздан узун эди шу олтовининг дасти.

Шундан бошлаб мен ўзимга бир лойиқ жуфт ахтардим.
Кечирингиз, туйғуларим Сизга айтдим яширмай.
Чунки оғирлик қиларди бир ўзимга бор дардим,
Сақлаб қолмоқ бўлдим ўзни тушкунликка топширмай.

Тезроқ эрга тегсам дедим, топсам бир мард лочинни,
Дуркун болалар ўстирсам ишқ майсаси кўкариб.
Узун тунлар ҳидлаб чиқсам гўдакларим сочини,
Тонг, отаси олиб кетса боғчасига кўтариб...

Шундай бўлди, синфдошимга тегдим жон билан суйиб,
Бу менга бахт, майли кимга ғийбат, кимга панд бўлган.
Мен отамнинг юз-кўзини эслай олмайман тўйиб,
Масъул онам ҳам доим ўз иши билан банд бўлган.

Ўқимасам-ўқимасман, мен меҳрга оч инсонман,
Умрим бўйи бирор марта бахт ёзиб қулочимни
Отасининг елкасида ўйнамаган бир жонман,
Онам ўз ишидан ортиб ҳидламаган сочимни.

Йўқ, мен бундай яшамасман, умрим куяр шам қилмай,
Бахтим дил сўраса унга мен жонимни тутгайман.
Мен гўдаклар ўстирарман бир кўзини кам қилмай,
Улар боис не юк келса, елка тутиб ўтгайман...»

Жангга кетган ҳар юзтадан ўлди тўқсон еттиси,
Нақ қирқ йиллик деворларнинг ортида-ку ул тунлар.
Бул кун нечун хонадонда камаймоқда бахт иси,
Қайдан пайдо бўлмоқдадир бул кун тирик етимлар?!

Айтинг, бул кун бунчалик мўрт хонадонда устунлар,
Бунча мискин сўнг уларга суянолмай қолгувчи.
Бул нимадир кўкраклардан ўрлаётган тутунлар,
Бул сабаблар, тақдирларни турли йўлга солгувчи...

Унда, урушга юкладик бор етимнинг уволин,
Бугун кимга юклармиз бахт бекорлигин бугуннинг.
Нақ бўғизга келиб қолган бугуннинг бу саволин,
Бугуннинг бу мажруҳ дардин, беморлигин бугуннинг?!

Жангга кетган ҳар юзтадан ўлди тўқсон еттиси...
1982 йил 5 сентябрь

РЎМОЛЧА
(баллада)

Онам Шарофат Хонназар қизининг ёрқин хотирасига

Умримиз-ку абадиймас,
Ногоҳ келса ниҳоя,
Бир кун қилиб жонимга қасд,
Ўлим соларкан соя.

Шунда мени ул уммонга
Қайтаркансан топшириб,
Икков яшаган маконга
Қандоқ келасан кириб?

Қай тарз эшик итарасан,
Қалтирамай бефарёд?
Қаддинг қандоқ кўтарасан,
Кўкрагингдан босса дод!

«Энди она деймиз кимни?»
Ўғлим боши хам келса:
Қизчам ҳидлаб кўйлагимни,
Урён солар дам келса?

Соғинишлар қилмасми соб,
Биров қилса таърифим,
Бу ғамларга қандоғам тоб
Берадурсан, ғарибим?

*

Гарчанд сенинг мен хиёнат,
Аҳдсизлигинг истамам.
Аммо инон, то қиёмат
Бахтсизлигинг истамам.

Мен-ку Сенга абад толмай,
Бахт бўлмоққа уриндим.
Кечир, сўзим оқлай олмай,
Аро йўлда суриндим.

Аро йўлда отинг ёлин
Силамадим, кечиргин.
Аро йўлда қолдинг, толе
Тиламадим, кечиргин.

Энди эрир тоғлар қори,
Бизнинг боғлар гулламас.
Сочинг оппоқ оқарар-у
Биров севиб, силамас...

*

Йўқ, йўқ, нега энди, ахир...
Яшашинг шарт устивор.
Тирикка ҳам яшаш оғир,
Душмани бор, дўсти бор.

Йўқ, бошингни солма қуйи,
Мен бошингни эгмовдим.
Бу дунёдан шундай куйиб
Ўтарсан деб тегмовдим.

Бу не ҳолат, мудом ўйда,
Ғамни тахлаб юрмоғинг.
Ғанимат-ку кўча-кўйда
Бахт етаклаб юрмоғинг.

Мен розиман, дўзахий ҳол,
Токай оғу ютарсан?
Истар эсанг бирор аёл,
Майли, кўнглинг кўтарса...
Мен розиман!!!

Аммо мендек ҳоли тангнинг
Қолмай десанг жабримга,
Шул қора тонг рўмолчангни
Келтириб қўй қабримга.

Рўмолчаки тикиб шоён
Ишқдай совға қилганим,
Шул тонг балки бўлгай аён,
Япроқдай тўкилганим.

Ўлганимни шул қора тонг
Илк бор балки сездирар.
Тириклардан, ўликлардан
Илк бор балки бездирар.

Илк бор ёғар бошимда қор,
Қабрим билан чўкарман.
Рўмолчага шул тонг илк бор,
Сўнг бор ёшим тўкарман.
1981 йил 25 сентябрь


ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИДА

Туманда уруш қурбонлари шарафига ўрнатилган ёдгорлик олдига мингта қизил гул ўтқазилган. Ҳар бир қизил гул тупи олдига сафимизга қайтмаган қаҳрамонларнинг номлари битилган.

Тоҳир ўлди, ерга кирди тириклайин сор бургут,
Зуҳро ўлди, ерга кирди шамшод сарву сановбар.
Қора тўфонга дуч келиб бирдай ўчди икки ўт,
Кетса кетган маъқул экан иккиси ҳам баробар.

Мен кўрганман кетган Тоҳир, кетолмаган Зуҳрони,
Ана бири... тек ўлтирар кўзларида қотган муз.
Мажнун кетиб Лайли қолса ўт оларди саҳрони,
Бул Зуҳро шул ўт ичида кун кўради то ҳануз.

Оҳ, бу уруш... тина бошлар қайтадан кўзим олди,
Ёнган ўтинмас, одамнинг кул тушиб кўнгилга.
Тасаввур қил, бир ёш йигит гулга айланиб қолди,
Биз бир тирик жондан айру, эга бўлдик бир гулга.

Тўрақўрғон туманида мингга қизил гул ётар,
Мингта шунқор йигит рамзи, кўнгил фарёд солма, бас,
Оппоқ-оппоқ тонглар отар, қирмиз-қирмиз кун ботар,
Бул йигитлар қаттиқ ухлар, Зуҳроларни эсламас...

Айрилиқнинг азоблари шунча талхми, тахирми —
Ошиқ бошин кўтармасми маъшуқага эмраниб.
Зуҳрожон, сен келгандинг-ку уйғотай деб Тоҳирни, —
Йўқ, Тоҳир йўқ, қабр устида бир гул турар тебраниб.

Шу манзилга қатнай-қатнай не Зуҳролар ўтди тоқ,
Мен билмайман улар ғамин замин қандай кўтарган.
Оҳ, Тоҳирлар, бевафолар ташлаб кетдингиз қандоқ,
Тоҳиридан айру Зуҳро қачон гуллаб, кўкарган?!

Сўнг хаёлчан шу бугунги Тоҳирларни топаман,
Табиат-ку уларни ризқ-муҳаббатдан қисмади.
Сўнг сингиллар — Зуҳроларнинг манглайидан ўпаман
Бошингизга тушмасин деб ул Зуҳролар қисмати.

Зуҳроларки ҳар лаҳза шай ишққа қурбон бўлмоққа,
Улар сўлиш билмай яшар Сизни суйиб, толдириб,
Ҳеч бўлмаса, Зуҳро учун ҳаққингиз йўқ ўлмоққа,
Ўлдирмоққа ҳаққингиз йўқ, ортда тирик қолдириб.

Минг Тоҳир-ку мангу ухлар шуҳратларга кўмилиб,
Минг Зуҳронинг узун умри хазон, гулга термулиб...
1981 йил 2 сентябрь


АЁЛ МОНОЛОГИ

Америка нейтрон бомбасининг ихтирочиси: «Ҳамма одамлар ёвуз», дейди...

Ренуар мени нурдан чизиб чиққан, биласиз,
Петрарка «илоҳам» деб кўзин тиккан, биласиз,
Навоий узун умрин, ўзин тиккан, биласиз,
Биласиз қай куч билан банд этгайман хаёлни,
Наҳот ёвуз атайсиз Сиз ҳаттоки аёлни!

Чекинмасми қаро тун мен кўтарсам киприкни,
Айтинг, ким буза олур солсам ишқий кўприкни,
Қайси эркак унутмас мени кўргач, ўқ, тиғни,
Ишқ олдида нима у, уруш, ҳасад, сийму зар,
Сиз ҳеч аёл ишқига бўлганмисиз муяссар?

Дарвоқе, ишқ, ишқ билан Сиз чиқиша олмайсиз,
Ишқ бир беҳишт, унга Сиз абад туша олмайсиз,
Сиз муз бўлиб кетгансиз, эриб, жўша олмайсиз,
Аёл борки бу музга тегиб қолса мунгланиб,
Дуоибад қилурки ололмассиз ўнгланиб.

Эътироф этаманки, Сизда чуқур фикрат бор,
Аммо мақсад қорадир, мақсадда кўп иллат бор,
Ер юзида ризқ терган не давлат, не миллат бор,
Ҳар бирида Сиз каби не-не ақли даҳолар,
Улар одамни Сиздан бошқачароқ баҳолар!

Эркак яратувчи зот, Сиз-чи, қуритмоқчисиз,
Борки тирик жонзотни лаҳзада ютмоқчисиз,
Гўдак, қушни кул қилиб устидан ўтмоқчисиз,
Қайдан Сизда бул қадар ёвуз кўнгил, ёвуз ўт,
Ахир Сизга ҳам аёл она бўлиб берган сут.

Кечаги урушдан-ку диллар ҳануз доғликдир,
Сиз бир қоғозсиз, унда мудҳиш ўт ўроғлиқдир,
Балки туб илдизингиз Гитлер билан боғликдир,
Шундай, халкдан даҳолар билан иблис ҳам чиққан —
Менга сингишмас туйғу — Сизни ҳам аёл туккан.

Агар онангиз бўлса у ўтга отган ўзни,
Виждон хотинингиздай ташлаб кетгандир Сизни.
Йироқ-йироқда туриб мухтасар қилсам сўзни,
Она, Аёлки Сиздан юз ўгирдими рўй-рост,
Демак, хаётингизда инқироздир, инқироз!

Ренуар мени нурдан чизиб чиққан, биласиз...
1981 йил 4 сентябрь


ЮРТИМГА

Ўз юрагим кенглигига ҳайронман ўзим —
Ҳуркиб қочган оҳу унда, ундадир ўқ-ёй.
Порлаб кетди юрагимни кўраркан кўзим —
Ўзбекистон борлиғи-ла ундан олмиш жой.

Мен сезмабман, яшабманки то шу чоққача —
Бутун ҳолда ўзни сенга топширганимни.
Ўзни сенга, сени эса олтин соққадай —
Ўз кичкина юрагимга яширганимни.

Она бўлиб, мен эгилсам силадинг бошни,
Борарканман бу меҳрли қўлга ўрганиб.
Ўз кичкина юрагимга кирган қуёшни —
Катта юртни — юртим, сени қолдим-ку таниб.

Олма янглиғ шу юракни авайламоқ шарт,
Унда сен бор, ахир, абад билма сен завол.
Яшай дейман сенга зарра юқтирмайин гард —
Кўклаётган кўк баргингга тегдирмай шамол.

Унда ғужғон қалдирғочлар бошлашар ўйин,
Қалдирғочларга қўшилиб куйлайин зап ман.
Кўкрагимда қад кўтарган хирмонлар бўйин —
Оппоқ пахта хирмонларин авайлаяпман.

Бир бурчида чавандозлар ўйнатадир от,
Боқиб туриб ўз отамни, отни ёдладим.
Чавандоздай учмоқда-ку от суриб ҳаёт —
Қоқилмасин кўксимдаги учқур отларим.

Бир томонда шафтолизор, ёйилади нур,
Куртаклар нақ қуш тумшуғи — чокларин сўкиб.
Улар қўшиқ айтмоқ учун лаб очар ҳозир,
Ҳозир куйлаб юборади улар энтикиб.

Москванинг қиши илиқ, яйраркан тўйиб —
Ғарч-ғурч босиб борарканман топ-тоза қорда,
Бола янглиғ бир зум ўзни унутиб қўйиб,
Югураман кўксимдаги шафтолизорда.

Оппоқ гулга кирган олча тагида кейин —
Ўлтираман чиройингга кўзим тўймай, тўрт.
Ақлим танигандан тортиб то тобут куйин —
Тинглагунча кўкрагимда яшайсан, сен юрт!
1980 йил 22 апрель


КЎКЛАМ ЭРИТАЁТИР...

Кўклам эритаётир дарёдаги музларни,
Осмон ёзиб-ўчирар чақмоқ айтган сўзларни.
Ковул-каврак қопламиш тағин тоғу тузларни,
Чулдираган ирмоқлар бир-бирини «сизларми»,
Кўклам, кўклам келибдир тағин йўқлаб бизларни.

На хуш-эй, на аломат рўзи равшан фасл бу,
Тоқат билмаган тоқат, бир шўх, бир шан фасл бу,
Ўтган ғамлар ёнар хат, ёнар гулхан фасл бу,
Наинки бир табиат, кўнгил кулган фасл бу,
Кўк майсалар беркитар қишдан қолган изларни.

Қиш қорларин оралаб, билмам, қайси он севдим,
Ишқ гулига босдим лаб, кўкламдан нишон севдим,
«Севдим» — бу шунчаки гап, чиққундайин жон севдим
Ул дедики: «Ростми шул», — мен дедим, ишон, севдим,
Ул дедики: «Севгиси омонатдир қизларни».

Омонат бўлса уни омонатда осурлар,
Хиёнатни кечикмай хиёнатда осурлар,
«Ишқни осган нонкўр», деб тумонатда осурлар,
Бу кўклам, 6у беҳиштмас, қиёматда осурлар,
Ерга туширманг, бегим, кўкдаги юлдузларни.

Омонатни ишқ, ҳаққа содиқ наво ўлдиргай,
Ерни босиб юрмакка кўрмай раво, ўлдиргай,
Зурриёдин қатлига ўзга эмас, ўзи шай,
Одам Атога содиқ Момо Ҳавво ўлдиргай,
Ўзи яратиб ўзи сўндиргайдир кўзларни.

Майли, шабу рўзида нур, йўл бўлсун бу олам,
Чавандознинг кўзида Дулдул бўлсун бу олам,
Назмгўйнинг сўзида бир гул бўлсун бу олам,
Лек ишқ омонат бўлса кул-кул бўлсин бу олам,
Чорак аср мен наҳот омонатни изладим.

Басе, бас, кўк фаслда мундин ортиғи ортиқ,
Ишқ омонат эмас, йўқ, ишқ ғанимат бир тортиқ.
Ишқ гул эмас, кўкракка бешафқат санчилган тиғ,
Ё ўлдиргай, ё эса қуёшга кўтаргай тик.
Қуёш ўтими яқин, алвон букун юзларим.

Ишқсиз бўлса ҳамроҳга шавқим, додим йўқ менинг,
Юлдузим тушгай чоҳга, давоматим йўқ менинг,
Ерни буркарман «оҳ»га, ҳаловатим йўқ менинг,
Ишкдин ўзга Оллоҳга тиловатим йўқ менинг.
Шул сабабким севгини аршга қўйиб «Сиз»ладим.

Бас, бу фаровон наврўз, қуёш яқинроқ келгай,
Осмон тошар, ер эса сабзи сўлу соғ келгай,
Кўклам булбул, зоғларин кўкраги бедоғ келгай,
Шунчалар инондим мен, бу тонг албат оқ келгай,

Қуёшга элтар йўлда қолгай менинг изларим.
Кўклам эритаётир дарёдаги музларни...
1980 йил 16 март

БУ БАЙРАМ ОҚШОМИ

Бургутдайин ўғил, гилосдай кизнинг
Бошида новдадай эгиладир жон.
Бир минг тўққиз юзу етмиш тўққизни —
«Болалар йили», деб қилдилар эълон.
Юраклардан кетмас бир зарб, бир сас бу,
Беҳишт боғларидан келган нафас бу.

Бу йилги ер шарҳи сиғмайдир сўзга,
Тер билан, қон билан бўлмиш омухта.
Тағин минг тўққиз юз етмиш тўққизга
Тўкинлик йили, деб қўйдилар нуқта.
Нон билан, дон билан тўлган дала-қир,
Балким гўдакларнинг насибасидир.

Уч қуш сенга қайдан келди-ю, қўнди? —
Деманг, уч гўдакка мен ташисам бол.
Бу уч қуш қўлимга бирма-бир қўнди,
Муҳаббат боғида мен турсам беҳол.
Сўнг мен учун юлдуз, ойланди улар,
Кўзим қароғига жойланди улар.

Сатрларим менинг атирлар сочмай
Турибди, бўш бағрим тўлдира қолинг.
Эшигимдан аста бош суқиб қочмай,
Чуғурлаб хонамга тез кира қолинг.
Тутолмай қоламан бирининг барин,
Ўйнаб кетиб қолар қорачиқларим.

Пушкин қушча бўлган туғилган маҳал,
Ниҳол яширади улкан дарахтни.
Қандай мушкулларни қила олур ҳал,
Улар ким бўларкан улғайган вақти?!
Қароғимдан чиқиб кетса ҳам қаён,
Шоён бўлсин дейман, манзили шоён.

Барча қушчаларга шуни тиладим,
Бири дуч келмасин тўфон, қуюнга.
Баъзан тун қувлик-ла бошин силайди —
Тонгми деб ўзини урмасин тунга.
То йўлда юзтубан чалмасдан бир дард,
Жажжи қуш Пушкинга айланмоғи шарт.

Азиз дўст, сенга ҳам боғлиқ, бу якун
На ўнгдир, ёруғроқ бўлсин ҳатто туш.
То бирор кун келиб, қуш боғингда хун,
«Янглиш қўндимми», деб бўлмасин хомуш.
Ўғлон бу — инсоннинг жонимиш, ахир,
Қиз деган юракнинг қонимиш, ахир.

Дўстларим, бир лаҳза оёққа қалқинг,
Бу байрам оқшоми порлоқдан-порлоқ.
Келажаги учун шу ғолиб халқнинг
Қўллардаги жомни оқ урамиз, оқ.
Жайрон йигит-қизнинг қаҳқаҳи билан,
Беҳишт қушларининг чаҳ-чаҳи билан.
1982 йил 26 декабрь


* * *

Тақиқласам, айтар сўзинг айтмаганингда,
Кет десам Сен кетиб, ортга қайтмаганингда.
Жиндаккина қўрқар эсанг обрў-шаънингдан,
Итоат сен билан қолиб, мен кетар эдим.

Кўриб қолсам бир ожизга учраганимни,
Лахза-лаҳза чўкканингни, кичрайганингни,
Пучлигини кўриб қолсам мағзинг, маънингни,
Кўрмайин деб кўзларимни беркитар эдим.

Унда ашким ёмғир янглиғ сероб бўларди,
«Бахт» деб баридан тутганим сароб бўларди.
Кўшкли тахтим нурай-нурай хароб бўларди,
Икки қўлим битта тепа, тоқ ўтар эдим.

Тақиқласам, айтар сўзинг айтмаганингда...
1981 йил 5 май


ТЎЙ КЕЧАСИДА КЎНГЛИМДАН КЕЧИРГАНЛАРИМ

Синглим Гулнорага

Устоз Ғафур ҳакимона башорат қила билган —
Қалб қонидан бўлмоқлигин қиз деганнинг барини.
Одам Ато йигит чоқда қиз бола деб қувилган,
Ўкинмасдан ташлаб кетган беҳиштнинг боғларини.

Сиз эҳтиёт бўлинг, куёв, қўлларидан тутмоққа,
Мен беҳуда қиз боладан бошламадим сўзимни.
Мен ҳам келин бўлмоқлигин эслаб тушдим титроққа,
Хали бир ёшга етмаган ёлғизгина қизимни.

Сиз эҳтиёт бўлинг, куёв, қўлларидан тутмоққа,
Ўн саккиз йил сақладик биз уни эҳтиёт қилиб.
Сўз бормикин бу кечдаги ҳисларимиз битмоққа,
На ҳислар, бор вужудимиз кетмоқда-ку тўкилиб.

Юрагингнинг бир четини юлиб кетар экан қиз,
Севмоқ — асли бу дунёда қийноқдаги жон экан.
Кўкракдаги юракнинг бир бўлагини беряпмиз,
Сиз юракнинг шу қисмини асрай олинг, жон укам.

Гул сувида Гулноранинг сочин ювмиш онаси,
Кумуш янглиғ тоза гул бу, гуллигингча қол, денг Сиз.
Айтинг, куёв, иболанмай келганида хонаси, —
Сиз бу аркнинг танҳо гулин қачон кўриб қолдингиз?

Биз тўйга Отабекни ҳам хотир ёнган дам айтдик,
Кумушнинг руҳи олдида бошларимиз хам, айтдик,
Қўш олчадай бу куёв, 6у келинчакни кўрсин, деб,
Суюнсин, деб жаннатмакон Қодирийни ҳам айтдик.

Бул даврада, бул замонда бахт бўлса ҳам тилда ёд,
Яшасак ҳам ҳаётнинг шан шаробидан сипқариб,
Қандоқ титраб тўлғонмасин, тўкилмасин одамзод —
Юрагининг бир бўлагин берар экан чиқариб.

Биз Сизга юрагимизнинг бир бўлагин беряпмиз...
1981 йил 26 август


КУЗГИ ДАРАХТ

Бутоқ, япроғида куз тафти,
Шовуллаб турибди бир дарахт.
Хазонлар танасин ўрабди,
Ловуллаб турибди бир дарахт.

Бўронлар буколмай шохларин —
Бағрида сайратди қумрини.
Эшитган йўқ унинг оҳларин
Оҳ тортмай ўтказди умрини.

Ҳали ҳам кетган йўқ мадори,
Ҳали соз созларга ўхшайдир.
Баҳордан ёш эди баҳори —
Кузи ҳам ёзларга ўхшайдир.

Тун бўйи, умр бўйи ўчириб,
Ёзиб топай улкан бахтни,
Ўтқазай умримга кўчириб
Ловуллаб турган шу дарахтни.
1981 йил 2 сентябрь


БАХТ

Сен келдинг шамолдай шайланиб,
Деразалар ёпилди дарҳол.
Сўнг келдинг ёмғирга айланиб,
Деразани ёпдилар. Увол.

Сўнг қор бўлиб келдинг, кўзларин
Деразанинг зичлаб ёпдилар.
Қайтмас бўлиб кетдинг. Ўзлари —
Сени излаб ортдан чопдилар.

Ўнг келардинг, мен дердим: «Бу — туш», —
Шундай ўтди гул йиллар урён.
Аввал қувиб қанча вақт сархуш —
Кейин излаб қанча вақт гирён.
1981 йил 16 ноябрь


ОНАЛАР ҲАҚИДА

«...Энажон, учайми Сизга худди ўқ,
Энажон, йўл қараб кўзларим толди».
— Гўдагим, шаҳарга боролмайман, йўқ,
Тоғангнинг хотини қўзилаб қолди.

...Ўғлиму онамнинг ёзган хатларин
Ногоҳ ўқиб қолиб ёндим, қизардим.
Бу бизнинг айбимиз — турган қатланиб,
Бу менинг ҳеч кимга айтмаган дардим.

Умр-ку ўтди, босиб уруш деган тоғ,
Ҳануз ўртар бевақт ҳижрон солган из.
Нечун шу кексалик чоғлари ҳатто
Унга беташвиш бахт беролмаймиз биз.

Сўзда-ку юксақдан юксакка олиб,
Чиқариб қўямиз аршга улуғлаб.
Аҳвол танг келганда биз четда қолиб,
Энг мушкул ҳолларда нега улар даф?

Беллари букилиб, кўтараркан даст,
Эзгу умидларга йўғрилган чоқда;
Мунаввар келажак ота-онамас,
Бувилар қўлида йўлга кирмоқда.

Майлига,
Ва лекин, дўстларим,
Толғин чеҳраларга қуйилсин нурлар.
Гўдаклар бир нафас Сизларга ўтсин,
Бир лаҳза бор кир-чир, супур-сидирлар —
Таманно келинлар, қизларга ўтсин.

Бизлар ҳам тўхтатиб пойгани, отни
Уни авайлайлик бир ғанимат он.
Бор умрини бизга бахш этган зотни
Бир лаҳза севмоққа топайлик имкон.

Бир лаҳза «чоп-чоп»у, «кув-қув»дан бўшаб,
Эрк берайлик беҳол, шавқ, оҳимизга.
Бир лаҳза яшайлик фарзандга ўхшаб,
Онамизни олиб паноҳимизга.

Йўқса бу нораста нидо қўймас йўк,
«...Энажон, учайми Сизга худди ўқ...»
1981 йил 16 сентябрь






- «МУҚАДДАС АЁЛ» ТЎПЛАМИДАН -
(1987)

Бекор жангу-хунлар учун аза очинг,
Ёлгиз ўтган тунлар учун аза очинг.
Ҳатто тогнинг айиқлари жуфт ахтарар,
Сиз, сўққабош кунлар учун аза очинг!


ОНА САДОҚАТИ ВА ЎҒИЛ АРМОНИ ҚИССАСИ
(бахшиёналар)

Уруш  битди.  Келган  келди,  келмаган  йироқларда  қолди.  Кўнгли  ярим  келинлар қозонларини  сувга  солди.  Кўксини  ерга  бериб  совунган  ким,  йиғлаб  боласига  алла  айтиб овунган  ким. Юраклари  узилиб,  сарғайган  ой юзидан  кўз  ёшлари  сизилиб,  гўдагини  аллалаб ўтирган Сайрам келин бир вақтлардаги гум-гурсдай қайнонасини эшикдан шарпадайгина кириб келаётгани,  жия-жияси  қуриб  келаётганини  пайқади. «Аҳ,  ёмон  куни  қурсин-а,  энам  шўрли Равшанимни отаси урушга кетмаган пайтлар бир силтаниб уйимга кирса, фармонбардор овози гуриллаб,  тахмонимдаги  кўрпа-тўшагимгача  зириллаб  кетмасмиди?!  Бугун  эса...  бугунги кунимга  у  айбдордай,  нимага  кўзимга  тик  қараёлмайди?!»  Шу  аснода  бўғилиб,  Сайрам келиннинг нафаси қайтди, қайнонаси қийналиб, айтолмай юрган гапини айтди:

Аввал ўти куюшмаса деб куйиб юрдим,
Кейин қулуним қўш бўлди, деб суйиб юрдим.
Отинг ўчгур бу урушам бир илинж эди,
Бўталоғимни тушда кўриб, ийиб юрдим.
Онанг ўлсин, куйганимиз рост бўлди-ёв,
Болам, қора кийганимиз рост бўлди-ёв.

Қулунимни қаерлардан топай энди,
Қулунига қора бахмал ёпай энди.
Ёлғизимдан ёдгоримни менга бер-да,
Ит бўл, қуш бўл, сен кўпайгин, кўпай энди.
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қақшаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Келин эмас, шўрли болам, болам бўлдинг
Жон чиққунча кўксимдаги нолам бўлдинг.
Шу гапларни айтган тилим қирқилса-чи,
Қандоқ узай, жонга боғлиқ толам бўлдинг.
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қашқаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Шамолман, мен, уни елпиб, эсмоқ учун,
Беланчакман, ётмоғига осмоқ учун.
Онанг ўлсин, ёдгоримни ташлаб кетгин,
Кўксимдаги жароҳатга босмоқ учун.
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қақшаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Буғдой чочсин, тариқ чочсин гул келиним,
Йўлларидан ёвлар қочсин, гул келиним,
Бу шўру тор пешонамга сиғмадинг-ку,
Пешонангни олло очсин, гул келиним,
Тилим тишлаб тош бўлайин, кузатайин,
Қақшаб, ўзим бош бўлайин, узатайин.

Сайрам  келин  бу  сўзларни  тинглаб  ич-ичидан  инграб, «Ҳаҳ,  тўрамнинг  ўлгани,  бу хонадонга  ортиқчалигим  сезилибди-да»,  деб  унсиз  фиғон  чекиб  бу  рўзғорга  келин  бўлиб тушганидан бери биринчи маротаба қайнонасига тик қараб бу сўзларни сўзлайверди:

Оҳ, энажон-ей, болам дейсиз-у алдайсиз —
Ёки ўлсанг ҳам мендан йироқроқда ўл дейсиз.
Равшаннинг отаси ўзингизники эмасмиди,
Қайси тил билан «ўзгага хотин бўл», дейсиз.
Тўрамнинг ўлгани ўнг кўриндими, энажоним-а,
Кўзингизга дўнг кўриндимми, энажоним-а.

Ботса берманг егани бир тишлам нонимни,
Тинч қўйинг, эна, тўнкармасдан осмонимни.
Бунда ёдгорим, бунда-ку ёруғ жони-жаҳоним.
Қандоқ кетайин мен опқочиб ёлғиз жонимни?!
Хдр тун тўрамни туш кўради-ку бу ёстиқлар,
Узга бош тегса чинқиради-ку бу ёстиқлар.

Майли, умрим — қиш, кураганим қор бўлсин — денг.
Фақат ўзга эр номус бўлсин денг, ор бўлсин — денг.
Бегона эркак тўшагимни босган куни
Чилвир сочларим узун бўйнима дор бўлсин — денг.
Қақшаб, ўзингиз ўтказмасдан тўйим, Эна,
Ўз қўлингиз билан мени қабрга қўйинг, Эна!

Ана  шунда  қайнонанинг  кўзлари «ярқ»  этиб  очилгандай  бўлди.  Хаёлида: «Оҳ,  шўрлик болам-а,  сенинг  хаёлинг  бошқа  экан-ку,  не  ҳадикда  юриб  эдим,  бугунми,  эртами  барибир кетади, ёш нарса, неварамниям олиб кетади, ўт кетди, хонумонимга ўт кетди, деб, титроқларда туриб эдим», — каби ўй-хаёлларини ўзича пичирлаб Сайрам келинни бағрига босди. Келиннинг билаклари  ҳам  ток  новдаларидай  унга  чирмашди.  Иккаласининг  ҳам  кўз  ёшлари  шашқатор. Бироқ бу ғам ёшими, қувонч ёшими илғаш қийин эди...

Кунлар  ўтаверди. Умр  кетаверди. Казоси  етиб  қайнона  кўзини юмди. Сайрам  келин  бир фарзанддай қайнонасини иззатини жойига қўйиб кўмди. Равшан қирчиллама йигитмисан йигит бўлиб  вояга  етди.  Бутун  орзу-армонини шу  ёлғиз  боласида  кўрган  она  унга  қишлоқнинг  олд қизини олиб берди. Ҳою ҳавас билан уйлантирди. Энди Сайрам келин илгариги пайтлардагидай инграниб  нола  қилмай  қўйди.  Вақти  ҳам  бўлмай  қолди,  шекилли.  Ўзиям  келини  ҳар  йили қўзиладими-ей...  Олтинчи  фарзанди  дунёга  келганда  Равшанбек  оғир  дардга  чалиниб  тўшак тортиб  ётиб  қолди.  Сайрам  келин  тағин  узун  тунлар  тўшакка  михланиб  ётган  Рустами достондай бемор ўғли бошида инграниб нолами, аллами айтиб ўтирадиган бўлди.
Беморнинг аҳволи кундан-кун оғирлашаверди. Бир кеча ҳолдан кетиб бораётганини сезган Равшанбек  хотини-болалари  билан  тинчгина  видолашди.  Рози-ризолик  тилади.  Онаси  билан, яқин  қариндошлар  билан  ҳам. Кейин,  бир  силтанди-ю,  равон  тилга  кирди. Унинг  кўзи юмуқ, алаҳсираётганга  ўхшар,  аммо  бу  тиниқ,  шиддатли  сўзлар,  ўлим  олди  алаҳсираши  эмаслиги, бутун  умр  ўйланган,  аммо  айтилмаган,  юракда  сақланган  дардлар  эканлиги  билан  онани, ўтирганларни  кўнглини  алғов-далғов  қилиб  юборди. Мана  бу  ўша  лаҳзадаги  Равшанбекнинг айтганлари:

Энам, Сен энадан эдинг ёлғиз қиз,
Не учун мениям ёлғиз ўстирдинг.
Бировга суянаолмадим, эсиз
Сениям ҳамиша ғамбода кўрдим.
Укам деб бировга беролмадим юк,
Синглим деб бировга айтолмадим сир.
Энам-а, энажон, Сендай эна йўқ —
Қийналиб яшадим, менам барибир.
Одам қизиқ экан, опанг бўлса кеб
Бошинг силаб, дардга дармон бўларкан.
Эркаланиб «ака, акажоним» деб
Бировга осилмоқ армон бўларкан.
Мен-ку, майли, кетиб боряпман, мана,
Кўксимни мўлжалга олмоқда дард, ўқ.
Энам-а, энажон, бу эмас таъна,
Фақат энди мендай ғамгусоринг йўқ.
Тойлар от бўлгунча юрак бўлар лат,
Менинг гўдакларим ўсганга қадар,
Энажон, энам-а, тўкилма фақат,
Унгача енгмасин Сени ғам, кадар.
Энажон, не учун тегмадинг эрга,
Бир ўғил, ҳеч йўқса бир қиз бўлсайди.
Отамни-ку, ахир, бергандинг ерга
Оғам деб йиғлашга бир кўз бўлсайди...
Бир елка бўлсайди суянмоғингга,
Мен кетгач эгилиб қолмоғинг тайин.
Мен қандоқ чидайин Сенинг доғингга
Ёлғиз қолмоғингга қандоқ чидайин?!
.................................................................
Сўнг сўзни қайтарди тушиб жиқ терга,
«Энажон, не учун... тегмадинг эрга?!»

Ў, жигарларим-а, ўзи бу дунё ўйласанг ўтириб ўйлайдиган,  тўрт  томонидан бўйлайдиган дунё. Аммо, манави ҳолда мениям ўйим битмай, ким ҳақлигига кўзим етмай қолди-ку. Кўпдан кўп  гап,  кўп  ақл  чиқади. Шуни  ўйлаб  бу  бовурларимнинг  ҳаётини  қандай  бўлса шундайича Сизга айтиб беришни лозим топдим.
1984 йил 20 июль

ТУҒИЛИШ

Ашурбекка

Кечки мажлисни қизғин олиб бораётган Бобожон раис бирдан дудуқланди. Тилдан қолди.
Кўнгли беҳузур бўлиб, жонсизланаётганини ҳис қилди-ю, стулга чўкди...
Оёқ-қўли ишламай қолган раисни кўтар-кўтар қилиб уйига олиб бориб ётқизаётганларида, қўшни хонада хотинини тўлғоқ тутарди. Хотини жон аччиғида инграр, ҳар инграганда Бобожон раис  қўзғалмоқчи  бўлиб  интилар,  катта-кичик  болаларига «Онангга  қаранглар»  ишорасини қилиб имларди.
Вақти-соати  етиб  хотинининг  кўзи  ёриди.  Ўғил  туғилди.  Во  дариғ! —  ўйлади  Бобожон раис шифтга тикилиб ётиб, тўкилиш, туғилиш... бир лаҳзанинг ичида.
«Суюнчи бейинг, суюнчи бейинг», — доя кампир оппоқ ўралган чақалоқни «гапиртириб» отасига  кўрсатгани  олиб  чикди.  Бобожон  раис  чақалоқнинг  ўзиникига  ўхшаш  қирра  бурни, чўзинчоқ юзи, киприксиз кўзларига тикиларкан, нимадир айтмоқчи бўлиб тутилиб қолди. Кўзи жиққа ёшга тўлди. Унинг интиғу зор йиғлаган кўзларидан мана бу гапларни уқиш мумкин эди:

Эркакка йўл керак, болам,
Эркак йўлга йўл қўшар.
Бу йўлларга биров чечак,
Биров хору хас тўшар.

Бу йўлларга биров сергак,
Биров гангиб, маст тушар.
Отанг йўлдан қолган куни
Йўли бўлиб келдингми?

Эркакка эл керак, болам,
Сени қуршаб эл юрсин.
Яхши-ёмон кунингда эл
Сириб боғлаб бел, юрсин.

Энди мен юролмасамам
Элни алқаб ел юрсин.
Отанг элдан қолган куни
Эли бўлиб келдингми?

Эркакка тил керак, болам,
Тили билан тил олар,
Умри бўйи қўшин тортиб,
Қанча-қанча дил олар.

Аёл олар, кўнглин топиб,
Қатор қизу ул олар.
Отанг тилдан қолган куни
Тили бўлиб келдингми?
1984 йил 20 июль


БАХШИНИНГ ТЎЙДАГИ КУРАШДА АЙТГАНЛАРИ

Маматқул  бахши  бир  тўйда  дўмбирасини  четга  қўйиб,  полвонларга  жони  ийиб, мункиганни  елкаси  қорда,  зап  одатларимиз  бор-да,  деб  кураш  томоша  қилаётган  эди. Даврабошининг  кўзи  бахшига  тушиб  қолиб  тавозе  билан  илтимос  қилди: «Маматқулбой, мен полвонларни  шайлагунимча  ўзингиз  халойиққа  бир  нарса  айтиб  туринг».  Бундай  тасодиф таклифни кутмаган Маматқул бахши бир зум жим қолди. Аммо лаҳза ўтмай халққа ўз дардини тўкиб солди. Ў, жигарларим-а, ҳар кимниям тўйдами, азадами одамларга айтадиган гапи бўлсин экан-да...

Кураш дегани ўзи нима,
Асов денгизда талош кема,
Ғарқ бўламан-ов, ғарқ дема.
Зотинг полвонма, курашгин.

Бировни ортидан отганлар,
Бировни ортидан сотганлар,
У шўрлилар-ку ер қаърига
Ғафлат уйқусида ботганлар.

Шуларни боласи болами,
Курашсиз кечса олами,
Кўксига ўт қўйиб турмаса
Бобосининг қасос, алами,
Зотинг полвонма, курашгин.

Сенгачаям танг, торда курашган,
Чирсиллоқ қиш, қорда курашган.
Оёқлари ҳавода саланглаб,
Осилиб дорда, курашган.

Ёнма-ён қалашиб яшаса,
Минғиллаб, талашиб яшаса,
Эл куймайдими шуни боласи
Ёв билан ялашиб яшаса —
Зотинг полвонма, курашгин.

Бугунам паст, тўрда курашар,
Бирови қир, ўрда курашар,
Айтган сўз — кескир қиличи билан,
Бирови гўрда курашар.

Дорларда қотганлар курашса,
Гўрларда ётганлар курашса,
Сен курашмасанг ўлим-ку, болам,
Жонидан ўтганлар курашса!
Зотинг полвонма, курашгин.

Кун бўлар, ишқ жилпанглайди,
Ой деганинг ерга тенглайди.
«Тақдир», — деб урмай манглайди,
Отинг полвонма, курашгин —
Ёдинг полвонма, курашгин —
Зотинг полвонма, курашгин.
1984 йил 21 июль


ҚАСАМ

Қимматчилик, қаҳатчилик йиллари...
Кўзи  кўр  тақдирга ўт  кетсин-а, бўлмаса Ойсулувдай  сулув жувон бир каззоб, ўғрига дуч келиб қолармиди. Тун яримлаб қолди, эрдан дарак йўқ. Йўқ, бирдан оғил тарафда тапир-тупир, шивир-шивир,  сигирнинг  мўнграши,  хирқираши  аралаш-қуралаш  бўлиб  кетди.  Кейин  узоқ жимлик. Эри ҳадеганда келавермади. Ойсулув ой-куни етиб, шиқирлаб ўтирганидан тўшакдан аранг қўзғалиб оғил тарафга ўтди.
Ўтди-ю,  донг  қотиб  қолди.  Оғилнинг  ичи  оппоқ  сут...  Уйинг  куйгур  эр  ўзининг  бир ҳамтовоғи  билан  бировнинг  эндигина  бўшанган  сигирини  ўғирлаб  келиб,  сўйибди.  Гўштини нимталаб, эртага бозорга олиб чиқишга тайёрлаб қўйибди...
Эр чағир кўзларини ўйнатиб бурчакдан бир бўхча олиб хотинига отди. — Ма, ийнимга иларим йўқ, — деб қулоқни қоқиб қўлимга бердинг, хоҳлаганингча кий. Ўзиям эртага тўйи бўладиган қизди сепидан, тахмонидан тинчитдик. Ойсулув  бўздай  оқариб,  бор  кучини  тўплаб  бўхчани  ҳовлига  улоқтирганини  билади, шарақлаб  тушган  тарсакининг  зарбидан  деворга  бориб  урилди-да,  илдизидан  қўпорилган дарахтдай қулаб, чўзилиб қолди. Мана бу унинг ўзига келиб эрига айтганлари:

Бўримидинг, тулкимидинг, эрмидинг,
Шўрим қотмаса мен сени дермидим.
Кўзим чиқсин, кўрмидим — эй, кўрмидим,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Ҳаром есам, тағин ҳаром кийдирсанг,
Тириклайин ўтга солиб куйдирсанг.
Шулардан сўнг тағин ўзни суйдирсанг,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Аро йўлда ўтириппан мунгланиб,
Кўнглим сезар, ололмасман ўнгланиб.
Ҳаром-хариш, қора ерга тенгланиб,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Сеп-умрлик ўй-армондан йиғилар,
Томчи тердан, томчи қондан йиғилар,
Кўкрагимни ўяр қарғиш, йиғилар,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Аро йўлнинг аёнлари бўйнимда,
Илонлари, чаёнлари бўйнимда,
Ўғирлик — юк, чўянлари бўйнимда,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Оҳ, умрим-эй, энди унда абад шом,
Болам «ўғри боласи» деб олмас ном,
Увуз сутим эмизмайман, у — ҳаром,
Дунёсида энди тирик юрмайман.

Эр, сен қашқир тўшагига увлаб кир,
Қодир эгам, агар бўлсанг, кўр тадбир,
У қибламни бу қибламга айлантир!
Дунёсида энди тирик юрмайман...

...Эрталаб кун чошгоҳга келиб ёйилиб кетдиям, Ойсулув жойидан қўзғолмади. «Боламнинг бундай  кундуз  ётадиган  одати  йўқ  эди-ку», —  деб  хавотир  олган  кекса  онаси  ундан  хабар олгани уйга кирди... 
Во  дариғ,  Ойсулув  ўзи  кўрган  ранжу  аламлардан  ҳайратлангандай  катта-катта  кўзлари очиқлигича баданлари музлаб қолган эди...
— Воҳ, боле-ем, қирчинидан қирқилиб қуриган, болеем! Ҳаромнинг касофати урган боле-ем! — Кампирнинг аччиқ фарёди қишлоқни ларзага солар, Ойсулув эса ўзининг ёмон қасами, у қибласини  бу  қибласига  айланганидан минг марта  розидай  тинчгина  абадият  уйқусига  кетган эди.
1984 йил 21 июль


КЎЗИ БОРЛАР ТЎҒРИ ЙЎЛДАН ЮРМАСА...

Тағин ўша қимматчилик, қаҳатчилик йиллари...
Тангриқул  бахшининг  укаси  Ўролбой  муросаси  келишмай,  ўзининг  енгилоёқ  хотини Қирмизнинг  жавобини  берди.  Янги  уйланган  хотини  Оқбилак  тезгина  иккиқат  бўлиб, ойпарчадай қиз туғиб берди. Туғиш — ўлим билан баробар эмиш. Хотини қийналиб туғиб ётар экан,  Ўролбойнинг  кўнгли  олдинги  эчкидай  ўйноқлаб  юрадиган  шўх  хотинини  тусаб  қолди. Кечалари уни олиб келиб қўшни хонада айшу ишрат, ўйин-кулгу қиладиган одат чиқарди.

Ўлар бўлсам Сенгина деб ўлойин,
Сарвдай қоматингни қули бўлойин.
Гулим, тўлдир қучоғимни, қўйнимни,
Чилвир сочинг дори бўлсин бўйнимни.

Эрининг  ширакайф,  ширали  овозда  бошлаган  ошиқона  қўшиғи,  Қирмизнинг  қиқир-қиқирлари  эшитилмасин  деб Оқбилак нгўрлик  уйининг  тирқишларигача  беркитиб  ўтирадиган бўлди...
Қирмизнинг  Ўролбойга  елимдай  ёпишувининг  тағин  бир  сабаби  бор  эди.  Қаҳатчилик эмасми, Ўролбой  колхоз  омборида  ишлар,  ишдан  қайтишда  бир  сиқим,  икки  сиқим  дегандай буғдой  ўғирлаб  уйига  олиб  келар  ва  бундан  албатта  Қирмизам  бенасиб  қолмасди.  Бир  кеч, Оқбилакнинг  ташқарига  чиққанидан  фойдаланиб,  Ўролбой  чақалоқ  қизчасини  олиб  чиқиб Қирмизга кўз-кўз қилди.
— Қирмиз, Қирмиз, қизимни кўр, ўзиям ўлмаса бир қиз бўлади-да!
Қирмизнинг ранги бўздай оқарди. «Шошма, ҳали менга қизини кўз-кўз кделадиган...»
...Эртаси куни Ўролбойнинг пешонасига «буғдой ўғриси»  тамғасини босиб қамоққа олиб кетишди.
Мана, бу сўқир Тангриқул бахшининг ўша кунлардаги чеккан нолаларидан:

Бир отанинг, бир онанинг боласи,
Бири каззоб, бири дарё ноласи.
Ў, битмас-ей бу дунёнинг чаласи,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Ҳалол қолар бир чеккада мунғайиб,
Ҳаром ўйнар қулочларин бахт ёйиб.
Ҳаром ўсар яғринлари кенгайиб,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Ини аввал суянчиғинг бўларкан,
Сўнг — оғриғинг, дил санчиғинг бўларкан,
Ҳатто Сендай кўрга чиқим бўларкан,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Қизни асли осмондаги ой денглар,
Қайғу юки босса қадди ёй денглар,
Қайғу балчиғида ой ҳам лой денглар,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.

Кўр кўзимдан ситилиб ғам йиғлайди,
Толеимда ёнмаган шам йиғлайди,
Аёл, гўдак, бани одам йиғлайди,
Кўзи борлар тўғри йўлдан юрмаса.
1984 йил 21 июль


ҚУШ ТИЛИГА ЁВУҚ КЕЛСА ҚУШ ТИЛИ...

«Азбархўжа карвонбоши айтди: «Эй дўстим, ҳамроҳинг аёл экан-ку, аёлни жўрам йўқ десам ҳам бўлади. Шуйтиб айтмаган экансан-да».
«Кунтуғмиш» достонидан.

Сўз экилган элнинг дала-тузига,
Ҳар ким танлар маъқулини ўзига,
Кўзим тушиб манов сарбон сўзига,
Ич-ичимдан таҳқирланган ор келди.

Тўраларга шойи кўрпа тўшайик,
Тўраларга дарё ёйиқ, кун ёйиқ,
Айтинг, айтинг, кулли ўтган машойих,
Нечук аёл юрар йўли қор келди.

Асли эркак, аёл бирдай йўл излар,
Дониш ақл, уддабуррон қўл излар,
Айтинг, айтинг, кулли ўтган азизлар,
Нечук аёл кўнгли доим зор келди.

Баланд тоғлар билмас ором, билмас хоб,
Пинҳон-пинҳон тўкаверар кўздан об,
Нечук Одам Атони деб бўлган соб,
Момо Ҳаввога 6у дунё тор келди.

Азбархўжа туғилмаган онадан,
Балки уни топгандирлар ёнадан,
«Она» дер-ку, дард ўтганда жонидан,
Нечук аёл шу номардга хор келди.

Майса қоплар қир, қиялар устини,
Қуш тилига ёвуқ келса қуш тили.
Биттага ҳам кўпайтмасин пуштини,
Шунинг ўзи Азбар учун дор келди.
1984 йил 24 июль


ЙЎҚЛОВ

Ўртоғим Ҳалима Ҳасанованинг хотирасига

Ой  деса  дегулик  Ойхуморнинг  сулувлиги  таърифи  етти  иқлимга  кетган  эди.  Аммо кексайиб қолган онаси уни ўзи айтган одамга бермади. Беролмади. Шу сабабми, бошқами, қиз овлоқ пайт топиб ўзини осди. Нима иш биландир оғилга кирган укасининг кўзи унинг саланглаб турган оёқларига тушди. Қиёмат қўпти. Мана, бу Ойхуморнинг онасини ўз қизи жасади устида бетини қон жўшатиб айтганлари:

«...Жоним болам, кўзи чарос, қоши ўқ,
Дарё сочин қирқта қилиб ўрардим.
Шуни ўзим туққанманми ёки йўқ,
Бир ишониб, бир ишонмай юрардим.
Туққанимам энди ёлғон шўрлиман,
Ўтда қолган, ангда қолган шўрлиман.

Кийикмиди, ҳуркак-ҳуркак қароши,
Ҳуркиб кетиб сиртмоқларга илинди.
Гангитдими мингни келиб сўроши,
Мингиниям суймаслиги билинди.
Қирқин қизга сардор бўлган, воҳ боле-ем,
Талош, бардор-бардор бўлган, воҳ боле-ем.

Минг бўз бола, тенгларини тенг кўрмай,
Кўзларини парда тўсган болам-ов.
Уйинг куйгур раис сенга тенгқурма,
Қизи билан ўйнаб-ўсган болам-ов.
Раис ана, болалари қўйнида,
Икки қўлим энди унинг бўйнида!

Кўйлак кийдим, тутунлардан қорайди,
Қора бўлди гулдай болам ёзуғи.
Энди менинг кунимга ким ярайди,
Болам бўлди бир қашқирнинг озиғи.
Ордан ўлим авло, — деган, воҳ боле-ем!
Гўдаклигин қашқир еган, воҳ боле-ем!

Тирилтириб бермасин-чи, қўяман,
Энди ишим бу юртлардан кўч бўлар.
Сиртлон бўлиб менам кўзин ўяман,
Энди онанг она эмас, ўч бўлар.
Аммо бундан бўлса бир наф, болам-ов,
Яшатардим уни «увлаб», болам-ов!

Бу кунингдан бешбадтар бўл!

Йиғи-сиғи, қий-чув бир зум тўхтади. Эшикдан раиснинг хотини шаллақилик қилиб кириб келаётган эди.
— Бечора эримни ёмонотлиғ қилгунча суюқоёқ қизингни тийиб ол эди, қаришақшақ!
Олазарак бўлиб раисни қидираётган оломон унинг хотини устига ёпирилди...
Эшитишимча, ўша кундан бери раиснинг хотини тўшак тортиб ётиб қолганмиш. Раис ҳам у атрофлардан кетибди. Таажжубли жойи шундаки, у хизмат пиллапоясида юқорилабди. Чекка бир районда совхоз директори бўлиб ишлаётганмиш...
1984 йил 24 июль


ҚИРҒОҚ

Дарё янглиғ олдга чопаман
Ёйиб ташлаб қирқ кокилимни.
Ёниқ-ёниқ суюб ўпаман
Соҳилимни, сен — соҳилимни.

Қаётимга кайси бир дамда
Қирғоқ бўлиб келдинг, чамамда.

Мен-ку сенга берганман изн,
Икки ёним қирғоқ — маҳкам, банд.
Мен оқмайман қирғоқни бузиб,
Асов шиддат бермас сенга панд.

Сен ҳам озод шиддат бер сувга,
Шубҳа билан олмай сиқувга.

Қирғоқ сирдош, қирғоқ — суянч тоғ,
Дарё оқар унга бош уриб.
Бир кун сочинг оқарар оппоқ
Шул дарёни қўриқлаб юриб.

Оқар чоғ ҳам мангулик ёққа,
Лаб босгум сен — метин қирғоққа.
1984 йил


* * *

Бир вақтлар кетардик баҳорлар томон,
На баҳор, гуркираб виқорлар томон.
Энди темир бўлгин, энди мунғайма,
Энди йўлларимиз қор, қорлар томон.

Баҳорлар кўрсатдик шавқ, мастлик кучин
Виқоримиз тоғдан тикроқ келди чин.
Энди йўлларимиз қор томон экан,
Қўлингни бер, тойиб кетмаслик учун.

Фикр этсам, кўрмаган, кўрган эканман,
Умр ўтса-да йўлу уй тиклайман деб.
Сездим, ҳаётингта кирган эканман,
Сени қорли кунда кўлтиқлайман деб.
1984 йил 8 февраль


* * *

Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим,
Бағрингта япроқдай тўкилдим.
Аслида бу байтни мен ёзганим йўқ,
Менинг умрим — мўлжал сари кетган ўқ.

Вақтида келдим ё бевақт, анча кеч,
Афсус айтганимни эшитмадим ҳеч.
Бўлмасни бўлдиргум деб қиламан қасд,
Мен яшаш сурурин шундай деб билдим.

Аросат, бу сатр меники эмас:
«Билмам, адашдимми ё тўғри қилдим».
Камон эгилди-ю отди — учяпман,
Йўқ, иккиланиш ё бир сўз айтиш йўқ.

Майли, шароб ёки зардоб ичяпман,
Мен отилган ўқман, ўққа — қайтиш йўқ.
1984 йил 12 май