Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 5
Facebook
Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 5 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Сайланма. Ҳалима Худойбердиева
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
Ҳамма саҳифа

НОЗИК ГУЛГА АЙТГАНЛАРИМ

Сен бир гулсан, нозик гулим, ўсиб боряпсан бўй-бўй,
Ол қуёшнинг нурларига рўпарадир дудоғинг.
Шамоллар чанг пуркадими, сен эътибор берма, қўй,
Ёмғир суви ювиб кетар хираланса япроғинг.
Аёвсиз ўқ отар сенга суқли нигоҳ бариси —
Гўзал нарса тортар кўзни, қўрқма сенга кирмас суқ.
«Сен ўзингсан бу боғларнинг сўлиш билмас париси»,
Дейман-да, мен сўлмасликка бўлса ҳам ишонч йўқ.
Ким тиниқлик, ким мастликнинг кайфи билан кўз сузар,
Фарқ эт, дудоғингни тутма бола кўнглинг шод айлаб.
Ким эркини билиб-билмай нопок қўлга тутқизар,
Тобе бўлиб ўтиб кетар бу тузокда дод айлаб.
Бари мени ардоқлар деб ўйлайсанми, оппоғим,
Майли, шундай ўйлаб яша, думбулгинам, бир фасл.
Шундай хаёл қилардим мен кечаги кун, ёш чоғим,
Кейин тўфон қўзғолди гоҳ атрофимда муттасил.
Сен ҳам шундай, болажоним, гоҳ қуёш ҳам алдоқчи,
Барча ғунчанг очиб кузда қолма шийдам, яланғоч,
Эртанги кун изғиринлар сенга турганда соқчи,
Бирданига тўкилмасдан қайта-қайта ғунча оч.
Имкон қадар узоқ яша, имкон қадар чайир бўл,
Қуёш ўти, қор музига бўй бермагил, думбулим,
Бу ҳаётнинг қувончлари, ҳасратлари гарчанд мўл,
Барчасининг қуршовида порлаб тургил, жон гулим.
Лабинг буриб пичирлайсан, «Нима ҳожати бор-ди,
Шамол пурккан қуюқ чангдан хира тортиб қолдим мен».
Ҳозир ёмғир ювади бу бевақт қўнган ғуборни,
Яна тоза чиройингни ошиқлари бўлур минг.
Сен бир гулсан, нозик гулим, ўсиб боряпсан бўй-бўй...
1973 йил 16 июль 

ШЕЪРИМГА

Мен сени китобга ёздим-у...
Пайт пойлаб китобдан чиқ, шеърим.
Сўкилган дилларни тик, шеърим,
Беҳуда ўртаниб ёздимми?

Мен сени китобга ёздим-у,
Изласам китобдан топмайин.
Гўдак бўл, мен узай қарзимни,
Онага айланиб қол, майин.

Китобда шеър ҳолда қолмасдан,
Омад бўл, ўйинда ютай мен.
Мард ўғлон кўзида айт достон,
Умрбод шу кўз деб ўтай мен.

Китобда қолмагин сен тиниб,
Ўжарлик, ўт билан кўтар бош.
Базм аро эшитай шовқининг,
Азада кўрайин, тўккин ёш.

Чиқа қол, китобнинг қатин оч,
Тайсаллаб бўлмагин аросат.
Боланинг кўзида бўл ишонч,
Улғайгач одамда фаросат.

Балки мен сен деб ҳам ўлмасман,
Ҳеч кимга ишонмас бисотим.
Мен сени баҳолай билмасман,
Сен менинг ҳаётим, ҳаётим!

Истамам, ҳаётни мен чиндан
Китобда йўқолса ими-жим.
Сарғаймай варақлар ичинда
Китобдан чиқади ҳаётим.

Мен сени китобга ёздим-у...
1973 йил 22 июль 

КИЧИК ҚУВОНЧУ ШОНЛАРИМ

Кичик қувончу шонларим
Ўзи юриб келмади.
Ожиз титраган онларим
Ким дер мени: «сўлмади».

Кимдир қуёш юзин тўсса,
Армонларда сўлган мен.
Қирда гиёҳ бўйин чўзса,
Кўм-кўк гиёҳ бўлган мен.

Уйда куйлаш бўлмай тақдир,
Дала, тузда куйладим.
Юксак-юксак тоғлардадир
Чаппар урган куйларим.

Бу чарх урган куйларим гоҳ
Қушларни уйготдилар.
Гоҳ ғам билан чекишиб оҳ,
Тўлин ойдай ботдилар.

Куя-куя ярим, бутун
Юрак куйган ой бўлди.
Юрак — бурқсиб кетиб тутун,
Ўқ отилган жой бўлди.

Қушча янглиғ юрак тағин
Яраланди ўқлардан.
Юрак — тинчи йўқ гўдагим,
Бу кун сени йўқларман.

Нур дардида ким бўғриққан,
Ўлган бўлса қон тўкиб.
Бу қон бари сенга оққан,
Сенда қолгандир чўкиб.

Гуноҳсизлар қони балки
Лим-лим тўлиб ҳоритган.
Балки шундан қалқиб-қалқиб
Тез урасан ҳалитдан.

Гоҳ «эҳ, менга нима», — дерсан
Қўл силтаб нур, зиёга.
Аммо, юрак, сен шоирсан,
Сен масъулсан дунёга!

Дунё қалбин тинглаб ҳар дам
Бедор бўлган жон қушим,
Гоҳо беомон дардлардан
Бемор бўлган жон қушим.

Сенга соғаймоқлик даркор
Йил эмас, йўқ, кун сайин.
Чўққида ҳам гарчанд қор, қор...
Қўнажаксан сен тайин.

1
Оёқларинг темирдандир,
Танинг темир, жон қушим.
Не темирни емиргандир
Гоҳ разиллик мук тушиб.

Аммо сенга бергай у тан
Емиролмай тиш билан.
Сен бақувват тортажаксан
Куйлаш билан, иш билан.

Демак, ўқлар тинар бир кез
Дунё олажак ҳордиқ.
Кўксимдаги қуш ҳам тез-тез
Ўқ еб қуламас ортиқ.

Турналар учаркан баланд,
Нур ёйиқ у пайтлар мен,
Гуркираган юрак билан
Соғлом қўшиқ айтарман.

У кунларни куйласин най,
Ерни майса беркитсин.
Юрак, сен ҳам тезроқ соғай,
Жароҳатларинг битсин.
1973 йил 20 февраль 

ХАЁЛЛАРИМ ПАРДАЙ ТЎЗҒИР...

Планета, тўхта, мен сендан
тушгим келаяпти.
Гамлет Карчикян.

Хаёлларим пардай тўзғир, бу узун тунда
Бошим узра савол бўлиб эгилади ой.
Минг, миллион одам сиққан қадим заминда
Нега инсон бир ўзига гоҳо топмас жой.

Яхши-ёмон яшар ахир, яшар тоғу тош,
Яшарлар-ку гоҳ эътироф, эътироз этмай.
Нега олиб кетмоқ истар биргина у бош —
Қай бекатда тушмоқ истар манзилга етмай.

Ким моҳирлик билан чалса бу дунё найин,
Ким дунёни жуда эрта ололса таниб,
Бу дунёнинг кенглигини англаган сайин
Англарми ё бу кенгликка сиғмаётганин.

Одамлар бор кенгми, торми кетар жойлашиб,
Суқилишиб кимларнингдир ҳақли жойига.
Кейин дунё дарёлари кетмасми тошиб,
Ухлар улар сув теккизмай ҳатто пойига.

Бунда улар кирадилар турфа шаклга:
Чўзилишиб арқон бўлар, юмаланиб — тўп.
Баъзан унинг инсонлиги сиғмас ақлга,
Хуллас калом, пасткашликнинг нусхалари кўп.

Майли, булар ўз йўлига, хаёллар суриб
Улуғлайман мен кенгликка сиғмаган жонни.
Ўз кичкина қалби билан беором юриб,
Балки оромга элтар ул катта жаҳонни.

Аммо кўллар ҳосил бўлар томчи-томчилаб,
Айнан кўлни кўрмагунча гоҳ бетоқат биз.
Баъзан доно беҳол юрса ақлин қамчилаб,
Уни далли-девонага айлантирамиз.

Ота дунё, бу ўйларни ўзинг ҳал қил, еч,
Болаларинг эҳтиёт қил ҳар чўпдан, хасдан.
Лоқайд бўлмай шаршаранинг тоза сувин ич,
Билиб-билмай кимдир уни лойқалатмасдан.

Сенда тирик яшамоқнинг шавқ, ҳасрати мўл,
У яшар гоҳ яйраб, гоҳо титраб, увишиб.
Сен бир поезд, огоҳ бўлки, сендан силтаб қўл,
Манзилига етмай кимдир кетмасин тушиб...

Менга ҳам ёқмас отага ақл ўргатса қиз —
Ўгит эмас — орзу булар, кўнглигата етсин.
Токи бирорта фарзандинг йўқолмай беиз —
Ҳеч бўлмаса, бир дарахтинг кўкартиб кетсин.

Хаёлларим пардай тўзғир, бу узун тунда...
1973 йил 1 январь 

ЕЛКАН

Уммон сари елкан кетди,
Аммо ортга қайтмади.
Куйи унинг қайда битди,
Ҳеч ким келиб айтмади.

Айтмадилар, ўтди кун, ой,
Йўқ елканнинг дараги.
Қайга ғойиб шиддат, чирой,
Елкан — мардлар юраги.

Бир мақсад, деб тун-кун юриб
Улар азоб чеккандир.
Аро йўлда бўрон туриб,.
Балки сувга чўккандир.

Балки йўлда адашгандир
Тўфонларда саргардон.
Қарғамаса машъум тақдир,
Балки қайтар бирор он.

Қайтмаса ҳам эзмас армон,
Янграр юрак нидоси.
Бир мақсадга фидойи жон,
У бир мақсад фидоси.
1973 йил 2 март 

ЮРАГИМГА

Ёмғир бўлиб ёғиламиз биз,
Шамол бўлиб шошқин эсамиз.
Кўклам бўлиб кимга очиб юз,
Пичоқ бўлиб кимни кесамиз.

Маъсум, апоқ-чапоқ ким билан —
Кетажакмиз кўнгил тўқ бўлиб.
Кўтарамиз кимнидир баланд,
Кимга санчиламиз ўқ бўлиб.

Яшарканмиз осмон остида
Бунинг бари бизга келур дуч.
Сен додламай менинг дастимдан,
Нимжон юрак, топа олгин куч.

Биламан, сен гулдай нозиксан,
Фақат гуллик этмас мени шод.
Юксакларга уча ол тик сан,
Пайдо қилиб темирдан қанот.

Яшамоқда кўпдир сафо, дард,
Дамлар келар тошни емиргай.
Сен гулдайин узилмасдан шарт,
Пайт келдими, айлан темирга!

Қайси бир дам патдай тўзийсан,
Ола олгин қайта йиғилиб.
Алангада мисдай қизийсан,
Гуллигингдан қайта туғилиб.

Ўзингники ўзингда доим,
Сен онадан туғма, нозик гул.
Аммо турсанг назокатли, жим,
Баъзан ном қўйишар сенга «гўл».

Бу асрда гуллик ўзи кам,
Темирликни эт ўзингда жам!
1973 йил 2 март 

* * *

Сени кимлар қилмайди талаш,
Кимлар юрмас ортингдан дайдиб,
У кўп кўрган меҳр, эркалаш —
Бошқаларга насиб бўлсайди.
Бор гап шунда, ўзгалар сени
Ардоқлашга топмайди имкон.
У ҳаттоки сезмас ҳиссингни —
Интиқ қалбга тўлдирадир қон.
Шу қон билан яшайсан бесўз —
Умидингдан кутиб тантана.
Ўнгда кўрмай хира тортар кўз —
Тушда кўриб шодмонсан яна.
Умр ўтмоқда шу хил фараҳсиз —
У ўзига кўрмас сени эп.
Бирни ўйлаб яшарсан бахтсиз,
Мингта бахтсиз яшар сени деб.
1972 йил 17 июль 

* * *

Сиз билан миннатдор хайрлашаман...

Неники шароб деб ўйлаб югурдим,
Сароб бўлиб чиқиб, қоқилдим йўлда.
Қаердаки кўм-кўк жаннатни кўрдим,
Учиб етгач ҳайрон, тентидим чўлда.

Нени ой деб ўйлаб, кўзимни тикиб,
Заррин шуъласига юз тутдимки зор,
Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб,
У отган ўқлардан кўксим ярадор.

Неники мангу деб ушлаган пайтим,
Баликдай сирғалиб чикди қўлимдан.
Ортиқ олди, аммо бермади қайтим,
Савдогарлар чиқиб баъзан йўлимдан.

Қай боғ қоровулин ғафлатки олди,
Боғни талон этар ўғрию каззоб.
Бу кун дармон кетиб тизларим толди,
Сизки ёнимдасиз, ёнимда азоб.

Ким мен кушча мисол талпинган дамим,
Қарғадай хўмрайиб ташлади назар.
Бу кун уларда бор ўчим, аламим,
Бу кун мен улардан қиларман ҳазар.

Ишқингиздан қолди юрагимда доғ,
Англадим ишқингиз ўтсиз эканин.
Порлаб кўринган гул бўлди-ю янтоқ,
Кўнглимни қон қилди унинг тикани.

Агар ишқингизда бўлса эди ўт,
Бу қора қуюнлар қилмас эди кор
Ва менинг қалбим ҳам қолармиди бут,
Минг битта балога бўлмай гирифтор.

Бу чигал хатолар тўйдирди жуда,
Тилагим оқ, сизга дуч келсин бахт, шон.
Аммо менга айтинг бир оғиз видо
Ва узилсин бизни боғлаган арқон.

Сиз билан миннатдор хайрлашаман...
1973 йил 26 март 

ЮЛДУЗЛАРНИ ОСИБ БЎЛМАС

Кеча баҳор...
Боғда олма гуллаган эди.
Бугун-чи қор —
«Қор хат»га туширар ким кимни.
Кечаги кун
Онам мени бешигимга белаган эди,
Бугун бешикка мен белайман ўғлимни.
Ўқларнинг дуди-ку, ўқларнинг дуди —
Офтоб тиғида қорайишимни истамас онам.
Ана у, невараси — оппоқ ўғилчани
Боши узра тутиб
Кўз-кўзлар бу дам.
Шулар учун
Беҳудага сарфламайин қалб кучин,
Дунё ичра дунё қадар балқимоқ —
Чарақлаган юлдузларни кафтга олмоқ керакдир.
Юлдузларнинг уруш кўрган рўзғорлардай тўзишини
Ва мўлтираган кўзларда аччиқ ёшлар сизишини
Кўрмоқ учун —
Васвасага тушиб қолиб, кимлар нотинч юрадир,
Кимлардир дор қурадир —
Юлдузларни осмоқ қасдида!
Ерга тушган ним қизил олмаларни —
Ҳилолдек-ҳилолдек болаларни
Оёқ билан босмоқ қасдида улар...
Қарши турмоқ керак!
Сўнмас қуёш сингари ёниб —
Бир-бировга
Ўзингга инонгандай инониб,
Гўдак севгисининг ниҳояси йўкдир,
Оқсоч оналаримизни гўдак меҳри билан ардоқлаб, суйиб,
Завқланиб, куйиб, яшашимиз керак.
Шундай яшайликки,
Бизнинг шу уруғ ундирадиган —
Шу ҳали гўдакни авайлаб ўстирадиган
Майин қўлларимиз
Ёвузлар бўйнига чайир сиртмоқ бўлиб тушсинлар.
Токи ваҳший иймонга келсин...
Ахир, ахир болаларни босиб,
Юлдузларни осиб бўлмайди!
1972 йил 12 август 

* * *

Тўсатдан кўзимга тушди чўп,
Йўқотдим хушбўй гул исини.
Севгилим, ўртанма, ёнма кўп,
Қайтадан топмасман мен сени.

Тўсатдан кўзимдан айрилдим,
Кўзсиз ҳам яшар-ку одамзот.
Агарчи йўлларда тайрилдим,
Аввалги шиддатда сурмам от.

Атрофда сукунат, бир совуқ,
Жимлик... йўқ, тўполон, тўполон.
Сен келма, бўлмагин чирмовуқ,
Усиз ҳам бу дардлар олар жон.

Энди мен
Дилимга «тош бўл», — деб айтаман.
Сенга ҳам тилайман тўзимни.
Ахир ким кўрган кўр қайтадан
Топганин йўқотган кўзини.
Тўсатдан кўзимга тушди чўп.
1973 йил 8 октябрь

БИР АЁЛНИНГ КУНДАЛИГИДАН

Бола эдим, бир кун ёзгим келди тўлиб,
Ғалати, ўт тушиб ёнгандай ичим.
Кемтик тиш ўртоғим лой кўтариб келиб,
Олиб кетди мени «нон» ёпмоқ учун.

Ёшлик йиллар эди, сочим белга тушган,
Ёзгим келди бир кун сершиддат, ғолиб.
Кузак эди чоғи, буғдой авжи пишган,
Буғдойзорга кетдим чалғини олиб.

Қайси бир йил эди, ўз-ўзимдан ҳузур
Қилиб бир тонг аста дафтарим очдим.
Онам кириб деди: «Совчи келар ҳозир»,
Кийикдайин ҳуркиб панага қочдим.

Кейин... бир кун билмам, ненингдир хаёли
Банд этиб дарчадан тикилдим узоқ.
У деди: «Жон қушим, суюкли аёлим —
Туюлмаяптими уй сизга тузоқ?!»

Шундай. Кетаяпман юрагимда гоҳ-гоҳ
Янграб, секин-секин сўнмоқда нидо.
Ҳар бир шеъримни мен туғилмасиданоқ
Атрофдагиларга қилганча фидо.
1972 йил 22 май





- «СУЯНЧ ТОҒЛАРИМ» ТЎПЛАМИДАН -
(1976)

Истамайман, ризқим менинг бўлмасин ярим,
Порлаб ёнгай ё ногоҳда сўнгай кўзларим.
Яшай билмам қувониб ё гам чекиб кам-кам,
Ҳаётим ё жаннат бўлур, ё дуд, жаҳаннам.

СИЗ ЙЎҚЛАБСИЗ...

Сиз йўқлабсиз «меҳр кўргизиб,
Келмаслар», — деб армонли.
Сиз бош эгиб йўқлайсиз-у
Аярмидик биз жонни.
Шундай йўқлаб келгандик бир,
Тополмадик, на илож,
Кийдирмоқчи эдик ахир
Бошингизга бахтдан тож.
Йўлингизга алвон-алвон
Чечак сочсак дегандик.
Умр боғида шўх-шодумон
Ғунча очсак дегандик.
«Айтсам, рад этса, қўйса чек»,
Андишангиз эшитиб,
Биз ўзимиз очмоқ бўлдик
Толеингиз эшигин.
Излаб келсак, мана, йўқсиз,
Ғурурли дил хомталаш.
Қайтмоқдамиз йўл шукуҳсиз,
Қайтмоқдамиз кўнгил ғаш.
Ўч ҳиссими кўзда қалқир,
Бир лоқайд, бир хотиржам.
Эртанги кун йўқлаб балки,
Сиз топмайсиз бизни ҳам.
1977 йил 14 май

* * *

Сиз билан қайтадан кўришмасмиз биз,
Биз юрган сўқмоқни ўт-ўлан босди.
Юлдуздай икки ён учдик иккимиз,
Нурга ғарқ бўлганда юлдузлар ости.
Бу оқшом оламни нурга ғарқ этди,
Туташ юракларни, аммо, тарк этди.

Ёнма-ён турмаган мисоли учдик,
Абадул-абадга менсиз яшайсиз.
Кузатар эмишсиз суратимни лек,
Йўлга умид билан нигоҳ ташлаб сиз,
Қорасин кўрсатмас, — дер эмишсиз лол
Йўлдан изларимни супурган шамол.

Тушуниб-тушунмай бахт ошиёнин
Тарк этдик, қайтадан учиб бормасмиз.
Ва амин бўлингки, чиқса ҳам жоним,
Кетганим кўчадан солмагайман из.
Билмассиз лек ниҳон Сизни кўрганим,
Дунёга сиғмай шод, маъюс юрганим...

Интиқ туйғуларим, ўйларим маним
Ўжар ғуруримнинг қурбони бўлур.
Умрим сўнгигача Сизнинг эканим,
Шу ўйим, куйимни ёритгувчи нур.
Бундай тоқ ва лекин пок севолгай ким,
Бу тақдирдан зарра зорим йўқ, бегим!

Сиз билан қайтадан кўришмасмиз биз...
1974 йил 14 май 

* * *

Ҳар ўлимда тириклик бор,
Ҳар тирикликда ўлим.
Шундай экан ғам не даркор,
Ҳасрат нега, булбулим.

Ўтаркан кўклам, ёзимиз,
Етарканмиз қор, оққа.
Янграй-янграй овозимиз
Маҳкум экан тинмоққа.

Бас, янгратиб дил созини
Толамиз биз унгача,
Ўлмасликнинг қоғозини
Оламиз биз унгача.

Қасдма-қасд, шавқ қучоғида
Яйра, яйра, жон қушим.
Қизил гулнинг бутоғига
Ёзиб қўйгин ўнг, тушинг.

Куйлай-куйлай баравж, баланд
Бир кун ногоҳ тўхтаймиз.
Ва уйғонмоқ шавқи билан
Мангу қотиб ухлаймиз.
1974 йил 8 май

* * *

Атиргулга ўхшармиш бўйим,
Атиргулга айланмоқ ўйим.
Ўйим — қизил гулга айланмоқ,
Нигоҳларга суйгун бойланмоқ.
Фақат дилда бир хаёл, бир дард,
Мен гул бўлсам кимдир узар шарт,
Сўнг қайси бир гул қўлга учраб,
Сўнг сўламан гултувак ичра.
Барчасига ақлим етса-да,
Ваҳималар ўйим титса-да,
Тез сўлмоғим сезиб турсам ҳам,
Қийноқлардан безиб турсам ҳам,
Хоҳ хушбахт, хох бахтсизга йўйинг:
Атиргулга айланмоқ — ўйим.

* * *

Сен булоққа сир айтма, бас,
Айтсанг, вазмин тоққа айт.
У булоқдай чулдирамас
Келса ҳам энг оғир пайт.

Гап билан иш битиргувчи
Булоқни чиқар ёддан.
Тонгга, тунга жим киргувчи
Тоғ билан сирлаш, шодлан.

Биз ҳам гарчанд кўксимизда
Булокдай шўх юракдир,
Аммо тилга — кечмоқ сўздан
Тоғ сукути керакдир.

Бардошда мен тоғларга тенг,
Сабри тугаб куйлар най.
Менинг тилим минг дардимнинг
Бирин шарҳин айтмагай.
1975 йил 6 февраль

ЮРАК ЁНАР

Юрак ёнар, туйғуларим мастона, дайди,
Тошаётир, эҳ, бу қалам нега ёзмайди?
Халал берманг, синдираман икки букиб шарт.
Юрагимдан қўшиқ бўлиб учар шавқу дард.

Шавқларимни этагидан қолмаса тутиб,
Ўйларимнинг қуюнини шеърга беркитиб,
Қўлимдаги қуролимдан кўрмасам қадр,
Ёзилмасдан чириб битсин кўнглимда сатр.

Ишонч билан кўксимни тик кўтарган чоғда
Шу қаламдай дўст ҳам мени қолдирса доғда —
Шу фурсатдан мен дегайман унга хайру хўш,
Энди оралиқ арқонни қўйиб бўлмас бўш.

Таранг тортгум, ё дош бериб менга тургай тан,
Ё узилиб йиқилгаймиз икков юзтубан.
Кимга берсам бердим дилнинг бор ишқ, бор ўтин,
Ўзимнинг ҳам олгим келар албатта бутун.

Истамайман, ризқим менинг бўлмасин ярим,
Порлаб ёнгай ё ногоҳда сўнгай кўзларим.
Яшай билмам қувониб ё ғам чекиб кам-кам,
Ҳаётим ё жаннат бўлур, ё дуд, жаҳаннам.
1974 йил 2 май 

ЎЗБЕКИСТОН

Сулув Сибир қайинлари кўк япроғу оқ бадан,
Тоболскда мушоира, шоирлар созлайди соз.
Бу гўшангга бир қушчадай мен ҳам учганман, Ватан,
Кўрдим бунда дўстликни мен қандай қилурлар эъзоз.

Навбат бериб дедиларки «Ўзбекистон сўзлайди»,
Она юртим, мени сенинг тимсолинг дедиларми?
Онам, сенинг «юзинг»ни деб улар мени «сиз»лайди,
Йўқса бу ғўр шоирингни туш кўриб эдиларми?!

Ҳали отам туғилмасдан машҳур эдинг, Ватаним,
Зукко боболарим қўли Сени зарга ўради.
Дунё сени Улуғбекнинг юрти деб суйиб таниб,
Суйиб сендан сўз очсалар — Навоийни сўради.

Фурқатингнинг фиғонидан Ёркентни тутди тўзон,
Гангнинг қирғоғида Бобур сени ёдлаб оҳ чекди.
Улар ғазал битдилар-у юраги бўлиб сўзон,
Соғинчларин уруғ мисол ўзга тупроққа эқди.

Соғинч куйин тинглади-ю сергак дунё қулоғи,
Сени эсга олди, Ватан, олиб қасос, ўчини —
Яна эсга олди шундай Тўйчибек ўлган чоғи,
Кўксин тутиб, ажал сочган тўп овозин ўчириб.

Наъматакка айланди-ю устоз Ойбек ижоди,
Қояларда гулга кириб, ол қуёшга қўл чўзди.
Устоз Ҳамид кўзларини ғойибдан тиклар ёдим,
Кўзки, нури «авлодга» деб қуёш ёққа йўл чизди.

Шайхзода баёзида қомат тикладинг бўй-бўй,
Ғафур Ғулом наърасида юксаклигингни кўрдим.
Айтаберсам... ортиқ сўзга ҳожат борми. Энди қўй,
Улар бари кенг дунёга сени эслатди, юртим.

Бир вақтлар ҳам деганлар-ку: «Ўзбекистон сўзлайди!»
Шунда улар сўзга чиққан — менга бобокалонлар.
Ўша пайтлар бу минбардан тушган экан сўз айтиб,
Ҳали-ҳануз бу сўзларни такрорлайди замонлар.

Мен нима ҳам дей олардим, бундай пайтларда тиниб,
Сўз айтмоққа шошмай, ўйга ўйларимни улайман.
Бир-бир босиб минбар сари борарканман қимтиниб,
Боболарим шиддатидан бир чалимин тилайман.

Боболарим сўзи Сени юксалтирди қуёшга,
Тўфонлардан қўнган гардни рухсорингдан сидириб,
Мен ҳам шундай ўтажакман Сени кўтариб бошга,
Шаънингга лойиқ бир сўзни умрим бўйи қидириб.

Ўзбекистон, бошгинангдан қуёш абад нур тўкиб,
Дориламон кунда яша, бор экансан токи Сен.
Тонготарда тупроғингга эгиламан тиз букиб,
Сен қуёшга қўли етган боболарим хокисан.
1974 йил 28 май