Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 8 |
9 дан 16 сахифа
КЕЧАГИ КУН Тинчлан, кўнгил, бўлма дилхун, Ором топмадинг сира. Майли, гарчанд кечаги кун Бугунни қилар хира. Бошқа эди кечаги кун, Сен уними йўқлайсан. Чақирганда бермадинг ун, Энди нечун йиғлайсан? Кечаги кун қуёш бошқа, Бошқа эди тун, майса. Бугун бошинг уриб тошга, Самар топмай излайсан. Бу тунги ой ортиқ маъюс, Кундуз қуёш ортиқ шўх. Гуллари ҳам бошқароқ тус — Кечагидай тортмас, йўқ. Ўтган ўтди, дил таскин топ, Бўлса ҳамки худди туш. Кечаги чекилган азоб, Бугунги қувончдан хуш. Дил, бугунги боғларга қўн, Бўлолсанг, бўл асира. Гарчанд, дилда кечаги кун Бугунни қилар хира. 1976 йил 20 май * * * Икки қуш бор, қувонч, ғам қуши, Яшолмайман юзим ўгириб. Келар бир-бировин қувишиб, Бирин ташлаб учади бири. Ғам қушининг ранги қоп-қора, Қаро тун ҳам илғаб титрайман. Учиб келар туманлар аро Қувонч қуши, яйраб потрайман. Мен бир овчи, ношуддан-ношуд, Бу икки қуш ҳам бахт, ҳам шўрим. Отдим, қаро қуш бўлмас нобуд, Оппоқ қушни тутолмас тўрим... 1974 йил 14 май * * * Абад сўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман, Ўнглаб бўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман, Сўнг нафаси келар бир кун — не тирик жон туғилди, Мен ҳеч ўлмас муҳаббатга фидо бўлиб ўтяпман. 1974 йил 14 май ОНАМГА АЙТИНГ... Майлига, бошимни хам қилсин кадар, Қабоҳат тошлари тўлсин хонамга. Биргина одамга етмасин хабар — Айтмангиз бу ҳолни ёлғиз онамга. Бахт, омадим келса галма-гал оқиб Даврон мени бошда кўтарган пайти. Майли, ҳеч ким ундан бўлмасин воқиф, Сиз уни ёлғизим, онамга айтинг. Ғамим эшитган кун надоматга қул, Қабоҳат тошларин териб юради. Қувончим эшитса ўз уйида ул — Даврон кўтаргандай давр суради. 1976 йил 22 май Сайланма. - «ИССИҚ ҚОР» ТЎПЛАМИДАН - (1979) Ишқ, армон гул очиб, сўлса жонимда, Йиллар олиб кетса беркитиб, ўраб, Жилва дардин берманг қаҳратонимда, Умримнинг сўнгида келмангиз сўраб. СОҒИНИШ Келмоқдадир она-Ернинг сафо дами, кўк дами, Салом Сенга, туғишганим, Узбекистон кўклами. Айланайин, она-Ер-эй, бир бошоғинг бўлайин, Бир бошоқ не, сен суянсанг суянч тоғинг бўлайин. Шилдир-шилдир шувоқларга сирғам тушиб кетгач мен, Сендан йироқ-йироқларга бирдан тушиб кетгач мен, Жигаргўшам, Сени қўмсаб, жигарларим силинди, Ойлаб офтоб кўрмаганда офтоб ўрни билинди. Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган Ер, Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган Ер. Ғиротларнинг изи қолган дала-даштни соғиндим, Менам сочим саҳар ювиб майдалашни соғиндим. Бу ўзимми, мен ўзим ҳам ўнгимми, йўқ, туш бўлай, Айланайин, туғишган Ер, қанот бер, оққуш бўлай. Ҳеч бўлмаса енгилгина сузиб юрган оқ булут. Булут бўлиб кўриб келай, ҳар бир гиёҳ, ҳар бир ўт, Ўтдан тортиб ҳар одамни кўзларимга жойлайин, Менинг умрим нима ахир, шошиб оққан сойдайин. Токи қуриб қолгунимча югурик сой сингари. Она-Ер-ай, мен бағрингта томчи-томчи сингайин. Момоларим пойин ўпган бунда бўртган ҳар чечак, Мен ўтгач ҳам сени йўқлаб кўклам келаверажак. Мен ўткинчи, ўткинчига ғанимат дийдормисан, Қани, қучоқлашайлик бир, она-Ерим, бормисан! Келмоқдадир она-Ернинг сафо дам, кўк дами, Салом Сенга, туғишганим, Узбекистон кўклами! 1977 йил 14 март БОЛА, ОЙИНГ ОЛИМ ЭДИ... Улуғбекка Агар кетсам, агар кетсам, Бу дунёдан кетсам мен, Гуллаган чоғ, кутмаган дам, Оламни тарк этсам мен, Унда мени сен қай ҳолда Этажаксан тасаввур? Мендан сенга нима қолди — Болажоним, эслаб кўр: Излаб онажонинг ҳидин Сен уйғонсанг саҳарда, Ўз ўрнимда мен йўқ эдим, Чопар эдим шаҳарга. Вижир-вижир қўшниларга Сўзлар экансан доим, «Ойим менинг узоқларда, Олим бўлади ойим». Ўз юзингда ҳидим туйиб, Менинг қўлим сезмайсан. Она деса мени қўйиб, Энажонинг эслайсан. Ойинг бу кун олим бўлди, Олам унга айтди шон, Аммо дилга ҳасрат тўлди Ушбу дамда, болажон. Агар ногоҳ чалса бир тош, Ўлим тутса, солиб тўр: Кўзларингта тўлдириб ёш, Қай хислатим кўринур? Қай хислатим эслаганда, Чидолмай дод айларсан? Қай хислатдан ғаминг канда, Кўнглингни шод айларсан. Ҳеч бир... ўйлаб-ўйлаб зимдан, Тополмайман қидириб, Ташлолмайман ўз юзимдан Уят, орни сидириб. Мен узиб ўлимнинг тўрин, Сен деб келаман қайтиб. Минг қарзидан узмай бирин Одам ўла олмайди. Кел хонамга, келгин кириб, Турма тишда мўралаб, Ёғоч отда ўт қийқириб Ёзувларим оралаб Ўтгин, жоним қўзим, дедим, Кўкрагимда ўсди гул. Бола, ойинг олим эди, Энди она бўлар ул. 1977 йил 3 май БИР ЛАҲЗА... Кел, эй, ўз пайтида кел, байтим, Бир лаҳза илгари, илгари. Келмагин юзимни сарғайтиб, Кечиккан офтоб сингари. Кел, эй боғ, гуркираб барг ёйиб, Бир лаҳза илгари гулга кир. Гўдагим, қўйгин бир жилмайиб, Бир лаҳза эртароқ тилга кир. Эртароқ шовқин сол, шаршара, Юз ювай мен зилол булоқда. Уринчоқ тойчоғим, қарқара, Қарқара саман бўл, улоқда. Бир лаҳза мушкулни тезроқ еч, Юмалаб кетмасин ул соққа! Табибим, қолма кеч, қолма кеч, Бир лаҳза кифоя ўлмоққа. Ўғлон, сен қўлим тут, қўлим тут, Кўп совуқ кутишнинг шамоли. Эртароқ ечиб ол, бир минут, Хджроннинг қорамтир рўмолин. Етиб кел, туташдим мен ўтга, Бир лаҳза гуллаш ё ажалим, Бир умр кутдим, бир лаҳзага Етмайдир бу сафар мажолим. Бир лаҳза илгари, илгари... 1976 йил 3 март ЯНГИ УНГАН МАЙСА Янги униб чиққан майсани кўриб, Юрагимга янги туғёнлар кирди. Бошида қолдим мен хаёллар суриб, Бошида бошимда минг ўй чарх урди. Янги унган майса! Турардим туйиб Дилимнинг қувончу титроқларини. Чақалоқ онаси янглиғ мен суйиб — Ўпдим унинг мурғак қиёқларини. Унга ҳам қувонч, ғам дўллари ёғур — Дуч этиб юксаклик, гоҳо пастликка. Гоҳо танимай ҳам очарлар бағир — Гоҳ таниб, оларлар танимасликка. Бизлар танимоқни истамасак гар, Шуъла эмас, доғлар кўрамиз ойда. Кўнглимизда ётган сўқир сезгилар Фарқ эта билмайди гавҳарни лойдан. Ўз майда ташвишлар билан доим банд — Илғай олмаймиз гоҳ чақнаган нурни. Бир пайт эски, лоқайд нигоҳлар билан Йўқотиб қўямиз янги сурурни. Дарвоқе, 6у майса, ҳа, янги майса, — Қуёш, уни ўзинг ардоғингга ол. Дейман бу гўдакнинг умри узайсин, — Гуркираб ўссин у, билмайин завол. Эй, Сиз, чақноқ кўзлар, тортмангиз хира, У сўзлар янги бир дунё эртагин. Таний олинг қандай тоза, бокира — Бу таниш — кўклатсин майсани тағин. Бир зум суронларин тиндирсин-да жим, «Хуш келдинг», деб унга эгилсин олам. Энди тетапоя бўлган гўдагим, Янги унган майса — болажон, салом! 1976 йил 7 март * * * Албат етажакман порлоқ кунга мен, Етарман манглайи ярқироқ бахтга, Шу сўзларни ёздим қаро тунга мен, Шу сўзни ёздим ҳар ўткинчи вақтга. Палагимга қўшиб тикаётгандим — Тасодифми, ҳа-ҳа, бахтсиз тасодиф. Бузилди тикканим — нусха гул банди, Ҳамда етмай қолди ўша рангли ип. Қайсики мавжланган тўлқинга ёздим, Бул тўлқинни сурди ортидагиси. Қай майсага муҳрдай бу сўзни босдим, У сўлиб бошқаси чайқалди ўсиб. Ёзсам сафо билан бир зум олмай тин Боғнинг кўм-кўк, бўй-бўй ниҳолларига. Фасл айланмай улар тўкдилар баргин — Дош беролмай кузак шамолларига. Асов от ёлига ёзмоқ кўп қийин — Минг бир азоб билан ёзсам бехато. Отимнинг оёғи оқсади кейин, Кейин кўрмай қолди кўзлари ҳатто. Бу ҳам тасодифми, ўртанса-да тан — Аччиқ-аччиқ кулдим, «Тасодиф бари!» Бекорга дилимни қон қилмаяпман — Қизғиш рангда учар ҳали куйларим. Мен темир бўлсам ҳам бу йўқотишлар — Бўғин-бўғинимда қолдирмасди жон. Аммо кўклам, тағин қайтмоқда қушлар — Менинг кўнглимга ҳам инмоқда дармон. Темирдан-да қаттиқ бўлиб яшайман, Ўт, журъатим ғолиб келяпти яна. Мана тағин, тағин ёзмоққа шайман, Бу қалам бир куни қилар тантана. Ёзарман, ёзарман келгунча сўнг он, Хоинлик қилмасдан ўз қасам — аҳдга, Ўжар журъат бир кун келтиргайдир шон, Етарман манглайи ярқироқ бахтга. 1974 йил 10 март ЁЛҒИЗ БОШНИ... Минг хил чиқит қўшилмоқда оқар сувларга, Саёз тортиб қуринмоқда Оролнинг қуми. Мен қўрқаман қўшилишиб дили қувларга Юракларга чиқит-қувлик кирмаяптими? Ёмғирлар-ку, япроқларни кетмоқда ювиб, Бизлар уни тупроқ билан қормаяпмизми? Биз кундалик «ур, ҳо-ур»нинг кетидан қувиб, Меҳран тугаб, қалбан тугаб бормаяпмизми? Дил тубидан туйғуларни оларкан қириб, Бир кун тақир йўлга ўхшаб қолмасмиканмиз; Бу талотўп, «қув-қув», «чоп-чоп» ҳолдан тойдириб, Бир кун бўм-бўш уйдай бўшаб қолмасмиканмиз? Бу шошйлинч, бу тезликда кўрмай хосият, Мен қўрқаман, ноаниқ бир ҳислар кемирар. Мен ойларки, ўз онамни кўрмадим, уят, Мана, шундай пайдо бўла бошлар темирлар. Ойларки, мен ўз онамни кўролмай карахт, Демак, болам йиллаб яшар мени унутиб, Мунча тансиқ тортиб қолди дийдор деган бахт, Ютқизиқлар кўп, нимани оляпмиз ютиб? Айтолмайсиз, айтолмайман менам бошим хам, Аммо биламанки, нафас ростламоқ даркор, Билмоқ керак, ёнди кимнинг юрагида шам, Билмоқ керак, ёғди кимнинг юрагига қор? Йўқса, бизнинг ҳар биримиз бир улоқчи, ёт, Шериги йўқ, йўкдир битта узангидоши. Азал-абад кўпкарида тоқ чавандоз мот, От остида қолиши бор ёлғизнинг боши. Кечикяпмиз, бу гал аммо, Сиз шошиб келинг, Кўзлар тўлсин ишқнинг рангин бўёқларига. Ҳой одамлар, имилламай жипслашиб келинг, Ёлғиз бошни бермайлик от туёқларига. 1975 йил 21 март * * * Қуёш жуда эрта ботди, қилади алам, Намозшом гулидай сўнди тез бугунги кун. Қасдма-қасди тунга кириб дейман «ассалом» — Дўстлашаман қуёш эрта кетгани учун. Мен қуёшга қилмайдирман гарчанд хиёнат — Аммо усиз яшамоққа етар бардошим. «Бунча эрта йўқотдим?» — деб ёзар бўлсам хат, «Қайтарми», — деб йўлларида тўкилса ёшим, Кўз ёшимни шамолларда қуритиб олиб, Ёзганимни йиртиб-йиртиб четга отурман. Куйим билан ҳатто тунга ғулғула солиб, Унинг тундай юрагини боғлаётирман. Туннинг сукутини бузиб, алёрлар айтиб, Куйлатаман унинг ҳар бир ҳорғин онини. Қуёш мени қайта топмас келганда қайтиб, Кўз ёш тўкар эслаб мени йўқотганини. Мен тик, ўжар ғурур ҳаққи, кўтараман жом, Ўчлик билан яшаганга тилайман барор. Энди қуёш қуёш эмас, мен учун тамом, Уни тунга алмаштирдим — шу бўлди қарор. 1975 йил 22 август ГОҲ КУНЛАР ҒАРОЙИБ Гоҳ кунлар ғаройиб, шарҳига йўқ сўз, Таъми талх шаробдай жоминг тўлдирар. Дуэлга чиқарди аввал юзма-юз, Энди бир-бирини зимдан ўлдирар. Аввалги ошиқлар кўзларида қон Ишқи учун жонин қўярди гаров. Эндиги ошиқ гоҳ чамалар имкон, Қийинроқми, йўлдан қайтади дарров. Аввалги ошиқлар кўкрагида оҳ, Майдонга кирганлар ғурур, шон учун — Бугунги ошиқлар туюлади гоҳ От солаётгандай мансаб, нон учун. Тағин энг қизиғи, фақат пардали, Пардали суярлар, пардада юрар. Кўнглидаги қаҳрни ҳеч ким зардали, Қаҳр билан айтмайди, пардага ўрар. Парда орасида кетяпмиз ҳориб Йўл солаолмасдан ошкор бир ёққа. Журъат тарк этмоқда бизларни, бориб Дўстга «Мен соғиндим Сени» демоққа. Журъат тарк этмоқда бизларни гоҳо, «Пичоқ кесар, ўткир бўлса дами» деб. Бировга бермаймиз муносиб баҳо, Бошқаси аразлаб қоладими, деб. Журъат тарк этмоқда бизларни баъзан, Гарчанд гоҳ меҳрдан кўнгил ёшланар, Сор бургут мадад сўз кутмоқда биздан, Улуғ парвоз балки шундан бошланар. Мадад сўзсиз бургут учса-ку учди, Гоҳ бургут кексаяр шу сўзни кутиб. Ожизмиз, биз қўллай билмадик қушни, Аянчмиз, «йилт» этган нур кетди ўтиб. Мен ҳаммага аввал журъат тилайман, Муқим журъат олган қалбни, қалъани. Душман душманлиғин ошкор олсин тан, Дўстим ошкор бўлсин кўнглим малҳами. Журъат нима, журъат ўзи асли ўқ, Нишонни урмасдан қўймас отган дам, Кўп раҳмим келади ошкор фикри йўқ, «Пардали» шеър ёзган шоирларга ҳам. Гоҳ кунлар ғаройиб, шарҳига йўқ сўз... 1977 йил 12 май ГУНОҲ Ким у бизни қушдай бегуноҳ деган, Гуноҳ бизнинг бошдан-оёққача то. Ерда инсон кўзга ёш олар экан, Бу ҳали гуноҳдир, бу ҳали хато. То ерда яшаркан юраги куюк, Ҳали оқланганмас Инсоннинг йўли. Ҳали елкамиздан босади бу юк, Ҳали қуёш бизга бермайди қўлин. То ерда яшаркан биз билан, ўртоқ, Гоҳ-гоҳ бош кўтариб макру қабоҳат, Ўқдан сачраган қон юзимизда доғ, Нон тиланган етим — бизнинг жароҳат Қамоқ жазосида мингу миллион Озодлик нурини кутаркан толиб, Улар кўксимизда кўтарар исён — Тандан ором, кўздан уйқуни олиб. Онанинг сочига барвақт қўнса оқ, Боланинг кўнглига бевақт чўкса тош, Бу бизнинг ўзимиз сезмаган гуноҳ, Бу айб бизникидир мутлақ, замондош. Мен ювмоқ истайман ўз гуноҳимни, Биз ювамиз барча гуноҳларни оқ. Бир кун гул қоплайдир дунё боғини, Бир кун хазонларни унутади боғ. Ерда Инсон кўзга олар экан ёш, Ҳали биз ювмаган айб бу, замондош! 1972 йил 6 февраль ТАНҲОЛИКДА Тўлкинлар: «Кирғоада лоқайд турмагин», — Чорладилар шўх. Мен шўхчан дарёга ўзим урмадим, Мен борганим йўқ. Тепамда турналар арғимчоқ солди, Осил, кенг, — деб, — кўк. Мен икки қулоғим бекитиб олдим, Мен борганим йўқ. Чавандоз от қўйиб нақ шамол сиёқ Қичқирди: «Учайлик, кел, эй, худди ўқ». Узангига қўйиб кўрмадим оёқ, Мен борганим йўқ. Тўлқинда, кўк, ерда бўлмай сархуш, маст, Бул кун ўлтирибман кетиб пинакка. Бул кун бор чақириқ бўлгандир абас, Қолганман якка. 1977 йил 20 май * * * Ўт билан ўйнашиб қорда, ёмғирда, Яшаяпман унга бергим келмай тан. Аммо ўйнай-ўйнай бирдамас-бирда Куйиб кетмасам деб қўрқаман... Яшаяпман... билмай қай рангда сукут, Бетоқат тоқатга тўлдир жомимни. Ўлсам ҳам... қачондир ўлдиради ўт — Ҳаяжон олади жонимни... 1975 йил 3 январь ИССИҚ ҚОР Чиллада иссиқ қор қаердан пайдо — Бул қадар илиқлик, топ-тоза ҳусн. Мен тиниқ хаёллар чарх урган жойда Йўқотиб қўяман дунёнинг тусин. Кўкарар кўксимда баргин тўккан боғ, Ўтолмас дарёда кўраман кечик. Ўзини йўқотиб топмоқ, чарх урмоқ Кўклам жилғасининг иши, ҳар нечук. Ишқ, армон гул очиб, сўлса жонимда, Йиллар олиб кетса беркитиб, ўраб, Жилға дардин берманг қаҳратонимда, Умримнинг сўнгида келмангиз сўраб. 1975 йил 3 январь ЯНГИ ЙИЛ КЕЧАСИДАГИ ЖОМСЎЗ Ҳар янги йил кирар экан, жомсўз айтгали Қадаҳига ҳар ким маҳзун бир зум тикилар. Жомсўз асли бир баҳона, ортга қайтгали Шу лаҳзада юрак эзгин, юрак тўкилар. Бир йил ўтди базм янглиғ қисқа умрдан, Тағин бир қур баргларини ерга берди боғ. Йил ўтибди... сергак тортиб қоламан бирдан: Мен йил бўйи яшадимми ишқ билан иноқ? Ўйлаяпман... гоҳо боис турли сабаб, сас, Унинг менга, менинг унга маҳтал кунимиз. Узоқмикан... ахир икков бир кунда кетмас, Иккимизнинг сўнг кунимиз, маҳшар кунимиз. Сиз-чи, айтинг, ул эшиқдан учиб кирган он Учиб-қўниб қучоғига отилдингизми?! «Келдингизми?» шу бир сўзни титроқларда жон Ҳайрат билан айгмоқликка ботиндингизми? Келдингизми, шу бир сўздан бағри бут бўлиб Қўш жилғадай ул шошдими, Сиз шошдингизми? «Келдим, келдим», ул кирганда ёниб, ўт бўлиб, Бир ўт каби Сизам унга туташдингизми? Шул туташув онларида жомдай тўлай денг, Тўкилай денг, тўкилмаслик, тўлмаслик гуноҳ. Паноҳ бўл денг, мен бир умр қарам бўлай денг, Ишққа қарам шу лаҳзани яшаганлар — шоҳ. Хаёлингни оппоқ қорлар ўраган тунда, Йўқ, ҳавойи ҳавасларга ичар вақт эмас. Минг, миллионлар яшаётган бу кенг заминда Ул қидириб Сизни топди, 6у кам бахт эмас. Энди эса... тағин кўп гап айтар қорли тун Бу бирликнинг кипригига қўнмасин деб гард. Ораликдан ҳижрон ўсиб чиқмасин учун Сиз узлуксиз туташ яшаб бормоғингиз шарт. Чегарада соддатлармас, мен ўйлаган дам Чегарада эркак-аёл қад тиклаб турар. Улар туташиб турсалар, қучишиб маҳкам Ёв бу юртга қай томондан йўл топиб кирар? Улар туташиб турсалар, қучишиб маҳкам Шамолидан баҳра олиб ўсар гўдак, боғ. Шу бирлик тик турганида ғамми — қолган ғам, Бу бирлик уй, юртни ёвдан тўсар юксак тоғ. Бу янги йил туни, йилнинг энг илк ишқ фасли, Инсон буюк — ишқнинг буюк сирлиги учун. Бу дунёни тутиб турган шу бирлик асли, Кўтарингиз эркак-аёл бирлиги учун! 1977 йил 27 декабрь НАТАЛЬЯ ГОНЧАРОВАГА Билмам, Пушкинни севмоқ бахтсизликми ёки бахт, Хоним, Сизга ҳам яшаш тушмагандир осонга. Аммо, битта туйғуга инонганман ҳамма вақт, Сизни Ҳумо қушидай ул кўтарган осмонга. Наталья! Ким яратган Сизни қўл билан чизиб, Сиз илоҳий ҳуснда шоирни этганда ром, Улкан фикр дарёсин қиргоқларини бузиб Офтоб келди Сиз билан, ҳам ёнма-ён келди шом. Сизни иситмадими бериб бор дил чўғини, Энг қайноқ туйғуларин бахш этмадими Сизга. Порлоқ шон-нгуҳратини, қанотли довруғини Сочмадими гуллардай пойи қадамингизга. Турли иллат, ғамдан гоҳ куйласа ҳам ўксиниб, Сизгача шоир ҳатто ёқарди-ку аёзни. Нечун Сизни севгач гох руҳин қаноти синиб, «...Шеър йўқ. Кунлар ўтяпти. Шеър келмайди...» деб ёзди. Майли, не ўтса ўтган, ўртада бир аср бор, Дейман-у, бу фикрга этолмайман ўзни жалб, Кечиринг, шу жумладан туюласиз гуноҳкор, Балки Сиз сабаб совий бошлагандир даҳо қалб. Қандоқ нафас олгансиз устун келиб бўҳтон, кин, Ортдан шоир номусин сотаётган пайтларда. Ёвуз рақиб мўлжаллаб, унинг дурдай юрагин, Ҳатто қўли қилт этмай... отаёттан пайтларда. Оҳ, аёл, биз аёллар ширин сўзга бунча ўч, Гоҳ бор хушомадгўйнинг бўламиз кўнглин олмоқ. Балки ўша лаҳзада ёлғиз севгилимизнинг Кўкрагида биз учун бошланади йўқолмоқ. Кейин, худди Сиз каби ғурур, ишқдан олисда Оҳлар уриб чорлармиз, етим қолган ишқ, сирни, Бир лутфига арзирми Дантес деган олифта, Ҳатто Сиздек париваш бир шеърига арзирми? Ул-ку ҳуснингиз куйлаб ёндирди оломонни, Ҳалок бўлди тождор эрк, ишққа туширмай соя, Ул худодай сиғиниб Сизга, ишққа инонди, Сўнг машъум он не учун ишқ қилмади ҳимоя?! Ўйласанг... келаверар шу хил турфа туйғулар, Асли бугун Сизни ҳам олқишлаймиз туриб тик. Ахир юз йил, минг йилда Пушкин битта туғилар, Бахт эмасми шу улкан Даҳога ёстиқдошлик! Сиз ҳуснин овозаси юз йиллар оша кетган Кибор рус оламининг санамларин бирисиз. Йўқ, йўқ, Сизни уларга тенг қўйсам хато кетгум, Сиз Пушкиндай инсоннинг севгиси, тақдирисиз! Юз йилда бу тупрокдан юз минг санамлар ўтган, Беҳишт боғлари аро сим-сим саболар каби. Нозик, сарв қадларин бул кун тупроқ беркитган, Бул кун кимлиги унут, унут наслу насаби. Аммо Сиз-чи, тирик ўт бор экан то қонида Одамзод Пушкин билан тоабад айлар висол. Демак, Сиз ҳам то абад ўлмас Пушкин ёнида Порлаб келаверасиз, тоза, ҳарир гул мисол! Билмам, Пушкинни севмоқ бахтсизликми ёки бахт. 1977 йил 12 май БИР ДЎСТ ХОТИРАСИГА I Кўзимга кўринар тошлоқ йўл, узун, Сен йўлда бош яланг келяпсан, шошиб. Сен эса, оҳ, сен-эй, кечиргил ўзинг, Ўзинг кетмадингми ерга туташиб? Қалин, ғайир сочни шамол ўйнайди, Чарос кўз нуридан тарқалар туман. Сен ўзинг қайларга кетдинг, сен дайдим, Кечда қайтасанми аввалгисимон? Бу кеч шафақ ранги сенсиз бўлар ол, Сенсиз ботар бу кеч олам қуёши. Эллик ёшли чолдай уканг қадди дол, Қабрингга томчилар чарос кўз ёши. Менам юрагим қон, кўтармасдан бош, Янги қабр ёнида йиғларканман жим, Қай туманда қолиб йигирма беш ёш, Қаддим камон бўлиб элликка кирдим?! Йўқ, бу бари рўё, яна тошлоқ йўл... Ўзингмасми, ахир, йўл бошидаги? Муаллақ қоляпти мен узатсам қўл, Чақираман, аммо жавоб йўқ тағин! Кўзимга кўринар тошлоқ йўл, узун... 1977 йил 19 январь II Энди юмуқ кўзларинг сенинг, У кўзлардан қочмайман энди. Бу кун мағрур иродам синиб, Бағрим менинг тупроққа тенгдир. Армон бўлдим тириклигингда, Аччиқ дудга тўлмоқда кўксим. Бир умрлик тириклигингга Мени ноҳақ ишонтирди ким? Бахт ошёнин сенга деб қуриб Доим интиқ кутар деди ким? Умринг қадар ортингдан юриб Фидо бўлиб ўтар деди ким? Йиғлаб ёзмоқ менгами ҳавас Эрка ғурур бўлгач поймол, пуч. Ёки қилмишимга қасдма-қасд Ўлиб олмоқ бўлдингми сен ўч? Номард, қайга учдинг сен қушдай, Ишқ гул очмай қолдими сўлиб. Висол базмин қурамиз тушда Ўнгдагидан иноқроқ бўлиб. Кимга тегди ўлим отган ўқ, Гул ҳолича дув тўкилди ким? Энди сенинг кўзларинг юмуқ, Оламда йўқ менинг интиғим. 1977 йил 20 январь МЕН ОЛМАМАН... Бир олма келади тўлқинда оқиб. Саида Зуннунова. Мен олмаман, тўлқин билан ўйнаб оқиб боряпман Кимларнидир кўзларини ёқиб, оқиб боряпман. Кимлар менга маъюс боқар, раҳми келгандай афти, Кимлар қўлин узатганча етолмай қолаяпти. Мен ўйноқи тўлқин билан ўйнаб, оқиб боряпман. Ногоҳ, шохдан узилдим-у дарё бўлди тушганим, Тиними йўқ ошқин-тошқин дунё бўлди тушганим, Ўчгани йўқ рангимнинг ҳам тарам-тарам қизили, Оҳ, ва лекин толдирмоқда тўлқинларнинг ҳазили. Ногоҳ шохдан узилдим-у дарё бўлди тушганим. Сувлар қувлашмачоқ ўйнар, менга тиним бермаслар, Бу ўйиннинг шавқи билан, улар тун-кун шўх, мастлар. Тўлқинларни эрмак қилиб мен ҳам қочиб келяпман, Орзулардан бағрим тўлиб, чеҳра очиб келяпман. Сувлар қувлашмачоқ ўйнар, менга тиним бермаслар. Узун, яна кучли бир қўл олдда кутади мени, Эртами, кеч шиддат билан у қўл тутади мени, Ва кетаркан шўх тўлқинлар қучоғидан айириб, Танҳо эзилсам ҳам ортга боқмагайман қайрилиб. Узун, яна кучли бир қўл олдда кутади мени, Шунда дейман тўлқинларга, шўх тойларим, хайр энди, Сўнгига ҳам етди, мана қувлашмачоқ, сайр энди, Чулдираманг: «Биздан кечиб кетмоқдасан нега сен?» Қоча-қоча шўх олмангиз топди бугун эгасин, Шул сабабдан, ранжимангиз, шўх тойларим, хайр энди. Мен олмаман, тўлқин билан ўйнаб оқиб боряпман... 1974 йил 4 июль ТОНГ Кўзим ичга ботиб кетар, Қимирлашга йўқ ҳолим. Қушларни уйғотиб кетар Ўйноқи тонг шамоли. Яна оқ тонг отмоқдадир Сурма ранг тун охирлаб. Ухламадим, уйқу надир, Жон учгандай бағирдан. Туни бўйи бағрим куйди, Куйиб кетди қоғозлар. Унга бағрим борин қуйди, Жаранги йўқ овозда. Азобларим, куйманишлар, Зулмат ҳоким, мен якка. Бир юракни ўйланишлар Бўлди минг бир бўлакка. Узундир тун, куйиб-куйиб, Мана, енгил тортдим ман. Дардларимни бир-бир қуйиб, Қоғозларга ортдим ман. Тонг. Ҳаммасини унутиб, Чарх ураман энди шан. Тонг, қоғозларимни титиб, Куйганлардан куламан. 1974 йил 8 июль АФСОНА Сочим менинг қаро-қаро — Қоп-қародир кипригим. Солинибдир дарё аро Муҳаббатнинг кўприги. Бу кўприкни ким қурган-ей, Синар, синар, қўрқаман. Сувлар мунча югурган-ей, Кўзим тинар, кўрқаман. Бахтим менинг қирғокдамиш, Ўтмоқ қийин — қаҳатдай. Учай десам дил худди қуш — Учмай десам лаҳатдай. Бир нафасга, бир нафасга Балиқ бўлсам нетарди? Кўринмай ҳеч хору хасга Сув остидан кетардим. Ўзинг қўлла, иложим йўқ... Кўприкка қўяр оёқ. Солланар-у қулар кўприк — Қиз ярмига етган чоқ. Соч ва рўмол, бир нафасга... Сўнг ҳаммаси гум бўлур. Кўринмай ҳеч хору хасга — Қиз балиққа ем бўлур. 1978 йил 14 декабрь БЎЗ ТЎРҒАЙДАЙ БЎЗЛАСАНГ... Бўз тўрғайдай бўзласанг, бўзла-бўзла, тўрғайим, Интиқ соғинчларингни сўзла-сўзла, тўрғайим. Чаппар уриб изласанг, изла-изла, тўрғайим, Умрим тонготарида. Аммо, сен куйламасдан узун кунни қилсанг кеч, Кечда бош эгиб келиб, дема «Ўзинг ҳал қил, еч». Умид ипларин уздим, унда, дўстим, келма ҳеч, Умрим кунботарида. 1975 йил 15 май ЮЛДУЗИМ Гўёки дунёда ҳеч шоир зоти Уларга ўхшатиш топмаган. Қайсин Қулиев. Юлдузга қачондир, кимдир ёлборган, Кимдир кўзга илмай ўгиргандир юз; Кимдир туҳматларнинг чангига қорган, Қаро ниятларда ортдан айтган сўз. Кўзларига қуюн, тўфонлар урган — Ким айтар, юлдузни солмаган деб дод. У кўз ёши билан тикилиб турган Доно мунажжимин сўйганда жаллод. Аммо, кўрганмисиз ақалли бир бор Сизга кечмишларин сўзлаганини, Нурин сочмай қўйиб қай бир тун абгор — Сирларин бой бериб бўзлаганини. Юлдузим, юксакда турганим порлаб — Суянчим, «сўнмас» деб кўзим тикканим, Фисқу фасодларга бериб кетиб чап, Булутлар чоҳидан омон чиққаним, Порлайсан, ҳеч нарса кўрмаган мисол Балоғатга етиб-етмаган қиздай. Кўзларинг жовдираб истайди висол — Мен бундай саботни қаердан излай?! Илтижо қиламан, мен сенга боқиб, «Менга иродангдан бер», деб айтаман. Устимга қўнган гард, чангларни қоқиб — Порлайверажакман қайта-қайта ман. 1977 йил 20 октябрь СИЗГА ИШОНАРДИМ Сизга ишонардим болаларимни, Дилимдаги ниҳон нолаларимни, Кўзимдан оққувчи жолаларимни, — Сизга ишонардим, Энди қайтаман?! Менам онаман-ку, ойларим чўкса, Болалар гоҳ келиб ғамларин тўкса, Бу юклар азоби қаддимни букса, — Кимга тўкиламан, Кимга айтаман?! Йўқ экан-ку Сиздай Сир сақлагич тоғ, Сиз ўзи мени ким қилиб кетдингиз? Ёлғиз-ёлғиз қилиб, Дунёда қандоғ Сирини тўкмас хум қилиб кетдингиз Онам-Онам-а?! Сизга ишонардим болаларимни. - «САДОҚАТ» ТЎПЛАМИДАН - (1983) Воажаб, бул қадар ёлғизлик нега, Ғаройиб бу ҳаёт — биз ўтар йўлак. Ҳеч ким, ҳеч нарсага мен бўлмам эга, Севгилим, Сизга ўз ишқимдан бўлак. * * * Асли кўклам сўрганди қўлим, Унга қўлим берсам бўларкан. Топмас экан ўзгадан ўлим, Ишқ ўз қўлларингда ўларкан. Тушунмай ҳам кўклам сирини Йўлларимдан тўсиб чиқди ёз. Ёзнинг бағри иссиқ кўриниб, Сўнг ўзим ҳам талпинганим рост. Сўнг ёз севди сершиддат, қизғин — Сўнг ёз мени ўтларга солди. Гоҳ севгиси қайноқ, бетизгин — Гоҳ ўт рашки жонимни олди. Биламанки, ишқи эмас оз, Яшасам ҳам суйиб, шўху шан. Энди гоҳо ишқ тутганда ёз Куйиб кетмасам деб қўрқаман. Гарчанд бахтим таратар хушбўй, Тушмаса ҳам ўзга ён йўлим, Гоҳ кўксимда чарх урар шу ўй — «Асли кўклам сўрганди қўлим». 1977 йил 13 ноябрь ҚИЗИНИ УЗАТАЁТГАН ОНА ЎЙЛАРИ Мен Сени ер-кўкка ишонардимми, Қизнинг чин бахти бу, тақдир иши бу. Майли, юрагингга кирган мардингнинг — Бошга қўнган, кетмас Хумо қуши бўл. Не дейин, не дейин, мен не ҳам дейин, Қизим остонамдан оёқ узар чоғ. Хонадон ҳувиллаб қолгандан кейин, Кушини учириб юбораркан боғ. Хатодай туюлар менга ушбу хат, Ушбу тақдир, қалбга санчма тиғингни. Мен ҳеч ўйлабмидим шундай оз фурсат, Қизим, ўз онангга меҳмонлигингни. Ёшлигинг ўтдими шўх, хандон отиб, Мурғак юраккинанг озор чекмайин. Олмадай бировга узатаётиб, Не учун кўзимдан ёшлар тўкмайин. Ўйларинг йўқмиди мендан яширин, Туйғуларинг ғамдан ёнмаганмиди... Тушунтира олмай менга гоҳ сиринг, Ёстиққа кўз ёшинг томмаганмиди? Бўлмаганми, айтгин, Сен норизо пайт, Бағримизда кечган қувонч, мунглардан. Сен айт, болажоним, розимисан, айт, Отанг уйидаги ўтган кунлардан. Тинаётган кўзим Сенга тикаман, Қучоғимдан Сени олди-ку тақдир. Бу тақдирга қандоқ мен кўникаман, Билмам, куним сенсиз қандоқ ўтадир?! Майли, Сен борар боғ энди кўрмай кам, Толе менинг меҳрим шу боққа солсин. Мен ола билдимми кўнглингни, билмам, Болам, борар жойинг кўнглингни олсин. Мен сени ер-кўкка ишонардимми?! 1982 йил 26 июнь УЗАТИЛАЁТГАН ҚИЗ ЎЙЛАРИ Хуш қол, райҳон мисол илк ёзганим барг — Илк очиб, ёпганим эшик, яхши қол. Тарк этиб кетяпман, этолмасдан тарк, Онам бағридаги бешик, яхши қол. Жовдирашлар қандоқ тинч қўйсин мани, Гўдак сингилларим — чиннигулларим. Волидам қўлидан ипни, игнани, Сиз қачон олурсиз, чучук тилларим. Акалар, тўфонни тўсар тоғларим, Нур тушсин десангиз менинг роҳимга, Юмшагайсиз, Сизга умид боғладим, Озор бермагайсиз қиблагоҳимга. Ҳаёт 6у, гоҳ хазон, гоҳо кўкариб, Яшаб кетгайсизми бут қилиб камни... Кетолармикансиз бошда кўтариб, Кекса, гўдак бўлиб қолган отамни. Яна онам, яшаш, уй ташвишлари, Ўзи эгик қаддин қўймасми эгиб? Чақнаб юргаймикин мунглардан нари, Тетик қадамлари қувончга тегиб?! Қизга ота йўли — энг қисқа йўлдир, Мен-ку ҳол сўрмоққа учгайман ҳар вақт. Тунлар дуодай ёд тилагим шулдир, Ота уйим, сендан юз бурмасин бахт. 1982 йил 26 июнь КЕЛИН ТУШИРГАН ОҚШОМДА ҚАЙНОНА ЎЙЛАРИ Боғимда бировнинг булбулгинаси, Боғимда чорланган дўсту ёр жами. Кўзимнинг устига узри, гинаси, Кўзимнинг устига пойи қадами. Бировнинг булбулин дийдаси ёшли, Ўксиманг, дийдангиз артарман, болам. Қайнона эшигин демангиз «тошли», Мунғайсангиз маъюс тортарман, болам. Менда ҳам оч кўзда кўрган бир булбул, Мен уни топганман қанча ёш тўкиб. Шод кўрсам, бир қарич ўсган куним шул, Йиғлаган кунингиз қолгайман чўкиб. Ёлғизим қўш бўлди, менинг бағрим бут, Кўксим тоғ, тенгига қўшдим деб тенгни. Ўғлим, жуфт-ҳалолинг кўнглин овлаб ўт, Келин овлаб ўтсин Сенинг кўнглингни. Мен эсам ўртада куюнчак бир жон, Мен учун ҳам севинг бир-бирингизни. Кўзимга тўлмасин десангиз армон, Кўздай авайлангиз ишқ, сирингизни. Ўстирдим, бургутдай авж учар чоғда, Сизга бердим, дарду ғам солмасин чанг. Мен-ку асрагайман Сизни қароғда, Жон келин, Сиз менинг қўзимни асранг. 1982 йил 26 июнь ЭНГ ТОЗА МЕВА Бир келинчак тўрт ойлик хаста чақалогини қайтиб олмаслик шарти билан касалхонага ташлаб кетди. Гуноҳ маҳсулидир балки жаҳонда, Дунёга келтирмиш балки хатолар Ва лекин ҳамма вақт, ҳар қандай онда Гўдаклар энг тоза мева аталар. Мевам, қайси боғда бунёд бўлдинг Сен, Қай ношуд боғбон у мевасин отган. Қай бир қондан бино, зурёд бўлдинг Сен, Онам деб ҳар кимга жовдираб ётган. Балки отанг бордир, туйғуси кўлмак, Аммо амали бор, бергувчи фармон. Мушкулмас, онангнинг ҳолини билмоқ, Унинг Сени ташлаб топгани армон. Ўзи ташлаб ўзи дараклаб, сўраб Юрар танғиб сутли кўкракларини. Ажаб, сени оппоқ чойшабга ўраб, Дазмоллаб кетибди кўйлакларингни. Муҳаббат, севардим Сени жон қадар, Сен бунда ишқмас, йўқ сўқирсан, мастсан. Она, Сен ҳам энди кетарсан бадар, Қайтиб бу кўйлакни дазмолламассан. Билмайман, ким бунда ўтар солиб дод, Кимдан оз, ё кимдан кўпроқ айб ўтди. Билганим — кўрнамак, нопок икки зот Бир тоза мевани поймоллаб ўтди. Бировлар қарғайди куйиниб, бўзлаб, Биров кўз ёшини артар панада, Ҳар кўкракдан она исини излаб, Чақалоқ чирқирар касалхонада. 1980 йил 20 октябрь ЁЛҒИЗ АЁЛ ХАТИ Сен, севиб бахтимга бўлгандинг зомин, Сен, севиб бахтимни кетгандинг юлиб, Айтгил, ёлғизликнинг аччиқ аламин Икков баб-баробар оддикми бўлиб. Эшигингни, балки учиб худди ўқ Бахт очар, бағрингда тўлғанар сочлар. Менинг эшигимни гезарган, совуқ — Бир-бир босиб келиб ЁЛҒИЗЛИК очар. Сен эшикдан кирсанг ёниқ дил билан Балки бахт отилар қучоғингга тик. Мен эшикдан кирсам муздай қўл билан Белларимдан маҳкам қучар ЁЛҒИЗЛИК. Бахт Сени жон билан севар бетоқат Кўзингда ҳис этиб ишқ зарбларини. Мени ҳам кўзимга севиб, ютоқиб ЁЛҒИЗЛИК босади муз лабларини. Тушда висолларга кетдим кўникиб, Тушдаги тонгларим чаракдаб отар. Тошдай ёстиғимнинг ярми меники, Ярмида ЁЛҒИЗЛИК — бош қўйиб ётар. Фақат тонг отлансам, қололмас ушлаб, Ярим тун қайтсам ҳам, рашк, ғазаб йўқ, шан. Барин ичга ютиб, кўксимга муштлаб Мен ёниб кетяпман, ёниб кетяпман. Суйиб, балки мендек куйиб худди шам Яшаяпсан, фарқ йўқ, қандай ўтдинг Сен. Фақат айт, ўз қўлинг билан қандоғам Мени ёлғизликка қўшиб кетдинг Сен. 1982 йил 7 июль ҲИСОБ-КИТОБ ҲАҚИДА Баъзан мен тунлари ишлаган кезда Ўй суриб кетаман унутиб шеърим, Баъзи саволларни сўрайман Сиздан, Тахминан бўлса ҳам ҳисоблаб беринг. Дейлик, бир бут дилга сачраб кетди қон, Бир кўнгил ўтларда қоврилар, тутар — Айтинг, малҳам қайда, келар у қачон, Бир кўнгил яраси қанчада битар. Менга мана шунинг ҳисоби керак, Тағин изи қолмай битарми юрак? Диққат қилинг: кузги хазон дилхаста, Ҳар лаҳза сезилмай сарғайиб борар. Дарахт тўкилади аста ва аста, Бирдан тўкилса-чи, юракни ёрар. Дарахт қанча вақтда сарғайди, ёнди, Қайғу қанча вақтда тўкар Инсонни? Ишқли кўнгиллар-ку пардан енгилдай, Ишқсиз қалбга қанча тош тўлди, айтинг. Лаҳза... ишқ туғилди қанча кўнгилда Лаҳза... қанча дилда ишқ ўлди, айтинг. Ҳисобин чиқариб беринг-чи, қани, Ўлгани ортиқми ё туғилгани?! Номард ғолиб келса мард дилтангу зор Бош эгиб турганда қанча куч сарфлар. «Айрилиқ» сўзини қанчадан ёзар Майишиб, чаплашиб кетмасдан ҳарфлар. Айтинг, яна неча аср солиб из Бу дўзахий сўздан куяр тилимиз?! Сиз, эй, бу дунёнинг ҳисобдонлари, Тахминан бўлса ҳам қилингиз ҳисоб: Қанчалик умри бор сунъий шонларнинг; Сунъий кўрк қанчада бўлгуси хароб; Қанча даволангач паст тушиб ҳар кас Ўзин алломаи замон санамас. Усиз ҳам чўт ташлаб ишчан, гоҳ карахт, Тинмайсиз миллионни миллионга уриб. Бир лаҳза шуларга ажратинг Сиз вақт — Шуларнинг ҳисобин қилинг ўй суриб. Тополсак шуларга кетар вақтни биз, Чуқурроқ туярдик балки бахтни биз. Мен баъзан тунлари ишлаган кезда Ўй суриб кетаман, унутиб шеърни... 1980 йил 18 февраль КУМУШНИНГ ЎЛИМИ Отабекнинг Зайнабга айтган «талоқ» сўзини эшитганда жон талвасасида ётган Кумуш «ярқ...» кўзини очди ва қайта юмди... Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидан. Узун қабоҳат қўли юлди сарву суманни, Заҳарга қўшиб қорди оташ ширин суханни, Келган жойи шу бўлди ишқ деб йўлга чиққанни, Кумуш, кўзларинг қайта юмилмаса бўлмасми?! Шундай сарв тупроққа кўмилмаса бўлмасми?! Оҳ, аёл, биз аёллар ишққа гирдикапалак, Шу ишқ ортидан куйиб бўлдик доимо ҳалок. Ойдай Кумуш «Бегим...»лаб ўлиб бораётган чоғ, «Ойи...», «Дада...», ул икки меҳрибондан йирокда, Гўдаклиги гувранган Марғилондан йироқда. Гарчанд Отабек билан яйраса ҳам барқ уриб, Ул кундошли тунларни ўтказди михда юриб, Ахир сочидан хушбўй райҳон ҳидин уфуриб, Ёстиғига ёлғиз бош қўймоққа маҳкум эди, Отабекдай бегидан кун ора маҳрум эди. Аммо ишқнинг ғолиблик куни яқинлашарди, Сезган сайин икки дил туйғулари тошарди. Сезган сайин Зайнаб ҳам ортиб бораркан дарди, Узди, яшноқ вужудни жоҳил қўл билан узди, Икки шаън шеър сатрини чизди, устидан чизди! «Гулим», ёнар Отабек, ичдан қулаб кетган тоғ: — Зайнаб! Сенга минг лаънат, талоқсан Сен, кет, талоқ. Кумуш ярқ кўзин очди бу сўзни эшитган чоқ, Қайта юмди... Ё раббий, шу сўзмиди бор илинж?! Сўнг Отабек кўксига бош қўйиб жон берди тинч. Кулимсираб худдики уялгандай жон берди, Шу сўз балки докадек юзга қайта қон берди, Шу сўз балки шу хилда ўлмакка имкон берди! Тирикликда бу сўзни эшитсайди бирор кун, Билмам, яшолармиди кўтариб бу бахт юкин?! Энди ишқмас, тобутни Отабек қон кўтаргай, Бу ишқ шарҳин Қодирий, ўртанган жон кўтаргай, Ҳали-ҳануз ишқ дардин дардкаш инсон кўтаргай, Қай аёлки оҳ уриб ишқин айтиб келадир, Хаёлимда у билан Кумуш қайтиб келадир. Сиз бугунги Кумушлар, аёл зотин сараси, Сочингизни то абад ишқ қўллари тарасин, Отабеклар топса ҳам қовушмоқлик чорасин, Осон эмас экан-ку абад асрамоқ, суймоқ, Осон экан-ку ахир Сизни бой бериб қўймоқ. Узун қабоҳат қўли юлди сарву суманни... 1982 йил 4 июнь МЕНГА АЙТ... Сен ойга қўлингни чўзиб толмагил, Ой — ой-да, ўрганган, ёлғиз ҳол, кетар. Қуёшга дардингни тўкиб солмагил, Қартайган қуёш ҳам ҳолсиз чол, кетар. Сен тоққа қилганинг билан арзи-дод, Тоғ — тоғ-да, сир бермай тургани турган. Чўққидан кутмагил бирор-бир имдод, Эгилган чўққини, айтгил, ким кўрган? Жилғага сир айтсанг тоқатинг битиб Чулдираб, шўх қаҳ-қаҳ отиб кетади. Тош, харсанг оралаб, паналаб ўтиб Кимгадир сирингни сотиб кетади. Менга айт, менинг бир қалъам бор тинч, кенг, Бу юрак, мен уни чуқур ўяман. Ва Сенинг сирингни ўшал қалъанинг Энг хавфсиз ерига кўмиб қўяман. Менга айт... 1981 йил 4 ноябрь * * * Уйимизда сукунат оғир, Тошқин денгиз шовқини тинди, Бу сукутдан туйғулар оғрир, Энди қандай яшаймиз, энди? Дарахт япроқ тўкаётган кез Жунжиккан ел кўксимга кирар, Иягига қўлин тираб куз Рўпарамда маъюс ўлтирар. Ёрилгудай юрагим, йўқ, йўқ, Денгиз кетди, келгил қайтариб, Йўқса сўзлар санчилгучи ўқ, Кўринишлар ярадор, ғариб. Денгиз кетди, кетди иноқлик, Икки кўнгил икки ёнда хун. Менинг умрим денгизга боғлиқ, Сен гирён у кетгани учун. Тўлқинлари қирғоқни ювиб Ул чайқалиб топар-ку бизни, Аммо қачон сукутни қувиб Қайтарамиз уйга денгизни. Уйимизда сукунат, оғир... 1981 йил 4 ноябрь ШОИР ЯШАЙ БИЛМАС... Шоир яшай билмас тилини тишлаб, Кўриб, кўрмасликка солиб ўзини. Номард кетар экан вақтини хушлаб, Мушфиқ тасалли деб билса тўзимни, Шоир яшай билмас. Тинч қарай билмас у тоғу тош қолиб, Инсоннинг юраги қулар чоғларга, Осмоннинг ўрнига инсонни олиб, Кўнглин тўлдирсалар қаддироқларга, Шоир яшай билмас. Яшолмайдир ермас, дил қолса музлаб, Кўриб пайҳон бўлган ишқ иқболини. Боларига гулмас, инсон бўлса даф, Сўриб тугатсалар шира болини, Шоир яшай билмас. Яшай билмас қай бир фаҳми кўру кар, Тароқни сочгамас фикрга урса, Четлаб шўх, қийқириқ нафасли қушлар, Тўти савлат тўкиб боғларда юрса, Шоир яшай билмас. У яшай билмайдир ўтмас, қай бир он, Оқ-ойдин туйғулар кетса ўрилиб. Шиллиққурт мисоли сип-силлиқ ёлғон Ҳақиқат ёнида турса керилиб, Шоир яшай билмас! Туғён кўтарар ул бўлиб бағри қон, — Майли, усиз ҳам мўл беғамлар, гўллар, Ишқилиб, узунроқ умр кўр, исён, Туғён тугаган кун шоир ҳам ўлар. 1970 йил 2 май |
Адабиётшунослик
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
СюжетСюжет (фр. sujet — предмет) — адабиёт, драматургия, театр, кино... |
Она фидоийлиги ҳақида бир асарXIX аср охири ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг бир қисмини... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |