Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 14 |
15 дан 16 сахифа
ВАТАН БАЙРОҒИ Юрт байроғин ҳар жойгамас, Кўнглингга эк. Кўксингни ўй. Ишлов бергин, юмшатиб тур, Илдиз отсин, кўрсатсин бўй. То бу байроқ, Ватан, нурлар Ич-ичингга кетсин кириб, Токи ғаним — ватанхўрлар Ололмасинлар суғуриб. Шундай ўргат қулни, хонни, Учмас қуш ҳам учар бўлсин. То байроқдан олдин жонни Бермак осон кечар бўлсин. 1995 йил 12 сентябрь ЖИЛҒА Бу жилғача яхши куним мени ўраган, Ўраб, чопиб оёқчаси қабарган жилға. Аҳволимни ҳол-жонимга қўймай сўраган, Сўрайвериб безор қилиб юборган жилға. Ёмон куним... яшарканман кўзга чанг уриб, Жилғача йўқ... дардим ичга ютиб бораман. Бугун бошқа ёққа оқар у димоқ буриб, Менам унга етти ётдек ўтиб бораман... 1995 йил 6 сентябрь ЎЗИНГДАН УЗИБ БЕРГИН Жонни иситар танча, Шиғил мева берар боғ. Ўзни сарфласак қанча, Яшаймиз шунча узоқ. Бўлолсак суянч тоғи, Борни этолсак тортиқ. Тоғдай баландмиз тағин, Ризқимиз тағин ортиқ. Ўзингдан узиб бергин, Майли, ош, майли, ёвғон. Қарамай, кетавергин, Ортингдан келар совғанг. Эккан-тиккани сайин Гуллайдиган жой, одам. Нурин тўккани сайин Тўладиган ой одам. Жон тикар, ўт, жон тикиб, Бу дунё шундай қизиқ. Берганинг ўзингники, Яширганинг — ютқизиқ. 1993 йил 27 февраль МЕН СИЗГА КЕТАМАН Етмишдан ўтдингиз, онажоним, Сиз, Бу гапларни ўйлаб, тўқиганим йўқ. Мен эса вақт топиб, Сизга чўкиб тиз, Еттита шеъримни ўқиганим йўқ. Боримни чулдироқ боламга тутдим, Ўғил-қизим ўпдим... худдики қантдай. Аммо мен... Онажон, сизни унутдим, Унутдим, қандай?! Катта давраларга ҳозирлик кўрдим. Гуркирадим. Суйди душман-да, дўст-да, Ул давраларда қирқ олтига кирдим Сиздан олисда... Катта давраларда оқарди сочим, Гоҳ кетди, гоҳ келди қўлларимга туғ. Катта давраларга... топдим иложин — Сизга эса... йўқ! Бас! Армон кўнгилни, кўзни тинитар, Гарчанд кўз, кўнглимдан узоқ бир найсиз. Мен ўлсам... шу куни давра унутар, Сиз ўлгунингизча йиғлайсиз! Онажон! Бугун Сизга кетгум армонни тахлаб, Қолганлар-ла олди-бердим етади. Мен Сизга кетаман, қизим чарақлаб Катта давраларга кетади... 1994 йил 26 февраль СЎЗОН ДИЛИМ Дилимни дилсизлар уриб олдилар, Сипо туриб, томоқ қириб олдилар. Кўнгил қалъам эшиклари берк эди, Билмам, улар қандай кириб олдилар? Фикрим сароб, сароб бўлди ёзганим, Тушдай ўтди. Ўзганлардан ўзганим. Булбулларга мўлжаллаган масканим, Хароб. Зоғлар инлар қуриб олдилар. Билмам, қашшоқлашдимми ё бойидим, Билганим шу. Қолдим пастда, пойида. Улар менинг сўзон кўнглим жойида Бир кошона уй битириб олдилар. Сўзон дилим етаклайман, юрмайди, Истамайди, кошонага кирмайди. Сўзон дилим, етим қолган бир найдир, Дилимни дилсизлар уриб олдилар. 1994 йил 26 февраль МЕҲМОНДОРЧИЛИКДА Ажаб меҳмондорчилик... Рақс тушади меҳмонлар. Бири чироқ, Бири пилик, Мос тушади меҳмонлар. Кейин бироз қизишиб Ойни талашадилар. Бир-бирини сузишиб, Жойни талашадилар. Талотўпда оҳу ўлар, Қўзи билан қўй талаш. Дала ҳовли торт-торт бўлар, Қўш айвонли уй талаш. Кейин... кетган пирлар талаш, Келганини кўрмаслар. Сулувлар, суқсурлар талаш, Ёқавайрон, кўр, мастлар. Ёпишарлар бойлик тўнга, Енгга кирадигандай. Булар сира ўлмайдиган Мингга кирадигандай... Ҳолбуки, дунё беш кунлик... 1994 йил 26 март КЎНГЛИ ЯРИМ ОДАМ ҲАҚИДА ШЕЪР У ҳам меҳмон. Дунёга беш кунгинага келган, Аро йўлларда Уни хор қилмагин, худойим. Утиб борар, йўлига хору хаслар тўкилган, Бир боғлам чечагингга зор қилмагин, худойим. Боқсам, боғин оралаб зоғлар учиб юрибди, Маҳзун кўнглин поралаб доғлар кўчиб юрибди. Ўзи ғамни чоғирдай қуйиб ичиб юрибди, Уни бандам демоқдан ор қилмагин, худойим. Улкан, эну бўйига ўзни қўйганлар камми, Тонгда Хизр, тунлари кўзни ўйганлар камми. Ўзгаларнинг қонини ичиб тўйганлар камми, Қалтираб келар, йўлин қор қилмагин, худойим. Кўриб-кўриб куйди у қор тўкар одамларни, Эрмак учун шаън тўкар, ор тўкар одамларни. Эрмак учун бировга дор тикар одамларни, Унинг изидан қувар мор қилмагин, худойим. У ҳам меҳмон. Ҳайитда чиқсин гуллаб, ҳайитлаб, Кўнглин яма. Либосин ўзи ямагай бутлаб. Лайлатул-қадр келсин кўнгли яримни қутлаб, Даргоҳингни дардгоҳдай тор қилмагин, худойим. У ҳам беш кунлик меҳмон, чимдим бахтинг аяма, Худо, мудом очга тош, тўққа тўни сояма? У синган дўконларда мен қандай мол ёяман. Ерни ярим дил касод, Бозор қилма, худойим. Юрагимдан топиб кўр, Битта бутун жой қани, Золимларинг дастидан зорланмаган най қани? Уни яшамоқликдан безор қилмагайсан-у, Мени сўнгагим қақшаб ёзар қилма, худойим! У ҳам меҳмон. Дунёга беш кунгинага келган... 1994 йил 26 ноябрь ДАРАХТЛАР Ҳаққос рост. Мен дарахтман чоғи, Ҳар кун йўлга отланадиган. Йиғлайдиган, шодланадиган, Йўлга тушган барги, бутоғи. Бошим олиб кетмоқ бўламан Ҳар кун... аммо аёндир бир сир. Манглайимда ёзуғлиқ тақдир, ...Шу турган жойимда ўламан. Ватан! Хомуш юзинг ўгирма, Болаларинг бузса шайтон, ўй. Сен уларни аяб ўтирмай Дарахтларга айлантириб қўй. 1994 йил 24 ноябрь ҚИЧҚИРИҚ Сулув қиз телбавор қичқирди бу тун, Менинг юрагимга хун кирди бу тун, Айбдор кимдир? Чуввос солиб кўз ёш тўкди қушчалар, Митти эди, тағин чўкди қушчалар. Айбдор кимдир? Вўрон қўпди. Бутоқлари шарақлар, Туриб, юриб кетмоқ бўлар дарахтлар, Айбдор кимдир? Осмонда ой юзин ёпиб йиғлайди, Телба қиз ортидан чопиб йиғлайди, Айбдор кимдир? Маймун чидаб-чидамасдан отар тош, Кдри қоплон кўзларида милт-милт ёш, Айбдор кимдир? Одам... бир зум... сергакланди, гангиди... Сўнг суйкалиб хотинига сингиди. Ёлғиз У жимдир... 1994 йил 24 ноябрь ЁНАР КУНЛАР Уч куним бор, олддаги шу уч куним, Бўлгай шавқу-шарорларим зич куним. Бўш ўтган ой-йилларимни тўлдиргич, Ўз-ўзимга қасос куним, ўч куним. Сўнаётган руҳга олов пуркалиб Қонларимни қилгучи «кўч-кўч» куним. Жим-жим ўтдим, бермади савту садо, Дилимдаги қушларим ғуж-ғуж куним. Умрим бодом дарахтига менгзардим, Ўтган кунлар, мағзсиз куним, пуч куним. Келаримда, еларимда қор, қиров, Кетаримда ўт бўлдими дуч, куним. Кутганимда келмадинг-эй, ҳеч куним, Кеч қолдинг-а, кеч қолдинг-а, кеч куним. 1994 йил 25 февраль ТУРОН Туркликнинг мукаддас ўчоғи Турон. Абдурауф Фитрат. Ўнгимда руҳимга ўқ отган фикр, Кўнглимга бир ёруғ чўғ отган фикр. Уйқумда қонимни уйғотган фикр: «Туркликнинг муқаддас ўчоғи Турон». Мозийи ҳар отар тонгни эмизган, Ҳар тиғли ақлни, онгни эмизган. Бўри, тулкимас, арслонни эмизган — Туркликнинг кўкраги, булоғи Турон. Кўкига турналар «қур-қур»лаб ботган, Отганда камони бехато отган. Темурдай хоқонлар қирқирлаб ётган, Туркликнинг бешиги, қучоғи Турон. Кейин... орқадан ёв тошлари етгач, Сара кексалари, ёшлари кетгач, Тарқоқ арслонларин бошлари кетгач, Ернинг тутаб ётган қир, тоғи Турон. Бой-бой боболарим бойиб, йиқилди, Ўз қонига ўзи тойиб йиқилди. Бир-бировига бош қўйиб йиқилди Кўнглимнинг куйиги, дард, доғи Турон. Шукур, хун уйғотди қайтадан қонни, Арслон болалари қайтадан ёнди. Ёвлар ололмагай энди Туронни Бугун, тик арслонларнинг тоғи Турон! 1993 йил 20 декабрь ҚЎШ ТОҒМИЗ, ҚОРАҚАЛПОҚ (Қорақалпоғистонда ўтган «Тошкент кунлари» тантаналарида ўқилган) Сени менгзасам тоққа, Қўш тоғмиз, қорақалпоқ. Кўкка — кўк-у тупроққа Тупроқмиз, қорақалпоқ. Сен билан илдизи бир Бутоқлардай кун кўрдик. Ҳам кўнгли, ҳам сўзи бир Ўртоқлардай кун кўрдик. Империя қамчисин Елкамизда изи бир. Сувимизнинг томчисин — Тахирлиги, тузи бир. Шўрпешоналигимиз, Дарду нидомиз битта. Бугун... бошда туғимиз, Дилда худомиз битта. Дунё ичра порлоқ из, Кўрк бўлиб қолажакмиз. Бузилмагай қонимиз, Турк бўлиб қолажакмиз. 1993 йил 20 декабрь ОЗОД ЭТ Худо сенга қўлни бермас юлмоққа, Чангал солмоқликдан қўлни озод эт. Кўлнинг сориғлиги кўнгил чўкдирар, Кўлмак, ўлмакликдан, кўлни озод эт. Офат келса қулон ўзи бергай чап, Озод этсанг, ожиз, қилни озод эт. Гурлаган ўт, олов барчани тортар, Сен ўтлиқдан ўтган кулни озод эт. Ёлғон деган юк ортган тил осилган Кўп оғир юк. Ундан тилни озод эт. Бизлар нафс зиндонидаги қуллармиз Қўлдан келса бирор қулни озод эт. 1995 йил 19 февраль ТИЛОВЧИМАН... Мен ким, Мен бир мунглиғ сингил, тиловчиман, Оғаларим кипригим-ла силовчиман. Оғаларим бир-биридан кечар осон, Жоним ипдир. Мен уларни уловчиман. Борлиғимни яратгандир ишқ, оҳлардан, Қонлар, шонлар кечган ёвқур гувоҳлардан. Ўч олганда ёғийлардан, гумроҳлардан, Тўмариснинг қўлларини қўлловчиман. Мозий ичин ёритади милтиллаб шам, Сир кўраман карвонлари, кўчида ҳам. Тўлиб оққан қон дарёсин ичида ҳам, Ҳушни олиб, чаппар уриб гулловчиман. Биҳамдиллоҳ, қолсам ҳамки синиб, қуриб, Сўз айтарман хоки туроб бўлиб туриб. Авлодимни қайтмасликка онт ичдириб, Амир Темур йўлларидан йўлловчиман. Мен ким, мен бир мунглиғ сингил, Тиловчиман... 1992 йил 4 апрель БУГУН ТУНДА... Бугун тунда аждодларим келди Қад ростлаб, Қодир эгам турк заминга тўкди зарларин. Бугун тунда то тонггача «ё Оллоҳ, дўст»лаб Ҳақдин айтди Яссавийнинг қаландарлари. Аниқ-тиниқ кўриб турдим, чалинди бурғу, Саф-саф қўшин кўзларида чўғ кўтарилди! Кўтарилди авлодларга армон, унут туғ, Ер остини тутиб ётган туғ кўтарилди. Шаҳидларим, гўрдан чиқиб, айлашиб хитоб, Бул кун шарҳин дунёларға ёйиб келдилар. Мункиб-туриб, аранг юриб бўлганларим соб Ўз қонларига қоришиб, тойиб келдилар. Қабрдаги ўликкача олди ёв, кириб, Аммо босиб ололмади томирда қонни. Ўзим кўрдим, яраланган барсдай ўкириб Дорни судраб келаётган Дукчи Эшонни! Усмон Носир олазарак қаҳқаҳа солди, Сўнг жим қолди, «совқотдим», — деб қўлларин куфлаб, Шивирлади «Сибирь, аёз ўпкамни олди — Исингани келдим», деди, ерга қон туфлаб. Ватан, Ватан, нима ўзи кўксин ўқ тилган, Ватан ўз юртидан айру, адо бўлган зўр, Ватан, Ватан Машраб асли Балҳда осилган, Ватан — кетиб, ватанига қайтолмаган гўр. Ота Турон, гарчанд азал туркларинг ўзғин — Ерига қор ёғаверган, қуюқ қора қор. Минглаб кесик бошлар келди, юмалаб тўзғин, Билмам, улар орасида қанча Темур бор? Ўтган ўтди. Ёраб, бугун туркка туғди кун, Соҳибқирон, дам бергайсиз бугун ўқ-ёйга. Олдга чиқинг, Сизни тавоб қилмоқлик учун Пойингизни ўпмоқ учун ўнғайроқ жойга... 1993 йил 14 август БУ ШАМОЛЛАР БАЛАНД ДОРГА ОСИЛМАС Бу ўткинчию ғар, ғайри шамоллар, Йўлин топиб қўлдан, кўлдан уради. Бу дили-ю тили айри шамоллар Сиймтан қизларни йўлдан уради. Наҳс из қолар йўлни қайга бурсалар, Қай пок ҳилқатларга босиб кирсалар, Бу фосиқлар билмас нени урсалар, Ўзларин туққан шу элдан уради. Кўнгиллари ириб эгалари йўқ, Бевалар қолдириб эгалари йўқ. Мевалар қолдириб эгалари йўқ, Миллатни қоқ жондан, белдан уради. Бу шамоллар баланд дорга осилмас, Ўзидан юксакроқ дарахтдан юлмас. Бу номард шамоллар, урса, кетиб паст, Ўзидан ожиздан, қилдан уради, Бу ўткинчи-ю, ғар, ғайри шамоллар... 1992 йил 6 март БОРИМ КЎЧАР НИДОГА Момом отда, суворий Ўтганини биларкан, Кўқда тутиб шаън, орин, Кетганини биларкан. Кўксимга армон, ўчнинг Кескир тиғи ботади. Ярим тунлар қиличнинг Жаранги уйғотади... Ерга нидо қиламан, Кўкка нидо қиламан. Темурдай бир фарзанд деб Тутдайин тўкиламан. Борим кўчар нидога: «Умрим етмай видога, Бобурдай бир ўғлон бер», Ялинаман худога. Турк туғини мангу тик Боғлаб кетар шу ўғлон. Мендек бир ожизани Оқлаб кетар шу ўғлон. 1993 йил 21 декабрь БИР ВАҚТЛАР... Келаётган карвон-ла келган эдим бир вақтлар, Қўшилиб кетсам керак кетаётган карвонга. Тунлари нималарни шивирлайди дарахтлар, Гурунгларин оҳанги ўхшаб кетар армонга. Ҳарҳолда бу дарахтлар йиғламас ўзи учун, Сезарми ё кўнглимда унут шаҳдлар йиғлайди. Кўнглимнинг ҳар тақири, жизғанак, бўзи учун, Сўзи учун, эҳтимол бу дарахтлар йиғлайди. Кўз юмиб пичирлайман: «Бир вақт мен ҳам ютгандим», Эҳтимол, дарахтларга аён бугун барча сир. Келганимда улар шод, чапак чалиб кутганди, Энди балки кетарим сезиб қолиб ғамгиндир. Келаётган карвон-ла келган эдим, бир вақтлар. 1994 йил 24 ноябрь ГАРЧАНД ОЛЛОҲ... Гарчанд Оллоҳ менга доим ўнг беради, Азобларда адо қилиб, сўнг беради. Ўғил берса кўкси баланд ўғил берар, Қўзи берса пешонаси дўнг беради. Қанча эрта келиб кутмай даргоҳига, Барча кутиб турганлардан сўнг беради. Куя-куя саҳрода кул бўлганимда, Бир беҳишт гул, бир тоғларки чўнг беради. Шукур, бахтим ғамда чайиб олмоқ учун Бир қувончим олдидан юз мунг беради. 1995 йил 22 ноябрь АҲЛИ АНЖОН, ЙЎЛ БОШИГА ЧИҚАВЕРГИН Кетганларни Сиз баҳорга чиқиб кутинг, Йўлларига термулиб, кўз тикиб кутинг. Йўлларига жамбил, райҳон экиб кутинг, Баҳор келар, баҳор билан абр келар. Ўтган билан ўтиб бўлмас бу дунёда, Кетган билан кетиб бўлмас бу дунёда, Ютқазасиз, ютиб бўлмас бу дунёда, Ютасиз ҳам, кўнглингизга сабр келар. Бор кетганлар масканини қайтиб топар, Туркистони, Тошканини қайтиб топар. Худо танлаб қўшганини қайтиб топар, Токи жаммиз. Сўзларимиз то бир келар. Бу баҳор кўп нозли келар, келар эркин — Ўлик-тирик бир-бирининг ғамин ерким, Аҳли Анжон, йўл бошига чиқавергин — Ҳирот ёқдан сурон солиб Бобур келар. 1994 йил 19 ноябрь ЙИҒЛАЁЛМАДИМ Ажаб, ўз еримда йиғлаёлмадим, Буям бир шўрим-да, йиғлаёлмадим. «Ғам»ни ўзгартинг, деб қилдилар буйруқ, Ҳаттоки шеъримда йиғлаёлмадим. Дардим тиқилса-да бўғзимда тутдим, Қушлар йиғлай олди, йиғлади терак. Мен умрбод ёшим ичимга ютдим, Бир кун гўримда қон йиғласам керак. 1995 йил 4 декабрь ТЎЗИМ БЕРГИН ЯШАШИМ УЧУН Сиз яшашни биласиз қандоғ Сизга дала — дала, туздир — туз. Нетай, менинг тоқатларим тоқ, Юрагимда йиғлайверса куз. Йўлни бахтга бурганлар билан Ҳаялламай, тезлаб қолган мен. Юпун-юпун юргаклар билан Қуюн-қорда музлаб қолган мен. Ҳеч на йўқ-ку, ўзи, қалқгулик, Дейман «Оллоҳ, қўрсатгин кучинг. Кўнглимга бер хиёл салқилик, Тўзим берпш яшагним учун...» 1995 йил 4 декабрь БИЗ ЖАННАТНИНГ ГУЛИМИЗ Гоҳ само ҳам кетар торайиб, Ёруғланиб кунлгр қайтади. Эскирган япроқлар қорайиб, Сориғланиб видс айтади. Кексайган қуш кўнгли осмонда, Йиғлар эски иниии суваб — Биз узамиз, истаган онда Эски ғамлар келмайди чуваб. Бу дунё шу. Эскя ва янги, Мангу ўйга толар кунгача. Биз жаннатнинг гулимиз, мангу Қор остида қолар кунгача. Гул очамиз, ҳали қизғиш, оқ, Ҳали бахтдан маст бўламиз, ёр. Бизсиз келар қигл ҳали узоқ, Ҳали ёғмас бизнж кўмар қор. 1995 йил 5 декабрь СИБИРЛАРДА ЎЛГАИ БОЛАЛАР ТИРИК Тирик эмас гарчанд хамон тирик, бор, Кўкрагида унвонлари шашқатор. Билмай ўтган надир сиртмрқ, надир дор Сибирларда ўлган болалар тирик! Ниҳон, юракларга тизшн ботирган — Ўзи қолиб, ўзгаларни отдирган. Анови унвондор ИШИЕ битирган, Оёқости бўлган болахар тирик! Ўтган ўтдимас. Бу — ўтмайдиган дард, Ҳеч ким поёнига етмайдиган дард, Олиб кетмай, ўзи кетмайдиган дард, Қонлардаги қасос, лолалар тирик! Авлодларин тик кўзлари нам нега, Тик бошлари гоҳ-гоҳ маъюс, хам нега? «Биз ёшимиз бекор тўкмаймиз», — деган Қарашларда кек, шалолалар тирик! Азал шундай. Қондан-қонга хун ўтган, Билган борми ким ютқазган, ким ютган. Не бўлса ҳам, анов сотқин йиқитган — Сибирларда ўлган болалар тирик! 1995 йил 5 декабрь ЎТМАСДИР Ўткинчи, дунёнинг сим-сим шамоли, Шамолда солланган тераги, толи, Қушларнинг сайроғи, гулларнинг боли Ўткинчи, лек менинг дилим ўтмасдир. Тоғлар ўтаверар ёнбошлаб олиб, Тошлар ўтаверар қовоғин солиб. Сенсиз кунларимнинг тутгай уволи, Сенсиз менинг ою йилим ўтмасдир. Йўл узоқ. Қовжираб, қуриб келдим мен, Аждарлар комига кириб келдим мен. Қиличнинг дамида... юриб келдим мен, Кўксимдаги тилим — тилим ўтмасдир. Менинг болам ширин, туш боласидай, Манглайлари кенг, олқиш боласидай, Кўпайгай, кўпайгай қуш боласидай, Камайиб, дунёдан элим ўтмасдир. Дарёдай тўлиб, гоҳ куйиб, кул бўлиб, Мен ўтсам-да ўтар бир булбул бўлиб. Униб чиқмай қўймас ўт ё гул бўлиб, Бу дунёдан ўжар кулим ўтмасдир. 1995 йил 6 декабрь - СЎНГГИ ЙИЛЛАР ШЕЪРЛАРИ - Фақатгина олар дўстмас, берар дўстинг бўлса ҳам, Ўзинг тик кет, омонатдир, бир устунин ушлама. Қабргача, ўлимгача борар дўстинг бўлса ҳам, Ўлимгача ўзинг тик кет, йўлларда ер тишлама! МОҲЛАРОЙИМ ТУҒИЛАЖАК... Нодираи даврон фожиаси, Машраб, Мирзо Улугбек фожиаси кунлари каби халқимиз тарихида қонли ёшлар тўкадирган, ўз қонли ёшларимизга ўзимиз чўкадирган кунлар бўлиб қолади. Ўтмишни ўзгартириб бўлмайди. Аммо ундан сабоқ олиб, хулосалар чиқариб, яшаш ҳар мўмин-мусулмонга ҳам қарз, хам фарздир... — Халқим, — дейман руҳим тушиб, Кимлар кўнглинг тўқ қилдилар. Минг сўқиринг тил топишиб Бир уйғоғинг йўқ қилдилар. Нодира шеър айтди эриб, Ўликка ҳам ўт, куч берди. Лекин биров фатво бериб, Насруллога қилич берди... Халқим, гарчанд ўткир тиғсан, Ёлғизланма, кўш-қўш ўтгин. Насруллодай ўғил туғсанг, Жоним онам, бепушт ўтгин. Айтгин, халқим, орим, шаъним, Биз у йўлдан бормаймиз, — де. Қайта топсак... Нодирани Насруллога бермаймиз, — де. Уйғондик де, тиклан, қалққин, Кўзларингда кун кулажак. Сен инонтир, шу кун, халқим, Моҳларойим туғилажак. 1994 йил 30 апрель ЭНДИ СЕН КЕЛГУНИНГЧА... Энди сен келгунингча ҳижрон яшар мен билан, Юлдузлари фаромуш осмон яшар мен билан. Беҳиштий чечаклари бошини маъюс эгган, Булбуллари йиғлаган ошён яшар мен билан. Кўклам эккану-тиккан, пишиқчилик фасли йўқ, Эгасига кўз тўрт, хирмон яшар мен билан. Ўрмон эдим, тик йўлбарс қарқара солар ўрмон, Бул кун йўлбарсдан айру ўрмон яшар мен билан. Жисмимда жонлигингни билиб ҳам кетдинг, нетай, Жоним сен билан кетган, армон яшар мен билан. 1996 йил 23 февраль МЕН ОҲ УРСАМ... Мен оҳ урсам пайдо бўлар бир жанггоҳ, Учқур ўқлар ёйларидан қўзғолар. Дала-тузда ўзин уриб излаб роҳ Қушлар қиру-сойларидан қўзғолар. Мен оҳ урсам фарёд солар кўкда моҳ, Ғам ғам чекиб тойларидан қўзғолар. Фитна чоҳига тушганлар узар чоҳ, Оёкдаги лойларидан қўзғолар. Мен оҳ урсам ҳозир бўлар бир арвоҳ, У — онам. Тинч ўйларидан қўзғолар. Мен оҳ урсам онам билан уриб оҳ, Туркий сўзлар жойларидан қўзғолар... 1996 йил 14 февраль АРМОН Оллоҳ, бизлар карвон-карвон, Майли, бўз ё, кимхоб ёпгин, Бир Навоий топ бизлардан Ёки битта Темур топгин. Оллоҳ, бизлар карвон-карвон, Биримиз ўт, биримиз об. Бир Нодира топ бизлардан Ва ё битта Қурбонжон топ. Топгин, бўлса йилт этган нур, Ўтди, ўтар карвон-карвон. Тополмасанг эсиз умр Сенга армон, бизга армон. Карвонлари изсиз кетган Туркий дала-тузга армон. 1996 йил 19 январь БИРЛАШИНГ Кел, ўрмоннинг тулкисими, шери сен, Ким бўлсанг ҳам, кел ёнимга, бери сен, Сен ёт эмас. Худди мендек эртага Турк боласин босиб юрар ери сен. Ер устида чиқмадик урушлардан, Ер устига сиғмадик, лек ботармиз, Ер остида бу хунолуд ишлардан Афсус чекиб, пичирлашиб ётармиз. Эй, Сиз элнинг тик ўмровли шерлари, Сур — сурлашмай сурон солинг, эрлашинг! Бугун — одам, эрта — элнинг ерлари — Ерга айланмасдан туриб бирлашинг! 1996 йил 16 январь БЕДИЛОНА Ёшланмаган бирор кўз учратмадим, Бемор қалбга малҳам сўз учратмадим. Ўзимнинг бўл, дедим ҳар ўзгага, лек Ўзга ўзга бўлди, ўз учратмадим. 1996 йил 18 январь ОТЛАР БЎЛСА ЭГАРЛАНГАН Шундай, яна йўлдадирмиз, Отларимиз эгарланган. Юракми, юрақдан айтма, Юрагимиз чегаланган. Отларимиз эгарланган. Шу дарз кетган юрак билан Ҳаёт дарзин чегалаймиз. Иншооллоҳ, гуркираган Соғ дилларни эгаллаймиз. Ҳаёт дарзин чегалаймиз. Ажабо, бу тўқлик қайдан, Нега, гарчанд маҳзун паймиз. Нега Темур қайтгандайин Турон юртга эгадаймиз. Ажабо, бу тўқлик қайдан? Нега ҳамон ачишар тиз, Зирқирайди ёдларимиз, Муҳими шу, Тўмарисмиз, Эгарланган отларимиз. Нега ҳамон ачишар тиз. Айру тушмасмиз ҳеч қачон, Гарчанд юрак чегаланган. Юракдаги дод бўлса эрк. Отлар бўлса эгарланган Эгарланган от бўлса эрк. Айру тушмасмиз ҳеч қачон! 1996 йил 4 июль УНИ МЕНГА БЕР («Онам хусусида қайгуларим» туркумидан) Мен унга қолганда бўлдим қизғанчиқ, Ундан йироқ куним кўксимда санчиқ. Мен эмас, у менга бўлди суянчиқ Онамни четроққа берма, Оллоҳим! Қайғу қир-ўрини сезиб ҳидидан, Ғам чиқар мўрини сезиб дудидан, Уни опқочдим, ўп, руҳ, вужудидан, Онамни титроққа берма, Оллоҳим! Кунига би-ир ярай, Уни менга бер. Йўлида кўкарай, Уни менга бер, Гўдакдай кўтарай, Уни менга бер, Онамни тупроққа берма, Оллоҳим! 1998 йил 6 февраль БИБИ ФОТИМА ДУОСИ Оллоҳимдан тилаганим, Майли, бахт ё алам берсин, Бир зирх фикр берсин менга, Битта соқчи қалам берсин. Бу зирҳни мен жоним ийиб Ватанимга кийдирайин, Ўк ўтмас, тик андомини Жаҳон аро суйдирайин. Кийдирайин омон чиққин Тегирмоннинг дўлидан деб. Бу зирҳ менмас, Улуғ Биби Фотимамнинг қўлидан деб. Кўп кўрдик деб заволларни, Куйинманг, эй жони қиллар, Али қўллар ҳалолларни, Муҳаммаднинг ўзи қўллар! Бир зирҳ, тағин, бир қалам бер, Соқчи қаламки, куч келгай. Келмас, ёв келса аввал шеър, Аввал қаламга дуч келгай! Олмаса эл ғовларини Шоир зоти оқмай тинсин. Зарби элнинг ёвларини Синдирмаса, қалам синсин. Ватан, Энди заволинг йўқ. Гарчанд ўтда кўп куйдинг Сен. Тўзмассан, Биби Фотмамнинг Дуосидан зирҳ кийдинг Сен. Ватан, Отам, болам, шаъним — Туркий насим, муборак! Дуо билан зирҳланганим, Ўқ ўтмасим, муборак! 1998 йил 9 август ЕРИНГ БУ! Ер айтармиш: Кўзинг ерга олма, деб, Тағин ерга беписанд кўз солма, деб. Туриб тур, — деб, юриб тур, — деб, ўлма, Товонингни ўпадиган еринг бу! Майдон бу. Кўпкари тортар отингни, Мункиб кетсанг худога айт додингни. Хавф-хатарга қўйиб тинч ҳаётингни, Не улоқлар чопадиган еринг бу! Дўсти азиз, шодумон бўл, бўлма хор, Дорбоз бўлгин, ер ҳам асли симу-дор, Худо олса йўқотгайсан зору-зор, Худо берса топадиган еринг бу! Аслида шу ердан бошқа нима нақд, Омонат-ку қолган барча тожу-тахт, Тик чоғларинг бериб дармон, бериб шахд, Йиқилганда ёпадиган еринг бу! 1997 йил 9 август НАҲОТКИ... Мен кетсам, ким? ...Қўрқув кўксим ёради. Кетсам, музларда исиниб чиқар ким? Ким кул орасидан қад кўтаради, Харобазорларда униб чиқар ким? Ким дўзах, ўтларда кетмайди эриб, Пиёдага дўнар шоҳлик, тузликдан. Бор ҳавони бошқаларга қўшқўллаб бериб, Ўзи ҳалок бўлар ҳавосизликдан! Ёлғиз жони... У ҳам Оллоҳга эҳсон, Шундан балки жонин ололмайди дор. Наҳотки, дунёда мендек саргардон Ўтиб борар бошқа девона ҳам бор. Наҳотки... 1997 йил 9 апрель ҚАРАМЛИК Юлдузлар ойга қарам, Ўқ асли ёйга қарам. Қарқарали ҳумой ҳам Бошқа ҳумойга қарам. Осмон қушларникидир, Оқшом тушларникидир. Тенгсиз дуч келмасин, тенг Тенгу-тўшларникидир. Қон томса-да ярамдан, Сизга қалқон, карамман. Сизни-ку билолмадим, Ёр, мен сизга қарамман. 1996 йил 20 август ФАҚАТ ИШҚИНГ Неки олдим, бахтми, тахтми қарз бари, Бари бир кун қўлларимдан кетгайдир. Бу боғнинг ҳам чаппар урган гуллари Ранги ўнгиб, йўлларимдан кетгайдир. Гарчанд ҳали мушки-муаттар, қара, Куз кириб келмоқда уриб бар, қара, Икки ўрим сочим — дарё, қарқара, Қаён кетса белларимдан кетгайдир. Дунёларим шамол қилар қаҳратон, : Не қилса бир амал қилар қаҳратон, Саҳроларим қамал қилар қаҳратон, Қарға, қийғир чўлларимдан кетгайдир. Таназзулда, ярқираган он ичра, Қонга, шонга менинг билан бир учраб, Фақат ишқинг, жоним ичра, жон ичра, § Кетсам, тупрок, гилларимда кетгайдир. 1996 йил 18 январь КЎНГЛИМДАГИ АРСЛОН Юрагимга она арслон қўйган ин, Парвардигор, руҳим ўзинг кўтаргин. Даргоҳингда топширгунча мен жонни, (Ўлдирмагил кўксимдаги арслонни. Ўрмалабми келаётир сокин хоб, Оллоҳ, уни қайтармоқнинг йўлин топ. Ўрмалабми келаётган тулки, қуш, Балки менга раҳми келар «бояқиш». Ўрмалабми келаётган олчоқлар, Бир кун қаддин кўтармоққа дил боғлар. Ўрмалабми иғво, ҳасад кўринар, Кўзларимни кўзлаган дард кўринар. Инимга йўл излашар-у, қилиб қасд, Хунимга йўл излашганин пайқашмас. Булар шундай шахдимга қил теккизар, Кўнглимдаги арслонга тил теккизар. Йў-ўқ! Мен таслим бўлмай туриб, сўрмалаб, Қонимизни ичадиган маст йўқдир. Она арслон ўлмай туриб, ўрмалаб Бу ўрмонга кирадиган кас йўкдур. Юрагимга она арслон қўйган ин... 1994 йил 23 февраль БУ УЛУҒ КАРВОННИ КИМЛАР ТАЛАДИ? Бу улуғ карвонни кимлар талади, Йўл устинда ўғри, шумлар талади. Саҳро аро чулдираган булоқни Чор тарафдан сиқиб қумлар талади. Туя қилиб, юкларини ортқилаб, Қўймадилар кулагунча тортқилаб, Бир кафт яшил майсазорни турткилаб, Тақир тепа, гунг уюмлар талади. Шилиб олиб терисию тўнини, Юлдузларин юлиб олиб тунини, Чертсанг жаранг берар тоза чиннини Сопол идиш, лой буюмлар талади. Биз кузатдик яқинроғига бориб, Бир ёмғирлар, қаро балчиққа қориб, Бир харсанглар тушди бошларин ёриб, Оёқларин чирмаб чимлар талади. Яшаяпмиз, шундай сипо, сур бўлиб, Дил сал нотинч, кўзлар тинчу, кўр бўлиб Дўстлар ҳайрон, такрорлаймиз жўр бўлиб: «Бу улуғ карвонни кимлар талади?» 1991 йил 13 сентябрь НЕНИКИ КЎРДИМ КЕЧА... («Ўш-Ўзган фарёди» туркумидан) Нечун қизғиш бу кеча, Қайдан бу қор, қурум, гард, Неники кўрдим кеча Бугун унутмоғим шарт. Мендан сўраманг, чеча, «Борми кўнгли қўрғон, мард?» Неники кўрдим кеча Бугун унутмоғим шарт. Қавмим, белбоғинг еч-а, Уят, терларингни арт. Неники кўрдим кеча Бугун унутмоғим шарт. Ожиз, гўллигинг кўрдим, Бир-бирин ғажиб, еган Ножинс қуллигинг кўрдим, Негаям кўрдим, нега?! Гарчанд не кўрдим кеча Бугун унутмоғим шарт, Бир кун чироғим ўчар Мен билан кетар бу дард. Гўримда ҳам куяр ой Совурилиб ётарман. Кўрганларим унутмай Қовурилиб ётарман. 1990 йил 4 сентябрь ҲАЁТ ЭКАНИНИ БИЛМАБМАН Саратоним суриб, ёвуқ келди куз, Жазирамада ҳам титраган қалбман. Сизсиз саратон ҳам ичираркан муз, Мен буни билмабман. Сизсиз шамол бузар қўрғон, қалъамни, Хуркак гўдагимни ўксиб суяман. Қулоғимда титраб турган халқамни Кўздан панароққа олиб қўяпан. Кўнглимга сиғмайди, кўзимга сиғмас, Тўккан кўз ёшимда тойиб бораман. Шаму шаън хақида ўйламай кўйдим, Ғамдан хеч камим йўк, бойиб бораман. Ишқни мен ишқ дебман, дебман висол, кўрк, Дод, ёд эканини билмабман. Ишқ озодлик экан, экан қўрғон, эрк — Ҳаёт эканини билмабман. 1996 йил 29 июнь ЎЗИНГ ТИК КЕТ... Билолмасман, бу дунёси ҳикматму ё сийму зар, Тилсимларин ечмоқ бўлиб қанча чопмай ҳайронман. Кошонамни, хос хонамни синчиклаб кўрадилар, Кўнглим кўрар, кўнглим сўрар бир дўст топмай ҳайронман. Бир ўй сингди юрагимга худди наштар, худди ўқ, Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ! Зоғлар сендан чекингайдир, ҳатто боғлар кетгайдир, Ўстирганинг учун қуллуқ, Сен деб озор чексинми? Ўзинг ердан кўтарганинг — тоғлар сендан кетгайдир, Яқинлаб бор, бирор тоши танимаса ўксинма! Ҳориб суянмоқчи бўлсанг, боғ қуриган, бодом йўқ, Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ! Фақатгина олар дўстмас, берар дўстинг бўлса ҳам, Ўзинг тик кет, омонатдир, бир устунин ушлама. Қабргача, ўлимгача борар дўстинг бўлса ҳам, Ўлимгача ўзинг тик кет, йўлларда ер тишлама! Адл яша! Билган ҳолда, кўзларингда мотам йўқ, Йиқилмагин, йиқилганни суяйдиган одам йўқ! 1997 йил 20 июнь ТИРИК ҚЎНҒИРОҚЛАР Ҳаво истаб тишга чиқмиш бор жонзот, Бор ҳавою, бор наво наврўздадур. Ҳайрон бўлма, жаннат иси қайдан деб, Жаннат иси онанг кийган бўздадир. Тузук излаб тўрт тарафга улоқма, Асл тузук бобонг тузган туздадир. Кетган отанг, онанг қайтиб келибди, Синчков қара, улар ўғил-қиздадир. Фасли наврўз ҳар дил қайта кўкласин, Ҳар дил айтсин «маним кўнглим СИЗдадир». Умр нима — ёниб битар аланга, Маним умрим — ёниб борар СЎЗдадир. Комил дўст, баҳоинг баланд, адл бўл, Не истасанг ўзингдадир, ўздадир. Бизни ҳимоя этганлар — ўтдилар, Бугун ҳимоя этмокдик — БИЗдадир. Биз ўлмасдан Дунё ўлмайди, демак, Тирик қўнғироқлар ўзимиздадир. Ҳаво истаб тишга чиқмиш бор жонзот... 1996 йил 12 март ЎҚ ТЕГДИ Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди, Чатнаб турган, бозиллаган чўғ тегди. Билмай қолдим, ер тегдими, кўк тегди, Муҳаббатми, нафратми ё кек тегди, Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди! Гарчанд чекар дамлар сориғ кийиндим, Улар илдиз, кўкартирган куйимдир. Бир азобим айтсам бўлдинг куйинди, Менга шундай мингта азоб, тиғ тегди, Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди! Азоб поклаб, бой этаркан кўнгилни, Доғлар солиб ой этаркан кўнгилни, Ўқи ўзғир ёй этаркан кўнгилни, Шундай тик, бехато урар ўқ тегди. Қонларимда мангу юрар ўқ тегди. Ўқ тегди-ю, сайрон сайраб бошладим, Забонимни тошга қайраб бошладим, Кўнглим ичра йиғлаб байрам бошладим, Бандаданми, худоданми туғ тегди, Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди. Майдонларда ютгунимча қўлловчи Тожлар кийиб ўтгунимча қўлловчи, Қаро ерга кетгунимча қўлловчи, Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди, Яшагайман энди кўнгил тўқ, тегди! Тегди... шукур, булар бари худодан, Юксаклардан юксак, нари худодан, Менинг тўзмас болу, парим худодан, Садо келди «ўзига тиз чўк, тегди!» Ўқ тегди, оҳ, кўнглима бир ўқ тегди. 1995 йил 18 ноябрь МОҲЛАРОЙИМ, ЧИН ОЙИМ, АЙТИНГ... Моҳларойим, чин ойим, айтинг, Ҳамон дардимиз чекасизми? Бизлар ғамдан тўкилган пайти Гўрингизда сиз чўкасизми? Номард юрса қад кериб, суйгун, Мард тупроққа берса тўшини, Тун сизданам қочарми уйқу, Йиғлайсизми бизга қўшилиб? Қўзғолонни, фитна, тўс-тўсни Қуйиб ичга ютасизми Сиз? Қўзғоларми қабрингиз Сизни, Туриб, юриб кетасизми Сиз?! Мендан сўрманг, менам сиздай хор, Кўксим уммон, кўзимда нам йўқ. Ҳамма тирик, ҳаммада тил бор, Аммо ҳолинг сўрар одам йўқ. 1990 йил 27 ноябрь ЎЛМАЙ ЮРСАМ... Кўп ном олдим, энди бир ном олурман, Сайлаб-сайлаб сархил бодом олурман. Мен қаламни қачон олгум фарқи йўқ, Саҳарми ё кеч кирар шом олурман. Етмагандай кўнгил мулким титгани, Қўймадилар иморатим битгани, Мен-чи юксакларга сафар этгани, Энди руҳга либос, анжом олурман. Юрарканман, деб «Иймоним, баландим», Бошда сочим қолмагунча таландим. Қодди фақат қонимдаги талантим, Ўлмай юрсам ундан инъом олурман. Оҳ, йўллардан шундай номард борилди, Муҳаббатим қора лойга қорилди, Садоқатли бошим сангдан ёрилди, Ўз қонимдан лиммо-лим жон олурман. Борим кетди. Кетса ундан нарига, Осилганман Яссавийнинг барига, Садо келар, Тангрим, кўнглим қаъридан, Энди синмас Туркий калом олурман. 1995 йил 15 ноябрь КУНИНГ КУЛСИН Байрам қутлуғ, кунинг кулсин, Турким, Туроним, Чин синдиму кўкрагингдан босган чўян тош. Жаллод дунё, не ичирдинг, Соҳибқироним, Беш юз йиллар ерда ётди кўтаролмай бош. Кейин туркнинг эркагини армон тиғлади, Аёллари қайта Темур туғмай йиғлади. Не ичирдинг, Турон тахти ярқираган ганж, Бўлинди-ю урвоқларга, қумга айланди. Бўлинди-ю меросхўрлар тақдири аянч, Шаҳзодалар майдалашди, шумга айланди. Аввал даҳо бошида тож, бобом, деб суйдим. Кейин моли талон-тарож бобом, деб куйдим. Бир одамда бўлар эмиш ризқу-баракот, Туркнинг туғи сизнинг билан ерга кетдими? Кетдингиз-у, бу тупроққа қуйилдими дод, Туркнинг шони Сизнинг билан бирга кетдими? Ҳатто Сиздай сарбаланд туғ оёқ ости, хор Мен дунёга нечун кўнгил қўяй, ҳукмдор?! Кетдингиз-у етим ерга қўпди балолар, Қавмингизни ҳар ўткинчи, иркит ит қопди, Сиздан сўнг ҳам келди олтин бошли болалар, Лек уларни қилич еди, жодилар чопди. Минглаб кесик бошлар кетди юмалаб, тўзғин, Сўнг юз йиллар қон ҳидидан изғиди қузғун. Бири Машраб, Балхда қолди дорда осилиб, Бирин Сибирь, кайинзорда бағрин тешди тиғ. Бу излар-ку азал-абад кетмас босилиб, Бугун шодмиз, кўтарилди поймол ётган туғ. Туғ остида тирик, ўлик — қурбон кўраман Ҳар бирининг кўксида бир Қуръон кўраман. Иншооллоҳ, ишларимиз энди келгай ўнг, Ўғлонлари ювар туркнинг кўнгил доғини. Ким ўйлабди, улуғ Темур беш юз йилдан сўнг Гўрдан чиқиб, болаларин жамламоғини. Жаҳонгирга элга қайтмоқ — бахт қутлуғ бўлсин, Авлодларга қайтган тожу-тахт қутлуғ бўлсин. 1993 йил 16 август ГУЛ Ўйлаб кўрсам, азоб чеккан, сўнган гулман, Бўронларда қорайиб кўринган гулман. Фақат завол кўрмагандир илдизларим, Яссавийнинг мозорида унган гулман. Фақат ҳамон ҳорғин таним чўқиларлар, Қарашларин тешиб ўтар ўқ қиларлар, «Ҳали ҳолин кўрамиз» деб дўқ қиларлар, Деманг «аччиқ кўз ёшлари тинган гулман». Ҳамон эркин ўсмоғимга йўл бермаслар, Изғиринлар чимдиб кўзим очирмаслар, Ҳамон улар назарлардан қочирмаслар, Мен тилло сувларида артинган гулман. Гарчанд, ҳали сориғ эрур япроқ, парим, Кўклагайман, кўклатгайдир Оллоҳ карим, Шул сиримдан огоҳ эмас рақибларим, Мен Яссавий ётган ердан унган гулман. 1994 йил 19 февраль ТУҒЛАРИМНИ ОЛОЛМАЙДИ ЁВ Сева-сева баланд туғларни, Ҳар тун дафтаримга кираркан, Яшираркан, унга тиғларни, Ханжарларни жойлаштираркан, Сева-сева байроқларимни Тунга туйғумни зич экаман. Экмайдурман унга заримни, Унга қаҳру-қилич экаман. Эрксизлик жон-жонимдан ўтди, Энди шеърим, ерим, гўрим — ғов. Зич экаман... боролмас ўтиб, Туғларимни ололмайди ёв! 1998 йил 11 апрель БИР КУН СЕНИ КЎТАРАДИ Тўғри, бори дардларини айтавермас най, Кўксидаги доғларини қуш, оҳ, яширгай! Ярадан қон тўкилгандай менинг кўнглимдан Шеърларим тўкилиб турса, қандоқ яширай?! Гарчанд гулмас, бировларга тутқазиб бўлмас, Улар михланиб тўкилган, ўтказиб бўлмас, Тураверар иссиқлиги, янгилигича, Ювган билан бу қонларни кетказиб бўлмас. Эй халқ! Бизнинг дардларимиз юқумли ғоят, Юксаласан бизнинг шавкат-шонлардан бир кун. Бир кун Сени кўтаради бу ғамли оят, Уйғонасан янги, иссиқ қонлардан бир кун! 1996 йил 6 июль ОЛЛОҲ КЕЧИКТИРСИН... Бу — кунботар, қизғиш, алвон кўринган, Ботиши олдидан қуёш қизарар. Келдик. Қайтажакмиз дунёи дундан — Кетиши оддидан одам тозарар — Оллоҳ калом берсин айтар вақтингиз, Ўзи кечиктирсин қайтар вақтингиз. Ҳали Сизга не сир шивирлайди шом, Бургутдай хезланар шиддат, кучингиз, Жимирлаб турибди қўлингизда жом, Илоҳо, сўнггига қадар ичингиз! Оллоҳ булбул қилсин сайрар вақтингиз, Ўзи кечиктирсин қайтар вақтингиз! Тўлишиб борасиз тўлин ойлардай, Тақдир ёқангизга зар гул битади, Елиб бораётган суқсур тойлардай, Кунларингиз гуррос солиб ўтади. Илоҳо, чўзилсин ой, зар вақтингиз, Ўзи кечиктирсин қайтар вақтингиз! Сўнг онингиз қадар яшангиз гуллаб, Сўнг... эл айтиб юрсин айтганингизни. Кун келса... болангиз кўрсин-у, илло, Отангиз кўрмасин қайтганингизни! Мўралаб турса-да талх, тар вақтингиз, Оллоҳ кечиктирсин қайтар вақтингиз! 1996 йил 6 июль ВАТАН Бошпанамми, бош паноҳим, Қуёш, моҳим, манимсан. Кўнглим куйиб айтар оҳим, Қайтар оҳим, манимсан. Намозшомгул, хонгулларим Ўпади ўнгиримни. Ялпизларинг — сингилларим, Сотмайди бир сиримни. Тўнсам офтобинг иситиб, Тинсам сувинг жилдирар. Қўними йўқ қушчаларинг Айвонимда чулдирар. Шу қушчалар орасинда Мен беш гўдак ўстирдим. Ҳар бирида Ватан отлиғ Озод юрак ўстирдим. Бир кун тугаб ўлан, айтим, Олсам қаро ерга йўл, Туғилганда бошимдайдинг, Ўларда ҳам бошда бўл! Ватан! Шунда оиалигинг Ногоҳ чуқур туйгайсан, Беш боламнинг кўз ёшларин Ўзинг артиб қўйгайсан! 1996 йил 6 июль МЕНАМ ЎТДАН ЎТГАНМАН Туманли тундан келдим. Энди тонгга кетаман, Узлатда узок кечдим. Энди шонга кетаман. Барорим бир жойдадир. Борарим бир жойдадир, Туркистондан келганман, Туркистонга кетаман. Нима фарқ бор, дунёда мангуманми, онийман, Қаландарлик хиркасин кийдим, бошқасин киймам! Муҳими, куйиб бўлдим, энди қайтадан куймам, Менам ўтдан ўтганман. Менам Туркистонийман. Умр нима, бир лаҳза, ўкдай меҳмон камонга, Бугун майсадай қошу киприк бўлсам эҳтимол. Эрта ким билар... балки замонлардан замонга Турк болалар ўтгучи кўприк бўлсам эҳтимол! Туманли тундан келдим. Энди тонгга кетаман! 1997 йил 3 апрель ҚАСАМКИ... Гарчанд тақдирим каж, лойли, сирпанчиқ, Бўронли йўллардан келаркан юриб, Тик сўзимни ерга қасамдай санчдим, Мадори етганлар олгай суғуриб. Қасамки, мозийнинг чироқларини, Шуъласи, ҳадиги, титроқларини Сезмасам, кўр кўрсам кўнглим қаърини, Тутаб, тентиб юрмай ўчмоққа қасам! Қасамки, шеър ёзсам маржондай тизиб, Тўрт турким бир томон кетмаса сузиб, Жаннат давронлардан кўнглимни узиб, Дўзах оловида кечмоққа қасам! Қасамки қонимда Машраб бор, маҳзун, Мени кўкка тортар у илоҳий ун. Зикр, ишқ, жунундан айро тушган кун, Қаландар хирқасин ечмоққа қасам! Эрк келди, Эрк келди, кўнглим найдадир, Дариғ, ҳар улкан тоғ бир кун майдадир. Бир куни кетсамам руҳим қайтадир. Руҳим, эркни қўриб учмоққа қасам! 1997 йил 3 апрель ТИЛАК Осмонда офтоб ўлсин, Қўлда майи — ноб ўлсин. Қабоҳатнинг китоби Йиртилсин, боб-боб ўлсин. Пирнинг чин пирлигини Кўрмаса, айб йўқ, кўриб, Тан олмай турса мурид Хор ўлсин, хароб ўлсин! 1997 йил 3 август УЙҒОН СЎЗИН АЙТГАЧ... Чиримоқда Сибирда улуғ турк шоирлари. Меҳмед Эмин Юрдақул, 1939 йил. Тарих даштларини гоҳо қуюқ қор ёпган, Бўлса ҳамки аён бўлган кимлар не чекди? Беш қиличдай терагини бир болта чопган, Менинг маҳзун онагинам, ҳолинг нечукдир? Сирлар сандиғи очилар, кимлар не деган, Кимни сотиб ўзи яйраб ўсган қайси жон? Бешта ёвқур боласини бир қашқир еган, Менинг маъюс онагинам бормисан омон? Балки ҳамон тугамаган бошланган достон, Танларига тупроқ эмас, соғинчлар ботар. Ҳамон Сибирь совуғига кўниколмасдан Улар бир-бирин қучоқлаб, исиниб ётар. Улар Абдулла Қодирий, Файзуллоларим, Акмал Икром, Усмон Носир, тик Чўлпоним-эй. Кўмир қазиб, кўмир бўлган чин тиллоларим, Улар бешмас, беш юз, беш минг увол жоним-эй. Авахталар, шахталардан улар берар ун, Ўйламангки, кукун бўлган, кул бўлган тинчиб. Ер устида эрк туғини биз кўтарган кун, Улар гўрда бир-биридан олган суюнчи. Чўлпон бирдан Чўлпонлигин туйиб чопгандир — Сочдан то тирноғи кадар куйиб чопгандир. Қамоқ, зах ертўлаларда яғири чиққан, Кир, беқасам чопонини кийиб чопгандир. Эрк исини эрта сезган болаларини, Зулм — оқимга қарши сузган болаларини, Ота арслон елкасида ошиқ ўйнаган, Она арслон сут эмизган болаларини Олдирган эл, улар оддий болами эди, Курашларда улар осон бердиларми жон? Усмон «Уйғон» сўзин айтгач, ҳушдан айрилди, Чўлпон айтгач, кўкрагидан келди лахта қон! Асли кўз ёш, қон оралаб тойиб ўсдик биз, Қон — ёруғлик. Ёруғлашдик. Бойиб ўсдик биз. Қирққанлари, кесганлари сари кучландик, Қанотларни тағин кенгроқ ёйиб ўсдик биз. Она элим, Минг шукурки, қолмадик тунда, Тилак нгулки, қодир Оллоҳ ёнингни олсин. Ҳар бир боланг Чўлпон бўлиб бош кўтарсин-да, Эрк байроғи азал-абад ўзингда қолсин. 1997 йил 16 март БИЛМАСМИЗ Биз нечун осмонни кўра билмасмиз, Чунки ер остига кира билмасмиз Тескари бурамиз, дўстлар кетади, Дарёни тескари бура билмасмиз. Тўфон битта-битта синдирар бизни, Ҳатто дарахтдай зич тура билмасмиз. Балки илонлар ҳам қилолмасди даф, Сувга балиқдай ғуж кира билмасмиз. Шайтон кириб олган ич-ичимизга, Уни руҳ, танадан қира билмасмиз. Қай вайронани-ки тузатдик, туздик, Баттар вайрон бўлди, қура билмасмиз. Кўз ўткир вақтларда кўрдай яшадик, Бугун кўзимиз ҳам хира, билмасмиз. Дунёни билгичдай димоқлар осмон, Билганимиз шулки, сира билмасмиз. 1997 йил 16 март ЎЛМАСЛИК... Қилич ишга тушар... Қатл рўй беради! Аммо олинган бош Кетади юриб, Бошлар иссиқ қонин Ерларга суриб, «Ўлмайман» сўзини ёзаверади! Оёқ остдан тўнгак Олинди, мана, Руҳ дорулбақога Қайтаверади. Дорларда шалвираб Руҳ ила тана «Ўлмайман» сўзини айтаверади! Дунё кетганда ҳам Қонига ботиб Бир кун тирик қолар Бу тирик қасдлик! Бор бўлсин жодида Қирқилаётиб «Ўлмайман» сўзини айтган ўлмаслик! 1996 йил 3 июль ҲАҚҚИМ ЙЎҚ... Биламан, на сийму, на зар кетса ҳам, Ёнимдан дўстиму дигар кетса ҳам, Ғамлардан қон бўлиб жигар кетса ҳам, Кўзга ёш олмокқа менинг ҳаққим йўқ. Тунги даштлари-ю дарасидан-да, Кир-чир ёмғирларин орасидан-да Мен овоз бераман кутилмаган дам, Кўздан йўқолмоққа менинг ҳаққим йўқ. Ватан, кулсин доим бошингда омад, Хуш кунинг бўлсам ҳам унутилган хат. Қўпмасин, бошингда қўпса қиёмат, Чеккада қолмоққа менинг ҳаққим йўқ. Босмасин, ёв босса эркнинг роҳини, Қон билан ёзгайман элнинг оҳини. Бошим кетганда ҳам жанг кулоҳини Бошимдан олмоққа менинг ҳаққим йўқ. 1997 йил 16 март «ОНАМ ХУСУСИДА ҚАЙҒУЛАРИМ»ДАН Бошимдан фалокат тоши тўкилди, Менга кўп нарсани уқтирди бу ғам. Мени-ку билмайман, мени не қилди, Онамни тамоман чўктирди бу ғам. Билмам, қай куч билан бу ғамни чекдим, Қандоғам чидадим ўтмас тиғига, Сочим, тиш, кўркларим кетди, кўникдим, Кўнмасман онамнинг кетмоқлигига. Оҳ десам оҳларим, оққай, эшилгай, Оллоҳим, сен қодир, мен камни қутқар! Мен деб ғам ўқидан кўкси тешилган Чўкиб бораётган кемамни қутқар! 1997 йил 4 март ИНОНИШ Шоирлари ҳайқирмаган миллат қондошлари тупроқ бўлган ўксик бола кабидир. Меҳмед Эмин Юрдақул. Энди ҳайқир, Энди ҳайқир, ун зўридан Дарёларинг тошиб келсин. Маййитлар чиқиб гўридан Озод, қучоқлашиб келсин. Энди ҳайқир, азон олсин Туркий дунё қамровини. Эгик, бағри сўзон олсин Ердан узиб ўмровини. Ҳайқир, ўзбек ўздек ўлсин, Ётлик унут. Чўкмайлик тиз. Ғолиб, наррашерлик келсин, Мотлик кетсин, қолдирмай из. Ҳайқир, ҳайқириғинг ўзгай, Бу наъра ширин, бол, ахир! Пайғамбарни ҳам эмизган Мушфиқ, мунис аёл, ахир! Ҳайқир, олдинг эркни, тахтни, Келар бахту барор яна. Мусулмонга Муҳаммадни Берган Оллоҳ берар яна! Энди ҳайқир, ун зўридан Дарёларинг тошиб келсин... 1998 йил 6 июль ОШИҚЛИК СИЗДАН ЎТАРДИ... Ошиқлик сиздан ўтарди, маъшуқалик бизданам, Бугун йирокдасиз, дил муз, эрув билмас муз танам. Бугун ҳижрон довулларин қучоғида қалтираб, Исинмоққа ўт излайман Сизнинг мактуб, сўзданам. Биласиз-ку қиш қуюни билан ғужғон ўйнардим, Бугун кўкламдан совудим, кўнглим қолди кузданам. Сиздан айру тушган кундан бор дунёдан айру Мен, Кетаётган душманданам, келаётган дўстданам. Хижрон сели белдан ўтди, кўксим, бўғзимга етди, Келинг, мен ғарқ бўлмай келинг, айрилмайин ўзданам Ошиқлик Сиздан ўтарди, маъшуқалик бизданам... 1998 йил 2 июль ИШОНМА Кетар йўл бор. Теграсида ўт, гуллар, Кетмасайдим. Минг йил ўй сурар эдим — Мен сабрнинг тошидирман. Минг йиллар Остонадан кетмай ўтирар эдим. Бир ой кутдим, сочларимга қўнди оқ. Бир йил кутдим, дармон кетди тизимдан — Бесабрдир, гулдирайди қалдироқ, Бесабрлар сўрар ўғил-қизимдан. Мен сабрли. Мендан оғир тош йўқдир, Кетмасайдим. Кечиксанг ҳам майлийди. Мана, артдим. Кўзларимда ёш йўкдир, Мана, яна сабр отлиғ тўн кийдим. Йў-ўқ! Сабр отлиғ тўнлигимга ишонма, Сабрда тошга тенглигимга ишонма, Ишонмагил яшнаб турган гул, чимга, Тағин... Тағин менинг мангулигимга! Тезроқ кел! Кетар йўл бор, теграсида ўт, гуллар... 1996 йил 30 июнь |
Адабиётшунослик
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
СюжетСюжет (фр. sujet — предмет) — адабиёт, драматургия, театр, кино... |
Она фидоийлиги ҳақида бир асарXIX аср охири ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг бир қисмини... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |