Сайланма. Ҳалима Худойбердиева - 13 |
14 дан 16 сахифа
ЭНГ ЁМОН КУНДАГИ ЭНГ ЯХШИ ТИЛАК Эй ўғил, биз Сиза жонни ичирдик, Қонимиз ичирдик, қонни ичирдик, Воз кечдик, шуҳрату шонни ичирдик, Қониб ичдингизки, чўлламагайсиз. Умримиз жилғадай пойизда чопди, Отларизда чопди, тойизда чопди. Суннат тўйларизда, тўйизда чопди, Жилғадай чопмасак... гулламагайсиз. Дилнинг энг тубида етилган байтдек, Сизни туморим деб, борим деб айтдик. Биз-ку не ҳасратда Сизни улғайтдик, Сиз биза ҳасратлар йўлламагайсиз. Дунёда ишимиз сеҳру тилмочлик, Сотқин замон келар, наҳс, яланғочлик. Ҳарҳолда сулайтиб қўйса ҳам очлик, Шўрлик онангизни пулламагайсиз! 1992 йил 12 январь ТУРОН ТЎКИЛМАСИН, НАВРЎЗ! Қори кетган боғлар бу кун тўлаётир қушларга, Наврўз нони, сумалаги тағин тегди тишларга, Менам ҳайрон ўтаётган яхши-ёмон ишларга Зорим будир. Майли, сен кел, кулфат келмасин, Наврўз. Тушларимда Моҳларойим — мендан хафа, кетарлар Деб «Бу — не қиёмат қойим» — мендан хафа кетарлар. «Болам, қон-ку маним жойим» — мендан хафа кетарлар, Мен не дейин, олдини ол, қон тўкилмасин, Наврўз. Нодираи даврондан мен ўзни қандай яширай, Авж гуллар чоғ тупроқ тўлган кўзни қандай яширай. Шу кўз деб ақлдан озган қизни қандай яширай, Хўқанди Латифдай юртдан шон тўкилмасин, Наврўз. Тўғри, ишчан қўлларинг бўш, сиғмайсан маконингга, Ақлу имкон тоқат берсин ҳар бетоқат оништа. Айтгил, шулар арзийдирми алмашмоққа жонингга, Ахир қайта келмайдир-ку, жон тўкилмасин, Наврўз. Бобо Темур, болаларинг қирса бири-бирини, Дўст илдизин дўст қирқса, нодўстга бериб сирини. Қачон аёл ноласи тарк этар Турон ерини, Болаларинг бирлаштиргин, Турон тўкилмасин, Наврўз. Гарчанд борлиғимни минг хил туйғу сўтиб боради, Юрагимнинг туб-тубига бир нур ўтиб боради, Моҳларойим... ортга қарай-қарай кетиб боради, Боғлар қийғос гулга кирган, Қўқон тўкилмасин, Наврўз! 1990 йил 2 март ДАРАХТ Биров кўз тикканда тожу тахт кўринади, Бировига қўли баланд бахт кўринади. Мен кўз тиксам — менинг каби эрта энкайган, Менинг каби мункайган дарахт кўринади. Синчков боқсам бу дарахтнинг сумбати дарахт, Ичи ғовак тугаётган сахт кўринади. Томирини заҳарлаган келгинди сувлар, Каллакланган бошлари карахт кўринади. Ичим куяр... дарахтдами, ўзимдами ё Қайта кўклаш саодати накд кўринади. 1992 йил 12 январь ЎЗ ТОПГАН Ағёри кўп дунёда Битта содиқ дўст топгин. Дардинг зиёд-зиёда, Айтмоққа шарҳ, сўз топгин. Қонлаб қирни, қиёни Лолалансин товонинг. Излаб, бу кўр дунёни Кўрадиган кўз топгин. Умр оқиб кетар об, Кўзинг ёпар, бўлсанг соб. Ёлғиз ўтма, ўғил топ, Ё биргина киз топгин. Тўқ тўймайди, ёпма тўн, Оч олдида ошга дўн. Очга бир кафттина ун Ё бир сиқим туз топгин. Ерга йиғла ҳолингни, Кўкка йиғла ҳолингни. Отингни сот, молингни, Ёт кўп. Сен бир ўз топган. Ўтар-кетар дунёда, Тўзғиб ётар дунёда, Олиб-сотар дунёда Битта сотмас дўст топгин. 1992 йил 6 август ОШИҚЛИК (Яссавиёна) Кулгу берма, бировлардан кулмай қолай, Тўлдирмагил, дунёсидан тўлмай қолай, Парвонадай ўлганимни билмай қолай, Бир чироққа ошиқликни берсанг бўлди. Овга чиқмам, чиқсам арслон овим менинг, Бу — кўнглима худо солган довим менинг, Шивир-шивир, висир-висир ёвим менинг, Қўнғироққа ошиқликни берсанг бўлди. Бу дунёда мен эскиман, кузим янги, Сиёсатлар янги, айтар сўзим янги, Саратонлар тишлайдиган музим янги, Кетар чоққа ошиқликни берсанг бўлди. Қўллаганни ҳатто қайғу-дод қўллайди, Бир ишора билан мағлуб, мот қўллайди, Баъзан не-не алп қўлламас, от қўллайди, Арғумоққа ошиқликни берсанг бўлди. Куйиб севдим, ишқ мевасин олдим қўлга, Амринг билан жонлар ато этдим кулга, Энди барча ишқни ол-у, битта гилга, Бир тупроққа ошиқликни берсанг бўлди. Бу беҳиштий дунёлардан мушксиз кетмай, Қуламасин, кўксимдаги кўшксиз кетмай. Қодир худо, чин дунёга ишқсиз кетмай, Ўшал ёққа ошиқликни берсанг бўлди. 1996 йил 5 июнь УМИД Тўзган кунларингни кўп кўрдим, халқим, Бузган кунларингни кўп кўрдим, халқим, Узган кунларингни кўп кўрдим, халқим, Ўстирган кунингни кўрармикинман? Сочим супургидир ўринг-қирингга, Фаҳмим етгаймукин бирор сирингга. Қиёматга қолмай биринг-бирингга, Дўст турган кунингни кўрармикинман? Дил тўлиб борса ҳам доғ узра доққа, Йиғлаб кўчирдим шу шеъримни оққа, Бир-биринг оёқдан чалмай, оёққа Бостирган кунингни кўрармикинман? Оҳ уриб яшаркан қавмим гумроҳ деб, Мени ўкинч-армон тугатмасдан еб, Бир-биринг чапламай, бир-биринг «оқ» деб, Ёздирган кунингни кўрармикинман? Қандоқ адо бўлмай, ўтмайин куйиб, Юрсанг ўзни қийиб, ёғийга ийиб, Ўзинг топганингни Сен ўзинг кийиб, Тўздирган кунингни кўрармикинман? Бобонг-ку, қиличин сермади, енгди, Бобонг-ку, орини бермади, енгди, Бобонгдан болангни бир қадам энди Ўздирган кунингни кўрармикинман? 1992 йил 6 август БЕХАТО СЎЗ Субҳоноллоҳ, томиримга туташмоқда ўт, Жанглар аро жангари садо қилажакман. Синиқ кўнглим минг бўлакдир, бўлмагайман бут, Ҳақ йўлинда ўзимни гадо қилажакман. Умрнинг интиҳосида учган руҳларни Қайтараман, қайта ибтидо қилажакман. Омонатин олгунича авлодларимга «Бирлаш» деб ўз тилимда нидо қилажакман. Эрк истаги уммонларда кўпни қилган ғарқ, Менам унга жонимни ато қилажакман. Ҳар сўзимдан хато излаб рақибим сарсон, Мен қўрқаман, умримни хато қилажакман. Хато қилмай айта олгум: қачон ўлсамам, Шеър устида ўзимни адо қилажакман. 1992 йил 4 апрель ИНШООЛЛОҲ... Иншооллоҳ, бўлса умр вафоси, Мен халқимнинг суянч тоғи бўлурман. Нодиранинг қайта келган садоси, Турк-Туроннинг қўнғироғи бўлурман. Қўнғироқлар тинди тили кесилиб, Баланд тоғлар синди бели кесилиб, Турк дарахти синди эли кесилиб, Қайта унган дов бутоғи бўлурман. Шундайин сас, сазо келар олдиндан, Қасрларим қуйилажак олтиндан, Туркнинг тупроғига дўниб мен чиндан, Ер юзининг кунгай ёғи бўлурман. Кўнглим бўлур давронлардан ошувчи, Шеърим бўлур ўлим билмас, яшовчан. Яссавийни замонларга ташувчи, Хизматкори, елка тоғи бўлурман. Турк-Туроннинг қўнғироғи бўлурман. 1992 йил 6 август СЎНГГИ ОҲ Кўзи тиниб яшаб юрган бир одам, Сўзи синиб яшаб юрган бир одам, Чин ҳурликнинг кўкларида учмаган, Ерда униб, яшаб юрган бир одам, Бирдан, бирдан кўксим ёниб урдим оҳ, Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! Қайинзорда қолгон бобом эсладим, «Душманлиғи» ёлғон бобом эсладим, Бир пой маҳси кийиб, бири қўлтиқда, Сибирга йўл олғон бобом эсладим. Кейин ўксиб йиғлайвердим, чекиб оҳ. Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! Қирқ Ғироти, қирқ бияси таланди, Қалъа, қўрғон, қир, қияси таланди, Шўрлик энам — Урқияси таланди, Сўнг бир сотқин: қўрғонида ёйди шох, Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! Кейин отам, ғолибмиди, мотмиди, Кейин онам, аёлмиди, отмиди, Дод деб кетди. Менинг додим додмиди? Наҳот, наҳот, ғойиб бўлди зиндон, чоҳ Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! Ўртоқларим жони пўлат, жони қил, Бири сариқ, бири камқон, бири сил, Ҳали уз-оқ даволанар, узо-оқ йил, Ўлмай қолса бўлди. Қайта бўлмас моҳ, Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! Она элим, ер бағирлаб, чўккан эл, Ҳосилини кўрмай, фақат эккан эл, Худо назар қилган, назар теккан эл, Тилларингдан учгаймикин сўнгги оҳ, Қўлларимнинг кишани йўқ, ё Оллоҳ! 1992 йил 31 март ТУРКИСТОННИНГ ОНАЛАРИНИ... Ўн икки ой бирдай ишлайди, Фақат ишлаб кўнгил хушлайди, Иморатнинг лойин муштлайди, Болаларин тишда тишлайди, Гўдаклари тоқмас, қўшлайди Туркистоннинг оналарини... Ўғли Бобур Ҳинд сори босди, Қайтармоққа етмади дасти, Нодирасин жаҳолат осди, Жаҳолатга бор эрур қасди. Юрагини армон нишлайди Туркистоннинг оналарини... Машраб Балхда, дорда саланглар, Усмон қах-қаҳ уриб, аланглар, Ҳамзасини тилкалар санглар, Тушлари ҳам аҳволин танглар, Тушлари ҳам тошлаб, ғиштлайди Туркистоннинг оналарини... Амир Темур ёди ўстирар, Кенагаснинг доди ўстирар, Сиртмоқ, кунда, жоди ўстирар, Яссавийнинг оти ўстирар, Худо суяр, руҳлар ушлайди Туркистоннинг оналарини... Афғон мулки бўлди минглаб эр, Ҳарбий кетган юзлаб йигит — ер, Бир боланинг доғи қилар шер, Қодир Оллоҳ, ўзинг тоқат бер, Юрагида арслон қишлайди Туркистоннинг оналарини... Олгани шу элидан дуо, Тиловати, селидан дуо, Ҳар қўлловчи елидан дуо, Қўлидан иш, тилидан дуо, Бошидан оқ рўмол тушмайди Туркистоннинг оналарини! 1992 йил 1 апрель БУ ЭЛНИ ЖИМЛАР УЙҒОТАДИР Бу авлодлар ғарибдан-ғариб, Кўкрагингга тошлар ботадир. Олов тополмайсан ахтариб, Кўзларингга ёшлар ботадир. Кўнглингда чанг, гард кўтарсангми, Қийнаб гумон, дард кўтарсангми, Пардаларни шарт кўтарсангми, Яланғочлар, фошлар ботадир. Туриб, қулаб ётган бек бекми, Ичиб, «гуллаб» ётган бек бекми, Борин пуллаб ётган бек бекми, Фикрсиз, бўш бошлар ботадир. Оҳ, бу элга кимлар қазди чоҳ, Қайдандир бу саноқсиз гумроҳ, Бугун бир порлоқ қуёш йўқ, оҳ, Мозийда... қуёшлар ботадир. Қай ҳофизга худо — сийму зар, Қай шоири худобехабар, Қай отинининг ботини ғар, Бу элни кимлар уйғотадир? Боболари юрт сўраб тўрда, Болалари ўлгайму ерда? Иншооллоҳ, бугунми-эрта, Бу элни жимлар уйғотадир. 1992 йил 4 апрель * * * Отам, онам кўнгли йиғлаб, бўшаб ўтди, Отам, онам ёғийга пар тўшаб ўтди. Отам, онам тиз чўкканча яшаб ўтди, Худо, энди мадорингни тизимга бер. Кўкламларим талошларда талон бўлди, Увуз этда куйдим, йиғи, ўлан бўлди, Ёзим — балоғатга етган нолон бўлди, Энди озод қўшиқларни кузимга бер! Совий-совий музлаган дил музликларим, Эрий бошлаб сўз очмоқда сўзликларим. Қайтса қайтмас бўлиб кетган ўзликларим, Турк, Туронни кўтармоқни ўзимга бер. 1992 йил 8 январь * * * Ошиқлиғда ҳеч ким Сизу биза етолмас, Бир нигоҳдан бори аён сўза етолмас. Кўклам ғўр қушчалар билан чулдирайверсин, Дил топмоқда ҳеч ким маъюс куза етолмас. Сунбуланинг тиниқлиги кўкламда нетсин, Ҳеч ким бундай шифо, дала-туза етолмас. Бош устида шийдам шохлар сирли мунгланиб, Пойингизга сориғ гилам ёза етолмас. Ҳеч ким мендек Сиза ҳар зум жон суви тутиб, Умр бўйи елкасида кўза, етолмас. 1992 йил 8 январь ДУНЁ КЕТАР СУРИНИБ... Қораяркан босилиб Қор йиғлайди, менимча. Мард ўларкан осилиб Дор йиғлайди, менимча. Аёл йиғлаган элда Ор йиғлайди, менимча. Умиди оқиб селда Бемор йиғлайди, менимча. Ўнглайман, — деб шеър ёзиб Куйдим, кулга айландим. Ўт кетсин бу дунёси, Пулга қулга айланди. Аддов, ишрат, очилиб Бораётган қиз дунё, Йўқ, шу кетишда тошга Урилгувчи — биз, дунё. Дунё кетар суриниб Бедор йиғлайди, менимча, Қайтаргум, — деб уриниб Бекор йиғлайди, менимча. 1992 йил 8 январь ИЙМОН КЕЛГУНИЧА ЁЗГИН Тунда ёзсанг, бўш келма, сен Тонг келгунича ёзгин. Рақибингнинг забонига «Аттанг» келгунича ёзгин. Суяги ҳам хоки туроб Отанг келгунича ёзгин. Ўтга тушгил бор ютуғу Хатонг келгунича ёзгин. Имконсизлик ер одамни, Ерга кетгач ухлармиз. То тириклик — имконимиз, Имкон келгунича ёзгин. Жилдир-жилдир қуриётган Онг келгунича ёзгин. Юрагингни туб-тубидан Бонг келгунича ёзгин. Мен демасман, давру даврон, Шон келгунича ёзгин. Мен дегайман, ёз, оғзингдан Қон келгунича ёзгин. То иймони қочган элга Иймон келгунича ёзгин. 1992 йил 8 январь ЁЛҒИЗ ОДАМ ИШОНЧИ Мен бир ҳақиқатга бергандайман тан, Бу ҳақдаги шубҳа менга ботмайди. Тупроқ устидаги дўстни билмайман, Тупроқ остидаги дўстим сотмайди. Тирик дўстим ёзим, қишимга кириб, Мени ўтга отиб ёқар, совутар. Ўлган дўстим... тунлар тушимга кириб Тонггача кўнглимни овлаб, овутар... Баъзан... ёлғиз қолсам... кетмоққа шайман, Мени унутмагин, менга йўлинг бер. Сен қанча қўлласанг, шунча яшайман, Тупроқ остидаги дўстим, қўлинг бер! 1992 йил 10 январь * * * Худоданми, бандадан, Одамдан, даррандадан, Дўст топаман, бериб тан, Сўзлайди илон манга. Белим боғласам сириб, Селни олурман буриб, Қашқирлар тумшуқ суриб, Йиғлайди нолон манга. Суйдим, жон билан суйдим, Ўт-ла қовушдим, куйдим, Тўзмас либосин кийдим, Келаверар шон манга. Қон — ёруғлик, ман ҳориб, Руҳни қон билан қориб, Куйласам, бўғзим ёриб, Отиладир қон манга. Ман сафарга чиқар дам, Ошиқ Юнус берур шам: «Ман қуш тилин билурам, Сўйлар Сулаймон манга». 1992 йил 7 январь ЙИҒЛАДИМ, ХУДОЖОН Йиғладим, художон, караминг кенгдир, Бир интиқ сўзимни бер деб йиғладим. Бағрим қоқ, қақраган заминга тенгдир, Бир кўкат бер, битта шеър деб йиғладим. Заҳардан сув ичган тупроқ ўлгандир, Одам қуриб, чўккан, хўпроқ ўлгандир. Ўлмагани мендан кўпроқ ўлгандир, Битта қарич тоза ер деб йиғладим. Туркий қавм бир-бирин қириб-у қийиб, Яшаркан, юрмайми хазонлиғ кийиб. Бу дардлардан гўрда ётаркан куйиб, Бобо Темур нима дер деб йиғладим. Ёнимда, қонимда у келмакдадир, Балки оғироёқ келинчакдадир. Ҳар қалай эл қони қачон тўхтади — Келиб ғамимизни ер деб йиғладим. Оллоҳга ёлвориб, бир мунглиғ хаёл, Халқим деб йиғладим қаддим бўлиб дол. Халққа Тўмарисдай бир ёвқур аёл, Халққа Темурдай бир эр деб йиғладим. Йиғладим, художон, караминг кенгдир... 1992 йил 7 январь ҲАММАДАН КУЙИНГАНИМ... Оҳ, қўрқаман жон-жонимдан меҳнат ўтиб кетмаса, Кутавериб соб бўлиб, заҳмат ўтиб кетмаса. Томчисига зор бўлиб ўтиб бормоқдаман, оҳ, Кўрмай ёнимдан обираҳмат ўтиб кетмаса. Мажнунтолдай эгилиб, қолавериб мен ортда, Оддга тушиб пилдираб туҳмат ўтиб кетмаса. Ҳаммадан куйинганим, бир муҳлатга келганман, Бош кўтаргунимча шу муҳлат ўтиб кетмаса... 1992 йил 9 январь * * * Гарчанд ўтган умр ўтди, кўриб кенглигу танглиғ, Ҳамон ҳар қултум сувни умид билан ичамиз. Ҳар кундузимиз келгай толе манзили янглиғ, Қадр кечаси бўлғай кечувчи ҳар кечамиз. Кеча қўлимиз олғон дўстлар кўпроқ эдилар, Бу ёлғон дунёсидан ўтиб кетди нечамиз. Бори дўстлар бирма-бир созлаётир кемасин, Биров тун, биров тонгда бу даргоҳдан кўчамиз. Ҳар биримиздан бир эл қолаётир, чамаси, Биздан кейин бундан-да гавжум бўлар кўчамиз. 1992 йил 9 январь ҒАМИМ СИЗДАН МЕРОС Ғамим Сиздан мерос, Нодираи даврон, Шамим Сиздан мерос, Нодираи даврон, Камим Сиздан мерос, Нодираи даврон, Менам тўлдиролмай ўтаётибман. Кўнглимга қадимий зорлар ёғадир, Солланиб сиртмоқлар, дорлар ёғадир, Ўтимга дамодам қорлар ёғадир, Менам ёнолмасдан тутаётибман. Инсофни энг аввал ўзимга тилаб, Тўзимни тўймаган кўзимга тилаб, Келмаган шоҳона кезимга тилаб, Менам ўз-ўзимни бутаётибман. Сиз-ла ғамдош тушсак, дўст тушсак керак, Оқ сочларимизни ўришсак керак, Моҳларойим, тезда кўришсак керак, Менам йўл сўнгига етаётибман. Менда ҳам Сиздаги илоҳий ор бор, Менда ҳам Сиздаги ғаним бор, мор бор, Демакки, олдимда тахтми ё дор бор, Менам олдингизга кетаётибман. 1992 йил 10 январь ТУРКНИНГ КЎЗИ... Ғамсиз тупроқ йўқдир бироқ, Турк тупроғи ғамлироқ. Кўзлар ичра... синчиклаб боқ, Туркнинг кўзи намлироқ. Нигоҳлари гарчанд тонгги, Устивор бахт, ободи, Туб-тубида янграр мангу Яссавийнинг фарёди. Ҳалол дўстга дўст турамиз, Шаймиз каму кўстига. Қизил гуллар ўстирамиз Қайғумизнинг устида. Ўзимизнинг бўлар албат Ғамангиз бахт, шонимиз. Қонимиз-ла қайта-қайта Ювган Туркистонимиз. 1991 йил 4 май ИЛТИЖО Боқдим, бош устимда саланглади дор, Боқдим, ичи куйиб йиғлайверди ор. Бокдим, ич-ичимга урди қуюн, қор, Худойим, дилимга подшоҳлик бер! Томир-томирлари чирт-чирт узилиб, Майиб-мажруҳлиги тамом сезилиб, Қолганда дод, дедим, кўнглим бузилиб, Худойим, тилимга подшоҳлик бер! Силкиндим, қадим Турк лошин кўтардим, Ғанимнинг бостирган тошин кўтардим, Улимнинг эгилган бошин кўтардим, Худойим, улимга подшоҳлик бер! Ўйларман, мен кимнинг урвоғи, мен ким, Тилимни ўлим ҳам қилолмагай жим, Сўйларман гўримни босганда ҳам чим: «Худойим, элимга подшоҳлик бер». 1992 йил 7 январь БИТТА МУШТГА АЙЛАНМАЙ Олтовлон ола бўлиб олдирган халқ меники, Гоҳ ичда заҳар, тилда бол турган халқ меники, Тиғ тортиб ўз отасин ўлдирган халқ меники, Ёраб, қай аждодимнинг қўли кир деб йиғладим. Ўзи ўз ўзагини узган лаҳзаларида, Қиблагоҳин гўрини бузган лаҳзаларида, Фарғонада тўзондай тўзган лаҳзаларида, Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим. Бирлашмадинг, Қўқон-у Ўзган бўлдинг, Ўш бўлдинг, Фитна пичоқларида талош лахта тўш бўлдинг, Куёв-келин бўлмасдан қўш мозор-а, қўш бўлдинг, Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим. Бирлашмадинг, кетма-кет бало келди, ўт келди, Тоғдай йигитни солиб, лопиллаб тобут келди, Сув бўлиб оқдик, кўздан жола келди, ҳут келди, Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим. Шукур, бугун озод сен, аммо тарқоқ сен, ёт сен, Тарқоқми сен, инонки азал-абад барбодсен. Жўровоз бўлолмасанг, якка-якка мунг, додсен, Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим. Карвон жилсин, сарбонинг сари эниб кел, элим, Бир боғ сари чуғурлаб, қушга дўниб кел, элим, Оллоҳ дилда. Оллоҳга, ҳаққа кўниб кел, элим, Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим. Битта муштга айланмай, биз дастмиз ёлғиз-ёлғиз, Тўзим косаси янглиғ, тўлмасмиз ёлғиз-ёлғиз, Турку Турон тиклангай, ўлмасмиз ёлғиз-ёлғиз, Худо, тўзғин элимни бирлаштир деб йиғладим. 1991 йил, сентябрь БУГУН ХАЛҚҚА НЕ КЕРАКДИР... Бугун халққа не керакдир, Чуқур англар онг керак. Гўдаклари эртанги кун Таратажак донг керак. Гарчанд ҳар кун юки ортар Аробаси дилни ўртар, Отни тинмай олдга тортар Бир ёвқур султон керак. Бор кўнгил, чил-чил, керакдир, Бор узилган қил керак. Бор кесилган тил керақдир — Бор бутун иймон керак. То Туронзаминда халқ бор, Ўлмагай ор, ўлмагай ор. Жон эмас, эркка талабгор Эрк учун қурбон керак. Тилларидан учмагай оҳ, Кул-кул бўлур зиндону чоҳ, Фақат бор халққа бир Оллоҳ, Биттадан Қуръон керак. 1988 йил 18 февраль ҚИЗИЛ ТОШЛАР Хотирамнинг йўлига чиқсам, Қизил тошлар ўтаверади. Қони чак-чак томиб ерларга, Кесик бошлар ўтаверади. Бошлар билан ора бир қадам, Бошсиз танлар хунук саланглар. Суғурилган тиллар орқада Илонлардай сапчир биланглаб. Тўрт мучаси бутун ҳам бордай, Фақат бежо, жунунвор кўзи. Бири Чўлпонгами ўхшардай, Бири Усмон, Усмоннинг ўзи... Кир, беқасам тўнин итқитиб Гоҳ йиғлар у, гоҳ гуллаб кулар. Бирдан... не бор селдай йиқитиб Бир кўча қон шовуллаб келар. Қизаради юлғун, шўралар, Қизил тошлар қизиб чинқирар. Бир фиғон бу тошлар оралаб Бор дунёни бузиб чинқирар. Умримнинг тун, кечаларидан, Уйқу билмай ўтсам қанийди. Хотирамнинг кўчаларида Қон исидан кўнглим айнийди... Тузум, Сенинг ёқангда қўлим. Кундузлар ҳам чўчиб мизғийман. То келгунча халоскор ўлим Хотирам чўлида изғийман. 1992 йил 6 август БИР КУН ҒОВ ЙЎҚ ЙЎЛИМГА Айтманг дейман, гап уқмас, Гуллар келиб айтади. Эгри из босилганин Йўллар келиб айтади. Сўзламасдай туюлган, Сезилмасдай туюлган, Менга мослаб қуюлган Ғуллар келиб айтади. Орқамда тираб наган, «Ҳолин кўрамиз» деган, Олдимда титрайдиган Қўллар келиб айтади. Қай бой менга ғам бичган, Қутурган итин ечган, Нону тузумни ичган Қуллар келиб айтади. Бир кун... ғов йўқ йўлимга, Кетарканмиз ўлимга Кул қилмишин кулимга Куллар келиб айтади. 1992 йил 7 август ЎХШАР Ситлим Раҳимахонга Дунёнинг бор идиши ярим, Менинг ярим кўнглимга ўхшар. Ўйчан, суюк дала гуллари Рангпаргина синглимга ўхшар. Авж ўсар чоғ дўл эгган гуллар, Очилмасдан тиғ теккан гуллар, Қор остида жунжиккан гуллар, Ул кўзлари мунглимга ўхшар. Ота кетди увуз этида, Она кетди увуз этида. Алар ўтди. Ғамлар ўтмайди, Кўнгли сўзон, сим-симга ўхшар. Мен ишонган бор бойлик, зарим, Шул мунглимга толе бер, карим. Гарчанд дунё қувончи ярим, Қайғулари лим-лимга ўхшар. 1992 йил 8 август СЕН ҚОЛАРСАН... Дунё, бўлма кўп дарғазаб, Сен қоларсан, биз кетармиз. Боғларингни кўклаб, безаб, Сен қоларсан, биз кетармиз. Меҳмондирмиз тўрт-беш кунлик, Кўзи шодон, кўнгли мунглик. Қилгин тенглик, қилгин кенглик, Сен қоларсан, биз кетармиз. Сен бевафо, бизлар ҳориб, Бир кун қаро ерга бориб Дард айтамиз, кўнгил ёриб, Сен қоларсан, биз кетармиз. Кўнглимиз, кўнглимиз достон, Кўнглимиз гул. Кўнглимиз қон, Бир сиримиз ололмасдан, Сен қоларсан, биз кетармиз. 1992 йил 4 апрель СЕНДАН ОЛДИН... Мен беҳисоб дунёсини Бошга урай Сен бўлмасанг. Эгнимнинг шоҳ либосини Тошга урай Сен бўлмасанг. Сен кўзим устида юрсанг, Майса бўлсин кипригим. Мен ўзимни қайси тоқат, Бардошга урай Сен бўлмасанг. Кенг жаҳона сиғмаюрман, Жаҳон менга тангу тор, Мен ўзимни қай Намангон, Ўшга урай Сен бўлмасанг. Гул қўшини, дил қўшини, Бу оламда қўшин кўп. Мен ўзимни қай бегона Қўшга урай Сен бўлмасанг. Қаро ерга кетар бўлсанг, Айт, мен олдинроқ кетай. Бу юргисиз дунёсида Қандоқ юрай Сен бўлмасанг. 1992 йил 2 апрель КУЛИМ КУЛАР, ЭҲТИМОЛ.. Мен йиғладим, кун келиб Гулим кулар, эҳтимол. Зардоб тўла кўкайим — Қулим кулар, эҳтимол. Йўқотдим сўз уюмин, Энг биллур, энг суюмин, Тиксам жулдур кийимин, Тилим кулар, эҳтимол. Қат-қат ярадор тизим, О, эрк, беҳиштий сезим. Тиз чўкмай ўсса қизим, Улим кулар, эҳтимол. Ўзим ўтган кезларим, Сўзим ўтган кезларим, Қолдирган қон изларим, Йўлим кулар эҳтимол. Кўнгил кўрмай йириклик, Ишим — ғамга шериклик, Кулмай ўтгач тириклик, Ўлим кулар, эҳтимол. Онам сочим ўрмади, Тақдир келди бурмали. Кўнглим қувонч кўрмади, Кулим кулар, эҳтимол. 1992 йил 6 август КЎРИБ ЁЗДИМ Мен йўл кўрмай, ёзмам ҳали, Ёзаримиз кўриб, ёздим. Авжи қизиб бораётган Бозоримиз кўриб ёздим. Ҳали гул бўламиз қанча, Қуриб, кул бўламиз қанча, Кўксимизга тегар ўқлар, Озоримиз кўриб ёздим. Эй рақибим, суриб ётар, Кун ҳам ботар, ой ҳам ботар, Бир кун туркни қўриб ётар Мозоримиз кўриб ёздим. 1992 йил 1 август БЎЗЛАЁТГАН ЖОНИМ ҚУШИ... Сел, ел тинар, маним нолам тинармукин, Ва ё нолам фақат ўзни тирнармукин. Шўр сувлардан шўрроқ кўзим ёшларидан Ер суғорсам, бирор гиёҳ унармукин? Бир ёруғ кун кўрарманми бу дунёда, Ё дун ҳануз иродамни синармукин. Ё дунёнинг бор олғири ҳануз яшнаб, Камбағалнинг йиртиқ тўнин тунармукин. Хднуз етим гўдак «нон» деб йиғлаганда Қўлчасига қаттиқ тошлар қўнармукин Болалари воз кечганлар йиқилмасму, Даврон аларга ҳам асо йўнармукин. Оналари воз кечганлар... меҳр кўрмай, Оҳ, қўрқаман, бўриларга дўнармукин. Одамзоднинг ё қиёмат куни яқин Келар чоғда шуур шундай сўнармукин? Нақ бўғзимда бўзлаётир жоним қуши, Қақшаб «Бас қил» дейман, қушим кўнармукин? 1988 йил 18 март ЭЛНИНГ ҚАРО КЕЧАЛАРИДА Сув зилол деб қилган даъватим Тақир ерга сингиб йўқолар, Мард аёл деб қилган даъватим Мижғов эрга сингиб йўқолар. Болаларга қиларкан даъват, Зарга уриб кетар болалар. Китоб қолар, талашиб сават, Бозорга уриб кетар болалар. Озғин терак ғамлардан тўйган, Ерга сориғ гилам тўшайди. Отасини ўлдириб қўйган Ўғил ақлдан озмай яшайди... Озод қизи, учирган қуши Фаҳшхонага бориб қўнади. Лабларини қонатар тиши, Лабин ғажиб... Она... кўнади... Мен кўнмайман, тирик ўламан Тентиб бефайз кўчаларида, Йиғлаб бодомқовоқ бўламан Элнинг қаро кечаларида... 1990 йил 3 август БУ ШОВҚИНЗОР ОРАЛАБ Кўнглимда чопаётган Соатларнинг шовқини. Кўнглимда тош-тош қотган Тоқатларнинг шовқини. Сувга айтиб тушларни, Ўзни сокин ушларман. Кўнглимда бир қушларнинг, Бир отларнинг шовқини. Кеч келди эл азони, Аёл элнинг арзони, Ўзи хазон-у, жони Пўлотларнинг шовқини. Ғам дарёсига ботган, Заҳар тотгани тотган, Хар куни синаётган Қанотларнинг шовқини. Ҳеч ким сезмай қолади Бир кун аршга етганим, Бу шовқинзор оралаб Додлаб ўтиб кетганим. 1992 йил 5 август БОЛАЛАР АНГЛАР Курагимда тиғ изи — азоб, Товонимда мих изи — азоб. Йиқилмайман юзтубан, чунки Юрагимда туғ изи — гулоб. Чунки менам қасам ичувдим Ёв ортимдан ханжарин сунгач, Қўлимни ёв қонида ювдим Тўмарисга сарбоз тутингач. Туғ асраган юрагим додлар, Қўлларимни қасос қонлаган. Чунки Туронзаминда ётлар Молларини хўп арқонлаган. Туркнинг қири, қиёқларини Жаннат чечагидай иси бор. У молларнинг туёқларини Елкамизда ўйиқ изи бор. То яшаркан ўйилган бонглар, То яшаркан сўйилган бонглар, Қандай яшаш кераклигини Болалар англар! Мени эса... Курагимда тиғ изи — азоб, Юрагимда туғ изи — гулоб... 1992 йил 4 август КИЙИКДАЙ БУ ҚИЗ ЖОН ОЗУҒИ Овози ҳам кўзидан келар. Г. Лорка. Овози ҳам кўзидан келар — Хуштаъмлиги сўзидан келар, Кетди деманг кетган онани, Келаётган қизидан келар. Келар тиниқ бир сувлар ҳали, Сирли, ширин ғулувлар ҳали, Ман-ман деган сулувлар ҳали Бу қизчанинг тизидан келар. Тутқич бермас кийик — ишқ, овда, Илдизлари улкан, тик товда, Ёнавермас ҳар хил оловда, Сокинлиги музидан келар. Кийикдай бу қиз жон озуғи, Бир Мажнуни нолон озуғи, Манглайи шўр бўлмас, ёзуғи Ўзи сепган тузидан келар. 1992 йил 4 август * * * Нимадир бу, кетаётган нимадир, Қолаётган саробдир, жимжимадир. Кетгунича ҳеч ким ғамин емади, Кетаётган — тил ўтирган кемадир. Энди сувлар фарёдимни кўмади, Кетаётган — тил ўтирган кемадир. Бу тупроқлар кўз ёшимни шимади, Кетаётган — тил ўтирган кемадир. Тушунмас, — дедими, бир сўз демади, Кетаётган — тил ўтирган кемадир. Қанча ялинмайин қайтиб кемади, Кетаётган — тил ўтирган кемадир. Бир кун кўзимни шу армон юмади, Кетаётган — тил ўтирган кемадир. 1990 йил 15 апрель ҲЕЧ НА ЁНМАС БУ ОЛАМДА Ҳеч на ёнмас бу оламда, Ёнса доғли дилим ёнгай. Туз қоплаган, шўр даламда Унмаган ҳосилим ёнгай. Ғамларим — ёш, қаритмайди, Маним дардим аритмайди, Маҳкамалар киритмайди, Эшигида тилим ёнгай. Отасиз — «бир кўзли етим», Онасин ҳам билмайман ким, Икки кўзсиз етимларни Кўтаролмай қўлим ёнгай. Ипак, олтин, ҳеч беармон Кетган, кетар карвон-карвон, Бир карвонни тўхтатолмай Узун ИПАК ЙУЛИМ ёнгай. Онги занглаб, онги қуриб, Жаҳолатга ёвуқ юриб, Бир кўйлак деб гул келинчак Ўзин ёқар... ўлим ёнгай! Эй аҳли юрт! Тингланг, етса! Бу ёнишлар давом этса, Бир кун улкан ёнғин содир, Оҳ, қўрқаман, элим ёнгай! 1988 йил 10 февраль ЙИҒЛАМАЙМИЗ... Йиғламаймиз, чор атрофда Қуриб боғлар йиғлагай, Пешонасин тупроқлара Уриб боғлар йиғлагай. Одам кетар бир-биридан, Одам суймас бир-бирин. Бир-бирининг пинжларига Кириб боғлар йиғлагай. Сўзим синар сўзга тегиб, Кўнглим синар музга тегиб, Оппоқ тўши тузга тегиб Оқ чарлоқлар йиғлагай. Кўкси ерлар биз бўлдиг-у, Ўксиб ерлар биз бўлдик. Ер остида Широқ, Темур, Кўкси тоғлар йиғлагай. Бизни кўриб эгик бошу, Шонсиз, тағин забонсиз, Ерда ўтган бор илдизу, Бор бутоқлар йиғлагай. «Бой ҳам бўлдинг бийдай-бийдай Фақат... юрт эгасиз уйдай», Деб тупроқда Яссавийдай Қўнғироқлар йиғлагай. Йиғламаймиз!!! Ёш, қон ичра Кўзларга ним келмасдан. Ҳайҳот, наҳот биз ўлганмиз, Ҳали ўлим келмасдан. 1990 йил 3 март - «ТЎМАРИСНИНГ АЙТГАНИ» ТЎПЛАМИДАН - (1996) Шундай ўргат қулни, хонни, Учмас қуш ҳам учар бўлсин. То байроқдан олдин жонни Бермоқ осон кечар бўлсин. ДАЪВАТ Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим, Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим. Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач, Қаламни қонимга ботириб ёздим. Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк, Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар. Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк, Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар! 1995 йил 12 ноябрь ҚАДИМ ҚЎНҒИРОҚ Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен, Жаранг берсам қир-даласи уйғонар. Аросатда бироз тиндим чоғи мен, Саҳар кўнглим шалоласи уйғонар. — Болам, кимсан, ким бобонгнинг қотили, Билармисан туркнинг тўқсон зотини? Томиримдан чиққудайин отилиб Найман онанинг ноласи уйғонар. Қўймам тўнган кўл, ғамларга чўмгани Ер парчин ҳам кўтаради ўмганин. Тобутда ҳар мангуга кўз юмгани, Бешикдаги ҳар боласи уйғонар! Мен Туроннинг қадим қўнғироғимен. 1995 йил 28 ноябрь АЁЛ ЎТИБ БОРАР Сен сўрама, мен ҳам айтмайин Курагимни синганини қарс. Шовқин солма, мен уйғотмайин, Юрагимда ётар бир йўлбарс. Баланд бир ўт ёнган ичимни Мен совутиб яшашим керак. Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни, Мен овутиб яшашим керак. Аёл ўтиб борар... шўх юриб Шамолларда соч ёйган аёл. Ич-ичида йўлбарс ўкириб, Сиртдан майин жилмайган аёл. Сен сўрама, мен ҳам айтмайин... 1995 йил 26 ноябрь ОҚЛАШ КУЧИН САҚЛАГАН МАЙСА Мен майсаман, ўлмаган умид, Қийналиб қиёқлаган майса. Пайҳонлаган подаларга зид Кўклаш кучин сақлаган майса. Кўрсатмайди мунгли кезини, Кўкламдай гуллатар кузини. Номард дуч келганда, ўзини — Ўқлаш кучин сақлаган майса. Ўлим билмас қасоси, хуни, Севгиси ҳам буюқдир уни. Пирларининг гўрида униб, Йўқлаш кучин сақлаган майса. Қодир Оллоҳ ҳукм этмиш шундоғ, Тушмагайдир ҳаётига доғ. Қаролиғлар ичра ўзин оқ Оқлаш кучин сақлаган майса. 1995 йил 29 ноябрь ҲАР ЭЛГА БИР БАЙРОҚ КЕРАК Ҳар элга бир байроқ керак ҳилпираган, Қўллар керак, кўтармоққа чидасалар. Гарчанд мен бир девордирман, зах, нураган, Яраб бергум агар байроқ қадасалар. Елкамгами, юрагимга, курагимга Маҳкам қаданг, кўтараман жоним билан. Шамол бўлгум, хоин шамол тиниб қолса, Ғубор инса юважакман қоним билан. Она элим, Сенга жоним, умрим ато, Кетарканман, айланаркан чархи даввор, Битта девор кетди дегин, кетгунча то Байроғимни елкасида тутган девор. 1994 йил 22 февраль КЎП ЧИҚДИМ МЕН ВАТАНИМНИНГ ТЎРИГА Улуғбекка Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига, Пойгагида сенам оёқ еч, болам. Экин эккин унинг қиру ўрига, Тўкин эккин, эккин қолмай кеч, болам. Ўзга юртлар шамоллари чақирди, Кўз олгувчи жамоллари чақирди. Баланду баркамоллари чақирди, Кетмадик биз. Кетолмадик ҳеч, болам. Момонг шу ерда чирқиллаб йўқлайди, Бобонг оёғин узатиб ухлайди. Кетсак улар... гўрларида йиғлайди, Қолган гаплар бари ёлғон, пуч, болам. Оллоҳ бизга ўзга Ватан ёзмаган, Бобосини, момосини босмаган, Юз тўфондан бир япроғи тўзмаган, Метин болам, қудрат болам, куч болам! Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига... 1995 йил 26 ноябрь АЗИЗИМ Ногоҳ қаршимдан чиқиб кутиб олган пайтларинг, Учиб юрган қуш эдим, тутиб олган пайтларинг, Тақдиримга отингни битиб олган пайтларинг, У менинг бу дунёга келар чоғим, азизим. Кейин иноқ, донлашиб кўкка учди икки қуш, Юксакни нишонлашиб, тикка учди икки қуш. Бахтнию барбодлиғни бирга кечди икки қуш, Бугун сориғ тортмоқда кўм-кўк боғим, азизим. Умр нима? Ўтар йўл. Ўтаримда бирга бўл, Ҳали умидларим мўл, Етаримда бирга бўл. Қазо келса дунёдан кетаримда бирга бўл, Бошимда бўл ботинга ботар чоғим, азизим. Ёнимда бўл, Сенингсиз менинг Шавкат-шоним йўқ, Сен йўқ эрсанг қавмим йўқ, турким йўқ, Туроним йўқ. Бу дунёю у дунё Сенсиз бирор оним йўқ, Ёдимда бўл тупроқда ётар чоғим, азизим. 1995 йил 26 ноябрь СЎЗ СЎРАМА Мендан сўз сўрама, вақт ўтган, Истасанг кўрмоққа кўз берай. Ўт берай, ёнгувчи муз берай, Лекин сўз сўрама, вақт ўтган. «Севдим де, бир сўз айт...», куз, шамол, Бу сўзни айтганман баҳорда. Сўзимни эшитган юз шамол, Сўзимнинг изи бор юз қорда. Бу боғда бошлангай қўзғолон, Қулагай чиққаним бор тахтлар. Юз дарахт жойидан қўзғолар, Ул сўзим эслаган дарахтлар! Сен яхшисан, бор имкон, бор ганж, Тоғми, тожми, дала-туз... берай — Кўнмас бўлсанг кўксимга тиғ санч, Ўзимга кафан қил, бўз берай! Лекин сўз сўрама, сўрама... 1995 йил 21 ноябрь ТИРИЛИШ КУНЛАРИ Хдр келмоқни мангу Висол денг, Ҳар кетмоқни мангу Айрилиқ. «Кетма, бирпас ёнимда қол», денг. Бошланмоқда янги айрилиқ. Ёз-у ёғар бошимга қорлар Термуламан Сиз ёққа ўксиб. Тўп-тўп... менинг кўксим қоқарлар, Ғичир-ғичир... босарлар кўксим. Ўз кўз ёшим ичиб тўламан, Ёзда ивиб қорда, шамолда. Сиздан йироқларда ўламан — Тириламан тағин Висолда. Ёниб лахча-лахча ўтда ман Тирилиш кунларин кутаман. 1995 йил ОТЛАРИМИЗ «Миннат қилиб бермагин дон, Аравага қўшма, нодон. Бизга лозим гуррос, майдон, Биз курашнинг отларимиз. Бизлар унут, қуш овлама, Тўртовлама, бешовлама. Оёғимиз тушовлама, Биз кўнгилнинг додларимиз. Муҳтож бўлмасмиз заррага, Қулоқ сол бизнинг наърага, Улоқ ташлармиз маррага, Ўзмиз. Йўкдир ётларимиз». Оғир, намчил куз буғдойи... Юк остида мункиб, тойиб. Бир-бир босиб, бизни койиб Кетиб борар отларимиз. 1995 йил 16 ноябрь АВВАЛ ИЧИНГГА КИР Аввал ичингда қил ибодатингни, Аввал ичингда ёй шахд қанотингни. Аввал ичда тикла иморатингни, Шу муҳим. Муҳиммас ташқи ёмғирлар. Ичингни тозалаб, қириб олдингми, Ўзингни жам қилиб, кириб олдингми, Ҳар бир кунжингни текшириб олдингми, Муҳиммас ташдаги илашган кирлар. Ич хазон. Ташқари гуллашдан қўрққин, Кўзни тий. Кўз ёшдан, қул ёшдан қўрққин. Муҳими ичингдан қулашдан қўрққин — Ичингдан кетмасин илоҳий нурлар. Ғам ема. Бир камдир, тўлдириб бўлмас, Аввал ўз ичингга кир, кириб бўлмас. Ички бургут кўклаб, ўзни урарми, Ташқарида Сени ўлдириб бўлмас. 1995 йил 16 ноябрь УЛУҒЛАР, БОҒЛОВЧИЛАР Улуғлар, боғловчилар, Руҳни тик, соғловчилар, Авлодин тоғловчилар, Юксалар роҳга бошланг. Шафқат тарк этди бизни, Итардик мунглимизни. Юмшатинг кўнглимизни, Бир ёруғ оҳга бошланг. Ўнг кўзни ўяр чап кўз, Гоҳ туғишган ҳам тўс-тўс. Биттагина содиқ дўст, Бир чин ҳамроҳга бошланг. Афсус йўқ чўксак агар, Жонни ҳам чексак агар. Покланиб чиқсак агар, Майли, ғор, чоҳга бошланг. Адашган мусулмонмиз, Гоҳ суст кетган иймонмиз. Лек айнимаган қонмиз, Бизни Оллоҳга бошланг. 1995 йил 16 ноябрь КЕЧИБ... Дема «келдинг бир чаман ошён кечиб», Келдим қуюқ чангалзор, ўрмон кечиб, Қандай даҳшат гирдобларга айландим, Ёмғирларда йиқилдим гирён кечиб. Менинг сахтим гулга ўхшаб кетарми, Гул кечганлар шундай қақшаб кетарми. Ортидан шунча фитна, гап кетарми, Оёғимга қара, келдим, қон кечиб. Тўғри, бош устимда юлдуз, кўк эди, Аммо товонимда лахча чўғ эди. Ерда юрмоқликка ҳаққим йўқ эди, Келдим булут, қор кечиб, осмон кечиб. Оралиқ йўл, гарчанд, қора қуюн, чин, Ўтиб сенга келмоқлигим шарт учун. Ё шу йўлда ўлмоқлигим шарт учун Келдим... Сен-ла кетмоқ учун шон кечиб. 1995 йил 16 ноябрь КУНБОТАРДА... Ҳурмат жоиз, кетаёттан қуёш бу, Ортиқ-ками битаётган қуёш бу. Авжи тушда бозиллаган, чатнаган Энди тунга йитаётган қуёш бу. Кок теппада, ў, куйдирган қанчасин, Унга бахт деб ёпишганнинг панжасин! Ишғол қилмоқчиларнинг исканжасин — Энди... совуб, тутаётган қуёш бу. Ҳеч гап йўқдай, силлиқ ўтгандай бари, Қичқирмаган каби босган гуллари. Кўзларига санчилмасдай куллари... Дардин ичга ютаётган қуёш бу. Балки, балки... кунботарда келар ишқ, Видо айтмай ширин-сирли кулар ишқ. Гўдак қилар, суйиб тентак қилар ишқ, Интиғини кутаётган қуёш бу. ...Не бўлса ҳам қанча қолди, ким билар, Қачон тўлар паймонадай, хум билар. Кейин у гапларни тупроқ, чим билар, Худди биздай... ўтаётган қуёш бу! 1995 йил 16 ноябрь ҲАҚ ДЕГАННИ... Гарчанд, босилган майсаман, кўкаргайман, Бир экан-ку, минг дардни ҳам кўтаргайман — То у соҳилдаги одам тирик экан Дарё мени ғарқ қилолмас, ўтолгайман. Узмаганман, боғлаб, улаб ўсганман мен, Сўлдирганлар, қасддан гуллаб-ўсганман мен. Менинг бошим билмас қўмсаш нелигини, Ўз бошимни ўзим силаб ўсганман мен. Гарчанд ғаним терлаб чоҳлар қазаётир, Мен биламан, у ақлдан озаётир. «Тегирмондан мангу бутун чиқар тош» деб, Мен ҳақимда ичи куйиб ёзаётир. Қайга борсам ер боради, кўк боради, Айтганман мен «босилган ўт кўкаради». Кўкарганлар, кўкарамиз, кўкаргайлар, Ҳақ деганни ҳақнинг ўзи кўтаради! Гарчанд, босилган майсаман, кўкаргайман... 1995 йил 15 ноябрь ҚИЗҒАНИШ Сен бир тоғсен. Арслонлари, қулонлари меники, Бировларга на қулон, бир қилингни ҳам бермасман. Тушунарсан Сендан ўзга бойлиги йўқ фақирни, Боғ эмас бир қовжираган гулингни ҳам бермасман. Чор тарафдан чирмашганман худди ток новдасидай, Бир лаҳзага на ўнгинг, на сўлингни ҳам бермасман. Соғинч ёшимдан сув сепиб, сочим билан супурдим, Қоровуллаб, Сенинг келар йўлингни ҳам бермасман. Ялинаман... мен ўчгунча сен ўчмай тур, ўчмагин! Агар ўчсанг... совуб қолган кулингни ҳам бермасман... 1995 йил 18 ноябрь ТУН КИРАР ЧОҒЛАРДА Келаётган тундан сергак тортаман, Тун кирар чоғларда вақт ўтар гур-гур. Шошиб аравага сомон ортаман, Тўкилаверади сомони қурғур. Умр бўлса ҳамки поёнсиз достон, Мен барибир чаққон силкиб баримни. Умр туни келганда шошиб қолмасдан — Жой-жойига қўяй ёзганларимни. Сомони йиғилмай қолган ер йиғлаб, Бурчак-бурчаклардан чиққан шеър йиғлаб, Безовта қилмасин болаларимни... 1995 йил 16 ноябрь ҚУТЛОВ Назирқул акага Бугун эллик боғу роғни оралаб ўтиб Эллик тоғдан ошганларга йўллаймиз салом. Иншооллоҳ, ортингиздан боргаймиз етиб, Шундай холис ният билан бошлаймиз калом. Эллик ёшдан ошгунча то, шунча йиқилиб, Шунча туриб келгандирсиз, чарчаманг энди. Бугун қиров сочингизга синчков тикилиб, Дейман: «Сизнинг отдай юрак ғовларни енгди!» Енгиб ўтдингиз сиз Усмон Носир ёшидан, Қодирийнинг ёшиданам енгиб ўтдингиз. Мирзо Бобур, Улуғ Бобур етмаган ёшга Оллоҳ қўллаб Сиз етдингиз, шукур, етдингиз. Букун бомдод намозида юкиндим Сўзга, Оллоҳимни илтижога, Сўзга ўрадим. Эрта кетган оғаларим умрини Сизга, Кўрмай кетган шон-шуҳратин Сизга сўрадим. Қодир тангрим, чиқармагай ҳақни ноҳаққа, Турналарим ҳали кўкрак керса ажабмас. Минг сўзимдан бири етса Оллоҳга, халққа Парвардигор сўраганим берса ажабмас. 1995 йил 1 июль ДАРЁ Тўсилган дарёдай оқмасдан кўйдим, Чақнаб, атрофимга боқмасдан қўйдим. Ким бор дунёсида кўз-кўз этмоққа Зебу зийнатларим тақмасдан қўйдим. Дарёнинг-ку асли куч, шиддати мўл, Тўғон тағин шиддат қўшмоғи мумкин. Арслонвор қудратга очилмаса йўл, Дарё қирғоғидан ошмоғи мумкин. Бу қудрат тўғонни йиқар, сидириб, Хазф тортмангиз — чўлга ё тоққа кетар. Бу кудрат чарх урар Сизни қидириб, Сизнинг пойингизда оқмоққа кетар... 1995 йил 13 ноябрь ҚОЗОҚ ДЎСТЛАРГА (Ўзбекистонда ўтган «Қозогистон кунлари»нинг ёпилиш кечасида ўқилган) Бизлар асли бир онанинг Эгиз болаларимиз. Жоҳилликка, қонхўрликка Бигиз болаларимиз. Тарихимиз бирдир бизнинг, Кўз ёшларда чўмилган. Турор Рисқул Чўлпон билан Бир ўрага кўмилган. Не кунларга биз гувоҳмиз, Бутландик, чил-чил бўлсак. Шоҳ бўлсак, биз икки шоҳмиз, Икки қулмиз, қул бўлсак. Ўлжас, Роза қозоқ даштин Саратони, ёзидир. Алибекнинг асли улкан, Асли Қурмонғозидир. Турк тўзиши тўхтади денг, Асли тоза қон енгди. Абай, Навоийзодалар Фақат юксалгай энди! Иншооллоҳ, шундай бўлгай, Мудом ҳалол томон бўл! Пешонангдан ўпдим, азиз — Қозоқ оғам, омон бўл! 1995 йил 16 ноябрь |
Адабиётшунослик
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
СюжетСюжет (фр. sujet — предмет) — адабиёт, драматургия, театр, кино... |
Она фидоийлиги ҳақида бир асарXIX аср охири ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг бир қисмини... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |