Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Маъсума. Фёдор Достоевский - ҲАДДАН ЗИЁД ТУШУНАМАН
Facebook
Маъсума. Фёдор Достоевский - ҲАДДАН ЗИЁД ТУШУНАМАН PDF Босма E-mail
Материал индекси
Маъсума. Фёдор Достоевский
МЕН КИМУ У КИМ ЭДИ
СОВЧИЛИК
ОДАМЛАР ОРАСИДАГИ ỸЗИМ ҲАМ ИШОНМАЙДИГАН ОЛИЖАНОБ
НУҚУЛ РЕЖАЛАР, РЕЖАЛАР
МАЪСУМАНИНГ ҒАЛАЁНИ
МУДҲИШ ХОТИРА
МАҒРУРЛИК УЙҚУСИ
ҚОРА ҚАТЛАМ ТỸСАТДАН ЙỸҚОЛДИ
ҲАДДАН ЗИЁД ТУШУНАМАН
АТИГИ БЕШ ДАҚИҚАГИНА КЕЧИКДИМ
Ҳамма саҳифа


ҲАДДАН ЗИЁД ТУШУНАМАН

Ахир бу бир неча кун, беш кун, атиги беш кун аввал, олдинги сешанбада бỹлган эди! – Яна озгина вақт, яна заррача чидаганда мен атрофимиздаги қоронғиликни тарқатиб юборардим! Наҳотки тинчлана олмасди? Ахир эртасигаёқ, бир оз саросимага қарамай, гапларимни кулиб эшитган эди-ку… Муҳими, бу вақт давомида, беш кун мобайнида парокандалик ё уятдан сиқиларди. Қỹрқарди ҳам, жуда-жуда қỹрқарди. Баҳслашиб ỹтирмайман, тентакларга ỹхшаб ỹз гапимга ỹзим қарши ҳам бормайман: қỹрқув бор эди, ахир шу вазиятда қандай қилиб қỹрқмасин? Ахир жуда узоқ вақт бадалида бир-биримизга бегоналашиб қолувдик-ку, бир-биримиздан бу қадар узоқлашиб, кутилмаганда… Аммо мен ундаги қỹрқувга қарамадим, чунки янгилик барқ уриб келмоқда эди!.. Хатога йỹл қỹйганим тỹғри, минг-минг маротаба тỹғри. Балки бир эмас кỹплаб хатога йỹл қỹйгандирман. Бундан ҳам бỹйин товламайман. Эртасига (яъни чоршанба куни) уйғонишимиз билан хатога йỹл қуйдим: уни бирданига ỹзимга дỹст деб билдим. Мен шошилдим, беҳад шошилдим, бироқ тавбам зарур эди, истиғфор келтириш ҳар нарсадан зарурроқ эди. Мен ҳатто бир умр ỹзимдан яширган сирларимни ҳам ошкор этдим. Бутун қиш бỹйи унинг муҳаббатига умид боғлаганим очилди. Гаров кассаси риёзат чекиш оқибатида иродам заифлашуви, онгим тушкунлиги туфайли туғилган худбинларча шахсий ғоям эканини тушунтирдим. Ỹшанда театр емакхонасида чиндан қỹрққанимни, аммо дуэлдан эмас, ỹз феълимдан, ỹз бадгумонлигимдан қỹрққанимни, аниқроғи, емакхонадан, вазиятдан лол қолганимни, гусарни дуэлга чақиришим бошқаларга бемаъни бỹлиб туюлмасмикин, деган хаёлда гумонсираганимдан, дуэлдан эмас, айнан шу гумондан чỹчиганимни, сỹнг бу қỹрқоқлигимни бỹйнимга олмай ҳаммани, ҳатто уни азобга  қỹйганимни, уни азобга қỹйиш учун ҳам уйланганимни айтдим. Умуман гапларимда тартиб йỹқ эди, гỹё иситма аралаш валақлардим. Унинг ỹзи қỹлларимдан ушлаб, бас қилишимни сỹрарди: «Сиз ошириб юборяпсиз, сиз ỹзингизни қийнаяпсиз» - шундай дерди, кейин кỹз ёши бошланарди, тутқаноғи тутишга оз қоларди! У хотираларимга нуқта қỹйиб, гапирмаслигимни илтижо билан сỹрарди.

Унинг илтимосларига қарамасдим, ёки кам эътибор берардим. Ахир олдинда – баҳор, қуёшли Булон! У ерда бизни янги қуёшимиз кутяпти – буларни гапирмай бỹладими! Кассани ёпиб, ишни Добронравовга  оширдим. Чỹқинтирган онамдан қолган уч мингдан ташқари бор будимизни муҳтожларга улашиб, ỹша уч мингга Булонга бориб келгач, янги ҳаёт бошлаб, пешона тери билан тирикчилик қилишни таклиф этдим. Шунга  келишдик, чунки у таклифимни жавобсиз қолдирди, фақат жилмайиб қỹйди. Назаримда, мени хафа қилмаслик ниятида, кỹнгил учун  жилмайди. Унга оғирлигим тушаётганини кỹрдим. Мени  буни кỹрмайдиган даражада тентак ва худбин деб ỹйламанг. Мен ҳаммасини, сỹнгги чизиқчасигача кỹрдим, кỹрганда ҳам бошқалардан аниқроқ кỹрдим: менинг барча изтиробларим шундай кафт устида эди.

Мен унга ỹзим ҳақимда, у ҳақда ва Лукерья тỹғрисидаги ҳамма гапни айтдим.  Йиғлаганимни айтдим… О, баъзан гапни чалғитдим, баъзи нарсаларни  эслатмасликка ҳаракат қилдим, ҳатто у бир-икки жонланди, эсимда, аниқ эсимда! Нима учун қараб туриб ҳеч нимани кỹрмагансан, деяпсиз? Ахир бу содир бỹлмаганда ҳаммаси қайта тириларди.  Ахир учинчи куни суҳбатимиз чоғида, қиш бỹйи ỹқиган китоблари ҳақида гап кетганда Жиль-Блаз билан архиепископ Гренадский орасидаги можарони эслаб, кула-кула айтиб берган эди-ку! Кулгиси худди қаллиқлик давридагидек (о, у онлар!) нақадар мунис, мулойим эди, бунда менинг қувончим чекини чамалаб бỹлмасди. Архиепископ можаросини эшитиб, ҳайратга тушдим: қаранг, ỹша қишда ỹтирган чоғида дурдона асардан лаззатланишга, кулишга руҳий хотиржамлик ва бахтли онлар топа билибди-да! Демак, у шу ҳолда ташлаб қỹйишимга ишонч ҳосил қилиб, овуна бошлаган экан. «Мени шу ҳолда ташлаб қỹясизми, деб ỹйлабман» - ỹша куни, сешанбада шундай деди! О, ахир бу ỹн ёшли қизалоқларнинг ỹйи-ку! Демак, у ҳамма нарса шу ҳолда қолишига ишонган, тỹла ишонган: яъни у ỹз столида, мен ỹзимникида  ỹтираман, шу зайлда олтмиш ёшимизга қадар айримиз… Бирданига, ҳеч кутилмаганда мен тиз чỹкаман, мен – эр,  муҳаббатга муҳтожман! О, бу менинг хатоим, бу менинг ожизлигим эди!

Унга шавқ билан қарашим ҳам хато эди; ỹзимни тутишим лозим эди, чунки шавқим уни қỹрқувга соларди.  Ахир мен ỹзимни тутиб ҳам олдим, оёқларини бошқа ỹпмадим. Ҳатто бирор марта бỹлсин унга.. эр эканлигимни шама қилмадим, бу ҳатто хаёлимга ҳам келмади.  Мен фақат ибодат қилдим, ҳа, ибодатдан бошқасини ỹйламасдим. Ахир бутунлай гапирмаслик, сукут сақлаш ҳам мумкин эмасди! Гапларидан лаззат олишимни, унинг ỹзимга нисбатан чексиз, ҳа, чексиз билимдон ва етук эканини ҳам яширмадим. У қизариб кетди, ноқулай аҳволга тушиб, «ошириб юборяпсиз» деди. Ана шунда, мен аҳмоқ калла, ỹзимни тутолмай, эшик ортида писиб унинг олишувини, бокиралик билан маҳлуқ орасидаги олишувни тинглаганимни, болаларча оқкỹнгил бỹлган ҳолда ақли, зарофати шуъласи, менга беҳад лаззат бағишлаганини айтиб юбордим. У сесканиб, бутун вужуди титраб кетди, яна ошириб юборяпсиз демоқчи бỹлди-ю, бирдан чеҳрасига қайғу югурди, юзини қỹллари билан тỹсиб ҳỹнграб юборди… Мен яна ỹзимни тутолмадим, яна йиқилиб оёқларини ỹпа кетдим. Ỹтган сешанбадаги каби тутқаноқ билан якунланган бу воқеа кеча кечқурун содир бỹлди. Эрталаб эса…

Эрталаб!? Тентак, эрталаб бугун эди, бугун эртага эди, яқинда, яқинда эди…

Яхшилаб тинглаб, уқиб олинг: яқинда (кечаги жазавадан кейин) чойга ỹтирганимизда у ỹзининг хотиржамлиги билан мени лол қолдирди. Ҳа, шундай бỹлди. Мен эсам туни бỹйи кечаги воқеа туфайли қỹрқувдан типирчилаб чиққан эдим. Бирдан у менга яқинлашди, тиз чỹкди, қỹлларини қовуштириб (яқинда, яқинда-я!) ỹзининг жиноятчи эканини, буни яхши билишини, жинояти қиш бỹйи азоб берганини, азоб исканжасидан ҳали ҳам қутулмаганини… олижаноблигимни чексиз қадрлашини айтди: «вафодор хотинингиз бỹламан, сизни эъзозлайман..» Шунда мен сапчиб туриб уни телбаларча қучоқлаб олдим! Уни ỹпа кетдим, юзларидан, лабларидан ỹпдим, узоқ айрилиқдан кейин қайтган эр мисол ỹпдим. Шундан кейин нимага кетдим-а, икки соатгагина… хорижий паспортлар орқасидан… Э, худо, беш дақиқагина, беш дақиқа олдин қайтсам бỹлмасмиди? Дарвозамиз олдидаги оломон, уларнинг нигоҳлари… Э, худо!

Лукерьянинг айтишича (о, мен энди  Лукерьяни сира қỹйиб юбормайман. У ҳаммасини билади, бутун қиш бỹйи у билан бирга бỹлган, энди менга ҳикоя қилиб беради!), мен уйдан чиққач, қайтишимга бор-йỹғи йигирма дақиқа қолганда хонамизга кирган, бойвуччадан ниманидир сỹрамоқчи бỹлган, нималиги эсимда йỹқ, кириб қараса-ки, унинг иконаси (ҳов ỹша, гаровга келтирган, Биби Марьям иконаси) нақшиндор қопламадан чиқарилган, стол устида турибди, бойвучча худди ҳозиргина сажда қилгандай... “Сизга нима бỹлди, бойвучча?” – «Ҳеч нима, Лукерья боравер.. Тỹхта Лукерья». Яқинлашиб ỹпибди.

-Бахтлимисиз, бойвучча? – деб сỹрабди. «Ҳа, Лукерья». – Аллақачонлар  сиздан узр сỹрашлари керак эди… Худога шукр, ярашиб олдинглар. – «Яхши, Лукерья, бор, боравер Лукерья» - шундай деб жилмайибди, жуда ғалати жилмайибди. Шу даражада ғалати жилмайибдики, Лукерья ỹн дақиқадан сỹнг хабар олиш учун яна изига қайтибди. «У шундай дераза олдида, тирсаги билан деворга суяниб, бошини қỹлига қỹйиб, ỹйланиб турибди. Жуда қаттиқ ỹйга толганидан қỹшни хонага кирганимни,  тикилиб қолганимни сезмади. Қарасам, жилмаяётганга ỹхшади, турган ҳолича ỹйлаб жилмайгандай бỹлди. Унга қараб туриб-туриб, орқамга ỹгирилиб, секин чиқдим. Энди ỹзимча ỹйга толгандим, дераза очилгани эшитилди. «Бойвучча, ҳали ҳавонинг заҳри бор, шамоллаб қолманг» дегани кириб, қарасам – у деразада турибди. Очиқ деразада бутун бỹйи-басти билан менга орқасини ỹгириб турибди. Қỹлида Биби Марьям. Юрагим узилиб тушди. Жон ҳолатда «Бойвучча, бойвучча!» деб қичқирдим. У овозимни эшитди, ỹгирилмоқчи эди, ỹгирилолмади, ташқарига қараб қадам қỹйди, Биби Марьямни кỹкрагига босиб,  ỹзини деразадан ташлади».

Мен фақат бир нарсани яхши эслайман: дарвозадан ҳатлаб ỹтганимда у ҳали совуб улгурмаган эди. Муҳими – ҳамманинг кỹзи менда. Аввалига бақираётган эдилар, кейин бирдан жимиб қолдилар. Оломон икки томонга сурилиб йỹл очилди ва… уни Биби Марьямни қучоқлаган ҳолда кỹрдим. Ғира-шира эслайман, унга жимгина яқинлашдим, узоқ тикилдим, чекинаётган оломон ичидан менга нималардир дейишди. Лукерья шу ерда экан. Мен билан гаплашганмиш. Фақат мешчан ёдимда, у нуқул тошдаги қонни кỹрсатиб: «оғзидан бир ҳовуч қон чиқди, бир ҳовуч! Бир ҳовуч!» деб бақирарди. Мен, афтидан, қонга бармоғимни теккиздим, қонга буланган бармоғимга қарадим (бу эсимда), мешчан эса нуқул «бир ҳовуч, бир ҳовуч!» деб бақирди.

-Бир ҳовучинг нимаси! – деб қайнаб кетибман, бор кучим билан унга ташланибман.

О, ваҳшийлик, ваҳшийлик! Англашилмовчилик бу! Ножоизлик, ақлга тỹғри келмайдиган ҳол бу!