Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Маъсума. Фёдор Достоевский - АТИГИ БЕШ ДАҚИҚАГИНА КЕЧИКДИМ
Facebook
Маъсума. Фёдор Достоевский - АТИГИ БЕШ ДАҚИҚАГИНА КЕЧИКДИМ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Маъсума. Фёдор Достоевский
МЕН КИМУ У КИМ ЭДИ
СОВЧИЛИК
ОДАМЛАР ОРАСИДАГИ ỸЗИМ ҲАМ ИШОНМАЙДИГАН ОЛИЖАНОБ
НУҚУЛ РЕЖАЛАР, РЕЖАЛАР
МАЪСУМАНИНГ ҒАЛАЁНИ
МУДҲИШ ХОТИРА
МАҒРУРЛИК УЙҚУСИ
ҚОРА ҚАТЛАМ ТỸСАТДАН ЙỸҚОЛДИ
ҲАДДАН ЗИЁД ТУШУНАМАН
АТИГИ БЕШ ДАҚИҚАГИНА КЕЧИКДИМ
Ҳамма саҳифа

АТИГИ БЕШ ДАҚИҚАГИНА КЕЧИКДИМ

Нотỹғрими? Ҳақиқатга тỹғри келмайдими? Жоиз дейиш мумкин эмасми? Бу аёл нимани деб, нимага ỹлди?

О, ишонинг. Тушунаман, аммо унинг нима учун ỹлгани муҳим муаммо. У менинг муҳаббатимдан қỹрқди, қабул қилсамми, қилмасамми, деб ỹзидан-ỹзи жиддий сỹради, охир саволига жавоб тополмай, ỹлимни раво кỹрди. Биламан, биламан, бош қотиришнинг ҳожати йỹқ  ваъдаларни керагидан ортиқча бериб юборди, ваъдага вафо қилолмаслигини билиб қỹрқди – бу равшан нарса. Бу ерда ниҳоятда мудҳиш бỹлган бир неча вазият бор. Ҳарҳолда “у нима учун ỹлди?” - деган саволга ỹрин бор. Бу савол бетиним тиқиллаяпти, айнан менинг миямда тиқиллаяпти. Агар у шу ҳолда қолишни истаганда, мен уни шу ҳолда қолдирардим. У эса бунга ишонмади, мана гап қаерда! Йỹқ, йỹқ алдаяпман, гап бу ерда эмас. Масала оддийроқ, мен билан ҳалол муносабатда бỹлиши керак эди; севадиган бỹлса бутун жону тани билан севиши лозим, баққолга инъом этиши мумкин бỹлган севги менга мутлақо керак эмасди. У баққолга лозим бỹлгани учун ҳам мени алдаб юришни истамади. У севги ниқоби остида ярим севги ёки чорак севги билан мени лақиллатишни хоҳламасди. Ҳаддан ташқари бокира эди, мана гап қаерда! Қалб кенглигини жорий этмоқчи эди, эсингиздами? Ғалати фикр…

У мени ҳурмат қилармиди? Буни ỹлардай билгим келяпти. Мендан нафратланармиди ёки йỹқми? Ỹйлашимча, нафратланмасди. Ғоят таажжубланарлиси шундаки, мендан нафратланармиди, деган савол бутун қиш бỹйи калламга келмабди. Мен унинг нафратидан холи эканимга сỹнгги дақиқагача, менга қатъий ажабланиш билан, айнан қатъий қарагунга қадар олий даражада ишонардим. Ана шунда мен унинг нафратланишини тушундим. Абадулабад, умрбод англадим! Оҳ, майли эди, бир умр нафратланса ҳам майли эди, мен учун тирик бỹлса, тирик юрса бас эди! Яқиндагина юрувди, гапирятувди. Қандай қилиб деразадан ташлади, сира ақлим бовар қилмаяпти. Ҳатто беш дақиқа олдин ҳам буни тасаввур эта олмасдим. Лукерьяни чақирдим. Энди уни сира қỹйиб юбормайман, сира! О, биз ҳали тил топишишимиз мумкин эди. Биз фақат қиш бỹйи даҳшатли равишда бегоналашиб қолдик, ахир яна яқинлашувимиз мумкин эди-ку? Яна меҳр нуқтасида учрашиб, янги ҳаёт бошлашимиз наҳот, наҳот мумкин эмасди? Мен олижанобман, у ҳам – учрашув нуқтамиз шундан иборат! Яна икки кунгина, кỹп эмас, чидаса, яна бир неча сỹз билан ҳаммасига тушуниб етарди.

Муҳими, бу ҳодиса – оддий, ёввойи, жоҳил ҳодиса ана шуниси алам қилади. Шундан дилим оғрийди! Беш дақиқа, бор йỹғи, бор йỹғи, беш дақиқа кечикдим! Беш дақиқа олдин келганимда ҳаммаси булут каби сузиб ỹтиб кетарди, бу иш кейин хаёлидан кỹтариларди. Ҳаммаси унинг тушуниб етиши билан якунланарди. Энди эса яна бỹш хоналар, яна ёлғизлигим… Ана соат капгири тиқиллаяпти, унга нима, раҳм, шафқат деган нарсани билмайди. Энди ҳеч ким йỹқ – ранжу аламим ҳам шу!

У хонадан бу хонага сарсари кезаман. Биламан, биламан, айтмай қỹяқолинг, тасодифдан, беш дақиқа кечикканимдан зорланишим сизга кулгили туюляпти. Аммо аён ҳақиқатни тан олгингиз келмаяпти. Ỹзингиз ỹйлаб кỹринг: у бошқалар каби ҳатто «ỹлимимда ҳеч кимни айбламанг», деган икки энлик хатча ҳам қолдирмабди. «У билан сен ёлғиз қолган эдинг, деразадан итариб юборгансан», деб ҳатто Лукерьяни сарсон қилишларини наҳот ỹйлаб кỹрмаган бỹлса! Агар ҳовлидаги тỹрт киши унинг деразада Биби Марьямни қучоқлаб турганини, сỹнг ỹзини ташлаганини кỹришмаганда, айбсиз бỹлишимизга қарамай, тоза саргардон қилишарди. Ахир одамларнинг туриши, ҳодисага гувоҳ бỹлгани ҳам тасодиф-ку! Йỹқ, буларнинг барчаси – лаҳза, ғайришуурий лаҳза. Ногаҳонийлик ва бежилов хаёл! Хỹш, икона қаршисида ибодат қилган бỹлса нима? Бу ỹлим олдида тавба қилди, деган гап эмас-ку! Ҳаммаси бир лаҳзагина давом этган. Балки қандайдир ỹн дақиқа ичида – деворга суяниб, бошини қỹлига қỹйганича жилмайган пайтида бир қарорга келгандир. Калласига шу хаёл урилгану боши айланиб, бу қарор қаршисида ỹзини тута олмаганми?

Хоҳ истанг, хоҳ истаманг, бу ерда қандайдир тушунмовчилик бор. Мен билан яшаши мумкин эди. Камқонлик бỹлса нима қипти? Камқонликдан, силласи қуриб ҳаётий қувватнинг тугаганидан дейсизми? Йỹқ, у қиши билан чарчади, мана гап қаерда…

Кечикдим!!!

Тобутда ётганда бунчалар хипча, бурни бунчалар сỹппайиб қолмаса! Киприклари камон ỹқлари каби ётибди. Йиқилиши ҳам беозоргина бỹлган – ҳеч ери синмаган, ёрилмаган. Фақат шу «бир ҳовуч қон». Яъни бир қошиқ дегани. Ич-ичидан қалққан. Ажиб фикр: кỹммаслик мумкин бỹлганда эди? Уни олиб кетишгач, унда… о, йỹқ, олиб кетиш мумкин эмас! О, ахир мен олиб кетишлари лозимлигини биламан, мен телба эмасман, алаҳсираётганим ҳам йỹқ, аксинча, ақлим ҳеч маҳал ҳозиргидай ойдинлашмаган. Мен бир нарсани ҳазм қила олмаяпман: яна уйда ҳеч ким қолмайдими, яна ҳайҳотдай бу хоналарда гаровга қỹйилган буюмлар билан ёлғиз яшайманми? Алаҳсираш, алаҳсираш, мана алаҳсираш қаерда! Мен унинг силласини қуритдим мана гап қаерда!

Энди қонунларингизни бошимга ураманми? Энди одатларингиз, таомилингиз, ҳаётингиз, давлатингиз, динингизни сариқ чақага олмайман. Майли, мени сизнинг ҳакамингиз сỹроқ қилсин, майли мени ỹша судга, очиқ судингизга бошлаб боринг, ҳеч нимани тан олмаслигимни ỹша ерда ҳам айтаман. Ҳакамингиз «Жим бỹлинг, офицер!» деб қичқиради. Мен эсам унга: «Мени қулоқ осишга мажбур этувчи қудратинг қани? Нима учун бу зим-зиё жаҳолат мен учун ҳамма нарсадан қадрли бỹлган нарсани мажақлади? Қонунларингиз менга нимага керак? Менга энди бегона булар!» деб бақираман. О, энди менга бари бир!

Ожиз, ожиз! Жонсиз у, эшитмайди! Сенга қандай жаннат яратиб берардим, билмайман. Жаннат қалбимда эди, чор атрофингни жаннат билан ỹрардим. Сен мени бари бир севмас эдинг, хỹш, нима қипти? Ҳаммаси ỹша ҳолда бỹларди, ỹша ҳолда қоларди. Дỹстга гапириб бергандай гапирардинг менга – бир-биримизнинг кỹзимизга тикилиб қувонардик, кулардик. Шундай яшардик. Бошқани севиб қолсангми? Майли, рози эдим! Сен у билан юриб кулардинг, мен бỹлсам кỹчанинг бу бетида туриб кузатардим… О, фақат бир мартагина кỹзини очса, ҳаммасига рози эдим! Бир лаҳза, фақат бир лаҳза (!) менга қараса эди, худди яқингинада олдимга келиб вафодор хотин бỹламан, деб қасам ичаётгандай бир қараса эди! О, бир қарашдаёқ ҳаммасини англар эди!

Жаҳолат! О, табиат! Ер юзидаги одамлар ёлғизлар – алам қиладигани шу! «Майдонда тирик жон борми?»- деб қичқиради, рус паҳлавони. Паҳлавон бỹлмасам-да, мен ҳам қичқираман – ҳеч ким жавоб бермайди. Қуёш одамга жон беради, дейдилар. Қуёш чиққанда унга бир қаранглар – ахир у ỹлик эмасми? Ҳамма нарса ỹлик, ҳамма ерда жонсиз мурдалар. Фақат одамлар, атрофларини сукут ỹраб олган – Ер шундан иборат. «Одамлар, бир-бирингизни севинг!» Буни ким айтган!? Кимнинг ỹгити? Соат капгири  унсиз, нафратни қỹзғатадиган даражада тиқиллайди. Тун оғди – соат икки. Ботинкачалари каравоти олдида турибди, гỹё бекасини кутяпти. Йỹқ, жиддий айтяпман, эртага уни олиб кетишгач, мен нима қиламан?

1876.

Изоҳлар:

*«Ёзувчи кундалиги» назарда тутилаётган бỹлса керак. Ф.М.Достоевский 1873-74 йилларда «Гражданин» журналига муҳаррирлик қилиб, ҳар ойда «кундалик»ларини эълон қила бошлаган. 1876-77 йилларда давом эттирган. «Маъсума»нинг ёзилиш вақти худди шу даврга тỹғри  келади. (Тарж.)
*Ҳам оқлашим, ҳам қоралашим маъносида (лотинча)
*Инглизчасига (франц.)
*XIX  аср инглиз файласуфи, утилитаризм тарафдори назарда тутилган бỹлса керак. (Тарж.)
*Ишқий учрашувга (франц.)

Тоҳир Малик таржимаси