Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз - 6
Facebook
Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз - 6 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз
2
3
4
5
6
7
8
Ҳамма саҳифа
100

Ниятларимнинг бирортасини рўёбга чиқаролмадим. Ҳаммаси ярим йўлда чала қолиб кетди. Лук, Зев, Фиона, Ноам, роҳиб Валаамов, Тензиг, Ат-Тоҳарий. Кеча Ли қайтиб келганда, уни ўлдирганим йўқ, ҳатто қаерга борганини, нима қилганини-да сўраб¬

суриштирмадим. Уни на шубҳали жосусликда ва на сотқинликда айбладим. Сўроққа тутадиган судямидим? Ахир гуноҳи кабираларни қилиб юрган, Худога ишонмайдиган (гарчи беҳудага Унинг Исмини эслаб юрсам ҳам), шайтонга қўл берган, ота-онасини унутган, зинокор ва қасамхўр, деярли қари хотинни ўлдирган, қадимий қўлёзмани ўғирлаган бир нотавон бўлсам... Бу дунёдаги хом сут эмган бандалар ичида нима қилиб юрибман ўзи?..

Ли ўзини ҳеч нарса бўлмагандай тутди. Мен ҳам. Кечқурун кампир ўзининг қоплон териси тўшалган тош ётоғига кетганда, Ли шамчироқни ёқиб, қўйнидан турли хил варақларни чиқариб менга узатди. Бу хитойча ва уйғурча муқаддас ёзувлар эди. Мен уларнинг нима ҳақида эканини жуда яхши билардим.

Ли аввал хитойчасини ўқиди ва таржима қила бошлади:

«Тан сулоласининг асосчиси хитойсифат турк Ли Юан бўлган. Шу боис сулола икки маъноли бўлиб қолган. Таотзун ҳукмронлиги вақтида кўпгина турклар унинг атрофига тўпланишган: Киби Ҳели, Ашина Шени, Тонгюқуқ... Бу вақт оралиғида Таотзуннинг ўғли Гаотзун ўз отаси ҳарамидаги Ю деган гўзал аёлни севиб қолади. Лекин кўп ўтмай Ҳукмдор вафот этиб, унинг барча хотинлари ибодатхонага жўнатилади. Кунларнинг бирида янги ҳукмдор Гаотзун ибодатхонага бориб, севгилиси Ю билан кўришади. Чунки унинг хотини фарзандсиз бўлиб, ҳукмдор ҳарамига роҳиба олишга розилик берганди. Гаотзун Юни ўзидан ҳам ортиқ кўрар ва тез орада ўз ўрнини унга бўшатиб беради. Ҳукмдор аёл эса имкониятдан фойдаланиб, энг аввал ўз рақибини шаробга ғарқ қилади, сўнг барча ажнабийларни қувғин ёки сургун қилади. У жудаям ҳаддидан ошиб кетади. Тез фурсатда у сулолани деярли барбод этиб, эрининг вафотидан кейиноқ ҳокимият тепасига келадиган ўғлини қатл этади. Шу тариқа Ю Тан сулоласининг номини бутунлай ҳаёт саҳнасидан олиб ташлайди. Буддист роҳибларнинг ёзишича, бу Будданинг қизи бўлган экан.

Ўшанда турклар энди-енди юзага келаётган пайтлар эди...»

Шундан сўнг Ли кейинги қоғозни ўқишга ўтди:

«Ўрта Салтанатнинг пойтахти Чанъан сарой фитналарининг марказига айланди. Ҳукмдор Тжун-Суннинг хотини Вей Шей аждоди бўлмиш Юнинг кирдикорларини қайтаришга уринди. Мавқеидан фойдаланиб, бу аёл ўз эрининг тарафдорларини қатл эттиради ва охири эрини ҳам заҳарлайди. Малика Ан-ло билан биргаликда Ҳукмдорнинг ўлимини яширган ҳолда, унинг ҳокимиятдан ўз хоҳиши билан бўшагани хусусидаги сохта фармонга имзо чекишади. Шундай қилиб, унинг ўғли янги Ҳукмдор дея эълон қилинади.

Лекин ҳукуматни олишга уриниш иш бермайди. Ҳукмдорнинг жияни Ли ўз қўшини билан саройга ҳужум қилиб, исёнкорларнинг бошини танидан жудо қилади. Тез орада у сулоланинг янги Ҳукмдори ва Суантзюн номи остида Кўк Ўғлига айланади. Туркларнинг Ҳукмдори Билга-Ҳоқон Кўк Ўғлига ўз отасидай ҳурмат кўрсатишга сўз беради.

Кейинроқ Кўк Ўғли Билга, Кул-Тегин ва Тонгюқуқни Тайшан тоғи остидаги қурбонлик маросимига таклиф этади, бироқ ўз элчилари Мейлучжони юборгани ҳолда уларнинг бирортаси ҳам маросимга келмайди... »

Кейинги қоғоз уйғур тилида бўлиб, Ли уни менга узатди, Мен ўқий бошладим:
«Сўғддан келган Манихей Шаҳзода эътиқоди кучлироқ бўлган ўз тилмочи Берке билан мунозара қилиб турарди. Берке Шаҳзодага тегишли барча нарсани, хусусан «Ном»нинг таржимасини ҳам олиб, бир жойга тўплади ва устидан ўт қўйди. Олов тиллари юқорига ўрлаганда, Берке унинг атрофида пичирлаб, ҳар хил сўзлар айтиб, қўнғироқ ва дўмбира чалиб, ўйинга туша бошлади. Бирдан у ақлу ҳушини йўқотиб, ғалати овозлар чиқара бошлади ва ногоҳ ерга юмалаб тушди-ю, ўлиб қолди. Китоб ўт ичида қолди, саҳифалари гуриллаб ёна бошлади. Шаҳзода ҳеч қачон бу каби ажойиб манзарани кўрмаган эди. Ерда Беркенинг ўлиги ётарди... »

Ли бошқа бир хитойча ёзилган қоғозни тортиб чиқарди ва бетартиб ўқий кетди:

«Кўк Ўғли Сунтзюн ўзининг иккиюзламачи хизматчилари Чжан Куй ва Лю Сян туфайли Билга-Ҳоқоннинг Отукендаги саройида нималар содир бўлаётганини жуда яхши биларди. Унинг уларни асирга олаётганларидан жаҳли чиқарди. Бу уларнинг аввалги ваъдаларига қарши бўлиб, ўзига нисбатан ўта ҳурматсизлик ҳам эди. Вазиятнинг биргина афзал томони уларнинг ҳалиям у ерда туриб, ўз ишларини давом эттиришаётгани бўлиб, бу Суантзюн асосий душмани ҳақида кўпроқ нарса билиши мумкинлигини англатарди. Шунга қарамай, хизматкорлар уруш очиш фурсати етгани ҳақида хабар жўнатишганди.

Кўк Ўғли исёнчиларга қарши қандай курашиш кераклигини биларди. У туркларнинг элчиси Мейлучжони Отукен ўрмонига юборади. Мейлучжо ўз ишидан ва уни амалга оширгач, эвазига нима олишидан яхши хабардор эди... »

101

«Тонгюқуқ уларнинг элчиси Мейлучжо ортига қайтиб келгани ва энг аввал Ҳукмдор билан кўришганини эшитган заҳоти ҳаммасини тушунди. Аввал унинг ўзи Хитой ҳукумати томонидан худди шунақа иш учун юборилган, лекин ўз одамларини сотган эмасди. Аксинча, у ҳамма нарсани даштнинг асосий душманларига қарши кўтарган ва ҳозир кўк турклар салтанати денгиз оша кенгайиб бормоқда. Унинг ҳаётдаги вазифаси тулкиларни излаб топиш, таъқиб этиш ва овлашдан иборат эди, айни пайтда у тулкиларнинг яна қайта бўрилар мулкида эканини ҳис этди.

Ҳар дақиқа у Мейлучжонинг ҳузурига келишини интиқиб кутар, чунки салтанат бир қўлсиз ҳам салтанат, ҳатто иккинчи қўли йўқ бўлса ҳам салтанат, лекин бошсиз салтанат салтанат эмасдир. Мейлучжо Чанъандалигида бунга ўқитилганди. Бироқ, Доно Тонгюқуқ Ҳукмдорнинг аҳволини билиш учун одам юбориб, Панкул бошлиқ сараланган қўшинни қўққисдан бошланадиган ҳужумга тайёр туришини буюрди.

Доно Тонгюқуқ Буюк Қайтарувни бошлаб нечоғли тўғри иш қилганини яна бир карра ҳис этди.

Хонасида ўтираркан, эшик оғаси ичкари кириб, Кўк Ўғли жаноби олийларининг элчиси кутиб турганини айтди. Шанъанда илдиз ёзган барча гаплар Тонгюқуқнинг ғазабини қўзғатганди, бироқ у Мейлучжога киришга изн берди. Лекин у ичкарига кирмасидан бурун, элчилар ва Билга-Ҳоқоннинг жаллодлари ўтовга бостириб киришди ва Тонгюқуқ ҳақ бўлиб чиқди. Дашт Ҳукмдори заҳарланганди. У ҳаёт учун курашар экан, зудлик билан
Мейлучжони тутишни ва бутун уруғи билан қириб ташлашни буюрди. Кекса Тонгюқуқ кўзлари ёниб турган лаънати шоқолга тикилиб қаради, лекин сотқин бу сокин шармандаликка чидай билмади...

Салтанат хавф остида қолди... »

102

Одатда ўзинг биладиган нарсалардан бошқалар ҳам хабардор деб ўйлайсан киши, шунинг учун ҳам уларга ҳар томонлама эътибор қаратмайсан, масалан, ўз қайдларингга. Баъзи ўринларда мен ҳам шундай қилганимни англадим: сўнгги икки йил ичида ҳаётимда рўй берган воқеаларни ҳамма билиши керак деб ўйладим ва шундан буён қайдларимдаги мантиқ ёки батафсилликка у қадар эътибор қаратмайдиган бўлдим: улар маълум бир вақтдаги кайфиятимнинг инъикоси эди холос. Лекин ҳаётнинг мантиқ билан иши йўқ, у ўз йўлида давом этаверади. Шундан бўлса керак, салтанатларнинг барбод бўлиши, тсивилизатсиялараро тўқнашув каби йирик масалалар қолиб, арзимас шахсий воқеалар, ҳатто воқеадан ҳам кичкина нарсалар тўғрисида гап бошланади. Бу менга «Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр» деган мақолни эслатади.

Фионадан айрилганим кўнглимни қаттиқ оғритиб юрган кунларнинг бирида бирор жойга саёҳатга чиқишга қарор қилдим. Сайёҳлик агентлиги Венага боришни таклиф қилди. Ҳа, адо бўлган салтанатлардан бирининг пойтахтига. Ҳар кимнинг тасаввури турлича бўлгани каби, мен ҳам Венани мусулмончасига тасаввур қилардим. Лекин ҳамманинг хоҳиш-истаги ҳар хил. Сиз бу комплекс саёҳат нима эканини биласиз: автобусдагилар унга ўтиргандан бошлаб, бир-бири билан танишишга тушиб кетишади, оқибатда бу танишув бир шиша ўрта сифатли немис виносидан отиб олгач, аллақандай хира дўстликка айланади ва оқибатда маст-аластларнинг «Доктор Геслер, Постгас, 14» пансионида битта ўринга ётиб ухлаб қолиш билан якунланади. Буни тан олиш қийин, лекин ундан ҳам қийини уларни айблаётганинг ва ўзинг ҳам худди шундай эканлигингда.

Якка ўзим Венанинг дабдабали ва унча кенг бўлмаган тош кўчаларидан Ҳукмдор уйлари, боғ, фавворалар, Опера театрини томоша қилиб борарканман, Домен-Платсга келиб қолдим, у ерда ёшлар брейк тушаётган ва бошларида айланиб ўйнашаётганди. Яқин атрофдаги ибодатхонада қўнғироқлар чалина бошланди, лекин ҳеч ким унга қулоқ тутмасди. Ваҳимали мусиқа уни босиб тушар ва ёшлар «Оле, оле!» дея қичқиришарди. Боб Марли «Сен билан қисилиб қолишни истайман» қўшиғини куйлар, тўпланганлар орасида японлар ва ҳиндлар, турклар ва австрияликлар, британиялик ва кариблик, мексикалик ва словен, хитой ва рус, яҳудий ва лўлилар бор эди.

Мен ибодатхонага кирдим. Пасха байрамига бағишланган маросим бошланиш арафасида эди. Аслида мен бу маросимда қатнашишга эмас, бу жойларни томоша қилишга келгандим, лекин эшик оғаси мендан маросимга келдингизми, деб сўраганида, «ҳа» деб юборибман. Мен ёлғон гапиргандим, лекин энди ичкарига кириб бўлгандим.

Черковда нималар бўлганини сизга айтмоқчи эмасман. Бу жуда китобий ва маънавий бир нарсага ўхшаб қолади. Аксинча, епископ бу дунёни тарк этган Ўғил ҳақида куйиниб гапириб турганда, ўртачилик қилиб юрган ҳаётимдан сўйлайдиган арзимас, яроқсиз бир ҳикоя эсимга тушиб кетди.

Бир куни, бу ҳикоя бошланмасидан бурун, тилмочлик бюромизнинг раҳбари мендан муҳим бир ишни тугатишни сўради. Иш юзасидан жуда кўп кишилар билан алоқа қилишимга тўғри келар, улар орасида театр олийгоҳининг ректори ҳам бор бўлиб, у билан муносабатимиз яхши эди. Бошлиғимнинг пойтахтимиз атрофидаги тоғларда юрган жияни бор эди, бир кун у ана шу жиянининг ажойиб актёр эканини айтиб қолди. У қўшиқ куйлаш, рақсга тушиш ва кичик саҳна асарлари ижро этишда устаси фаранглигидан, театр олийгоҳига ўқишга киришни орзу қиларкан. Мендан ректор билан гаплаша оламанми-йўқми деб сўради у, чунки имтиҳон топшириш муддати ўтиб кетганди. Мен ҳаракат қилиб кўришимни айтдим. Шундай ҳам қилдим. Танишимга ўша йигит ҳақида илиқ гаплар айтдим, унинг истеъдодли йигит экани, ҳинд филмлари учун таппа-тайёр юлдуз бўлишини сўзладим. Ректор имтиҳон вақти ўтганини эслатиб, лекин менинг ҳам сўзимни ерда қолдирмаслик мақсадида ёрдам беришга сўз берди. Биз шунга келишдик: мен ёш иқтидорли юлдузни олиб келадиган ва ректор бошқарувнинг навбатдан ташқари кенгашини ташкил этадиган бўлдик

Шундай қилиб бошлиғимни хурсанд қилдим ва жиянини душанба куни олиб келишини сўрадим. Айтилган кун келди. Мен ўзи баланд бўйли киши эмасман, лекин «ўсиб келаётган юлдуз»ни биринчи бор кўрганимда ўз бўйимдан уялиб кетдим. Бундан ташқари, у қандайдир рангсиз, туссиз бир бола эдики, «албинос» эканига шубҳалана бошладим. Бу унинг фақат ташқи қиёфаси эди. Ундан жасорат қилиб исмини сўраганимда, кучли бир актсент билан ярим товушни ютиб юборган ҳолда бир нима деганди, мени ҳиққа тутиб қолди. «Суяги бизники, эти сизники» деди бошлиғим ва бизни ҳоли қолдирди.

Ваъдага вафо дея бу яралмишни олийгоҳга олиб келдим. Гарчи ректорнинг гавдаси меникидай бўлса ҳам, лекин юраги икки марта катта эди. Чунки у мен билан менинг бемаъни илтимосим ва ғалати мақсадли мана бу ғайритабиий яралмиш ўртасида қолганди. Бизни кўриб, камзулининг чўнтагига қўлини тиққанича, жаҳл отига минмай, болани кенгашга олиб чиқиш олдидан хонанинг у ёғидан бу ёғига Гулливерга ўхшаб катта-катта қадам ташлаб юра бошлади. У «актёр саҳнада кўриниб туриши керак», деди холос. «Ҳатто энг орқа қатордаги томошабин ҳам уни кўриши шарт. Ҳозир сизга кўрсатаман» дея нариги хонадан кимнидир бошлаб чиқди. Бир актёр момоқалдироқ овозидай гумбурлаб хонага кириб келди. «Биласанми, - деди ректор, - келгуси йил қўғирчоқ театри учун курслар очамиз, ўшанда келсанг, ҳеч қандай имтиҳонсиз ўқишга оламиз, бўптими?»

Жиян келаси йил ўқишга бордими-йўқми, хабарим йўғу, лекин сездимки, ваъда берилган жой ўртачилик қилиб юрган мендек қўғирчоқбозга қарата айтилганди. Шу оддийгина ҳикояда ҳам аввалгиларидагидай бир неча хулосалар ва қарорлар борлигини кўраман. Улар биз ўйлаганчалик содда эмас-ов. Аслида ҳар бир ҳикоя маълум бир руҳидан ташқари ўзининг суяк ва этларига эга бўлади. Лекин мен уларни шарҳлаб ўтириш ниятим йўқ. Мен фақат Венада Пасха байрами муносабати билан уюштирилган маросимда эсладим буларни. Бор-йўғи шу.

103

Яна бир қўлдан берилган салтанат бу шўъролар салтанатидир. Исроил ва Эрондан қайтганимдан сўнг, кўп ўтмай, Европа ташкилотларидан бири Грузияга боришни мўлжаллаётган нозик делегатсия учун таржимонликка ёллади. Аниқроғи, мен ана шу делегатсиянинг сафар аҳамиятини ёритиб берадиган журналистлари учун тилмочликка ёлландим. Биз Европадаги бир пойтахт шаҳардан шахсий самолётда учиб кетдик. Бу раҳбарлар ҳар куни баҳраманд бўладиган баъзи нарсалар: энг яхши винолар ва икра, ширин табассумлар ва бепул хизматдан биз ҳам бебаҳра қолганимиз йўқ. Улар сафар кундалигини ўзгартиришганида эса, завқимиз янада ошиб кетди: грузинлар меҳмоннавозликда жуда машҳур бўлиб, имкониятдан фойдаланиб, нимага қодир эканликларини намоён этишди: расмий нонушталар, шоҳона тушликлар, ташрифлар, ташрифлар... Лекин менга ўхшаган четдагилар бу кун тартиби фақат раис ва унинг кузатувчилари шарафига тузилганини унутибмиз. Биз буни тайёрагоҳда билдик: делегатсия бир томонга, биз иккинчи томонга кетиб, қоронғи ҳаётимиз бошланди.

«Расмий сафарларда юрадиган журналист» нима эканини биласизми? Бу - ҳалақит берадиган, лекин ақалли пашшани қўриб турадиган бир дум дегани. Таржимон эса ана шу думнинг думи дегани. Матбуот котиби сизни навбатдаги воқеанинг зўр бўлишига қизиқтириб, меҳмонхонадан олиб чиқади, сиз дейлик, Ташқи Ишлар Вазирлигига келасиз, у ерда чавандозлар қуршовида зирҳли автомобилда келадиган раисингизни бир соат кутасиз, шундан кейин гуллар, ялтир-юлтурлар, табассумлар, текин хизматлар, лекин сизга ҳеч нарса йўқ. Шундан сўнг хизматчилар тўпига шўнғиб кетасиз ва ўзингизнинг нечоғли кераксиз ва қатордан тушиб қолганингизни ҳис этасиз. Кечроқ улар дабдабали безатилган столлар ортида ғойиб бўлишади, эшиклар тақа-тақ беркитилади ва матбуот котиби яна сизни бир оз кутишингизни илтимос қилиб, ажойиб матбуот анжумани бўлади, дея қизиқтиради. Сиз на мармар зиналарда ва на форсий гиламларда ўтиришга ҳаддингиз сиғмай, айтилганча кутасиз. Анчадан кейин хушчақчақ ҳолда уларнинг қип-қизил юзлари кўринади: ялтир-юлтурлар, табассумлар, қарсак-тарсаклар ва раис қоровуллар қуршовида яна бир бошқа жойга кетади. Бечора матбуот котиби эса у ерда саволлар бериш имкони туғилади, дея ишонтиришга тушади.

Очқаган, чанқоқ ва нафратланган ҳолда мамлакат Президентини кутиб олиш учун жўнайсиз. У ерга ҳар галгидай хавфсизлик юзасидан бир соат илгари келиб турасиз. Жиддий ва қатъий тан соқчилари (тавба, кимнинг танини сақлар экан улар? Бошқа томондан қараганда улар ўз танасини шу қадлар яхши қўриқлайдики, сиз ўзингизнинг танангизни ҳам қўриқлашлари ёки тинтишларига ишонасиз) куйлагингизнинг ҳар бир тугмасини текшириб чиқишади, лекин аслида, сиз ашқол-дашқол тўла пиджагингизни детекторнинг нариги томонига ташлаб қўясиз ва уни эсон-омон қўлга оласиз. Кейин Президент раисни қабул қиладиган ўн биринчи қаватга кўтариласиз. Юқорида яна бир қўриқчилар гуруҳи сизни кутиб туради ва текширув ўтказади, энди тугатай деганларида, бир зийракроғи протокол бўлими исмингизни ёзишда хато қилганини сезиб қолади. Улар тинтув бошлашади ва бир тўхтамга келгунларича, Президент ва раис ёпиқ эшиклар ортида юзма-юз суҳбатни бошлаб юборган бўлади.

Енди Протокол бошлиғи ярим-соат бир соат ичида уларнинг иккиси ҳам биринчи қаватда матбуот анжумани ўтказади, дея руҳлантиради. Сиз пастга тушасиз ва маҳаллий журналистлар орасида яна аллақанча вақт кутасиз, журналистлар сизни Президент ҳеч қачон
пастга тушмаслигига ишонтиришади. Улар биринчи қаватни назарда тутишяптими ва ё умуман, ерними - бу тилшуносликнинг сири бўла қолсин.

Мана энди билгандирсиз расмий сафарларни ёритиб борадиган журналист бўлиш қанақалигини? Бир сўз билан айтганда, у асирдир. У ҳолда асирнинг таржимони бўлган сиз ким бўлдингиз?

Ночор хаёлларга берилиб тураркансиз, лифт ичида осмондан тушган фариштадай бўлиб раиснинг қораси кўринади. У шу қадар бахтиёрки, бу ҳолида ғамгинлар билан суҳбатлашиб ўтиради дейсизми? Шунга қарамай, биз ҳар куни ўнлаб, балки юзлаб учрашувлар бўлаётганини кўрамиз, ўқиймиз ва эшитамиз.

Ўша ерда ва фақат ўшандан кейин журналист ва дипломат орасидаги фарқни тушуниб етдим. Журналист йўқдан бор қилганда, дипломат ҳатто борни ҳам йўққа чиқарар экан.

104

Мени маъзур тутгайсиз, лекин сиз ўйлагандан ақллироқман дейишга ҳақлиман. Нега сизга буларни - турли мамлакат ва жойлардан бир қарашда тасодифий бўлган лирик чекинишларни келтиряпман? Конус қонунини биласизми? Аввал ҳаммаси ноаниқ бошланади, сўнгра қизиллик, яна ва яна, босим кўтарилади ва охири бир нуқтага зарба беради. Шундан кейин зарбанинг кучини тасаввур қила оласиз.

Агар шу ўринда сизга макон устидан ғалаба қилган, лекин вақтни енголмаган Дунёнинг Тўрт Бурчи Ҳукмдори Билга-Ҳоқонга ўхшаш томонимни айтиб берсам, балки бу тартибсиз ҳикояларимга бир оз ҳис берган бўлармиди? Ҳа, ниманидир сақлаб қолишга интилиб, мен у ердан бу ерга кўчиб юрдим: турли одамлар ўртасида рўй берган бу ҳикоялар Саҳро Ҳукмдори бошидан кечирган қўшимча ақлу заковат топишга уринишнинг айни ўзидир. Шуни тушуниб етганимда, бу дунёдан узоқлашишнинг йўлини топдим. Буни сизга тушунтириб бераман: мисол учун, сиз Лондонга учмоқчисиз ва ҳамма бундан хабардор, дейлик. Сиз қариндошларингиз, ҳамкасбларингиз ва дўстларингизга нима қилмоқчилигингиз, қаерга кетаётганингиз, ким билан учрашмоқчилигингиз ва қачон қайтиб келишингизни айтасиз. Атрофингизга боқинг, сиз ҳар доим пиллага ўхшаб муносабатларингизнинг кумуш иплари билан ўраб олингансиз. Лекин яхшиси, уларни чақиринг-да, иш юзасидан бир кечага, Худо билади, алоқа қилиш мумкин бўлмаган қайсидир бир қирғинга кетаётганингизни айтинг, бироқ, барибир эртага тунда орқага учиб келаман-ку, денг.

Ҳақиқатда эса поездга ўтириб, дейлик, сиз бировни ва ҳеч ким сизни билмайдиган Эдинбургга жўнайсиз. Бу қочиш қанчалик ғамгин ва ширин ва сиз ҳеч ким учун мавжуд бўлмайсиз, ўзингиздан бўлак ҳеч кимники бўлмай қоласиз... Фақат мангу тошлар ва совуқ ўтирғичлар сизнинг шу ердалигингиз, одамлар орасида йўқолиб қолганингизга гувоҳ холос. Бу ёлғиз қолишнниг ягона хили: сиз одамлар орасида қордай эриб кетасиз ёки эртаклардагидай ғорда ё саҳрода ўлиб кетган бўласиз. Балки ҳозир пилладан учиб чиққан капалак биринчи бор ипак қанотларини бошқа капалаклар орасида қоққан замон ўзини худди шундай сезаётгандир.

Буюк шоир айтганидай: «Ел нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам... »

105

Сўнгги воқеалар бўрони мени бу ерга олиб келган сабаблар ва қадамларни давом эттиришга вақт бермаяпти. Қолаверса, бу бўрон нафақат бадиий баён, балки ҳақиқат ҳамдир. Ли менга ўша ҳикояни айтиб берганди. Ўтган ҳафта телба дўстимиз билан ўнта жангари тоғли қишлоқдан қочишга ва ҳукуматга таслим бўлишга қарор қилишди, чунки баъзи чопарлар ҳукумат ўзи бош эгиб келган истаган кишини афв этиши ҳақидаги янгиликни олиб келганди. Шунинг учун ўн-ўн икки киши қочишга келишган. Қўмондонлар буни ярим кечаси сезиб қолиб, орқаларидан дарҳол одам юборган. Бу гуруҳ қочоқларни торгина тоғ йўлининг пастида музликларни кесиб ўтаётган ҳолда топган Лекин уларни тутиб олиш йўли йўқ эди ва гуруҳ ўт очишга киришади. Исёнчилар ҳам қараб турмай, жанг қилишган ва натижада баҳорги эришга шайланаётган қорлар кўчиб, икки гуруҳни ҳам жарга улоқтириб юборади. Тирик қолган биргина киши бу бизнинг телба оғайнимиз эди. У уст-бошига қараб бўлмайдиган бир ҳолда ўзи орқага қайтиб келиб, овоз чиқармай юм-юм йиғлади, гўё ёшлари телбалигини ювиб тушаётгандай эди. У ҳамманинг кўзига ғамгин ва жимгина боқар, лекин ҳеч ким бу қараш кечирим сўрашми, уятми ва ё афсус-надомат - нималигини билолмасди. Шу ўринда бутунлай бошқа бир манзара хаёлимга келди.

Бир йил аввал халқаро ёрдам гуруҳига таржимонлик қилиш учун Мўғулистонга боргандим. Балки сиз аллақачон бундай халқаро гуруҳларга шубҳа билан қарашимни сезгандирсиз -менинг қатъий фикримга кўра, уларнинг кўпчилиги қаллоблик билан шуғулланади, ё қайсидир йўл билан пул топишга интилади ва ё бошқаларнинг қашшоқлиги ҳамда оғриқлари устидан кулишни билади, бироқ мен айтаётган жамоа ундай эмасди. Сиз бу мамлакатга ҳалокатли таъсир кўрсатган ҳайвонлар вабосини эслайсиз, албатта. Қутқарувчилар гуруҳи мол дўхтирлари, зоологлар, экологлар ва бошқа мутахассислардан иборат бўлиб, улар табиийки, одамлар билан шуғулланишмайди.

Ҳаётимда ҳеч қачон бунчалик катта фожиага гувоҳ бўлмагандим: Мўғулистоннинг оппоқ қорли кенгликлари қорамолларнинг ўлик танаси билан тўлиб кетганди: улар орасида энг кучлиси саналган отлар ўрнидан туришга интилиб, оғриқдан тўлғонар, юнглари музли қорларга ёпишиб қолган ювошгина қўйлар эса, кучсиз овозда оппоқ ва кар осмонга қараб маърарди. Изғирин ўлим шарпасини олиб келар ёхуд Ўлим қанотлари ҳалокатли шамолни суриб келаётгандай эди гўё. Ва ё Чингизхон руҳи ана шу кенгликлар сари кезиб юриб, дунёвий қарзларини қайтараётгандай. Ҳар ҳолда ўта ваҳимали манзара...

Парламент аъзоси бўлган инглизча гапирувчи хоним бизни кутиб олиб, қишлоқ жойларига бошлаб борди. У Кембриджда таҳсил олган ва шу боис кўп нарсадан хабардор эди. Шу билан бирга Орхон вилоятига вертолоётда учиб борарканмиз, бу хонимдан Билга-Ҳоқон ва Тонгюқуқнинг машҳур тош ёзувлари ҳануз борми, дея сўраган эдим, у нафақат бошини қимирлатиб қўйди, балки уларни менга кўрсатишга ваъда ҳам берди. Албатта, биринчи галда яйловларга бордик.

Сизга манзаранинг нақадар ночорлигини айтдим: нормал ҳаётимизда бу дунёда қанча ҳайвон яшаши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз, биз фақат ўзимизни ҳисобга оламиз холос, лекин аслида барча ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротлар яшаётганимиз заминга биздай ҳақлидир. Улар камтаргина бўлиб туғилиш ва ўлишларини билдиришмайди, на

туғруқхоналари ва на қабристонлари бор. Лекин агар мол совуқдан ва очликдан ўлса, бу инсоннинг бошига тушган кулфатга гувоҳ бўлгандан ҳам баттар. Ҳорғин чўпонлар очдан ўлаётган қўйларга музлаб ётган смолани синдирар, қўйлар эса йўқ ҳашакка талпиниб, музлаган тумшуқларини дам-бадам охурга тиқишарди.

Билмадим, бу қутқарувчилар ҳайвонларга озуқа бўлмаган бир шароитда қандай ёрдам кўрсата оларкин, лекин мана улар нима қилишди: чўпонлар умидсизликка тушиб, ўлиб қолмасидан бурун кўпроқ қўйларни сўйиб юборишга уринишарди. Мўғуллар ўлимтик истеъмол қилишмайди, фақат сўйилган ҳайвонни ейишади, шу боис улар ақалли ўзлари учун гўшт бўлади, дея ҳайвонларни сўйишарди. Гуруҳ бир четда сўйиш хонаси ташкил этди. Худо билади қаердан, лекин улар бир қочоқ эчкини топиб олишганди ва бу айёр ва тўқ жонивор қўйларнинг биринчи гуруҳини овқат ва илиқлик ваъда қилиб, сўйиш жойига бошлаб келади. Унда оддий сўйиш машинаси бўлиб, эчки махсус тешикдан ичкарига киргач, бечора оч қўй овқатга талпиниб бошини суқади ва шу заҳоти кескич уни бошидан жудо қилади, танаси эса ўлим талвасасида бир томонга гурсиллаб йиқилади...

106

«Ўлим талвасаси» Афғонистонда рўй берган ундан-да мудҳиш манзарани ёдимга солади. Нега у ерда бўлганимни айтишдан аввал ўшандан бери унута олмаганим ғаройиб маросимни тасвирлаб берсам. Бу Мозори Шариф ва Қошғар оралиғида жойлашган тоғлар бағридаги бир қишлоқда рўй берганди. Қишлоқ оралаб кетиб борарканмиз, қуролланган қўриқчи бизни тўхтатиб, қатл маросимига қўшилишимизни буюрди. Мен, мижозим (у ҳақда кейинроқ гапириб бераман) ва ҳайдовчимиз оломонга қўшилдик ва айтилган жойга келдик. У ерда бошига қоп кийгизилган, қўли боғлиқ бир кишини кўрдик. Жарчилар баланд овозда бақирган эди, бошқа бир киши нарироқда турган қозон тагига олов ёқди. Улар жамоатчиликка ош пиширяптиларми, деб таажубландим. Лекин нега? Қатл дегани ўйин-кулги эмас-ку, бунинг устига ошнинг масаллиқлари ҳам йўқ. Қозон ичи қайнаб турган ёғга тўла эди: унинг ҳиди атрофга таралиб турарди. Барибир, кўп нарса ўйлолмадим. Бирдан жаллод ҳалиги кишини орқасига бир туртиб, гандираклаб ерга қулаб тушгунича калласидан жудо қилди. Бошни оломон орасида айлантириб чиқишдан аввал, жаллод танани маҳкам қисиб, унинг кесилган томоғи томонини қизиб турган ёққа солди. Қон ҳамма ёққа фавворадай отилгунча ёғ уни жизғанак қилди, шундан сўнг жаллод танани ерга ирғитиб юборди. Бошсиз тана бужмайиб, одамлар ва чанг ўртасида тўлғона бошлади. «Ўлим талвасаси», пичирлади ҳайдовчимиз...

107

Билга-Ҳоқон ўлим олди талвасасида ётарди. «Агар продшоҳ онангга тегажоғлик қилса, дардингни кимга айтасан?», - энг сўнгги кучини тўплаб бақирди у. На хотини Побека ва на ўғли ЙЎллук бу сўзларнинг асл маъносини тушунди: Ҳукмдор бу билан Кўк Ўғлини назарда тутдими ё салтанатнинг кўзу қулоғи бўлиши учун юборгани Мейлучжоними? Балки Билга-Ҳоқон уни ҳамма нарсадан маҳрум қилган Ҳукмдорлар Ҳукмдори -Тангрининг Ўзи ҳақида шикоят қилдими? Бошқа кимдан шикоя қилиши мумкин?
Нимагаям Кул-Тегиннинг жанозасига келганларни атрофида тўплашга қарор берди? Демак, уларни ўзининг жанозасида қатнашиши учун тутиб турган экан-да. Улардан нима кутган эди - ақлу-заковат китобиними ва ё инсонийликними? Ўзлари қилган ишга мос келмайдиган сўзлариними? Бутун умр билгани, сўзи билан эмас, фақат қилич кучи билан ўзига бўйсундиргани нокомил инсон зотидан нима кутган эди? Нима сабабдан ўзини ўзи сотди, нечун сароб ортидан эргашди?

Мана энди эккан ҳосилини ўряпти: тарафдорлари уни йўлдан оздирди, душманлари янада кучлироқ бўлиб кетди, мамлакат эса қум, балки майда-майда тупроқ заррачаларига айланди. Ҳатто ўз оиласи барбод бўлди: Побека кўчманчи аравасини бир томонга тортади, Кул-Тегинннинг хотини ўзини бошқа томонга ташлайди, ўғли ЙЎллук осмонларда учиб юради ва Доно Тонгюқуқ уларнинг барчасини бир жойга йиғолмай ҳалак... Билга-Ҳоқоннинг ўзи нима истаганди? Биладими ўзи? Бу дунёда аскарларининг бевафолигию саргардон одамларининг заҳарлаб қўйишларини биларми эди? Ақлдан озиб бўлганингда дунёнинг ақлу заковати нимага керак энди? Ўлаётганингдаги куч-қудратингдан не фойда? Не...

108

Икки сафар ҳам орқамда турган одамлардан юзимни ўгирганча, кўнглим беҳузур бўлиб қайт қилдим. Мўғулситонда Оюн (йўлбошичимизнинг исми шундай эди) менга ёрдамга келди, юзим ва оғзимни муздек, таъмсиз қор билан ювиб олганимдан кейин, у ичирган аччиқ ҳинд чойини обиҳаёт каби ҳис қилдим. Мўғул аёллари бошқа барча кўчманчи аёллар сингари руҳан жуда кучли бўлишади, улар эркаклар билан баб-баравар, балки улардан ҳам кучли ва ақллироқдирлар. Балки бунга уларнинг тилларида «женский род»нинг йўқлиги сабабдир. Оюн ҳам ана шунақалар хилидан эди: камгап ва ҳаяжонга тез берилмайдиган, лекин дилкаш ва ишончли. Бунинг устига у жудаям гўзал аёл эди, лекин умримда биринчи марта аёлга нисбатан шаҳват туймадим. Ҳаётимда илк бор яқинликка ўхшаш бир ҳисни англадимки, у шаҳвоний ҳирсдан кўра ширинроқ эди. Маҳаллий чўпонлар ва таклиф этилган мутахассисларга ҳамма нарса таржима қилиб бўлингач, Оюн энди бирор жойга бора олишимизни айтди. У қолганларга менинг докторга учрашим кераклигини тушунтирди ва биз «Жип» га ўтирганча саҳрога қараб кетдик.

У мени Ўрхун ёзувларини кўришга олиб келди. Гарчи бу вақтга келиб улар тўғрисида деярли ҳамма нарсадан хабардор бўлсам-да, лекин бу оддий ва каттакон тошларнинг қандай қилиб саҳродан осмонга отилиб чиққанини ҳеч тасаввурга сиғдира олмасдим. Қор уларнинг тусини ўзгартиролмади, шамол неча асрлар аввал ўйиб ёзилган ҳарфларини учириб кетолмади, ҳатто одамлар ўз эҳтиёжлари учун уларни судраб кетишга ботинишгани йўқ.

Мен бир тошга теккан эдим, бармоқларимни ток урди. Бу нима эди? Об-ҳавонинг совуқлигими ё юрак оғриғимнинг иссиқлиги? Билмадим, лекин Оюн енгчамдан тортиб, бармоғини лабларига босди...

109

Тонгюқуқ Ичи Лянг деган бир одам остида яширинган ўша хитойлик эгизаклар - Чжан Куй ва Лю Сян ҳақида хабардор эди. Лекин у ўз душманининг кучини ўзига оғдириб олишни яхши биларди: икки бор жойда уч ҳам бўлиши керак. У Татаббу қабиласидан ўша икки хитойликка икки томчи сувдай ўхшайдиган одамни топди. Бунинг устига бу жангчи хитой тилининг «мандарин» диалектида жуда яхши гапирарди. Тонгюқуқнинг ўзи унга сабоқ берди ва у тайёр бўлгач, тулки овловчилар қизи Побека ва набираси ЙЎллукни таклиф қилди. Бу Билга-Ҳоқонннинг ўлими арафасида содир бўлди. Ҳар иккилари Ичи Лянг каби учинчи одамга мурожаат қилишди.

Кюле Ҳукмдорни заҳарлаган кун ва Чжан Куй Ҳукмдорнинг чодири атрофида унинг ўқувчиси Шаҳзода ЙЎллукни ахтараётган кўйи тентираб юрганида, учинчи одам чодирга юборилади ҳамда махсус сигналдан сўнг Лю Сян бурчакдан чиқади ва «Чжан Куй» деб чақиради. Лю Сян учинчи одамдан ҳаммаси режага асосан кетяптими-йўқми дея сўрайди, яъни Саҳро Ҳукмдори ўлдими ёки улар фурсатни қўлдан бермай ҳаракат қилишсинми? Шундан сўнг улар батафсил режа тузиб олишади ва бунинг натижасида хитойлик эгиз Тонгюқуқ одамлари томонидан қўлга туширилади.

Кейинроқ, Чжан Куй чодирга келади ва махсус сигналдан сўнг учинчи одам бурчакда кўринади ҳамда Чжан Куй унга «Лю Сян» дея мурожаат қилади. У Саҳро Ҳукмдори заҳарлангани ва Кўк Ўғли тузган режага кўра уларнинг ўқувчиси Шаҳзода ЙЎллук тахтни қабул қилиб олишга тайёргарлик кўраётгани, шу боис, зудлик билан барча режаларни ҳал қилиб олиш лозимлигини айтади...

Уни ҳам қўлга олишади. Эгизаклар ўрнига келгуси режаларга тўлиқ биргина турк Ичи Лянг қолдирилганди...

110

Оюн Кўк Турклари тарихини яхши биларди, бу менга ғалати туюлди, чунки мўғуллар одатда Чингизхон тарихидан ўзларини йироқ тутишади. Лекин у менга мутлақо нотаниш бўлган бир неча манбаларни келтирди ва ҳатто мўғуллар ва Кўк Турклари тарихи ўртасидаги мутаносибликни кўрсатиб берди. У Чингизхон бўлишидан аввал Темучин ва Жамуҳа ўртасидаги сирли биродарлик тўғрисида сўзлади. Натижада мен «Мўғулларнинг сирли тарихи» китобини ўқидим ва кунларнинг бирида Саҳронинг қоқ ўртасида юзма-юз кўришган ва қондош ака-укага айланган икки рақобатчи ҳақида билиб олдим. Улар бир-бирларига содиқ қолишга ва ўлгунча ёрдам беришга сўз беришади. Бироқ уларнинг қондошлиги кўплаб сотқинликдан иборат бўлади: бир-бирларига қарши кураш, очиқдан-очиқ душманлик, бунинг натижасида Темучиннинг Жамуҳани қатл этиши... Шу воқеадан кейин Темучин буюк Чингизхонга айланади ва мўғул дашти ва ўрдани бирлаштиради. Лекин Оюн менга уларнинг муносабати - бирлашган ва кучли дашт ҳаққи жентлменларча тузилган шартноманинг яширин тарихини айтиб берди. Жамуҳа чиндан ҳам ўла-ўлгунча Темучинга содиқ қолади ва буни Темучин жаллодининг тиғи остидаги ўлими билан исбот этади. Лекин аввал ўзини ўз қондош биродарининг душмани каби тутади. У ҳақиқий душманлар билан иттифоқ тузади ва Темучин уларнинг барини яксон қилади. Аслида Жамуҳа Чингизхоннинг келажаги ҳаққи жосусликка қўл урган ва Чингизхон ҳар доим Жамуҳасиз даштнинг буюк Ҳукмдорига айлана олмаслигини яхши биларди.
Оюн бу аниқ ва сирли биродарлик ҳикоясини айтиб берар экан, шунга ўхшаган муносабат менинг ҳам бошимдан ўтганини ҳис этдим...

111

Ли бу ҳикояни эшитиб шундай деди: «Биз ҳам шундай вазиятда эмасмизми?» Мен бир оз тараддудланиб қолдим ва уялиб кетдим, чунки буни асло хаёлимга келтирмагандим. «Нима демоқчисан?»- сўрадим ундан. «Шунчаки бир гап» - жавоб берди у ва гапни бошқа томонга бурди. «Биласанми, улар сени ҳалиям жосус деб ўйлашяпти», - дея эшик томонга ишора қилди у жангариларни назарда тутиб. «Нима?! Нима дединг?» -сўрадим мен жаҳлим чиқиб. Лекин тезда ўзимни босиб олдим, эсимга қўрққан олдин мушт кўтарар, деган гап тушиб кетди. Мен Лининг ўзини назарда тутяпман, чунки у биринчи бўлиб ҳужумга ўтди: «Сен жуда кўп мамлакатларда бўлгансан, қанчадан-қанча одамлар билан кўришгансан, ўнлаб алоқаларинг мавжуд, шунинг ўзи ғалати эмасми?»- сўради у. «Сен буни қайдан биласан?» «Бас қил, бу дунёда яширин бирон нарсанинг ўзи йўқ. Бир кишига маълум нарса ҳаммага аён бўлади! Шуни билмасмидинг?» Мен ҳеч нима демадим.

Нима ҳам дердим? Уни жосус дея шубҳаландимми? Шу билан мен, у ва ё жангарилар учун бирор нарса ўзгариб қоладими? Билмадим нимага, лекин кейин унга шундай дедим: «Биламан, ҳозир одамлар ўз қарашлари ва ҳаётларини ўзгартирмоқдалар», - ва бирдан унга қуйидаги ҳикояни айта бошладим:

«Мўғулистонда бўлганимда, Оюн шундай деганди: «Биласизми, Улан-Баторга махсус иш билан келган бир тилмоч аёл сизни билар экан...» Миямга биринчи келган сўз «Фиона!» бўлди. Ҳа, Фиона! «У узун бўйлими?»-сўрадим. Бу бемаъни савол эди, худдики мен уни Оюнннинг ўзи билан солиштираётганга ўхшадим, лекин Оюн тезда жавоб берди: «ЙЎқ, ўрта бўйли». «Унинг исми Ирмами?» - сўради Оюн паст овозда. «Ҳа, Ирмами... » - юзимда ҳафсалам пир бўлгани яққол сезилди, чунки Оюн яна қайта мени руҳлантиришга интилди: «У жудаям чиройли экан!»

Мен одатда аёлларга хос масалаларни бошқа аёллар билан муҳокама қилишни ёқтираман: уларни билиб олишнинг энг мақбул йўли шу. Биринчидан, бунда вайсақилик керакмас, чунки бу бошқа бир аёл ҳақида, иккинчидан, ўзингиз суҳбатлашаётган аёлда яхши таассурот қолдиришга интиласиз, учинчидан, суҳбат асносига қараб, ўзингизни ўзгартира оласиз, тўртинчидан, у аёл у ёки бу шароитда ўзини қандай тутиши ҳақида гапириб, барча сирларини ошкор қилиб қўяди, бешинчидан, олтинчидан ва ҳоказо. Лекин мен Оюн билан ҳеч кимни муҳокама қилмоқни истамадим. Балки бунга унинг сирлилиги сабаб бўлгандир.

Икки кун ичида қўйларни оммавий равимда сўйиб туришгунча, биз Улан-Баторга кетдик. Мен қочоқ эчкига ўхшаб, «қўзичоғим» билан ажойиб тунларни ўтказишни орзиқиб борардим. Шовқинли вертолётимизда унга қандай қилиб тегишим, оппоқ, совуқ елкалари, бошқа жойларини силашни хаёлимга келтирдим, нафасим иллюминаторни хиралаштирар ва ҳеч қаерга қарамасдан ўтирардим...
Оюн ҳолатимни сездими-йўқми, билмайман, лекин баъзан жавобгарлик ҳиссини йўқотиб қўяман. У мени марказдаги меҳмонхонанинг қаршисида қолдириб, «Ёрдам керак бўлса, қўнғироқ қиларсиз», дея телефон рақамларини берди. Лекин у пайт бир нарсадан бўлак ҳеч нарсани ўйламасдим. Унга нимадир деб пичирладим, балки бу унинг камтарин ёрдами учун миннатдорчилик эдими, эсимда йўқ. Сўнг меҳмонхонага кириб кетдим.

Қанчалик ғалати бўлмасин, котиба қиз хонимни кўчага чиқиб кетди ва уч кундан кейин бўлади, деб айтмади, балки дарҳол Ирма билан боғлаб берди ва менинг асалимнинг овози эшитилди: «Ешитаман...» Аёлни аёл қиладиган нарса нима эканини биласизми? Унинг овози. Сиз юзингизга упа-елик суртиб, гўзаллаштиришингиз, қоматингизни ўзгартиришингиз, кўкракларингизни катталаштиришингиз мумкин, лекин ҳеч қачон овозингизни сохталаштира олмайсиз. Ирманинг овози майин ва ром қиларли даражада ширин эди.

У ўз хонасида экан, бетоқатлигимни кўрсатмаган ҳолда уни пастки қаватдаги қаҳвахонага таклиф этдим. У завқимга завқ қўшиб, суҳбатга жон деб рози бўлди. «Айтадиган гап кўп»,-деди у ва мен у нимани назарда тутганини тасаввур қилдим. Шундай қилиб, ўн дақиқадан кейин пастда кўришишга келишдик. Шу дақиқалар ичида турли ҳолатларни ўйлаган ҳолда нафсимни тинчлантириб турдим. Қисқаси, ўн дақиқа ўн йил, ўн асрга чўзилгандай бўлди.

Ахири Ирма ортимда пайдо бўлди. Аввал унинг қўнғироқдай овози эшитилди, сўнг унга қараган эдим, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у роҳибаларнинг кийимида кулиб турарди. «Буниси янада қизиқ», деб ўйладим мен.

Биз қаҳвахонага кириб ўтирдик, мен унинг рўмолига қараб: «Тишингизга бирор нима бўлдими?» деб сўрадим. «ЙЎқ». Мен жинни бўлиб қолай дедим, чунки у: «Биз бу ерга умумжаҳон универсал дини делегатсиясининг бир қисми сифатида келдик», деди. «Сен уларнинг таржимонимисан?»- умид билан сўрадим мен. «ЙЎқ, мен делегатсия раҳбариман. Биз...аниқлаяпмиз... ўз мақсадларимиз бор... универсал ишонч... эътиқодимизга кўра... мўлжаллаяпмиз... , қисқаси шунга ўхшаган гаплар. Мен унинг сўзларини бўлмасдан, диққатини жаъм қилган ўқувчидай берилиб эшитдим, у эса бундан завқланиб сўзларди.

Ўша ерда ва ўша пайт кўп нарсага чидай олишимни англадим. Аслида бу на Блаватскизм, на Гуржизм ё Ошоизм ва ёхуд бошқа «изм»лар, балки ҳаддан ортиқ нотабиий аёллар таълимотизми ҳақида эдики, барча бошқа нарсаларни қўшиб ҳисоблаганда ҳам менинг учун қўрқинчлироқ эди.

112

Нафсиламрини айтганда, бу мен кўрсатишга уринганимчалик кескин эмасди. Баъзи ўринларда унинг насиҳатомуз гапларига чек қўйиб, суҳбатимизни якунлагим, юмшоқ ўринда эмас, масалан, қаҳвахона ҳожатхонасида бўлса-да, мазза қилгим келди. Бироқ, унинг ғазабланиши эмас, балки қандайдир бир ҳорғинлик ҳайвоний ва шаҳвоний истагимни тийиб туришга сабр ва куч берди. Аввал унинг даъватлари кўнглимга хуш ёқаётгани, у юз йиллар аввал бўлган босқичда турганимни билдиришга тиришдим. Худо Ирмадан рози
бўлсин, лекин бу жуда оғир бир ҳол эди. Ҳарқалай бу ишлардан оёғимни узганимдан хурсандман...

113

Мен Афғонистондаги машҳур толибонлар ҳам бечора Ирма билан солиштирганда, объектив ва эркин ўйлайдиган кишилар бўлганини эсладим.

Охирги гап Лини қизиқтириб қўйди. Ирма ҳақидаги ҳикоямнинг маънисини сўрамади, гарчи мен уни хулоса ўрнида айтгандим, у фақат менинг бунчалик ғазабнок эканимни билмаганини айтиб, толибонлар тўғрисида гапириб беришимни қаттиқ талаб қилди.

Баъзан нега икки йилдан бери шулар билан сизнинг устингизга бомба ёғдириб юрганимдан таажжубга тушаман. Давом эттиришга нима тўсқинлик қилади? Бу ёлғизликни четлаб ўтишнинг ягона йўлими ёки ўлим қўрқуви билан шуғулланишми? Биласиз: мен ҳам сиз каби маънисиз ҳаётни яшаб ўтдим, лекин энди унинг маънисизлиги қайсидир бир кун келадиган ўлимнинг мумкинлиги билан кўпайтирилди. ЙЎқ, ундай эмас, аниқроғи, ўлимнинг ҳар кун келиши мумкинлиги унинг ҳар доим биз билан ва бизнинг атрофимизда эканида, лекин мен бошқача вазиятдаман, чунки мен Худонинг эмас, балки одамларнинг қўлидаман. Ўзимни жангарилар қўлида деб ҳисоблайман. Хўрозлардан қўрққан телба ҳақидаги ҳазилни биласизми? Хўрозлар гўёки телбани донга ўхшатиб, уни қўрқитаётганга ўхшайди. Физиотерапевт уни даволаб, дон эмаслигига ишонтиради ва касалхонадан чиқариб юборади. Беш дақиқадан кейин у қўрқув ичра орқасига қайтиб келади ва «Ҳув анави ерда бир хўроз бор экан, у мени чўқиб еб қўйиши мумкин». «Лекин сен дон эмассан-ку, шундайми?» - «Тўғри, лекин хўроз буни қаёқдан билсин?»

Мен ҳам шунақа: жангариларга тегишли ва уларнинг яхши-ёмон хоҳиш-истагига боғлиқ эдим. Қўққисдан келадиган ва қаттиқ ўлим туйғусининг нечоғли қўрқинчли эканини яхши билардим. Мен ўлишни истамайман, чунки кимдир тақдиримни ҳал қилиб қўйди ва ҳар замон Ўлим Фариштаси мени дунёдаги нима биландир чалғитиб тураркан, ғазабланганим ва вайсақи бўлганим жойда яна мўралаб туради, лекин ўша чидаб бўлмас қўрқув...

114

Баъзан ўлимдан қўрқиб юришдан чарчаб кетаман ва нега бунчалик чўзилмаса, дея ўйлайман. Мард бўлсанг кел ва бу ғамларни кўтар...

Лекин Венетсияга ўхшаган жойлар бор экан, нега одамлар ўлади? Кўчалар ўрнида денгиз мавж уриб оқадиган шаҳар, шундай шаҳарки, санъат деган тушунча маънисиз, чунки ундаги ҳамма нарса санъат, замонавийликни қувиб ўтган шаҳар, чунки у мангу... Мен учун ҳамма нарса қайта бошланган шаҳардир бу.

Ҳаётда тасаввур ва ҳаққонийлик мавжуд. Мен уларнинг ўртасида бўлмоқ истайман. Ҳаққонийлик ҳеч қачон тасаввурга тенг бўлолмайди, аввал исталган маркага қаранг,
сўнгра Венетсиянинг ўзига. Ялтироқ кам, кўпроқ ҳаққоният: деворларнинг тўкилиб тушаётган оҳаклари, шўрхок ва зах ерлару тор йўлаклар ва миллион-миллион туристлар ичида инсон зоти ўзини ҳам йўқотиб қўядиган боши берк кўчалар... Ёлғизлигингиз Қирол Саройида ҳам сизни тарк этмайди. Галереянинг чап қанотига ўтинг ёки хоҳласангиз, ўнг томонига - ўзингизни қамоқхонанинг бирор хонасига яширинг...

Ҳозир Тоғли Бадахшондаги телба қариянинг тош қафасида шундай ҳисга берилдим. У гоҳ ичкарига киради, гоҳ ташқарига чиқади, Ли қаршимда михланган, лекин мен ўзимни янада ёлғиз сезмоқдаманки... Тасаввур ва ҳаққонийлик билан бўлган ўйинларим ўз ҳосилини берди: Мен ўзимдан ҳам фарқли эдим, ҳеч ким ҳақиқатда ким эканимни билмасди. Ли мени жосус, дея шубҳаланади, қария босқинчи деб, ўзим эса, бир қурбон, дея санайман ўзни. Хўш, ким ҳақу ким ноҳақ?

Умримнинг кўп қисмини таржимонлик қилиб беҳуда ўтказдим: икки тентаклик ўртасидаги кўприк бўлганинг ва уларга ўзингни купайтирганинг замон бундан-да бўшроқ касб бўлиши мумкинми? Бир бўшлиқдан иккинчи вакуумга қуйиласан, ҳеч нарса ҳаққи ўзингнинг барча сифатинг ва мавжудлигингни унутасан. Замонавий дея аталувчи ҳаётнинг деярли барча томонларини кўрдим. Уларнинг бари менга талабгор эди: сартарошлар оғзаки тасаввурларини ўз қўғирчоқларига ифодалаб беришимни сўрашди, тиш дўхтирлари тишдаги мураккабликларни бечора мижозларига тушунтириб беришим учун таклиф қилишди; кема изидан тушган денгизчиларга, ўзларини биринчи дуч келган чуқурга кўмишга тайёр шоирларга, бесоқолбозлар билан гаплашган коммунистларга, наркотик билан шуғулланувчиларга, опера қўшиқчиларига, бир гал ҳатто биринчи телевидение орқали гинекологга, роҳиба ва космонавтга ва яна аллакимларга тилмочлик қилдим. Амаким айтганидай: «Бу мамлакатдаги энг машҳур қизлар билан бирга бўлдим, лекин уларнинг бирортаси битта сичқон бўлсин туғиб бермади.» Мен ҳам шундай...

Берке тилмоч Сўғднинг Манихеан Шаҳзодаси билан шунча кўп вақт бирга яшадики, натижада унинг барча урф ва одатларини қабул қилди. Эндиликда у кунни Ёруғлик Худосига ибодат қилиш билан бошлайди, сўнг Буюк Хабарчининг Муқаддас Китобини ўқийди, кейин пешонасидан чиқадиган ички бир нур ичра тафаккурга чўмади, ундан кейин кундузги ибодатга ўтиради, сўнг...

Уларга ҳеч ким ҳалақит бермайди, чунки улар барча Манихеан китобларини таржима қилишган ва эндиликда бу иш ниҳоясига етиб, уни Ҳукмдорга узатилгач, Берке тилмоч таржима жараёнида ташлаб кетган баъзи тушунмовчиликларнинг асл маъносини англай бошлайди, лекин уларни тўғрилашнинг имкони йўқ. Ҳақиқатда ҳеч ким уни очиб беролмаган, чунки матнни ўқиш бошқа, уни ҳаётга тадбиқ этиш бошқа бир ишдир.

У ҳозир Сўғд Шаҳзодасига ўхшаб қолган: жуфтликлар ҳаётларининг сўнггида бир хил бўлиб қолишади - умумий иш, умумий эҳтиёж, умумий фарзандлар уларни бир хил қилиб қўяди. У нурга тўлган кўйи ўзининг Берке тилмочлигини ҳам унутиб қўяди баъзан, ўзини ибтидоий одамлар орасидаги нотаниш Шаҳзода каби кўради. Фақат Ҳукмдори - Доно Тонгюқуқ бу туйғуларни қўллаб қувватлаб, унга завқ бағишлайди... «Ҳамма нарса Тангрининг иродаси билан бўлади», дейди у.

115

Мен буни ҳали ҳаммаси бошланмасидан бурун Венетсиядалигимда «Қуадерни ди Студи Эуроасиатиcи» да ўқигандим. У касбимнинг ўзгариши билан боғлиқ бўлгани учун ҳам ҳисобга олиб қўйгандим. Ўша пайтда гап нима ҳақда эканини билганимда эди! Афсус, у пайт ғуборсиз кунлар бўлган, ўшанда мен Марказий Осиёни тадқиқ этиш бўйича Европа Семинарида таржимонлик қилар, шу орада бундай йиғинларга бажонидил қатнашиб турадиган ёш ва келишган бир олимани ахтарардим.

Бироқ, ширингина аёлнинг ўрнига, мени Шинжон сафарига ишга таклиф этган Лук билан кўришдим.

У глобал геополитикага ёхуд маҳаллий чегара муаммоларига оид зерикарли маърузаларни тинглагани эмас, балки Венетсиядаги шахсий кутубхоналарда маълум ва номаълум венетсиялик сайёҳларнинг Даштга боғлиқ қадимий қўлёзмаларини ўрганиш мақсадида келганди. Шарққа оид бирор иловага дуч келган чоғларда мендан таржима қилишда ёрдам сўрарди. Бу муносабатларимизнинг муқаддимаси бўлди. Афсуски, ўша иловаларнинг мазмунини аниқ-тиниқ эслолмайман, чунки уларнинг кўпчилигида Мўғул хонларини кўкларга кўтариб мақталган ва уларнинг сайёҳ руҳонийларини ва аксинча, руҳоний сайёҳларини хафа қилдириб қўймасликлари тўғрисидаги ваъдалари битилганди. Бироқ улардан бири миямга қаттиқ ўрнашиб қолган ва эндиликда бунинг маънисини тушуниб етгандайман.

Бу қадимги уйғур тилидаги бир мактуб бўлиб, саҳифанинг тўртдан бирида эгри ҳарфлар юқоридан пастга қараб тизилган, гўёки ҳарфлар осмондан ерга учиб тушаётганга ўхшарди. 13-асрда дараксиз кетган, деб саналган венетсиялик сайёҳ бу мактубни уйғур қамоқхонасида ёзган ва 18-асрнинг ўрталарида яна бир италиялик сайёҳ уни бошқа қўлёзмалар билан бирга Ҳўтан бозоридан сотиб олган. Асирга тушган сайёҳ маҳаллий халқ ҳақида ёзиб қолдирганди:

«Ҳаётимда биринчи бўлиб дунёдаги барча маълум динларга эътиқод қиладиган халқни кўрдим. Бунда манихеан ва саратсинларни, оловга сиғинувчилар ва несторианларни, буддист ва ламаистларни, шомон ва иудаистларни учратиш мумкин. Уларнинг бари бир хил тилда сўзлашади, бир хил турмуш тарзига эга, фақат эътиқоди бўлак. Бунга қандай қилиб эришилди? Умуман, бу мумкинми? Мен бу ҳодисанинг илдизларини ўрганишга киришдим: бу ҳаддан ташқари чидамлилик, бееътиборлиликми ё адашган сир-синоатми? Уларнинг фикрлаш йўсинига кириб бориш учун бу халқнинг тилини ўргана бошладим ва тез орада унинг сўз ўзагига ўхшаган бир неча асосий элементлардан иборатлиги ва бир қанча функтсионал қўшимчалар ёрдамида биргина асосий элементдан кўплаб турли маъноларни ясаб олиш мумкинлигини аниқладим. Бу мантиқ ва тартиб мени қўрқитиб юборди. У Даштдаги ягона қора доғдан катталашиб-катталашиб пайдо бўлган минглаб кишилар ўрдасига ўхшарди. Бу сизга отилаётган сонсиз ўқ-ёйлар демакдир. Бу Даштнинг ўзи каби миллиард қум зарраларининг бу дунёнинг ишончсиз боғларига томон сурилишига ўхшарди... Гўёки осмон жангчилари бошимизга ёғилиб тушаётгандай.

Мен буни бир лаҳзалик сирли тушдай кўрдим ва шу совуқ зиндонда нега ҳаётим якун топганини яхши билардим. Гарчи бу халқ орасида ўттиз йилдан ортиқ умр кечирган эсам-да, бундан ортиқ ҳеч нарса деёлмайман. Бир нарсани аниқ биламан: бу анча аввал
бошланган, лекин жуда узоқ давом этажак. Айтадилар-ку: «Ҳамма нарса Тангрининг иродасига боғлиқ. Омин!»

Май кунларининг бирида, кечқурун Понте Риалто яқинида Лук билан ғаройиб ширинликни «Мусcато Сиcилиано» билан қўшиб еб ўтирарканмиз, ўша асирга тушган сайёҳнинг аниқ нимани назарда тутганини муҳокама қилардик. Унинг ҳар бир сўзига урғу беришга интилсак-да, лекин улар «бетартиб йўлакли боққа» ўхшар, бу эса икки йил асирликда ёлғиз яшашни ва ўша қадимги уйғур тилида ёзилган венетсиялик киши мактубининг асл маъносини билиб олишни талаб этди...

116

ЙЎқ, адашмадим, бугун асирлигимнинг роппа-роса бир юзу ўн олтинчи куни.

Ли қишлоққа қайтганидан кейин жангарилар сони ортганини сездим. Улар ўртасида нима содир бўлганди? Шуни айтишим керакки, ишончсизлик асирликдаги энг ёмон нарсадир. Ўз шубҳаларингга ғарқ бўларкансан, кейинги лаҳзада юқорига сузиб чиқасанми-йўқми билолмайсан. Бу мен учун хавфлими ё хавфсиз? Лига нисбатан қандай муносабатда бўлмоғим керак?

Аввалги куни у толибонлар ҳақида сўраганида, уларнинг болшевикларга ўхшаб бир кечада ўз жамиятларини ўзгартиришни исташганини айтганимда, хохолаб кулиб юборганди. Бундан руҳланиб, айтдимки, афғон жамияти қашшоқлашиб боряпти, бу қаймоғи олинган сутга ўшайдики, у қаймоқнинг ҳам юпқалигига шубҳа йўқ. Ли бу фикрни ҳам маъқуллади. Мен гапимни давом эттириб, толибонларнинг ўзларига ишончлари ҳаминқадарлиги сабаб алданганликларини айтдим. Лекин улар ёш бўлиб, шунинг учун ҳам радикал эдилар, ҳатто эронлик Оятуллоҳлар улар олдида тиш-тирноқсиз шерга ўхшайди; иккинчидан улар янги келганларди ва келгуси йигирма йилда ҳукмронлик қилишлари мумкин; учинчидан, ноанъанавий тарзда ҳамма нарсага қизиқувчан ва руҳонийлик нуқтаи назаридан исталган муаммони муҳокама қилишга тайёрдирлар улар; тўртинчидан, интилувчандирлар ва шу боис ишонтириш қийин ва ҳоказо...

Мундай олиб қараса, бу сифатларнинг аралашмаси қайсидир даражада Лида ҳам акс этганди. Чунки охири у юз қиёфасини ўзгартирмасдан «Биласанми, Толибон ҳудудларида уларнинг тайёрлов базалари мавжуд», деди ва давом этди: «Лекин сен қайдларингда ўз кузатишларингдан фойдалансанг бўларди».

Бу нима дегани: қўрқувми ё шунчаки бир маслаҳат? Бунга ўхшаш арзимас баёнотни ўнлаб бошқа миллат ва жамиятлар тўғрисида айта олган бўлардим. Масалан: «бўлмоқ»дан кўра «туюлмоқ» муҳимроқ бўлган франтсузларнинг ичи бўшлиги, ҳеч қачон кўрсатмайдиган, лекин бажарадиган немисларнинг мустаҳкам ички дунёси, ўнта имкониятдан бири таваккалли бўлса ҳам ҳеч нарса қилмайдиган инглизларнинг эҳтиёткорлиги, Эллин илоҳиётини Семитик православиега айлантирган греклар, арабларнинг такаббурлиги, жанжалкаш руслар, ўзини камтар озчиликдай кўрсатадиган бир ярим миллиард хитойликлар...Бас! Етар энди. Лекин уларнинг бирортасини ўз ўрнимда кўришни истардим, ҳа менга ғамхўрлик қилмайдиган, аксинча ўша адашган Ли ва унинг шайкаси билан бир юзу ўн олти куним устидан босим ўтказадиган ақалли бирортасини...

117

Ниҳоят Венетсияда (кўнглимнинг ёлғиз юпанчи!) ўзимнинг «белла рагазза»мни топдим. У провинтсиялик италян қиз бўлиб, даврлар ва йўллар туташган чорраҳа - Иосиф Бродский қатнашган Халқаро анжуман иштирокчиси эди. Гарчи шеъриятнинг катта шайдоси бўлмасам ҳам, аёл кўнглининг нозик торларини чертиш йўлида ундан қандай фойдаланишни биламан. Қолаверса, бир гал Бродскийга Ню-Ёркдаги адабий симпозиумда таржимонлик ҳам қилганман.

Мен ўзимни илҳом оғушига олган дамларда жуда ёқтираман. Дабдабали қайиқда ўтирарканман, бу дунёда ҳар ким ўз исмининг сеҳрли меросини кўтариб юришга маҳкум, дея бадиий ўқишга берилиб кетаман, шунга ўхшаб, Бродскийнинг ҳаётида ўз Ватанининг турмасидаги қудуққа ташланган Соҳибжамол Иосифнинг аксини кўриш мумкин, кейинчалик у ўз мамлакатидан ташқарида шуҳрат топди ва аввал душман бўлган биродарлари унинг куч-қудратини тан олишга келишди. Гертсоглар саройи ва турма ўртасидаги «Чуқур Нафас Кўприги»дан ўтганимизда, айтганимдай, денгиз юзасига чиқдик. Мен Салтанатлар мавзусига батафсил тўхтала бошладим ва қолган бошқа барча империяларга қарши ўлароқ, совет империяси бўш ҳокимият устига қурилган мафкуравий ва қуруқ империя эканини айтдим. Бу хаёлий бир империя эди. Шунинг учун ҳам ёзувчиларнинг роли унда ғоят буюк эди. Ўша буюк куч устидан ғалаба қилишнинг кўпгина йўллари бор эди ва уларнинг бирини Бродский топган: унинг эркин хаёллари рус шеъриятининг анъанавий шаклига қарши қўйилган. «Ўз хоҳишига қарши бориш»дан холилик унинг шеъриятига хос асосий қоида эди.

Булар чиндан ҳам мен Ню-Ёркда таржима қилганим Бродскийнинг ғоялари эди, лекин Марселлам учун улар қандайдир янгилик бўлди. У буларнинг барини халқаро анжуманда ҳамкасблари билан ўртоқлашиш учун ёзиб олди. Қайиқчи бизни суратга тушишга таклиф қилганида, у жон деб тезроқ ундан қутулиш учун фотоаппаратини тутқазди ва ДНК тузилиши ҳақидаги сўзларимни бошлаганча, Гранд Канал томонга бурилиб кетдик. Биласиз, касбим туфайли кераксиз билимларга тўлиб тошганман: масалан, ДНК чизиғи тўрт унсурдан ташкил топганлигини биламан, булар ДНК занжирини юзага келтирадиган сулфонатлар, спирал ҳосил қиладиган иккита бир-бири билан боғланган занжир ва бу спираллар ўзаро боғланиб ҳаёт асоси учун тўртинчи босқични ташкил қилади. Бродский шеърияти ҳам шунга ўхшайди...

Марселла мендан ДНК тузилишини чизиб беришни сўради. Мен унинг расмини ҳеч қачон кўрмагандим, чунки фақат сўзларни таржима қиламан холос, шу боис олдиндан тайёргарликсиз, Венетсия дарё ва каналлари схемасини чиза бошладим, бироқ Марселла бундан бехабар, нақадар ўзини бахтиёр сезарди...

Шу орада майин шабада суҳбатимизга қўшилишни истаган кўйи сочларимизни тортқилай бошлади.

Қайта эслаётганим учун маъзур тутгайсиз, хуллас ўша куни гапларимиз бир-бирига уланиб-уланиб, суюклигим Венетсияда ҳозир ҳам сув узра учиб бораётган қайиқдаги ажойиб ҳаётимиздан эсдалик суратларни ва фотоаппаратни унутиб қолдиргандик... Сўзлар, сўзлар, сўзлар...

118

Билга-Ҳоқон ўлди, лекин қўшни ҳукмдорларнинг биронтаси ҳам ўз элчиларини унинг жанозасига юбормади. Аслида унинг ўлими ҳатто очиқ эълон ҳам қилинмаганди ва ҳокимият тўғридан-тўғри Побека бошчилигидаги ўғил ЙЎллук қўлига ўтган, шунга қарамай, Доно Тонгюқуқ салтанатда содир бўладиган ҳамма нарсага жавобгар эди. Салтанат чўкиб борар, Тонгюқуқ буни билса-да, лекин тўхтатолмасди: бош бўлмаган жойда ҳеч нарсани бошқариб бўлмайди...

Неча кунки чодирида ўтириб, Катта Қайтишнинг стратегияси ҳақида хаёл қилар, аслида буни аллақачон бошлаб қўйганди: бошқа бир кун Берке-тилмоч Сўғднинг манихеан шаҳзодаси билан бўлган баҳснинг ўртасида ўлади, ҳақиқатда эса ўлган киши Берке эмас, балки Шаҳзоданинг ўзи эди ва Тонгюқуқ ва Беркедан бошқа ҳеч ким буни билмасди. Энди, Ёруғлик Шаҳзодаси зиндонга ташланди, унда ўз эътиқодини ўзгартириши мумкин, динни янги қабул қилаётганларга оддий оғриқ ва азобдан-да кучлироқ бошқа нарса даъват қилмайди. Берке ўзини бағишлаганларнинг ички жамоасини тузиш кераклигини яхши биларди ва унга бўйсунганларнинг барчаси ўзларининг беш кишилик ибодатхоналарини ташкил этишга киришишади ва уларнинг ҳам ҳар бири бошқа бештани ўз қўл остига олган бўларди. Фақат юқори қисмигина пастигача бўлган ҳамма нарсани биладиган пирамида...

Биргина Ичи Лянг Салтанат юз тутаётган тартибсизликка қарши мажбурий фан сифатида яқинда эълон қилинган ҳарбий санъатлар билан машғул...

Собиқ Салтанатнинг ҳар бир собиқ асири буни қўллаб-қувватлаши керак эди...

119

Балки сиз Кўк Турклари тўғрисида батафсил маълумотни қаердан олганлигимни ўйлаётгандирсиз? Асосан, шу ерда ва мана шу душманлик ҳолатимда. Шинжонга қилган биринчи сафаримдан кейинги икки йил давомида ўқиганларимни эслаяпман холосми? Қисман, ҳа, лекин бу фақат шундан иборат эмас. Ли билан бўлган узундан-узоқ суҳбатлар ва унинг хитой манбалари билан танишлиги менга қўшимча билим берди. Лекин сизга ҳали энг асосий нарсани айтганим йўқ: тўрт ярим ойча бурун ахири Шинжонга қайтиб келдим ва агар эсингизда бўлса, Ўлик Шаҳардаги тошларнинг нафақат суратини олдим, балки яна бошқа нарсаларга ҳам эга бўлдим. Ва бу ҳозир ёнимда турибди...