Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз - 4
Facebook
Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз - 4 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз
2
3
4
5
6
7
8
Ҳамма саҳифа
60

Ҳа, айтганча, бир гал мен оддий Ламани (Монголия ва Тибетдаги буддист роҳиблар) эмас, балки буюк Далай-Ламани учратганман. Бу Москвада рўй берган бўлиб, таржимон ва бошловчи сифатида Болтиқбўйи ёзувчилари делегатсиясини бу ерга олиб келгандим. Ўшанда қайта қуриш даври эди. Гарчи Далай-Лама тибет тилида гапираётган бўлса ҳам, мен унинг гапларини тушуниб турардим: «қуролсизланиш», «зулм қилмаслик», «янги эра» ва «янги глобал тартиб» кабилар. Кулгили одам. Мен уни гипноз қилишга урингандим, ақалли сирли алоқа ўрнатишга интилдим, йўқ, бари бефойда бўлди, у ҳаддан ортиқ сиёсий тус берганди ўзига. Ҳафсалам пир бўлганди ўшанда. Маърузадан сўнг, мезбонлар ўзларини ақллироқ кўрсатишга уринишганда, Далай-Лама бунинг аксини қилган ва ёзувчилар уни тавоф қилишга тушишганди. Ҳануз эсимда, динни янги қабул қилган Болтиқбўйи делегатсиямиздаги хонимлардан бири Ҳазратнинг олдига яқинлашган, бир қадам - жилмайиш, яна бир қадам - яна жилмайиш, учинчи қадам - жилмайиш ва эгилиш, шу тариқа Далай-Ламанинг муқаддас қўлига етгунча, аёлнинг ичидан сув келиб, бўлари бўлиб бўлганди... Ўша учрашувдан қолган хотира мана шундан иборат.

61

Мен Лининг аслида жуда кўп нарсадан хабардорлигига шубҳа қилардим. Мисол учун, ушбу бобга келганимда, у қалин дафтаримга ишора қилиб «Мана энди бу мустаҳкамроқ бўла бошлади» деди. Бу билан нимани назарда тутган? Олтмиш биринчи бўлакда жангариларимиз ҳаракатининг тайёр баёнидан қочган бўлармидик? Ҳа, чиндан ҳам «таржима» деб аталувчи икки-уч турдаги олтмиш баёнотдан сўнг, энди янги баёнотни таржима қиляпман, дея олмайман, чунки бошқа янгисининиг ўзи йўқ. Хўш, нима қилмоқчиман? Аввалги бобга сайқал беряпман деб ўтиришим керакми? Ё шахсий масалаларни ёзяпман, дейинми? Улар мени ўлдиришган бўларди. Лекин агар ёзишни тугатсам, шу мени ўлдиради. Шу ўйлар билан чалғиб ўтирганимда, Ли таклиф киритиб қолди: «Менга инглизча ўргатсанг бўлмайдими, мен эса сенга хитойчани... » Бу бир баҳона
бўлиши мумкин эди... Аслида Ли охирги гапни баланд овозда айтгани йўқ, мен буни сездим ва бу гап айтилмаган, деб ҳисобладим.

62

Бир ҳафта ичида ҳаётимизда кескин ўзгаришлар содир бўлди. Жангарилар тоғни кесиб ўтиб, Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига ўтишга қарор қилишди. Назаримда, бу узоқ йўл эди. Ли уларнинг япон асирлари учун катта ўлпон олганликларини айтди, бироқ биз билан ҳеч кимнинг қизиқмаётганини кўрган қўмондон, водийга бориб маҳаллий ҳукуматга сотиламизми ё шу бошпанамизда қолиб, қишни ўтказамизми ва ёинки Бадахшонга борамизми, шу ҳақда биздан сўради. Бу менга эртакдаги уч йўлни, яъни борса келар, борса ё келар, ё келмас ва борса келмасни эслатди. Афсуски, айни ҳолатимизда қайси йўл қанақа эканини билолмасдим. Ли бўлса ақалли ўз Ватанига яқинроқ бўлишни ўйлаб, улар билан бирга боришга қарор қилди ва шу билан танлаш имкониятини ҳам йўққа чиқарди. Агар водийга борсам, ёки шу ернинг ўзида қолсам, улар мени кераксиз гувоҳ дея ўлдириб юбормасликларига ким кафолат беради? Шунинг учун ҳам уларга қўшилишга маҳкум эдим...

63

Тоғли Бадахшонга кетишимиздан аввал қўмондон қаердадир охирги марта эски элчи билан учрашди ва биз билан бирга қолдирилган йигитга хат олиб келди. Қўмондонга содиқ қолиш учун у мактубни ўзи очмади, шунга қарамай, мен унинг хат мазмунидан шубҳаланаётганини сездим. Балки у мана бундай ўйлаётганди: «Сенинг вазифанг тугади, базага қайт». Сабримиз чидамасди, лекин мактуб мазмунини билгач... Йигит хатни ўқир экан, кўкариб кетди ва кутилмаганда, телбаларча кула бошлади ёки хиқиллаб қолди...

Мактубни унинг холаси ёзган бўлиб, унда йигитнинг ота-онаси у кетгандан бир ҳафта ўтиб ўзларини осиб қўйишгани ёзилганди. Йигит ақлдан озиб қолди, лекин ҳарбий қисм уни ўзи билан олиб кетди ва шундан бери у биз билан бирга турадиган бўлди.

64

Оқил ва кекса Тонгюқуқ «Билга уларнинг бари бизнинг душманимиз бўлгани, ҳозирда шундай экани ва келгусида ҳам душман бўлишини ёдда тутармикин?» дея ўйларди. Билга Хитой Императори, Ўн-ўқ қабиласи ва Қирғиз хоннинг ёғийимизлигини унутгани йўқми? Улар бирлашиб бизга қарши уруш очишган эди-ку. Улар шундай дейишган: «Агар биз уларга қарши жанг қилмасак, уларнинг жасур хоқонлари ва доно вазирлари бор экан, бизга ҳеч омонлик йўқ ва бир кунмас бир кун албатта барчамизни қириб ташлайдилар». Шу гапларни билганимдан сўнг, тунлари на кўзимга уйқу келди, кунлари на бир завқ олишни истадим. Ахири қарор қилдимки: «Агар биз биринчи бўлиб қирғизларга қарши юриш бошласак, тўсатдан уларни эсанкиратиб қўйишимиз ва қўлга олишимиз мумкин».
Юриш учун Когман орқали ўтадиган биргина тор йўл бор эди, у ҳам бўлса буткул қор билан қопланган. Агар шу йўлдан борганимизда, яхшиликка олиб келмаслиги аниқ эди. Мен бу ерларни яхши биладиган бирор кишини ахтариб, уни Аз қабиласи орасидан топдим. У шундай деди: «Ани дарёси ёқасида бир сўқмоқ йўл бор, кенглиги битта от сиққулик холос». У бир гал шу ердан юрганини айтди. «Агар бу чавандоз ўша жойларда бўлган бўлса, биз ҳам ундан ўта оламиз», дея қарор қилдим.

Билга бу ҳақда эшитганми-йўқми, билмадим, лекин бобоси Элтариш-ҳоқондан изн олиб, қўшинимга юриш бошлашни буюрдим. «Дарёга отда тушаверинг», дедим уларга ва Оқ-Термел дарёсини кечиб ўтдик. Шундан сўнг от устида турган ҳолда қорни ёриб киришга буюрдим. Мен ва бошқалар отларимизни олдинроққа қўйиб юбориб, ўзимиз дарахтларга тирмашдик. Олдиндаги қўшин қорни суриб, йўлни очиб борди ва шу тариқа тоғдан ўтиб олдик ҳамда пастга аста сирғалиб туша бошладик. Ўн кеча кундуз пиёда қор ичида йўл босдик. ЙЎлбошловчимиз йўлдан адашди ва бошидан жудо бўлди. Шунинг учун Ҳоқон шундай деди: «Шошилингиз! Ани дарёси ёқалаб юрамиз!» Шундай қилиб дарё бўйлаб юрдик ва отларимиздан тушиб, неча киши қолганини ҳисобладик. Отларимизни дарахтларга боғлаб, куну тунни унутиб, қирғизлар ичига юрдик.

Уларнинг устига ухлаб ётган пайтларида ҳужум қилдик. Қуролларимиз билан сўқмоқ йўлни очдик. Уларнинг Хони ва қўшини тўпланди. Биз уларга ўқ отиб, илма-тешик қилдик ва хонларини ўлдирдик. Қирғизлар тор-мор этилди ва бўйсундирилди. Шундан сўнг Когман йўли орқали ортимизга қайтдик».

Кўринадики, ҳеч ким бу ҳақда эсламайди. Бугун яшаётган ҳар бир киши мудраётган дунёда яшайди ва биргина етим от доно Тонгюқуқнинг хаёлини бўлиб, ўтмишдги урушларни эслаб кишнайди холос...

65

Агар шу ерда саргардон бўлишимни билганимда, бир боғ сомон ғамлаб қўйган бўлардим. Ўн кечаю ўн кундуз Худо урган Тоғли Бадахшонга қараб сафарга чиқишимизни ким билибди, дейсиз. Кундузи ҳужумлардан ҳимоя қилади, дея ғор ва тоғ ёриқларида яшириндик, тунлар санғиб юрган оч тулкидай йўл юрдик. Ҳамма бир-бирига боғланган эди, фақат биз - мен, Ли ва телба йигит бошқа занжирда эдик, арқонннинг учи бўлса, қўриқчимизнинг қўлида. Телба тихирлик қилиб, осилишга тушган эди, қўриқчи уни арқоннинг учи билан савалаб ташлади ва бола пақир инграб, ўз қилиғидан пушаймон
бўлди...

Инсон қалби энг охири музлайдиган нарса ва бошқа ҳеч нарса қолмаганда уни ичингда олиб юриш шу қадар азобки... Оёқларга кунда икки бора арақ суртасан, лекин арақни ҳам, босган қадамингни ҳам ҳис қилмайсан, бармоқларингдаги тирноқлар оғриққа михлангандек, шамолда қовурилган юзинг энди сеники эмас, аммо қалб... У асло музламайди, у борган сайин совуқдан қисилиб боради, ким билади нега, шунинг учун уни ташқарига тортиб чиқаролмайсан ва у ўртаниб, азоб чекаверади...

Барча воқеаларни кунма-кун эслаб қолмаганман, бу хотирда ёрқин доғ қолдирган, эсда кўп ҳам турмайдиган бемаъни нарса холос ўзи. Бўшлиқ қоронғи ва қовоғи
солиқдай: қор тун қўйнига осмондан тушиб келади, қўмондоннинг ҳўл қор тагида йўқолган чироғи: ҳеч ким хавфсизроқ жой ёки жарликнинг қаердалигини билмайди, фақат арқонни бўшроқ ушлаган ҳолда хавфсираб юришдан ўзга илож йўқ, мабодо бирор киши қулаб, ҳалок бўлса, зум ўтмай сенинг ҳам бор-йўқлигингга кафолат йўқ...

Юмшаётган тонна-тонна қорга, музнинг металсимон қатламларига қарамай, дарёнинг шовқини бир зум ҳам тўхтамайдиганга ўхшайди. Ё бу шунчаки бошдан охиригача бизни таъқиб қилиб келган саробмикин? Ё бошқа нарсами?

Мен юришимизнинг энг сўнгги кунини яхши эслайман, лекин охирги кун бўлмаганда, эслаб қолган бўлармидим-йўқми, ишончим комил эмас. Тунда кетар эканмиз, бирдан тоғ тугаб, қорлар ўрнига олдимизда узун кенглик кўринди ва ҳаммамизнинг кўзимиз яқиндагина изиллатиб турган шамолдан кейинги иссиқ ҳавонинг уфуришига ўхшаган шайтоний оловларга тушди. Қўмондон тўхташимизни ва йўл сумкаларимизни қўйишни буюрди. Биз арқонларимиздан бўшалгандик, телба йигит ҳалиги оловга қараб зорлана бошлади. Қўриқчи унга эътибор бермади, балки унинг ҳам кўнглида худди шундай ҳис ғимирлагандир. Қўмондон бизни санаб чиқди ва охирги марта олов ёқиб, сўнгги картошкаларни пиширишимизни айтди. Арақларимизнинг кўп миқдордагиси ичимиз ва ташимизни қизитиш ўрнига, олов ёқиш учун сарфланди. Оловни таналаримиз билан ўраб олиб, охирги бурдани еб тугатганимизда, қўмондон шундай деди: «Биз уларни ухлаб ётган пайтларида қўлга туширамиз!»

Тоғ қишлоғини эрта азонда ишғол қилдик. Ҳатто Ли билан менга ҳам пулемёт бериб, қўриқчимиз билан бирга тоғ четидаги энг кичик уйни олишга жўнатишганди. Гарчи отиш ҳақида огоҳлантирилган бўлсак ҳам, ҳаяжон ва қўрқувдан қуролимни у ёқ-бу ёққа буриб, сўкинардим холос. Уйга кирганимизда, унда қари бир кампир ўтирар, бизни чақирилмаган ажинага ўхшатиб, бир ёндан иккинчи ёнга ўгирилиб олди. Кампирнинг юзи кўпиб, ачиб кетган хамирга ўхшарди...

66

«Худди шунақа нарса табғачлар, ўн-ўқ қабиласи, Қитанлар ва бошқаларда ҳам содир бўлди. Тонгюқуқ ва Элтуриш-хоннинг донолиги, кейинроқ Кул-Тегинннинг кучи уларнинг попугини пасайтирмаганда, Кўк Турклари бундан-да баттар, бундан-да паст ва кучсиз бўлган бўлур эдилар. Ҳозир Билга-Ҳоқон уларнинг ўз туши ҳақидаги таъбирига гўёки дунёдаги бор ақлу заковатни айтиб беришаётгандай қулоқ тутарди. Ишдан бўшаганидан бери ичишга муккасидан кетган шу ерлик шомон Удеганинг ўзини таклиф қилса етмасмиди? У ўзимизнинг Башорат Китобидан қуйидагиларни ўқиган бўларди:

«Мен олтин қанотли қора йиртқич қушман. Танамдаги рангларнинг саноғи ҳам йўқ. Денгиз узра учар эканман, кўнглим тусаган нарсани тутаман ва хоҳлаган нарсамни ейман. Ана шунақа кучлиман мен! Билингки, бу яхши аломатдир!

Мен ола-була ва учқур лочинман! Дарахт устида ўтирганимдан беҳад мамнунман. Эшитяпсизми?
Лекин «Қуён!» дея қичқириб, лочин осмондан ўқдай учиб тушди ва қуённи тутиб олди. У ўткир тирноқларини кўрсатди ва яна яшириб олди. Лочин қуённи чангаллаб юқорига кўтарилди. Қуённинг териси тушиб қолди. Билингки, бу ёмонлик аломатидир!»

«Ўзимизнинг Башорат Китобида ана шундай дейилади, - дея ўйлади доно Тонгюқуқ, -агар ўзингни қуёнга ўхшаб тутсанг, истаган қушга ўлжа бўлишга маҳкумсан ва айниқса, агар бу қушлар бизнинг темир тумшуқли қушлардай бўлса!»

Лекин у буни эшиттириб айтгани йўқ, биринчидан, ундан ҳеч ким сўрамади, иккинчидан, Билга-Ҳоқоннинг элчилар билан учрашувини яна бошқа бир нарса бузиб юборди.

67

Исроилни тарк этиш Эронга киришдай гап бўлди. Ҳар икки шароитда ҳам мана бундай саволларга дуч келдим: ким эдим, қаерликман, нима қилдим, қандай иш қиляпман, бу ерда нима қилишни ният қилгандим, нимадан хабарим бор, ким билан учрашдиму, ким билан учрашмоқчиман, келгуси режаларим қанақа ва ҳоказо. Ҳозир бу саволларга юзаки ва ўйламасдан жавоб берганлигимни ўйлаяпман, йўқса, метафизикага берилиб кетиб, ким билсин, балки ҳозирда йўлиққаним баъзи жавобсиз саволларни ечиш имкониятидан фойдаланган бўлармидим? Англаганим шу бўлдики, биз кутилмаган воқеаларни аччиқ хотиралар туфайли қўлдан бой берар эканмиз. Мен фақат иккита мисол айтаман. Ёшлигимда бутунлай турлича бўлган икки қиз бола дўстим бўларди. Яқинда уларнинг фамилиялари турли тилда бир хил маънони англатишини аниқладим. Бу шунчаки уйғунлик ва тушунтириб бўлмайдиган ҳодисами эди? Дорилфунундаги ўртоқларимдан бири ўша қизлардан бирига ошиқу беқарор бўлиб қолганди, шунга қарамай, натижада ҳеч нарса содир бўлгани йўқ. У бошқа кишига турмушга чиқди. Ўшандан бери унинг қорасини кўрмадим. Лекин икки йил аввал бу аёл ўзи севишиб юрган кишининг исми билан бир хил бўлган ҳамкасбим орқали мен билан топишди. Ё бу ҳам тасодифми?

Балки сиз энди нима учун Исроил ва Эронни биргаликда эсга олганимни тушунгандирсиз?

68

Биз америкалик иккинчи лига клубининиг командаси билан Теҳрон стадионида ўйин бошладик. Бизга қарши ким ўйнаётганини билмасдим, уларнинг тайёргарлиги жуда сирли кечди, лекин бу каби футболни умримда кўрмаганман: у маҳоратга қарши маҳорат эмас, аксинча, қўполликка қарши қўполлик ўйини бўлди. Бу кимнинг маҳоратсизлиги яхшироқ ё ёмонроқ, ким ўзининг қобилиятсизлиги устидан ғалаба қилади, деган сўроқ гап бўлди. Тасаввур қилинг, ўз оёғига қоқилиб юрган ўйинчилар, етим тўпнинг улардан бири етиб келгунча кутиб тургани ва шу бечора тўпни ёғоч оёқ билан тепилганию бошга оширилгани ва ҳоказо. Бу шамоллатилган бўм-бўш хонадаги шиширилган шарга ўхшар ва дарвозабонлар содир бўлиши мумкин бўлган хавфни бефойда кутишдан чарчаб кетишганди. Ёдимга саксончи йилларда шўро командасини Жаҳон Чемпионатида кузатганим ва украиналик футболчининг барча эркин зарбаларни тепгани ёдимга тушди. Одатда, у тўпни грузин ўйиндошининиг калласига мўлжаллаб оширарди.
Грузиннинг вазифаси эса ҳаракат қилишмас, балки бир жойда туришдан иборат бўларди. Натижада тўп учиб келиб унинг бошига тегарди-да, дарвозага кириб кетарди. Бахтга қарши бизнинг ўйинимизда ўшанақа моҳир ўйинчилар йўқ эди-да. Охир оқибат дарвозабонимиз бор умидсизлигини тўплаб, тўпни бир тепганди, у ўқдай учиб бориб, эронлик ҳужумчининг боши орқасига келиб урилди, табиий, у буни ҳеч кутмаганди, сўнгра тўп худди ўша машҳур грузин ҳужумчисининг бошидан учган каби орқага қайтиб, дарвоза устунига тегди ва дарвозабонимиз елкасини ялаб ўтиб, охири дарвозага кириб
кетди.

Ўша маҳал майдонда, нафақат майдонда, балки, шаҳарда ва бутун мамлакатда нима содир бўлганини хаёлингизга келтириб кўринг-а! Худди янги бир инқилоб рўй берди: оломон ибодат қилишни ҳам унутиб, кеча-ю кундуз қўшиқ айтар, биз масхара ва ачиниш сабабчисига айлангандик. Ўйинда ютқазиб қўйиб, шу қадар катта шуҳратга эришдикки, биздан кейинги ўйин ғолиблари ҳам машҳурлигимизга тўсиқ бўла олмади.

69

Нега Эрондаги футболни эсга олдим? ЙЎқ, фақат эълон қилинган ўлимимни кутиб ётганим, унинг Исроилда содир бўлмагани учун эмас. Эрондаги воқеаларни эслашга уринганимга сабаб, уч кун аввал Тоғли Бадахшондаги қор билан қопланган қияликда футбол ўйнаганимиз ва тўп ўрнида пайтава тиқиб тўлдирилган мўйнали телпакдан фойдаланганимиз эди. Қишлоқни забт этган командамиз, қилган душманлигимизга қарамай, яхши қабул қилган маҳаллий аҳолига қарши тўп сурди. Дарҳақиқат, кейинроқ Эрондаги немис командасига ўхшаб, уларни зерикишдан сақлаб турган катта янгиликка айландик, лекин бизнинг ўйинимиз нўноқликка қарши нўноқлик ўйини бўлмади. Маҳаллий аҳоли қишлоқларини тунда ишғол қилган биз қўрқоқлардан кучли эканликларини исботлаш учун курашишди. Биз ҳам бўш келмадик. Лекин ҳаёт учинчи бир нарсани исботлади. Сирпаниб, сурилиб музлаб қолган оёқларимиз билан тўпни тепишга чираниб турганимиз маҳалда, бизга овқат тайёрлашга уннаймиз деган уч жангари йўқолиб қолса бўладими. Биз ўйинда ютқазиб қўйдик, бунинг устига, ўлганнинг устига тепгандай қилиб, бутун лагер тревогадан оёққа турди. Ўлгудай очиққан ва чарчаган бошқа жангарилар қочоқларни излашга юборилди. Тўрттамиз - мен, Ли, телба йигит ва қўриқчимиз овқат тайёрлашга қолдик.

Ҳали ўлганнинг устига тепки, деган иборани эслатдим, бу эса мурданинг устида рақс тушганга ўхшади. Жангарилар қишлоқни тарк этишлари ҳамоно, саккиз киши қурол кўтариб ошхонамизга киришди ва ҳеч бир иккиланмай, қўл-оёғимизни боғлашди. Бир асирликдан иккинчисига тушдик. Бу биз ўйлаганчалик эмасди, мен чиндан ҳам қўрқиб кетган, қишлоқни ишғол қилаётиб, қари кампирга қандай қилиб бақирганимни эсга олардим. Буниси энди сўнггиси, дея ўйладим. Агар авалги асирлигимда ҳар қалай тушунишларига ва кечиришларига умид қилган айбсиз бўлган бўлсам, бу гал анча айбли ва нафратга лойиқ эдим. Энди булар ҳам бошимизга қоп кийгизишади, деб қўрқиб турувдим, йўқ, ундай бўлмади, бахтимизга улар бизни қоронғи ертўлага ташлаб, бир нечта ун ва гурунчли қопларни унинг қопқаси устига бостириб, тезда ғойиб бўлишди. Бир-биримизга қапишган ҳолда зимистон ва ноаниқ қўрқув ичра қолавердик...

70

Улар бизни ўзларини ҳақоратлаганларга қарши урушиш мақсадида шу ҳолда ташлаб кетишди. Афсуски буни ёза олмайман...

72

Агар Бамбергни яхши билсангиз, демак, Отто-Фридрих Гимназияси орқасида торгина йўл борлигидан ҳам хабарингиз бор. Бу йўл аввал кенг далаларга, ундан кейин эса адирларга олиб боради. У Алтенберг қасри ёнигача турли-туман дарахтлар билан қопланган. Бир гал Фиона иккимиз илонизи йўллардан биргаликда борарканмиз, у Лук билан муносабатлари тўғрисида ғамгин бир ҳикоя айтиб берганди. Очиғи, бу ҳикояни аниқ эслолмасам-да, лекин Фионанинг синиқ овози, мунгли кўзлари ва кузнинг бошланиши каби ҳорғин нафас олиши ҳануз эсимда. Балки бу барча узун бўйли ва ихчам кишиларга хос одатий хислатдир, лекин мен унинг титраётгани, шу боисдан қўлини чўнтакка яшириб олганини сездим. Балки у бизнинг бирга қилган энг ажойиб сайримиз бўлгандир, чунки иккимиз ёлғиз эдик, унинг ғамгин сўзлари алпинистларнинг арқони сингари иккаламизни ҳам бирлаштириб турарди. Ўшанда Фиона ажрашгани ва Лук муаммолар дастидан Хитойга қочиб кетганини айтганди. Энди бўлса, у ўз вазифасини бажариб юрибди, бироқ унинг жимлигида бу сўзлардан ҳам ғамгинроқ нимадир бор эди.

Биз Алтенбергга келдик ва кечани «Либерфромилч»да ўтказдик. Оддий ҳаётимизнинг оддий тафсилотлари... Тавба, нега бу нарсаларни эслаяпман ўзи?..

73

Маҳаллий шомон Удеге Башорат Китобини эмас, балки Тонгюқуқнинг жаҳлини қўзитган сеҳрли қора печда яқиндагина куйдирилган икки елка суягини келтирди. У суякларни Билга-Ҳоқонга узатди ва Император уларга келажагини тасаввур қилаётгандай тикилиб қаради. Суяклар бир неча жойидан узунасига эмас, энига ёрилганди. Яқинроқ келиб Тонгюқуқ сездики, қора сеҳрнинг янги турига кўра, Императорнинг нияти амалга ошмайди, қайтанга уни муваффақиятсизлик кутиб турарди. Билга-Ҳоқон аввал Удегега ва кейин бошқа меҳмонларга қаради. Удеге суяклардаги бахтсизликнинг сабабчиси каби бошини қуйи солиб турар, лаблари ниманидир эшитилар-ешитилмас пичирларди. Бирдан Император гезариб ваҳшат ичра ўрнидан турди ва икки қадамда Удегега яқинлашиб, унинг сийрак соқолидан ушлаб қўлидаги елка суяги билан кекирдагини кесиб ташлади. Суяк ёрилиб, бўлакларга ажралиб кетди. Суякдан булғанган қоп-қора қон Билга-Ҳоқоннинг оппоқ юзига сачради. Атрофдагилар ҳайратдан оғзини очиб қолди. Удеге турган жойида гир айланиб, аста-секин ўз Ҳукмдори қаршисида тиз чўкди. Янги қондан ҳосил бўлган кўлмак унинг атрофида айлана ҳосил қилиб, фақатгина қора елка суягини қоплаб олди...

74

Ўлдирилган кишилар қандай ўлишини биласизми? ЙЎқ дейсизми? Тўғри, нимага ҳам билишингиз керак-а? Минг йиллардан буён ўлимнинг сири ҳақида гапирамиз, ўзимизни унинг келишига тайёрлаймиз, лекин у шу қадар одатий ва бехосдан содир бўладики, гўёки суҳбат чоғида, ҳожатхонада ёхуд қассобхонада гўштни қиймалаётиб гирибонингиздан олади. Ҳа, барчамиз бир тану бир жонмиз, на бировимиз оқилроқ, на яхшироқ ва ҳатто покизароқмиз.

Қисқа отишувдан кейин жангарилар бояги қишлоқдаги барча эркакларни ўлдириб юборишди. Бизни эса ертўладан соғ-омон ҳолда топишди, у ердан чиққач, ўлдирилган одамлар қандай бўлишини кўрдим. /алати ҳолда ҳар ер-ҳар ерда чўзилиб ётганларга кўзинг тушса... Агар ўлик ҳайвонни кўриб қолсак, ҳа ўлибди-да, деб кетамиз, лекин инсон зотининг кўча-кўйда ўлиб ётганини хаёлга келтирилмайди: унинг кийим-кечаги бор, оёғида этиги, соати ҳануз чиқиллаб турибди, у гўёки бошқа бир нарса учун мавжуддай, худди чидаб бўлмайдиган бир қоп гўштдан ҳам бошқа нарса каби. Ҳатто бўйин атрофида қотиб қолган қонда ҳам недир хатолик бордай ва бу сенинг шундоққина олдингда турса, ҳаммаси нечоғли оддий эканига ҳам ишонгинг келмайди. Осмон узилиб ерга тушмас, ер портлаб ҳам кетмагай, йўқ, ҳеч нарса содир бўлмайди. Икки соатгина аввал исми, хотираси бор бу таналар энди ахлат уюмига айланди-қолди. Фақатгина уларнинг сочлари шамолда тирикликдан дарак бергандай ҳилпирайди...

Қўмондон уларни тўплаб, ўрага ташлашни буюради. Жангчилар ер чизиб бораётган ўликларни судраб кетишади, улардан фақат ана шу излар қолади. Кимдир айтганди: «О инсон, оппоқ қор устида ҳимоясиз бўл!»

75

Исфаҳонда Регистон аталмиш мўъжизали майдоннинг орқасида бир неча боши берк кўча бор. Унда қадимги, лойдан қурилган уйлар орасидан учиб чиқадиган ғалати қарғалар сизга ҳамроҳ бўлиб олиши умкин. Ёки тўсатдан олдингизда пайдо бўлган қоп-қора матога ўралган аёл сиздан ўзини яшириб ўтиб қолади. Ахлат уюми ёнида ўтирар экансиз, ўзингизнинг қанчалик кераксиз эканингизни англаб қоласиз: агарки бу дунёда ўзинг ўзингга юк экансан, яна кимга ҳам керак бўла олардинг? Бу каби ўлим шарпасини келтирадиган барча даҳшатлар бир қарашда кулгили туюлади, шу сабаб бирдан улар қутқу соладигандай: гўёки ўша қора қарға сизни мудом таъқиб қилиб келган, қора кийимдаги аёл эса сизни ўлдириш учун юборилгандай. Ҳамма нарсани унутган ҳолда, кераксизлигинг боисидан бари қўрқув ва безовталикни бир-бир таҳлил қилишга киришасан киши.

76

Футболчилар ҳам турлича бўлишади-да. Гап тренернинг кўзини шамғалат қилиб, бирор шаҳар кўчасига сайрга чиқиш устида бормоқда. Бу Шерозми, Кармана ва ё Исфаҳонми, фарқи йўқ. Улар ҳар гал бирор нарсани, масалан, гемморойларининг газак отиб кетаётгани ва ё шахсий гувоҳномаларининг машғулотдан қайтаётиб тушиб қолганини баҳона қилиб, мени ҳам бирга олиб кетишга одатланишганди. Гарчи бу ишларидан айтарли фойда чиқмаса ҳам, барибир кўчага ошиқаверардилар. Ҳай майли. Поябзал магазини яқинида шу ерлик икки бола ажнабийлигимизни сезиб, кимлигимиз, нимани излаётганимиз, ким бизни олб келгани тўғрисида саволга тута бошлади. Гап гапга қовушиб, улар биздан АҚШда бир шиша виски қанча туриши, кўчада енгилтак аёлларни топиш қанчалик осонлиги, наша ва марихуана ҳақида сўрашди. Бу одатий ҳол эди.

Ўткинчи йўловчилардан бири менга шубҳаланиб қулоқ тутди, мен форсча ва инглизча ўртасида сарсон эдим. Сўнг бу ўйинни тугатишга қарор қилдим. Лекин футболчилар ортга қайтишни исташмасди. Улар ён атрофда ҳаёт қизиётганини сезган ва биз Исфахоннинг бошқа дўконларини айланишга кетдик.

Гаров ўйнашим мукмин, истаган футбол жамоасида, албатта, битта бўлса ҳам ҳаммани орқасидан диққатга сазовор жойлар, музей ёки китоб дўконларига бошлаб юрадиган «нтеллигент» бўлади. Шунга ўхшаб, бизда ҳам бир йигит бўлиб, у форсчани ўрганаётган ва Румийнинг китобини ахтариб юрарди. Шунинг учун китоб дўконини кўриши билан ўзини ичкарига урди, қолганлар тўдалашиб кўчада кутиб турдик. Лекин у узоқ вақт кўринмади ва яна икки киши бирин-кетин уни излаб дўконга кириб кетди, бироқ улар ҳам зим бўлди-қолди. Бу сафар ўзим хонага кирдим ва узоқроқдаги бурчакда китоб сотувчисига кўзим тушди, футболчилар унинг қаршисида туришарди. Сотувчи қўлини кўксига уриб, ниманидир зўр бериб тушунтираётганди. Уларга яқинлашарканман, сотувчининг муқаддас сўзларни такрорлаётгани ва унинг маъносини инглизчада тушунтиришга уринаётганини эшитдим: Ла илаҳа иллаллоҳ - Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. -Илоҳ йўқ, дерди у ва қўллари билан ишора қиларди, на қўлида, на жавондан олган китобнинг тагида, ҳеч қаерда, - фақат Аллоҳдан бошқа. У бошқа илоҳлар каби мавжуд эмас, бироқ у ягона, у Аллоҳ каби мавжуддир...

Мен унинг ўз билгича тушунтираётганини сездим, лекин футболчилар бу каби номавжуд мавжудликдан ҳайрон қолиб туришарди. - Мен буларга урфон ўргатяпман, деди у менинг форсча тушунишимни англаб. У қийшиқ юзли ва бадбашара ғалати бир йигит бўлиб, маънавияти юксак кишилардай бир кечада мистик оқимни бизга ўргата олишини айтди. Очиғи, гарчи миститсизмнинг бу каби билағонларини биринчи марта кўриб турмаган бўлсам ҳам, бундай хунук юзлиларга ишонгим келмайди. Инсоф билан айтганда, баъзан уларнинг қоши қулоғи билан мослигининг фарқи йўқ, деб ўйлайман, шунга қарамай, менинг эстетикам адолатимдан кучлироқдир.

Шундай қилиб, у бизни ўша кеч бир жойга таклиф этди ва «интеллигентимиз» бу таклифга жон деб рози бўлди. Бу унинг шахсий таржимони сифатида менинг ҳам бирга боришимни билдирарди, бироқ ушбу иш тренернинг режаси ва умуман, команда тартиб-итизомига қанчалик мос эди? Устунлик - бу ҳамиша номувофиқлик ҳақида бўладими, бу ҳаёт оқимидан орқада қолиб кетиш деганими ё, худди ҳозир мен мавзудан адашиб кетганимга ўхшаб-а?

77

ЙЎқ. Бу чиндан ҳам ҳаётимдаги энг ажойиб тунлардан бири бўлди, десам адашмаган бўламан. Кечқурун тренерга ўзимизни ухлаётгандай кўрсатиб, унинг хуррак отишини кутиб ётдик, сўнгра қоровулга бизни тушунгани учун чойчақа бериб ҳалокат чиқишидан суқилиб ўтдик ва меҳмонхонанинг орқасида кўришиб, таксига ўтирдик. Ярим соатда манзилга етиб келдик. Ҳозир мен бу нарсаларнинг биронтасини ҳам қилмаган бўлардим, чунки булар Эронда қатъиян тақиқлаб қўйилганди. Лекин очиғини айтсам, ўша тун интеллигент футболчимизни деб эмас, балки ўзимнинг қизиққонлигим боис келдим у ерга. Билмадим, нега мистикага бу қадар қизиқар эканмиз, бироқ, мен ҳеч бир шубҳасиз бу муносабатларнинг асл муддаосини биламан. Биз китоб сотувчисининг уйига келдик, у бизни турли катта-кичик эшиклар, лойсувоқ уйлар ва деворлар орқали каттакон бир уйга етаклади. У ерда йигирмадан зиёд киши ўтирган ҳолда Пайғамбарни шарафлаб наът ўқирди. ЙЎлбошловчимиз бизни маъқулроқ жойга бошлади ва ёнига ўтиришимизни айтди. Футболчилар-ку доим шуғулланиб туришади, лекин менинг чордона қуриб ўтиришим жуда ноқулайлик туғдирди-ки.

Бу ерда ҳеч ким бизга эътибор бергани йўқ, кимдир Румийдан ўқишни бошлади, қолганлар ундан завқ олиб, оҳиста тебраниб ўтиришди. Чорак соатлар чамаси ўтгач, орқа тарафимиздаги эшик очилиб, уларнинг Пири бир неча киши кузатувида ичкарига кириб келди. Ҳамма қатори биз ҳам ўрнимиздан турдик ва биздан ташқари, турганларнниг барчаси махсус мадҳияни куйлай кетди. Бир пайтнинг ўзида ҳар бир киши қаторлар орасидан ўтаётган Пирнинг қўлини ўпишга интиларди. Бир ғаройиб туйғу ичра Пирнинг бармоқлари бўғинларини қисган ҳолда очиқ қўлини ўпиш учун эгилган эдим, бу ҳаракатим шунақа беўхшов чиқдики, Пир менга ғалати қараб ўтиб кетди. Ўзимга ҳам жуда кулгили туюлган ушбу ҳолни ҳисобга олмаганда, қолгани анча кўнгилдагидек кечди, ҳеч ким бизни ажнабийга йўймади ва зикр, тафаккур машқи бошлаб юборилди.

Келинг, батафсилроқ айта қолай: Устоз қоронғи бурчакда биргина шам ёруғида Қуръондан оятлар ўқиди, қолган жамоат эса уни жўр бўлиб қайтарди. Кейин Пир ўқишини тезлаштирди ва биз ҳам баъзи оятлар, муқаддас сўзлар ва охирида ёлғиз Аллоҳнинг номини такрорлаб турдик. Худонинг 99 исмини зикр қилишни тугатгач, Устоз фақат «Аллоҳ» калимасини айтишни буюрди. Кейин у «У» деган маънони берувчи «Ҳу» сўзига ўтди ва биз чуқур-чуқур нафас олиб «Ҳу-ҳу-ҳу» дейишга киришдик.

Сиз буни бошдан кечиришингиз керак. Тушунтириб беришга сўз ожизлик қилади. Фақат бир қиёс: болалигимизда бувим турфа байрамлар арафасида пудаб шиширилган шарлар сотувчиси эди ва биз у шарларни шишириб бериб турардик. Агар бирданига йигирмата шарни пудалса, ўзингизни шундай ҳис қиласизки, худди ўша шарлар каби енгил ва бўм-бўш бўлиб қоласиз ва бирор киши шунчаки бармоғини тегизиб қўйса, осмону фалакка учиб кетгудай бўласиз. Ўша тун ҳам шундай кечинмани туйдик.

78

Мажлис ниҳоясида нима бўлганини биласизми? Биз йиғинни намоз бошлангач тарк этдик, китоб сотувчимиз бизни ташқарига кузатиб чиқаркан, футболчимизнинг ғойиб бўлганини сездим. Сотувчи форсчада шундай деди: «Ҳўтик думини ахтаргани чиқиб, икки қулоғини
йўқотиб қайтди». У бизни тунги автобус бекатига ташлаб, уйига қайтаркан, ирфон нури энди бизнинг ҳам ичимизга кирганига ишонтирди. Кўчадаги бошқа одамлар орасида жимгина турарканмиз, бурчакда автобус кўринди ва қайрилаётиб чироқ устунига урилиб кетди. Натижада электр симлари узилиб, ҳар томонга учқун отилди. Яқинроқда турган киши бошини чангаллаб бақира бошлади. Биз бекатдан узоқроққа қочишга уриндик. Кимдир: «Ушланг уларни!» дея бақирди ва икки кишининг қораси кўринди. Гарчи у ерда бўлмасликни афзал кўрсам ҳам, барибир энди воқеанинг гувоҳига айлангандим. Ўйлаганим тўғри чиқди.

Бирдан худди ўша бурчакда фургон машина кўринди ва икки дақиқа аввал бекатда қичқирган одам икки политсияга қўшилди. Улар қочиб кетганларни эмас, балки бизни қўлга олишди ва машинага ўтиришга ишора қилишди. Мен ажнабий эканлигимиз, бўлиб ўтган воқеа билан ҳеч қандай алоқамиз йўқлиги, кечки ибодатдан келаётган футболчилар эканимизни исботлашга уриндим. Темирни қизиғида босишга уриниб, нафақат политсияга, балки машинадаги жиноятчиларга ҳам мурожаат қила кетибман. Ҳарқалай, улар бизнинг жиноятчи эмаслигимизга кафил бўлишди. Улар бошларини қимирлатишди. Энди хурсанд бўлиб, ёнимизни оладиганлар ҳам бор экан-ку, деб турганимда, жиноятчи деб ўйлаган кишилар фуқаро кийимини ечишган эди, барчалари политсия экани аён бўлиб қолди. Уларнинг барчаси бошини қимирлатиб, баттар устимиздан хахолаб кулди. Мен эса ўзимни тутиб туролмасдан, худди кинофилмлардагидай: «Адвокатим билан кўришишга рухсат беринглар!» дея бақира бошладим. Политсиячилар эса кулгидан аранг тийилиб туришарди.

79

Ат-Тоҳарий     тарихий рисоласида шундай ёзганди:

Ҳамма жойда ҳам одамлар асир бўлишнинг аввал ўйланганидан кўра жиддийроқ ва хавфлироқ эканини тушуниб етишган. Ҳамманинг ичида қўрқув пайдо бўлди. Биргина ислом динининг билимдони бухоролик Шаҳзода Ниян-Сианг ҳамма нарса Аллоҳ қўлида эканини биларди. У устози ибн Қусамнинг сўзига қулоқ солиб, кундалик ибодати сонини ўн тўққизтага кўпайтирди. Унинг вафодорлигини нафақат Тўғлук тилмоч, балки тулки овчиси Тонгюқуқ ҳам айтиб ўтган.

Шундан сўнг Ат-Тоҳарий мавзуни бутунлай ўзгартиради, лекин Зев келтириб ўтган рус роҳиби Ефрем Валаамов аввалги хатлардан бирида дейдики:

Несториялик роҳиблар Турк ҳоқонлари саройида катта рол ўйнаган ва бу Кўк Турклари Салтанатининг инқирозида муҳим аҳамият касб этди. Уларнинг меросхўрлари бўлмиш уйғурлар бу таъсир даражасини билишган, ҳақиқатда уларнинг давлати Несторияликлар давлати бўлиб қолди. Шу ўринда Шаҳзода Кул-Тегин вафотидан сўнг Билга Ҳоқон саройига келган арманистонлик роҳиб ҳақида эслатиб ўтмасам бўлмас. У марҳум Кул-Тегинннинг хотини назарида ғоят аҳамиятли киши эди (шу боис армия назарида ҳам), чунки кунларнинг бирида Кул-Тегин қусиши учун унга ўсимликдан тайёрланган дори берган ва ҳаётини сақлаб қолганди.

Кейинроқ Валаамов дўсти Тензиг роҳиб ҳақида яна бошқа бир парчани келтиради:
Бир гал у менга одатий мажлисларнинг бирида Булен билан баъзи диний масалалар борасида тортишиб қолган хитойлик генерал ва қурувчи ҳақида ўқиб берган. Мақбара қурувчи ўзининг нафақат жисмни, балки руҳни ҳам сақлаб қолганини исботлаган, шунга қарамай, Булен аввало руҳни уни озод қилишдан ва кейин қайта мужассамлашдан сақлашини айтган. Шунда Генерал уларнинг сўзини бўлиб, Булендан ўз назариясини исбот қилиб беришини таклиф этган. Булен эса бу асосда ўлишдан бош тортган, бунга бир вақтнинг ўзида ҳам объект ва субъект бўлолмаслигини сабаб қилиб кўрсатган, лекин агар Генерал озод бўлиш ва қайта кириш объекти бўлишга рози бўлганда, у назариясини исботлай олган бўларди. Генерал бу таклифни дарҳол қабул қиларкан, олдиндан бир неча шарт қўяди. Мени бунга боғланиб қолмаслигим учун Тензиг роҳиб бошқа ҳеч нарса демаган.

Лекин Зевнинг ўзи бу нарсани шарҳлаб дейдики:

«Бу менга католик руҳоний билан тортишган раввин тўғрисидаги латифани эслатади. Раввин руҳонийдан улардаги энг олий мақомни сўраганда, руҳоний «Поп» дея жавоб беради. Раввин эса кулиб шундай дейди: «Лекин бизнинг ўғил сизларнинг Худойингиз бўлиб қолишда муваффақият қозонди».

Генералнинг кайфиятини ҳис қила олсам ҳам, Ефрем Роҳиб мактуби билан латифа орасидаги боғлиқликни тушунмадим. Қуйида Фиона айтиб берган, лекин Лукка тегишли яна бир парча:

Сиз у ёки бу воқеанинг қандай ривожланишини ҳеч қачон билолмайсиз. Бир ният билан бошлаган ишингиз охир оқибат мутлақо тескари натижа билан тугаши мумкин. Билга-Ҳоқон ўзининг машҳур ишини «тафаккур қаймоғидан тотиш учун» жанозага айтилган меҳмонлар билан бошлаганди. Лекин оқибатда бутун Салтанатни барбод қилди, ўғлидан айрилди, энг яқин маслаҳатчисини ўлдирди, никоҳини бекор қилди ва нопок ҳолатларда вафот этди. Тафаккур қаймоғи-чи, у нима бўлди? Алалхусус ким уни ниҳоясига етказди?

Ё ҳаёти нурсиз зиндондаги қурт-қумурсқалар ичида ниҳоя топган Ёруғлик Шаҳзодаси Манихейми?

Озод табиатнинг озод куйчиси бўлмиш Тардуш Инончи Чўрнинг мисолими? Унинг чексиз қўшиқлари аввал қоғозга, сўнгра тошга ўйиб ёзилганида ва энг ёмони -ўзига сўзма-сўз қайтирлганда - у икки кўзгу ўртасидаги йиртқич каби телбага айланиб қолганди... Бечора яралмиш...

Буларнинг барчаси бир хил нарса хусусида эдими, йўқми, ана шуни билмасдим.