Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз - 3 |
3 дан 8 сахифа
40Ёзишни бошлаганимда, шунга ишончим комил эдики, тилшунослик манбаларининг йўқлиги сабаб, фақат ишга оид услубдан фойдаланаман, тасвирни яширадиган лирик чекиниш ва шунга ўхшаш безаклардан йироқроқ бўламан, деб эдим. Кўп йиллар давомидаги таржимонлик тажрибамдан биламанки, тилнинг бойлиги воқеаларни очишдан кўра, уларни яширишга хизмат қилади. Мақсад-моҳиятни тушунмаган бўлсангиз, уни таржима қилиш учун қанча сўзларни ишлатиб кўрасиз? Ҳали ҳикоянинг сўнги кўринмаса-да, борган сари ҳаяжонланиб кетяпман. Очиқроқ бўлишим керак. Ўрта Осиёга қилган сафаримни сизга нима учун айтяпман? Чунки мен у ерда Фионага хиёнат қилдим. Бу Фарғона водийсида рўй берганди. Бошида биз Марғилон деган жойда энг катта диний арбобни учратдик. У шу қадар таъсирли эдики, дарҳол Ўлик Шаҳардаги дарвиш ёдимга келди. Леонардо да Винчига ўхшаган, оппоқ либосда жойнамоз устида ўтирган кимсани хаёлингизга келтиринг, фақат сизнинг суҳбатингизгина уни ер устида ушлаб турибди, йўқса у бир зумда жаннатга учиб кетган бўлурди... Ҳа, мен дарвишимни эсладим ва ундан Кўк Турклари ҳақида бирор нарса билишини, бирор жойда ўқиганини сўрадим. У оддийгина қилиб, бу туркларнинг ғафлат ва туманликда ҳаёт кечирадиган одамлар бўлгани, лекин улар орасида бир киши ҳақиқий мусулмон эканини айтди, фақат унинг исмини яширди. Унинг исми Фаридиддин Атторнинг «Тазкиратул-авлиё» асарида бор. Шу пайт унинг ўғли келиб намоз вақти бўлганини айтди ва улар кетишди ёки биз кетдик, аниқ эсимда йўқ. Шундай қилиб яна бир бор фитнага учрадим ва бу фитна аввалгиларига қайтарадиганга ўхшаб кўринди. Ўша куннинг иккинчи қисмини ва тунни Шоҳимардонда - тоғ бағридаги ажойиб дам олиш масканида ўтказдик. Аслида бу жой дам олиш маскани эмас, балки муқаддас зиёратгоҳ бўлиб, у ерда Имом Алининг 12 қабрларидан бири жойлашган дейилади, лекин шўролар у ерда зинокорлиги учун тошбўрон қилиб ўлдирилган гуноҳкор бир шоирнинг қолдиқларини қўйишган ва кўнгилочар жойга айлантиришган. Барибир, ғарблашган маҳаллий йўлбошловчимиз севгилиси билан бизни у ёққа бошлаб чиқди ва жилға бўйида шу ернинг арағидан керагича урдик. Биласиз, ичиб олгач, бошқача ҳаракатлар қила бошлайсиз. Шу орада йўлбошловчимизнинг севгилиси билан икки-уч бор кўзимиз тўқнашиб кетди. У ажнабийлар билан банд эди. Кейин ҳаммамиз ухлашга турдик, тўғрисини айтсам, у ерда ётишга каравотлар йўқ эди, шунинг учун кимдир машинада, ким мезбонимиз берган кўрпачада, яна кимдир менга ўхшаб деворга суянган кўйи ухлаб қолди. Совуқдан жунжикиб уйғониб кетганимда, соат тунги бир бўлганди. Тишларим таккиллаб, бир-бирига тегмай қалтирардим. Сакраб ўрнимдан турдим ва машқ қилаётган кўйи ҳаракат қилдим. Бироқ суякларим қотиб қолгандай эди, шу боис ташқарига чиқиб юришга қарор қилдим. Ҳовли зим-зимистон, бедор жилғанинг товушидан бўлак ҳеч қандай сас йўқ эди. Хуррак товушини ҳисобга олмассиз, деб ўйлайман. Қоронғиликда тентираганча дарвоза ёнига келдим ва унинг ёпиқлигини сезиб, ундан ошиб ўтиш учун тирмашдим. Кўзим осмондаги ёрқин юлдузларга тушди. Ҳовли тўла дарахт бўлиб, энди мен тоғ ва унинг орасидаги тор жарликлар томонга олиб борадиган йўлни бемалол топа олардим. Балки ҳалиям кайфим бор эди, лекин нечундир тоғнинг тепасига, табаррук зот билан гуноҳор шоир ором топган жойга чиқишга қарор қилдим. Худо билади, ниманидир ўйлаб тоққа кўтарилар эканман, бирдан жарликнинг нариги томонида қаршидаги тоғнинг яқинида тургандай каттакон бир юлдузга кўзим тушди. Ҳеч қачон бу қадар катта ва шунчалик пастдаги юлдузни кўрган эмасман. Ё Худо, деб ўйладим, қанчалик қудратлисан-а, юлдузларингни тоғларнинг ортига ўрнатиб қўйсанг. Лекин ҳайратим қўрқувга айланди, худди «тоғлар увададай учиб юради» оятига ўхшаш ва шу онда икки тоғ китоб варағи каби мени ва ёрқин юлдузни ичига олиб бир-бирининг устига шундай ёпиладики, зудлик билан юқорига чиқиб, очиқ ва хатарсиз осмонда кўраман ўзимни, дея ўйладим. 41 Тоғнинг тепаси бўм-бўш эди. Бу кўпроқ тоқ бағридаги текис ялангликка ўхшар, чунки чўққига ҳали анча бор, у қалин ўсган дарахтлар ортида яшириниб турарди. Лекин бу ер боя юлдуз кўрганим жойдан анча хавфсиз эди. Ҳақиқатда, ҳаяжонга тушмай айтишим мумкинки, бу тунда қўрқадиган ҳеч нарса йўқ эди, фақат шоирнинг қабри олдидаги қандайдир бир шарпадан чиндан ҳам жуда қўрқиб кетдим. Нимани ўйладим? Не ҳам ўйлар олардим? Фаришта, пари, шоирнинг имонсиз руҳими? ЙЎқ, бу йўлбошловчимизнинг севгилиси эди. Уят-е, ҳатто бу қизнниг исмини ҳам билиб олмабман. «Ёлғизликни излаб юрибман», - деди у айбдорлардай. «Мен эса сенинг изингдан кузатиб юрибман». Ё қиз бу ерга чиқишим сабабини тушунди, у ҳам мендай ўйлаётганди, буни билмайман. Ҳарқалай, мени кузатиб юрган, деб ўйлаб, бир оз ноқулай аҳволга тушдим. Лекин ҳалиям кайфим тарқамаган, ўзимнинг ёлғизлигимни иккимизнинг бирга ёлғиз бўлишимиз учун қурбон қилишга тайёрлигимни айтиш учун куч тополдим. Ўйлашимча, қиз ҳам етарли отиб олган, бу каби қўпол муомалага лаққа тушгандай эди. У кулди. Сиз кейин нима бўлганини англаш учун шарқ қизларининг табиатини билишингиз керак бўлади. Улар учун сўзнинг жуда катта аҳамияти бор. Бошқача қилиб айтганда, ғарблик қизларга қараганда, сўз улар учун анча муҳим нарса ҳисобланади. Шу боис, бу ерда ётган шоир ҳатто ётган жойида ҳам жуда машҳурдир. Қолаверса, қиз ўша шоирдан қандайдир шарқона сатрлар келтирди: Ўйласам, бу дилбарим маккорга ўхшайди-ку, Раҳми йўқ бир бевафо хунхорга оХшайди-ку... Қиз буни овоз чиқариб эмас, балки пичирлаб ўқиди, умуман, вазиятнинг ўзгарувчанлиги ва қалтислиги боис биз пичирлаб гапирардик. Бир ножўя қадамни деб пастимиздаги тубсиз жарга қулаб тушиш мумкин эди. Мен унга пастдаги водий ва бошимиз устидаги юлдузларни томоша қилишни таклиф этдим. Биз текисроқ бир жой топиб ўтирдик ва бу жимликда тезда совуқ қота бошладим. Яна бир ноқулайлик - тобора бўшангим қистаб кетаётгани эди. Жин урсин, деб ўйладим, наҳот ҳаётингдаги энг ажойиб дақиқалар шу каби эҳтиёжлар туфайли барбод бўлса? Қизни ноқулай вазиятда ўпиб олдим. У қаршилик қилмади. Унга бир дақиқадан кейин келаман, дея ўрнимдан турдим. «Қаёққа кетяпсиз?» - пичирлади у. Мен ер тепиниб қолдим. Бу ҳаётимдаги энг ёмон дақиқалардан бири эди. Лекин асло чидаб туролмасдим ва югурганча шоир қабрининг нариги томонига ўтиб кетдим. Қайтиб келганимда, қиз ҳудудсиз ва ёввойи коинотда шу қадар ёлғиздай ўтирардики, уни бу бўм-бўш мангу тундан ҳимоя қилган кўйи бирдан сўрадим: сизнинг ҳам ташқарига чиққингиз келяптими? Бу маҳаллий тилда ҳожатга чиқиш деб тушуниларди. Бундай дейиш жуда қўполлик саналарди, лекин имоним комилки, бу гап менинг унга яқинлигимни исботлади. У «йўқ», дея юзини кўксимга яширди. Умримда биринчи бор аёл кишини ҳирс билан эмас, дўстларча ўпдим. Гарчи бу қиз билан бошқа ҳеч учрашмаслигимни, мен унга ва у менга керак бўлмаслигини билсам ҳам, ўша тун бизни Худо билади қаерда учраштирди, лекин, бироқ, барибир, алалоқибат биз уят бўладиган ишни қилдик. Қандай бойлик ва қанақа бегуноҳликни йўқотдим мен унда... худди табаррук киши олдидаги айбдор шоир мисоли... 42 На йўлбошчимиз ва на унинг севгилиси олдида ўзимни айбдор санадим, чунки эртасига эрталаб улар билан бутунлай хайрлашиб кетдим. Лекин номаълум Фионанинг (аслида Лукнинг номаълум Фионаси) олдида ўзимни айбдор ҳис этдим. Ҳақиқий гуноҳлар... мен уларнинг ичига ботиб кетдим. Тибетлик Булен бинафшаранг куйлагини уйида киярди. У китобларида ёзилган ўтмиш ҳикояларидан бирини айтиб беришга қарор қилди. Бу воқеа тибетликларнинг маймун ва ўрмон арвоҳидан, туркларнинг эса ўн ёшли Ҳунну шаҳзодаси ва дашт бўрисининг никоҳидан туғилганидан кейин содир бўлган. Тибетлик руҳонийлар - шаминлар бутпарастликни турк шаҳзодаси Ашина подшолигига келтиришди. Ўша кўчманчи халқнинг бир неча шаҳзодаси дарҳол у динни қабул қилдики, уларнинг азобланишига муҳаббатлари эмас, балки бутпараст роҳибаларга уйланганлари сабаб бўлди. Наҳот роҳибалар ўз динларини ёйиш учун уларга эрга тегишган бўлса? Бу жуда чигал масала бўлиб, Булен ундан қандай қилиб қутулиш устида ўйларди. Ёш шомон аёллардан бири Шаҳзоданинг қароргоҳида яшар, унинг исми Доҳун-девон бўлиб, эртаклардаги парилардай гўзал эди. У азоб чекаётган шаҳзода ва маликаларни аждодлар руҳи билан даволашга одат қилганди. Лекин кўпчилик шаҳзодалар худосиз роҳиба аёлларга уйланиб олгач, аждодлар руҳи ғалаён қилиб, уни нафақат мижозларидан, балки мўъжизали кучидан ҳам маҳрум қилди. Бу гўзалнинг барча уринишлари беҳуда кетди: рақсга тушди, бақирди, дўмбира чертди, қилмаган нарсаси қолмади, магар руҳлар қайтиб келмади. Шаҳзоданинг роҳибаси кўзи ёриётганда, Доҳун-девон бир неча тибетлик шомин ва роҳиба аёллар билан тезда унинг чодирига таклиф қилинади. Шоминлар чодирга кираверишда ибодат қилиб туришарди: «Ишқсиз ва ҳиссиз юрак заҳарга ўхшайди. Бироқ кимки нафсни енгса ва нафссиз ҳаёт қурса, у покиза ернинг тишланган, лекин заҳарланмаган подшоҳига ўхшайди...» Дохун-девон чодирга бир неча роҳиба аёллар билан бирга кириб келди. Шаҳзода ҳам у ерда, волидаи муҳтарамасининг олдида ўтирарди. Унинг хотини ўлаётганди. Атрофдаги аёллар безовталаниб туришарди. Нафратнинг кучсизлиги Дохун-девоннинг юз қиёфасини ўзгартириб юборди ва гўёки овози ҳайвонларникидай бўғиқ юз ёшли жодугар кампирга ўхшаб қолди. Бўғзидан чиққан товушни эшитиб, ҳамма бирдан ялт этиб унга қаради ва яна бир ёш ва гўзал Дохун-девонни кўрди. Ҳеч кутилмаганда унинг ўхшаши, акси, руҳи туғаётган аёл устига тушди. Аёлга яқинлашар экан, бирдан ҳалиги гўзал ва ёш қиздан кучли урғочи бўрига айланиб қолди. Оғзини катта очаркан, унинг қичқириғи ўтовдагиларнинг йиғиси билан қўшилиб кетди. Чақалоқ ўлик эди. Дохун-девон терга ботган ва қалтираган кўйи четда турар, чиройли чеҳрасини тўзғиган қора сочлари беркитган эди. Бошқа бир Девон-дохун ўтовни ташлаб чиқар экан, осмон билан ўтовни боғлаб турган «тешик» томонга қийналиб чиқиб борарди. Ертасига уни ўлимга маҳкум қилишади. Гарчи Шаҳзода бунга қарши бўлса-да, онаси Дохун-девонни заҳарлаб ўлдирди. Ана шундан кейин мамлакатда ғалаён авж олди. Шаҳзоданинг онаси уни жужанларга қарши курашга чорлади. Шаҳзода жангу жадалда юраркан, онаси кичик ўғлини шоҳ қилиб кўтаришга қарор қилди, лекин Шаҳзоданинг тарафдорлари ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, аёлни ва унинг ўғлини ўлдиришди. Қолганлар қочиб қутулди ва Хитойга сотилиб, душман қўшинини ўз одамлари устига олиб борди. Гарчи турклар Дохун-девонни ўлдирилгани боис аждодлар руҳи безовталаниб қолди, дея ишонишса-да, Буленнинг тибетча китоблари янги туғилган чақалоқнинг шафқатсиз ўлими билан боғлиқ воқеаларни тушунтириб бера оларди. Шундай қилиб, Булен бинафшаранг кийимда ўтирар экан, бу ҳикояни Билга-хоқонга қандай етказиш тўғрисида ўйларди. 43 Телегуруҳ ҳам жонимга тегиб кетди, чунки Марказий Осиёдаги энг катта шаҳар саналмиш Тошкентга келар эканмиз, мавристонлик продюсер хонимнинг фикри бирдан бир юзу саксон градусга ўзгариб, қишлоқ ва подачилар ҳақидаги филмни олмасликка қарор қилди, фақат қаерда денг, аъло континентнинг қоқ ўртасидаги аъло шаҳарларга етганда! У ўша маҳаллар фаолиятини Тошкентга келиши кутилаётган Боней-М деган поп-гуруҳдан бошлаган эди. Гуруҳ номи Моней-Б миди ё? Ҳай майли, нима бўлганда ҳам гуруҳ пул (моней) ҳақида эди, пул бўлганда ҳам В (биг) катта пул тўғрисида. Ҳар ҳолда мен уларни кутиб олгандан сўнг, продюсерим билан кўришгач, у гуруҳнинг маъмури мени Марказий Осиё ва Россия бўйлаб гастрол сафарларида кўмак беришимни таклиф этди ва катта ойлик ваъда қилди. Албатта, у мавристонлик продюсеримга «ўтказиш ҳақи»ни ҳам тўлади. Улар билан продюсерим бераётган ҳақдан уч баробардан зиёдроқ ойликли ишга джентелменларча шартнома тузган ҳолда, бундан кейин шу гуруҳда ишлай бошладим. Гуруҳ ичида қандай вазифа бажаришимни яхши тушунмаганим аниқ: барча сафар тадбирлари, яъни контсертлар, пул, таклиф, президентлар ва машҳур кишилар билан учрашувлар аввал бошдан тайёргарлик кўрилган ҳолда юқори даражада уюштирилди. Менинг вазифам, маъмурга кўра, уни ва унинг икки солистини жононлар (суюқоёқлар билан эмас) билан таъминлашдан иборат эди. У бундай жононларни ўзлари сафар қилаётган барча мамлакатда йиғишган. Унинг тушунтиришича, бу мамлакатларда қандайдир қатъий удумлар бор, деб эшитган ва шу боис мен уларга керак бўлган эканман. Аста-секин ўзимни қўшмачи сифатида сотиб олишганини англаб, юзим буриша бошлаганда, у дарҳол гапини «бу улар билан алоқа қилиш учун эмас, фақат кўнгилхушлик учун» дея тўғирлади. Лекин Худо ёрлақаб, контсертдан кейин кўрдимки, сон-саноқсиз жононлар атрофда айланиб юришар, мен эса ваъда қилинган катта пулни уларни жалб қилганим учун эмас, балки тарқатиб юборганим учун қуртдай санаб олдим. Жононларга бўлса, эстрада юлдузлари сизлар билан эртага учрашади дея ваъда бердим. Бироқ бечоралар юлдузлар фақат тунда чиқади-ку, дея таажжубланишарди... 44 Кузнинг бошларида кимдир ахири бизни ҳам эсга олди. Аниқроғи бизни эмас (Ли ва мени), чунки қўшни дарада юқори мансабли асирларнинг бошқа бир гуруҳи борлиги аён бўлди. Юлдузлар бодраб чиққан тунларнинг бирида қўмондонимиз бир кишини бошлаб кирди. Хира керосин лампа ёниб турган бошпанамизда йўқолиб қолган бу кишининг кўзларини ишқалаётганини кўрдик, у ён атрофга жовдираб, кимга ва қандай қилиб мурожаат этишни билмай талмовсирарди. Мен қўлда ручка билан метеорологик қурилма устида ўтирардим, у мен томонга яқинлашди. Чиновникларга ўхшаб ўтирганим учун менга томон юрди шекил, бироқ унинг мурожаатидан бурун мен унинг орқасида турган қўмондонга ишора қилдим. Бегона киши жуда уялиб кетди. Қўмондонимиз ўзини аранг кулгидан ушлаб туриб, унга дамини олишини ва эрталаб гаплашишини айтди. Лекин у бошқаларни намозга чорлаганда, меҳмон иккиланиб, қўмондондан бошқаларга қўшилиш учун рухсат сўради. Қўмондон эса яна аранг ўзини кулгидан тийиб, қаторга туришга рухсат берди. Тонгда бу киши ҳаммадан эрта уйғониб, навбатчи зобит бошқаларни уйғотгунича, таҳоратини олиб тайёр турди. Музокаралар нима ҳақида бўлганидан хабарим йўқ, лекин у бизни асирлар қаторида кўрмагани, умуман, бошқалардан мутлақо ажратолмаганидан таажжубландим. Очиғи, у бу шафқатсиз ҳақиқатдан бехабар эдики, шахсан менинг ўзим ҳаётимни унга ишонмаган бўлардим. Ли ҳам шундай қилармикин? 45 Енг охирги воқеалар жараёни Лига бўлган яқинлигимни янада мустаҳкамлади. Негалигини биласизми? Бир тасаввур қилиб кўринг, бир ярим йил аввал у ўзининг Хитойида, Шинжон-Уйғуристонда асирга тушганини айтиб берди. Хитойликлар бошқа шарқликларга ўхшаб, жуда сирли бўлишади, шунинг учун мен аввал бошда унга ишонмайгина қарадим, лекин Ли Янги Ҳудудларни (Шинжоннинг таржимаси шундай) ўрганишга келган кишиларга таржимонлик қилганини сўзлаганда, ишонмай туролмадим. Айниқса, Франтсиядан келган Фарраҳ исмли мавристонлик продюсер хоним бошчилигидаги телегуруҳ билан ҳам бирга бўлганми-бўлмаганини сўраганимда, у бошини қимирлатиб маъқуллади. Тасаввур қиляпсизми, Ли айни мен таржима қилган гуруҳ билан ишлаган. Лекин бу ҳаммаси эмас, чунки «қўпорувчилик мақсади»да юрган гуруҳ билан ҳамкорлиги учун қамалган Ли турмадалигида бир америкалик диний пешво билан учрашади, унинг исми... топинг-чи, нима эди унинг исми, - ҳа, албатта, Лук! Бошида гарчи Ли инглизчани билишини тан олмаса-да, у кундаликларимни ўқиган, деб ўйладим. Бироқ, Ли ўзи ҳақида мен била олмаган баъзи тафсилотларни гапириб берганда, унга ишонишга қарор қилдим. Аввало, Лук мансабдорлар ундан хитойликларга қарши қўлёзма топиб олишганида қўлга олишганини Лига айтиб берган. Гарчи у қўлёзманинг қадимийлиги ва бугунги Хитойга мутлақо тегишли эмаслигини исботласа ҳам, уни тарихий ва диний тадқиқот ниқоби остида аксил-Хитой ғояларни тарғиб қилишда айблашади. Лукнинг ҳафсаласи анча пир бўлган чамаси, у қўлёзманинг замонавий Хитой билан алоқаси йўқлигига Лини ишонтиришга уринган. Унга кўра, қўлёзма Хитой Ҳукмдори кўплаб совға-саломлар билан бир турк шаҳзодасининг жанозасига юборган уч киши тўғрисида бўлган. Улардан иккитаси моҳир уста бўлиб, шаҳзода учун мақбара қуриш ва хитойча ҳамда туркча ёзувлар билан безаш иши шуларга топширилган. Лекин уччалови ҳам Турк Хони томонидан қўлга олиниб, Ҳукмдор номига ёзилган мактубларини уйғур тилига ўгиришади, қўлёзмада Хитой ҳамда дашт алоқалари билан боғлиқ масалалар баён этилганди. Шуларни ҳаяжонда эшитар эканман, воқеаларнинг ажойиб бир тарзда бир-бирига мос тушаётганидан яна қайта шубҳа гирдоби ичида қолдим, бироқ Ли бирдан ҳикоясини тўхтатди, чунки икки кундан бери қораси кўринмаётган тунов кунги киши қўмондонимиз билан бошпанамизга кириб келди. У билан бирга яна бир бошқа йигит бор эди, элчи уни ўзининг жангари эмас, балки ҳақиқий вакил эканининг исботи сифатида келтирганди. Йигитнинг жангари бўлишни исташини, шу мақсадда тинч-тотувликдаги ҳаётини қўйиб, курашиш учун бу ёққа келганини айтишди. Бироқ жангарилар қўмондони уни яна бир асир каби бизга қўшиб қўйди. Ростини айтсам, у биздек бўлишга даъвогар эканидан кўнглим хижил бўлди ва «ҳақиқий» асир каби унга қарши юрагимда ғалаён уйғонди. Бечора йигит бўлса, на бизга ва на жангариларга қўшилолмай, аросатда қолди ҳамда элчига бошқа ишонмай қўйди. 46 Ҳозир у биз билан дўстларча суҳбат қурарди. Мен жангарилар ва Ли учун таржима қиларканман, тўғриси, терга ботиб кетардим, йўқ, фақат Лининг оғзидан чиққан баъзи қалтис гапларни таржима қилиш жараёнида эмас, балки шугина оддий хизматимни деб эътибордан маҳрум бўлишни ўйласам шундай бўларди. Ҳатто зийрак жангариларнинг шубҳасини бир четга қўйиб турганда ҳам. Тасаввур қилинг, Ли франтсузчада айтган «Улар менинг бошимга сумка қўйиб қўйишса кўргани кўзим қолмайди. Нафасим қисилиб кетаётганга ўхшайман. Ҳар лаҳза улар мени дўппослаб қолишлари мумкин дея ўйлайман. Кейин эса муз қоплаган лойга тиқиб қўйишади ва намлик суяк-суягингга ўтиб кетгач, бақириб-чақириб хўрлашади... » Мен буни шундай таржима қиламан: «Ҳукумат кучлари устимизга бомба ёғдирганда, ундан ҳимоя қилиш учун исёнчилар бошимиз устига чидаб бўлмайдиган оғир сумкаларни қўйишга мажбурлар... » ва ҳоказо. Бунда айтадиган сўзларимни тарозига соламан, Лидан нимани назарда тутаётганини қайта-қайта сўрайман... Қисқа қилиб айтганда, бу мамлакатларда шундай гап бор: сих хам, кабоб ҳам куймасин... 47 Худди товламачига ўхшаб қолгандайман. Бу ҳикояни икки дақиқада ҳам айтиб берсам бўларди. Лекин бу каби бўлак-бўлак, баён кетидан баён қилиб ёзишдан нима тутиб турибди мени? Бу билан ҳаётимни сақлаб, вақтни чўзяпманми ё? Музокарачи элчи кетиб, унинг ўрни бўш қолди. Ҳикоям Билга-Хоқоннинг суюкли биродари Кул-Тегин ҳаётининг баҳоси учун асирга олинган кишилар хусусида эди. Хўш, қўққисдан тушган тош каби нечун самодаги бургут мисоли ўлжа учун ташланмасдан, фақат қанот қоқиб айланиб юрибман? Нега сизга Билга-Хоқоннинг ўзи шоҳона уйида, нима қилиб қўйгани ҳақида хавотир олиб ўтирганини айтиб бермаяпман? Балки у ҳам айни пайтда мен тушган аҳволда қолгандир? Ё бунга бошқа сабаблар ҳам бормиди? Билга-Хоқон шоҳона ўтовида ажиб бир кайфиятда ўтирарди. Суюкли биродари Кул-Тегинннинг ўлимига мана бир ой тўлди, бу орада гарчи ғаму ғашликдан деярли фориғ бўлган бўлса-да, қандайдир бўшлиқ унинг ўрнини эгаллаб олиб, юрагини нурли иплар ва майин оғриқлар билан оҳиста тортар ва қитиқларди. Мақбаранинг қурилиши битай деб қолган, тошга ўйиб ёзилган, дунёнинг тўрт бурчидан келган меҳмонлар барча ақлу заковатни бирлаштириш мақсадида куйиб пишар, лекин англаш қийин бўлган бир нима жангчининг ҳувиллаган ва безовта кўнглини қийнаб турар эди. Бу жангу жадалларнинг йўқлиги ва тинчликдан қўрқувмиди? Тонгюқуқнинг маъқулламаслиги ёки ўғли Шаҳзода ЙЎлликнинг хитой Ичи Лянгнинг жанговор санъатидан завқ олишими? Даштликнинг кузги ҳаракати ва унинг устидаги само ва ё фурсатнинг вақтинчалик тўхтаб қолишимиди? Нима эди йўқса? У мақсадсизликни тушунишга ҳаракат қилди, сўзлар бўшлиққа тўсқинлик қилолмади, шу боис у бўшлиқдир ва ҳеч ким уни жиловлай билмас. Ҳа, унинг барча меҳмонлари ўз эътиқод ва ишончларининг қаймоғини намойиш этиш билан банд эди, бироқ қандай тасаввур қилиш мумкинки, унинг ягона ўғли Шаҳзода ЙЎллик худосиз хитойлик генерал Ичи Лянгнинг санъатига ошуфта бўлиб қолса. Ҳақиқатда ҳам бу унчалик аҳамиятга эга бўлмаган факт, яъни болакайнинг кеча-ю кундуз душманнинг ҳайвоний ўйинлари билан овора бўлиши бошқа нарсаларнинг очилишига олиб келди: бирдан Билга-Хоқон ҳаёт ҳеч нарсага парво қилмай давом этишини англаб етди. Гарчи бир ой аввал биродарининг ғамида адойи тамом бўлганида, энди вақт тўхтаб қолади, кунлар ниҳоясига етади ва ҳаёт тугаб битади, дея ўйлаганди... Ҳеч бундай эмас... 48 Негалигини билмайман-у, лекин тунлари киши ҳаммадан узр сўрагиси келаверади. Мен ҳам шундай. Музокарачи кетгач, узоқ вақт ухлай олмадим. Гарчи у кетиб, биз яна қолганимиз оғриқли ҳис уйғотса ҳам, бизни ташлаб кетганидан афсусланмайман. Кутилмаганда телегуруҳимга ачиниб кетдим, чунки ўша тун Фарраҳ ва унинг жамоаси мамлакатни тарк этиш олдидан хайрлашув кечаси ўтказганди. Улар чиндан ҳам доимгидай сохта кишиларга ўхшамас, Фарраҳнинг кўзлари бошқача порларди. Журналистлардан бири менга бир ҳикоя айтиб бергандики, унинг ҳақиқий маъносини шу асирликдаги тунда англаб етдим. У яқиндагина оиласи билан ажрашган ва уч қизи ҳам онаси билан кетганини айтганди. Мен на Эйнштейн ва на Эйсенштейнман, балки оддий бир журналистман ва бир кун умрим тугаса, ҳеч ким мени эсига ҳам олмайди, - деганди у. «Лекин бир қобилиятим бўларди: қизларим билан ўтирганимизда, шишадаги сувни стаканларга қуйишни одат қилгандим ва автоматик равишда тўртта стаканни ҳам бир хил миқдордаги сув билан тўлдиришнинг уддасидан чиқардим. Қизларим бундан катта завқ олиб, қийқириб юборишарди ва мен яна ўша ишни такрорлардим. Энди бўлса улар оналари билан мени ташлаб кетишди, бу қобилиятимнинг нечоғли аҳамияти қолди энди?» Шундай дея у чиндан ҳам бир хил миқдордаги ароқни тўртта стаканимизга қуйганди. Уни нима деб юпатганимиз эсимда йўқ, лекин айни пайтда шуни тушуниб етдимки, уни юпатишнинг ҳеч бир йўли йўқ экан, оғриқларини кетказиш ва ёлғизлигини тўлдиришнинг имкони қийин экан... Ҳар томондан бизни ўраб олган бўм-бўш ва чексиз тун қўйнида унга жуда ачиниб кетдим. Ёлғизликдаги соқов садоларимиз худди чексиз коинот бағридаги митти юлдузларга ўхшаб кетарди... 49 Аввал айтганимдай, баъзан ҳаётдаги барча воқеалар бир ё икки кунгагина жамланади. Бу борада турклар шундай дейишади: «Йилнинг етти жумаси бир келди». Руслар: «Бу ер бўш, лекин бу ер зич». Эронийлар ва яҳудийлар бу ҳақда нима дейишганидан хабарим йўқ, лекин «Интерконтинентал» меҳмонхонасида мен юқоридаги икки мамлакатдан иккита факс олдим. Бири Ноамдан бўлиб, у нафақат мени эътиқодлараро анжуманга таклиф қилган, балки у ерда синхрон таржима қилиб мўмайгина пул ишлаб олишим мумкинлигини ҳам айтганди. Иккинчи факс Олмониядан жўнатилганди, унда бир футбол жамоасинининг бошлиғи Эронга норасмий сафар қилмоқчи экани-ю, мен таржимон ва йўлбошловчи сифатида жуда керак бўлиб қолганимни ёзибди. Гарчи тўсқинлик бўлмаса-да, бу икки мамлакатга боришга ҳам уриниш айёрлик бўлур эди. Қолаверса, шуни яхши билардимки, агар паспортингизга Исроил визасини олсангиз, Эронга бориш учун ҳеч қачон рухсат ололмайсиз ва аксинча. Лекин яҳудийлар анча мослашувчан бўлишади, шундай эмасми? Исроил консуллигида шароитимни тушунтирганимда, консулнинг ўзи шундай деди: «Қонунлар уларга амал қилиш учун эмас, балки четлаб ўтиш учун ишлаб чиқилади». Бу мингйиллик фалсафий гапдан кейин у менга паспортимга ёпиштиришимнинг ҳожати бўлмаган алоҳида виза қилиб берди. Эрон визасини олиш хамирдан қил суғургандай осон бўлди. Бироқ, шундан сўнг мен яна учинчи бир факс ҳам олдим. Унда қуйидаги ёзувлар бор эди: «Сенинг қаерга жўнамоқчи бўлганингни биламиз, лекин қаерда бўлсанг ҳам топиб оламиз». Негалигини билмайман-у, лекин бу хатарни шаҳардаги портлашлар билан боғлаганим рост. 50 Гарчанд қаердан бошлаган бўлсам, худди ўша жойнинг ўзига қайтиб келган бўлсам ҳам, вазият у қадар аниқ эмасди. Менга хавф солаётган ким эди ва нега? Исроилликлар Эронга боришим эҳтимолини деб ва ёки аксинча ҳол учун мени хавотирга қўйишлари мумкинми? Яна нима бўлиши мумкин? Ё бўлмаса бир неча кишилар, жумладан, Лук ва Зевнинг ҳаётини ўрганганим учунми? Валаамов, Ат-Тоҳарий ёхуд бошқаларнинг юз йиллар аввал ўлиб кетгани энди менга таъсир қилиши мумкинми? Ўзимни жиноят содир қилган жойига қайтиб келишни кўзлаган жиноятчи сифатида ҳис қиларканман, шуни тушуниб етдимки, гарчи Исроилга ҳам, Эронга ҳам кетаётган бўлсам-да, ундан кейин Шинжон-Уйғуристонга қайтаман. Хавотирнинг сабабини аниқлай оламанми-йўқми, лекин аллақачон қатъий қарор қабул қилиб қўйгандим. 51 Қуддусдаги тайёрагоҳда мени террористларни текширгандай кўздан кечиришди. Қайсидир маънода бу менинг ишончимга ишонч қўшди. Улар барча борар манзилимни обдон суриштиришди ва мен агар шубҳали инсон сифатида мени назоратга олишса, ақалли шуларнинг ҳимоясида бўламан-ку, деб ўйладим ва анжуман ўтадиган жойларни ҳам, Ноамнинг уй манзилини ҳам қўшиб бердим. Хавфсизликка жавобгар қувгина хоним Исроилга киришимга рухсат бериши ҳамоно Ноам мени қучоқ отиб кутиб олди. Биринчи саволи нима бўлганини топинг-чи? «Фиона қани?» Ўзимнинг хавотир остида эканим етмаганидай, у ўтмишдаги оғриқларни ҳам кавлаштира бошлади. Шахсий ҳимоямни ўйлаб эҳтиётлик билан қурганим кейинги икки ойдаги воқеаларнинг барча қатлами бир уринишда сидириб ташланди. Яна қайта кучли шамол супуриб ташлашга уринаётган яланғоч ва ҳимоясиз ўсимликдай ҳис қилдим... Анжуманда Фиона кўринмади. Лекин анжуман бошқа халқаро учрашувлар каби «комедия» бўлди. Инсоний беҳудалик ярмаркаси. Таржимон сифатида мен кераксиз шараф билан шуҳратни тортадиган тарози палласидай эдим. Иброҳим динларининг вакиллари учрашишди. Православ поплар қора ва бинафшарангли кийимда, Аҳмадия муллалари саллаларда, яҳудий олим ва раввинлар қора тсилиндрларда, камтар католик ва ўзига бино қўйган миссионерлар бир ҳафта давомида Муқаддас Шаҳарнинг турли бурчакларида учрашув ўтказишди. Анжуман барча динлар учун муҳим бўлган асосий масалалар, хусусан, замонавий дунёдаги СПИДга, маънавий инқирозга қарши кураш, глобаллашув жараёнидаги масалалар устида иш олиб борди. Анжуман дастури шуларни ўз ичига оларди. Лекин аслида уларнинг яхшилари ягона Оллоҳга шу кунларга, муқаддас жойларга зиёрат учун еткизгани учун шукрона айтишса, ёмонлари меҳмонхоналарнинг бар ва ресторанларида бўлажак эътиқодлараро ва халқаро алоқалар учун ўтиришди. Ҳатто бир гал ўзим таржима қилганим фоҳишабозлик ҳақида маъруза ўқиган руҳоний мени ўз хонасига ёш ва келишган офитсиант билан беодоб суҳбатларини таржима қилишга чақирганида ҳайрон қолдим, тез орада бу суҳбат бемаъни ва арзимас гапларга айланиб кетдики, мен улар орасида тўғаноқ бўлишни истамай, ёлғиз қолдириб чиқиб кетдим. Қолаверса, мен ким бўпман уларга ҳукм ўқийдиган? 52 Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач Оллоҳнинг Мусо алайҳиссаломга туширган ўнта буйруғининг тошга ўйилган парчасини кўчириб олди. Булар Тангрининг ягоналигига имон келтириш, бутларга хизмат қилмаслик, Тангри номини беҳуда қўлламаслик, шанба кунлари ишламаслик, ота-онани ҳурмат қилиш, қон тўкмаслик, ўғирлик қилмаслик, зино қилмаслик, ёлғон гувоҳлик бермаслик, хотин ёки яқинларнинг мулкига зулм қилмаслик. У ушбу парчани Ўғуз-Билгага кўрсатди. Ўғуз-Билга дудуқ эди, шунинг учун у ёзувларни ўқишни бошлаганида, Макрач кулиб юборди. Тасаввур қилинг: Т-т-тан-н-г-г- г-ри, я-гг-ооо-ннн-аа бе-бе-бе (қўйга ўхшамай қол) дея ўқиётган эди, уни тўхтатиб, ёзувни қайтиб олди. Гарчи Ўғуз-Билга дудуқ бўлса ҳам, ўнта буйруқни тўғри тартибда эслаб қололди. Макрач бўлса шанба куни ҳақидагисини эслаб қолди, унга қолса, шу буйруқлар ҳаққи ҳар кунини шанба деб эълон қилган бўларди, чунки барибир саналар тартибини унутиб қўйилганди. Тош ёзувнинг қолган қисмига келсак, Макрач уни содда қилиб саҳродаги дарёга ўхшаш ҳаётга менгзадики, бу дарё унинг қуриб қолишини ҳисобга олмаганда, баъзан қирғоқдан чиқмай сокин оқади, баъзан қирғоқдан тошиб кетади, баъзида эса бутунлай оқимини ўзгартиради. Макрачнинг Ўғуз-Билга билан бир ўтовдаги ҳаётига назар солинг. У кўп нарсани билгани учун ҳам Билга - оқил деган лақаб олган. Бироқ айни пайтда унинг оқиллигидан ёрдам кутса бўладими? Аслида бу унинг аҳволини бирор телбаникидан ҳам баттарроқ қилади. У ақлининг кўплигидан ақлдан озади. Бошқа бир тунда у Макрачнинг кўрпаси остига биқиниб олиб, кимдир уни доимо таъқиб қилаётганидан қўрқаётганини айтади. Макрач бўлса ён-атрофга қараб, ўтовнинг тешигидан тўлин ой ва биргина юлдуздан бўлак ҳеч нимани кўрмайди. Ўғуз-Билга эса баттар қалтираб, Макрачнинг елкасига тирмашади. Кейинроқ, Макрач орқасида, белининг пастроғида нимадир катталашаётганини ҳис қилади ва гарчи дастлаб ғазаб отига минган бўлса-да, юзини Ўғуз-Билгага қаратиб, унинг ширин уйқуга кетганини кўради. Макрач дўстини нариги томонга қаратиб, қўлларини Ўғуз-Билганинг елкасига қўяди. Охирги марта ўйлаган нарсаси шу эди: «Бу тун шанба туни эмас...» Бу ҳикояни Ноам ўзининг Қуддусдаги арманилар кварталидаги уйига таклиф қилганда гапириб берувди. Мен унинг ягона меҳмони бўлганим учун (Фионасиз) ҳам икки нарсадан хавотирга тушардим. Бири - доим гомосексуал таҳқир ёки шунга ишорадан қўрқишим бўлса, иккинчиси - у мени Фионасиз таклиф қилган ва ишончим комил эдики, фақатгина Фиона ҳаққи менга ғамхўрлик қилаётган эди. Бу икки ноаниқликдан ҳам қочиш мақсадида суҳбатимизни унинг марҳум биродари Зев томонга буришга қарор қилдим. 53 Ли бизнинг жангарилар томонидан бошқа бир жойда қўлга олинган япон ёки хитой асирларини озод қилиш бўйича кечган музокара муваффақиятли бўлганини менга яширин тарзда айтиб берди. Навбатдаги умидли музокара бизники бўлиши мумкин. Бу ерларга ўрганиб қолганимга қарамай, тунлари совуқ шундай забтига олардики, гарчи Лининг серсуяк танасига қапишиб олсам-да, бизнинг эҳтиёткорона яқинлигимиздан совуқ устун келаверарди. Шунинг учун Лига қулоқ соларканман, бунинг қандайдир олдини оладиган енгилликни ҳис қилдим. Кун бўйи мавзуга жуда эрк бермаганим ҳолда Лук ҳақида суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Лининг айтишича, у Лукни учратган жой қамоқхона эмас, балки қандайдир бир ҳарбий бошпана бўлиб, у ерда Лукни кечаю кундуз сўроқ қилишарди. Сайр пайтида улар бир-бири билан уч-тўрт марта кўришишган ва Лук ўша қонли қўлёзма тўғрисида гапириб берган. Лининг бошқа ҳеч нарса айтиб бера олмаслигини сезгач, эҳтиёткорлик билан ундан Зев ҳақида сўрадим. «Бу ақлдан озган бир бесоқолбоз ўн йил аввал ўлдирган ўша яҳудий йигитми?» - овозини кўтарди у. Гарчи воқеанинг иккинчи қисмидан ғоят таажжубга тушган бўлсам ҳам, бошимни қимирлатиб маъқулладим. «Ҳа, бир фоҳиша уни ўз акаси учун уйига таклиф қилганда, ўша телба уни рашкдан ўлдириб қўйган. Қолаверса, сенинг Лукинг унга эслатганки...» «Нима деган у?» «У йигит - оти нимайди - Зивми, Зевмиди, Лукнинг бу ерга келишига сабабчи бўлган ва қўлга тушган». 54 Бу Билга-Хоқонннинг Кул-Тегин вафотидан сўнг иккинчи бор барча меҳмонларни ўзининг шоҳона чодирида йиғиши эди. Ўтган тун у ғалати бир туш кўрганди. Оқ самовий қушлар унинг устида чарх урар ва аста-секин пастлар экан, темир тумшуқли қушларга айланиб, ён атрофдаги ҳамма нарсани чўқий ва бирдан Билга-хоқоннниг ўтовини майда-майда бўлакларга ажрата бошлади. Қушларнинг бири унинг ўғли ЙЎллик-Тегинга чанг солди, Билга эса унга томон отилган эди, шу пайтнинг ўзида бошқа бир қуш унинг хотини Побекага ташланди, Билга ўзини йўқотиб қўйди, лекин устига бостириб келаётган темир панжали қушга кўзи тушар экан, унинг чангалига тушмасдан аввал даҳшатдан уйғониб кетади... У ана шу қўрқинчли тушнинг таъбирини билишни истарди. Меҳмонлар бир-бири билан пичирлашиб туришарди. Билга уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида сўроққа тута бошлади. Несториалик генерал Удар-сенгун ҳалиям армани роҳибни кутар (Кул-Тегиннниг хотини Кўрк-хотин ваъда қилган), ўзи туш таъбирини айтишда нўноқроқ эди, бироқ ҳарбий бўлгани учун биринчи ҳамланинг маъносини англагандай шундай деди: «Менинг назаримда, ҳарбий қўшин сизнинг устингизга бостириб келаяпти ва сиз уч жабҳадан туриб жангга киришасиз... » Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач Удар-сенгуннинг фикрига қўшилмади ва бунга насронийларнинг учлик билан боғланиб қолганларини сабаб қилиб кўрсатди. У Билга-Хоқон устида неча қуш учиб юрганини сўраган эди, Хўжайин «тўққиз-ўнта» деб жавоб берди ва Макрач ҳаяжонини яшира олмади. У: «Ўнта қуш Тангрининг ўн буйруғи ва уларнинг баъзисини Билганинг хотини, ўғли ва ўзи амалга ошириши керак» деди. Лекин унинг сўзини Қирғиз Хонининг элчиси Тардуш Инончи чор бўлиб қўйди. У дўмбирасини олиб куйлай бошлади: Бири иккинчисин қўшиқларига Қулоқ тутган қушдай тинглайман сени Ўзгалар устига ташланган қушдай Ҳақиқатдан ҳамла бор менда. Чанг солинган қаҳрамон ва аҳлининг боши Кўк Турклари асири (роман). Ноуман Смайлз Само учун жуда катта ўлжа бўлгуси... Сўғд Шаҳзодаси шоҳона қадр-қимматсиз ўз Манихеан кўринишини очмоқчи бўлганида, у ҳали қўшиғини тугатмаган эди. У овозини чиқариб ўқиди: «Яралмишнинг беш турига тааллуқли - биринчидан, икки оёқли одамлар, иккинчидан тўрт оёқли ҳайвонлар, учинчидан, учиб юрувчи жониворлар, тўртинчидан, сув остидаги барча нарсалар, бешинчидан, судралиб юрувчилар; биз, ер юзида гуноҳларимизга ўралашиб юрганлар, эй Худойим, биз уларни қўрқитиб юрдик, биз уларни саросимага солдик, тўнтариб ташладик, дўппослаб ўлдирдик; биз шу қадар гуноҳкор ва айблимизки, ҳозир бир уринишда ўзимизни гуноҳнинг чангалидан қутқазиш учун сендан ўтиниб сўраймиз: гуноҳларимизни мағфират қил, Оллоҳим... Унинг орага кириши аввалги Тардуш Инончи Чўр каби шу қадар кучли бўлдики, ҳамма жим қолди: баъзилар илҳомбахш ғоядан, баъзилар кучли таъсирдан, бошқалар нафаси ичига тушиб кетганидан. Бир лаҳза ўтиб, Билга Хоқон бу тинчликни бузиб, тибетлик Буленга мурожаат қилди... 55 «Бир бор экан, бир йўқ экан, бир шаҳар ва унинг собиқ қотил ҳукмдори бўлган экан, -деди Булен халқ услубида. Лекин у ўзини ўзгартирган бўлиб, кунларнинг бирида қизининг балоғатга етганлиги муносабати билан зиёфат беради. Бунинг учун кўплаб мол, қўй, чўчқа, товуқ ва ўрдак сўйдиради. Зиёфатдан ўн кун ўтгач, ҳукмдор бирдан ҳолсизланиб, аста-секин сўла бошлади. Алал-оқибат унинг умри ўз ниҳоясига етади. Эшитган киши борки, кўз ёш қилиб, қаттиқ изтиробга тушади. Бироқ кўмиш маросимида ҳукмдор бирдан тобутдан қўзғалиб, ўрнидан туради ва ейиш учун овқат сўрайди. Йиғилганлар даҳшат ичра қолишади ва қочишга тушадилар, лекин ҳукмдор уларни қўрқмасликка ва унга қулоқ солишга чақириб, шундай дейди: «Мендан қўрқмангиз, мен нариги дунёга бориб қайтиб келдим, холос, ва энди сизга ўша ёқдаги саргузаштларимни айтиб бераман». Шундан сўнг одамлар ортга қайтишади. У гап бошлайди: Қачонки умрим тугаб ўла бошлаганимда, тўрт шайтон олдимга келди. Бирининг қўлида қамчи, иккинчисида арқон, учинчисида қисқич бўлиб, тўртинчиси отда ўтирган қўмондон эди. Шайтонлар мени қўмондон айтган жойга келтиришди. Унга яқинлашганимда бир ҳужжатни ўқиб эшиттирди. Бу зиёфат куни сўйдирганим ҳайвонларнинг шикояти эди. Уларнинг айтишича, аввалги ҳаётларида инсон бўлиб туғилишган, лекин гуноҳлари сабабли ҳайвон каби қайта дунёга келишган. Улар ҳайвон бўлиб ўз гуноҳларини юваётган пайтларида мен уларни сўйишга буюриб, инсон каби яна қайта туғилишларига эмас, балки ўлимга маҳкум этганман. «Шуларнинг шикояти сабабли биз сени олдик», - деди қўмондон ва қолган уч шайтонни ҳам ҳузурига чақирди. Бири бўйнимга арқон солди, иккинчиси бўғиб, нафасимни қисди, учинчиси бўлса қўлига қамчи ушлаб, таъқиб қилаверди. Улар: «Кун, ой ва йилларнинг ҳали тугамай туриб, нима учун сени олганимизни биласанми?» деб сўрашди. Мен дедим: «Эй ҳурматли жаноблар, нечун энди келиб-келиб мени, ахир атрофимда қанчадан-қанча киши ҳайвонларни сўйиб, қурбонлик қилаётганлиги учун ҳеч бир жазо олмаяпти-ку? Соддалигимни кечиргайсиз!» Шуларни эшитаркан, шайтонлар дейишди: «Шоҳимизнинг саройида сени ўттиз турли яралмиш кутмоқда. Улар сени темир кўз ва темир юз билан кутиб олгай. Қочиб қутулишнинг ҳеч имкони йўқ.» Улар мени уриб-ниқтаб таъқиб қилишга тушдилар. Қўрқувдан ялиниб ёлвора бошладим: «Эй, меҳрибонлар, модомики, қутулишнинг иложи йўқ экан, бояги айтганингиз яралмишларсиз шоҳнинг ўзини қандай кўрсам бўлади?» Улар дейишди: «Эй инсон фарзанди, агар сен уларнинг қотили сифатида афсус чексанг ва шу надомат ва покиза қалбинг билан Буддамизнинг коинот рўпарасида турган ялтироқ, дунёларга нур таратиб турган шоҳона китобини тўлалигича қайта ёзиб чиқишга ваъда берсанг, бу азоб-уқубатлардан қутулишинг мумкин.» Бу сўзларни эшитган заҳоти қилган хатоларимга афсус-надомат чекдим ва дарҳол ҳамма нарсанинг олдида турган нурли китобга амал қилишга ваъда бердим. Мен бу ишим билан ўлдирган ҳайвонларимнинг кейинги ҳаётларини сақлаб қолишимга қаттиқ ишондим. Мен баланд овозда хизматимни ўташга тайёрлигимни билдирдим ва шундан сўнг биз шаҳарга кирдик. У ерда ҳамма нарсадан юқорида Озодлик Қиролига кўзим тушди. Унинг қаршисидаги ялангликда беҳисоб тутқунлар худди мен каби қилган гуноҳлари учун бақириб-чақириб туришар, водийни безовталик ва уруш-жанжал тутиб кетганди. Шайтонлар мени келтиришганини Шоҳга билдиришди. Озодлик Қироли шундай деди: «Унинг айби ғоят катта, у ниҳоятда гуноҳкордир. Нега уни бунча кеч олиб келдингиз? Ҳозироқ бориб унинг ўртачисини келтиринг!» Шайтонларим ташқарига чиқиб менинг ҳимоячиларимни ахтариб бақира бошлашди. Ҳеч кимдан садо бўлмади. Улар Шоҳнинг олдига қайтиб келиб, мени ҳимоя қила оладиган ҳеч ким йўқлигини айтишди. Озодлик Қироли уларни иккинчи ва учинчи бор ортларига жўнатди. Лекин улар бир кишини ҳам топишолмади. Мен энг ёмон нарсага ҳам тайёр турганимда, Беш ЙЎлнинг Эгаси Шоҳга нома йўллади. Унда менинг айбимга иқрор бўлиб, тавба-тазарру қилганим, сўйилган ва азобланган ҳайвонларни асраб қолиш ва ҳаётга қайтариш мақсадида нурли китобга амал қилишга ваъда берганим баён этилганди. Озодлик Қироли уни ўқиб чиққач, баланд овоз билан деди: «Гарчи шу қадар кўп ҳаётга зомин бўлган эсанг-да, уларни асраб қолиш ва озод этиш воситасини уддалай олдинг. Майли, сени қўйиб юбораман, лекин бундан буён ер юзида ўлдириш, зулм қилиш, бузғунчиликлар қилиш сенга ёт бўлсин ва фақат савобли ишлар билан шуғуллан!» Шу тариқа янги ҳаёт қуриш учун уйғониб, ўрнимдан туриб кетдим, - деди ҳукмдор». Бу ғаройиб ҳикояни эшитгач, жанозада ҳозир бўлганларнинг барчаси Нурли Шоҳона Китобнинг қўлёзмасини излашга тушишди ва у эски бир ибодатхонадан топилди. Шундан сўнг бу китобдан нусхалар кўчириб, кўнгилларини тозартиришга ва руҳларини асрашга киришдилар. 56 Мутлақо кутилмаганда, оғайниларимдан бири - Ли биланми, Лук ё Зев биланми ёхуд бошқа биров биланми юрганим тушимга кирибди. Бир тўда шайтонлар олдимизга келганда, ҳар кунги ишимизни қилаётган эканмиз. Тушимнинг биринчи қисмини эслолмасам-да, иккинчисини аниқ-тиниқ эслайман. Мен чигитнинг фарқига бора оламан. Оғайним мендан шуни сўраганида, уни одамлар уруғларни вагонларга ортаётган омбор томонга темир йўл ёқалаб бошлаб бордим. У ерга келганимизда машина қўзғалишга тайёр турган эди, ҳайдовчи эса саволимизга жавоб ҳам бермай ўзи билан бирга юришимизни таклиф қилди ва у билан далаларни оралаб елиб кетдик. Машина тезликни оширганида, ё қарши томондан келаётган шамолни ё тезликни деб, унинг қисмлари ошқовоқнинг пўсти каби бир-бир ерга тушиб қола бошлади. Бу жуда қўрқинчли ҳол эди, бироқ темир йўл ёқасидаги пахта даласига етиб келганимизда, бир аёл йиғлаб чиқиб, ҳаётидан нолий бошлади, у оиласининг куни чигитдан ҳам баттар бўлган кунжутга қолгани ҳақида сўзларди. Аёлдан узоқлашиб, ортдаги стантсияга пиёда қайтарканмиз, бирдан ер қимирлаб, темир йўлларда қаттиқ портлашга ўхшаш нимадир гумбурлади, келаётган аниқ Шайтон эди. Унинг одамлари аллақачон бизнинг орамизда бўлиб, уларнинг биридан «келаётган чиндан ҳам Иблисми?» деб сўрагандим, у «ҳа» дея тасдиқлади. У ўрта ёшлардаги қора сочли, сузик қоракўзли, ғаройиб юзли ва қоп-қора кийимдаги киши экан. У бизга бир қараб қўйди. Ўша ерда бу кишининг Иблис эканинин биладиган бошқа бир йигит ҳам бор эдики, ҳайратланарли томони, у қўрқиб турган иккинчи груҳга қўшилиб кетди. Биз ўша томонга қарай-қарай, хайрлашмасдан кўча, маҳалла ва шаҳарни ташлаб, тез-тез юриб кетдик. Сўнгги текширув жойи - бозордан ўтганимизда, қовун сотаётгандай ўтирган тарозибонга кўзимиз тушди ва улар ортимиздан таъқиб қилиб келаётгандай, яна темир йўл тарафга қоча бошладик. Тилла жингалак сочли йигит боя Иблисми йўқми деб сўраганим киши эканини сезиб қолдим, ё тавба, турган жойини ва ишини шунчалик тез ўзгартирадими улар, дея таажжубга тушдим... Темир йўл бўйлаб қочиб бордик. Иблис тарозисини ташлаб ортимиздан қува бошлади. Икки юз метрдан кейин у бизга яқинлашиб келди, лекин биз урушишга тайёр турдик. Гарчи Иблиснинг енгилмаслигини билсак ҳам, унга қарата ўқ уздик, бу ўзимизни кенг бўшлиққа чиқиб олишимизга етарли фурсат берди. Бу осмон билан ер орасидаги бир жой эди. Мен Аллоҳдан ёрдам беришини сўраб ёлвордим, икки-уч сония ичида булутли осмон кўринди. Илтижо қилар эканман, бирдан осмон тўнтарилиб, чакалокзорга тушиб қолганимни англадим. Улар орасидаги сўқмоқ трубасимон бўлиб, темир йўл уфққа томон торайиб кетгани учун, сўқмоқ ҳам тор ва қоронғилашиб борарди. Иблис бошлиқ гуруҳ ортимиздан бир қияликка қадар таъқиб қилиб келди. Улар шундоқ кетимизда ўтиришарди. Тиканаклар кўкрак қафасимизни қисиб келаверди. ЙЎл қоронғилашгандан қоронғилашаверди ва чангалзор бутунлай ўтишга йўл бермай қўйди. Мен аранг, инқиллаб-синқиллаб уларни четлаб ўтишга уринар, олдинда жиндай бўлса-да ёрдам қўлини чўзадиган бирор нарсадан умидвор интилардим. Қоронғилик ва қўрқинч, умидсизлик ва тушкунлик ичра бир жойда қотиб қолганимда, бирдан олдимдаги эшик ёруғ бир кунга очилганини сезиб қолдим... мен уйғониб кетгандим... 57 Шундай қилиб тибетлик Бюлен ўз шарҳини тугатди ва тасбеҳ ўгира бошлади. Аслида Билга-Хоқон аллақачон Табғач-хондан келган Ичи Лянгга қараб турарди. Ўғли ЙЎллук-Тегин ёнида шогирд ўз устози билан ўтиргандай ўтирарди. Хитойлик генерал ўз шарҳини шунчалик паст товушда бошладики, шундоққина ўтов ёнида отнинг кишнаши унинг овозини босиб тушди. «Хитойлар қандай қилиб ўзларига эътибор қаратишни яхши билишади» -ўйлади Тонгюқуқ жаҳлини ичига ютиб. Ичи Лянг туш таъбирлаш ўрнига, соддагина қилиб марҳум акасидан ҳокимиятни мерос қилиб олган Хитой Императорининг ҳоли не кечганини айтиб берди. Темир қушлар ёхуд аждодлар руҳи - «шанлар» унга ҳамла қилгани келган ва у ҳокимиятни бошқаришдан аввал Фалак билан муносабатини аниқлаштириб олиши лозимлигини англаб етган. У ерда бир генерал бўлиб, гарчи у тирик бўлса ҳам, «шанлар» даражасига етган ва бу каби руҳий ҳолатларни яхши биларди. Шунинг учун Императорга акасининиг хотирасидан қутулиш учун бир гулхан ёқишни ва шундан кейин яшаётганлар ва руҳлар ўртасида янги қонун ва тартиблар ишлаб чиқишни айтади. Олов саройни ва у билан бирга марҳум аканиниг хотирасини ўчириб ташлагач, Император ўз генералини тириклар ва ўликлар учун ёзилган қонунларнинг икки китобини сақлаётган адирдаги бир устоз олдига юборади. Кунларнинг бирида махсус маросимдан кейин Император китобларнинг биринчисини очиб ўқийди. Одамларнинг бахтига барча қонунлар бир хил эди. Шундан кейин у иккинчи китобни олиб, қўрқинч ичра Императорлигини ўз ўғлига қолдиришини ўқийди ва шу тариқа «шанлар» иерархиясини бошқариб боради... Мана шу нарса Фалак қонуни эди... Ичи Лянг жим қолди, лекин от яна бир кишнади-ю, Тонгюқуқ сокинликни бузиб юборди... 58 Ноам гапимни бўлиб, уялмасдан акаси унга ғамхўрлик қилмаётганини айтди. У менга қараб кулди ва мен бу қарашдан титраб кетдим. Ростини айтсам, мен бу каби ака-укаларни жуда яхши биламан, уларнинг марҳумларни кўрарга кўзи йўқ, жанозага эса қалин китобларни кўтариб келиб, маросим давомида жамоатчилик ичида кўзбўямачилик қилиб, баландпарвоз парчаларни ўқиб ўтиришади. Бундайлар тобут ичида ётган марҳум биродарларидан кўра, уларнинг сояларига кўпроқ марҳамат кўрсатишади. 59 Барча динлар анжумани бир текисда давом этаётганди. Бироқ, бир сафар Олтой Шомон анъанасининг асосан «чуқур томоқ овози» билан куйлаётган ва қолган вақтда беўхшов гапларни гапирадиган ғалати бир вакилига таржима қилиб турганимда, Лама сектаси ноиблари намойишкорона анжуман залини тарк этишди. Сессияни бошқариб турган яҳудий раввин куйлашни ва таржимани тўхтатиб, поплар, муллалар, епископлар, пресвитерианлар, квакерлар ва бошқа мормон ва руҳонийлар орасидаги қизил кийимли «биродарлар» сектасига мурожаат қилди. Лекин улар эътибор бермай чиқиб кетаверишди, ваҳоланки уларнинг таржимони президиум томонга юриб, менга баёнотномани топширди, бу бизга ўхшаган интеллктуал пролетарлар бирлигининг белгиси эди. Мен баёнотни очиб, ундаги «...нинг Муқаддас Номи билан... - Норозилик номаси» деган сарлавҳани кўришим билан дарҳол уни раис жанобларига узатдим. Ўртамиздаги Шомон эса куйлашдан тўхтаб, жимгина кутиб турарди. Раввин қоғозни дуо каби очиб ўқиди ва ҳеч бир иккиланмасдан танаффус эълон қилди. Кейин нима бўлганини билиб олдим. Лама сектасининг аниқлашича, православ бўлмаган мустақил руҳонийлардан бири бу ерда Будда роҳибларидан бирининг қиёфаси хунук ва ҳақоратли тарзда тасвирланган китобни тарқатиб юрган ва гўёки у кунига икки марта Шайтонга ибодат қилармиш. Бу китобни ҳеч ким ўқимади, чуни у нидерланд ё дат тилида эди, лекин бирдан бу масала эътиқодлар ўртасидаги қайноқ тортишувга сабаб бўлди, фақат кимнинг қайси томондалигини ҳеч ким билмасди. Раис жаноблари махсус транс-еътиқодий комиссия тузди ва мен тилмочлик қилиб анча пул ишлаб олдим. Ушбу комиссия барча иштирокчилар ва қизиқувчиларнинг далилларига қулоқ тутиб, уларни таҳлил қилиш билан шуғулланди. Гарчи православ бўлмаган мустақил руҳоний ҳалиги китоби ва ҳақоратланган сектанинг катта-кичик роҳиблари билан кўринмай қолган бўлса ҳам, қолганлар улардан жуда хафа бўлишди. Анжуманда Салмон Рушдий ва Усома бин Ладен ҳақида ҳам гапирилди. Раис жаноблари фатво Пайғамбар (с.а.в.)ни деб бўлмаганлигини, балки чет элда яшаётган Имомнинг ўз тасвири туфайли бўлганини зиммасига олди. Деобандилар комиссияни ҳам, анжуманни ҳам тарк этишди. Раис жаноблари дарҳол ўз раислик лавозимидан бўшашини эълон қилди. Тарафдорлари унга ва унинг бўшанглигига қарши чиқишди. Православлар уларни анжуманга қарши чиқишда айблади ва ҳоказо ва ҳоказо. Ҳеч ким, ҳатто ғойиб бўлган Ноам ҳам бу тўқнашув ва жанжални, глобал эътиқодлараро муносабатнинг синишини бостира олмади, алал-оқибат, қолган-қутган маблағ, олийжаноблик билан, ҳалиям шу ерда қолган ташкилотчилар билан менинг ўртамда тақсимланди. |
Адабиётшунослик
Адабиёт нима учун керак?1. Тарбиявий аҳамияти: Адабиёт инсон қалбини бойитади, унга эзг... |
Ўзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамиятиЎзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамияти қуйидаги жиҳатла... |
Адабиётда композицияАдабиётда композиция — бу бадиий асарнинг тузилиши, яъни асар қ... |
Фильмни таҳлил қила билишФильм таҳлили сценарист таьлимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ... |
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |