1 дан 8 сахифа
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!
Шуни айтишим керакки... маъзур тутгайсиз, буни инглизчада айтмасам бўлмайди. Биламан, менинг инглизчам бузуқ, жайдари, ҳашаки инглизча, лекин дунёниннг ярмидан кўпи мана шундай инглизчада гаплашади-ку, дея ўзимни овутаман. Нафсиламрини айтганда, мен буни инглизчадан бошқа кўпгина тилларда етарлича гўзал ҳикоя қилиб беришим мумкин эди. Афсуски, бу борада анча чегараланганман. Шу кунгача мен инглизчада «Мен буни жуда яхши кўраман» эмас, «Мен буни яхши жуда кўраман» деб келдим. Сизга айтмоқчи бўлганим шуки, нотиқлик ёки услубнинг аҳамияти йўқ мен учун. Қолаверса, тил грамматикага амал қилиш эмас, балки муомала воситасидир, шундай эмасми? Айтадилар-ку, айтсам тилим, айтмасам дилим куяр, деб. Мана шу нарса мени ҳикояни бошлашга руҳлантирди. Ва ниҳоят инглизча менинг тасарруфимдаги ягона бир тил эдики, уни атрофимдаги кишилар мутлақо тушунмасди...
1
Деярли бир ой олдин мени гаровга олишди. Ўшандан бери қанча вақт ўтганини аниқ айта олмаслигимга сабаб, тоғлар орасидаги кичик метеорологик уйчадаги тутқунликда вақтни аниқлашнинг имкони йўқ эди. Биз бунда икки кишимиз: мен ва Ли исмли бир хитой йигит, ён атрофда ўз мустақиллиги учун курашаётган жангарилар гуруҳидаги турли-туман одамлар. Умуман олганда, улар бизга ўзларини яхши кўрсатишга интилишади, сабаби, биз чет элликмиз, магар баъзан ҳукумат учоқлари улар устига бомба ташлаш учун ёпирилиб келганда, жудаям қўпол ва ёқимсиз бўлиб кетишади. Бундай пайтда улар бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизиб, яқинроқдаги ғор ёки бошқа пана жойга судраб кетишади. Биз эса кун билан туннинг фарқига бормай ётамиз. Бомба тушишини ҳисобга олмаганда, ҳаётимиз, агар уни ҳаёт деб аташ мумкин бўлса, бир-бирига боғланган ҳолда бир хилдаги бошпана остида ухлаш, қачон берилишини кутиладиган овқат - асосан, музлаган картошка, сувда қайнатилган макарон, баъзан эса дудланган гўшт, қотган нон ҳамда Хитой кўк чойидан иборат. Ҳожатхона ташқарида бўлиб, егулигимизга қараб бизни кунига икки-уч маҳал бошимизга ҳалигинақа қопларни ўраб-чирмаб, у ёққа олиб чиқишади. Бошқа пайтлар биз фақат ўтирамиз, баъзан китоб ўқиймиз, сўзлашишга рухсат йўқ, лекин қочиб кетган баъзи метеорологистлардан қолган шахматни ўйнамоқ мумкин. Қизиқ, лекин одам зоти ҳар нарсага кўнар экан, фақат тақдирим шу экан-да, дея ўйлансагина, бундай турмушга кўниш осон кечади. Миянгиз бўш, на қўрқув ва на умид ҳисси мавжуд. Ёлғиз, юпун ҳолдаги бемаъни умр. Бошқа ҳолларда сиз бундай шароитда бўлиш қанчалик ҳаяжонли экани ва унинг мавжудлик борасидаги тажрибангизни не қадар бойитиши ҳақида ўйлаган бўлардингиз. Ҳафсалангизни пир қилишга тўғри келади. Ён атрофда нуқул бир хиллик. Тўғрисини айтганда орадан фақат бир ой ўтиб, ўзимга нима бўлганилиги ҳақида ўйлашга ва таҳлил қилишга ҳаракат қиляпман. Нега мен бу ерга тушиб қолдим? Дунёдаги энг баланд тоғлар орасида, номаълум бир жойнинг қоқ ўртасида, қандайдир сабаб билан урушиб юрган ғазабнок одамлар орасида нима қилиб юрибман ахир? Мен ўзи кимман?
2
Бундан икки йил аввал Шинжон - Уйғуристонда Индианадаги католик институтидан келган америкалик исломшунос олимга тилмоч эдим. Шинжон қаердалигини биласизми? Бу Хитойда, Тибет билан Марказий Осиё оралиғида жойлашган. Шундай қилиб, Шарқий Туркистоннинг борган сари хитойлашиб бораётган турли ўлкаларига бордик. Биз қадимги қўлёзмаларни ахтариб юрардик. Балки ғоят кенг саҳронинг бир қанча воҳаларини кезиб, исталган динга оид қўлёзмаларни топиш мумкин, демоқ ҳам тўғри бўлар, негаки америкалик дўстим айтганидай, қадимги уйғурлар ва уларнинг аждодлари - қадимги ёки Кўк Турклари барча динларга эътиқод қилганлар. Лук Америкадан олиб келган бир неча буддист таржимон билан бир қаторда биз ҳам Ҳўтандан 17-сасрга тааллуқли қўлёзма сотиб олдик. Бу дастлабки Манихей матнларининг тўплами эди. Қашғар томонга жўнар эканмиз, бир жуфт Исломга оид китоб ҳам топиб олдик ва... узр, алаҳсияпман...
Биз Турфонни саёҳатимизнинг сўнгги нуқтаси, дея белгилаб олдик. Лукнинг айтишича, Турфон ўзининг жойлашиш ўрни билан машҳур. У денгиз сатҳидан тахминан 150 метр пастда жойлашган. Лук яна бундай пастликларнинг дин ва диний қўлёзмалар билан қандайдир алоқаси мавжуд эканлигини айтди. У бизникидан-да қуйироқ бўлган Ўлик денгизни мисол қилиб келтирди. Келишувимизга кўра, мен олдинроқда бориб, баъзи нарсаларни аниқлашим, алоқа боғлашим ва учрашув ташкиллаштиришим лозим эди. Эрта азонда Лук Урумчи музейига, мен эса турист сифатида олти нафар хитой (назаримда уларнинг бари хавфсизлик хизмати ходимлари эди) билан Турфонга қараб кетдик. Шу бўйи Лукни қайтиб кўрмадим...
3
Ўша куни ҳавонинг авзойи ҳаддан ортиқ бузуқ, қаттиқ шамол эсар, қумлар уюмининг саҳро ва пасттекисликлар орасида учиб юриши табиий бир ҳолдай эди. Ҳар ҳолда, энди ярим йўлга етганимизда, кучли шамол машинамиз билан бирга кўтариб четдаги шағалликлар устига учириб юбордики, қандайдир мўъжиза туфайли ҳайҳотдай саҳронинг қоқ ўртасида бир ўлимдан сақланиб қолдик. Шу ернинг ўзида каттакон кўзойнак таққан ва ўзини севгилисини бағрига босаётгандай қилиб кўрсатаётган махфий агентнинг сири очилиб қолди - у соф инглиз тилида менга сўзлай кетди. Салгина ғурур билан шуни англагандай бўлдимки, у қандай бўлмасин ақалли менинг ҳаётимга жавобгар эди. У «севгилиси»нинг сумкасидан чўнтак телефонини тортиб чиқараркан, қизни бутунлай эсанкиратиб қўйди, чунки у нима қилишини билмай қолди, на ўзини чўнтак телефонга уланган қулоқларидаги икки беўхшов эшитгич орқали плеерини эшитаётган қилиб кўрсатишни ва на шеригининг идора билан сўзлашаётганини тўсиб туришни билмас, нима бўлганда ҳам, мен уларнинг ғалати хитойчаларини тушуна олмадим.
Чанг-тўзон ва туманли Турфонга кириш олдидан барчамиз қондошларга айлангандик. У катта қора кўзойнагини бирор марта бўлсин ечмади. Жон исмли (менимча Зян деган исмнинг бузиб айтилиши) гонконглик хитой ўз «компания»сининг машинасини токзорга қараб буришни буюрди. У ерда мени мазали уйғур таоми билан сийлашди. Тоғ оралаб оқувчи дарё бўйидаги узумзор соясида озроқ муддатга ҳожатга ўтиб, шу баҳонада бир уйғур йигитдан уларнинг қўлёзма сотувчилари ҳақида сўрашга муваффақ бўлдим. Унинг айтишича, Ўлик Шаҳарнинг нариги томонида бир дарвиши девона бўлиб, ўшанда бирор нима бўлиши мумкин экан...
Шундан кейин биз Ўлик Шаҳарга келдик. Мен ашаддий турист эмасман, шу боис қадимдан қолган қудуқ ёхуд ғайриоддий узум заҳираларининг мен учун катта аҳамияти йўқ, бари бир гўр. Мен ҳаттоки Жон-Зян томоша қилиш учун арзигулик дея камоли эҳтиром билан таклиф қилган баъзи машҳур масжидларга ҳам қизиқмадим. Магар Ўлик Шаҳарга келганда... У чиндан ҳам бўлакча эди. Таржимон сифатида жуда кўп тарихий жойларда бўлганман, лекин лой вайроналарни деб ҳеч бир жойга телбаларча ошиқмаган эдим: бу шундай бир Замин эдики, бир кун барпо этилиб, яна бир кун тупроққа айланиши учун вайрон этилган замин. Ташвиш шамоли бор унинг бошида... Ҳам осмонда хира, қора, кераксиз қуёш...
Таажжубки, қуёш ва унинг иссиғи Жон ва унинг командасини ортимдан эргашмасликка мажбур қилиб қўйди. Улар буни сираям ёқтирмасликларини чиндан ҳам тан олиб, мен бу ЙЎқлик бўйлаб ёлғиз кезгунимча машинада қолишга қарор қилишди. Бироқ мен Урумчидан сайру саёҳат илинжида келган бу туристларнинг бундай ғаройиб жойларни кўришни рад этаётганларидан таажубда эдим. «Кейинги сафар», дейишди улар. Унда янаям яхши, дедим ўзимга-ўзим ва олов пуркаётган лой вайроналар орасидаги сўқмоқдан йўлга тушдим. Қуёш қизитгандан қизитиб борар, кўринмас соям устидан қадам ташлаб борарканман, Тарих ёки Вақт оралаб кезаётгандай эдим. Шаҳарнинг нариги томонида таёқни милтиқ қилиб ўйнаётган болалар ёнидан ўтдим, уларнинг ёнига яқин келиб, нарироқда қуруқ дарахт тагида шумшайиб ўтирган қарияга кўзим тушди. Билмайман, нимага буни дарахт деб ўйлаганимни, балки чолнинг таёғи ерга суқиб қўйилгани ва кир-чир ёпишқоқ белбоғи таёқнинг учига илиб қўйилгани учундир. Мен чолга салом бердим. У худди эртаклардагидай: «Саломинг бўлмаса, икки ямлаб бир ютардим!» дея жавоб берди. На кулишимни, на қўрқишимни билмай туриб қолдим. Аниқроғи, қўрқиб кетдим ва ўзимни йўқотиб қўяёздим. «Мабодо қадимий ақлу заковатни излаб юрган бўлсанг, анави ёққа юр...» - шундай деб у чанг-тўзонда ўйнаётган болалар томонга ишора қилди. «Мен бунда ўзим учун юрганим йўқ...», зўрға овоз чиқардим. «Биламан, - деди у, ўн йил аввал яҳудий бир йигит ҳам шу мақсадда келиб эди», - деди чол ва чанг босган юзини ўгириб оли. Ўлик Шаҳардан узундан-узоқ шамол эсарди.
4
Кун охирлаб қолганда бир қўлёзманинг парчасини топдим. Бу қоғоз бўлаги эмас, балки каттакон тошга ўйилган қадимги битиклар эди, мен дарҳол уни расмга олдим. Бу ёзувни ўқий олмай, ҳалиги қариядан умид қилдим, у эса тошни аввал ҳеч ким кўрмаганини айтди, бунга сабаб, минг йиллардан бери тош ёзув қисми пастга қараган ҳолда ётарди. Чол жойнамозини унинг устига ёйганди, силлиқ қора тош кўздан бекинди. Ундан тафсилотларни сўраб ўтирмадим, икки кун ичида билағон америкалик дўстимни бу ерга олиб келишим лозим эди. «Мана буни ўқиб кўрсин-чи», дея чол кир муқовали бир дафтарни тутқазди қўлимга. Мен хитойлик ҳамроҳларимни эсладим ва дафтарни дарҳол терлаб кетган қўйнимга яширдим.
Кейинроқ бу ақлдан озган чолни алдаганга ўхшаб қолдим: биз уни ҳам, ҳалиги тошни ҳам кўргани бормадик. Бунга мен эмас, Лукнинг Урумчида ғойиб бўлгани сабаб бўлди. «Ҳунгшиан Бингуа» меҳмонхонасида Лукни зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетганини айтишди, лекин бу чиндан ҳам шубҳали эди. Қолаверса, у менга на бир хабар ва на ишим учун бир чақа қолдирган эди!
Тошнинг сурати туширилган плёнкани ювдириш учун ўз ҳамёнимдан пул тўлаб, ғурбатхонада бошимни ушлаганча якка ўзим плёнканинг эртага тайёр бўлишини кутиб ўтирарканман, тугмаланмаган куйлагим сабаб қўйнимдаги бояги дафтарча ерга тушиб кетди. Ақалли бу нарсани ўқишга маънавий ҳаққим бор-ку, дея ўзимни овутгандай бўлдим ва дафтар муқовасини йиртиб, уни оча бошладим. Афсуски, бу қадимий қўлёзма эмас, балки кундалик бир дафтар бўлиб, унинг биринчи саҳифасида 7 декабр 1990 йил санаси кўрсатилган эди.
«Мен ушбу ҳар икки ишни орқага суришга мажбур бўлдим, бундан кўзланган мақсад бирмунча аввалроқ бошланган ва тугалланиш арафасида бўлган лойиҳа устида ишламоқдан иборат. Менинг қадимий кўк туркларининг сири ҳақидаги китобим ниҳоясига етди ва ҳозирда уни чоп этиш учун ношир излаб юрибман - бу иш чиндан ҳам кўпгина вақтимни олди (ўтган йил ёзидан ҳозиргача). Бу борада бир неча қомусий мақолаларим ва 6-аср Турк хонлиги ҳақидаги учта чоп этилмаган мақолам бор. Мен ўша давр кўк туркларининг сеҳрли оламига батамом берилиб кетдим, ҳозир умид қиламанки, уларнинг диний ва шоҳона ҳаётига оид китоб ва мақолаларни келгуси ёз ойи охиригача тартиблаб бўламан. Ана ундан кейин навбатдаги лойиҳага ўтишим мумкин... »
Бу гапларни тўғри ўқиганимга шубҳаланиб қарадим. Тўғрисини айтганда, қўлда ёзилган хатларни ўқишга нўноқроқман. Бу ҳуснихат ҳам шу қадар кичик ва тушунарсиз эдики, мен ўзимни қийнамасликни маъқул кўриб, охирги вараққа кўз югуртирдим. Унинг сарлавҳаси «6 феврал 1991 йил» эди.
«Сўнгги икки ой ичида ҳаётим қанчалик ўзгариб кетганигидан таажжубдаман. Бу ерга икки ой аввалроқ келган эдим, ўшанда келажакдан умид қилса бўларди. Ҳозир хавфли вазиятга тушиб қолдимки, бу ҳақда эслатиб ўтиш жудям яхшидир. Ҳаётим Шиа Чангникидай тартибсиз бўлиб кетди. Унинг оиласи фақатгина анъаналарининг кучлилиги учун яшаб турибди. Афсуски, биз ўзгаришлар қилиш учун ўзимизда куч топа билавермаймиз. Бир ой олдин қанчалик гўл бўлган эканмиз-а! Унинг вазиятни қандай қабул қилаётганини билиш мен учун жудаям қизиқ. Шунингдек, унинг бу вазиятдаги шахсий ўрни ҳақида ҳам ташвишдаман. Эртага мен уни Турфонда кўриш учун отланаман. У мени оиласи билан танишишга таклиф қилган. Қизиқ, негадир бу учрашувдан ҳайиқиб турибман... бу Турфонда топганим яширин матнни хотиримга соляпти... »
Яна бир карра ушбу ёзувларни тўғри ўқиганимга ишонолмай турдим, лекин уни тугатишга ҳам, қайта кўриб чиқишга ҳам вақтим йўқ эди, сабаби, кимдир хонам эшигини тақиллатарди, мен дарҳол у сирли дафтарчани қўйнимга тиқиб, эшикни очишга турдим.
5
Қаршимда келишган хитой аёли турарди. Аввал айтганимдай, хитойчани мутлақо билмайман, шунга қарамай, хижолатдан қутулиш мақсадида ўзимни ҳамма нарсага тайёрдай қиёфага солдим. У майин ва мусиқий хитойчада гапирарди - бу менга форсча бир шеърни эслатди: «Ёрим туркийда cўзлар, афсус, туркча билмайман, Ё Рабки, унинг тили менинг оғзимда бўлса...» Хитой аёли хонамдаги нимагадир ишора қилди. Уни ичкарига таклиф қилдим. Остона ҳатлаб кираркан, қўнғироқдай овозда бир нималар деб ногаҳон чўмилиш хонасига бошлади ва мени ҳам орқамдан юр, дегандай имлади. Ўша пайтдаги ҳолатимни бир тасаввур қилинг! Бегона юрт, мен билмайдиган тил, ишончсиз аёл, кутилмаган таклиф ва айтиб бўлмайдиган вазият - бундай пайтда нима қилишим керак эди у ерда? Дарҳол миямга икки нарса келди: биринчиси - бу аёл мени ўлдиргани келган, иккинчиси - бу ажойиб, хаёлий бир имкониятдан фойдаланиб қолиш керак. Афсуски, хом хаёл қилибман. Аёл аввал совуқ сув, кейин иссиқ сув жўмрагини буради, улардан отилиб сув чиқди, бир муддат ўтгач, вишиллаган овоз чиқди ва сув тўхтади. «Шу-шу», тушунтирган бўлди аёл, «Шу-шу», жавоб бердим мен ҳам. Кейин у қўлидаги соатни кўрсатиб, бир-икки рақамларни кўрсатди ва мусиқий бир нималар дея хонамни тарк этди.
Ешик ёнига суянган кўйи узун корридорда бу хитой аёлининг кўздан ғойиб бўлгунича, нима бўлганини тушунишга ҳаракат қилиб, серрайиб қараб қолдим. Кошки билолсам эди.
6
Муҳаббат ва Ўлим доим бирга юради, - ўйладим мен икки кун ўтгач уйда Зев исмли яҳудий йигитнинг кундалигини ўқиб ўтирарканман. Ажнабий бўлганим учун кўпгина сўзларни ҳарфма-ҳарф тушунаман, яъни масалан мени инглизчадаги «алwайс» (ҳар доим) cўзининг вақт билан алоқадорлиги эмас, балки макон билан боғлиқлиги «алл wайс» (барча йўллар) қизиқтиради. Бундай дейишимга асос бор. Яқинда бир ҳалокатли таҳдидга учрадим. Жуда қисқа фурсат ичида ниҳоятда катта тажриба мужассам, шундай эмасми? Лекин англадимки, баъзан ҳаёт деганлари водопровод жўмрагидан оқиб тушаётган сўнгги томчиларга ўхшаб кетади... Шу боис, бутунлай ўзни унутганим ҳолда кимнингдир кундалигини муккадан кетиб мутолаа қилишга ҳаракат қилдим.
Айтганча, ҳалокатли таҳдид хусусида айтмоқчийдим. Келинг уни бир тарозига солиб кўрайлик. Ўша куни зудлик билан, секингина, ҳеч қандай кескин ҳаракатларсиз Хитойдан ўз юртимга қайтиб келдим. Эртасига эрталаб мени америкалик тадқиқотчига таржимон сифатида ишга ёллаган компанияга етиб бордим. Улар мени ўз мижозларисиз кўрганларидан нечоғли таажжубга тушишгани табиий. Англадимки, улар мижозлари тўғрисида ҳеч нарса билишмайди. Нима бўлганда ҳам, ҳаммасини аниқламагунларича, менга бир тийин ҳам тўламасликларини айтишди. Шунда Ўлик Шаҳардаги тошни суратга олганим плёнкани унутиб қолдирганимни эсладим. Ҳай майли, шунга шунчами? Ушбу бюро менга тез кунда яна иш таклиф қилишга ваъда берди. Шу дақиқада қанчалик хато кетган эдим-а мен!
Уйга келиб кундаликни ўқишга тушдим. Декабр тунларининг бирида Зев Шиа Чанг билан танишадиган маълуму машҳур «Ҳунгшиан Бингуа» меҳмонхонаси қаршисидаги такси тўхташ жойига етганимда, кимдир менга қўнғироқ қилди. Бу дўстим эди. Яна бир бор инглизчамдаги чегараланишни сезиб қолдим. Аслида «дугонам» дейишим керак эди, лекин у шунчаки дўстим ва шунчаки бир қиздир. У сафарим ҳақида сўради ва жавобимни ҳам кутмай, бирдан йиғлашга тушди ва зудлик билан ҳузурига кириб ўтишимни илтимос қилди.
Умуман олганда, мен бу каби аёллар фожиасини ҳечам хуш кўрмайман. Лекин нимадир мени шаҳарни кесиб ўтиб, у билан кўришишга ундарди.
У давлатнинг юқори маҳкамасида бўлгани, у ерда мени ўлимга маҳкум қилингани тўғрисида маълумот олганини айтди. Аввал бошда, бу менга кулгили туюлди, лекин у йиғлай бошлагач, вазиятнинг жиддийлигини англадим. Мен ундан қайси ташкилотни назарда тутаётганини сўрадим. У ўзини ҳеч кимга ҳеч нима айтмаслик ва мен билан ҳам мулоқотга киришмаслик ҳақида огоҳлантиришганини айтди. У яна улар менинг барча режаларимдан хабардор эканликлари, Франтсияга кетаётганим, лекин ҳеч ким менга ёрдам бера олмаслиги ва қаерда бўлмай, барибир мени топиб олишлари ҳақида сўзлади... Мен дўстимдан бошқа бирор нарса ололмадим ва умидсизликка тўлиб уйдан чиқиб кетдим.
Шу алфозда кундалик устида ўйлаб ўтирардим. Мен Шекспир драмаларида одамларнинг осонгина ва тез-тез ўлиб туришларига таажуб қиламан. Бошқа бир романда эса биргина ўлим саҳнасига барча тафсилотларини намойиш этиб юзлаб саҳифа ажратилади, магар Шекспирнинг услуби алоҳида: Ҳамлет урушиб ҳалок бўлади, Ромео курашиб ўлади, ўнлаб бошқа одамлар ҳам курашда ҳалок бўлишади ва бу ўлим биргина сатрда ифодаланади-қўяди. Жудаям содда. Ва бирдан ушбу соддалик мени даҳшат ичра ўраб олганини ҳис қилдим. Бир оз чалғиш мақсадида, яна бир неча варақни очдим. «Колумбия Университетидаги уйғур ва туркшуносликнинг янги инқирози чиндан ҳам ачинарлидир, бироқ ҳақиқатнинг кўзига тик қарамоғим керак. Марказий Осиё ва Уйғуристон Америкада анча шов-шувга сабаб бўлган, магар университет бўлимларида уни бир макон сифатида ривожлантиришни исташаётгани сезилмаётир... »
Бемаънилик! Лук ғойиб бўлди, Зев асфаласофилинга кетган чамаси, мен эса хавотирдаман... Жин урсин! Бас! Кўк Турклари асири (роман). Ноуман Смайлз «9 январ Мен ўтган асрнинг сўнггида бу ерга келган рус роҳиби Ефрем Валаамов (Валаомов?)нинг охирги мактубини топиб олдим. Тахминим тўғри чиқди. Уни заҳарлашганди. Мана унинг мак... »
Узр, телефонимни автоматик жавоб бериш қурилмасига ўтказиш ёдимдан кўтарилибди. Кундаликни очиқ ҳолда қолдириб, гўшакни кўтаришга турдим. Бу мени Лук учун ишга ёллаган фирманинг бошлиғи экан. «Биласизми, - деди у, - сиз учун иккита янгилик бор, ёмони шуки, Лукни қўпорувчилик ҳаракатлари учун ҳибсга олишибди, яхши янгилик эса, сиз айни шу фалокатдан қочиб қутулибсиз, қандингизни уринг эркинликда. Яна бир бошқа хабар ҳам бор, лекин бунинг сизга алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Сиз Урумчидан чиқиб кетган кун бешта жойда оммавий портлашлар юз берган.» Мен учун иккинчи янгилик муҳимроқ эди: бу билан бошлиқ менга бир мири ҳам тўламаслигига ишора қилди. Лекин шундай бўлса-да, менинг бутун хаёлим бошқа бир рус роҳибида эди...
7
Кейинги 2 ҳафта ичида Салмон Рушдийнинг ҳаётини яшагандай бўлдим: мен Хитойга кетган дўстимнинг квартирасига кўчиб ўтиб, ҳар тун унинг велосипеди билан эшигимни баррикада каби тўсаман, ҳар лаҳза ўлимимни кутиб ётаман. Ниҳоят Франтсияга виза олдим ва асарларини ўзимизнинг тилимизга ўгирганим дўстимникига етиб келгачгина, шу ерда, яъни Фонтенеблода яқин ўтган кунлардаги ҳаётим ҳақида ўйлашга имкон топдим. Чарм креслода сокингина ўтирарканман, айни пайтда, инсон фалокат ва сокинликка жуда тез кўникаркан, дея ўйлардим. Кеча устаси фаранг жиноятчидай бекиниб юриб эдим, бугун эса бировнинг кундалигини, сўнгги мактубини ўқиш имконим бор.
«Милостивий государ,
смею надеятся, что сие послание застанет Вас в добром здравии и благополучии, дарах наименее тсенимбих, покуда судба не коснется своей шершавой деснитсей...»
Ҳа, хат русчада битилган ва Зев уни таржима қилиб ўтирмай нусха кўчириб олган эди. Мен ҳам 19-асрга оид бу услубни сақлаган ҳолда таржима қилолмасам-да, бошланишини уриниб кўраман: «Марҳаматли Жаноб, умид қилишга ҳаддим сиғдики, ушбу хабар сизни соғлом ва фаровон ҳолда топажак, энг қадрсиз иқтидорлилик, тақдир ўзининг беўхшов ўнг қўлини сизга теккизгунга қадар... » Русчада бу янада жимжимадор ва антиқа. Шунчалик беўхшовки - баъзи фалсафий нарсалардан сўнг у яна ёзади:
«Фонусда нурни сақлаб турганингиз учун ташаккур. Менга юборганингиз В. Томсоннинг охирги китоби ниҳоятда қимматли мукофот бўлди. У энг қўрқинчли вазиятларда ҳам яшашим учун куч-қувват бериб турибди. Назаримда у бир неча характер ва сўзларни таҳлил қилишда хатога йўл қўйган, лекин умуман олганда, у жуда зўр бир ишни ниҳоясига етказди. Айниқса, менга Кул-Тегинниг сўнгги парчаси маъқул келди: "Си Ку-тегин нъаваит эте, ун гранде номбре дъентре воус аураиент троуве ла морт. Маис мон фрере Кул-тегин перит, мои-меме же ме десолаи..."
«Агар Кул-Тегин бўлмаганда, ораларингиздаги минглаб кишилар ўлим топган бўлурдилар. Кичик укам Кул-Тегин вафот этди, мен унинг учун ғам-ғуссага ботдим. Кўрар кўзим кўрга айланди, билган илмим номаълум бўлиб қолди. Ўзим эса андуҳ ичраман. Парвардигор вақтни яратди, инсон эса ўлимга маҳкум. Кўп йиллар дарду алам мени ўртади. Кўзларимга ёш келиб, юрагимга қил сиғмади. Наҳот икки шаҳзода, ёш биродарларим ва ўғилларимнинг, қўмондонларим ва одамларимнинг кўзу қошлари йиғидан озор топса, дея ўйлаб ғуссага ботдим.
Йиғлагувчилар ва азадорлар каби, Китан ва Татаби аҳолиси Удар-сенгунга тегишлидир. Хон Табғач Ичи Лиангга тааллуқлидир. У кўплаб совға-салом ва нокерак олтину кумуш келтирди. Тибет хонидан булон келди. Ортидан, ғарбдаги кунботар томондан, Сўғд, Форс ва Бухородан уларнинг хони Ниан-сянг келди. Ўн-ўқ ўғилларимдан, Турғузхондан тамғачилар Макрач ва Ўғуз-Билга келди. Қирғизхондан Тардуш Инончи Чўр келди. Мақбара қуриш, тошга ўйиб ёзиш учун Хитой Императорининг устаси Чянг-сенгун келди.
Кул-Тегин Қўй Йилининг ўн еттинчи куни ғойиб бўлди. Унинг жанозасини тўққизинчи ойнинг йигирма еттинчи куни ўтказдик. Ва биз ушбу абадий тошни ўрнатдик... »
Рус роҳиби давом этди:
Мен гўё ўзимнинг жанозамда ҳозир бўлгандай ҳис қилдим ўзимни. Бироқ меники анча қисқа давом этса керак. Ҳеч қандай тош ва унинг устидаги ёзувсиз албатта. Рашидиддиннинг Ат-Тоҳарийдан келтиришича (бу кишини қайсидир бир саҳрода бошларидан жудо қилишган), баъзи яширин ёки йўқотиб юборилган матнга кўра, Несториалик роҳиб ҳам улар билан бирга бўлган. Баъзида, ёлғизлик онларимда мен гўё бу воқеани ва уни жуда яхши биладигандай ҳолга тушаман. Магар яхшиси бас қила қолдим.
8
Жудаям таъсирчан одамман-да. Бу сўзни тўғри ишлатдимми-йўқми, ҳарқалай, аввал ишлатмоқчи бўлганим «ишонувчан»дан кўра яхшироқ бу сўз. Айтмоқчиманки, мени ишонтириш жудаям осон. Янги газетанинг ҳар бир сони фикримни ўзгартириши мумкин. Ушбу мурожаатномани Ефрем Валаамовдан ўқиш учун нечоғли таъсирланганимни тасаввур қилаверинг. Жудаям инсофли одамман шекил, лекин ҳар бир чақириқ ўзимни айбдордай ҳис қилишимга мажбур қилади, гўёки вазиятга кўра ҳаракат қила олмаяпгандайман.
Фонтенеблодаги шоҳона паркда ҳайрат ичра сайр қила туриб, унинг чеккароқдаги қисмига келдим ва қадим дарахтлар остидан оқаётган эрта кузакнинг тип-тиниқ жилғасига тиззалаб эгилдим. Илк сариқ баргчалар сокин оқаётган сув юзасида ўйнар, бу менга саҳродаги воҳанинг аста-секин емирилиш жараёнини эслатди. /амгин бўлиб қолдим. ЙЎқ, ўзим учун эмас, балки ўзим билган неча одамларнинг умри учун. Гўёки нафақат ўзимнинг жанозамда, балки барчамизнинг умумий ҳаётимиз жанозасида қатнашаётгандай чуқур қайғу ичра қолдим...
9
Дарахтнинг тўкилган барги мисол сирли Ўлимнинг жилғаси аро сурилиб борар эдим. Ким мени ўлдирмоққа қасд қилди? Нега? Наҳот, маълум бир нуқтадан, яъни Лук билан ҳамкорликни бошлаганимдан бери ҳаётимдаги ҳар бир нарса ўлим ҳақида кечган бўлса? Қандай хато ўтди ахир?
Бу саволларми ёхуд қизиққонлигим, билмайман, қўлимда мавжуд барча маълумотларни текширишга ундаган нарса нима экан, ҳар қалай ўшандан бери вақтимнинг асосий қисмини Париж кутубхоналари ва музейларида ўтказдим. Аввал Ефрем Валаамовдан бошладим.
Мен унинг бир қанча мактублари, мақолалари ва ҳатто Тибет тарихига бағишланган китобини топдим. Буларнинг аксариятини ўқиб чиқиб, аста-секин унинг қиёфасини қайта тиклай бошладим. У Русия вилоятларидан бирида туғилган бўлиб, ота-боболарининг келиб чиқиши татар миллатига мансуб бўлган. (Шу ўринда бир машҳур гапни билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди: «Ҳар бир руснинг сирини кўчирсанг, тагидан татар чиқади». У «сири кўчмаган» руслардан эди.) 19-аср бошида дорилфунунни тугатгач, у ўзини руҳоний бўлишга тайёрлади ва кейинроқ роҳиб бўлди. Гарчи у роҳиб бўлса-да, ҳеч қачон турмушни диний ёки дунёвий деб иккига ажратгани йўқ. Александр Пушкин унинг дўстларидан бири эди. 19-аср адоғида уни православ делегатсиясининг аъзоси сифатида Марказий Осиёга, кейинчалик эса Тибетга юборишди ва у бу ерларда маҳаллий тилларни ўрганиб, қўлёзмалар йиғиш билан машғул бўлди. Сафари сўнггида у Петербургга 15 карвонга юк бўлгулик китоблар келтирди. Номаълум сабабларга кўра, Або Ефрем мансабидан четлаштирилиб, Валаам Роҳибгоҳига жўнатилади ва у шу ерда Валаамов деган шариф олади. Бир неча йил у шарқ қўлёзмалари устида иш олиб борди. Кейинчалик рус ҳукумати унинг режаларини Марказий Осиёни кенгайтириш ва колонизатсия мақсадларида ишлатиш учун бу шарманда роҳибдан фойдаланишга, уни яна бир бор ярим-махфий юмуш билан ўша узоқ ўлкаларга юборишга қарор қилади. Мен Або Ефремнинг жосус бўлган-бўлмагани ҳақида бехабарман, лекин унинг бир қанча қўлёзмаларни рус ва франтсуз тилига ўгиргани, Марказий Осиё тарихи ва турмуши тўғрисида бир жуфт илмий китоб эълон қилгани маълум. Шу тариқа уни Уйғуристонда, аниқроғи, Қошғарда ҳибсга олишган ва у бунда қандай вафот этгани маълум эмас. Шекспир айтганидай, ана шунақа кечди унинг ҳаёти.
10
Лукдан ҳеч бир хабар бўлмади. Гарчи Урумчидаги портлашлар анча ғавғога сабаб бўлса-да, менга шундай туюлдики, Лук билан умуман ҳеч ким қизиқмади. Ҳеч ким унинг учун қайғургани йўқ. Магар Лукнинг ўзи, мисол учун, Зев тўғрисида бирор нима билар эдими? Дарвоқе, Зевга нима бўлди? Лукка етказишим керак бўлган кундалик дафтарни ҳар тун ўқиб чиқарканман, илмий қоғозларни ҳисобга олмаганда, у асосан, Зевнинг Шиа-Чанг исмли ярим хитой, ярим уйғур қизга ошиқ бўлиб қолганлиги ҳақидаги ишқ-муҳаббат ёзишмаларидан иборат эди. Гапнинг лўндасини айтганда, у қизни машҳур «Ҳангшен Бингуа» ёнидаги такси турар жойида учратганди. Ўшанда у бўм-бўш «Ҳолидей Ин»да кечки овқат қилиб қайтаётган, шу ерда бир италян конструктори маҳаллий аҳолининг хиёнаткорлиги хусусида уни огоҳлантириб эди. «Улар кулиб туриб, бошингиздан айириб кетишлари ҳеч гапмас», деган эди саккиз йилдан бери шунда яшаб келаётган италян. Такси турар жойида Зев меҳмонхонанинг нариги тарафидан шошиб келаётган қизга кўзи тушди. Улар айни бир таксининг олдида бир-бирларига урилиб кетай дейишди, шунда Зев унга илтифот билан йўл берди, бунга жавобан қиз уйғур тилида унга ташаккур айтди. Зевнинг ёзишича, у уйғурчани жуда зўр билмаса-да, лекин ўша лаҳзада уйғурчада қандайдир чиройли гап айтишнинг уддасидан чиқа олган. Бундан қиз ҳайратга тушган. Уларнинг шарқ шеъриятига меҳри баландлигини билган Зев агар бир-икки дақиқа вақтини аямаса, қизга уларнинг қадим бир шоирлари тўғрисида қизиқ ҳикоя айтиб беришини илтимос қилган. Қизга бу гап ёқиб тушиб, «жоним билан» дея унга қулоқ тутган. У бу ўринда ёлғон ишлатган, чунки у ҳикоя қилмоқчи бўлгани уйғур эмас, балки турк (гарчи иккиси ҳам бир) шоири Фузулий эди. Кунларнинг бирида Фузулий кўзасига қудуқдан сув олаётган бир араб қизини учратиб қолибди. Унинг гўзаллигидан ҳайратга тушган Фузулий сўрабди: Менинг кимлигимни биласанми, эй жонон? Мен туркийда шеърлар битадиган буюк шоирман. «Мен туркчани билмайман», дебди гўзал. Уч кун ичида Фузулий араб тилида бир шеърий девон тартиб бердики, у бошдан оёқ ана шу гўзалга бағишланган эди. «Икки дақиқада бу ҳикояни сизга айтиб бердим, магар уч кун ичида мен ҳам Фузулий каби сизга бутун бир китобни бағишлаган бўлардим», хулосалайди ўз сўзини Зев. Қиз хохолаб кулиб юборади. Ўша тун улар биргаликда «Ҳуншанг Бингуа» рўпарасида турган таксига ўтириб, атрофни томоша қилишга кетишади.
11
Мовий осмон остида ва қизғиш ернинг устида одам яралган. Менинг боболарим Буминхон ва Истамихон неча халқлар устидан ҳукмронлик қилиб ўтишди. Улар туркий халқлар бирлигини мудом сақлаб келишди. Дунёнинг тўрт тарафи ёғий эди. Улар бутун дунёни забт этиб, унда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини таъминлашган. Елкаларига бош қўйганга қуллуқ қилиб, тиз чўкканнинг қаршисида эгилишган. Улар шундай оқилу доно ва ботир хон эдилар, уларнинг ишлари ҳам ақлга мувофиқ ва қўл остидаги одамлари мард ва жасур эди. Шу боис улар узоқ ҳукмронлик қилишди. Сўнгра эса абадий уйқуга кетмишлар.
Аза кунида кунчиқар томондан, табғачлар, тибетликлар, аварлар, романлар, қирғизлар, учқўрғонлар, ўтиз-татарлар, хитанлар, татабилар, сон-саноқсиз одамлар йиғи ва азага тўпланишди. Улар ана шундай улуғ хон эдилар.
Шундан кейин уларнинг инилари, сўнгра уларнинг оғаларининг ўғли хон бўлди. Кичик укалар катта акалари каби эмасди, ўғиллар оталарига ўхшамасди. Нооқил хонлар ҳукмронликни бошлашди, ҳокимият қўрқоқ хонлар қўлига ўтди, уларнинг тартиби ҳам маънисиз ва одамларида жасоратдан учқун йўқ эди. Турклар ўзларининг покиза эркагу аёллари билан табғачларга асир бўлмишлар. Мен-да бир Хон бўлдим, фақат бадавлат халқ устида эмас, балки на ичи овқатга ва на таши кийимга ёлчиган бир халққа. Шундоқ, бир камбағал ва бечора халққа хон бўлдим. Кичик укам Кул-тегин билан суҳбат қуриб шундай хулосага келдикки, аждодларимизнинг номи ва шавкатини сақлаб қолиш мақсадида, мен туркий халқларнинг саодати дея тунлар мижжа қоқмадим, кунлар ҳузурга берилганим йўқ. Кичик укам Кул-тегин билан ўла-ўлгунча меҳнат қилдик...
Мен бутун дунёни ўзимга бўйсундирдим ва барча халқлар менга бош эгди...
О, туркий халқлар, эшитяпсизми? Айтмоқчи бўлганимнинг барини ушбу абадий тошга ўйиб ёздирдим... Билга-хон...
12
Кеча биринчи марта қаерда эканимизни ўз кўзим билан кўрдим. Ҳатто асирликда ҳам кишига ҳордиқ кунини ёдга соладиган кунлар бўлар экан. Қуёш янада ёрқин ва илиқ нур сочяпти, кун анча сокин ва ёқимли. Атрофдаги одамлар ҳам бир қадар хушкайфият. Гарчи буни метеорологик бошпанадан кўриш имкони йўқ эса-да, лекин ҳис қилиш мумкин. Икки соатча кейин мени яна ўша бир хил ҳис қоплади -қўриқчиларимиз шахмат ўйнашар, Ли ва мен китоб ўқиб ўтирардик, лекин бирдан самода ҳарбий самолётларнинг овози эшитилди ва шу билан якшанба кунимиз ўз ниҳоясига етди. Қўриқчилар дарҳол бизни ушлаб, бошимизга қоп кийгизишди-да, бомбадан сақланадиган бошпанага судраб кетишди. Бу орада мен яқинлашиб келаётган ҳуштак овози ва жудаям яқинимизда бомба портлаганини эшитдим. Ҳаммаси бир лаҳзада содир бўлди: отишма, портлаш, тошларнинг ҳар томонга сочилиши - дўзахни эслатувчи манзара, ҳозир мен уни бирма-бир таҳлил қиляпман: мен Лининг бақирганини эшитаман, тошларнинг қулаши, қояларга отилган танам, ҳуштак овози, эриб бораётгандайман... Лекин ўзим ҳақимда ўйлашга фурсат етмайди, магар шуни аниқ биламанки, миямга келган фикр шу эди: Ли ўлди! ЙЎқ, у тирик эди, уни судраб бораётган жангари тош босиб ўлганди. Шундай қилиб, биз ҳали бошпанага етиб улгурмагандик, секин силжиб борарканмиз, кимдир Лини туртар, бўралаб сўкар ва лаънатларкан, бошқа бир иккитаси мени тепа бошлади, мен ғужанак бўлиб олдим, баданимнинг зирқираб оғриши ҳали тирик эканимдан дарак берарди.
Кейинроқ бизни бошпанамизга олиб келишди ва бошимиздаги қопларимиз билан шу ерда қолдиришди. Жангарилар бошлиғи келиб бизни бўшатишни буюрди. Мен юзимни кўролмасдим, лекин Лини анча моматалоқ қилиб қўйишганди. Юзимдан, йўқ, соқолимдан қон оқаётганини сездим. Командир ювиниб олишимизни буюрди, кейин қўриқчиларимиздан бири ҳалок бўлганини эълон қилди. Улар ибодат қила бошлашди. Нигоҳлари бургутникидай ўткир, хушбичим, сийрак соқолли келишган командир имомликка ўтди. Сўнг улар чиқиб кетишди, бир муддатдан сўнг бир чопар келиб, командир бизни ҳам кўмиш маросимига олиб боришни буюрганини айтди. Бир ой ичида илк бор бошимиздаги қопсиз юришга рухсат беришди.
Шундай қилиб, жанозага, оғриққа ва келгусида бўладиган қўрқувга қарамай, ўша кун якшанба эди. Гарчи ортимиздаги қуёш ортга қарашга қўймайдиган даражада ёрқин нур сочаётган бўлса ҳам, атрофимиздаги қоялар мовий-қора, устимиздаги музликлар ва чўққидаги қор кўзни қамаштирадиган даражада оппоқ эди. Бизни қоплаб олган қора-мовий осмон муздек ҳаводан нафас олган каби вужудимизга чуқур сизиб кирди. Мен шунда жангарилар йиғисини кўрдим. Ўлган биродарлари учун уввос солиб йиғлашар эди улар. Кейин қичқириб осмонга қарата ўқ отишди, сўнг командир бизга болға ва қалин ўткир пичоқ беришни, менга инглизчада, Лига эса хитойчада, ҳалок бўлган биродарлари исми, туғилган ва ўлган йилини қоятошга ўйиб ёзишни буюрди...
13
Зевнинг кундалик дафтари менга ёд бўлиб кетди. Ундан Шиа Чангнинг биринчи бор уни ташлаб кетгани, эртасига интизорлик билан қизнинг қўнғироғини кутиши, қиз эса бир кун ўтиб қўнғироқ қилгани, уларнинг тунги извошда кўришишгани, Зевнинг қизни ўпгани-ю, алданиб қолгани ҳақидаги тафсилотлар аён эди менга. Бу чиндан ҳам айтса арзигулик ҳикоядир. Навбатдаги учрашувда Зев қиздан уйига келишини қаттиқ туриб илтимос қилди. Аввалига қиз синглисини баҳона қилиб кўнмади. Лекин дарҳол нимадир харид қилиш учун Зевдан пул бериб туришни сўраб, таксига ўтирди-да, магазинга кетди. Зев унинг қайтишини сабрсизлик билан кутди, орадан беш дақиқа ўтди, ўн дақиқа ўтди, бироқ қиз қайтиб келмади. Улар зим-зиё қоронғиликда шаҳар ташқарисидаги кимсасиз бир жойда эдилар, 15 дақиқа ўтгач, Зев безовта бўла бошлади, чурқ этмай турган ҳайдовчи бирдан тоқати тоқ бўлиб, соатига ишора қилди. Зев ундан қиз қаерда қолди, деб сўради инглизчада. Ҳайдовчи инглизчани билмаса-да, лекин савол мазмунини илғади ва имо-ишора билан қизнинг кетиб қолганини тушунтирди. Кетган бўлса қайтардир, сўради у яна. ЙЎқ, деди ҳайдовчи. Ундай бўлса, нега бу ерда қаққайиб турибмиз? Зевнинг кайфияти тушиб кетди, қандай бемаънилик, деди у. Ҳайдовчи елкасини қисиб қўйди.
Ертаси куни қизга қўнғироқ қилганда, у ёмғирдан кейинги осмондай тоза ва бокира тутди ўзини. Зев уни на пул ва на алдангани учун айблади, биргина «яна қачон кўришамиз», деб сўради. Қиз тайинли бир кунни айтди, лекин бу сафар тунги клубда учрашишга келишдилар.
14
Гарчи улар ўчиб кетган матнга ишора қилишган бўлса-да, на Зев, на роҳиб Валаамов Култегин жанозаси тўғрисидаги ҳикояни давом эттирди. Шуни қўшимча қилишим керакки, Або Ефремнинг китобларидан бирида Шаҳзода мақбарасининг таърифини учратгандим. У тўрт юз фут майдонни эгаллаган хитойча услубдаги бинодан иборат эди. Асосий дарвозаларнинг икки тарафида бир-бирига қаратиб қўйилган қўчқорларнинг мармар ҳайкали қад ростлаган. Ичкарига томон кетган тор йўлакнинг охирида ҳовуз бўлиб, унинг ёнида ўйиб ёзилган машҳур тош бор эди. Бу тош каттакон мармар тошбақа устига ўрнатилганди. Орқа томондаги мақбаранинг ўзи ҳам ажойиб меъморчилик услуби билан шоҳ санъат асари каби кўрилмишди. Кул-тегин ва унинг аёлига бағишлаб ишланган сурат ва ҳайкаллар ибодатхонанинг ички томонини безаб турарди. Ташқи томонда муқаддас қадамжонинг атрофида Кул-тегин жангу жадалларда ўлдирган минглаб одамларга ўрнатилан тош ҳайкалларни кўриш мумкин эди...
Бироқ Карпини китобига ёзган шарҳида роҳиб Валаамов Абулғозихон ва Ат-Тоҳарийни Манихей ва Зардуштийларга оид матнларни таржима қилган алломалар сифатида алоҳида таъкидлаб ўтади. Шунингдек, у хитой қўлёзмалари, жумладан, Ган-му ва бошқалар хусусида тўхталадики, кўпларининг номи эсимда қолмаган. Шу ерга келганда, Або Ефремнинг айтишича, ҳикоя кутилмаган бир услубда давом эттирилади, у «яширин» деган сўзни қўллайди бу борада.
15
Мен Абулғозихонни ўқигандим, лекин Ат-Тоҳарийнинг «Тазкиратул-ғаройибатул-қадим»ига тааллуқли ҳикоянинг бошланишини топиб олдим. Яна қаерда денг, Парижда эмас, Фонтенблодан кўчиб ўтганим Бавариянинг Бамберг шаҳрида. Католикшунослик бўлимида мижозим бўлмиш Лук АҚШга кетишидан олдин ўша Тазкиранинг нусхасини берди. Бу ҳақда кейинроқ айтиб берарман. Аввал Кул-тегин азасидан сўнг нима содир бўлганидан сўзласам. Ат-Тоҳарий жуда исломий, бадиий бир йўсинда аза ҳикоясини қуйидагича давом эттиради:
«Саккизинчи кун Билга-хоқон ўзининг оппоқ шоҳона чодирида барча меҳмонларини жамлаб, уларга ҳамдардликлари учун миннатдорчилик билдирди, сўнг у доно вазири Тонгюқуққа мурожаат қилиб деди:
«Мен дунёнинг тўрт бурчини ишғол қилдим, бироқ суюмли жигарим Кул-Тегиндан жудо бўлганимдан буён, бу ишдан қониқиш ҳосил қилмай қўйдим. Мен курраи заминда неча ўлкаларни ўз тасарруфимга олдим, мен маконни қўлга киритдим, лекин замон тутқич бермади. Сиз тўрт томондан келган энг ақлли кишиларсиз, вақт устидан қандай қилиб ғалаба қозониш мумкинлигини айтишингизни истайман. Бу ишни ўзингиз бошлаб беринг. Сиз атрофимдаги ўнта чодирда қолиб, йўқотиш нелигини билмайдиган сирли бир душман билан олишгайсиз. Шу тариқа жаҳоннниг бори донолигини менга билдиргайсиз ва мен уни абадий тошларга ўйиб ёзгум...
Доно Тонгюқуқ чуқурдан чуқур ғам-андуҳ ичра жим қолди... »
Кейинчалик ёзмишларида Ат-Тоҳарий Билга-хонни бутпарастликда айблайди, Билга, деб ёзади у, туманлик ва жаҳолат ичра яшарди, магар у дунёнинг турли бурчидан жанозага йиғилганлар - Удар-сенгундан келган Хитан ва Татаби, Табғачхон номидан кераксиз олтину кумуш келтирган Ичи Лянг, Тибетхон тарафдан ташриф буюрган булонларнинг тақдири нима кечгани тўғрисида ҳеч нарса демайди. Орқа тарафдан, ғарбдаги кунботардан, Сўғд, Форс ва Бухородан келганларнинг, Нян-сянг хоннинг ўғли, Тургишхон тарафдан Ўн-ўқнинг ўғиллари, тамғачилар Макрач ва Ўғуз-билгаларнинг аҳволи не кечди?
У ҳатто бу кишиларнинг гаровга олинганлиги хусусида ҳам лом-мим демайди.
16
Баъзан Гумбазли Ибодатхонага қараган дераза ёнида ўтириб ўша одамлар ҳақида ўйга чўмар эканман, менга шундай туюладики, улар ҳақида қанча кўп маълумотга эга бўлсам, шунча кам биладиганганга ўхшайвераман. Одам сенга қанча яқин бўлса, уни шунча яхши билмайсан, деганлари тўғрими ё? Мана, масалан, ўзим мени шу турклар билан овораи сарсон қилиб қўйган Лукни яхши биламанми ўзи? Афсуски йўқ.
Бамбергдаги меҳмонхонада Исо Масиҳ ҳақидаги китобни ўқир эканман, Лукнинг оиласига мактуб ёзишга қарор қилдим. У тўғрисидаги энг сўнгги хабарларни ҳисобга олмаганда, балки улар Лук ва Зев ҳақида бирор янги нарса дея олишар. Чунки Лукнинг тақдири Зевники билан жуда ўхшаш бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Ўшандан кейин, эртаси куни Зев меҳмонхона яқинидаги тунги клубга боради. Қизил кийимдаги киши уни кутиб олиб, пастга бошлайди. Саёҳатларга бой ҳаётида Зев кўплаб тунги клубларда бўлган, лекин буниси бўлакча эди. Балки хитойча мусиқа, шарқона атир ҳиди ва ёки Шиа Чангнинг кутилмаганда қоронғилик ва сирлилик ичра ушбу клубнинг ғаройиб эгаси каби пайдо бўлишими, ишқилиб, нимадир уни бутунлай эсанкиратиб қўяди. Томирларида оқаётган тоза яқудий қонмиди ёхуд ажнабийга хос туйғуми, уни яхшиси бу ерга келмагани маъқуллигини айтиб турган. Шиа Чанг уни алоҳида хонага бошлаб кириб, хизматкорга Хитой виносидан келтиришни буюради. У «хўп» деганча чиқиб кетади. Хизматкор столни тузата бошлар экан, Зев бир-икки сўм пули учун Шиа Чангни айблагани ёдига тушиб, анча хижолат бўлади. Қиз жудаям сахий бўлиб кўринади унга. Столга хилма-хил Хитой мева-сабзавотлари ва турли-туман винолари қўйилади. Аввал қиз илиқ сўзлар айтади ва бирга қадаҳ кўтаришади. Хитой виноси анча аччиқ экан. Зевнинг боши айланиб кетаёзди. «Шу ҳайҳотдай жой сенга қарашлими?» - сўрайди у овозини кўтариб. «ЙЎқ, мен бунда шунчаки бир раққосаман», - жавоб беради қиз. «Хўш, ким учун рақсга тушасан?» - сўрайди Зев дарҳол. «Сенга ўхшаганлар учун». Бу ҳақоратмиди ёки рағбат? Зев жим қолади, чунки унинг кўз ўнгида беҳаё романлардаги яланғоч ҳақиқат намоён бўлган эди.
17
Бир ҳафта ичида мен Лукнинг севгилисидан мактуб олдим. Ҳа, бу ҳозирги кунда ҳам тез-тез учраб туради. Мен севгилиларни назарда тутяпман. Бунинг устига, қиз америкалик лейди бўлиб, ота-боболари муқаддас ғордаги Шаҳзода ота ва она бўридан тарқаган туркларнниг энг қадимий манзилгоҳлари саналмиш Олтойдан бўлишган. Қиз буни фахр билан ёзибдики, унинг севгилиси изланиш олиб борган халқлар тарихи билан қизиқишимдан бирмунча хабари бор эди. Унинг ёзишича, афсуски Лукдан ҳеч бир хабар йўқ, у ҳали ҳам таъқиб остида ва гарчи Америка Элчихонаси Хитой ҳукуматига протест билан мурожаат қилган эса-да, у билан кўришиш учун ҳеч кимга рухсат берилмаётган эмиш. Қиз мен билан учрашиш истагини билдирибди, чунки улар учун Лукни ҳибсга олишларидан аввал у билан охирги марта кўришган инсон мен эдим. Қизга факс юбордим ва ҳафта ўтиб у билан Нюрнбергда кўришдик.
Аввал бошдан мен ўзимни айбли сеза бошладим, чунки у билан кўришганимиз ондан бошлаб, беҳаёларча қизни ўзимга қаратишга уриндим. Менинг ўрнимда бошқа киши бўлганда ҳам шундай қилган бўларди: келишган жононлар каби қиз мендан баландроқ, ҳаддан зиёд гўзал ва сарвқомат эди. Яна денг, у мен билан кўришгани келди. Айни пайтда мен бу қизни маликадай хаёл қилдим, ўзим эса сўлаги оқиб ётган оч бўридай бир алфозда эдим. Уятим ҳам қолмабди!
Уят-е, чунки бирдан барча ишимни унутиб, ақлу ҳушимдан айрилдим, фақат қизга қулоқ тутарканман, унинг нима деётганини тушунмай, ғунчадек лабларига ва унга уйғун равишда ёниб турган қароқларига суқланиб қараб турардим. Ҳатто қаерда турганимизни ҳам унутиб қўяёзибман.
18
Жумладан, мен рус роҳиби Ерем Валаамовни бутунлай ёдимдан чиқардим. Эртасига Фиона (Лукнинг маъшуқаси исми шундай эди) Уйғуристонга кетмай туриб, Лук ўтказган сўнгги тадқиқот хусусида сўзлар экан, мен бу ҳикоя Або Ефрем ҳақида эканилигини англай олмабман. Аслида ҳам шундай эди. Бу роҳиб диний юмуш билан Хитой ва Тибетга юборилгач, бунда маҳаллий роҳиб билан танишади ва уни православ насронийликка даъват этади. Тензиг Датсаонинг (роҳибнинг исми шундай эди) деярли Муқаддас Учликка эътиқодини ўзгартиришга муваффақ бўлинган маҳалда унинг қиёфадоши қадим китобларда ўқигани бир ҳикояни айтиб беради. Бир неча аср бурун насроний миссионери бу юртларга келиб, содда бир одамни учратади ва уни Худо ҳамда Унинг Самовий салтанатига ишонтира бошлайди. Содда киши Абадий Ҳаётга мушарраф бўлганига бир баҳя қолганда, бирдан айниб қолади, чунки, ўзининг айтишича, насронийликда отнинг сутидан тайёрланган қимиз ичиш маън этилгани ёдига тушиб қолади. Мен ҳам ўшанга ўхшадим, дейди роҳиб Тензиг. - Сизнинг динингизда ўлганлар руҳини озод қилишга рухсат берилмаган. Або Ефрем бу билан нима демоқчилигини сўраганда, у ўзидаги Муқаддас Китобни кўрсатиб, ундан бир неча оят ўқиб беради.
Роҳиб Ефрем Валаамов ўзи эшитган оятларнинг маъносига шу қадар қизиқиб қоладики, ҳаттоки нега бу юртларга келганини-да унутиб, роҳиб Тензиг ёрдамида ўша Муқаддас Китобни русчага ўгиришга тушади.
Ушбу ҳикоянинг Лук билан боғлиқ томони аниқ эсимда йўқ бўлса-да, кутилмаганда уни ўзим билан боғлиқлигини сездим: гўёки менинг ўлик руҳим янги бир ҳаётга ўрлаётгандай эди...
19
Ҳарқалай Фиона истаган одам мен эмас деб ўйлагандим, лекин аксинча мен унга керак бўлиб чиқдим. Буюк шоирлардан бири ёзганидек: «Мени мен истаган ўз суҳбатида аржуманд этмас, Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас». Биз Нюрнбергдан Бамбергга ўтишга келишдик, чунки мен унга ҳўв ғаройиб дарвишнинг Лукка бериб юборган Зевнинг кундалиги ҳақида гапирмоқчийдим. Тўғрисини айтсам, бу ўйлаб топганим бир тузоқ бўлиб, кундалик дафтар сумкамнинг ичида турган эди. Шунга қарамай, иложи борича самимий тарзда қизни таклиф этдим, гўёки кундалик мен биланми-йўқми эсимдан чиқаргандай эдим, бироқ, кўриб турганингиздай, ниятим бузуқ эди. Эсимда, ёшлигимизда оғайниларимдан бири кундалигини ўқишга рухсат беришини баҳона қилиб, университет қизларини йўлдан урарди. У биринчи ўлжасини қандай қилиб қўлга туширгани воқеаси бутун бир ҳикоятдир. Қисқаси мен ҳам ўшандай қилмоқчи бўлдим шекил. Лекин балки мен анча тажрибалироқ чиқдим чамаси. Нимага дейсизми? Майли, айтиб бера қолай. Ҳали Нюрнбергдалигимда собиқ Иезуит Институти Католик бўлимида қадимий қўлёзмалар устида ишлашимда яқиндан ёрдам берган ижара уйимнниг хўжайини ва дўстим касалхонага тушиб қолди денг. Ўша куни у уйимизнинг калитини ташлаб кетиш эсидан чиқибди. Шу боис биз Олмониянинг чеккароқдаги энг қадимий ва гўзал шаҳарчасидаги замонавий меъморчиликнинг ойнаси саналмиш кўп қаватли касалхонага боришга мажбур бўлдик.
Биламан, тил имкониятим Бамбергни тасвирлаб беришга ожизлик қилади, бас, шундай экан, уфқдаги тепаликлар ва Алтенберг минорасини нақадар жозибадор, гумбазнинг тўрт минораси антиқа, Мишелберг ибодатхонаси бирам фусункор, десам ишонаверинг. Дўстим ошқозон касали билан оғриб ётган клиниканинг ўн учинчи қавати ойнасидан бу манзара янада гўзал кўринади. Биз унга янги газеталарни қолдириб, калитни олиб чиқарканмиз, бирдан негадир юқорига кўтарилиб, Бамбергнинг кунботардаги қиёфасини томоша қилишни таклиф қилиб қолдим.
Фиона рози бўла қолди ва орқамдан юрди. Ёнғин пайтида чиқишга мўлжалланган бўм-бўш зинадан юқорига кўтарилаканмиз, иш вақти тугаганиданми ёки беморлар овқатланишаётганиданми, ҳарқалай атрофда ҳеч кимса кўринмас эди. Энг юқориги қаватда мен қизга ўзим ёқтирадиган жойни кўрсатдим. Биз ойнабанд деворга яқин келдик, лекин бир-биримизга янада яқин эдик, нафасимиздан тиниқ ойнани ҳам туман қоплади, кўзларим чақнаб, бир муддат жимликдан сўнг қизни ўпишдан бошқа яхши нарса топмадим. У қаршилик қилгани йўқ.
Айни пайтда елкамга осиғлиқ сумкам билан Фионага ёпишиб турганим жуда кулгили эканлигини тушундим. Ишонгим келмайди, наҳотки шу ишни қилган бўлсам: мен уни ўпдим, кўкракларини ва унинг учларини силадим (қўполлигим учун маъзур тутгайсиз, бу сўзларни шундай эшитганман), қўлларим янада нозик жойларга томон сирғалиб тушди, кўйлакларини юқорига кўтардим, бармоқларим иштони остида қолди ва ниҳоят елкамдаги сумкамдан қутулишга қарор қилдим, уни четга улоқтиргандим, бориб икки мармар зинанинг орасидаги тешикка бориб тушди, бироқ пастки қаватдаги ҳеч ким бизни сезмади. Қизнинг иштони жуда тор эди, айниқса, икки оёқлари ораси. Унинг баланд бўйи яна қўл келди, интим аъзоларимиз айни бир-бирининг қаршисига тўғри келди. Қиз иштонини пастроққа туширишимга рухсат берди ва мен энди ўзимни мутлақо тутиб туролмадим, унинг қайноқ лабларидан ақлимни йўқотдим. Яна қайтараман: шу ишни қилганимга ишонмаяпман, лекин клиниканинг зиналарида қуёшнинг сўнгги нурлари остида мен у билан қовушганим рост. Бироқ бундай ғайритабиий саргузаштдан хурсанд бўлишим керакми ёки хиёнаткорлигим ва телбалигим учун ўзимни айблашим лозимми, мутлақо билмасдим.
|