Кўк турклар асири. Ноуман Смайлз - 2 |
2 дан 8 сахифа
20Билга-хоқоннинг чодири атрофида тўққиз рангли чодир қад ростлади ва доно Тонгюқуқ қуролланган тилмочларига ишга керакли нарсаларни тайёрлашни буюрди. Хитой қоғози ва Сурия сиёҳи, Сўғдиёна шамлари-ю Форс патқаламлари барчаси дунёнинг тўрт бурчидан келган ажнабийлар учун тахт қилиб қўйилди. Ўз қарашларини тошларга ўйиб ёзишга одатланган турклар доно Тонгюқуқ билан ажнабийларнинг шошиб қолганларини кўриб, уларни мазах қилишди. Шунга қарамай, иш бошлаб юборилди. Ерта азонлаб қуёш даштлик четидаги Отукан ўрмони устида кўрина бошлаганда, Форсдан келган зардушт руҳоний Авестодан қўшиқлар куйлай бошлади, тибетлик Булен сирли зикрини айтишга тушди, Табғач генерали Ичи Лянг кунни жанговар санъати билан бошлади, Сўғддан келган шаҳзода ўтов ичидаги безакларга, қайрилма шохлару ипак баргларга қараб, чуқур тафаккур қилишга ўтирди. Тардуш Инончи Чўр дўмбирасини қўлига олганди, бутун даштлик бўйлаб шамолларни ёдга солувчи маҳзун наволар янгради, генераллар орасидаги биринчи несториялик насроний ва несториялик насронийлар орасидаги биринчи генерал, қилич ва ўқ-ёйдан бошқасини билмайдиган Удар-Сенгун Исо Масиҳнинг қиёфаси бўлмаган кичик хочга қараб, қўлларини бир-бирига қовуштирди, бу ерга Ибн-Қутайбанинг отларида келган Ислом динининг яширин билимдони, бухоролик шаҳзода Нянг-сянг эса Аллоҳга ибодат қилиш керакми-йўқми билмай, Конфутсия анъанасига содиқ Хитой Императори бундан хабар топишидан қўрқиб турарди... Фақат Ўн-ўқ тамғачилари, Макрач ва Ўғузгина Билга-хоқон ва унинг тилмочлари буйруғига қарамай, ухлаб ётишар, маҳаллий шомон Удегҳе уларнинг уйқуда учиб юрган руҳини сақлаб турар эди. 21 Асирнинг тушлари. Ўтган кеча Лига суянганим ҳолда, бир чақам ҳам йўқлигини билсам-да, бир неча йилдан буён давом этиб келаётган кечки курсларим учун пул тўлашим кераклиги ҳақида туш кўрибман. Деярли яланғоч ҳолда эдим, ички кийимимдан нимадир қидираётган кўринаман. Отини эсимдан чиқариб қўйганим ўгай отамнинг ҳовлисига яқин эшик қаршисида эшак миясини еб турган телбани учратдим, у менга ҳовли эгаси дўкондор экани ва ақлдан озганидан бери касал ҳолда ётишини айтди. Мен бу телбадан ўгай отамнинг исмини сўрашга ор қилиб, уни тушунган мисоли бошимни қимирлатиб қўйдим. Эшикни очиб, каттакон ҳовлига кўзим тушди, у қишлоқ спорт майдони ёнида экан, пахса девор уни очиқ ва ёниб кетган майдондан ажратиб турарди. Мен ўгай отамни чақирдим. Ҳовли тўрида ит эмас, нақ бир занжирбанд шер уйғониб кетди. Мен орқамга тисарилгандим, бироқ шерхон жим бўлиб қолди. Шу пайт эшик очилиб, ўгай отамнинг қораси кўринди. Бирдан шер эмас, балки бир гижинглаган от занжирларини узиб, худди тсирк саҳнасидаги каби ҳовли бўйлаб ёввойилардай чопа бошлади. Ўгай отам бир бақирган эди, орқасида ўғли пайдо бўлди. Лекин от ўз шижоатидан боши айланган дарвиш каби телбаларча югурарди. Мен унинг ўгай отам овозидан ёқимлироқ бўлган туёқ товушларини эшитдим. Уни тутмоқчи бўлиб қилинган барча ҳаракат зое кетди, ҳовлидаги тупроқ пахса деворлардаги чанг билан қоришиб, тўзон бу ақлсиз жониворнинг узун думи каби айланар эди. Ниҳоят, мустанг бу ҳалқадан чиқиб кетиш учун етарли куч тўплаб, бирданига қўшимча эшик қаршисида менга ҳужум қилишга қарор қилди. Мен дарҳол ҳимоя ҳолатига кирдим ва ўнг оёғимни унинг юзига томон кўтаргандим, у тўхтаб чунонам бир кишнадики, худди шу пайт ўгай отам уни тутиб олди. У бўралаб сўкар, «Кейинги сафар сениям мана бу ўлик эшакка ўхшаб таъзирингни бераман!» дея жигарранг териси тупроққа беланиб ётган эшакка ишора қилди. У мустангни жиловлади ва от олдинги оёқларига ётиб, бошини тупроққа қўйди. Умрим бино бўлиб бу жиловланган отнинг бошидан-да ғариб бир нарсани кўрган эмасман. Шундан сўнг ўгай отам олдимга келиб, кутилмаганда менга пул узатди: «Ма ол, кечки курсларингга тўларсан». Тавба, пулим йўқлигини қаердан билдийкин? Мен ҳеч нарса сўрамай, етарли пулим бор, дея уни қайтаришга тушдим, лекин отам мажбурлагач, пулни олдим ва «Синглимга бериб қўярман» дея пичирлаган бўлдим... Тонгга яқин Ли ҳаммаёқни тепиб, одатий каратесини бошлади, қўриқчиларимиздан бирининг муздай сувнинг устимиздан сепиб юборганидан, менинг уйқум ҳам бузилиб кетди. Томас Стернс Эллиот айтганидай: «Одам шарпаси келмай уйғотинг, сўнг чўкайлик»... 22 Ўтган давр ичида кашф этганим шу бўлдики, асирга тушиш курортда дам олган билан баб-баробар экан. Мен тушлар нуқтаи назаридан айтяпман. Қанча кўп роҳатлансангиз, шунча узоқ ўтмишдаги хотиротлар тушингизда намоён бўлади. Яшаб турган кунингизни-да тамоман унутиб қўясиз - гўёки руҳингиздаги энг яширин тугунларни ечиб юборадиган чуқур бир кечмишлар ичига шўнғигандай бўласиз. Ҳарқалай, менда шундай кечди. Мен Бамбергда Фиона билан қилган гуноҳимни эсладим. У билан кўчалар ва йўллар бўйлаб аксимизни гоҳ дўкон ойналарида, гоҳ дарёларда кўрганча пиёда юрганимиз, ҳаётнинг ўзи каби ноаниқ мавзуларда суҳбат қурганимиз, тез орада Зевнинг акаси икки ойча археология музейи аъзоси сифатида яшаб турган Кот-д-Азур томондаги Антибсга келиб қолганимиз ёдимга бир-бир кела бошлади. Тушимга нима кирганини англай олмасдим: қумли пляжлар, иссиқ денгиз, арзон ва мазали ресторанлар, Авлиё-Маргарет ва Авлиё-Ҳоноре деб аталмиш ёввойи оролларга саёҳатимиз, ёхуд жазирама тунлардаги тонг ва муҳаббат оралиғидаги орзуларим, қуёш тиғида чанг ва иссиқ тупроқ кечган болалик йилларим, ёхуд балки Ноам ҳар иккимизга айтиб берган тарихий ривоятлар, Фиона ҳақидаги хотиралар... Ака-укалар ўзларининг биродарликлари ҳақида болаликдан бўлак нимаям билишарди? Опа-сингиллар-чи? Деярли ҳеч нима. Биз Ноамга укасининиг кундалиги ҳақида оғиз очмадик. У Зев ошқозон касалидан чет элда вафот этган деб юраркан. Лекин мутахассис сифатида у бизга шундай бир нарсани сўзлаб бердики, бу Зевнинг бутун кундалигидан ҳам қимматлироқ эди. 23 «Аловуддин» ресторанида у бизга талабалик йиллари ҳақида гапириб берди. Ўша пайтларда у Қуддусда эмас, балки Ленинградда яшар, исми ҳам яширинча Ноам эмас, оддийгина Никита эди. Шунингдек, у Зев билан қондош бўлган. Отаси рус эди, шу боис унинг асрлар оша сайқаллашган, қадимий яҳудий қони алал-оқибат рус қонига аралашиб кетган ва бу Ноам ҳаётидаги барча муаммоларнинг сабабчисига айланди. Археология институтининг бешинчи курсида улар ёзги амалий дала ишини Монголия даштларида ўн-ўқ уруғига қарашли қадимги кишиларнинг қўрғонини кавлаш билан ўтказишади. У одамларнинг жанговар табиатини ҳисобга оладиган бўлсак, қабиланинг бундай номланиши у қадар ажабланарли эмас. Ўн ўқ бўлса бўпти-да. Гарчи Никитка мақтанчоқлигини тан олса-да, биз унинг уятчанлигини билардик. У дарҳол мавзуни йигирма йил аввалги Қуддус воқеаларига ўзгартирди. У ўша жойда топиб олган қўлёзма билан тилла шохни ўғирлади. Шох-ку бир нави, лекин у қўлёзманинг на баҳоси ва на маъносини биларди, магар у бир кунмас бир кун ушбу қўлёзма қайсидир институт жавонларида сарғайиб ётмасдан, ўз ўрнини топажагини ич-ичидан ҳис қиларди. Лекин Никита ҳозирча фақат тилла шохни қандай қилиб сотиш ҳақида бош қотирар ва ниҳоят баъзи ўртачи кишилар орқали уни Ленинграддаги бир араб консулига сотишга муваффақ бўлади. Фақат Исроилга кўчишга рухсат берилгандан сўнггина, у қимматбаҳо қўлёзмани қайта эсга олди ва уни ўрганишга киришди. Бунинг натижасида қилган кашфиёти қоғознинг материали баҳосидан минг карра қимматлироқ бўлиб чиқди. Ушбу қоғозда Аллоҳ Синойда Мусо алайҳиссаломга юборган Ўн Буйруқнинг нусхаси бор эди. Бу Ўн-Ўқ қабиласи дея номланувчи инсонлар тарихида мутлақо янги бир саҳифа очди. Профессор Ноам Шатский ўша қабиланинг номи Ўн-Ўқ эмас, балки Ўн Аҳд эканини исбот этди. 24 Бу кашфиёт Зевни усмонли турклар маданияти ҳақидаги изланишларини тўхтатиб, қадимги туркларни ўрганишга руҳлантирди. Шуларни айтар экан, Ноам Қуддусда кўрсатишга арзигулик бошқа нарсалар ҳам борлигига ишора қилди ва ишбилармон одам сифатида дарҳол иккимизни икки ойга «Турфа динлар Анжумани»га таклиф қилди. Мен дабдурустдан рози бўлишдан тийилиб турар, чунки сезишимча, у менинг ишимдан кўра Фионага кўпроқ қизиқиб қолганди. Фиона эса дарҳол рози бўлди. Бирдан кайфим учиб кетди, анча ўзимни йўқотиб қўяёздим: менинг рашким келар, лекин бу рашк бошқа бировнинг ёри учун эди. Одам қариганда шароитга нечоғли тез кўникиши мумкинлиги ажабланарли эмасми? Бир ой аввал ўлим билан олишиб юрувдим, ҳозир эса Фионани Қуддусга бормасликка қандай кўндириш мумкинлигини ўйлаяпман ва бунга фақат Ноам ҳам қизга ёқиб қолди шекил, дея ўйлаётганим сабабдир. Кейинроқ арзон «Тропико» меҳмонхонасидаги бир кишилик хонамизда мен қизга Зевнинг кундалигидаги қуйидаги парчани кўрсатдим: «Биз узоқ муддат хитойча мусиқа жўрлигида вино ичиб ўтирардик. Шиа Чанг билан бирга ўткзаётган вақтим анча ҳузурбахш эди. Лекин бирдан қизил куйлакли офитсиант олдимизга келиб, хонимнинг қулоғига нимадир дея пичирлади. Хоним хитойча жавоб бераркан, узр сўраб, бир муддатга мени тарк этишини айтди. Мен уни қанча кутиш лозим бўлса, шунча кутишга тайёрлигимни билдирдим. Бироқ ярим соатдаёқ зерика бошладим. Мени ёлғиз қўйишгани йўқ: қизил куйлакли офитсиант ҳар дақиқа бирор нима керакми, дея мўралаб турди. Бир сафар мен унинг исмини сўрадим. У Шиа Чангнинг укаси эканини айтди. Ундан мулойимлик билан қизнинг қаерга кетганини сўраганимда, у айни пайтда қизнинг бошқа мижоз олдига кетганини айтди. Ҳушим учиб кетди. ЙЎқ, бу йигитнинг одатий йўсинда гапираётганидан эмас, балки айни пайтда тушунишни истамаётганим нарсани англаганимдан шу ҳолга тушдим. Шиа Чанг чиндан ҳам фоҳиша экан! Мен эса у билан ишқий ўйинларга берилиб кетибман... Нақадар бачкана воқеа! 25 Бунга жавобан Фиона менга Лук ҳақида гапириб берди. Умуман олганда, унинг Кўк Турклари билан қизиқиши қўлёзмалар боисидан эмас, балки фақатгина ўша туркларнинг деярли барча динларга эътиқод қилганлари сабабидан эди. Лук турли динларни солиштирар экан, улар аввало тилни, кейинча инсоннинг менталитетини ўзгартириши фактини аниқлашга ҳаракат қилди. Унинг фикрига ёки ўзи айтганидай, «назария»сига кўра, дунёда яҳудий ва араблар каби «Худо танлаб олган» халқлар бор. Аллоҳ улар билан бевосита гаплашаверади. Қолганлар эса бошқаларнинг йўл-йўриғига «Худо унут» тиллари-ю ўй-фикрларини мослаштиришлари лозим. У бу назарияни деярли барча динларга эътиқод қилган қадимги турклар мисолида исботлашга қарор қилди. Турфа динларнинг «зуғуми» остида халқларнинг тили қанчалик ўзгарганини солиштириш мақсадида ишни турли муқаддас матнларнинг қадимги туркийча таржималарини тўплашдан бошлади. Бу борада ислом, насроний, буддист, Манихей ва шаманизмга оид матнларнинг инглизчасини осонгина топди-ю, бироқ унинг мақсади бу матнларни асл туркийдаги муқобиллари билан солиштиришдан иборат эди. Шу тариқа бир неча йилни қадимги туркчани ўрганишга сарфлади. Улар бир-бири билан танишишди. Фионанинг ота-боболари олтойлик бўлиб, у Лукка бувисидан қолган жуда кўп нақлларни айтиб берар ва фурсати билан Лук йўлиққан асосий муаммоларни таъкидлаб ўтарди. Лук таққослаш асосларини яхши билмасди. Барча муқаддас матнлар қачонлардир таржима қилинганди. Магар муқаддас турк тилининг «табиий», «нейтрал» ҳолати қандай эканини Лук билолмади. Қизнинг эртак ва афсоналари таъсири ўлароқ, у шуни кашф қилдики, қадимги туркларнинг қадим Худоси - Тангрига эътиқод қилувчи бир қатлам мавжуд бўлган. Шундан кейин у аста-секин Тангри деган сўз бор қўлёзмаларни излашга тушди. Шу йўсинда мен уни учратиб қолдим. Фиона менга Анғиз Ер тўғрисида гапириб берди, у Мовий Само Инсоният Ўғлонларига нимадир берганини айтганди (мен бунинг нелигини унутиб қўйдим), қисқа қилиб айтганда, бу бизнинг ўзаро муносабатимизда худди Ноамга ўхшаш бир нимадир эди ва шу боис мен чалғиб кетдим... Ўша пайт мен на Ўлик Шаҳардаги дарвиш ва на Урумчида қолдирганим плёнка ҳақида унга сўзладим, лекин шуни ҳис қилдимки, биз айни пайтда Лук билан бир томонда эдик. Мовий само ёрқин қуёшга ҳам, қора булутга ҳам бирдай тааллуқли бўлганидай, Лук номидан менинг рашким келиб турарди. 26 «Покиза жаннатий тартиб илмлари ичида мавжуд эканмиз, биз - икки асосий ва уч ўзгарувчан қоидалар - жаннатий борлиқнинг ёрқин асосини ва дўхахнинг зим-зиё тубини биламиз. Ҳали осмон ва ер мавжуд бўлмаган вақтда, нима бўлган дея, сўрарканмиз, раҳмоний ва шайтоний кучларнинг нима сабабдан тўқнаш келганини, ёруғлик ва зимистон кучларининг учрашганини, ёруғлик ва қоронғулик қандай қилиб бир-биридан ажратилганини ва ундан кейин нима бўлганини билардик... » Сўғднинг Манихей Шаҳзодаси ушбу парчани Берке тилмочга тушунтираман деб қийналиб кетди. Умри бино бўлиб Берке икки бора Хуросонни ишғол қилишга борганди ва гарчи у мақсадига эришолмаган бўлса ҳам, бир қанча асирларни қул қилиб оладики, уларнинг бари Отуканга боришдаги узоқ йўлда ҳалок бўлишади. Шу боисдан Берке Сўғд Шаҳзодасининг энг яхши тилмочи саналарди. У бир неча юз сўғдча сўзларни билар, лекин Мани динининг ҳамма учун ҳам тушунарли бўлмаган безакли ёзувлари мазмунини унга тушунтириб бериш осон иш эмасди. Ёруғлик ва қоронғулик ўртасидаги муносабатни унга қандай қилиб тушунтирса бўлади? Шаҳзода Мани динига эътиқод қилувчиларнинг ибодатномаси «Ҳуастуанифт»нинг энг осон парчасини тўғри таржима қилганига унчалик ишонмаётганди, шунинг учун ундан қайта-қайта ўгиришни сўрайверди. Беркенинг бунга сабри чидамади, жаҳли чиқди, лекин у Билга-хоқон ва унинг фаросатли маслаҳатчиси Тонгюқуқнинг дунёдаги энг ақлли сўзларни ҳузуримга келтиринг, деган буйруғини бажариши лозим эди. Мулойимлиги уни ушбу лаънати сўзни қайта таржима қилишга мажбур қилди, йўқса, бу йигит бир қилич зарби билан бошини танасидан жудо қилиши ҳеч гапмас. У «Тангри» деди ва осмонга ишора қилди, «ариғ» дея одам қандай қилиб қўл ювишини намойиш этди, сўнгра ўша сўзларни қайтариб, уларнинг биргаликда қўлланиши, яъни Аллоҳнинг поклиги маъносини айтди. Шундан кейин у эски асирларининг биридан илиб олган яна бир сўзни айтди - «номуғ» - «буйруқ». Ушбу сўз Шаҳзода тушуна оладиган ва роҳат қиладиган ягона сўз эди. «Мен биламан» - деди Берке сўғдчада. «Биз биламиз» дея тўғирлади уни Шаҳзода. Берке уни тушунди, бошини қимирлатиб, ўз тилида нимадир деди, лекин Шаҳзода Беркенинг «Биз биламиз» дедими ёки Шаҳзодага ишора қилиб «Сиз биласиз» дедими, тушунмай қолди. Шаҳзода икки бора уларнинг ҳаммалари билишига ишора қилди ва Билга-хон ва Тонгюқуқнинг номларини эслатди. Берке эса яна бошини қимирлатди - Худо билади нега - ва сўғд тилида «Яшасин» деди. Шаҳзода ҳозиргина эшитгани барча сўзларнинг маъносини чақишга уринди. Берке уни хурсанд қилишга ва бу қургур машғулотни тезроқ тугатишга интилди, қанийди ҳозирнинг ўзида очиқ саҳрога, боши оққан томонга қочиб қутула қолсайди... Бу каби ҳар хил ўйлар қуршовида иккилари ҳам Ўн-ўқ қабиласидан бўлган Макрач ва Ўғуз-Билганинг хохолаб кулаётганини эшитишди... 27 Фиона ҳақида ўйлаш учун вақтим етарли эди. У ақллилиги билан бошқа аёллардан фарқ қиларди. Мен ўзимни аёлга ўч одам деб ҳисоблашларини истамайман, лекин нимани назарда тутаётганимни тушунтириб берсам, мени тушунасиз, деб ўйлайман. Турк уруғларидан ташқари Фионанинг ўтмишда немисларга боғлиқ жиҳати ҳам бўлиб, ё бобоси, ё отаси немис бўлган. У фалсафий тафаккурни - мен билган аёллар орасида кам учрайдиган очиқлилик, самимийликни мерос қилиб олганди. Ҳа, менимча, аёлларнинг асосий кучи ақллиликда эмас ва Фиона туркларга хос ёввойилиги боис бундай тоифа яралмишларнинг энг яхши ва мулойим бир намунаси эди. Фақат, аввал айтганимдай, мен уни севишдан эмас, балки суқротона суҳбатлар қуриб ўтиришдан кўпроқ завқ олардим. У менга кўп нарсани ўргатди. Масалан, овчи ва унинг ўлжаси назариясини олайлик. У Лукни овчи, ўзини эса ҳайвон бўлганини айтади. Лук ҳаётида бир нарсани: ўз ўлжасини керакли маҳал ва айни жойида ушлашни яхши кўрарди. Фиона ҳам ҳар доим у ерда бўларди. Лекин отишдан аввалги айни сўнгги лаҳзада доимо ўққа учмасликнинг уддасидан чиқар ва овчи уни бошқа жой ва вақтда яна мўлжалга олишга уриниб кўрарди... Ҳозир эса Фиона уни пойлаб юрибди. У менга бутунлай бошқа бир ҳикояни сўзлаб берди. Биз Канн яқинидаги Авлиё Маргарет оролидаги арча бўйлари анқиб турган ўрмонда сайр қилиб юрардик, бирдан у қабртошига ўтириб, ўрхун ёзувларини қандай қилиб ўқишганини билиш-билмаслигимни сўради. «Роҳиб Ефрем Валаамовнинг дўсти рус сайёҳи Ядринтсев ўрхун тошларини топганда, нидерландиялик тилшунос Вилгелм Томсон («Мен уни биламан!») уларни суратга олиб, хитойча варианти билан солиштириб кўрди ва ундаги ўзига хосликларни ўргана бошлади. Энг аввал у Ўрхун тоши 38 та қайтариладиган турли хил ҳарфлардан иборатлигини аниқлади. Кейин у бу алифбода унли ҳарфлар борми-йўқлиги, агар бор бўлса, уларнинг қайси эканлиги устида иш олиб борди. Унинг фикрича, масалан, «х-у-х» ундош-унли-ундош кетма-кетлиги бўлиши мумкин ёки аксинча. Шу тарзда у бошқа тилшунослик қоидасига кўра унли товуш эканини билдирувчи бир неча белгиларни топди. Шу билан бир қаторда у бу унлиларнинг турли ундошлар билан боғланиш йўлларини излай бошлади. У топган қоидалар излаётган тилида унлилар уйғунлиги мавжуд эканига ишонч ҳосил қилдирди. Матндаги энг кўп қайтариладиган сўзларни таҳлил қилар экан, улардан бири икки унлили сўз эканини аниқлади, бу «Тангри» деган сўз эди. Иккинчи энг кўп ишлатилган ва хитойчага аслига яқин қилиб таржима қилинган сўз «Кюеҳ-ти-кин» бўлиб, узоқ ва оғир меҳнатдан сўнг Вилгелм Томсон бунинг ҳақиқий номини аниқлади: «Кул-Тегин» ёхуд Фаровонлик Шаҳзодаси. Ушбу сўзлар кўп фойдаланилган учинчи бир сўзни ўқиш имконини берди: «Турк». Шундай қилиб, «Тангри», «Кул-Тегин» ва «Турк» сўзлари тошдаги ўқилган биринчи сўзлар бўлди. Қандайдир рамзий маъно борга ўхшамаяптими?» Фиона ҳикоясини тўхтатиб, жилмайганча деди: «Баъзида шундай туюладики, гўёки мен ҳам бир унли товушман ва ҳаёт мени қоронғу ундошлар ичига пуфлаб туради»... 28 Бу Томсоннинг шарҳи тўғрисидаги ҳикоянинг сўнгги эмас эди. Фионанинг гапига қараганда, Або Ефрем - Ядринтсев шарҳнинг қиёсий усулини танқид қилган. У Кул-тегинга бағишланган бир хил тошдги туркий ва хитойча матнларнинг бошланишини бирлаштирди. Фиона ён дафтарчасини олиб, қуйидагиларни ўқиди: «Юқорида мовий осмон ва қуйида қўнғир ер яратилгач, уларнинг ўртасида инсон боласи вужудга келди». Енди хитойча муқобилини эшитинг: «Оҳ, осмон бунча мовий! Сенинг ҳимоянгда бўлмаган ҳеч бир нарса йўқ! Осмон ва инсонлар уларнинг орасига қўйилган ва коинот бир жинслидир... » Иккимиз ҳам бирданига хохолаб юбордик. Бошимиз устидаги қушлар бир чўчиб тушиб, ғалати овоз чиқарганча қоронғу дарахтзор томон учиб кетди. 29 Тан олишим керак, Фиона яқин кунлардаги ҳаётимнинг асосий ва энг илиқ хотираси бўлиб қолди мен учун. Бир-биримиз билан қанчалик осон топишган бўлсак, бир-биримизни шунчалик тез йўқотиб ҳам қўйдик. Аниқроғи, мен уни йўқотдим. Ҳаммаси аниқ, мен бу ерда ҳар бир нарсани аниқлашга, тартибга туширишга ва барча нарсадан мантиқ қидиришга уринмоқдаман, айниқса, ўйлаш учун фурсат бўлганда, яна шуни англадимки, ҳаёт у қадар ўткинчи нарса ҳам эмас экан. У лойга ўхшаб, истаган шаклга кира олади. Кунларнинг бирида эрталаб уйғониб қарасам, ёнимда Фиона йўқ. Миямга келган биринчи фикр шу бўлди: у Хитойда Лукни ташлаб кетганидай, мени ҳам ҳеч бир огоҳлантиришсиз қолдириб кетаверган. Доминик - биз турган меҳмонхона хўжайини қўли билан ишора қилиб «Хоним жуда эрта чиқиб кетди» деди. Ваҳима қилганим йўқ. Антибга бордим, шумшайиб қолгандай Пикассо музейида анча вақтимни ўтказдим, кимсасиз қирғоққа бордим, лекин кўнглим қайтариб бўлмас нимадир содир бўлганлигини сезарди. Одатга кўра, тушликка иккимизга ҳам ёқиб қолган мўъжазгина «Ла коте а л-ос» ресторанига келдим, бизни таниб қолган офитсиант «чиройли хоним тез орада келадими» дея сўраганди, унга жавобан қизил винодан кўпроқ келтиришни илтимос қилдим... У ўзи режалаштириб юргани - Монакога кетиб қолган, дея ишонишга уриндим, ақалли у Ноам билан бирга бўлиши керак, бироқ вақт ўтаверарди, ундан эса дарак бўлмади. Кот д-Азурда янгидан-янги баҳоналар ахтариб яна икки кун қолдим: у Лукнинг севгилиси бўлган, у мендан узунроқ эди ва иккимиз турганимизда жуда кулгили туюларди, унда Ноамга нисбатан «симпатия» уйғонди, бундан буён гуноҳим камроқ бўлар, ва ҳоказоларни ўйлаб ташладим. Бирдан, бор пулимни ишлатиб бўлганим эсимга тушди ва ҳеч бир умидсиз, йўловчи машиналарда саёҳат қилиб, Бамбергга қайтдим. Фиона айтганидай, учар унлиларнинг шаффофлигисиз, лойга қоришган ундошлар каби борардим... 30 Мен ҳамма нарсанинг бир сабаби бор-ку, дея ўйлашга ўрганганман. Агар ёр ташлаб кетса, драма бошланиши керак эди, бироқ менинг ҳолатимда бундай бўлмади, балки бу вақтнинг белгисидир: у қаерга келишни хоҳласа келарди, кимни ташлаб кетишни истаса, ташлаб кетаверарди. Икки ой бурун усиз ёлғиз, ўзим билан ўзим оввораи сарсон эдим. Икки ой ўтиб эса яна ўша ҳолга тушдим, яна бирор нарса қўшиладими, камаядими, мутлақо бехабар эканман. Алал-оқибат, бир пайтнинг ўзида ўша нимадир қўшилди ва яна кўздан ғойиб бўлди. Аввалги ишимни давом эттиришга уриниб кўрдим: Фионадан қолган қоғозлардан Валаамов, Ат-Тоҳарий ҳақида ўқидим, фақат ғалати тақдиримга сабабчи бўлган, дея Зевнинг кундалигига текканим йўқ. Аммо, асосан, уринишларим яқин кунлардаги ҳаётимнинг муҳофазасига қаратилганди. Бу орада Олмония ва Франтсиядаги турли таржима ва сайёҳлик компанияларига ўзимнинг Осиёнинг узоқ ўлкалари бўйлаб олиб юриш ва таништириш бўйича тажриба ва малакаларимни таклиф қилиб мактублар ёздим. Доимо нима биландир банд бўлишга интилдим. Балки сиз «синиш»нинг маъносини билмассиз, мен гўё узлатга чекиинаётгандай эдим. Ҳатто об-ҳаво ҳам менга қаршидай: ёғаётган ёмғир остимга, йўқ, устимга, янаям аниқроғи, вужудимни кесиб ёғарди. «Ёмғир шаҳарга эмас, кўнглимга ёғмоқда» дея унинг эски манзилига мактублар битдим, телефонини топишга уриндим, лекин ҳеч бири самара бермади: у жисму борлиғимдан бутунлай ғойиб бўлиб кетди. 31 Қитанлик Удар-сенгун, биринчи Нестория генерали, бошқа дипломатик-диний асирларга нисбатан яхшироқ шароитда яшарди. Гап шунда эдики, марҳум Шаҳзода Кул-Тегиннниг бениҳоя гўзал хотини Кўрк-хотин насроний динининг ишқибози эди. Узоқ йиллар аввал отасининг ўтов-қасрида ёшгина шоҳ қизи бўлиб юрган кунларда бир армани роҳибни кўрган, у тилла билан тикилган узун куйлак, қимматбаҳо тошлар ва товус пати билан безатилган ғаройиб тож кийиб олганди. Роҳибнинг бир қўлида оғир тилла хоч ва иккинчисида атир тўлдирилган идиш бор эди. Қиз отасининг олдида роҳиб ижро этган рангин ва мунгли қўшиқлардан шу қадар таъсирланганки, эртасигаёқ отасидан у билан кўришишга рухсат олган. Қиз роҳибнинг кулбасига бири боғдан, бири тоғдан келадиган саволларини уларнинг беўхшов қўпол тилларига таржима қилиб берадиган тилмоч билан қўшиб жўнатилади. У Биби Марям ва унинг одамлар учун азоб чеккан, бир кун қасос учун қайтиб келадиган ўғли ҳақидаги энг яхши ҳикояларни айтиб беради. Гарчи Кўрк хотин Биби Марям ҳақидаги гапларни тўлиқ тушунмаса ҳам, лекин унинг бир кун қайтиб келадиган қутқарувчи ўғли саҳровий кўнглини ишғол қилиб олганди. Тез орада ботир Шаҳзода Кул-Тегин номидан ўз отаси олдига қизининг қўлини сўраб совчилар келганда, чин ошиқ кўнгли билан ўша қутқарувчи ўғилдан совчи келганига ишонди. Магар энди ўз Қутқарувчисидан айрилгач, у қандайдир мўъжиза юз беришини кутар, бу гўё ҳалиги армани роҳибнинг қовушмаган тилмоч орқали унга ваъда берганига ўхшарди. Шу боис у бир хизматкорини насронийликда қандай янги нарса кутилаётгани тўғрисида бирор нарса билиб келиш учун Удар-сенгуннинг олдига юборади. Генерал жуда яхши, бироқ мураккаб бир шароитда эди. Аслида, художўйлигини ҳисобга олмаганда, у ҳақиқий насроний эмасди. Бахт унга кулиб боқди, чунки Қитан армиясининг масиҳий ғояларга бой бўлган бошлиғи агар ҳокимиятни қўлга киритишса, ўз ўрнига уни тайинлашга ваъда берди. Лекин ботир ва ақлли жангари Удар-сенгун ҳамма нарса унинг фойдасига ўзгариб кетганини сезди. Ягона муаммо кучларни бир жойга тўплаш ва уларни муҳим йўналишга солишдан иборат эди. У Кўрк-хотинга ўзи юборган хизматкор орқали хабар жўнатиб, Инжилнинг нусхаси кераклигини, уни кўк туркларининг каттакон салтанати чегарасида бирор роҳибгоҳнинг армани роҳибидан олиш мумкинлигини илова қилиб юборди. Қолган ишни ўз зиммасига олди. 32 Ли оз-моз франтсузча биларди. Умуман олганда, улар бир-биримиз билан суҳбатлашишга рухсат беришмасди, лекин жаноза ва ундан олдинги қонхўрликдан кейин ўзларини бизга яқин олиб, илиқ муносабатда бўла бошлашди. «Енди бизнинг тақдиримиз - бу сизнинг тақдирингиз» деди кунларнинг бирида жангарилар командири, Ли икковимиз эса бу гапнинг маъносини чақишга уриндик. Ё уларга нима бўлса, бизга ҳам ўша бўлади, ё улар ҳам биз каби асир бўладилар. Ҳарқалай, энди бизни илгаригидай қаттиқ қўриқламайдиган бўлишди, балки бизнинг қочишимиздан наф йўқ, ҳукумат тинимсиз равишда ҳаво кучлари билан зарба бериб турган бўлса, бундай шароитда қочиш асир ўтиришдан ҳам хавфли деб ўйлашган. Биз бирга шахмат ўйнашимиз, суҳбат қуришимиз мумкин эди, лекин бунда тансоқчиларимизга фикримизни синхроник таржима воситасида тушунтирардик. Иккимиз ҳам шароитдами ё командирлар тафаккуридами, қандайдир бир нохуш нарсани сезгандай бўлдик. Умримиз кутиш билан ўтди. Шукрки, вақти-вақти билан бўлиб турадиган бомбардимонлардан бошқа нарса содир бўлгани йўқ. Фақат командир ўзларининг аввалги ва ҳозирги юришларининг барча баённомасини инглиз ва хитой тилларига таржима қилишни илтимос қилгани ёмон бўлди. Улар бизга қалин дафтарларни тутқазишди, уларда метеоролог бўлган салафларимизнинг ҳавонинг даражаси ва музликлар ҳолати бўйича кузатувлари акс этган. Мен бу ёзувларни таржима қиларканман, улар аввалги ёзувлар каби қисқартирилган ҳолда бўлиши керак эди, шу боис номлар ҳам бош ҳарф билан ёзилмаган. Ли франтсузчада анча муваффақиятга эришиб, баъзи сўзларнниг маъносини мендан сўрарди. Ўзимни икки карра асирдай ҳис қила бошладим: биринчиси - жангарилар асири, иккинчиси - Лининг яхши ниятлари асири. 33 Ростини айтсам, Фиона ҳаётимни остин-устун қилиб ташлади. Уни деб ташлаб кетган тўгаракларимга ҳам боролмай қолдим. Бу дунёда нима ҳам қилардим? Ҳатто эслашга ҳам мадорим йўқ. Ўлимга маҳкум қилинганлигим тўғрисидаги фактнинг ҳам аҳамияти қолмади. Ким? Нима? Қачон? Қаерда? Нега? Бемаъни саволлар. Қудуққа зинама-зина тушиб бораётган кишини хаёлингизга келтиринг, у ё ҳаёт манбаига дуч келади, ё ўзининг қора аксига. Бир қалқиса, бу чуқур ва қоронғу сувга юмалаб тушади. Мен ҳам шундай бўлиб қолдим. Ҳар қадамимни эсга олишга уриндим: Лук-дарвиш-Зев-Валаамов-Ат-Тоҳарий-ноаниқлик...ва Фиона. Ҳофиз ёзганидек: «Ки ишқ осон намуд аввал вале афтод мушкилҳо... » Ҳаётимнинг охири ва янги муқаддимаси. Бошимга аввалгидан-да баттар нохушликлар ёғдираётгандайман, балки ўлимга маҳкумлик дегани шудир ва у аллақачон амалга ошириб бўлинган балки?! 34 Қудуқ ичидаги Юсуф ҳақидаги ҳикояни, ҳойнаҳой, эшитгансиз. Ўткинчи йўловчилар уни Мисрда қул қилиб сотиш учун сувидиш билан бирга қудуқдан тортиб олишади. Қудуқдаги кишандан қулликдаги кишанга. Шунга ўхшаб, «АМИП Олимпиа» деган бир франтсуз фирмаси мени собиқ совет Марказий Осиёсида съёмка қилишни мўлжаллаётган кино гуруҳига экскурсоводликка таклиф этди. Бу пайтда Фиона берган қоғозларнинг ярмини ўқиб бўлган, фикрлар қуршовида ақлдан озай деб қолган эдим. Шу боис, озроқ молиявий томонни ўйлаб, кўпроқ ўзимни асраб қолиш мақсадида бу ишга рози бўлдим. Ишимиз ҳақида кўп вайсаб ўтирмайман, у одатий бир нарса эди: бир жазоирлик ёки покистонлик кўзойнакли режиссёр ўз бошлиқларини турли маданиятга таалуқли одамлар гуруҳини, худо билади, қаёққадир юборишга кўндиради. Бунинг сабаби унинг чексиз нафси ёки баъзи ноаниқ оилавий можаролар, яъни уларнинг ота-боболари энг катта қитъанинг қоқ ўртасидан келганлари ҳақидаги масалага бориб тақаларди... Ва уларнинг ишлаган филмлари: гитарага ўхшаган чолғу асбоблари билан бузиб талқин этилган шарқона мусиқа, исломий дид ва ғарбона келажак, насиҳат ва эртак... ва даъво, даъво, даъво... Тўғрисини айтсам, бунақа янгилик-пангиликка ҳечам ҳушим йўқ, агар пул учун бўлмаганда, ўрислар айтганидай, бундайлар билан кенг далада ҳожат учун ҳам бирга ўтирмаган бўлардим. Улар гўшингни қийма-қийма, суягингни майда-майда қилади, қонингни томчи-томчилаб ичади ва ниҳоят кулингни бир қошиққа олиб, бутун дунё бўйлаб янгилик сифатида ёйиб юради... Юрагимнинг уриши уларнинг зилзиласидан минг карра қадрлироқ мен учун. Келинг унутайлик шуларни. Сизга тасвирлаб бермоқчи бўлганим бу кузги саҳро: елкаларида зил-замбил осмонни кўтариб турган шамолли чексиз ер юзаси. Бошқа ҳеч нарса. Ва бу икки вертикалликни бир-бири билан боғлаб турган ягона нарса - Инсон боласи. Ҳаётимда биринчи бор кўнгил ва фикрга мос икки бўшлиқ қандай қилиб бу қадар ширин ёлғизликни келтириб чиқара олганлигини ҳис этдим. ЙЎқлик. Кераксизлик. Оввораи сарсонлик ва руҳнинг шамоли... 35 Доно Тонгюқуқ даштнинг ўртасида умрининг 86 кузида туриб эди. Қуёш уфқда сўниб борар, қизғишликнинг сўнгги тилчаларигина қолган эди. Ҳаёт шундай кечарди. У вақтдан ютдими-йўқми, барибир ҳаёт охирлаб борарди. Кўк Турклари унга «Тулки овчиси» деб лақаб қўйиб олишганди, чунки у энг ақлли ва айёр душмандан ҳам оқилроқ ва уддабурророқ эди. Туркларнинг Кўк Турклари дея ном қозонишларига ҳам у сабабчи бўлган. У Хитойда туғилган ва шу ерда катта бўлган. Шу боис у Ўрта Қиролликнинг урф-одатларини, яшаш тарзини ҳаммадан яхши биларди. У нафақат мамлакат, балки ҳар бир фуқаро чегарасини ҳам қойилмақом ўзлаштирганди. Магар Тонгюқуқнинг саҳровий қони энди буларга бефарқдай эди. Унинг чегараси уфқдан пастга оғган, ҳаёт йўли бетўхтов ва унинг ўзи мусаффолик келтирувчи саҳро шамолидай барчага бирдай очиқ эди. Турклар ўзларининг ўлдирилгани, вайрон этилгани, деярли йўқ қилиб юборилаёзганини унутмадиларми? Улардан сўнгги етти юз киши ўрмонларда тентираб юрганида, мана шу Доно Тонгюқуқ уларни бирлаштирган ва Элтуришни хоқон ёхуд туркларнинг хони этиб тайинлашга қарор қилган. Лекин бу ишда у: агар бўлажак хоқон ҳўкизнинг қай бири ориғу, қай бири семиз эканини билмаса, у хоқон бўлиши керакми, дея иккиланади. У бир оз ўйланиб туради ва шунга қарор қилади: Тангри унга ақлу заковат берибдими, у Элтуришни хоқон ва ўзини вазир этиб тайинлажак. Шундан бери у тунлар мижжа қоққани йўқ, кунлар эса кайфу сафога берилмади. Ориқ шохни эгиш осон бўлади. Мулойим нарсани синдириш ҳам осон дейишади. Лекин агар ориқ нарса кейинчалик қалинлашиб кетса, уни букиш қийин бўлади. Мулойим нарса қўполлашса, уни синдириш қийин дейишади. Шундай қилиб, у туркларни бир жойга тўплади ва турк хоқони билан бирга Отукан ўрмонига бошлаб борди. Тунлар бедор, кунлар роҳатсиз, қизил қонини оқизган ва қора терга ботган ҳолда ўн етти бор хитойликларга, етти бора қитанларга, беш марта ўғузларга қарши кураш олиб борди. У туркий қавмларни узоқ юришларга жўнатди ва улар жангу жадаллар натижасида сон-саноқсиз тилла, кумуш, гўзал қиз ва бевалар, ўркачли туялар билан уйга қайтишди. У на бирор душманга Кўк Турклари орасидан қутулиб кетишига ва на бирор ёввойи отнинг бетизгин кетишига йўл берарди. Мана ҳозир унинг шарофати билан Кўк Турклари дунёнинг Тўрт Бурчида ҳокимлик қилишмоқда. Агар у ғолиб бўлмаганда эди, на давлат ва на халқ бўлган бўлур эди. Унинг муваффақияти туфайли Кўк Турклари гуллаб яшнагандан яшнайверди. Мана энди у қариб қолди, йиллар мадорини қуритди, энди ўзининг шарафли ғалабаларини эмас, балки оғриқли яраларини санайди, холос. Қачонлардир Элтириш-хоқон тириклигида Тонгюқуқ Ўн-ўқ қабиласига қарши юришга чиққан. Ўшанда у одатий услубларидан шундай хулоса чиқарганди: душман нимани ният қилган бўлса, ўшани қил, фақат ундан олдинроқ. Шу пайт хоқон тарафдан бир жосус келган ва «ҳеч қаёққа жилинмасин!» деган буйруқ келтирган. Лекин Тонгюқуққа хоқоннинг бошқа қўмондонларга хабар юборганини айтишади: Доно Тонгюқуқ золим ва маккор. Унга эргаша кўрманг! У билан бирор масалада сулҳ ҳам тузмангиз! Лекин Тонгюқуқ ўз қарорида қатъий эди ва улар ҳеч бир сўқмоқсиз Олтой тоғига тирмашишади, ҳеч бир кечув жойи бўлмаган Ертиш дарёсидан кесиб ўтишади, жанг қилиб, Ўн-ўқ қабиласини батамом тор-мор этишади. Елтириш-хоқон ўлганда, унинг атрофидагиларнинг бари қони қайнаб турган Кул-Тегин томонидан қатл этилган. У ўз иниси Билгани ҳокимият тепасига кўтариб, уни хоқон деб эълон қилган. Доно Тонгюқуқ буни олдиндан сезганди. Шу сабабдан ҳали шаҳзодалигидаёқ қизи Побекани Билгага никоҳлаб беради. Гарчи бошида бир оз хижолат қилган бўлса-да, кейинчалик куёви Билга-хоқон уни ўзига вазир қилиб олади. ЙЎқ, биргина ёш Кул-Тегиннинг қайноқ қиличи эмас, балки кекса Тонгюқуқнинг ёрқин ақлу заковати Турк давлатини ҳозиргидай кучли ва енгилмас айлади... Ҳозир эса у яна ёлғиз. Тарозининг икинчи палласи ҳам оғиб кетди. Кул-Тегин ўлди, доно Тонгюқуқ эса ўзини бўрининг тилларанг боши тасвирланган байроқ остида одамларни бирлаштирган ботир бўридай сезмаяпти, йўқ, қайтанга у ўз ўқидан азоб кўрган қари мазлум каби бўлиб қолганди. У Билга-хоқоннниг энг охирги қарори - дунёдаги жамики динларни бирлаштириш ҳақида ўйларди. Бир неча йил аввал, худди шу Билга-хоқон ўзини бошқа Хитой Императори дея даъво қилишга қарор қилганида ва бутун даштни Буюк Девор билан ўраб олиш ҳамда Будда ва Лао-Сзига бағишланган ибодатхоналарни барпо қилишни ният қилганида, ўз куёвига шундай деган эди: «Кўк Турклари хитойлик эмаслар, улар ўт ва сувга эътиқод қилиб, фақат ҳарбий ишлар билан машғулдирлар. Улар кучли бўлган маҳалда зафар учун олға интилишади, агар заифликларини сезишса, катта йўқотишларга йўлиқмаслик учун ортга чекинишади. Қолаверса, Будда ва Лао-Сзининг таълимотлари одамларни урушқоқ ва кучли эмас, балки шафқатли ва заиф қилиб қўяди.» Ҳозир гап фақат Будда ёки Лао-Сзи ҳақида эмас, балки жиддийроқ нарса устида кетяпти. Тулки Овчиси ушбу фурсатда ҳам бутун умр бўйи эришгани каби муваффақиятга еришадими? Кўк-қора осмонда юз минг туманлари билан кўринган ҳилол сўнгги қилич мисол чархланиб турарди. 36 Таажжубки, Лук билан Фиона икки йил аввал айни бир жойда бўлишганди. Мен Ўрта Осиёни назарда тутяпман. Лекин менга ўхшаб, интервю уюштириш, вақт ва тўловларни назорат қилиш, режиссёр ва суҳбатдош оғзидан чиқаётган ҳар бир сўзни таржима қилиш билан шуғулланишмаган улар. Лук одатий иши - кўчманчи ва ўтроқ аҳолига хос одатларни бир-бири билан солиштириш билан банд бўлган. У кўчманчилар ва ўтроқ аҳоли тафаккуридаги фарқларни кўрсатиб ўтган бир муаллифнинг «ЙЎл ва мақом» мақоласидан мисоллар келтиради. Ўша муаллифнинг айтишича, маҳаллий ўтроқ аҳоли шеърият деганда аёлларга муҳаббатни тушунган, кўчманчиларнинг шеърияти эса биродарларча севгидан иборат эди. Мисол тариқасида у Билга-хоқоннинг марҳум биродари Кул-Тегин вафотига бағишлаган аза қўшиғини келтиради. «Ёшгина укам Кул-Тегин ўлди, мен унга аза тутаман. Кўрар кўзим ожиз, билар илмим нотаниш бўлди. Ўзим андуҳ ичраман. Худо вақтни Инсон боласи ўлиши учун яратадими? Мен чуқур қайғудаман. Кўзимга ёш келганда, кўнглимга ғам инганда, ёндим, азобландим. Қайғуга ботиб ўйладимки, икки шаҳзода ва ёшгина укамнинг, ўғилларимнинг, қўмондонларим ва халқимнинг кўзу қошларига йиғидан зиён етгай». Мен эса ўзимга қандай шеърият ёқишини жуда яхши билардим. 37 Мен мақола муаллифи бўлмиш аллақайси муаллифни топишга ҳаракат қилдим, бироқ уни қувғинда, деб айтишди. Ҳақиқатда ҳам ушбу оддий далил съёмка орасида мени изланишни қайтадан бошлашга мажбур қилган бўлиши мумкин. Алалоқибат - мен воқеалар нуқтаи назаридан айтяпман - Турфанга Шиа Чанг оиласини кўргани бориш кутилмаган нарса бўлди. Бу ҳақда аввалроқ айтган эдим. Яна турли хил ёзувлар, шифрланган, яъни кўплаб қисқартиришлар билан ёзилган матн (масалан,, Ф.Ефр. учрашди 1.т. Тенз. ўзининг кўпл. ва дек...) бор эди, лекин унда нима дейилганини аниқлашга муваффақ бўлдим. «Роҳиб Валаамов ўлимига сабаб бўлган ҳолатни аниқладим. Бу таажжублаанарли бир ҳикоядир. Мисрликларнинг Ўликлар китобидан ташқари тибетликларнинг ҳам айни шундай китоби борлигини Тенгиз Датсаодан ўргангач, буларни қиёслашга киришган. Аниқроғи Тензигни ўз жойида сўнгги бор учратган киши Або Ефрем бўлиб, у узоқ Тибет сафаридан кейин турли эътиқодлар ва Ҳотандаги ҳаётни бир-бири билан солиштиришга уриниб кўришни таклиф қилган. Икки роҳиб бир қаландарга дуч келишади. У «Оч юзим, ғассол, бу дам, Ёруғ жаҳонни бир кўрай» дея қўшиқ куйларди. Улар қаландарга эргашадилар ва у қабристонга бошлаб боради. Ўзи яшашга одатланган кечки бўм-бўш қабристонда қаландар бир қабртошига ўтириб, камтаргина кечки овқатга - ҳалиги қўшиғини айтиб топган бор-будига таклиф этади. Роҳиб Валаамов ўз мақсадларини айтади. Қаландар хуржунидан дўмбирасини олиб, қўшиқ айта бошлайди. У мунгли бир товушда узун ҳикояни куйлар экан, баъзи ўринларни айтиб бериш учун ўқтин-ўқтин тўхтаб қўярди. У Ер-Туштук деган қаҳрамон ҳақида куйлар, бу қаҳрамон эса ўзининг сеҳргар хотинини излаб, ернинг энг чекка бурчигача борган ва у ерда еростидаги қандайдир бир салтанатнинг эшигига яқинлашади. У бу эшикдан кириб, Қиролликнинг биринчи қатламида кўради ўзини . Қари кампир қиёфасидаги ялмоғиз уни кутиб турарди. Йигит унга салом беради. «Саломинг бўлмаганда икки ямлаб бир ютардим», дейди ялмоғиз. Йигит унга ўз упаси, тароғи ва ойнасинигина ташлаб кетган сеҳргар хотинини излаб юрганини айтади. Қари ялмоғиз бу нотаниш кишининг сўзига қулоқ солмас, уни қандай пишириб ейишни ўйларди. У йигитдан кўпроқ ўтин келтиргунича каттакон қозон тагидаги оловга қараб туришни сўрайди. Ер-Туштук ҳаёти хавф остидалигини сезиб, қочишга қарор қилади. Кампир унинг қочаётганини сезиб, ортидан қувади. Етай-етай деганда, йигитнинг қўлидаги упа тушиб кетиб, улар ўртасида ҳайҳотдай саҳро пайдо бўлади. Шу тариқа йигит ер остининг иккинчи қатламига тушиб қолади. Бирдан ўткир шохли ҳўкиз таъқиб қилаётганини сезади. Ҳўкиз энди шохига илинтириб тепага кўтараман деганда, йигит қўлидаги тароқни ерга ташлайди ва ўртада қалин, қоронғу ўрмон пайдо бўлади. Ер-Туштук кейинги қатламда кўради ўзини. Бу ерда аждаҳодай баҳайбат илон уни тишламоқчи бўлганда, ойнани ерга ташлайди ва ўртада чексиз кўл ҳосил бўлиб, йигитни ҳужумдан асрайди. Ерости Қироллигидаги уч қатламдан ўтаркан, Ер-Туштук қизил буғулар тўдасига учрайди ва қўрқиб турганига қарамай, буғулар унинг чуқурроқ қатламга тушишига ёрдам беради. Сўнгра Қора Тулки ўзининг изини ва бутун танасини Қора Тунда яшириб, йигитни у ерда ёлғиз ташлаб кетади. Ниҳоят, Ер-Туштук энг сўнгги тоғнинг чўққисида бир ғорни кўради, у ерда Тепакўз йигитнинг йўқолган сеҳргар хотинини ушлаб турарди... Зев ёзмишларининг биринчи қисми шу ерда қирқилган ва мен иккинчи қисмни ўқиш орзусида сабр қилолмасдим. Билмадим, Зев нимани назарда тутган экан, лекин Ер-Туштукнинг табиатини ўзимда акс эттириб кўрдим. Қатлам кетидан қатлам, мен одатий заминий ҳаётимдан сояларнинг зимистон дунёсига тушиб кетгандай эдим. Фақат кимни излаб? 38 Мен ҳатто ўша гуруҳ ичида репортёр бўлиб юрганимни ҳам эслашни истамайман. Яна, режиссёр худди ўз Инжилини сақлагандай авайлаб юрган «Дунё бир кун ичида» китобини ҳам умуман ёдга олмасам дейман. Бир куни иш жадвалини излаётиб, стол устида очиқ ҳолда турган ўша китобга кўзим тушди ва қизиққонлигим боис ундаги сариқлик тўла майдон суратига кўзим тушди. Унда тушунтирилишича, бир кун ичида инсоният чиқарадиган чиқинди Луизиана стадионини 19 метр чуқурликда кўмиши мумкин экан. Юқорида барча одамнинг олтита контейнерга юк бўлган чиқиндиси бор эди. Ҳайратда қолдим. ЙЎқ, ўлчовларни деб эмас... билмайман нимага. Кейинроқ баъзи таҳлиллардан сўнг ақалли икки сабаб борлигини тушундим: биринчиси - инсониятга био-масса сифатида қараш, иккинчиси - ўша био-масанинг бир қисми сифатида ҳар бир инсон, ўзимни ҳам ҳисоблаганда, бу фактдан жуда хафа бўлган бўларди. Инсон зоти борки ўз шахсиятини, яъни ўз чиқиндиси, сийдигини ҳимоя қилишга интилади. Умуман биз киммиз? Катта-катта майдонларни ўз чиқиндилари билан булғовчи, учта Ню-Ёркка тенг бинодаги нонни еб ташлайдиган ва оби манийлари билан бутун галактикани бойитадиганларми? Киммиз ўзи? Яхши-ёмон, катта-кичик, баланд-пастни барбод қилувчиларми? Киммиз? Бизнес картамизда ёхуд газета сарлавҳасидагидай гўнг устида ўрмалаётган қуртлармизми?.. Киммиз ахир? Матлуботнинг қули, ҳар беш йил, йил, олти ой, бир ой, икки ҳафта, бир ҳафта, ҳар сония нафси ҳакалак отганларми ё? Ким, ким? Дўзах деб аталмиш майдонни еганларини қусиб тўлдирадиганларми?.. 39 Метеорология марказида ўйга берилиб ўтирган эдим, бирдан жангарилар жаримизнинг шундоққина оғзида ҳужум қилишга қарор қилишса бўладими. Ўтган кеча улар буни биздан сир тутишмаган, бизни ўзларига қарашли кишилар деб ҳисоблашар ва хавфсизлигимиз билан ҳам қизиқмай қўйишди. Бироқ улар бу борада хато кетдиларки, бизнинг борлигимиз учун ҳам қарши тараф музокарага рози бўлади деб ўйлашганди. Улар бизни хавфсиз йўлак ёки бўлмаса ақалли бу ерда қишлаш учун озиқ-овқат заҳирасига сотмоқчи эдилар. Эшитишимча, улардаги озиқ-овқат камайган, шу боис Ли икковимиз улар учун кераксиз нарсага айланганмиз, биздан қутилиш осон эмас, улар билан қолишимиз ҳам бир тийин фойда келтирмасди. Шунда мен бизни отиб ўлдиришлари ҳам мумкин, деган ўйга бордим, чунки вазият тобора кескинлашиб борарди. Улар ҳужум қилиш ё музокарага чиқиш устида баҳслашишарди. Қўмондонлардан бири бошқасини қўрқоқликда айблаганди, икинчиси бизга шундай ғазаб билан қарадики, гўёки уларнинг тортишувига биз сабабчи бўлгандек. Лекин мен бошқа бир нарсадан қўрқаётгандим: биз унинг заифлигига гувоҳ бўлдик ва жангарилар (фақат улар эмас) буни осонгина эсдан чиқаришмайди. Бироқ кейинги кун кечқурун ноҳақ эканимни англадим. Ертанги кун, бомдод намозидан кейин, жуда эрта бошланди. Жангарилар қуролларини олиб, бизни ҳеч бир соқчисиз бошпанамизда қолдиришди. Ҳатто бир-биримизга боғлаб ҳам қўйишмади. Лини билмадим-у, лекин мен ўзимни анча хўрлангандай ҳис этдим. Улар бизни бир уюм ахлат каби ҳеч бир гап-сўзсиз ташлаб кетишди. Улар билан бир ойдан ошиқ бирга бўлдик, ҳамма нарсани бирга бўлишдик, ўлим олдида теппа-тенг турдик ва ниҳоят улар бизни бу ерда унутиб қолдиришди... Қуёш кўтарилиб, тонгги шабада милтиқларнинг аниқ-тиниқ овозини келтирди. Ҳеч бир сабабсиз Ли икимиз ўрнимиздан ирғиб туриб метеорологик минора ўрнатилган платформа томон югурдик. Совуқ қояларга тирмашиб, торгина ғорнинг оғзини, бир неча танк ва зирҳли машиналар тоғларга қарата ўт очаётганини ва қоялар ортига бекинаётган жангариларнинг кичкина жуссаларини кўрдик. Танклар яқинлашиб келар ва биз турган жой жангни кузатиш учун жуда қулай эди. Ли, имкониятдан фойдаланиб, ҳукумат кучларига бизнинг у ердалигимизни билдириш учун сигнал беради, деб ўйлагандим, йўқ, у чурқ этмай турди. Қизиқ, ҳаётимда биринчи марта ҳақиқий урушни кўриб турган бўлсам-да, лекин аввалги бомба тушишлари сабабми ё ўлим барчамизга яқин бўлиб қолгани учунми, бу ерда ўзимни анча эркин тутдим. Пастда кечаётган уруш қуёшли кун, мусаффо осмон ва осуда табиат туфайли қандайдир беўхшов кўринарди. Шундан сўнг кутилмаган воқеа содир бўлди: зирҳли машиналар тор йўлакнинг оғзига яқин келганда, кечаги ваҳший қўмондон жангнинг барча қонун-қоидасини бузиб, танкнинг олд томонига ўтди-да, уни граната отиб портлатиб юборди. Унинг гуруҳидаги беш нафар жангари ортидан юриб, ёнаётган танкдан қочаётган жангариларни ўққа тута бошлади. Бироқ бошқа томондан учиб келган олов рақибини ер тишлатди. Снайперлар ҳар томонда бекиниб туришганди. Турган жойимдан ирғиб туриб, қочишимдан аввал кўрганим шу эдики, учиб келган граната снайперлар яширинган жойга келиб, у ернинг кулини кўкка совурди. Ли иккимиз қалтираб қолдик. Қўрқув, ҳаяжон, музлаш -билмайман. Балки буларнинг бари. Биз бу жарликдан қочиб кетолмасдик - пастда урушаётган жангарилар, юқорида - сокин музликлар ва уйимиз - метеор марказ эса ўртада. Биз орқага, уй томонга юришга қарор қилдик. Жангарилар анча кеч қайтишди. Ёвуз қўмондонимиз улар орасида кўринмасди. Билдикки, у ҳалок бўлган. Унинг кечаги рақиби йиғлар, қўлида илма-тешик бўлиб кетган Қуръон нусхаси бор эди. Китоб ичидан марҳум қўмондоннинг қизи ёзган мактубни олди. Бола қўли билан чизилган палма дарахтининг расмини ҳам ўқ тешиб ўтганди. Бир кун олдинги шубҳам учун ўзимни жуда ёмон ҳис қилдим ва қайғуга ботдим. Барибир, ўша маҳал ҳам улар бизни тирик қолдиришди. |
Адабиётшунослик
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
СюжетСюжет (фр. sujet — предмет) — адабиёт, драматургия, театр, кино... |
Она фидоийлиги ҳақида бир асарXIX аср охири ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг бир қисмини... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |