Facebook
Уй бино айлаб ажабтур... PDF Босма E-mail

...Дунёни манфаат бошқаради, деган гап куни кеча пайдо бўлган эмас. Инсон зоти борки, манфаат ҳақида ўйлайди, фойдани кўзлаб ишлайди, ҳаракат қилади. Аслини олганда, манфаат салбий тушунча эмас. “Ҳайрат ул-аброр”да иқтибос қилинган ҳадиси шарифда ҳам “Инсонларнинг энг яхшиси – одамларга фойдаси тегадиган кишидир”, дейилган. Лекин нима у – манфаат – бировлар ҳисобидан чўнтак қаппайтириш, кўнгилнинг ҳавойи истакларини амалга ошириш учун юзлаб кишиларнинг ёстиғини қуритишми ёки  эл манфаатини кўзлаб меҳнат қилиш ва шу тариқа икки дунё саодатига эришишми? Жавоб беришда одатда саволнинг иккинчи қисми тасдиқланади, аммо асрлар давомида саволнинг биринчи қисми кўпчиликнинг ҳаёт мазмунига айланганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бугун ер юзида олти миллиарддан ортиқ одам яшайди.  Уларнинг ичидан иккинчи Суқрот, Афлотун, Хайём, Яссавий, Навоий ва Бобурни топиш қийин, аммо юзлаб неронлар, цезарлар, чингизхонлар ёвуз ниятларини амалга ошириш учун пайт пойлаб юришибди... Адабиёт пайдо бўлганидан бери одамларни адолатга, инсоф-диёнатга, эзгуликка хизмат қиладиган улуғ ишларга даъват этади, аммо афсуски, буни эшитадиган қулоқ, эътибор кўзи кам топилади. Қанийди, инсон боласи ўткинчи дунёвий манфаатлар аслида кони зарар эканлигини англаса, Ҳазрат Навоийнинг ушбу байтини ҳаётий принципига айлантирса:

Даҳр судидин тамаъ узким, зиёне беш эмас,
Умрни тутқил ғаниматким, замоне беш эмас.

Бозор – манфаат уяси. Бозорда икки тоифа– сотувчи ва харидор суд-фойда топиш учун ўз молини ўтказиш билан овора. Дунё ҳам ўз моҳиятига кўра, бозорга ўхшайди. Бунда ҳам, замондош шоиримиз айтганидек, “молим ёмон, деган бирор кимсани” топиш амримаҳол. Бугунги  дунё бозори ҳам, бозор дунёси ҳам Ҳазрат Навоий яшаган даврдан бирмунча фарқ қилади. Лекин моҳият ўзгаргани йўқ. Ҳали ҳам бу бозорда оқиллар ва ғофиллар ўз ақлларига яраша  керакли кўринган нарсаларни қўлга киритиш илинжида энг азиз сарват – умрларини харж қилмоқдалар. Ҳали ҳам ғофил киши бир кун келиб, бу бозорни тарк этишга мажбур эканлигини унутиб, ўзини мезбон сифатида тутмоқда:

Уй бино айлаб ажабтур элни меҳмон айламак,
Улки бу уй ичра беш кун меҳмоне беш эмас.

Юқоридаги байтда “беш кун” ва “беш эмас” ибораларидаги сўз ўйини – тажнис санъати алоҳида диққат талаб қилади. Бунда шоир “беш” сўзининг форсий ва туркий маъносини қўллаб, ўқувчи тасаввурини  маъно-моҳият сари ҳаракатлантиради ва қалбда кечинмалар тўлқинини жунбушга келтиради. Бунинг натижаси ўлароқ, “беш кун” ибораси ўқувчини теранроқ мулоҳаза қилишга, тафаккур қилишга чорлайди. Чунки, сўзамоллик ҳали шоирлик белгиси эмас. Тасвир ва баённинг зоҳирий гўзаллигини ўйлаб, маъно юкидан озод сўзларнинг оҳангдорлигига қараб шеърда жойлаштириш Навоийдек тасаввури дақиқ шоир учун мутлақо ёт ҳодиса. Шунинг учун, мумтоз шеъриятида қўлланилган ҳар бир тимсол, ҳар бир сўзнинг тарихий тадрижи ҳақида маълумот тўплаш, таҳлил қилиш ва муайян шеърга татбиқ эта билиш – тадқиқотчининг бирламчи вазифаларидандир.
Марҳум Бертельсдан бошлаб, барча  навоийшунослар  “Алишер Навоийни англаш учун, энг аввало, у ўқиб-истифода қилган китобларни ўрганиш керак”, деган фикрни тасдиқлайдилар, аммо, афсуски, бу ҳақиқатга ҳамма вақт ҳам риоя қилинмайди. Навоий шеърлари таҳлилига бағишланган мақолалардаги иқтибос ва далиллар  ҳам асосан ХV асрдан кейинги (Ғарб олимларининг фикрларини ҳам шу қаторга киритиш мумкин) манбалардан олинади. Негадир Ҳазрат Навоий даврларигача бўлган адабий-тарихий, диний-фалсафий, тасаввуфий-ирфоний манбалар унчалик муомалага киритилмаган. Навоий шеърини таҳлил қилишда унинг маънавий устозлари – Ҳофиз Шерозий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий шеърияти, шунингдек, Мавлоно Жомий ҳузурида “таълим йўсуни ва муқобала усулида” таълим олган, айримларининг номлари “Хамсат ул-мутаҳайирин”да қайд қилинган адабий-ирфоний асарлар бирламчи манба вазифасини ўташи лозим. Ўшанда байтларнинг замирида етти қават пардага ўралган маъно гўзалликларини инкишоф этиш натижаси ўлароқ қалб ороми, ички руҳий қониқишга муяссар бўламиз. Акс ҳолда, таҳлилларда фикрий турғунлик, бир-бирини такрорлаш офатидан қутулмоқ имконсиз бўлиб қолади.
“Беш кун” ибораси Навоийдан олдин ҳам, Навоийдан кейин ҳам Шарқ шеъриятида кенг қўлланилган. Форс-тожик шеъриятининг йирик вакили, Навоийнинг устози Хожа Ҳофиз Шерозий:

Сухан дар парда мегўям, чу гул аз ғунча берун ой,
Ки беш аз панж рўзе нест ҳукми мири наврўзий.

(Таржимаси: Рамз тилида сўзлайман, гулдек ғунча пардасини оч, чунки Наврўз амирининг ҳукми беш кундан ортиқ эмас.)
–деса, Навоийни ўзига устоз деб билган туркман шоири Махтумқулининг:

Узангинг тортарлар, тўрт кун кечган сўнг,
Беш кундан ортиқча меҳмон тўхтамас–

деган сатрлари бор. Ҳофиз байтидаги   “Наврўз амири” ибораси  “беш кун”нинг тарихини Наврўз айёмига боғлиқ урф-одат ва анъаналар ичидан ахтаришимизга ундайди. Абу Райҳон Берунийнинг “Ат-Тафҳим” асарида келтирилишича, қадимда аждодларимиз бир йилни ўн иккита ўттиз кунлик ойга (жами уч юз олтмиш кун) тақсимлаб, қолдиқ сифатида қолган беш кунни Наврўз айёмида байрам қилишган. Яъни, бу беш кун йил ҳисобига киритилмаган. Гардизийнинг “Зайн ул-ахбор”ида берилган маълумотга кўра, ушбу беш кун сарой масхаравозларидан бири шоҳона кийиниб, шоҳ томонидан қўшиб берилган шотирлар билан шаҳарни айлантириб, Наврўз айёми амири сифатида ажабтовур ҳукмлар чиқарар,  дўконлардан ширинликлар ва бошқа ноз-неъматларни  бепул олиб, болалар ва мискинларга тарқатиб бераркан. Наврўз амири беш кун ўтгандан сўнг бирор муддатга яшириниб юришга мажбур бўларкан, чунки одат бўйича агар қўлга тушиб қолса, қаттиқ калтакланаркан. Ҳофиз мозийдаги ушбу одат тарихига ишора қилиб, одам боласининг бу дунёдаги ҳаётини йил саноғига киритилмаган беш куннинг “ҳукмдор”и – Наврўз амирининг ҳолатига қиёслайди ва шу тариқа кундалик турмушда жуда муҳим кўринадиган барча нарса аслида ўткинчи-муваққат эканлигини таъкидлайди.
“Беш кун” таъбири ирфоний манбаларда бошқача талқин қилинади. Алишер Навоий ўқиб-истифода қилган манбалардан бири – Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Илоҳийнома» асарида дунёдаги ҳаётнинг бешта энг муҳим кун Жунайд Бағдодий талқинида берилган. Биринчи кун  “явм ул-мафқуд” – ўтган кун, йўқотилган вақт эрур. Ўтмишни хотирлаб, бекор ўтган замонга афсус чекиш ва олдинги муваффақиятлардан мағрурланиб юришдан фойда йўқдир, чунки мозийдаги шавкат қайтарилмас, ўтмиш хатолари тузатилмасдир. Иккинчиси “явм ул-машҳуд” – бугунги кун бўлиб, ҳар бир киши бу лаҳзалардан тўғри фойдалана билиш, ўзи учун охират озиғини тайёрлаб бориши, нафс аталмиш  душман билан аёвсиз кураш олиб бориб, ахлоқини тузатиб бориши лозим. Акс ҳолда бир-бирига ўхшаш кунлар самарсиз ўтавериб, машҳуд куни ҳам мафқуд – бефойда кетиши ҳеч гап эмас. Келажак, яъни эртанги кун “явм ул-мавруд” дея аталиб, бу кун насиб этиш-этмаслиги ҳали номаълум. Хожа Абдуллоҳ Ансорий бу куннинг талқини ҳақида алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай дейди: “Эй азиз, эртанги кунга ишонч йўқдир, ундан бонасиб бўлиш-бўлмаслигинг ёлғиз Худонинг Ўзига аёндир. Сенга  ноаён бўлган нарсага умид боғлашинг нораво, негаки, насияга савдо қилиб, суд(фойда)ни кўзламоқ савдойиларнинг ишидир. Эртанги куннинг ўз вазифалари ва ўз ташвишлари бордир, ҳар бир нафас ҳисобли бўлган бу дунёда бугунги ташвишни эртага қолдириш нотўғри ишдир”. Халқ орасида машҳур бўлган  ва кўпинча оқибатсизликнинг оқлови сифатида қўлланиладиган “Пайғамбар ҳам бугунини кўрибди” мақоли ҳам шу нуқтаи назардан олиб қаралса, муддао янада равшанлашади.
Тўртинчи кун “явм ул-мавъуд” – ваъда қилинган кун, яъни бу дунёни тарк этиш кунидир (Махтумқулининг “Узангинг тортарлар тўрт кун кечган сўнг” мисрасини эсланг). Бу – жамийки тирик жонга ваъда қилинган кундир. Ўлим муаммоси – дин, фан, фалсафа ва адабиётнинг умумий ва абадий жумбоқларидан. Цицерон ўлимни даҳшат деб билса, Суқрот аҳамиятсиз нарса сифатида талқин қилади. Като ажални тотли ва гўзал деб мадҳ қилса, Зардушт ўлимни инсоннинг энг хавфли душмани деб билади. Шарқ файласуфларидан Закариё Розий, Ибн Мискавайҳ, Ибн Сино  юнон мутафаккирларига издошлик қилиб, “Ўлимни эслаш” номида алоҳида рисолалар таълиф этганлар. Аммо улар юнон олимларидан фарқли ўлароқ ислом таълимотидаги ўлимни жисмга оид эканлиги, руҳ эса абадийлиги ақидасини асос сифатида олиб, ажални қисматдаги воқелик сифатида қабул қилиш лозим, моддият оламида абадий ҳаётга эришиш йўлидаги барча интилиш ва саъй-ҳаракатни самарсиз, дея баҳолаганлар.  Ибн Синодан кейин бу масала муҳокамаси фалсафадан тасаввуф ва ирфон майдонига кўчди. Орифлар талқинида ўлимдан қўрқиш-қўрқмаслик инсоннинг руҳиятига боғлиқдир. Инсон қанчалик моддий оламга боғланган бўлса, нафс унинг устидан ўз ҳукмини ўтказган бўлса, шунчалик ажалдан қўрқади ва уни эсламасликка ҳаракат қилади. Руҳий ҳурриятга эришган кимса эса, ўлимни худди висол онини қаршилаганидек истиқбол қилади. Ижодий ҳаёти шеър билан бошланиб, шеър билан тугаган Мавлоно Жалолиддин Румийнинг сўнгги ғазалини эсланг:

Ўлимим куни қачонки тобутим равон бўлгай,
Гумон қилмагилки кўнглимда дарди жаҳон бўлгай.
Менинг учун йиғлама ва демагил «Дариғ, дариғ!..»
Девлар домига тушгайсан дариғ ҳамон бўлгай.
Жанозамни кўрсанг демагил «Фироқ, фироқ»,
Менга висол ва мулоқот  ўшал замон бўлгай.

“Одам боласининг мол-дунё, абадий роҳат-фароғат, зулм ва зўравонлик, уруш ва қирғинбаротга ўчлиги ўлимдан қўрқиши туфайли юзага келадиган руҳий иллатдир”, деб ёзади араб алломаси Ибн Халдун. Бир сония олдин ҳам, кейин ҳам келмайдиган бу қазойи мубрам олдида ночор, моддият ва руҳоният аросатида қолган инсонни юқоридаги  талқинларнинг бирортаси тўла қаноатлантирмайди. Шу сабабдан, Ансорий “Ўлимдан икки кун қочмаслик керак– ажал етган кун ҳамда ажал етмаган кун”, дея ушбу ҳақиқатга ойдинлик киритгани ҳам ушбу муаммо ечимига қўйилган сўнгги нуқта эмас...
Тирикликнинг энг муҳим кунларининг бешинчиси “явм ул-мамдуд” – Ҳисоб куни, Қиёмат куни дея талқин қилинади. Ушбу кун синов тариқасида берилган умрдан тўғри фойдалана билган оқиллар ҳам, ўзини Ер курасининг мутлақ ҳукмдори билган, ўлимни хаёлига ҳам келтирмаган ғофиллар ҳам Азал ва Абад мезбони – Парвардигори Олам ҳузурида бўлиб, қилмишларига яраша мукофот олажаклар. Бу кун одамлар ўз ноқис ақлларига таяниб,  тасалли учун тўқиган нисбий ҳақиқатлари чилпарчин бўлиб, Абадий Ҳақиқат гумон ва шубҳа пардаларини йиртиб, барчанинг кўзига намоён бўлади. Ушбу Ҳақиқатга тик қарай билиш нечук олий саодат, қарай олмаслик эса, нақадар оғир мусибат...

Қўй тавонолиғ сўзин, ёд эт ажал хоринки, бил
Пашшалар ниши қошинда нотавоне беш эмас.

Учинчи байтда Навоий дастлабки икки байтда ифода этилган фикрни ўзига хос изчиллик билан давом эттириб, “тавонолиғ” иллати ҳақида сўз очади. “Тавонолиғ”нинг ўзаги “тавон” сўзи бўлиб, куч, қудрат, зўрлик маъносини англатади (тавонгар – бой, бадавлат, нотавон – кучсиз, ҳимояга муҳтож сўзларининг ўзаги ҳам “тавон” сўзидир). Одам боласининг замирида такаббурлик, ҳасад, бахиллик, очкўзлик, менсимаслик, худбинлик каби иллатларнинг томир ёзишига кўпинча Яратган томонидан синов тариқасида берилган мол-дунё, амал, билим, жисмоний қувват ёки зоҳирий ҳусн-чирой сабаб бўлади. Муваққат муваффақиятларга мағрурланиш, фақат ўз салоҳиятига таянишдан Олий Қудратни инкор этишдек ҳалокатли ҳолат юзага келади. Алалоқибат, Намруддек худолик даъвосини қилганлар димоғига кирган бир пашша туфайли ҳалок бўладилар, Абраҳа сингари Каъбатуллони бузишга филлари билан отланган ҳукмдорлар абобил қушлари отган кесаклар зарбидан    қурт еб ташлаган япроқдек бўлиб қоладилар... Тарих – ибрат кўзгуси. Тарих – одамийлик сабоғи. Ижодкор вазифаси – тарих ибратларини эслатиш орқали инсонларни ҳамиша огоҳликка, Раҳмон изидан юришига даъват этмоқдир:

Кир фано дайриғаким, ҳар шайху юз савдо анга,
Улки отин хонақаҳ қўймиш, дуконе беш эмас.

Ҳақ йўли  фидоийликни талаб қилади. Фидоийлик – ўзликдан, манманликдан, инсоний қусурлардан воз кечмоқ ва юксак ахлоқий сифатлар ила безанмоқдир. Бу йўл   Навоий наздида фано йўлидир. Фано йўли шайхпараст, кўр-кўрона эътиқод соҳиблари учун абадий ёпиқ. Негаки сохта обрў савдосига (савдо сўзининг яна бир маъноси – телбалик, жунун демакдир. Бу байтда савдонинг ушбу маъносига ишора қилинмоқда – О.Д.) тушган шайхларнинг хонақоҳи аслида бозордаги баққол дўкони сингари олибсотарлар дўконидир. Ёлғон ва алдов, макр ва найрангни энг муқаддас жой – ибодатгоҳга олиб киришга шайланган риёкор шайхлар бу савдога  зоҳирга мафтун “аҳли жоҳ”ни жалб қилмоқчи бўладилар.  Шу сабабдан, кейинги байтда шоирнинг танқид қалами зарбоф тўнига мағрур мағзи пуч дунё аҳлининг аслини фош этишга қаратилган. Навоийнинг талқинида, зарбоф тўн маънавият аҳли олдида одамнинг табъини хуш қиладиган заъфарон гуличалик қадри йўқ:

Эйки, бўлмиш хилъатинг зарбафт, бори билким, ул
Маъни аҳлин кулдурурга заъфароне беш эмас.

Манфаатпарастлик, фақат бугунни кўзлаб иш кўриш, бойлик ва ҳашамга ўчлик қалб кўзини сўқир қилади, кишини ғафлат ботқоғига етаклайди. Кўланкасини майдон деб ўйловчилар билмайдики, ҳаттоки бутун дунёга якка ҳоким бўлиш ҳам ҳали нажот ва бахт белгиси эмас. Нажот – огоҳликда. Дунё – синов майдони. Мансаб ҳам, мансабсизлик ҳам аслида синовнинг бир туридир. Берилган амалга имтиёз эмас, масъулият деб қараш кишида огоҳлик туйғусини шакллантиради, эътиқод ва иродасини тоблаб, одамийлик сарҳадларига ёвуқ келтиради. Навоий ўзи яхши кўрган мавзу – шоҳлик ҳикматини янада ёрқинроқ ифода этиш учун шоҳни чўпонга, фуқарони бир сурук қўйга ўхшатади. Қўйларнинг ҳаёти чўпонга ишониб топширилганидек, шоҳлар ҳам унга ишонч билдирган раиятнинг тинч ва фаровон яшаши учун шароит яратиб бермоғи, тараққиётнинг янги-янги манзилларига олиб чиқмоғи керак. Сурувсиз чўпон бўлмаганидек, раиятсиз шоҳлик ҳам йўқ. Шунинг учун раиятига зулм қилган шоҳ аслида ўзига-ўзи путур етказади, дейди шоир:

Меҳр тожу чарх тахтинг бўлса ғофил бўлмаким,
Меҳр бемеҳру фалак номеҳрибоне беш эмас.

Шаҳға иш эл фикрини қилмоқдур, ул ким, зеб ким?
Бир суруг қўйдур раоё, ул шубоне беш эмас.

Бу қуйма сатрлар бутун умри давомида “яхши-ямоннинг феълини билган ва ямону яхши хислатларин тажриба қилган” (“Маҳбуб ул-қулуб”) шоирнинг ҳаётий хулосаларидир. Отаси тирик бўла туриб, тахт учун курашаётган темурий шаҳзодалар, ҳаж сафари учун Навоийдан пул олиб, бўлмағур ишларга сарфлаб юборган диёнатсиз диндорлар, халқ молига кўз тикиб, талончилик, фириб ва найранг билан кун кўришга одатланган текинтомоқлар, тўртта гувалани устма-уст қўйиб, осмонўпар қасри борлигидан мағрур  бойларнинг ғофиллиги туғма инжатабъ шоирни оворалик кўйига солганди. У масжиду хонақоҳдан, бозору мозорлардан, илм даргоҳлари ва косибхоналардан фақат ва фақат Огоҳ Кўнгил соҳиби бўлмиш Ҳазрати Инсонни қидирарди:

Гар Навоий истади оворалиғ, эй аҳли ҳуш,
Ғам еманг, девонайи бехонумоне беш эмас.

Мумтоз ғазалчилигимизда тахаллус байтидан сўнг дуо ва бағишлов мазмунига эга бўлган бир-икки байт ёзиш анъанаси ҳам бўлган. Бундай байтлар ғазал қайси муносабатда ва кимга бағишлаб ёзилганини аниқлаш имконини беради. Жумладан, таҳлил қилаётганимиз ғазал “Билқиси аҳд” алқови билан тугайди:
Авжи давлат узра бўлсун доимо Билқиси аҳд,
Ким Зуҳал қасрида ҳар тун посбоне беш эмас.

Тарихий манбаларга кўра, Билқис – Сулаймон пайғамбарнинг хотини, Сабо маликасининг исмидир. Билқиси аҳд таъбири ўрта асрларда замон маликалари, кўпинча валиаҳднинг онасига нисбатан қўлланилган. Навоий ўз шеърларида бу таъбирни қўллаганда Ҳусайн Бойқаронинг севимли хотини Хадичабегимни назарда тутган. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: Ҳусайн Бойқаро салтанатининг расмий валиаҳди – Бадиуззамон Мирзо бўлиб, Хадичабегим ўз ўғли – Музаффар Мирзони тахт устида кўрмоқни истарди. Навоий эса, Бадиуззамон Мирзо номзодлигининг тарафдори эканлиги тарихдан маълум. Унда нега ушбу ва бошқа шеърларида  айнан Хадичабегимни “Билқис” – валиаҳднинг онаси, деб тавсифланган? Бу сиёсий эҳтиёткорликмиди, ёки...
Мумтоз шеършунослигимизда “муҳтамил уз-зиддайн”  деган адабий санъат бор. Бу – шоир  бир-бирини рад қиладиган икки ва ундан ортиқ мазмунни бир мисра ёки байтда ифода эта олиш санъатидир. Ушбу санъат мадҳга ўхшаш замм – ҳажв ёки ҳажвга ўхшаш мадҳларни ифода этишга қўлланилган. Таҳлил қилинаётган байтда ҳам икки маънода қўлланилган иккита тимсол бор. Бири – Билқис, иккинчиси – Зуҳал.
“Тарихи анбиё ва ҳукамо”да келтирилишича, Билқиснинг “отаси Шароҳил Яъриб бинни Қаҳитон наслидин ва онаси Района жиниким, жин шоҳининг қизи бўлғай... Бовужуди ети юз ҳарам (хотин ва канизак) ва уч юз зуррият (фарзанд) Тенгри таоло Сулаймон а. с.ға бир ўғул бердиким, бир кўзи кўр ва бир илики ва бир оёғи йўқ эрди. Сулаймон а. с. ва Билқис ва Осаф инсоф юзидин ўзларининг уюбиға муътариф бўлуб (ўз айбларини эътироф қилиб), дуо қилғоч, ул тифлни Ҳақ таоло тандуруст қилди ва анинг муҳофазати учун Сулаймон а. с. жинларни таъйин қилди. Тенгри таолога анинг ўз ўғлини сойири атфолдин мумтоз қилиши писандида тушмай, Азроилға амр бўлдиким, руҳин қабз қилиб, жасадин Сулаймон а. с.нинг тахти устида ташлади...”
Агар юқорида келтирилган маълумотни таҳлил қилинаётган байтга қўлласак, байтда Билқиси аҳд-Хадичабегимнинг таъсирида Музаффар Мирзонинг бошқа ака-укаларидан кўра кўпроқ имтиёзга эга эканлиги ва бу халққа ҳам, Ҳаққа хуш келмаслигини нозик ишора билан баён этилгани ойдинлашади. Ушбу фикрнинг иккинчи далили сифатида Зуҳал тимсолини ҳам кўриб чиқайлик. Ўрта асрлар нужум илмига кўра, Зуҳал ( Кайвон, Сатурн) сайёраси еттинчи фалак посбони бўлиб (байтда Зуҳалнинг ушбу хосиятига ишора қилинган), иккинчи номи “Наҳси акбар” (катта мусибат)дир. Берунийнинг “Ат-Тафҳим” асарида келтиришича, Зуҳал кўчманчи қабилалар, қуллар, пасткаш ва зиқна кимсаларнинг ҳомийси бўлиб, макр, ҳийла, жоҳиллик, бахиллик, такаббурлик ва танбаллик сифатлари ушбу юлдузнинг ҳаракатидан авж олади. Хоқоний Шервоний шу маънони ахлоқий бир қасидасида қуйидагича баён этган:

Аз шумо наҳс мешаванд ин қавм,
Тўҳмати наҳс бар Зуҳал маниҳед!

(Таржимаси: Сизлар туфайли бу элни наҳс босди, Зуҳалга наҳслик туҳматини қилманг). Навоий ҳам “Наҳси акбар” бўлмиш Зуҳал Хадичабегим қасрида бор-йўғи бир посбон эканлигини қайд қилиб, шу орқали Бойқаро саройидаги қабоҳат ва алдовлар, найранг ва фитналарнинг уясини кўрсатишга жазм қилган бўлса, ажабмас. Валлоҳу аълам биссавоб...

Олимжон Давлатов