Facebook
Навоий талаб ва сабр тўғрисида PDF Босма E-mail

Навоийнинг шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадислар маъноларининг талқини ҳақида бир қанча илмий ишлар яратилди ва яратилмоқда. Чунки, бу масала бир муддат адабиётшуносликнинг “манъ этилган” мавзуларидан эди, Ҳолбуки, Навоий шеъриятида қўлланилган иқтибос, ақд, талмеҳ, тамсил, истиора, ишора каби маънавий санъатлар   Қуръон оятлари ва пайғамбар ҳадислари маъносига ишорат қилиш орқали шеърга полифоник руҳ бағишлаш, маъно қатламдорлиги ва сўз залворини ошириш, ўқувчини ранг-баранг маънолар оламига нозик баён воситасида раҳнамолик қилиш ва уларга такрорланмас эстетик завқ бағишлаш йўлида ҳосил бўлган. Умумий тарзда олганда, Навоийнинг барча шеърларини диний-тасаввуфий йўсинда шарҳлаш мумкин. Сўнгги йилларда  бунга қайсидир маънода мойиллик ҳам сезилмоқда. Фақатгина Навоийни эмас, ҳатто тасаввуф ва ирфон кўчасидан ўтмаган айрим замондош шоирларнинг шеърларини ҳам ислом фалсафасига боғлаб тушунтиришга уринишлар кўзга ташланмоқда. Шунинг учун, ҳар бир байтни таҳлил қилишдан олдин унинг таркибий қувватига диққат билан назар солиш, манбаларини аниқлаш ва тўғри талқин қилиш Навоий тафаккур дунёсига йўл очиб беради. Мисол тариқасида мана бу байтни олайлик:

Чу Ҳақ дедики маъал-усри юср мужда санга,
Не шиддат ўлса аён қил талаб сўнгинда фараж

Ҳақ таоло Шарҳ сурасининг 5-6 оятларида шундай буюради: Инна маъал ъусри юсро. Фаинна маъал-ъусри юсро.(Бас, албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир. Албатта ҳар бир оғирлик машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир). Юқоридаги оятларда ҳар бир машаққатдан кейин эмас, балки айни ўша машаққат билан бирга енгиллик борлиги икки бор таъкидланган. Буни икки хил тушуниш мумкин. Биринчиси – ҳар бир қийинчиликдан кейин шу қадар тез осонлик келадики, гўё улар иккиси бирга, ёнма-ён тургандек бўлади. Бас, демак, қийинчиликка рўбарў келганда ноумидликка тушишнинг асло ҳожати йўқ. Иккинчи маъно–бир кишининг бошига имон-эътиқоди сабабли бирон оғирлик тушса, у киши ҳаргиз бундан ранжимаслиги лозим. Зеро у охиратдаги осонликка, мангу саодатга айни мана шу дунёда тортаётган қийинчилиги шарофати сабабли эришиши мумкин. Демак, у киши тортаётган муваққат машаққатнинг ўзида унинг учун мангу бахт-саодат бор экан.
Навоий байтнинг вазнига мувофиқлаштириш учун оятларнинг эмоционал таъсирини кўпайтирувчи фа ва инна юкламалари ҳамда тушум келишигини белгиловчи алифни қисқартиради. Иккинчи мисрада оятнинг  мазмунидан келиб чиқиб, ҳар қандай шиддат-мусибат зоҳир бўлганда охиригача  талаб йўлидан оғишмасликка ундайди. Байтнинг қофиясини таъминловчи фараж сўзи машҳур ва маълум бўлган Ас-Сабру мифтоҳ ул-фараж (Сабр шодликлар калитидир) ҳадисига ҳам ишоратдир. Аммо бу байтда собирлик ҳақида эмас, балки талаб ҳақида сўз боради. Талабнинг сабрга ва сабр ҳақидаги ҳадисга нима алоқаси бор?
Одатда, собирлик деганда, мусибат ва мушкулларда бардошли бўлиш тушунилади. Аммо сабрнинг маъно қамрови ниҳоятда кенг бўлиб, нафс қутқусига учмаслик, Аллоҳ қазосига ризолик бошини қўймоқ, яхши ҳоллар шукронаси, ёмон ҳоллардан изтироб чекмаслик ва умидсизланмаслик бу тушунчанинг асосий хусусиятларидан ҳисобланади.
Тасаввуфда ҳадис ва оятларни таъвил усулида шарҳлаш уларнинг моҳиятини очиб беришда энг самарали усуллардан ҳисобланади. Аммо таъвилда ҳам оят ва ҳадисда рамзийлик, шартлилик ҳаддан ташқари чуқурлаштирилса, уларнинг туб моҳиятига етиш йўли ҳам шунча узоқлашади. Қолаверса, ҳадис ва оятлар,энг аввало, одамларнинг ҳаётий талаблари, яшаш тарзи муаммоларига жавоб, тўғри йўлга ҳидоят топганлар дастуруламалидир. Шунинг учун, оят ва ҳадисларни талқин қилишда, энг аввало, ҳаёт билан мустаҳкам боғланган, воқелик муаммолари ёритилган ва башарият қисматидан озиқланган руҳоний ҳодиса сифатида қараш лозим. Акс ҳолда, “Энг улуғ жиҳод – золим амирнинг олдида айтилган Ҳақ Сўздир” ҳадисини “Золим амирдан мурод – инсоннинг нафсидир; мазкур ҳадисда инсоннинг нафси қарши кураши энг улуғ жиҳод дея таърифланган” каби асл матндан анча узоқ талқинлар одамларнинг ҳақиқатга бўлган эътиқод ва ишончини заифлаштириши ҳеч гап эмас. Кундалик ҳаётда хўрликларга чидаш, қадр ва ҳақ-ҳуқуқлар поймол бўлишларга таҳаммул қилиш, қўрқув ва қатъиятсизлик, заифлик ва мутелик  юзига  сабрдан ниқоб    тортишади. Аммо сабр – қуллик ва қарамликнинг бир кўриниши эмас. Сабр – муайян воқеа ё ҳодиса натижасида   бир-бири билан ихтилофда бўлган туйғу ва кечинмалардан юзага келадиган инсоний фазилат.  Бир умр ҳақиқат йўлида собитлик ила курашган Навоий  ҳам бу йўлнинг оғирлик ва машаққатлари, эзгу мақсад-муддаоларга эришишнинг қийинчиликлари, нафс деган ашаддий душмани бор кўнгил ҳамма вақт ҳам бу қийинчиликларга чидамасдан, маҳзун бўлиши ва ҳатто айрим ҳолларда, ирода заифлик қилиб, виждонга хилоф иш тутиш ҳолатларига ошно бўлган. Дунёнинг барча ишларига басират кўзи билан назар солишга ўрганган шоир ҳар қандай ҳолатда эзгулик талаби йўлидан чекинмаслик, шу орқали гўзал сабр –кўнгилнинг изтироб ва умидсизликдан холи бўлиши, ҳар қандай шадид мусибат ва кулфатларга бардош бериши, алалоқибат, сурур ва шодликка эришиш лозимлиги, бу йўл  оғир бўлганига қарамасдан, Ҳақ таоло ва унинг расули томонидан ҳидоят қилинган йўл эканлигини оятлар  ва ҳадис ёрдамида асослаб берган. Сабрнинг фақат назарий аҳамиятинигина эмас, балки амалий жиҳатини ҳам ёритиб берувчи муборак ҳадис ёрдами билан Навоий ояти кариманинг иккала маъносини шеърда инъикос этишга эришганким, бу муваффақият фақат улуғ сўз санъаткорларгагина насиб этади.

Олимжон Давлатов,
“Мумтоз филология”
кафедраси тадқиқотчиси