Facebook
Илоҳи, ўзинг сори йўл кўргуз... PDF Босма E-mail

Даҳр боғи аро кўп истамагил айшу тараб
Ким, гули шуълайи ғам, ғунчасидур хори тааб.

Сунбула ришталарин риштаийи мақсуд дема,
Ким, кўнгуллар қуши домиға эрур барча сабаб.

Ариғи ичра ушоқ тоши агар инжу зар,
Тойири умрунг учун донаву су топти лақаб.

Англа зийрак қуш аниким, кўрубон мундоқ дом
Бўлмағай теграсида обхўру дона талаб.

Дона об, ҳосил этиб фазла, нажас айламағай
Боғ саҳнини, риоят қилибон тарки адаб.

Ё бўлуб домға муҳкам тона олмай махлас,
Урунуб, толпинибон айламағай шўру шағаб.

Чун Навоий кўзи боғлиқ қуш эрур олам аро.
Бу чамандин англа учмоғни насиб эт, ё Раб!


Дунё молига берилишдан қайтариш мумтоз адабиётда кўп учрайди. Таъкидланишича, мол-дунёга ортиқча меҳр қўйиш инсонни Ҳақ йўлдан оздиради, Парвардигоридан бегоналашиб, тубанлашувига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам сўфиёна адабиётда дунё кўпинча нозу ишва билан ошиқларини йўлдан урадиган, лекин ҳеч кимга вафо қилмайдиган хиёнаткор маъшуқага ўхшатилади. Гўёки сарвқад ва гўзал кўринадиган, аслида эса қадди букчайган, тишлари тўкилган кампирга қиёсланади.
Навоийнинг фалсафий қарашларини ифода этган орифона асарларидан бўлмиш мазкур ғазалда хам мол-дунёнинг ёмонликлари хусусида сўз боради, унга кўнгил бермасликка, нафс тўрларидан қутулишга даъват қилинади:

Даҳр боғи аро кўп истамагил айшу тараб
Ким, гули шуълайи ғам, ғунчасидур хори тааб.

Мазмуни: Бу дунё боғида кўп хам айшу тарабга берилма, унинг кўзларингни яшнатувчи гуллари аслида ғам шуъласи, қалбингга қувонч бағишловчи ғунчалари машаққат тиканларидир.
Бунда азиз умрини ўйин-кулгу, хою ҳавасга берилиб, бехуда ўтказмасликка даъват бор. Зеро, Аллоҳ ҳузурида инсон ҳар бир хатти-ҳаракати, ҳар бир айтган сўзи учун ҳисоб беради. Умрини дунё боғида айшу ишратда ўтказган кимсаларнинг қалбини қиёматда у гуллар ғам ўтига айланиб куйдиради, бағрига у ғунчалар машаққат тикани бўлиб санчилади.

Сунбула ришталарин риштаийи мақсуд дема,
Ким, кўнгуллар қуши домиға эрур барча сабаб.

Мазмуни: Дунё отлиғ маъшуқа зулфининг торларини мақсадга етказадиган восита билиб алданма, — деб огоҳлантиради шоир, — уларнинг ҳар бири аслида кўнгиллар қушини овлаш учун бир тузоқдир.
Соч — тасаввуф шеъриятида моддий дунё тимсоли бўлиб келади. Унинг узунлиги —    дунёвий хою ҳавасларнинг чек-чегарасизлигига, қалинлиги —    тирикчилик ташвишларининг сон-саноқсизлигига, ҳалқа-ҳалқалиги — нафс бандалари кўнглини овлаш учун тузоққа, қоралиги — ўзига эргашганнинг қисматини қора қилишига қиёсланади ва ҳоказо. Сочнинг илонга, аждарга ўхшатилиши ҳам унинг айни маънода мол-дунёга нисбати борлигидандир.

Ариғи ичра ушоқ тоши агар инжу зар,
Тойири умрунг учун донаву су топти лақаб.

Яъни: «Бу дунё ариғи ичидаги майда тошчалар агарда дур бўлганида ҳам алданмаки, улар умринг қушини овлашга мўлжалланган сув ва доналардир».
Диққат қилсангиз, ғазалда дунё ўқувчи кўз ўнгида овчи сифатида гавдалантириляпти. Бу овчининг оддий овчидан фарқи шундаки, у одамларни овлайди: тузоғини ёяди — лаззатларни ваъда қилади; суву дона сочади — неъматларини куз-кўз этади. Лекин зийрак қуш суву донага алданмайди, унинг ортида тузоқ борлигини англайди:

Англа зийрак қуш аниким, кўрубон мундоқ дом
Бўлмағай теграсида обхўру дона талаб.

Бунда зийрак қуш — ўзини англаган киши дона илинжида ортиқча еб-ичиш орқасида адаб қоидаларини унутиб, боғ саҳнини нажосат билан ифлос қилмайди: 

Дона об, ҳосил этиб фазла, нажас айламағай
Боғ саҳнини, риоят қилибон тарки адаб.

Суву донадан емаганида ҳам қуш домга гирифтор бўлиб, кейин ундан қутулиш йўлини тополмай, уриниб, талпиниб, ғавғо кўтармайди. Тузоққа тушмаслик учун киши нақшбандиянинг «Назар бар қадам» қоидасида асослаб берилгани каби ҳар бир қадамини ўйлаб босиши, ўз хатти-ҳаракатини муттасил назорат қилиб бориши керак.

Чун Навоий кўзи боғлиқ қуш эрур олам аро.
Бу чамандин англа учмоғни насиб эт, ё Раб!

Мазкур ғазал «Хазойин ул-маоний»нинг иккинчи китоби — «Наводир уш-шабоб» девонига киритилган. Маълум бўладики, у шоирнинг йигитлик даврида ёзилган. Қарангки, бу фаслда дунё неъматларига алданиш хавфи кўпроқ бўлади.
Навоийнинг мартаба ва нуфузи орта борса-да, у сира кибру ҳавога берилмади. Аксинча, ўз хулқини тарбиялаш, ҳаммага хокисорлик ва тавозе кўрсатиш пайида бўлди. Бу ҳақда Хондамир «Макорим ул-ахлоқда шундай ёзади: «Хар қачон подшоҳи соҳибқирондан ўз холига бирин-кетин иноят ва марҳамат кўргани сари хилват жойга борар, бош яланғочлаб, бир миқдор тупроқни бош устига сочар ва азиз нафсига ундаб айтардики, дунё мартаба ва ҳашаматларининг эътибори йўқ зинҳор бу мартабаларнинг кўлга киришини худбинлик ва такаббурликка сабабчи қилма: ўзингни тупроққа тенг тутиб, мумкин қадар фуқаро ва мискинлар ишини ҳал қилишга урин».
Дарҳақиқат, мартаба ва обрў-эътибор туфайли кибру ғурурга берилиб кетмаслик, нафсу хаво ишвасига учмай, ўзини  пок сақлаб қолишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун хам шоир Аллоҳга мурожаат қилиб айтадики: «Навоий бу оламда кўзи боғлиқ қушга ўхшайди, унинг дунё макрига алданишига йўл қўйма, тириклик тўрларини узиб чиқиб, илоҳий парвоз айлашини насиб эт!»
Навоийнинг бошқа бир асари «Муножот»да ҳам шунга ўхшаш фикрларни ўқиймиз: «Илоҳи, дунё майли риштасин кўнглумдин уз ва нафсоният тийралигида хидоят шамъи била ўзунг сори йўл кўргуз!»

Эргаш ОЧИЛОВ